АҲЛИ КИТОБ МУЛЛАЛАР-32
23-БОБ. МУСУЛМОН, МЎМИН ВА ДИН
Қуръонда «МАЗҲАБ» (religion) деган нарса йўқлигини 1-бобдаёқ айтгандик. Ислом дини намоз, зиёрат, оч қолиб савоб олиш, диний ушр тўлаш, Расулуллоҳ ҳақида кўрмай туриб гувоҳлик бериш ва бошқа шаклдаги улуғлашлар, сиғиниш ритуалларидан иборат «МАЗҲАБ» (religion) эмас. Ислом бу «ДИН», яъни ҳаёт тарзидир.
Исломнинг беш шарти деган гап ҳам Қуръонда йўқ. Бу 5 шарт ҳам мулла уйдирмаси.
Қуръон бир ҳидоят китобидан, бир йўл кўрсатувчи йўлланмадан бошқа нарса эмас, бизга берилган бу қисқа ҳаётда қоқилмасдан, яхши ишлар қилиб, сифатли ҳаёт кечириш йўлини кўрсатадиган, «ЎЗИНГ ЯСА» тарзидаги қўлланма. Бу ерда Қуръон ўргатган барча яхши ишларни санаб ўтадиган бўлсак, бир китоб етмайди. Энг яхшиси, Қуръонни ўзингиз очиб ўқиб, англаб, ўзингиз хулоса чиқаринг. Мен эса қуйида фақатгина бир неча оят билан чекланаман:
«Улар Тоғутга қул бўлишдан узоқ турганлар, ва Аллоҳга инобат этганлар, муждалар ўшаларга, бас, мужда бер қулларимга - улар сўзга қулоқ тутадиган, ва энг яхшисига эргашадиган кишилардир. Ана ўшалар, Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Ана ўшалар ақл эгаларидир». (39:17-18)
Бир ишни тўғри ҳал этиш учун мусулмонлар барча фикр ва қарашларни эшитиб чиқади, сўнгра улар орасидан энг яхши фикрни олади, унга эргашиб, амал қилади, дея мақталмоқда ва ақл эгалари мана шулар дейилмоқда. Агар сўз эркинлиги бўлмаса, барча фикрларни тинглай олмайсиз. Шунинг учун мусулмонлар сўз эркинлигини таъминлаши, кафолатлаши шарт. Бу 1400 йил олдинги Қуръонда ўргатилган таълимот. Одамлар ҳеч қандай таъқиб ва тазйиқсиз ўз фикрини эркин баён эта олсагина, сўз ва фикр эркинлиги таъминланган майдон бўлсагина, очиқ гапириши мумкин. Бу қуйидаги оятда такрорланган:
«Эй иймон келтирганлар! Қачонки «жой ажратинглар», дейилса, бас, бир-бирингизга ўтириши учун жой ажратинглар, Аллоҳ сизларга ҳам жой ажратади. Агар «энди туринглар» дейилса, дарҳол туриб тарқалинглар. Орангизда буни билган ва бунга ишонганларга Аллоҳ юксак даражалар беради. Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардор». (58:11)
«Сизлар бир-бирингизга жой ажратасиз, Аллоҳ ҳам сизга жой ажратади»; «агар мажлис тугаб, туринг дейилса, туриб тарқалинг». Бу нафақат ижтимоий одоб тавсияси, балки бу ерда мусулмонларни бошқаларнинг фикри ва қарашларига нисбатан очиқ ва хайрихоҳ бўлиш каби олий фалсафа ҳам мавжуд.
Муллалар ўргатган тор ва тушкун шахсиятдан фарқли ўлароқ, Қуръон оятлари мусулмонларни фикри очиқ, сафи очиқ, ҳамда қўшни ва жамият билан ўзаро ҳурмат ва оқибатни муҳофаза этувчи юксак ахлоқли шахсиятлар қилиб тарбиялайди.
Ўз ишларимизни юритишда эса, Қуръон бизга ўз иш юритувчиларимизни танлашнинг демократик усулини таклиф қилади:
«Эй имон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинг ва Расулга бўйсунинг, ва орангиздан амр эгаларига ҳам! Бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, уни Аллоҳга ва Расулига қайтаринг – агар ҳақиқатан, Аллоҳга ва барча нарсанинг хулосасига ишонсангиз. Мана шу сиз учун яхшироқдир, ва энг яхши ечимни таъминлар». (4:59)
«Ва орангиздан амр эгаларига ҳам» (uli-l-amri minkum). «Орангиздан» калимаси шуни кўрсатадики, жамият ўзига тааллуқли қарорларни ўзи қабул қилиши керак, ўзига тааллуқли қарорни амалга ошириш ишини ҳам (амрни), ўз жамияти орасидан танланган шахсларга топшириши керак.
Юқоридаги уч оятдан чиқарадиган хулосамиз қуйидагича:
- ақл эгалари барча фикрларни эшитиб чиқиб, сўнгра энг яхшисини танлайди (39:18);
- мусулмонлар очиқ ва хайрихоҳ бўлиши, барча одамларни ўз сафларида «сиғдира» олиши керак (58:11);
- мусулмонлар ҳар бир қарор олувчи ва иш юритувчи раҳбарни ўзлари ўз ораларидан танлаши керак (4:59);
Бу уч талабга қанчалик риоя қилиш, жамиятнинг қанчалик демократик, илғор ва соғлом жамият эканини кўрсатади.
Бу ўлчовларга кўра, Қуръон таълимотларига амал қилган ва бунинг натижасида ривожланган Ғарб цивилизацияси, аллақачон Исломий жамият бўлиб чиқади. Фикр ва сўз эркинлиги, очиқлик, тоқатлилик, барчанинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва раҳбарларни демократик йўллар билан сайлаш, фақатгина дунёвий, фуқаролик жамиятларига оид «савдо белгиси» бўлиб улгурган.
Мусулмонлар эса аксинча, Қуръонни менсимагани ва муллаларнинг ақлсиз ва қолоқ таълимотларига таслим бўлгани оқибатида, ҳалигача ўз тарихларининг энг чуқур инқирозида.
Такрор айтаман: Қуръон бир ҳидоят китоби, бир йўл кўрсатувчи йўлланма холос. Бу умуман МАЗҲАБ (religion) китоби эмас. Қуръонда арабча «Ислом» сўзи «бўйсуниш/ тинчлик ўрнатиш» маъносини англатади. Маданий, тартиб-интизомли ижтимоий ҳаёт тарзига бўйсуниш ва натижада ер юзида бузғунчилик ва қон тўкишга йўл қўймаслик.
«Аллоҳнинг қонунига мувофиқ ягона ҳаёт тарзи - «бўйсуниш/тинчлик ўрнатишдир». (3:19)
Аммо парадоксни қарангки, бу таълимотни қабул қилганлар, бу оддий ҳақиқатни тан олгиси келмайди ва ҳақиқат ошкор бўлганидан кейин ҳам талашиб-тортишади. Аллоҳнинг оятларини бундай рад қилувчиларга нисбатан Аллоҳ ҳисоб-китобда энг шиддатлидир.
«Инна-д-Дийна инда-Аллоҳи ал-Ислом». Аллоҳнинг қонунларига мувофиқ ягона ҳаёт тарзи бу «бўйсуниш/тинчлик ўрнатиш».
Барча инсониятдан талаб қилинган нарса битта – яратилиш қонунларига мувофиқ ҳаёт кечириш (ибодат), бу қонунларни бузишдан тийилиш (тақво). Ҳеч қандай мазҳабсиз, маъбадсиз, мулласиз ва руҳбонсиз, шариатсиз ва бошқа ҳеч қандай сохта қонун ва назоратларсиз. Қуръон мантиғига кўра, «Ислом менинг диним» деб, ёки «христианлик менинг диним», ёки «яҳудийлик менинг диним» деб эълон қила олмайсиз. Қуръонда дин дегани булар эмас, ундай дин йўқ. Ё сиз яратилиш қонунларига, тартиб-интизомли ҳаёт тарзига бўйсуниш йўлини (Ислом Динини) танлаган одамсиз ёки йўқ.
Ёки бахтли, фаровон ва тартиб-интизомли ҳаётингиз бор ёки бахтсизлик, қашшоқлик ва пала-партиш ҳаёт яшаб ўтаяпсиз. Мусулмонни кофирдан фарқи ҳам ана шу. Кофир - бир нарсани рад этувчи ёки унга қарши турувчи дегани. Яна такрор айтаман, кофир бир «диний» атама эмас.
Ўзини яхшилик ҳаёт тарзига (ДИН) таслим этган ҳар қандай инсон - мусулмон. Қаерда ҳаёти бахт-саодат, фаровонликдан маҳрум бўлган инсон бор бўлса, бунинг сабаби - яратилиш қонунларини, тўғрилик ҳаёт тарзини рад этганлиги учундир. У ҳаётни барпо этишнинг тўғри (қонуний) йўлини рад этади. Шу ҳолати билан Кофир саналади.
Дейлик, бир пиёла иссиқ чойни шошмасдан ичдингиз ва чанқоғингиз босилди. Бу - чойни усулига уйғун ичиш бўлади, қонун-қоидага бўйсунган ҳар қандай ҳаракатга «мусулмонча» ҳаракат деймиз. Мабодо, қайноқ чойни шоша-пиша ҳўплаб, оғизни куйдириб олсангиз, бу чой ичиш усулига зид ҳаракат бўлади. Қонун-қоидаларни рад ва инкор этиб содир этилган ҳар қандай ҳаракатга «кофирча» ҳаракат деймиз.
«Мусулмон бўлиш» доимий ҳолат эмас, худди Кофир бўлиш ҳам доимий ҳолат бўлмаганидек. Инсон ҳаёти давомида (ҳатто бир кун ичида) мусулмон ва кофир бўлиш ўртасида бориб-келиб туриши ҳам мумкин. Муҳими кофир ҳолатига нисбатан мусулмон ҳолатида кўпроқ бўлишдир. Ана шунда ҳаёт муваффақиятли бўлади.
* * *
Қуръонда тез-тез ушбу ибора қайтарилади «Йа айюҳаллазина Аману». Буни одатда «Эй имон келтирганлар!» деб ўгирилади. Аслида «имон келтирганлар» деган шакл асл оригиналдаги маънони тўлиқ бермайди. «Аману» сўзи «амана» сўзидан ясалган, «ишончли/ишонилган/ишониб топширилган» деган маъноларни (омонат) англатади. «Имон» (ишонч) ва муъмин (ишончли инсон) каби бошқа сўзлар ҳам айни ўзакдан ясалган. Қуйидаги оятда ушбу калима «ишониш/ишониб топшириш» маъносида уч хил шаклда зикр этилади:
«Сизлардан бирингиз бошқасига ишонса (амина), у ҳолда ишонилган киши (тумина) ўртада ишонилган нарсани (амонатаҳу) етказсин ва Аллоҳдан тақво қилсин» (2:283)
Шунинг учун тез-тез ишлатиладиган ва эшитиладиган арабча «Аману» калимаси «ишончли/ишончга сазовор одам» дегани.
Демак, «йа айюҳаллазина аману» ишониш мумкин бўлган одамларга қилинган хитоб. «Эй сиз ишончли инсонлар... Ишончга яроқли инсон бўлиш сифати, аслида, ҳар бир мусулмоннинг сифати бўлиши керак. Ишончли инсон ўша ишончи билан мусулмондир. Бу ҳар бир инсонга ҳам тааллуқли.
«Муъмин, яъни ишончли одам» бўлиш учун фаоллик ва ҳаракат тўла ҳаёт шарт қилинади. Муъмин ҳар кунги ҳаётида, инсонлар билан ўзаро муомаласида, мулоқотида, олди-бердисида, тижоратида, ижтимоий-сиёсий ҳаётида халқ ишончини (Амана) қозониши керак бўлади.
Уларнинг ишончини қозониш ва яхши мусулмон бўлиш учун муъмин/ишончли инсон ўзи яшаётган жамият билан яқиндан ва тўлиқ шуғулланиши керак. У жамиятдан ўзини олиб қочадиган, ёки фақат ўзи билан бир хил «ақида»даги шериклари билан «мазҳаб» қобиғига яшириниб, Роҳиб бўлиши мумкин эмас.
Бошқа тарафдан, мулла динига «ишонган» одамгина ўзини бутунлай яккалаб, жамиятдан айрилиши; жамиятдан бутунлай воз кечиб, ўз диний қобиғига беркиниши ва Худосига яқинлаш учун ўзини юпатиб, «узлат ва ибодатга берилиши» мумкин.
Ёки «жамиятдаги ҳамма бизнинг диний қобиққа кириши шарт, акс ҳолда ҳаммаси гуноҳкор ва кофир», деб ваъз ўқийвериб, ҳаммага бош оғриғи бўлиши мумкин. Бу диннинг муллача версияси, бу версия христиан, яҳудий ва бошқа диний таълимотлар билан бир хил.
Қуръонда айтилишича, араблар «муъмин» (ишончли инсон) бўлишларидан олдин улар аввал «мусулмон» (қонун-қоидаларга бўйсунувчи) бўлишлари керак:
«Араблар деди: «Биз муъминлармиз (ишончли инсонлармиз)». Айт: «Сиз ҳали ишончли одам эмассиз (лам туъмину); аксинча сизлар токи қалбингизда ишонч топилгунча, шундай денг: «Биз мусулмон бўлдик». Агар сиз Аллоҳ ва унинг Расулига итоат этсангиз, У ҳеч бир ишингизни зое кетказмайди. Аллоҳ кечиргувчи, меҳрибондир». (49:14)
Бу икки босқичли жараён. Инсон аввал мусулмон бўлади, яъни қонун-қоидаларга таслим бўлади, ундан кейингина муъмин, яъни ишончли одам бўлиши мумкин.
«Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарса устида ҳисоб этгувчидир». (4:86)
Инсонлар қилаётган ҳамма нарса Аллоҳ томонидан ҳисобга олинади. Бунга кофирлар ҳам доҳил. Лекин нега энди «кофирлар» қилаётган ишларни ҳисоблашга вақт сарфлаш керак? Вақт исрофи эмасми бу? Ахир улар ўлгандан кейин барибир дўзахга тушади-ку?!
Жавоб шуки, ўлгандан кейин «Жаннат ёки дўзах»га тушиш деган нарса йўқ. Муъминлар ўлгандан кейин «жаннатга киради», Кофирлар эса «дўзахга тушади», деган нарсалар йўқ.
Барча инсонлар мана шу ерда ўз умрини яшаб ўтади. Кимдир умрини тинчлик, фаровонлик ва бахт-саодатда, бамисоли ноз-неъмат тўла боғлар каби («жаннат») ҳаёт кечириши мумкин, ёки аксинча, ҳаётлари доим ҳузурсиз-ҳаловатсиз, мусибат ва машаққатлар билан ўтади, бамисоли оловда («нор») кулга айланган бир ҳаёт яшаб ўтиши мумкин.
Унда ҳисоб-китобдан мақсад нима? Мақсад - инсонга бу ҳаётда ғолиб бўлишига ёрдам беришдир.
Яна бир мисол. Бир киши оиласига ғамхўр, ишида серғайрат. У ўз оиласи ва ишига нисбатан мажбуриятларига тўлиқ риоя этиб келади. Унинг яхши ишлари кўпроқ, яхши ишларининг ҳисоби ижобий тарафга босади. Яхшиликларга содиқлиги сайин унинг яхшилик ҳаёт тарзига бўйсуниши (Ислом динига таслимияти) ортиб боради. Ҳаёт бамисоли фаровонлик ва қулайликлар боғидаги каби бир бахтдир.
Аммо бир куни бу киши ҳамкасблари билан баҳслашиб қолди, жуда асабийлашди. У уйга ўта ҳаяжонланиб қайтди ва оиласида жанжал чиқарди - унинг ДИНга бўйсуниш (Ислом) пасайди. У кофир ёки инкор этувчи ҳолатида қолди. Агар у шу тарзда давом этса, унинг ҳаёти ва оиласи оловда (НОР) ёниб-куйиб, ёки ундан-да оғирроқ аҳволда қолиши мумкин. Шунинг учун ҳаётдаги мақсадимиз, яхшиликка максимал таслим бўлишдир (Ислом). Агар ҳар кунги амалларимиз ҳисоби ижобий бўлса, унда бутун ҳаётимиз фаровонлик ва қулайлик тўла боғларда (яъни жаннатлалрда) ўтади.
Мабодо яхшиликка бўйсуниш ҳаёт тарзига (ДИН) амал қилмасак, у ҳолда кофир ёки инкор этувчи бўлиб, оловда куйиш (нор) каби машаққат ва мусибатлар ичидан чиқолмай ўтиб кетамиз.
Шунинг учун, Ислом бир варақ ариза ёзиб кириш мумкин бўлган бир тариқат/ мазҳаб/religion номи эмас. Ислом/бўйсуниш - ҳаётнинг ҳар бир соати ва ҳар кунида яратилиш қонунларига/яхшиликка таслим бўлишдир - бу сиздаги ҳолатнинг сифати. Орадан бир соат, бир кун, бир ҳафта, бир ой ёки бир йил ўтиб, бу ҳолат ўзгариши мумкин. Инсониятдан талаб этилган ҳаракат йўналиши - ўзини тартибли, қонуний, маданий ҳаёт тарзига бўйсундириш (инна-д-дийна инда-Алоҳи ал-Ислом).
Энди, сунний ва шиа биродарларимизга келсак, улар муллалар томонидан бутунлай ва батамом адаштирилган аҳволда, бу уларнинг айби эмас, балки кулфати. Улар учун ягона чиқиш йўли - Қуръонга қайтиш. Ҳа, асрлардир ўқилмаган, муллалар минг йилдан бери менсимай, ўқитмай келаётган ўша Қуръонга қайтиш.
Агар сунний ва шиа биродарларда бирор нажот топиш умиди бўлса, биринчи навбатда бўйинлардаги муллалар юкидан халос бўлишлари керак. Бу юкка асрлар давомида муллалар тўплаган уйдирма ҳадислар, сохта сунна, ахмоқона ижмоъ, қиёс ва бошқа найранг технологиялари киради. Ҳақиқий ва асл Ислом дини, Қуръоннинг икки муқоваси орасида маҳфуз ҳолда турибди.
Мусулмонлар зудлик билан каттаю-кичик дин пешволари босимидан (энг тепадаги муфтий-оятуллоҳлардан тортиб, энг майда мулла-баччаларгача) ҳалос бўлишлари керак. Бу ҳатто Золим ҳукмдорлар ва диктаторларга қарши исён этишдан-да олдин амалга оширилиши керак бўлган вазифа.
Муллалар - сатанизмнинг энг содиқ малайлари. Мусулмонларни қашшоқлик, қолоқлик, мағлубият ва умидсизликка олиб келган ана шу муллалар бўлади. Ким бунга шубҳа қилса, атрофидаги мусулмонлар ҳолига, барча Исломий мамлакатлар аҳволига, оддий мусулмон халқ билан дин пешволарининг аҳволига разм солсин.
Қисқаси, муллалар мусулмон эмас. Муллалар сатанизм малайлари.
Тарихда баъзи маърифатли ҳукмдорлар муллаларни жиловлашга уринганлар, лекин восита нотўғри танланган: масалан, муллага қарши куч ва зўравонлик ишлатишган. Бу усул ҳеч қачон иш бермайди, чунки муллалар тарқатган вируслар аллақачон сунний ва шиа авлодларининг онгини заҳарлаб бўлган.
Муллага қарши кураш ғоявий кураш бўлиши керак, баҳс ва аргументлар Қуръон, ақл-мантиқ, илмий далиллар асосида бўлиши керак. Қуръонда «Ҳату бурҳанукум ин кунтум содиқийн!» дейилган, яъни «агар ростгўй бўлсангиз, келтиринг далилингизни». Агар мусулмонлар бугунги асрда омон қолишни истаса, мулла зотини доим саволга тутиши, тергаши керак, улар айтаётган ҳар бир нарса учун далил келтиришга мажбурлаши керак.
Қандай қилиб, «Саҳиҳ Бухорий» тўпламидаги гаплар Пайғамбарга тегишли дейиш мумкин, ҳолбуки у китобни Бухорий ёзмаган бўлса?
Ҳадисларнинг энг кўпини Абу Ҳурайра исмли ровийдан нақл этасизлар, сунний дунёси ҳануз унинг ким эканини ҳам билмайди. Абу Ҳурайра аноним шахс экан, унга нисбат берган ҳадисларга қандай кафил бўла оласиз?
Агар мулла Пайғамбарни Маккадан Қуддусга, у ердан «етти осмон усти»га сеҳрли-қанотли ҳайвонга миндириб учирса ва бундай бемаъни, кулгили ва моҳиятан мажусий ҳикояни такрорлаб, унга ишонишга чақирса, муллага айтиш керак: «Агар ростгўй бўлсангиз, келтиринг далилингизни».
Қуръон мусулмонларга буюради:
«Ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма, сенга кўз, қулоқ, бердим – буларнинг барчаси ҳақида, қандай ишлатганинг ҳақида, жавобгар бўласан» (17:36)
Агар суннийлар ва шиалар мусулмон бўлишни хоҳлашса, улар муллаларни сўроққа тутишни, муллалар айтган ҳар битта нарсани ўзлари текшириб чиқишни, ақл-мантиқ тарозисига солиб, хулоса қилишни ўрганишлари керак. Сунний ва шиа уммати яна неча юзйил мулла нима деса лаққа ишониб юравериши керак? Агар сунний ва шиалар мия деган моддаларини ишлатмаса, у ҳолда шубҳа ва саросима ичида қолаверади.
«Аллоҳнинг қонунларидан ташқари, ҳеч бир инсон иймон келтира олмайди. Зеро Ақл ишлатишни рад қилганлар устига эса шубҳа солади». (10:100)
Қуръонга кўра, Ақлни ишлатиш, Савол бериш ва Жавоб излаш, Исломда бирламчи. Муллалар эса бунга қарши чиқади, чунки, мантиқ ва ақл ишлатиш уларнинг мажусийлигига нуқта қўйишини билади. Сунний ва шиалар қаршисида учинчи йўл йўқ - ё ақлни ишлатасиз, ёки муллалар бутпарастлигида қоласиз.