biblical-mullahs
May 11, 2021

АҲЛИ КИТОБ МУЛЛАЛАР-6

4-БОБ. ПАЙҒАМБАР БИБЛИЯ ИЛМИНИ БИЛМАГАН

Ўтган бобларда Библиядан плагиат қилинган ғайри-Қуръоний уйдирмаларни кўргандик. Муллалар бу уйдирмалар ҳимоясига шундай дейишади: "Аҳли Китоб таълимотлари ҳақиқатан ҳам Пайғамбарга маълум эди, Пайғамбар уларни ҳадислар орқали ўргатган". Лекин бу жавоб далилсиз ва асоссиз иддао. Муллалар ҳатто бунинг учун алоҳида ном чиқаришди: "Исроилиёт ҳадислари". Бу яна бир муллалар уйдирмаси. Қуръонда бутунлай бошқа нарсани айтилади:

"У зот сенга аввал тушган китобларни тасдиқловчи бўлган бу Китобни ҳақ билан нозил қилди. Илгари инсонларни ҳидоят қилиш учун Таврот ва Инжилни нозил қилган эди. Энди эса Фурқонни - ҳақ билан ноҳақни ажратгувчи таълимотни - нозил қилди. Аллоҳнинг оятларига кофир бўлган кимсалар учун шубҳасиз қаттиқ азоб бордир. Аллоҳ қудратли, интиқом соҳиби Зотдир". (3:3-4)

Қуръон ўзидан олдин келган нарсани, жумладан Таврот ва Инжилдаги ҳидоятни тасдиқлаш учун бир мезон сифатида, яъни Фурқон ўлароқ нозил бўлган. Қуръон нималарни тасдиқлашини фақат Қуръондан кўриб билишимиз мумкин. Худди Қуръонда А,В,C бор бўлса, Библияда эса Е,F,G бўлса, унда Қуръондан Е,F,G ни тасдиғини топиб бўлмаганидек.

Қуръон буни етарлича очиқ баён этади:

"Улар орасида уммийлар, Китобдан бехабар, фақат пуч орзуларига берилиб, гумон қилувчилар бор. Ўз қўллари билан китоб ёзиб, сўнг бир оз қийматга сотиш учун "Бу Аллоҳ ҳузуридан" дегувчиларга вайл бўлсин! Ёзганлари сабабли уларга вайл бўлсин, касб этганлари сабабли уларга вайл бўлсин!" (2:78-79)

Шунинг учун, тўғрини эгридан айирувчи мезон яъни Фурқон сифатида Қуръон ҳеч қачон муллалар қўли билан ёзилган уйдирмаларни ҳам, Библиядан олган кўчирмаларни ҳам тасдиқлаши мумкин эмас. Ўз уйдирмаларини оқлаш учун, муллалар бош урадиган яна бир аргумент мана бу: "Пайғамбар ҳадислари Библиядаги гапларга мос келиши табиий, чунки Муҳаммад алайҳис-саломга келган ваҳй Иброҳим, Мусо ва Исога берилган аввалги ваҳйларнинг давоми ва охиргиси". Қуръон бу иддаони ҳам рад этади:

"Мана шу тарзда, Биз сенга Ўз Амримиздан бўлмиш Китобни ваҳй қилдик. Сен Китоб нима, Иймон нима, билмас эдинг, Биз уни бир нур қилдик, у билан бандаларимиздан истаганимизни ҳидоят этгаймиз; ва сен, албатта, тўғри йўлга бошлайсан". (42:52)

"Китоб нима, Иймон нима, билмас эдинг"...

Пайғамбаримиз Иброҳим, Мусо ёки Исонинг китоби нима эканлигини билмас эди. Мабодо Пайғамбар Таврот ва Инжил каби китобларни билганида, уларни ҳам тиловат қилган ва ортидан юқоридаги оятни тиловат қилган бўлиб, ўз-ўзига зид келган бўлмасмиди?!

Муллалар доим мана шунақа: чалкаш ихтилофларни тортишиш билан умрини ўтказади. Буни кўргач, нега Қуръонни ўқиш ва уқишдан маҳрум экани тушунарли бўлади. Натижада улар доимо ўзлари тўқиган ҳадисларини Қуръонга қарши жангда қалқон қилиб ишлатади. Пайғамбар аллақачон Қуръонда огоҳлантирилган эди:

"Аҳли Китобдан бир тоифалари сизларни адаштиришни истайди. Улар ўз-ўзини адаштираётганини билмайди. Эй Аҳли Китоб, ўзингиз гувоҳ бўла туриб нега Аллоҳнинг оятларига кофир бўласизлар? Эй Аҳли Китоб, билиб туриб нега ҳаққни ботилга аралаштирасизлар ва ҳақиқатни яширасизлар?" (3:69-71)

Аҳли Китоб (яҳудий ва насронийлар) Пайғамбарни йўлдан оздириш учун ҳақни ботилга аралаштираётганини айтмоқда Қуръон. Китобни ўз қўллари билан ёзиб, "бу Аллоҳдан", деб даъво қилганини айтмоқда. Пайғамбарни улар ҳақда қайта-қайта огоҳлантириб, хушёр бўлишга чақиради.

"Молларингиз ва жонларингизга кўра имтиҳон қилинасиз, сизлардан олдин китоб берилганлар ва мушриклардан кўп озорларга учрайсиз. Агар сабр ва тақво қилсангиз, бу ишларнинг энг мақбулидир". (3:186)

Аҳли китоб пайғамбарни доимо ҳар хил чалғитувчи ҳаракатлар билан йўлдан оздирмоқчи бўлган. Улар ҳаққни оз қийматга сотган тоифалар, улар ўтмишда берилган ҳақиқатларни ортларига улоқтириб воз кечган тоифалар.

"Аллоҳ Аҳли Китобдан: "Буни одамларга баён қиласизлар ва яширмайсизлар", деб ваъда олганини эсла. Лекин улар буни ортларига отиб, арзонга сотишди. Эвазига олганлари бунча ҳам ёмон!" (3:187)

Сўнгра Пайғамбарга огоҳлантириш келади:

"На яҳуд, ва на насоро, то уларнинг миллатига эргашмагунингча, сендан асло рози бўлмас. Айт: "Албатта, Аллоҳнинг ҳидояти мана шу (ҳақиқий) ҳидоятдир. Агар сенга келган илмдан кейин, уларнинг ҳавосига эргашсанг, Аллоҳдан сенга ҳеч қандай валий ҳам, бирон ёрдамчи ҳам йўқ". (2:120)

"Яҳуд ва насороларга эргашмаслик", уларни "валий тутмаслик", оятларда такрор ва такрор эслатилади. Кейин, улар ўз қўллари билан китоб ёзиб, "Аллоҳ ҳузуридан" дея пуллаши, имон келтирганларни куфрга қайтармасдан тинчимаслиги, фош қилингач, натижада Пайғамбарнинг ҳам яҳудий ва насроний таълимотларини тиловат қилаётгани фош бўлар эди. Бу умуман мумкин эмас.

Пайғамбар: "Аёллар рўмол ўрасин деган гап Қуръонда йўқ, Библияда бор, лекин шундаям Исломий саналсин", дейиши мумкин эмас.

Пайғамбар: "Зинокорни тошбўрон қилиб ўлдириш Қуръонда йўқ, Библияда бор, лекин уям Исломий саналсин ", дейиши мумкин эмас. Шуниси аёнки, бу Библия ва бошқа яҳудий таълимотларидан олинган кўчирмалар:

"Эй иймон келтирганлар! Агар Аҳли Китоб орасидан бирор гуруҳга итоат қилсангиз, улар иймон келтирганингиздан кейин сизни куфрга қайтаради". (3:100)
"На яҳуд, ва на насоро, то уларнинг миллатига эргашмагунингча, сендан асло рози бўлмас. Айт: "Албатта, Аллоҳнинг ҳидояти мана шу (ҳақиқий) ҳидоятдир. Агар сенга келган илмдан кейин, уларнинг ҳавосига эргашсанг, Аллоҳдан сенга ҳеч қандай валий ҳам, бирон ёрдамчи ҳам йўқ". (2:120)

Энди эса муллаларнинг келган оқибатини кўринг: улар Библия ва яҳудий манбаларга итоат қилишни танлагани учун, Қуръон наздида кофирлар сафидан ўрин олдилар. Қуръон бизга зинокорни ўлгунча тошбўрон қил ёки бошқа ақидадагини ўлдир деб ўргатмайди. Булар мушрик эътиқодлари. Пайғамбар Библияни билмаган ва ҳеч қачон унга эргашмаган. Аҳли Китобга тааллуқли қуйидаги оятларда эътибор беринг:

Айт: "Эй Аҳли Китоб, нега Аллоҳ оятларини инкор қиласиз, Аллоҳ қилмишларингизга гувоҳ-ку?! Эй Аҳли Китоб, нима учун мўминларни Аллоҳ йўлидан тўсасизлар, ўзингиз гувоҳ бўла туриб, ундан қийиқ ахтарасизлар. Аллоҳ кирдикорларингдан бехабар эмас-ку". (3:98-100)

Мана муллаларнинг келган оқибати: Улар Пайғамбар вафотидан кейин яна Библияга эргашди, бугун улар уқтираётган диний таълимотнинг аксарият қисми яҳуд ва насоро манбаларидан олинган кўчирмалардан бошқа нарса эмас.

"Эй мўминлар, агар Аҳли Китобдан бирор тоифасига итоат қилсангиз, иймонингиздан кейин яна куфрга қайтаради. Сизларга Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинаётгани, орангизда Унинг Пайғамбари тургани ҳолда нега куфрга борасизлар? Ким Аллоҳга маҳкам боғланса, у, албатта, тўғри йўлга йўлланган бўлади. Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақиқий тақво билан қўрқинглар ва фақат мусулмон ҳолингизда дунёдан ўтинглар". (3:100-102)

Шундай экан, қандай қилиб мусулмонлар қўлидаги Қуръон бундан очиқчасига қайтариб турганига қарамай, яна ўша ғайри-Қуръоний таълимотларга ишониб эргашиб юриши мумкин?

Нега энди улар уларни қўйиб, Аллоҳнинг арқонини, Қуръонни мустаҳкам тутмайди?

Аллоҳ ҳузуридаги юклари нақадар оғир бу мусулмонларнинг!..