May 2, 2021

Ҳақиқий ва Сохта Муҳаммад (5)

ИБРОҲИМ ВА БОШҚА МУВАҲҲИДЛАР КАБИ, МУҲАММАДДА ҲАМ ГЎЗАЛ НАМУНА БОР

Ҳақиқий Муҳаммад

Қуръон, Муҳаммад алайҳис-саломнинг жанг майдонидаги жасорати ва Аллоҳга таваккулини саҳобаларга чиройли ўрнак (‘uswatun hasana’) дея таърифлайди (33:21), худди Иброҳим ва унга эргашган муваҳҳидларни (‘uswatun hasana’) таърифлагани каби (60:4-6).

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, Қуръонда Ислом дини доим “Иброҳимнинг йўли”, “Миллати Иброҳим” дея номланади (2:120, 2:130, 2:135, 3:95, 4:125, 6:161, 12:37-38, 16:123, 22:78), “Муҳаммаднинг йўли” дейилмайди, зеро Муҳаммад а.с. Ислом динининг бошловчиси ҳам, асосчиси ҳам, тўлдирувчиси ҳам эмас (46:9, 3:144, 38:65, 47:19), аксинча, унга ҳам Иброҳим ўрнагига эргашиш буюрилган (6:159-164, 4:125, 22:78).

Сохта Муҳаммад

“Албатта сизлар учун — Аллоҳ ва Охират Кунидан умидвор бўлганлар ҳамда Аллоҳни кўп зикр этган кишилар учун — Расулуллоҳда гўзал намуна бор…” (33:21) оятини сура бутунлигида ўқисак, Муҳаммад а.с.нинг жангдаги жасорати зикр этилганини, ва бу жасорат саҳобаларга (оятдаги “сизлар учун”дан мурод – саҳобалар) “гўзал намуна” сифатида келтирилганини кўрамиз. Бироқ, Муҳаммадни илоҳ қилиб олганлар, “ҳадис” дея тўқилган эртак ва ривоятларни оқлаш учун, бу оятни асл боғламидан узиб олиб, бутунлай бошқа тарафга буришади.

Мабодо 33:21 даги “гўзал намуна” (‘uswatun hasana’) ифодасидан, Расулуллоҳга нисбат этилган “ҳадис ва суннат”га кўр-кўрона эргашиш вожиб бўлса, у ҳолда “Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда гўзал намуна бордир…” (60:4), “Сизлар учун — Аллоҳ ва Охират Кунидан умидвор бўлган кишилар учун — уларда гўзал намуна бордир.…” (60:6) оятларидаги Иброҳимнинг “гўзал намуна”сига ҳам эргашиш вожиб бўлади. Қани Иброҳим ва у билан бирга бўлганларнинг саҳиҳ ҳадис тўпламлари?

Аслида, Иброҳим ҳам, у билан бирга бўлганлар ҳам, уларнинг йўлини давом эттириб келган Муҳаммад ҳам фақат Аллоҳнинг юборган ваҳйи-рисолатига эргашган эдилар, ва ҳар иккала ҳолатдаги ваҳйига-рисолатига эргашган. Бу рисолат тўлиғича Қуръонда жамланган, бугун Иброҳим ёки Муҳаммад йўлига эргашмоқчи бўлган ҳар бир мумин-мусулмон буни Қуръондан ўқиб, ўрганиши мумкин.

Қуръон, баъзи хатолари билан бирга, Муҳаммад а.с.нинг кўплаб фазилатларини кўрсатади. Қуръонни тарк этганлар эса (25:30), унинг прогрессив таълимотларига эргашиш ўрнига, “гўзал намуна” деган гапни фақат араб урф-одатлари, анъаналари, ўрта аср сиёсий ҳукмлари, яқин шарқ қавмларидаги ирим ва хурофотлардан иборат уйдирмалар мажмуасига айлантиришган, ва буларнинг барчасини Муҳаммад алайҳис-салом тарафидан етказилган Аллоҳнинг дини дея пуллаб келишган.

Улар ўтмишдаги Бани Исроил тушган хатога (2:65, 5:60, 7:166) такрор тушдилар: Расулга эргашишни гўёки унинг ташқи кўринишига тақлид қилиш деб билишди, шахсий нарсаларидан иборат сон-саноқсиз қоидалар уйдириб, буларга дин дейишди, ва уларга кўр-кўрона тақлид қилиш оқибатида зеҳнан маймунларга айланишди. Соқол, салла, махси, рўмол, мисвок, юриш, ейиш-ичиш, ўтириш, ётиш, ухлаш, туриш, жинсий алоқа ва ҳатто ҳожатга чиқиш. Ҳолбуки, саллани дин Макка мушриклари ҳам, Абу Жаҳл, Абу Лаҳаб кабилар ҳам ўрарди, соқол ва б. ташқи кўриниш элементлари динга умуман тааллуқи йўқ нарсалар эди. Бу маймунлашган тоифалар эса Ўрта аср Араб, Форс, Яҳуд ва Румга оид нимаики урф-одат бор эса, аввал ҳадисларга киритдилар, сўнгра илоҳий дин ўлароқ қабул этдилар.

Энг ёмони шуки, оддий одамлар асрлардир уларга ишониб эргашиб келди, ҳадисларда Пайғамбарга нисбат берилган сўз ва амаллар, намуна олишга яроқсиз ва эргашиш имконсиз бўлган шахсиятни шакллантиради. Ҳадислар уни психологик жиҳатдан бир неча бўлакка парчаланган фантастик бир мавжудот каби тасаввур этади. Бу тасаввур Ўрта аср мифологиясидаги Ҳермес, Пан, Посейдон ва Афродита каби мифологик илоҳ ва олиҳалардан-да ошиб ўтади. Гоҳ энг олий илоҳ, гоҳ энг тубан иблис, бу иккиси орасида бориб-келувчи, беқарор характер, баъзан бениҳоя ақлли, баъзан ўта бечора, баъзан Худодан-да меҳрибон, баъзан шафқатсиз бир қотил.

Бир пайтнинг ўзида мукаммал ва гуноҳкор, муттақий ва фосиқ, мутавозеъ ва мутакаббир, иффатли ва шаҳватпараст, ғамхўр ота ва педофил, омонатли ва ғирром хоин, ўқиш-ёзиш ўрганмаган саводсиз ва етук муаллим устоз, ўта бой ва оч-камбағал, демократ ва қаттол диктатор, аёллар ҳимоячиси ва жинсий шовинист, ҳадис ёзишни таъқиқловчи ва ҳадис ёзишни ташвиқ этувчи воиз, тавҳидда мустаҳкам набий ва “шайтонлан ваҳй” олувчи хатокор… Ҳадисларда ҳатто булардан-да зиддиятли пайғамбар тасвирларига дуч келиш мумкин, ҳар мазҳаб ва ҳар мактаб ўз мақсадига кўра танлаб олаверади.

Дин уйдирмачилиги Қуръонда, арабларга хитоб қилувчи илк суралардаёқ шафқатсиз қораланади (68:35-47). Аммо бу Қуръоний эслатмалардан ҳеч қандай дарс олинмаганини ҳадис ва ривоят тарихи кўрсатмоқда.

Ҳақиқий ва Сохта Муҳаммад (5) | (kemalyoldash.com)