Yesterday

Сиёсий афоризмлар

Истеъдод белгиси нима экани банал ҳақиқат. Чеховга нисбат бериладиган қисқалик ҳақидаги иқтибоc, аслида, бир неча аср аввал нисбат берилган "Жавомиъул-калим" сифатига бориб тақалмасмикан?

Нима бўлганда ҳам, бугунги ўзбек адабиётини кузатиб бораркансиз, сиёсий сатира мутлақо йўқолиб бораётганини кўрасиз. Ушбу камчиликни тузатиш қасди ила буюк бир қаҳрамонликка қўл уряпман:) эски дафтаримдаги сиёсий афоризмлардан илк гуруҳига бугун дунё юзини кўрсатяпман. Орасида оригиналлари ҳам йўқ эмас!...


Мухолифатга мужда: Ҳатто Ўзбекистон шароитидаям чемпион чиқарса бўлади.

Оқсарой сирлари: Баъзан саноқли кишиларнинг ўлими, сон-саноқсиз кишига қувонч бағишлайди.

Теримнинг қалини – жонимнинг роҳати.

Сиёсий ворис: Қайси жарга оборишнинг фарқи йўқ: жилов қўлда қолса бўлди.

ОАВ: Бировга лой чаплашда қўли гул уста.

Мингта тўй: Ҳамма қўлингга қараб турганда, башара муҳим эмас.

Сиёсий ворис: Ота хатокор бўлса – фарзанд балохўр бўлади.

Мингта тўй: Ҳокимият дегани ёш боладай гап: на “Қўй” деганни билади, на “Тўйдим”ни.

Халқ ва Ҳокимият: Халқ – денгиздир, энг устида – фақат кўпиклар.

Эркак киши аёлга муҳтож, чунки ҳамма айбни Каримовга тўнкаб бўлмайди-ку.

Агар ҳар кимнинг хизматига яраша мукофот берилганда, баъзиларнинг бошқа тарафи ярақларди.

Маҳаллий сиёсат: Ҳар қандай ҳоким – вақтинча.

Доданинг қизлари: Ҳеч бир ишни ёлчитмаслик – энг ноёб талант.

Бир калла – бир калла, икки каллага ойлик йўқ.

Давлат хизматчиси: Масалани кўндаланг қўйма – қоқиласан!

МХХ ходими: фойдасиз қонундан ҳам катта фойда чиқариш мумкин.

Ҳоким бўлгач қаршисида порлоқ келажак эди. Ҳокимликдан бўшагач – қоп-қора ўтмиш.

Урушни чоллар бошлайди, ўлимга ёшлар кетади.

Жамиятнинг қаймоғи – сузмага айланган.

Тахтда кўп ўтирма, к...ингга зарар!

У ўзини халқ хизматига бағишлаган деманг, аслида халқни ўз хизматига бағишлаган.

Ўзбекистон: Қонунлар ўрмонида – ўрмон қонунлари.

НАТО: Урушни тўхтатишнинг энг осон йўли – ютқазиш.

Бизнинг ҳоким халқ ичидан чиққан, ичдан нима чиқишини билсангиз керак.

Ҳар бир ҳоким ўз қадрини билиши керак, бўлмаса кўпроқ тўлаб қўяди.

Бизда олигархлар бўлмайди, яъни оқсуяклар қоқсуякка айланади.

У халқ билан ҳамнафас, яъни унинг ҳам нафаси узилган.

Гугуша: Ишонтира олмасанг, чалкаштир!

Гугуша: Ижод – шахсий гигиена каби – бўш вақт орасида улгуриладиган нарса.

1 сентябрь: Тартибот органлари тартибсизлик бўлмаса, пенсияга кетарди.

1 сентябрь: Қонуннинг қисқача шакли – дубинка.

Бир тийинлик ҳоким халққа қимматга тушди.

У жуда айёр ҳоким эди. Қимматчилик пайдо этиб, қўзғолонни йўқ қилди.

Унинг жиноятини ҳамма қоралади. Эплаёлмагани учун.

Бош мақсад – ҳазрати инсон. Айниқса нишонга олишда.

Бугунги ёшлар ҳатто таъқиқланган китобларни ҳам ўқишмайди.

Ўзбекистонда ўқитувчи ва врачларни пахтага ҳайдабди. Уларга мос иш аслида. Бири тепага пахта қўяди. Бири – пастга.

Бир ўзбекнинг ўлими – фожеа. Мингтасининг ўлими – статистика.

Номимиз тарихда қоладиган бўлди – СНБ архивида.

Виждон эркинлиги дегани аслида – виждонсизлик эркинлигидир.

Мажлисда ҳамма гаплар айтилди. Аммо ҳаммаси ҳам еткизилмади.

09.11.2012

https://kamoliddinyoldash.blogspot.com/