June 7, 2021

Ҳис-туйғуларга асирлик

Қуръони каримнинг ахлоқий кўрсатмалари бўйича яшовчи инсонлар ҳаётда рўй берадиган барча воқеаларга ақл-идрокни йўқотмай ёндашадилар. Ҳис-туйғуларни ақл-идрокдан устун бўлишига йўл қўймай, ҳар қандай вазиятда адолат билан, ҳаракат қиладилар, яъни, ҳақиқат ҳукмига амал қиладилар.

Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга туғилишиданоқ муҳаббат, меҳр-шафқат, қўрқув ҳиссиётларни ато этади. Фақат мустаҳкам имон ва соғлом ақл-идрок инсонга тетик, вазмин руҳиятни, ҳис-туйғуларини жиловлаш ва тўғри бошқариб бориш имконини беради. Масалан, муҳаббат туйғуси авваламбор, инсонга, бизни яратиб, бахтли ҳаёт кечиришимиз учун беҳисоб неъматларни ато этган Аллоҳ таолони севиш, унга ибодат завқини ҳис қилиш учун берилган. Аллоҳни садоқат ила севган ва ўзи ҳам Аллоҳга севимли бўлган кишиларни, яъни, ҳақиқий имон эгаларини биз ҳам севишимиз керак. Муҳаббат даражаси барча одамларда бир хил бўлмайди. Муҳаббат ҳар бир инсоннинг имони ва Аллоҳга яқинлиги, ибодатга тиришқоқлиги ва Яратгандан қанчалик қўрқишига яраша бўлади.

Муҳаббат Аллоҳ учун бўлиши лозим. У шундагина Аллоҳ розилигига боис бўлади.

Инсон ҳис-туйғуларини Аллоҳнинг розилиги йўлида ишлатмоғи керак. Ахлоқ кўрсатмаларига зид муҳаббат, қўрқинч ва адоват бўлмаслиги керак.

Акс ҳолда Аллоҳнинг амрларига эмас, ўзининг эҳтиросларига бўйсинилган бўлади. Ҳис-туйғу ақл ва идрок назоратидан чиқса, инсон эҳтирослар ҳукми остида беўхшов хатти-ҳаракатлар содир этади, ўзига, атрофидагиларга жабр қилади. Бу ҳолда ҳис-туйғу инсоннинг хулқ-атворини, хатти-ҳаракатини ва ҳатто фикрини бошқара бошлайди.

Севги учун ҳатто жонига қасд қилишга ҳам тайёр ёки бошлиғи, эри олдида доимо қўрқиб турадиган ёки сал нарсага қаттиқ ғазабланаверадиган одамлардан оқилона ва мантиқий хатти-ҳаракат кутиш маъносиздир. Чунки бундай одамлар ҳеч қандай меъёр-чегарани тан олмайдиган ҳис-туйғуларнинг асири бўлади ва уларнинг ақл-идроклари рисоладагидек ишламайди.

Ҳис-ҳаяжон натижалари

Ҳиссиёт таъсиридаги одам ҳолатини ойнаи жаҳонда кўрсатилаётган филм таъсирида ҳўнграб йиғлаётган одамга қиёсласа бўлади. Бундай одам ҳақиқатдан шунчалар йироқдаки, ҳатто бу филмда пул учун рўл ўйнаган артистни ўйлаб, асабини бузиб, йиғлайди ва қайғуга ботади. Ҳолбуки, воқеликда у артист муттаҳам ва бадахлоқ киши бўлиши мумкин. Томошабин сенарий бўйича актёр ўйнаган қиёфа учун йиғлайди. Ақл-идрокли одам кимдир тўқиган чўпчак таъсирига шунча қаттиқ берилиши мумкинми?

Туйғуларининг асири бўлган одамлар кўп ҳолларда оддий қийинчиликдан енгилиб, кўз ёш тўкадилар, маънавий тушкунликка тушадилар, маст қилувчи ичкиликлар ича бошлайдилар, ўзларининг «оғир тақдирлари» тўғрисида атрофдагиларга шикоят қиладилар. Бу шикоят ва ҳасратлар охир-оқибатда қуруқ сўз бўлиб қолаверади. Масалан, бирор яқин кишиси фалокатга учрагани тўғрисида эшитган ҳиссиётчан одам яхшиликка умид қилишни, қандай ёрдам беришни ўйлаш ўрнига, йиғлаш-сиқташга, қайғуришга тушади, холос. Бу вазиятда у дўстига кўмак қўлини чўзмай ё табиб ахтармай, аксинча, ўзи ҳам юпатишга муҳтож жабрланувчига айланади-қолади.

Демак, ҳиссиётга берилувчан одамлар турли вазиятларда мустақил, оқилона қарор-хулоса чиқара олмасликлари устига улар соғлом фикрловчи одамлар учун ортиқча ташвиш бўлишади. Негаки, уларга доимий назорат, юпатув ва насиҳат талаб қилинади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳ яна икки киши ҳақида мисол келтирур: улардан бири ҳеч нарсага кучи етмайдиган гунг-соқовдир. У эгасига ортиқча юк бўлиб, (эгаси) қаерга жўнатса, бирон яхшилик-фойда келтирмайди. Ўша кимса билан ўзи тўғри йўлда бўлган ҳолда (ўзгаларни ҳам) адолат-ҳақиқатга буюрадиган киши баробар бўлурми?!» (Наҳл, 76, мазмуни).

Комил имонли, оқил инсонлар атрофда рўй бераётган барча воқеалар Аллоҳнинг изни-иродаси билан бўлишини, ҳеч нарса Аллоҳнинг иродасини ўзгартиришга қодир эмаслигини биладилар. Шундай экан, ҳаётимиздаги ҳар бир қийинчиликни Парвардигор марҳамати деб қабул қилишимиз, Аллоҳ таоло раҳматидан умидвор бўлишимиз, ақл неъматини соғлом сақлашимиз керак. Биз дастлаб мусибат деб қабул қилган ҳодиса охир-оқибатда Аллоҳ таолонинг марҳамати бўлиши мумкинлигини ҳар доим ҳам фаҳмлайвермаймиз.

Яна бир хавфли томони шуки, ҳиссиётларининг асири бўлган кишиларга бузуқ руҳий ҳолатларини тушунтирмоқчи бўлсангиз, асло қулоқ солмайдилар. Ақл-идрокли далил-исбот уларнинг онгига етиб бормайди. Ҳиссиётга берилган одам ҳар қандай ташқи соғлом фикрдан тўсилган бўлади, алам ёки мусибат ҳисси уни соғлом фикрлашдан шундай тўсиб қўядики, у одам мусибатдан, ёлғизликдан, аламдан эзилавериб, дунёдан юз ўгириб, қобиғига ўралиб олади. Шунинг учун ҳиссиётга берилган одамни танқид қилиш у ёқца турсин, ҳатто унга маслаҳат ёки тилак ҳам айтиб бўлмайди. Чунки бу иш уни ақл-идрок овозидан янада узоқлаштиради.

Ҳиссиётга берилиш инсонни жиззаки қилиб қўяди. Ундай одам ҳар нарсадан яширин маъно қидирадиган бўлади. Айтилганларни нотўғри қабул қилади, ҳар қандай маълумотдан бемаъни ва мутлақо асосланмаган хулоса чиқаради.

Ҳис-ҳаяжонга берилиш инсон шахсиятини ичдан шу даражада қаттиқ емирадики, у ҳеч бир изоҳсиз бачкана хатти-ҳаракатлар қилади. Масалан, тўсатдан ҳеч ким билан гаплашмай қўйиш ва ўз қобиғига ўралиб олиш, ҳаммадан ранжиш ва атрофда ҳеч кимни пайқамаслик ва ҳоказо. Тўғри фикрлаш, ҳақиқатга эргашиш ис-таги йўқлигидан, у ҳатто ўзини тафтиш қилишдан ҳам қочади. Ақл-идрокини жаҳолатдан қутқаришга бирор имкон қолдирмайди. Бундай инсонлар тўғрисида Қуръони каримда шундай оят бор: «Аллоҳдан қўрқадиган киши панд-насиҳат олажак. Катта ўтга (дўзахга) кирадиган бадбахт кимса эса ўзини у (насиҳат)дан четга олур» (Аъло, 10—12, мазмуни).

Пайғамбаримиз Муҳаммад, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, айтадилар: «Ақл-идроки бўлмаганнинг имони ҳам бўлмайди».
Ҳиссиётга берилган одам мулоҳазасиз бўлиб, соғлом ва мантиқий фикрлаш қобилиятидан маҳрумдир.

Имонли одамлар учун жуда ойдин ва тушунарли масалаларда ҳиссиётга берилган киши эсанкирайди, ўзининг шубҳалари ва бемаъни ҳиссиётларида туриб қолади. У соғлом фикр эгаларига ҳаққоний йўл дастури бўлган Қуръон аҳкомларини тушунмайди. Парвардигорга шукр айтолмайди. Бизга инъом этилган ҳаётнинг олий ҳикматини, бу дунё ҳаётини, жаннат ва жаҳаннамнинг яратилиш сабабини англамайди. Унга Аллоҳ таолони севиш учун ато қилинган ақл-идрокни ўз ўрнида ишлатмай, бизларга билдирилган тавҳид калимасининг маъносини фаҳмлашга ожиз қолади. Ҳиссиёт асири бўлган одамнинг ҳар бир фикри, мақсади ва ҳаракати уни Яратувчидан узоқлаштиради.

Ҳиссиётчанлик инсонни Аллоҳга етишиш йўлидан узоқлаштирувчи шайтоннинг бир қуролидир Комил имонли инсон ҳар доим фақат Парвардигорига умид боғлайди, Аллоҳ оятларини билади ва шайтоннинг ҳар қандай ҳийла ва найрангларини рад этади, ҳис-туйғусига асир тушмайди. Яратганнинг ҳукмларига асосан ҳаракат қилиб, ҳар қандай ҳодисани тўғри ва ақл-идрок ила қабул қилади. Ҳиссиётга берилган одам учун ваҳимали ва мушкул, эсанкиратувчи туюлган саволлар мустаҳкам имон эгасига очиқ-ойдин ва тушунарлидир.

muslimaat.uz