May 2, 2021

Али Шариатий. Динга қарши Дин (1)

Ўнгимиздаги икки оқшом, суҳбатимнинг мавзуси, эълон қилинганидек, “Динга қарши Дин”. Бундай ибора, эҳтимол, кимгадир ғаройиб ёки мубҳам туюлиши мумкин, зеро биз бугунга қадар дин доимо куфрга қарши деб ўйлардик. Шунинг учун ҳам “Динга қарши Дин” ифодаси хайратомуз ва ноўрин туюлиши мумкин. Ҳолбуки, мен сўнгги пайтларда шуни пайқадимки (табиийки, авваллари ҳам сезардим, аммо ҳозир ҳис этганим қадар аниқ-тиниқ эмасди). Бу тасаввурнинг аксига, бутун тарих бўйича, ҳар бир даврда Дин Динга қарши урушгандир, ва ҳеч қачон бугун англаганимиз шаклда Дин Динсизлик билан курашган эмас.

Тарихдан сўз юритаркан, умумнинг англагани каби, маданият ва ёзув кашф этилган даврни назарда тутаётганим йўқ. Ер юзида инсон насли ижтимоий ҳаётининг бошланишини назарда тутаяпман.

Ёзувнинг ижод этилиши 6000 йиллик мозийга таянади. Мен бахс этаётган тарих эса 30000, 40000, ҳатто баъзи манбаларга кўра, 50000 йиллик ўтмишга эга. Археология, тарих, геология ва афсоналар орқали илк инсонлардаги ижтимоий ҳаётнинг ўзгариш ва ривожланиши, ҳаёт тарзи ва эътиқод системалари ҳақида оз ва юзаки бўлса-да, маълумотларга эгамиз. Бу жараённинг илк даврини афсона, асотир ва ривоятлар ташкил этади. Бугунги давр сари яқинлашаркан, бу даврлар яна-да ойдинлашиб боради, тобора кўпроқ маълумот ва ҳужжатларга етишиш мумкин. Аста-секин даврага тарих илми кирадики, бу даврларнинг барчасида Дин Динга қарши исён этган, ва Динга қаршилик кўрсатган нарса – фақат Дин бўлган. Хўш нега? Сабаби шуки, инсоният ўз тарихида Диннинг таъсири ва мудохаласига маъруз бўлмаган бирор жамият ёки даврни кўрган эмас. Яъни тарих бўйича динсиз бирорта ҳам жамият бўлган эмас. Ҳеч бир наслда, тарихий жараённинг ҳеч бир даврида, ва ерюзининг ҳеч бир нуқтасида динсиз инсон бўлган эмас.

Сўнгги даврларда, яъни маданиятнинг, тафаккурнинг, ақл ва фалсафанинг тараққий топгани сўнгги юзйилларда, Охиратни ва Аллоҳни инкор этувчи баъзи кимсалар ўртага чиқди. Бироқ бу шахслар тарих мобайнида ҳеч қачон бирор синфга бирлашиб, гуруҳ ё жамият ташкил этган эмас. Каррел (Carrel) айтганидек, “Тарихдаги жамиятларнинг барчаси бирор диний жамоа хусусиятига эга”. Барча жамиятларнинг, ҳатто барча шаҳарларнинг ташқи кўринишидаги ўзак, асос ва қалб моҳиятида бўлган илоҳ, эътиқод, китоб ёки пайғамбар каби диний феноменлар, оид бўлгани жамиятнинг маънавий кимлигини акс этади.

Ўрта Асрлар бўйича ва Милоддан аввал, Шарқ ва Ғарбда барча шаҳарлар иншоот ёки бинолардан иборат бўлган. Жамиятлар баъзан қабила ҳаётини яшарди, бироқ ҳар маҳаллада инсонлар зодагон синфига мансуб ё мансуб эмаслигига кўра, шаҳарнинг марказига, қалбига яқинроқ, каттароқ ва аҳамиятлироқ кўргани жойларда истиқомат этар, ёки синфий тизим мавжуд бўлмаган бир ҳаёт тарзини яшардилар. Бунинг аксига, барча катта шаҳарлардаги, Шарқ ва Ғарб маданиятининг ҳар иккисидаги муштарак нуқта шуки, шаҳарларнинг бирор символ, тамсил, рамз хусусиятига эга эканидир. Шаҳар-рамз, яъни баъзи фарқли тимсоллар билан ифода этган шаҳар.

Шаҳарларнинг фарқли хусусиятини ифода этувчи бу тимсоллар – маъбудлар эдики, ҳеч шубҳасиз, бугун бу жиҳат йўқолиб бормоқда. Масалан, Теҳрон – тимсол шаҳар эмас, бу кентнинг ўрнашгани мавқега қарасангиз, диний ёки диний бўлмаган бирор асос, қурилма, бирор иншоот мавжуд эмас. Машҳад эса, ҳатто унинг самодан олинган тасвири ҳам унинг шаҳар-рамз эканини кўрсатади. Шундай бир шаҳарки, худди ундаги барча иншоот шаҳарнинг қалби ва танитувчи фарқлилиги моҳитидаги бир меҳвар атрофида тўплангандек.

Бу шаҳарлар нега тимсол эди? Чунки қайси маданиятга, қайси миллатга, қайси шаҳарга тегишли бўлмасин, диний бир мотивга эга бўлмаган ҳеч бир иншоот йўқ эди. Ҳар қандай шаҳарни танитиш учун ёзилган китобларнинг барчаси – форсча ёзилган китобларга қаралса ҳам бўлади, “Қум тарихи”, “Язд тарихи”, “Балхнинг фазилатлари” каби – доим қандайдир диний ривоят билан бошланади. Яъни бу кенгликлардаги бир шаҳар, диний ва маънавий аслдан бошқа сабабли вужудга келиши мумкинлигини тасаввур ҳам этишолмасди. Доимо у шаҳарда мутлақо бирор пайғамбар ётган бўлади ёки шаҳар бир диний мўъжиза сабали у ерга қурилган ёхуд кейинчалик у ерда диний бир шахсият дафн этилажак. Қисқаси ҳар ҳолатда ҳам асосий мотив – динийдир. Бу ҳам шуни кўрсатадики, барча қадим жамиятлар ўз негизида, хоҳ синфий табақаларга бўлинган бўлсин ё бўлмасин, хоҳ Рим каби буюк империя бўлсин, хоҳ Юнон каби мустақил шаҳар-давлатлар бўлсин, хоҳ араблар каби қабила ҳаётини яшаётган бўлсин, хоҳ ривожланган маданиятга эга бўлсин, хоҳ қолоқ ва инқирозга учраган бўлсин, барчасида жамиятлар мутлақо бирор “диний мотив”га таянган муштарак руҳ ва тилга эга эди. Қадим инсоният барча даврда ва барча фикрларида диндор инсон ўлароқ билинади. Шунинг учун динсизлик – бугун “Куфр” калимаси билан аташади – метафизикага ва охиратга ишонмайдиган, ғайбни, илоҳни инкор этадиган ва ерюзида бир ёки бир неча муқаддас илоҳни кераксиз кўрадиган бир тушунча эмасди. Зеро барча инсоният бу борада ҳамфикрдир.

“Куфр” тушунчасига бугун бериладиган маъно ва таърифлар, яъни “динсизлик ёки динга қаршилик” каби таърифлар, яқин замонларда берилган таърифлардир. Бу – сўнгги 2-3 асрлик мавзу. Яъни Ўрта Асрларнинг охирларига мос келади. Тушунча сифатида Ғарбдан кириб келган ва “Куфр” калимасини Аллоҳга ишонмаслик, метафизика ва охиратни инкор этиш маъноларига боғлайдилар. На Исломда, на қадим матнларда, на тарихда, ва на динларнинг бирортасида “Куфр”га Динсизлик деган маъно берилмайди. Зеро динсизлик деган нарсанинг ўзи йўқ.

Чунки “Куфр”нинг ўзи алоҳида бир дин бўлиб келган. Худди бир дин бошқа бир динни куфр дейиши каби, ўша куфр дини ҳам ўзини куфрда айбловчи динни куфр деб ишонган. Шунинг учун Куфр – бошқа бир Дин демакдир, Динсизлик эмас. Тарих бўйича – хоҳ Иброҳимий динлар тарихи бўлсин, хоҳ Шарқ ё Ғарб динлари тарихи бўлсин, бундан қатъи назар – қачонки бир пайғамбар ёки бир диний ҳаракат ўртага чиққан бўлса, энг аввало мавжуд диний тизимга, ҳукмрон эътиқодлар системасига қарши чиққан, ва бу ҳаракатга қарши уруш олиб борган илк куч ҳам Дин (Мавжуд Дин) бўлган.

Шу боис, фавқулодда муҳим бир масала қаршимизга чиқадики, бу масала бугунги дунё мутафаккирларини янглиш натижаларга олиб бормоқда. Бу ойдинлар ўзларининг дин ҳақидаги таъна ва айблов тўла хулосаларини илмий ва тарихий жиҳатдан асослайди. Бугунги ойдинларнинг “дин маданиятга, тараққиётга, шахсга ва ҳурриятига қарши ёки камида уларга нисбатан лаёқатсиз” қабилидаги таъналари негизида, ҳаққонийдир ҳамда аниқ илмий асослар ва тарихий тажрибалар ётади. Бу тушунча ғаразли ният, кин, суизонн ва адоватли бир ҳақорат ёки аслсиз бир уйдирма эмас. Аксинча, инсоният наслининг ижтимоий ҳаёти ва тарихининг далилларидан қилинган илмий ва ҳаққоний хулосадир.

Бироқ, шунга қарамасдан, мен ойдинларнинг бу фикрини хато дейман. Нега? Сабаби, дин тобеълари бўлганимиз, яъни диний мотивларга эга бўлганимиз ҳолда; тарих бўйича фарқли кўриниш олса-да, аслида том маънода ўзаро курашган фақат иккита дин бор эканини ҳатто биз ҳам билмаймиз. (Бу икки дин орасидаги тўқнашув – шунчаки ихтилоф эмасди, айни пайтда фикр ва ғоялар уруши ҳам эди. Бироқ хусусий сабабларга кўра, ҳозир зеҳнимизда бундай тушунча мавжуд эмас. Аҳвол бундай экан, аввало дин ҳақида умумлаштирилган бир айблов ҳукмига борамиз ва умумлаштирган ҳолда буни исбот ҳам этамиз. Сўнгра ўз динимизга қайтамиз ва хусусда уни ҳам исботлаймиз, ваҳоланки, бу янглиш услубдир).

Сўнгги 2-3 асрда динга қарши чиққан кишилар – айниқса, Европада динга қаршилик авжига чиққан 19-асрда – бу икки диннинг орасини айирмаслик билан хатога тушдилар, холбуки, бу икки диннинг ҳеч қандай ўхшашлиги йўқлигидан ташқари, бу динлар бир-бирининг акси ва душмани эди.

Ҳатто тарих бўйича, орада бир “Фатрат даври” ҳам бўлмасдан, доимий тарзда бир-бири билан уруш олиб борганлар, ҳануз уруш ҳолатида ва урушларида давом этажаклар. Шунинг учун уларнинг (бугунги дунё ойдинларининг) келгани хулоса, тарихий ҳақиқатларга ва тажрибаларга таянган бўлиб, бу икки тарафнинг фақатгина биттасига тааллуқлидир. Бироқ, бу Диннинг қаршисидаги Диндан – ки у ҳам бир дин эди – хабарсиз бўлганлари сабабли, истар-истамас умумлаштириб айбловчи ҳукмга бордилар, ки биз ҳам ҳатто – диндор бўлишимизга қарамай – бу икки дин орасидаги фарқни пайқамаймиз. Натижада бу икки диндан фақатгина биттасининг ҳақиқатлари билан қоришган бу фикр бошқа динга ҳам тааллуқли деган хулосага борилгандир. Хато ҳам мана шундадир.

Айтганимдек, бу икки дин бир неча жиҳатдан ўзаро фарқларга эга. Агар бу икки диннинг барча хусусиятларини қиёслайдиган бўлсак, бир динга мос келган ҳар хусусият бошқасига мос келмаслигига гувоҳ бўламиз.

Сизлардан ўта муҳим бир нарсани илтимос қилмоқчиман. Менинг бу ерда қўлланадиганим мафҳум ва атамалар, барчангизга маълум, аммо фарқли маъно ва таърифлар юкланган калималардир. Сизлардан илтимосим шуки, мен бирор атамадан фойдаланаркан, уни эшитганда, бугунгача зеҳнингизда шаклланган маънода тушунманг. Аксинча, менинг назарда тутганим маънода англаб, фақат шундай сўнг ҳукм беринг. Мен аввало бу мафҳумларнинг маъносини очиқлайман, зеро бу мафҳумларга тааллуқли кенг ёйилган ноаниқлик ва янглиш тушунчалар, бир-биридан тамоман фарқли бўлган бу икки мавзунинг янглиш англашилишига сабаб бўлгандир. “Куфр”, “Ширк” ва “Бутпарастлик” мафҳумлари, дин мавзуси билан боғлиқ кенг ишлатиладиган калималардир.

Куфр

Куфр – устини ўртмоқ, яширмоқ, устини беркитмоқ маъносидадир. Худди зироат ишидаги каби. Аввал уруғ экилади, сўнг усти тупроқ билан кўмилади. Инсоннинг ичида ҳам бир ҳақиқат бор, бироқ бу ҳақиқатнинг усти жаҳолат, кин, манфаатпарастлик ёки мутлақ илмсизлик каби сабаблардан қора парда билан беркитилган ва усти ёпилган. Шунинг учун унга “Куфр” дейилган. Бироқ бу Куфр – дин ҳақиқатининг устини динсизлик орқали беркитиш эмас, аксинча, Диннинг ҳақиқатини бошқа бир Дин билан беркитишдир.

Ширк

Ширк – Аллоҳсизлик, худосизлик эмас. Зеро ширк келтирган мушрикларнинг биттадан кўп худоси бор! Мушрик Аллоҳга ишонмаган, Аллоҳга ибодат этишни истамайдиган кимса эмас. Билганимиздек, Иброҳимга, Мусо ва Исога қарши бўлганлар мушриклар эди, худосизлар эмас. Мушриклар ким? Улар Аллоҳга иймони йўқ кимсалар эмас, улар шундай кимсаларки, керагидан ортиқ илоҳга ишонади. Яъни ортиқча илоҳлари бор, Аллоҳга ортиғи билан (!) ибодат қилади. Демак, илмий жиҳатдан, диний эътиқоди ва диний туйғулари йўқ кишига мушрик дейилмайди, зеро “мушрик”нинг маъбуди, ҳатто биттадан кўпроқ маъбудлари бор. Бу маъбудларга ибодат этиш кераклигига, боз устига, бу маъбудлар ҳам дунёнинг, ҳамда бу кимсаларнинг азалий қисматига, тақдирига таъсир эта олишига ишонади. Қисқаси, биз ўз Илоҳимиз ҳақида қандай бир тасаввурга эга бўлсак, мушрик ҳам ўз илоҳлари ҳақида айни тасаввурларга эга. Шунинг учун “мушрик” кимса – диндордир, ва диний бир руҳият ва шахсиятга эга. Бироқ асл диний ҳақиқатлар жиҳатидан нотўғри йўлга кириб қолган. Нотўғри дин, динсизликдан фарқли нарса. Ширк – бу бир диндир, ва инсоният тарихининг энг эски дин тури ўлароқ қабул этилгандир.

Бутпарастлик

Бутпарастлик – ширкнинг айниси эмас, балки Ширк динининг турларидандир. Ширк, тарих бўйича халқнинг умумий дини бўлиб келган, бутпарастлик эса унинг бир тури. Шунинг учун, бутпарастлик – ёки турли ашёлар ясаб олиб, уларга сиғиниш – Ширк дини тобеъларининг ибодат ритуалидир, ясаб олгани ашёлар эса – муқаддасотларидир. Яъни бу бутларни ё Тангрининг ўзи деб, ёки Тангрининг вакиллари ва Унга етказувчи восита, қурбат ҳосил қилувчи васила деб ишонади. Натижада бу илоҳлардан бири ҳаётга мудохала этади, дунёдаги ҳодисаларга таъсир этади, деб ишонади. Қисқаси, бутпарастлик – Ширк динининг бир кўринишидир.

Бироқ, Қуръонда бу тоифа (яъни мушрик ва бутпарастлар) танқид этилади, ва мунозарага тортиларкан, уларга яна-да умумий ифода қўлланилади. Нега? Чунки Қуръон бугун зеҳнимизда ўрнашиб қолган “Ислом фақат ўша даврдаги бутпарастлик билан курашган” қабилидаги янглиш тушунчани йўқотиш ва Исломий ҳаракатнинг мақсади – ўтмишдаги бошқа тавҳидий ҳаракатларда бўлгани каби – Ширкнинг ҳар қандай турини – бутпарастлик ҳам бунга дохил – илдизи билан йўқотиш эканини таъкидламоқчи бўлади. Ваҳоланки, Ширк динини биз фақат Бутпарастлик деб ўйлаймиз.

“Ўзингиз йўниб ясаб олган нарсага ибодат қиласизларми?!”(Саффот:95)

Хўп, одамзод бутун тарихи мобайнида фақатгина ўз қўллари билан ясаб олгани тош ва тахталарга ибодат қилганми? Асло ундай эмас, умумий маънода Ширк дини, инсоният тарихи бўйича турли моддий ва ғайримоддий кўринишларда зоҳир бўлиб келган ва бўлмоқда. “Ўзингиз йўниб ясаб олган нарсага ибодат қиласизларми?!” ибораси, умум бир қоида бўлиб, Ширк динидаги ибодат ритуалининг кайфияти ва моҳиятини очиб беради. Бу Ширк дини, тарих бўйича доим бор бўлган ва қадам-бақадам Тавҳид дини билан бирга кунимизгача етиб келган ва ҳеч қачон Иброҳимнинг ёки Исломнинг келиши билан йўқолган эмас, аксинча бугун ҳам ўз борлиғини давом эттирмоқда.

Ширк динининг хусусиятлари

Аслида бу мавзу – динлар тарихи мавзуси, аммо мен динимизда ва маданиятимизда ўрганиб қолганимиз тушунча ва мафҳумлардан фойдаланиб гапирмоқчиман.

Динларнинг бирида – яъни бу икки сафнинг бирида – Аллоҳга қуллик ва ибодат бор. Шу маънода Аллоҳ: Онг, Ирода, Яратувчи ва Оламларнинг Рабби. Булар барча Иброҳимий динларда Якка Илоҳнинг сифатларидир. У – Яратувчидир, яъни барча борлиқни, оламларни У вужудга келтирган. У – Мудаббирдир, яъни барча оламларнинг иродаси – Унинг иродасидадир. У барча оламларга ҳоким мутлақ иродага эга. У барча оламларни қамровчи мутлақ бир кўриш ва билиш қудратига эга. Айни тарзда Аллоҳ борлиқнинг ва яратилишнинг ягона Сабабчисидир, Коинотнинг ҳадафини ҳам У белгилайди. Барча Иброҳимий динларнинг энг буюк шиори – бу мутлақ Қудратга қуллик этмоқ – қуйидаги маънога келади: Барча инсониятни борлиқ оламида ягона бир Куч ва Қудратга қуллик этишга ва фақат Унга йўналишга чорламоқ… Коинотни Бошқарувчи, Идора этувчи ягона бир Кучнинг борлиги ва бирлигига ишонмоқ… Инсоннинг ўз ҳаёти бўйича ягона бир Зотнинг ҳимоясига кирмоғи…

Тавҳид

Тарихда “Тавҳид даъвати” дея номланган бу даъватнинг дунёвий ва моддий тарафи ҳам мавжуд: Бутун коинотни ягона Куч-Қудрат яратган, бу коинотнинг тамомини – инсоният, ҳайвонот, наботот ва жонсиз мавжудот ҳам дохил – яратган ва бошқарувчи ягона Ҳоким бор. Бу оламларга таъсир этгувчи, уларни бошқарувчи, муҳофаза ва мадад этгувчи Ундан бошқа куч-қудрат йўқ. Барча махлуқот, ашё, башарият, ранглар, жинслар ва жавҳарларни ягона бир Илоҳ яратган. Буларга ишонган бир жамият, истар-истамас шуни ифода этган бўлади: Илоҳий бирлик, яъни барча коинотда Аллоҳнинг бирлиги, илоҳий тавҳид… Шундай экан, мантиқий ўлароқ, коинотда илоҳий бирликнинг Ердаги муқаррар натижаси – ерюзида башарий тавҳиддир. Барча оламлар Ягона Куч-Қудрат қўлидаги бир ҳукмдорлик, барча инсонлар айни аслдан яратилган, ягона бир ирода тарафидан бошқарилади, барчаси айни ҳадафга йўналади, айни жинсдан яратилган, барчасининг Илоҳи бир илоҳ, ва ундан бошқа барча кучлар, тимсоллар, қадриятлар, аломатларнинг бартараф этилиши керак, Тавҳид мана шуни таъкидлайди.

У ҳолда Тавҳидга ишонган бир киши сифатида, мен ҳам истар-истамас барча оламларни яхлит ва жонли бир вужуд ўлароқ кўраман. Бу вужудга бир руҳ, бир қудрат ҳокимдир, шунинг учун ҳам бир бутундир. Худди шундай, Одам авлодига қаралганда ҳам, айни аслдан тарқаган, тенг қиймат ва тузилмага эга бир мавжудотни кўраман. Чунки барчаси бир қўлдан ва бир манбадан чиққан. Бу Тавҳид дини – ўша икки диндан биридир, ягона илоҳга қуллик этишни, барча коинотга Ягона Куч-Қудратнинг ҳукми юришини, тарихда инсон наслининг қисмати – тақдири – Ягона Куч-Қудратнинг қўлида эканини қабул этади. Худди Аллоҳни бир этишнинг (Тавҳиднинг) шарти оламни бир этиш бўлса, оламни бир этишнинг шарти ҳам инсонни бир этишдир. Яъни барча инсонларнинг бир ва тенг эканини қабул этишдир.

Бошқа тарафдан, бир Куч-Қудратга ибодат ва қуллик қилиш – Durkheim айтганидек, бир муқаддасотга ишониш; ёки Қуръон ифодасига кўра, Ғайбга ишониш – одам авлодининг табиатида мавжуд, яъни бу – фитрий эҳтиёждир. Бу фитрий эҳтиёж ҳеч қачон йўқ бўлмайди. Бир нарса фитрий эканига икки далилидан биринчиси – ўша эҳтиёжнинг барча замон ва маконда мавжуд бўлиши, иккинчиси – ҳар замон ва маконда эҳтиёжнинг ортиши ва ёйилиши. Шундай экан, бу аломатлар, қуллик ва ибодатнинг фитрий эҳтиёж эканини кўрсатмоқда. Ҳар қандай миллатнинг тарихий жараёнига назар солсак, бирор илоҳга қуллик қилмасдан яшагани даври йўқлигини кўрамиз. Ёки тарихнинг бир даврида барча жамиятларга қараганимизда ҳам, қуллик барча замон, барча макон ва барча жамиятларда мавжуд бўлганини кўрамиз. Бу ҳам қулликнинг фитрий бир феномен эканини кўрсатади.

Бу туйғу (қуллик қилиш туйғуси) Тавҳидга йўналишга, оламларга ҳоким бўлган бу Куч-Қудратни танишга, ва натижада, ирода эгаси, тирик куч бўлиш ҳамда бир ғоя ва мақсадга хизмат этувчи оламни мана шу тарзда мушоҳада этишга сабаб бўлади. Айни тарзда бу қуллик туйғуси Тавҳид дини соясида тарихда инсонитнинг ваҳдати, бирлиги; барча синфларнинг, қабила ва аширатларнинг, оила ва шахсларнинг бирлиги; хақларнинг, ҳуқуқларнинг, қадрият, шараф ва хайсиятларнинг бирлиги ўлароқ тажалли этади.

Бошқа тарафдан, яна бу дин, бу диний туйғу тарих мобайнида ўз борлиғини ширк шаклида давом эттирмоқда. Бу давомийлик шундай ҳолга келганки, аввалроқ баён этганим диннинг (Тавҳид динининг) қаршисига энг илк душман ва энг катта куч сифатида чиққан ва Тавҳид динининг ёйилишига энг кўп қаршилик кўрсатган. Бугун Таврот дейилган китобда ва Тавротга тааллуқли ёзилган барча қиссаларда, китоб ва луғатларда, ҳатто Қуръон ва ҳадисларда ҳам Мусо зикр этилган ўринда доим кўрадиганимиз манзара айни: Мусога қарши исён этган ва Мусонинг даъватига энг кўп зарар берганларнинг бири Сомирий, яна биттаси – Балъом Баура.

Сомирий

Йиллардир давом этган машаққат ва мужодала натижасида Мусо ўз қавмига ягона Аллоҳни танитишга ва ўз жамиятида Ширк динининг кўринишларидан бўлмиш хурофотларга, бузоққа ва бутга ибодат қилишнинг илдизини йўқотишга муваффақ бўлади. Сомирий эса Мусонинг йўқлигидан (Тур тоғига кетганидан), энг кичик фурсатдан фойдаланиб, халқни такрор бузоққа чўқинишга ташвиқ этиш учун бир бузоқ ясайди. Халқ Иеховани (Аллоҳни) қўйиб, ҳайвонга чўқинсин дея бузоқ ясаган бу одам бирор худосиз, динсиз, яъни атеист – динга ишонмаган – кимса эмас, аксинча, худога ишонадиган диндор, ҳатто диннинг таблиғчиси – даъватчиси, мутаваллийси ва муҳофазакоридир.

Балъом Баура

Балъом Баура – материалист бир файласуфми? Мулҳид ва динсизми? Маттерлинг ва Шопенгауэрми? Йўқ! Балъом Баура – ўз даврининг энг катта олимидир. Халқнинг дину-иймон, унинг салласи атрофида ўралган нарсадан иборат. Мана Мусога қилич яланғочлаган, унинг даъватига қарши оёқланган шахс қандай бўлган. Диннинг кучи, халқнинг туйғуси ва иймони унинг қўлида ва амрида бўлганидан; тарих мобайнида Ҳаққа ва Тавҳид динига қарши энг катта қаршиликни кўрсатади ва энг оғир зарани беради.

Фаризийлар

Исога қаранг! Ўлимига қадар тортгани азоблар, олгани зарбалар, қатл этилиши – айтилишича – олгани мағлубиятлар, дучор бўлгани хиёнатлар, барча босим, ҳақорат, бўҳтон ва ифтиролар, ҳамда ўзи ва онасининг дуч келганлари энг чиркин ва энг тубан туҳматлар, буларнинг барчаси Фаризийлар қўли билан қилинди. Фаризийлар – бу даврнинг дин муҳофизи ва мутаваллийлари эди. Булар моддага сиғинган кимсалар эмасди. Атеист ҳам, материалист ҳам эмасди. Зотан, у даврда материализм йўқ эди. Булар Исога ва унга ишонганларга қарши, Ширк динининг мўминлари, ворислари ва муҳофизлари эди.

Ислом пайғамбарига қаранг! Тоифда, Бадрда, Уҳудда, Хавозинда, Маккада Ислом пайғамбарига қарши қилич яланғочлаган, унга азият етказганларнинг неча қисми динсиз эди, неча қисми иймонсиз эди? Бундай бирор мисолни топиш имконсиз. Барчаси, тўғрими-янглишми, аммо иймон эгаси эди. Уларнинг барча мақсади, шиори шундан иборат эди: Абдуллоҳ ўғли Муҳаммадни ва унга эргашган кишиларни йўқ қилиш! Нега? Чунки Иброҳимнинг уйи ҳурматини йўқ қилмоқчи. Нега? Чунки таълимотимизни, муқаддасотимизни, ишонч-эътиқодимизни оёқости қиляпти. Бу Байт ва ушбу муқаддас шаҳарни йўқ қилмоқчи! Чунки Аллоҳ ва орамизда воситачи бўлган воситачиларимизни, олиҳа ва маъбудларимизни, шафоатчиларимизни йиқитмоқчи. Яъни, бутун Рисолат мобайнида Исломга қарши уруш очган Қурайш ва барча арабларнинг шиори – “Динга қарши Дин” эди.

Ислом пайғамбаридан кейин айни слоган, айни риторика бошқа бир шаклга киради. Ажабо, Алига ва Ислом динининг руҳини давом эттирмоқчи бўлган ва юритгани ҳаракатга қарши оёқланган – Куфрмиди? Динсизлик ёки Аллоҳга ишонмаганлармиди? Бу динга қарши Уммавийлар билан Алининг фарзандларини ёки Аббосийлар билан пайғамбарнинг яқинларини уруш майдонида қарама-қарши тизилганлар қайси динга мансуб эди? Наҳотки бошқа бир динга?

Иброҳимий диннинг – иброҳимий деяпман, осонроқ тушунарли бўлсин учун – ва умуман Тавҳид динининг хусусиятларидан бири – ягона Аллоҳга қулликдир. Бизнинг эътиқодимизда ва тарих фалсафасида Одамдан то охирги пайғамбаргача, ва ундан сўнг ҳам инсоният тарихининг сўнгги лаҳзасига қадар Тоғутга қуллик этишга қарши; барча оламларнинг ягона Эгаси бўлмиш; инсоний қадриятларни, тарихнинг ҳадафини ва башарий ҳаётни таъйин этувчи Ягона Маъбудга қуллик бор. Яъни инсонни бу олий ваҳйга, хилқатнинг бу муаззам йўлига, яратилишнинг энг буюк ва ниҳоий ҳадафи бўлмиш Аллоҳга таслим бўлишга чақириқ бор. “Ислом” – барча ҳақ динларнинг муштарак номи – Аллоҳга таслим бўлишга чақириш билан бирга, айни пайтда, Ундан бошқа ҳар қандай Тоғутга қарши исёнга ҳам чақиради. Бунга жавобан Ширк дини ҳам ҳаётда қолиш учун, бу олий ваҳйга қарши туришга, Ислом даъватига ва Аллоҳга – ки барча борлиқ фақат У билан маъно қозонади ва ҳаётнинг ягона ғоси ҳам Удир – қарши исёнга, Ислом динига ва унга таслим бўлишга қарши исёнга ундайди ва Ундан бошқа юзларча илоҳга, юзларча қутбга, юзларча қудратга ибодат қилишга чақирадики, ҳар бир қутбнинг, қудратнинг, синфнинг ва гуруҳнинг ҳар бири алоҳида илоҳга эга.

Ширк – якка Аллоҳга қулликка қарши исён. Шунга қарамасдан, Ширк – бутларга таслимият, тавозеъ, ҳурмат-эҳтиром ва башарий қулликдир (табиий, бу ерда кенг маънодаги бут ва санамларни назарда тутмаяпман, булар – сеҳргарлар, ёлғончилар, жаҳолат ва зулмнинг бирлашиб, ўртага қўйгани ва халқни унга чўқинтиришга ва қулликка чақиргани нарса). Бу Тоғутдир. Коинотининг ўша муаззам кучига қарши туғён этиш ва “ўзларингиз ясаб олган нарсаларга” таслим бўлишдир. Ясаб олинган нарса нима эканидан қатъи назар, хоҳ Лот, хоҳ Уззо, хоҳ мол-мулк, хоҳ мансаб-мартаба, хоҳ синф, хоҳ насл-насаб бўлсин, фарқи йўқ, ҳар бир даврда булар Аллоҳга қарши бир Тоғут бўлиб келган.

Тавҳид динининг хусусиятларидан бири, унинг мавжуд ҳолатга (StatusQuo’га қарши) инқилобий туриши ва жараён этишидир. Ширк динининг ҳам хусусиятларидан бири – StatusQuo’ни ўз китобига мослаштирмоқ, унга узр ва баҳоналар уйдиришдир.

Инқилобчи дин нима?

Инқилобчи дин, унга иймон келтирган ва у таълими билан етишган кишининг, ҳаётга ва унинг моддий, маънавий ва ижтимоий жиҳатларига нисбатан танқидий қарашга эришишини таъминлайди. Шу билан бирга, Инқилобчи дин, ўз тобеълари зиммасига, рад этгани ва ботил дея қабул этгани нарсани (StatusQuo’ни) ўзгартириш, йиқитиш, йўқ этиш ва ҳақ ўлароқ билгани ва ишонгани нарсани (Тавҳид динини) унинг ўрнига таъсис этишдек бир миссия ва маъсулият юклайди. Мавжуд вазиятга диний машруъият қозондирмаслик, уни таъвил ва таъйид этмаслик, унга нисбатан сукут ва суст қолмаслик, Тавҳид динининг хусусиятидир.

Пайғамбарларнинг қандай зуҳур этганига бир қаранг. Бу тавҳидий динлар илк ўртага чиққанида, – ки бу давр динларнинг энг тоза, энг соф, энг барроқ давларидир ва ҳеч ўзгармаган ва бузилмагандир, – барчаси StatusQuo’га қарши бош кўтарганлар. Зулм ва фасодга қарши исён этганлар. Яъни қулга қулликка қарши исён… Аллоҳнинг ўзига ҳам эмас, балки Суннатуллоҳ бўлмиш Унинг табиатдаги қонунларига қулликка қарши исён.

Бу динларга бир назар солинг. Мусога қаранг. Мусо, аввал ҳам айтганимиздек, уч тимсолга қарши исён этади: Замонининг энг катта сармоядори бўлмиш Қорунга, Ширк динининг энг катта уламоси бўлмиш Балъом Баурага ва даврининг сиёсий кучининг символи бўлмиш Фиръавнга. Яъни мавжуд ҳолатга қарши исён этади. Хўш у даврлардаги мавжуд ҳолат қандай эди? Қибтий халққа нисбатан зиллат ва асирликда яшовчи Сибтий номли бир озчилик… Яъни қибтийларнинг сибтийлардан устунлигига таянган ирқчиликка қарши кураш. Бир қатламнинг бошқа қатлам устидаги ҳукмронлигига, бир халқнинг бошқа халқни асир тутган социал тизимга қарши исён ва муросасиз мужодала…

Мақсад – бошқа бир идеални амалга ошириш, жамиятнинг ва ижтимоий тизимнинг ислоҳи учун белгиланган ҳадафни рўёбга чиқариш, ки бу ҳадаф асирликда яшовчи бир қавмни ваъда этилган тупроқларга ҳижрат эттириб, ҳурриятга қовуштириш. Бу идеал, ижтимоий таълимот ва ишончга таянган ва таркибида Тоғутга қуллик бўлмаган бир жамият барпо этишдир. Шундай ижтимоий тизим барпо этилажакки, ижтимоий адолатсизликни машруълаштирган ва тенгсизликни динлаштирган Тоғутлар йўқ этилажак ва ўрнига социал ва башарий бирлик ва адолатнинг нишонаси бўлмиш Тавҳид қоим этилажак.

StatusQuo’ни машруълаштирувчи дин нима?

Ширк динининг доим интилгани шу эди. Табиатусти борлиқларга ишониш, илоҳ ёки олиҳаларга ишониш, охират ишончи ва муқаддасотларга бўлган ҳурмат-эҳтиромни қўлланиш, ғайбий кучларга бўлган иймонни таҳриф этиш (асл маъноларидан буриш), қисқаси, барча диний ва эътиқодий асосларни ўз китобига мослаштириб ва таҳриф этиб, мавжуд вазиятни машруъ кўрсатиш ва оқлаш. Яъни динни қўлланиб, халққа “Сизнинг жамиятдаги ҳолатингиз аслида шундай бўлиши керакдир” эътиқодини қабул эттириш… “Чунки сизнинг бу ҳолатингиз Тангри иродасининг бир тажаллийсидир, тақдири илоҳий шундай экан, сизнинг ва қавмингизнинг пешонасига шундай ёзилган”.

Бугун бизнинг тушунганимиз маънода “қазои қадар”, Муовиянинг маҳоратининг бир махсулидир. Қадария ва Жабрия эътиқоди Уммавийлар тарафидан ижод этганига тарих шоҳиддир. Мусулмонларни Жабрга ишониш билан ҳар қандай масъулиятдан қутулажагини, сайъ-ҳаракат ва хато, изланиш ва танқид каби бирор масъулияти қолмаяжагини, бутун буларни Уммавийлар уйдирганини тарих бутун далиллари билан ўнгимизга қўймоқда. Жабр, яъни нима қилиб бўлса-да, мавжуд ҳолатни ва яна нима тарафга ўзгарса, ҳаммасини таслимият-ла қабул этмоқ. Ваҳоланки, пайғамбар асҳобларига қараганимизда, мавжуд ҳолатга исён этгани ва ҳар қандай ҳолатда ҳам ижтимоий масъулият онги билан ҳаракат этганини кўрамиз.

Яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш

Амри маъруф ва наҳйи мункар – зеҳнингиздаги энг содда ойдин синфининг ҳузурида тилга олиб ҳам бўлмайдиган маънода – бугун Европалик ойдин ва санъаткорнинг “Масъулият” дегани нарсадир. Бугуннинг фалсафасида, санъатида ва адабиётида баҳс мавзуси бўлган, кун тартибидан тушмай келган бу Масъулият нимадир, ажабо? Бу, айнан амри маъруф ва наҳйи мункардир. Биз уни шундай бир куйга солдикки, шундай бир услубларда амри маъруф ва наҳйи мункар қилдикки, охир-оқибат фақат мункар қолди ўртада.

Ширк динининг давоми

Ширк дини тарихда ўз борлиғини икки турда давом эттириб келган. Айтганимиздек, мавжуд ҳолатни (StatusQuo’ни) таъвил этиш, оқлаш ва сақлаш – Ширк динининг асосий миссияси ва ҳадафидир. StatusQuo’ни сақлаш нима дегани?

Инсон насли тарих мобайнида фарқли синфларга айрилганини кўриш мумкин. Насабли-насабсиз, бой-камбағал, ҳисса олган-олмаган, хожа-қул, ҳоким-маҳкум, ҳур-асир каби. Бир тарафда ҳур бир ирққа ва қабилага, сулолага мансуб бир синф, бошқа тарафда эса ҳар қандай инсоний қадрият ва ахлоқдан бенасиб бир оила, бошқа барча инсонлардан, барча қабила ва ирқлардан азалдан абадга қадар устунроқ ва шарафлироқ. Ижтимоий ҳаётда ўрин олган, сабаби эса бир қисмини хушнуд ва мукаррам, бошқа қисмини эса бахтсиз ва маҳрум этиш бўлган бу ақидалар, ўз-ўзидан мавжуд ҳолатни (StatusQuo) машруълаштириш учун бор эди.

Бир неча шаҳар, бир неча қитъа ва бир неча киши номидан бир неча илоҳ пайдо қилинажакки, жамиятда ва ер юзида бир неча гуруҳ, синф, ранг, сулола ва насаб ўртага чиқсин ва ўз борлиғини давом эттирсин.

Бир синф бир бошқа синфни баъзи хақлардан маҳрум этиб, улар устидан ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий баъзи имтиёзларга эришиши мумкин. Бироқ бу имтиёзларни сақлаш ва давом эттириш қийин. Тарих мобайнида мол-мулк ва иқтидорни ўз қўлида марказлаштирган кучлилар доимо ушбу манбаларни (яъни ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий манбаларни) ўз монополиясига олган ва кўпчиликни булардан маҳрум этади. Вақт ўтиши билан шундай вазият юзага келадики, мавжуд тизимни моддий куч ва қувват ёрдамида муҳофаза этиб бўлмай қолади. Айнан мана шу пайтда Ширк дини мавжуд ҳолатни сақлаш вазифасини олади ўз зиммасига. Бу диннинг вазифаси – халқни “бошимизга нима келса – Аллоҳнинг хоҳиши ва азалий тақдири” деб ишонтириш ва бунга таслим бўлиш шарт эканига кўндиришдир. Ширк дини халқни кўндирадигани ақида шу: “Менинг бу хор ва хўрланган синфга мансуб бўлишим, нафақат наслим ва насабимнинг пастлиги, балки айни пайтда менинг илоҳимнинг ҳам бошқа синф ва насабнинг илоҳи ва бутидан пастроқ бўлгани сабаблидир”. Ҳа, Ширк дини халқни мана шунга кўндиради.

Ширк динининг қурувчи ва қўрувчиларининг қароргоҳи

Аҳвол бундай экан, синфий ва ирқий тафриқа ва низо юзага келгач, Ширк дини, мавжуд вазиятни яна-да давом эттириш масъулиятини олади, бу тизимни кучайтиради ва доимий қилади. Шу сабабдан, Ширк динини қурувчи ва қўрувчи гуруҳ тарихда доимо уст синфга мансуб эдилар. Боз устига, ҳатто ҳоким синфдан ҳам кучлироқ таъсирга эга, устунроқ, бойроқ ва бадавлатроқ эдилар.

Сосонийлар даврида Зардушт дин пешволарига бир назар солинг: Шаҳзодалардан ва аскарлардан ҳам кучлироқ таъсирга эга эдилар. Европада роҳибларга, Бани Исроилда ахбор ва Балъом Баураларга қаранг. Африка ва Австралия бутпараст қабилаларидаги жодугар, коҳин, фолбин ва ўзларини халқ динининг ворислари ва вакиллари кўрган кимсаларнинг барчаси, ҳукмрон синфи билан бирга ҳамкорликда иш юритар, ва ҳатто улардан-да устун мақомда эдилар. Европада унумдор ерларнинг 70%дан ортиғи роҳиблар тасарруфида эди. Сосонийлар даврида баъзан шундай бўлардики, Зардушт дин пешволари билан буларнинг монополиясидаги диний вақф, маъбад ва мақбараларга оид мулк, ер эгалари билан деҳқонларнинг жами мулкидан-да кўпроқ бўларди.

Кўрганимиздек, биз эргашган пайғамбарлар ўйлаганимиз ва истаганимизнинг том аксига, тарих мобайнида инсониятга қарши бир тизим ва зулм ичида чирпинган қадим жамиятлар ҳаётининг ҳам иқтисодий ҳам ахлоқий ҳамда мафкуравий жиҳатидан истило этилиши машруъ кўрсатувчи; тавҳидга қарши тоғутни ва бутпарастликни қўлловчи ва ривожлантирувчи динга қарши мужодала олиб борганлар.

Ширк динининг манбаи

Ширк динининг манбаи иқтисоддир. У бир тор диоранинг ҳукмронлигига ва қолган кўпчиликнинг маҳрумияти ва маҳкумлигига таянади. Шу сабабдан ҳам ўз мақомини кафолатлаш ва ҳаёт тарзини давомий қилиш учун динга эҳтиёжи бордир. Бир инсоннинг ихтиёрий тарзда зиллатга рози бўлиши учун диндан-да таъсирлироқ, яхшироқ потенциал яна нима бўлиши мумкин? StatusQuo’ни машруъ кўрсатадиган, уни оқлайдиган доимо Ширк дини бўлиб келган. Хўш, буни қандай амалга оширади? Биринчиси, бирдан ортиқ илоҳга ишон(тир)иш билан. Ана шунда, жамиятда бирдан ортиқ миллат, насаб ва синфнинг вужудга келиши – илоҳий ирода, қазо ва қадарга биноан содир бўлганига иймон келтиради, мавжуд вазиятни қабул этади ва унга эътироз билдирмайди. Иккинчиси, тарих мобайнида ҳукмрон синф монополиясида тутгани баъзи имтиёзларга уларининг ҳам (яъни Ширк дини олимларининг ҳам) эга бўлиши. Булар тарихнинг ҳар бир даврида монополистлар бўлиб келган.

Афъюн дини

Ширк динининг хусусиятлари – дин душманлари ҳам тўғри айтгани каби – жаҳолат, қўрқув, қолоқлик, бойлик орттириш ва бир синфни бошқа синфларга таржиҳ этиш ва уни устун кўришдир. Дин халқни зиллатга, зўравонликка, чорасизликка, жаҳолатга, ўзларини ҳам, худди салаф ва халафларини дучор бўлгани ва бўлажаклари бахтсизликка олиб борувчи бир афъюндир, деган иддао, айни ҳақиқатни ифода этади. Қалбан ва ақлан таслим бўлиш…

Муржиа ва масъулиятнинг бекор қилиниши

“Муржиа”га бир қаранг. Муржиа тарихдаги ва Ислом жамиятидаги барча қотилларнинг масъулиятини бекор қилади. Муржиа шундай дейди: “Қиёмат кунида Аллоҳ таоло нега тарозини қўяди? Муовиянинг ва Алининг ҳисобини кўриш учун”. Шундай экан, яъни ҳам терговчи ҳам ҳакам Аллоҳ экан, сенга нима бўлдики, ким ҳақ ким ноҳақ? дея бекорга овора бўляпсан. Сен ўзингга боқ, ўз ҳаётинг билан банд бўл.

Ширк динининг тазоҳур тарзи

Ширк дини тарихда икки хил намоён бўлади:

Биринчиси, динлар тарихида кўрганимиздек, ўзини тўғридан-тўғри ифода этади. Тотем дини, Табу дини, Маъно дини, хилма-хил Тангрилар дини, кўпхудолик, руҳларга сиғиниш каби… Бу Ширк динининг динлар тарихидаги силсиласидир. Бироқ булар Ширк динининг ошкор кўринишидир.

Иккинчиси, Ширк динининг яширин тури бўлиб, бошқа барчаларидан яна-да таҳликали ва яна-да зарарлидир. Инсон наслига ва ҳақиқатга энг кўп зарар берган – Ширк динининг мана шу туридир. Бунда Ширк дини тавҳид қиёфасига кириб, ўзининг асл қиёфасини яширади. Тавҳид пайғамбарлари чиқиб, ширкка қарши кураш бошлаганида, ширк ҳам уларга қарши чиқади. Бироқ пайғамбарлар ғолиб келиб, ширкнинг бўйнини эггач, Ширк дини ғолиб диннинг мансублари ва тобеълари орасига қоришиб, ўз ақидасини яширган ҳолда, ўз борлиғини давом эттиради. Балъом Бауралар Мусога ва ҳаракатига мағлуб бўлгач, Мусонинг ахборлари ва Исонинг қотиллари бўлмиш Фаризийлар қиёфасига киради.

Исога қарши урушиб ўтган ва уни қатл этган бу синф, бутпараст Римлик Қайсарнинг ёнида ўрин олади, улар билан бирга ва ўзаро ҳамкорликда тавҳид аҳлига қарши иш олиб боради. Улар Мусога қарши чиққан қатламнинг ёки Мусога йўналган (!) қатламнинг изига тушадилар. Бугун булар Мусо динининг қиёфасига кирган Балъом Бауралар ва Сомирийлардир. Ўрта Асрда дин номидан, боз устига, тарихда тинчлик ва кечиримнинг тимсоли бўлган, ва меҳр-оқибат, шафқат-марҳамат, дўстлик, вафодорлик, сабр, фидокорлик ила машҳур бўлган Исонинг дини номидан – шунчалик улкан жиноятлар қилинди ва шунчалик кўп қонлар тўкилдики, мўғуллар ва барча қотиллар буни ҳатто рўёсида ҳам кўрмаганди. Ажабо, булар Исонинг йўлига тобеъ бўлганлар ё унинг Ҳаворийларимиди? Ёки Мусонинг динини ичдан қулатиб, Ширк динига айлантириш учун роҳиб қиёфасига кирган, Ширк динининг ва Фаризийларнинг ворисларими? Бунга ҳам муваффақ бўлдилар.

Шунинг учун XIX асрда айтилган мана шу гап тўғридир: “Дин – халқларнинг ўлимдан кейинги ҳаётга боғлагани умид сабабли бу дунёдаги маҳрум, бечора ва паришон аҳволларига таҳаммул этишларига сабаб бўлгувчи бир афъюндир. Дин – афъюндир, зеро инсонларнинг бошига келган ҳамма нарса Аллоҳнинг қўли ва иродаси биландир, аҳволингни ўзгартириш ва яхшилаш учун қилинган ҳар қандай уриниш ва ҳаракат, Аллоҳнинг иродасига қарши чиқишдир” деган тушунчанинг сабаби Диндир. Шу сабабдан “Дин – афъюндир” ибораси тўғридир. Ва айни тарзда XVIII ва XIX аср ойдинларининг “Дин инсонларнинг илмий ҳақиқатларга қарши илмсизлиги махсулидир”, “Дин инсонларнинг бўш ва маъносиз қўрқувлари махсулидир”, ва “Дин феодализм давридаги протекционизм, айирмачилик, сармоядорлик ва қашшоқликнинг махсулидир” сўзлари ҳам тўғридир, ва том ҳақиқатни акс этмоқдадир!

Аммо бу дин – қайси дин? Худди бир чақмоқ каби Тавҳид динининг жуда қисқа бир муддат ичида ёниб ўчгани онлар истисно; тарихни доимо ўз ҳукмронлиги остида тутиб келган Ширк динидир бу! Бу дин хоҳ Тавҳид дини, хоҳ Мусонинг дини, хоҳ Исонинг дини номи билан ўртага чиққан бўлсин, хоҳ пайғамбарнинг хилофати, Аббосийлар хилофати, ва ёки Аҳли-байт номи билан бўй кўрсатган бўлсин, буларнинг барчаси Тавҳид дини либосига ўралиб, жиҳод ва Қуръон номи билан ўртага чиққан ва Қуръонни найзалар учига тақиб, қалқон қилган Ширк Динларидир. Найзалар учига Қуръон саҳифаларини осиб, ўзларига қалқон қилганлар, Лот, Уззо йўлида пайғамбарга қарши чиққан Қурайшийлар эмасди. Эски кўринишни бу шаклда қўрий олмагани учун ичкарига сизиб, Қуръонни найзаларга тақиб, Алини, ва шу сабабли, Муҳаммадни ағдара олганди. Яъни қисқа бир вақт ичида Ширк дини энди Ислом дини қиёфасига кириб, пайғамбар оиласининг хилофати номидан, Расулуллоҳнинг хилофати номидан, ва бош қомуси сўзда Қуръон бўлган бир ҳукумат номидан тарихда иқтидорни қўлга киритади. Халифа жиҳодга ва ҳажга борса ҳам, барибир ҳукмрон дин – Ширк динидир.

Ширк дини, Ўрта Асрда Исо ва Муҳаммад номи билан ҳукмронликни ўз қўлида тутади. Улар (Исо ва Муҳаммад) Тавҳид динининг асосчиларидир. Бироқ Ширк дини тарихда улар номидан ҳукмронликни ўз қўлида тутган. Тарих бўйича инсон жамияти устидан ҳукм сурган диннинг тамал хусусияти шу: доим StatusQuo’ни машруъ қўрсатиш орқали, халқни ухлатган, қолоқлик гирдобига тортган, уни доим чеклаган, ва халқнинг дардидан бегона диндир. Шу сабабдан, “Дин – қўрқув махсулидир, дин афъюндир, дин эркинликларни йўқ қилади ва дин феодал тизимнинг махсулидир”, дегувчилар тўлиқ ҳақдир. Зеро улар тарихий маълумотларга таяниб айтадилар. Аммо улар Динни танимагандилар, чунки улар Дин билимига эмас, динлар тарихига таянгандилар (билимчи эмас, тарихчи эдилар!) Шунинг учун тарихий маълумотларга мурожаат этган ҳар ким шуни кўрадики, тарих бўйича динлар, хоҳ Тавҳид дини номидан Ширк динини қўлласин, хоҳ очиқ-ошкор тарзда ўртага чиқсин, натижада қилган ишлари айни нарса эди.

Бироқ мен, ҳам иброҳимий динда ҳамда Ширк динларида Аллоҳга атф этилган барча исм ва сифатларни ўзаро қиёсладим ва шундай натижага келдим: Халқнинг қўрқуви ва илмсизлигининг махсули бўлмиш дин, бу – Ширк динидир. Хўш, нега шундай? Чунки, мушрик диндорлар, яъни Ширк динининг таблиғчилари, халқнинг уйғонишидан, онг савиясининг ўсишидан, илмли бўлишидан ва вазиятнинг ҳақиқатини англаб қолишидан қўрқадилар. Халқнинг шунчаки одми ва ҳар доимги содда билимларга эга бўлишини ва бунинг ҳам ўз назорати остида бўлишини исташади. Нега? Чунки халқнинг илми ва онг савияси ўсиши билан Ширк дини йўқ бўлади. Зеро Ширк динини қўриқлаб турган нарса – жаҳолатдир, яъни Ширк дини жоҳиллик сабабли оёқда тура олади. Шу боис, халқнинг уйғониши билан, халқдаги эътироз ва танқид руҳининг кучайиши билан, халқнинг идеаллари ва адолат талаби ортиб бориши билан Ширк дини заифлашиб, қулайди. Нега? Чунки бу дин тарих бўйича мавжуд ҳолатни (StatusQuo) қўриб-қўллаб келган, ки бу ҳолат феодализм давридан олдин ҳам, кейин ҳам Ғарбу-Шарқда мавжуд бўлиб келган.

Бироқ ширк динларида илоҳларга атф этилган исм ва сифатлар, зулм ва истибдоднинг инъикоси бўлмиш ҳайбат, ваҳшат ва зўравонлик каби маънолар эди. Ваҳоланки, 2000-3000 йил аввалга қадар иброҳимий динларнинг энг қадим исмлари ҳам ҳатто шу икки маънодан ясалган:

1. Севги, гўзаллик, жалол ва жамол соҳиби бир олий Зотга қуллик этмоқ;
2. Тарбия этиб бошқармоқ, ҳимоя этмоқ, таянч бўлмоқ, оталиққа олмоқ, оғалиқ ва раҳбарлик этмоқ.

Демакки, “Тарихда ҳоким бўлган дин, табиий таъсирлар сабабли халқдаги жоҳиллик ва қўрқувнинг махсули бўлган” деган тезис, тўғри тезисдир. Иброҳимий динлар эса олий ҳимматнинг, инсондаги оламга ҳоким бўлажак бир раҳбарга бўлган эҳтиёжнинг, заифлиги ва яратилиш ғоясининг махсулидир. Инсоннинг мутлақ Жамол, мутлақ Жалол ва мутлақ Такомул қаршисидаги ожизлиги ва ниёзининг бир махсулидир.

Иброҳимий дин пайғамбарлари доим ҳукм эгалари синфига ва барча бутларга қарши уруш очганлар. Булар хоҳ моддий, хоҳ маънавий, хоҳ ижтимоий-сиёсий ҳукм эгалари бўлсин; бу бутлар, Фрэнсис Бэкон айтганидек, “хоҳ зеҳндаги бутлар, хоҳ жисмоний бутлар, хоҳ башарий бутлар, хоҳ иқтисодий бутлар ва хоҳ моддий бутлар бўлсин, фарқи йўқ. Ширк динининг (яъни StatusQuo’нинг) барча тазоҳурларига қарши беаёв кураш олиб борганлар”. Иброҳимий пайғамбарларнинг ва уларга иймон келтирган кишиларнинг вазифаси, StatusQuo’ни тубдан ўзгартириш, ва унинг ўрнига адолатни, мезонни ва ҳақни ҳоким этиш эди. Жумладан, Қуръонда барча элчиларнинг юборилиш мақсади – ерюзида адолатни ўрнатиш экани такрор ва такрор таъкидланади. Яъни адолат ва мезонни ҳоким қилиш орқали, StatusQuo’ни ўзгартириш; асло қабул этиш эмас.

Шу сабабли, келмоқчи бўлганим нуқта шу: Тарих бўйича Дин динсизликка қарши эмас, аксинча, доим Динга қарши урушгандир.

Ақлга, тафаккурга, меҳр-шафқат ва инсоннинг фитрий эҳтиёжига таянган Тавҳид дини, доим жаҳолат ва қўрқув махсули бўлмиш Ширк динининг қаршисида ўрин олгандир. Тавҳид дини – инқилобчи бир диндир. Ширк дини эса, таҳриф (бузилиш) йўли билан ёки яккахудога қарши, Тоғутларга ибодат этувчи ақидалар уйдириш билан StatusQuo’ни ёқлайди. Шунинг учун, Тавҳид дини пайғамбарлари зуҳур этгани ҳар даврда инсонни, илоҳий ироданинг тажаллийси бўлмиш ва яратилиш ғоясининг тамомини ташкил этувчи Суннатуллоҳга эргашишга чорларди. Тавҳид динининг энг зарурий талаби – Суннатуллоҳ ташқарисидаги ҳар қандай куч ва қудратга қарши исён этмоқ, уни инкор ва рад этмоқ ва унинг юзига “Лаа!” (йўқ!) дея ҳайқирмоқ.

Бир тарафда, якка илоҳ бўлмиш Аллоҳга ибодат. Бошқа тарафда эса, инсонни Ҳақ низомга ва коинотни бошқариш ваколатига эга тизимга қарши исёнга чақирувчи, жамиятдаги фарқли куч эгаларининг тимсоли бўлмиш “Қуллик” ва “Зиллат” бутларига қулликка чақирувчи Тоғут…

Аллоҳ, инсонлар

Таврот ва Инжилнинг таҳриф этилмаган қисмлари билан Қуръоннинг тамомида истисносиз ўлароқ Аллоҳ билан инсонлар айни сафда ўрин олади. Яъни ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий масалаларнинг – фалсафий ва илмий масалаларнинг эмас – баҳс этилган барча оятларда “Ан-Нос – Инсонлар” калимасининг ишлатилгани ўринда бемалол “Аллоҳ” калимасини қўйиш мумкин ёки “Аллоҳ” лафзининг ўрнига “Ан-Нос – Инсонлар” калимасини қўйиш мумкин. Ҳар икки ҳолатда ҳам жумланинг маъносида ҳеч нарса ўзгармайди. Масалан, “Агар Аллоҳга қарзи ҳасана берсангиз” (64:17). Аллоҳга чиройли қарз бериш дегани нима? Аллоҳнинг бойлиги озмидики – субҳоналлоҳ! – биз Унга қарз берсак? Оятдан мурод бу эмас, оятдан мурод – инсонлар бир-бирига чиройли қарз берсинлар, демакдир.

Бу асосга таянган ҳолда, шуни хулоса қилиш мумкинки, ижтимоий масалалардан баҳс этган ва ижтимоий маънода бир позициядан, сафдан, тарафдан ва бир нуқтаи назардан сўз юритган барча оят ва ҳадисларда “Аллоҳ” лафзи, “инсонлар” сўзининг синоними ўлароқ ишлатилади. Яъни Аллоҳ, халқнинг ёнида ва айни сафда ўрин олади.

Тоғутга қуллик қилувчилар

Бу сафнинг қарши тарафида ўрин олган кимлар? Тоғутга қуллик қилувчилар.

Хўш, Тоғутга қуллик қилувчилар кимлар? Мана улар: Қуръон ифодасига кўра, “малаъ”[1] ва “мутрофин”[2] синфлари. Яъни ўз жамиятларида оломоннинг кўзини қамаштирганлар, яъни ҳар нарсага қарор берадиган, аммо ҳеч нарса учун масъулият олмайдиган кимсалар.

Тарих мобайнида доимо мана шу “малаъ” ва “мутрофин” синфининг дини ҳукм сурган. Ва бу дин ё ўз номидан ошкора ҳукм этган, ёки Аллоҳнинг ва халқнинг дини либосига бурканиб, ўзига ўрин топган. Тавҳид дини эса тарихда ҳоким бўлмаган; ҳукмронликни ўз қўлига олмаган бир диндир. Шунинг учун, назаримда, Ўрта Асрларда “Ислом қудрати” дея дунёда ёйилган иборани Шиалик қабул этмаслигини, қилинган жиҳодни империалист бир талон ва босқиндан иборат дея кўриши, ва бу даврдаги ҳукмдорлар Расулуллоҳнинг хилофати эмас, балки Қайсар ва Кисро тизимларидан фарқи йўқ кўрилиши керак бўлган бир хилофатдир. Шунинг учун Иброҳимий дин (Тавҳид дини), Тоғутга қуллик қилувчи, “малаъ ва мутраф” динига қарши доим қиём этган, халқни ҳам бу динга қарши қиёмга чақирган. Аллоҳ халққа улар билан айни сафда ўрин олганини айтади. Тавҳид динининг мухотаби бўлмиш халқ, ҳадафи эса адолатни барпо этмоқдир. Тавҳид дини ақл ва билимнинг, фитратнинг, Аллоҳга қулликнинг ва халқнинг энг мукаммал тарзда уйғониши махсулидир. Бироқ тарихда бўй кўрсатгани шаклда эмас. Аксинча, тарихнинг оқишига қарши исёний бир ҳаракат эдики, тарихда ҳеч қачон том маънода зоҳир бўлмагандир. Ва Ширк дини – малаъ ва мутрафнинг Тоғутга қуллиги, яъни бутпарастлик ва мавжуд ҳолатни машруълаштирувчи ва инсонларни ухлатувчи дин тарихда доимо ҳоким бўлган, куч-қудрат ва зўравонликни ўз қўлида жамлагандир.

Менга доим “Сен, бир интеллектуал бўла туриб, нега динга бунчалик таянасан?” дегувчи ойдинларга шуни айтмоқчиманки, мен сўзчилигини қилаётганим Дин, ўтмишда тазоҳур этган ва жамиятда ҳукмрон бўлган дин эмас; аксинча, тарих бўйича жамиятга ҳукмрон бўлиб келган динни йўқотишни мақсад қилган Диндир. Ширк динининг ҳар қандай турини йўқотиш учун қиём этган Пайғамбарларнинг Динидан сўз юритаяпман, ки халқнинг ижтимоий ҳаёти жиҳатидан тарихда ҳеч қачон том маънода зоҳир этишга муваффақ бўлган эмасдир. Шунинг учун бизнинг вазифамиз ва масъулиятимиз, бу Диннинг зоҳир бўлиши учун меҳнат қилмоқдир. Бу масъулият – Тавҳид пайғамбарлари тарафидан эълон этилган, келажакда Тавҳид динининг башарий жамиятларда ҳоким бўлиши, ҳамда ухлатувчи, мудратувчи, бўшаштирувчи ва таъвилчи ширк динларининг ўрнини эгаллаши йўлидаги инсоний масъулиятдир. Шу боис, бизнинг динга таянишимиз ва унга урғу беришимиз, орқага қайтиш, ўтмишда қолиш эмас, аксинча, тарихнинг Қаршилик ва Қиём ҳаракатини давом эттиришдир.

——-
[1] “Малаъ” – Қавмнинг пешволари, сўз соҳиблари (Аъроф:60,66,75)
[2] “Мутраф” – Маишат ва исрофга ботган, бойлик сабабли ҳаддидан ошганлар (Воқеа:45)

Али Шариатий. Динга қарши Дин (1) | (kemalyoldash.com)