МАДИНА ТУЗУГИ
(арабча: "Дустурул-Мадина", "Саҳифатул-Мадина" ау "Мисоқул-Мадина")
“Мадина Тузуги”нинг матни Абдулмалик ибн Ҳишомнинг "Китабу сийрати Pасуллаллоҳ" асаридаги арабча аслидан ўгирилди. Ўгирувчи – Камол Йўлдош.
Бисмиллаҳир-Роҳманир-Раҳийм
Ушбу Тузук Уммий Пайғамбар Муҳаммад томонидан битилган бўлиб, Қурайш ҳамда Ясриб мўминлари ва мусулмонларига, уларга эргашганларга, уларга келиб қўшилганларга ва улар билан бирга курашаётганларга тегишлидир.
1. Улар (Қурайш ҳамда Ясриб мўминлари ва мусулмонлари, уларга эргашганлар, уларга келиб қўшилганлар ва улар билан бирга курашаётганлар) бошқа барча одамлардан айри бир умматдир/жамоатдир.
2. Қурайшлик муҳожирлар Ислом келганда қандай мақомда бўлган бўлсалар, ҳудди шу мақомда қоладилар; ўлдирилган киши учун дият (қон бадали) оладилар; ораларидан кимдир асир тушса, мўминлар орасидаги маъруф ва адолатга кўра, биргаликда фидя (озодлик бадали) тўлаб, асирликдан кутқарадилар.
3. Бани Авф қабиласи, аввалгидек, ўз урфига кўра, диятни бирга тўлайди ва ҳар тоифа мусулмон асирларни мўминлар орасидаги маъруф ҳамда адолатга биноан, бирга фидя тўлаб, кутқаради.
4. Хазражлик Бани Ҳорис қабиласи ҳам, аввалгидек, ўз урфига кўра, диятни бирга тўлайди ва ҳар тоифа мусулмон асирларни мўминлар орасидаги маъруф ҳамда адолатга биноан, бирга фидя тўлаб, кутқаради.
5. Бани Соъида қабиласи ҳам, аввалгидек, ўз урфига кўра, диятни бирга тўлайди ва ҳар тоифа мусулмон асирларни мўминлар орасидаги маъруф ҳамда адолатга биноан, бирга фидя тўлаб, кутқаради.
6. Бани Жушам қабиласи ҳам, аввалгидек, ўз урфига кўра, диятни бирга тўлайди ва ҳар тоифа мусулмон асирларни мўминлар орасидаги маъруф ҳамда адолатга биноан, бирга фидя тўлаб, қутқаради.
7. Бани Нажжор қабиласи ҳам, аввалгидек, ўз урфига кўра, диятни бирга тўлайди ва ҳар тоифа мусулмон асирларни мўминлар орасидаги маъруф ҳамда адолатга биноан, бирга фидя тўлаб, қутқаради.
8. Бани Амру бин Авф қабиласи ҳам, аввалгидек, ўз урфига кўра, диятни бирга тўлайди ва ҳар тоифа мусулмон асирларни мўминлар орасидаги маъруф ҳамда адолатга биноан, бирга фидя тўлаб, кутқаради.
9. Бани Набит қабиласи ҳам, аввалгидек, ўз урфига кўра, диятни бирга тўлайди ва ҳар тоифа мусулмон асирларни мўминлар орасидаги маъруф ва адолатга биноан, бирга фидя тўлаб, кутқаради.
10. Бани Авс қабиласи ҳам, аввалгидек, ўз урфига кўра, диятни бирга тўлайди ва ҳар тоифа мусулмон асирларни мўминлар орасидаги маъруф ҳамда адолатга биноан, бирга фидя тўлаб, қутқаради.
11. Мўминлар дият ёки фидя тўлаш мажбуриятида қолган ҳеч бир қарздор мўминни ташлаб қўймайдилар, дият ёки фидя каби қарзларини урф ва адолатга кўра тўлайдилар.
12. Ҳеч бир мўмин бошқа бир мўминдан яширинча унинг оталиғидаги кишини оталиққа ола олмайди.
13. Тақводор мўминлар тажовуз, зулм ва жиноят содир этганларга ҳамда мўминлар орасида фитна чиқарувчиларга қарши турадилар. Мабодо, тажовуз, зулм ва жиноят содир этган кимса бирортасининг ўғли бўлса ҳам, унга-да барчаси биргаликда қарши чиқадилар.
14. Ҳеч бир мўмин кофир учун мўминни ўлдирмайди ва мўминга қарши кофирнинг ёнини олмайди/кофирга ёрдам бермайди.
15. Аллоҳ жорий этган ҳимоя барча мўминлар учун умумийдир. Энг қуйи табақали мўмин кимнидир ўз ҳимоясига олса ҳам, бу ҳимоя-да барча мўминларга тегишлидир. Зеро, мўминлар бошқалардан фарқли ҳолда бир-бирига ҳимоячидирлар.
16. Мусулмонларга эргашган яҳудийларга ёрдам ва тенг ҳуқуқлар берилади, уларга зулм қилинмайди, уларнинг душманларига ёрдам берилмайди.
17. Мўминларнинг сулҳи умумийдир. Аллоҳ йўлидаги ғазотда ҳеч бир мўмин бошқа мўминлардан айри сулҳ тузмайди; битимлар фақат мўминлар орасидаги тенглик ва адолатга кўра тузилади.
18. Ғазотда қатнашган ҳар бир тоифа аскарликни навбат билан ўтайди.
19. Мазлумдан оққан қоннинг қасосини мўминлар биргалашиб олади.
20. Тақводор мўминлар энг яхши ва энг тўғри йўлдалар.
21. (Маккада қолган мушрик) Қурайшийнинг моли ва жонини (Мадинадаги) ҳеч бир мушрик ҳимояга ололмайди. Агар (Мадинадан) қайсидир мушрик бунинг аксини қилса, ҳимояга олинган қурайшийнинг мўмин томонидан жазоланишига ҳеч ким тўсқинлик қилолмайди.
22. Ким-ки бир мўминни қасддан ўлдирса, ундан мисли ила қасос олинади. Ўлдирилган мўминнинг вакили қон тўловига рози бўлмаса, барча мўминлар қотилга қарши турадилар. Барча мўминлар учун қотилга қарши туришдан бошқа йўл ҳалол бўлмайди.
23. Ушбу Тузукни қабул қилган ҳамда Аллоҳга ва Охират кунига ишонган мўминларнинг золимга ёрдам ва бошпана бериши ҳалол эмас. Золимга ёрдам ёки бошпана берганга Қиёмат куни Аллоҳнинг лаънати ва ғазаби бўлади, ундан тавба ҳам, илтижо ҳам қабул қилинмайди.
24. Ўртада қайси масалада ихтилоф чиқса, унинг ечими Аллоҳга ва Муҳаммадга ҳавола қилинади.
25. Яҳудийлар уруш давомидаги уруш ҳаражатларини мўминлар билан бирга қоплайдилар.
26. Бани Авф яҳудийларининг ўзлари ҳам, уларнинг оталиғидаги кишилари ҳам мўминлар билан бир умматдир. Яҳудийларнинг дини - ўзларига, мусулмонларнинг дини - ўзларига. Бунга ўзлари ва оталиғидаги кишилари ҳам доҳил. Ким-ки зулм ёки жиноят содир этса, ўзи ва аҳли оиласи жавобгар бўлади.
27. Бани Нажжор яҳудийларининг ҳукми Бани Авф яҳудийларининг ҳукми билан бирдек.
28. Бани Ҳорис яҳудийларининг ҳукми Бани Авф яҳудийларининг ҳукми билан бирдек.
29. Бани Соъида яҳудийларининг ҳукми Бани Авф яҳудийларининг ҳукми билан бирдек.
30. Бани Жушам яҳудийларининг ҳукми Бани Авф яҳудийларининг ҳукми билан бирдек.
31. Бани Авс яҳудийларининг ҳукми Бани Авф яҳудийларининг ҳукми билан бирдек.
32. Бани Саълаба яҳудийларининг ҳукми Бани Авф яҳудийларининг ҳукми билан бирдек. Ким-ки зулм ёки жиноят содир этса, ўзи ва аҳли оиласи жавобгар бўлади.
33. Жафна уруғи - Бани Саълабанинг авлоди, уларга ҳам Бани Саълаба каби муомала қилинади.
34. Бани Шатиба яҳудийларининг ҳукми ҳам Бани Авф яҳудийларининг ҳукми билан бирдек. Албатта, эзгулик жиноятга қаршидир.
35. Бани Саълабанинг оталиғидаги кишиларга ҳам Саълабийларга каби муомала қилинади.
36. Яҳудийларга келиб қўшилган ва улардан бошпана топганлар ҳам илгари қандай мақомда бўлган бўлсалар, шу мақомда қоладилар.
37. Ҳеч бир яҳудий Муҳаммаднинг изнисиз мусулмонлар билан бирга ғазотда иштирок эта олмайди.
38. Жароҳат қасос учун асос/сабаб бўлмайди. Ким-ки бировни ўлдирса, ўзи ва аҳли оиласи жавобгар бўлади. Жавобгарликдан тониш зулмдир/ноҳақликдир. Аллоҳ бу ҳукмларга риоя қилганлар билан биргадир.
39. Яҳудийлар ва мўминлар уруш ҳаражатларини ўзлари қоплайдилар. Мазкур Тузук аҳлига уруш очганларга қарши улар ўзаро ёрдам берадилар. Улар орасидаги муносабатлар ўзаро холислик ва тақво устига қурилади.
40. Ҳеч ким ўз иттифоқчисига қарши зулм/ноҳақлик қилмайди. Мазлум ёрдамсиз ташлаб қўйилмайди.
41. Яҳудийлар мусулмонлар билан биргаликда жанг қилган муддат давомидаги сарф-ҳаражатларни мўминлар билан бирга тўлайди.
42. Ушбу Тузук аҳли учун Ясриб ҳудуди даҳлсиздир (шаҳар ичида қон тўкиш ҳаромдир).
43. Ҳимояга олинган кимса унга ҳимоя берган кимса кабидир: жиноят содир этмас экан, унга ҳам зарар етказилмайди.
44. Ҳимояга олинган ҳеч бир кимса унга ҳимоя берган кишининг изнисиз ҳеч кимни ҳимояга ола олмайди.
45. Ушбу Тузукда зикр этилган тарафлар ўртасида ихтилоф чиқса, орада фитна ва фасод хавфи юзага келса, Аллоҳга ва Муҳаммад расулуллоҳга ҳавола этилади. Аллоҳ ушбу Тузукка энг яхши риоя қилган тақво эгалари билан биргадир.
46. (Маккада қолган мушрик) Қурайш ҳам, унга ёрдам берганлар ҳам ҳимояга олинмайди.
47. Ясриб босқинчи ҳужумига учраганда ушбу Тузук аҳли босқинчига қарши ўзаро ёрдам беради.
48. Агар мусулмонлар яҳудийларга босқинчилар билан ярашишни ёки сулҳда қатнашишни таклиф этишса, яҳудийлар бундай таклифни қабул қилишлари ва сулҳда иштирок этишлари шарт. Агар яҳудийлар мўминларга ҳудди шундай таклифлар билан чиқишса, мусулмонлар ҳам бу таклифларни қабул қилишлари шарт. Бу ҳукмлар мусулмонларнинг дин йўлидаги урушларига тегишли эмасдир.
49. Мадинадаги ҳар қабила шаҳар ҳимоясида ўзига оид ҳудуд учун масъулдир.
50. Ушбу Тузук аҳли учун битилган ҳукм ва шартлар, Авс яҳудийлари учун, уларнинг оталиғидаги кишилари учун, Тузукда зикр этилган қабилаларнинг барчаси учун истисносиз тегишлидир. Ундаги ҳукм ва шартларга қатъий риоя этилади ва хилоф иш қилинмайди. Зулм/ноҳақлик қилганлар фақат ўзларига қарши зулм қилган бўладилар. Аллоҳ ушбу Тузукка энг содиқ ва тўлиқ риоя этганлар билан биргадир.
51. Ушбу Тузук зулм ёки жиноят содир этганларга имтиёз бермайди, уларни жазодан ҳимоя қилмайди. Ғазотга чиққанлар ҳам, Мадинада қолганлар ҳам ҳимоя қилинади. Зулм ва жиноят содир этган кимсалар бундан мустаснодир. Аллоҳ ушбу Тузукка тўлиқ амал қилувчиларнинг ҳамда уни бузишдан тийилувчиларнинг ҳимоячисидир.