May 1, 2021

Лайлатул-Қадр ҳақида

Албатта, Биз уни “Лайлатул Қадр”да туширдик.
Лайлатул Қадр нима эканини сенга нима билдира оларди?
Лайлатул Қадр минг ойдан яхшироқдир.
Унда малаклар ва Руҳ Роббининг изни билан барча ишлар учун тушар.
То тонг отгунча у саломатлик-омонликдир.
(Қадр:1-5)

Аллоҳ таолонинг инсоният билан боғланиши, Ўзининг иродасини рўёбга чиқариши, инсонлар ичидан танлаган элчиси – росули Мухаммад алайҳиссаломга Қуръонни нозил қилиши билан – давом этди.

Тенгсиз улуғ сифат ва қудратга эга бўлган, ягона ва махлуқотларига меҳрибон бўлган зот Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин.

Унинг каломини бизларга тўлиқ етказган ва ўша Қуръон билан ҳулқланган Росули (с.а.в)га саломлар бўлсин.

Жаноб Ҳақ Ўз каломида айтмоқда-ки “Албатта, Биз уни Лайлатул Қадрда туширдик”.

“Қадр” сўзи қадрли-қийматли (бебаҳо) демакдир. Унинг қадрли-қийматли экани – у кечада инсониятни ўз ҳаёти учун унга энг қийматли бўлган – Қуръонни нозил бўлиши билан қадрли бўлди.

Ва яна:
“Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Албатта, Биз огоҳлантиргувчи бўлдик. Ўша(КЕЧА)да ҳар бир ҳикматли иш ажратилиб, ҳал қилинур.” (Духон:3-4)

Ва яна:
“Ўз бандасини бир кеча Масжидул Ҳаромдан атрофини баракотли қилганимиз Масжидул-Ақсога оятларимиздан кўрсатиш учун сайр қилдирган зот пок бўлди. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчидир”. (Исро:1)

Бу келтирилган 3 сурада КЕЧА калимаси тилга олинмоқда.

Бу кечанинг қиймати минг ойдан афзалроқдир – яхшироқдир дея хабар қилинмоқда. Минг ой йил ҳисобида тақрибан 83 йилга яқиндир. Бу араб диёрида ҳам бошқа диёрларга кўра ҳам бир инсонни ўртача умр кечириш вақтига тўғри келади.

Минг ойдан яхшироқ ибораси – бир инсонни умр бўйи Қуръонсиз яшаб ҳаёт кечиришидан кўра – шу бир кечадаги нозил қилинган китобга кўра ҳаёт кечириши – яхшироқдир маъносидадир.

Яхшироқлиги – инсон ўз ҳаётини қутқариб қолишлигига имкон яратилганида – Қуръонни нозил бўлганлигидадир.

Қуръонсиз бир жонзот кўринишида бўлсанг, Қуръон билан энди – гўё тирик бўласан, ҳақиқий ҳаёт кечира бошлайсан.

“Унда малаклар ва Руҳ Роббининг изни билан барча ишлар учун тушар” (Қадр:4)

Қадр сурасида эътибор қаратмоғимиз зарур бўлган нарса нима? Ўша ойми? Ёки ўша кечами? Ёки ўша йилми?

Эътибор қаратмоғимиз лозим бўлган нарса – ўша кечани қадрли қилган нарса – Қуръондир. Унга эътибор қаратмоғимиз зарурати аслида Қуръоннинг биздан истаги ва талабидир.

Бу аввалда пайғамбар алайҳиссалом ҳам билмаган нарса бўлиб унинг (Қуръонни) нозил бўлиши билан энди унга ҳам бутун инсониятга ҳам – Яратгувчи ирода қилган ҳаёт, Унинг қонуни, қиёмат ва ҳисоб-китоб – жаҳаннам ва жаннат мукофоти – билинади-билдирилади – хабари келади.

Дин душманлари “Қадр кечасини изланг” дея айтилган ва айни “Қуръонни изланг, топинг, ўқинг, ўрганинг, ҳаётга тадбиқ этинг” – дея буюрилган буйруқни биз умматларга гўё қандайдир бир кечага яширинган нарсадек қилиб, уни Рамазонни қайсидир кеча ичига яширилган мўъжизадек қилиб кўрсатиб келдилар.

Лайлатул-қадр калимасини (араб харфларида) 9 харфдан иборат эканлигини асос қилдилар-да, бу калимани дастлабки 3 оятда иштирок этилишга кўпайтирдилар ва 27 рақамини келтириб чиқардилар, шу сабаб қадр кечасини Рамазонни “27-кечасидан изланг”га келтирдилар. Уммат шу қадар соддаликка юз тутди-ки, минг йиллардан зиёд вақт ўтган бўлса-да, нозил бўлган Қуръонга эътибор қилмай – Рамазоннинг 27-кечасидан – қадрни, “ўзларига қадрли” бўлган бир нарсани кутиб келмоқда.

Оиша онамиз (р.а)дан ривоят қилинадиган хадисга кўра: “Ё Расулоллоҳ! Агар мен қадр кечасини топсам, унда нима қилай?” деб сўраганларида, пайғамбаримиз бир дуо ўргатиб, агар уни 100 маротаба ўқилса, гуноҳлардан пок бўлиши ҳақида бир ҳадис уйдирдилар.

Ундай бўлса, бу кечани тополмаган умматнинг ҳоли нима бўлади? Бу ҳақда жавоб йўқ.

Қуръоннинг нозил қилинишидан мурод – бир дуони 100 карра ўқиб қўйиш бўлса, ундаги бошқа буйруқ ва даъват оятлари кимга айтилди? Бошқа оятларнинг нима зарурати бор эди? Нега жаҳаннамдан қутқарувчи бир дуо билангина чекланиб қолмади Қуръон?

Фалон дуони фалон марта ўқисанг, жаннат дарвозалари ланг очилади, дея дин тужжорлари “жаннат сотиш” билан машғуллар.

Аллоҳ таолонинг динини олий қилиши учун мушриклар билан жанг қилган, улардан таъна ва маломатлар эшитган, турли камситиш ва ҳақоратларга дучор қилинган, оч қолган ҳолларида ҳам сабру-қаноат билан бел боғлаб, зиммасига юклатилган миссияни аъло даражада бажарган Расулнинг вазифаси шу биргина дуони бизларга айтдиришмиди?

Мусулмонлар учун бу дунёда зиллатдан қутулишнинг ягона йўли бор, у ҳам бўлса Қуръонни маҳкам тутишдир, Расул йўлидан юришдир. Акс ҳолда “Батаҳқиқ, менга зикр келгандан сўнг, у мени адаштирди. Шайтон инсонни ёрдамсиз ташлаб кетгувчидир”, дер. “Ва Пайғамбар: «Эй Роббим, албатта, менинг қавмим ушбу Қуръонни тарк этдилар”, дер (Фурқон:27-28) оятларидагидек аянчли ҳолатга тушишлари аниқдир.

“Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки ҳидоят топсангиз” (Оли Имрон:103)

Ояти каримадаги «Аллоҳнинг арқони» иборасидан мурод – Қуръони Каримдир. Жарга қулаш хавфидаги инсон арқонни маҳкам ушласа, қутилиб қолгани каби, дўзах тубига қуламасликнинг ҳам ягона чораси – Қуръони Каримни маҳкам ушлашдир. Шундагина инсон нажот топади. Мусулмон уммати нажот топиши учун барчаси бир бўлиб Аллоҳнинг каломи – Қуръони Каримни – маҳкам тутишлари лозимдир.

Бу оят – мусулмон оламини бирлаштириш шиоридир. Бу оят Расул алайҳиссаломнинг саодатли замонни барпо қилишидаги асосий шиорлари ҳам эди.

http://kemalyoldash.com