May 2, 2021

Ҳақиқий ва Сохта Муҳаммад (1)

Ҳақиқий, тарихий Муҳаммад пайғамбар ва Уйдирилган, мистик Муҳаммад пайғамбар ўртасидаги фарқни ажрата олиш мақсадида, бугунги мавжуд диний адабиётдаги икки турли Муҳаммад таърифи ва тасвирини – оятлардаги ва ривоятлардаги Расулни – ўзаро қиёслаб кўрамиз.

Аввалданоқ шуни айтмоқчимизки, бу қиёс натижасида келган қатъий ва ўзгармас хулосамиз, Расулнинг энг тўғри ва мукаммал таърифи ва тасвири фақат Қуръонда берилган.

Оятлар Расулнинг араблар ва бутун оламларга йўналган даъват фаолиятини, бамисоли бир кундалик каби, қайд этиб боради, ҳамда юзага келаётган индивидуал ва социал вазиятларда қандай мавқеъ тутишни ўргатади, пайдо бўлаётган саволларга жавоблар, муаммоларга ечимлар бериб боради.

Ривоятлар эса бутунлай фарқли нарсаларни, масалан, Расул қандай еб-ичарди, хожатга қандай бориши, қандай кийиниши, аёллар билан маиший ҳолатлари, араблардаги миллий-урф-одатлар ва ш.к. асл мавзудан узоқ ва алоқасиз нақллар. Бу нақллар, Қуръон оятларига мос келмаслигидан ташқари, кўп ўринларда оятларга очиқча терс келади.

Натижада, Расулуллоҳни Қуръон ва ҳадисдан тунимоқчи бўлган кишиларда битта табиий савол туғилади: бу икки Муҳаммад ўрнагидан қайси бири ҳақиқий, тарихий, эргашишимиз керак бўлган Расулуллоҳ? Оятдагими ё ривоятдагими?

РАСУЛЛАР БАШАР, ЯЪНИ ОДДИЙ ИНСОНЛАР БЎЛГАН

*** Ҳақиқий Муҳаммад***

Қуръонга кўра, Муҳаммад а.с. башар, яъни оддий инсон бўлганлар (3:144, 6:50, 7:188, 17:93, 18:109-110, 38:65, 41:6, 46:9), у Расулуллоҳ ва “Хотамун-набиййин — набийларнинг охиргиси” (33:40). Шуни унутмангки, набийларнинг сўнггиси дейилади, расулларнинг эмас! (33:40, 10:47-48, 3:81, 7:35, 33:7, 33:40, 40:28-44, 72:7).

Бир гуруҳ тафсирчилар Қуръондаги “набий” ва “расул” сўзларини маъно жиҳатдан деярли фарқи йўқ, иккиси ҳам бир-бирининг ўрнида ишлатилаверади, дейишади. Бошқа бир гуруҳ эса набий ва расул калималари орасидаги жиддий фарқларга ишора қилади, масалан, Набий деб илоҳий ваҳйни қабул қилувчи, ғайб хабарлари билдирилувчи ва билдирувчи ва маънавий тарбия этувчи кишига дейилади (21:73, 3:79, 3:81, 6:89, 29:27, 45:16, 57:26). Расул эса, яна иккинчи гуруҳга кўра, аксинча, умумий атама бўлиб, мавжуд илоҳий ваҳйни инсонларга етказувчи киши, ёки мавжуд илоҳий китобни тасдиқловчи киши учун ишлатилади (3:81, 2:101, 23:51, 36:14).

Бундан ташқари, “Расул” калимаси Қуръонда Қуръоннинг ўзи учун ҳам ишлатилган (65:10-11), шунингдек, хабар берувчи кучлар (7:37, 22:75, 35:1), махфий, яширин куч марказлари (6:130) ва ҳатто қирол мактубини элтувчилар учун ҳам ишлатилади (12:50, 27:35). Шу маънода, Набийлар барчаси расул ҳисобланади, лекин ҳар қандай Расул ҳам набий ҳисобланавермайди.

Қуръон ҳеч бир оятида Муҳаммад а.с.га шахс сифатида хитоб этмайди, балки Расул, яъни илоҳий даъватни инсониятга етказувчи пайғамбар сифатида муомала қилади. Бу ўта муҳим, бу билан шахс-Муҳаммад билан расул-Муҳаммад орасида фарқни англай оламиз. Масалан, ушбу оятда: “Улар сени инкор қилаётгани йўқ, балки бу золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қилаётирлар” (6:33-34).

Яъни, ҳеч қачон душманлар унинг озиқ-овқатига, урф-одатига, соқоли-салласига ёки шу каби шахсий, башарий тарафларига қарши бўлишмаган. Чунки, тарихий шахс ўлароқ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ насаби араб ва қурайш эди, расул бўлишдан олдин ҳам кейин ҳам ўз қавми билан кийимда, еб-ичиш, турмуш тарзи ёки урф-одатида қавмидан фарқли бўлмаган. Кофирлар наздида, Муҳаммадни инкор этиш, фақатгина унинг келтирган янги ижтимоий-иқтисодий қонунлар, тавҳид рисолати, ва буларни ўргатувчи Қуръон оятларига, яъни унинг Расуллигига қарши йўналган эди.

Шунинг учун ҳам Қуръон ҳеч қачон Муҳаммад а.с.га у кишининг шахсий исми билан хитоб қилмайди. Иккинчи шахс бирлик шаклидаги барча хитоблар, унинг асосий вазифаси бўлмиш Расул миссиясига тааллуқли, бу миссияни адо этишдаги фарқли функционал ҳолатлар билан боғлиқ исмлардир. Масалан Эй Расул! (5:41, 5:67), Эй Набий! (8:64, 9:73, 33:1), Қулимиз (2:23, 17:1) (46:31, 3:193), Даъват қилувчи (2:119, 7:188), Хушхабар берувчи (17:10, 25:56), Огоҳлантирувчи (2:119, 7:188, 34:46, 38:65), Эслатгувчи (88:21), Гувоҳлик берувчи (2:143, 22:78) Йўл ёритгувчи (33:46).

Баъзан унинг психологик ҳолати билан боғлиқ сифатлар орқали ҳам номлаб чақиради: Эй ўз либосига беркинган! (73:1) Эй либосига бурканган! (74:1). Тўғридан-тўғри Муҳаммад исми тўрт марта зикр этилади, тўртида ҳам учинчи шахсда (3:144, 33:40, 47:2, 48:29) ва бир марта Исо а.с.нинг башорати ўлароқ Аҳмад (61:6) исми билан зикр этилади.

***Сохта Муҳаммад***

Қуръонда, “шайтонлар ваҳйи” ҳақида билдирилади (6:112, 25:30-31). Бу ваҳйнинг қандай ва нималардан иборат экани яна Қуръоннинг ўзида, ўтмиш умматлар мисолида кўрсатилади: Мусо ва Исо пайғамбарлардан кейин умматлари улар номидан, бутунлай бошқа дин ижод этганлар, ва пайғамбар келтирган дин мана шу деб даъво қилганлар. Муҳаммад а.с. уммати ҳам айни йўлдан бориб, ўз пайғамбари вафотидан кейин, унинг номидан ҳадис ва суннат номи остида бутунлай янги дин ихтиро этди.

Қизиғи шундаки, ҳам Қуръон, ҳам Пайғамбар, ҳамда илк муминлар томонидан ҳар қандай ҳадисни жамлаш, ёзиш ва нақл этиш тақиқланган бўлишига қарамай, пайғамбар вафотидан кейин кўп ҳам ўтмасдан, сон-саноқсиз ҳадислар тўқиб чиқарилди.

Бу динга рухсатсиз қилинган иловалар тўплами, Муҳаммадга сиғинувчилар тарафидан илоҳий ваҳй деб эълон қилинди ва динда Аллоҳнинг Китоби ёнидаги иккинчи манба (шерик) мақомига кўтарилди.

Улар Қуръонга қарши чиққан ҳолда (Аллоҳга тенг, исм-сифатларга эга бошқа бирор “тенгдош” йўқлигини уқтирувчи 19:65, ва 3:18, 63:1, 2:285, 4:36, 4:79, 6:19-22, 6:162-163, 9:107-108, 13:43, 16:51, 17:57, 18:110, 38:65, 39:2-3, 39:45, 40:12, 46:9, 48:28-29, 72:18 га қарши), Аллоҳнинг исми ёнига Расул исмини илова қилишди – Расулни бошқа барча расуллар орасидан айириб улуғлашди – ҳатто энг кўп такрорланган шаҳодат калимасигача буни тиқиштирдилар (Шаҳодат калимасининг тўғри шакли 3:18 да берилади ва Аллоҳнинг исми ёнида бирорта шерик исми йўқ).

Бу уйдиришлар натижасида, умматнинг зеҳностида, Қуръонга тамоман зид, айни пайтда ўта ноёб “Аллоҳ – Муҳаммад” жуфти бирор диний формула каби сингдирилди (Аллоҳ деди: «Икки худога қуллик қилманглар! Фақат Якка Илоҳ бордир, холос. Шундай экан, Мендангина қўрқингиз!» Наҳл:51).

Масалан, Расулни Аллоҳ ёнига тенглаш учун (Унга тенг ҳеч ким бўлган эмас 112:4 оятига зид тарзда), аввалроқ Аллоҳ учун тузилган 99 та “Асмои Ҳусно” рўйхати ёнида энди Муҳаммад а.с. учун ҳам 99 та “Асмои Ҳусно” уйдиришди. Фантазия етмаган жойда, ёлғиз Аллоҳга хос исмларни ҳам Муҳаммад а.с.га беришаверди: “ал-Авал”, “ал-Охир”, “ал-Ҳакам” ва б. каби.

Ислом динига энг катта зарар ва фасод мана шу уйдирмачи дин тужжорларидан келиши, Китобуллоҳдаги соф динга ташқаридан иловалар киритиб, бу динни ўз аслидан тамоман бошқа мақсадларга буриб юбориши, Аҳли Китобнинг хиёнатлари мисолида олдинроқ огоҳлантирилган эди.

Аммо Муҳаммад уммати бу огоҳлантиришга парво қилмади. Ҳам пайғамбарни ортиқча яхши кўриб, илоҳга тенглаштирди, ҳамда пайғамбарига қарши сон-саноқсиз ҳақорат ва туҳматлар уйдирди, ва бу билан яҳудий-насоролар йўлидан эргашган бўлди (31:6).

Ҳақиқий ва Сохта Муҳаммад (1) | (kemalyoldash.com)