АҲЛИ КИТОБ МУЛЛАЛАР-25
16-БОБ. КАЛИМАИ-ШАҲОДАТАЙН - ЯНА БИР АБУ ҲУРАЙРА ЁЛҒОНИ
Ўтган бобларда, қандай қилиб муллалар Исломни бузиб келишгани, уни Қуръондаги содда мукаммалликдан чиқариб ўрта аср чўли араб бутпарастлигига айлантиришгани, сўнгра, Библиядан олинган кўчирмалар билан омухта қилишганини кўрдик. Навбатдаги бобда эса, мулла динидан Қуръон таълимотига зид бўлган яна бир муҳим мисолни кўриб чиқамиз. Демак, Калимаи-Шаҳодатайн...
СОХТА ШАҲОДАТ
Муллалар ўз динига иймон келтиришда шундай эълон қилишади: "Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Аллоҳнинг Расули" (Арабчаси: "Ашҳаду алла илаҳа илла-Аллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ". Шиа муллалар эса "ва Али Аллоҳнинг валийидир" ("ва анна Алийан валиуллоҳ") дея қўшишлари мумкин).
Бу гувоҳлик "Калимаи-Шаҳодатайн" (Икки гувоҳлик) дейилади ва у ҳар бир сунний томонидан ўз мусулмонлиги (аслида суннийлиги) эълони сифатида, ёддан билиниши керак. Бинобарин, ким бундай "гувоҳлик" келтирмаса, сунний сифатида тан олинмайди.
Бироқ, бундай гувоҳлик Қуръондаги Пайғамбар тарафидан келтирилган эмас. Суннийлар, эҳтимол, "Калимаи-Шаҳодатайн Қуръонда йўқ" деган гапдан ҳайрон бўлишлари мумкин. Зеро, бу калима уларда Исломнинг беш устунидан биринчиси.
Калимаи-Шаҳодатайн бир қатор мақсадларда керак. Масалан, бу калимасиз ритуал намозлар ҳаммаси ботил. Шунингдек, сунний динига янги кирган киши динга қабул қилинишидан олдин гувоҳлар олдида ушбу калимани талаффуз қилиши керак. Баъзи ўлкаларда бу калимани айтганларга, динга "қабул" қилинганини тасдиқловчи махсус "тасдиқнома" ҳам беришади.
Маълумки, Аллоҳга бирон шахсни ёки нарсани шерик қилиш - ШИРК, "Аллоҳ асло кечирмайдиган гуноҳ". Бу ҳақда 4:48 да очиқ маълум қилинган.
"Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини ҳаргиз кечирмас, бундан ўзга гуноҳни Ўзи хоҳлаган кишига кечиргай; Кимки Аллоҳга бирон нарсани шерик қилса, у ҳақиқатан ҳам улкан гуноҳ қилибди". (4:48)
Қуръон мусулмонларга фақат Аллоҳга таваккал қилишни буюради, бошқа ҳеч кимга суянмаслик шарт. Қуръон бу ҳақида жуда аниқ ўлчов беради:
"Қачонки ёлғиз Аллоҳ зикр қилинса, Охиратга иймон келтирмасларнинг диллари сиқилади. Қачонки Ундан ўзгалар зикр қилинса, улар шодланади". (39:45)
Муллаларни энг аниқ таъриф этувчи оят мана шу. Муллаларга "Ёлғиз Аллоҳнинг исмини зикр этинг" десангиз, улар шу даражада ғазабга тўладики, ҳатто сизни ўлдиришга ҳам тайёр. Сабаби, улар ёлғиз Аллоҳга етарлича имон келтирмайди. Бироқ агар "Муҳаммад исмини ҳам зикр қилайлик" десангиз борми, ўзида йўқ хурсанд.
Калимаи-Шаҳодатайн, Исломга киришнинг тўғри формуласи бўла олмайди, чунки унда ягона илоҳ ёнида ўзга исмлар қўшилган. Муллалар оғзидаги нақорат жавоб шу: "Биз Аллоҳга ибодат қилаяпмиз, Муҳаммадга эмас". Улар фақат ўз Шаҳодатларида Муҳаммад исмини илова қилишни, унга ибодат эмас, ҳурмат деб билади, холос.
Бу яна бир муллача иккиюзлилик. Йўқса нега бошқа ибодатларда, Муҳаммад исми зикр этилмаса, Аллоҳга қилинадиган ибодат ҳам бекор кетади (масалан ритуал намозда)? Яъни, уларнинг динига кўра, Аллоҳ ҳузурида ибодатнинг қабул бўлиш калити - Муҳаммад исмини зикр этиш. Муҳаммад исмини зикр этмай туриб, "Аллоҳга қилинган ибодатлар" нега ботилга чиқиши керак? Демак, Муҳаммад исми - илоҳга қилинган ибодатнинг ажралмас қисми. Бу ошкора ширк, яъни Аллоҳга ўзгани тенглаштиришдан бошқа нарса эмас. Макка мушрикларининг ширки ҳам худди шунақа эди.
Аллоҳнинг исми ёнига Муҳаммад исмини қўйишнинг яна-да хуфия сири бор. Олимлар "Пайғамбар ворислари" дейилгани учун (ал-Уламо варасатул-Анбиё), улар (муллалар) аслида ўзларини Пайғамбар билан баробар мақомга кўтармоқчи бўлади. Модомики, олдинроқ Пайғамбарни Аллоҳ билан ёнма-ён мақомга кўтарилган экан, энди муллалар ҳам билвосита Аллоҳ билан тенг мақомда бўлади, яъни ўзлари илоҳ бўлади, яъни Аллоҳнинг шериклари бўлади. Классик ширк мана шу. Подани алдаш, авраш ва соғиш учун энг осон йўл мана шу.
13-бобда "Муҳаммад" деган шахс исми Қуръонда йўқлигини, бу шунчаки мулла талқини эканини кўрдик. Одамлар ақл ишлатмасдан, дуч келган муллага саволсиз ва кўр-кўрона эргашаверса, ўз ҳаётларини вайрон қилади ва бунга ўзлари айбдор бўлади. "Калимаи-Шаҳодатайн" формуласини кўр-кўрона қабул қилиш ҳам худди шу каби. Агар одамлар Қуръонни очиб ўқиб, англасалар эди, улар Пайғамбарга хитоб қилаётган қуйидаги оят бугун бизга ҳам хитоб этишини тушунган бўларди:
"Ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма, чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида масъул бўлингай". (17:36)
Биз ўз динимиздаги, ишониб эътиқод қилганимиз қадриятларни тўлиқ асослаб бера олишимиз лозим. Мулладан эшитган ҳар бир сўзни ҳам текширишимиз керак.
Келинг текшириб кўрайлик, Исломнинг илк шарти ва 5 устунидан бири саналган Калимаи-Шаҳодатайн қаердан келиб чиққан?
АБУ ҲУРАЙРАНИНГ ШАҲОДАТИ
Сунний муллалар ўргатадиган Калимаи-Шаҳодатайн аслида Абу Ҳурайра номи остидаги тамоман хаёлий образга бориб тақалади. Қуйидаги ҳадис "Мишкотул-Масобиҳ" китобида мавжуд ("Mishkat-ul-Masabih" 1-ж., 1-боб, 27-ҳадис). Аслида бу ҳадиснинг кўплаб версиялари бор, биз фақат биттасини келтирамиз:
"Бир куни Абу Ҳурайра одамлар олдига бориб, уларга Расулуллоҳ "Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан Росулуллоҳ" дейишни буюрганини айтди. (Бошқа бир версияда эса "Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу" шакли айтилади).
Бу Шаҳодатайнни айтиш учун Абу Ҳурайрага биринчи дуч келган киши Умар ибн Хаттоб бўлди (келажакда Иккинчи Халифа). Бу калимани эшитган Умар дарров Абу Ҳурайрани бир мушт билан ерга қулатди, кейин бўйнига оёғини босиб туриб, "Бунақа куфрни айтишга қандай журъат этдинг?" деб сўради.
Абу Ҳурайра умри мобайнида Умардан роса кўп калтак еб ўтгани ҳадис манбаларида қайд этилган. Бу ҳикояда ҳам дод-фарёд қилиб, Расулуллоҳнинг ўзи шундай буюрди, деди ва бир жуфт наъл (оёқ кийим) чиқариб, Умарга кўрсатди. Бу наълни Расулуллоҳ берди, деди. Пайғамбарнинг наълини таниб, Умар тинчланди. Шундан кейин ҳамма суюнганча, бирин-кетин Калимаи-Шаҳодатайн айта бошлади.
Муллалар наздида Исломнинг биринчи устуни саналган Калимаи-Шаҳодатайн мана шу ақлдан-мантиқдан узоқ ҳикояга таянади. Бунақа абсурд ҳикоя дастидан Калимаи-Шаҳодатайн ҳам обрўсизлашгач, муллаларга бу ҳикоя ёқмай қолди, баъзи муллалар бу ҳадиснинг саҳиҳлигини савол остига ола бошлади. Ўзи муллаларнинг одати шу. Ишига ярамай қолса, шунча йиллар ота-буваси ишониб келган ҳадисниям "ишончсиз ҳадис" дейишади. Ишига яраб қолса, энг ишончсиз ҳадис ҳам оғизма-оғиз ўтиб юраверади.
Қуръонда Аллоҳ мўминларни қуйидагича сифатлайди:
"...Улар мўминларга ҳокисор, кофирларга эса қаттиққўл..." (5:54)
Ҳадис китоблари Пайғамбар саҳобаларининг (аниқроғи "саҳоба" дейилган исмларнинг) қанчалик буюк шахсиятлар бўлгани ва бир-бирига қанчалик ҳокисор бўлгани ҳақидаги бундан-да ажойиб ҳикояларга тўла.
Лекин бу ҳадисда, бир улуғ саҳоба яна бир улуғ саҳобани уриб қулатмоқда! Нега? Исломнинг биринчи устуни бўладиган Калимадек ўта муҳим илмни ўргатгани учун!
Бу ҳадиснинг яна бир версиясида Умар исён қилади, Расулуллоҳнинг ҳузурига бориб, "Абу Ҳурайрага ўз наълингни бериб, Калимаи-Шаҳодатайн айттириш учун юбордингми?" деб сўрайди. "Ҳа" деган жавобни эшитгач ҳам, Умар шундаям рози бўлмайди, "Бу калима одамларни ялқов қилиб қўяди" дейди у.
Қани бу ерда мантиқ, деган саволни уйдирма ҳадис тарғиботчиларига берасиз. Биз эса фақат шуни такрор айтамизки, Калимаи-Шаҳодатайнни бошлаб берган Абу Ҳурайра.
Пайғамбарнинг саҳобалари ва мўминлар ҳақида Қуръонда шундай дейилади:
"Ўрталарида ҳукм қилиш учун Аллоҳ ва Расулига чақирилганда мўминларнинг сўзи "Эшитдик ва Бўйсундик", дейишдир. Нажот топгувчилар ана ўшалардир" (24:51)
Абу Ҳурайра ҳикояси нафақат 24:51-оятга, балки бошқа қатор оятларга зид. Масалан, 6:51-оятда Аллоҳ Расулига, саҳобаларга ва Қуръонга етиб борган барчага шундай дейди:
"Ўзлари учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир қўлловчи бўлмаган ҳолда Рабби ҳузурида ҳашр этилишдан хавфсировчиларни У билан (сенга келган ваҳй билан) огоҳлантир! Шояд тақво қилсалар" (6:51).
"Келган ваҳй ила огоҳлантир". Бунинг ўрнига, қўлида шиппак кўтарган Абу Ҳурайра дейдики, "Пайғамбар огоҳлантириш ишида менга ваколат берди, бунга далил манави шиппак!", ва бунинг учун Умардан калтак ейди. Умар ҳатто Калимаи-Шаҳодатайнни КУФР! дейди, Пайғамбар билан тортишади ва барибир бу Калимага рози бўлмайди. Муллалар яратган "Иймон асоси" мана шундай абсурд ва чалкаш ривоятларга таянади.
Бу Абу Ҳурайра деган исмнинг аслида ким бўлганини ҳеч ким аниқ билмайди. Ҳатто бугун ҳам олимлар орасида унинг ҳақиқий исми борасида аниқ хулоса йўқ. Фақат Абу Ҳурайра деган лақабнинг маъноси "Мушукчаларнинг отаси" экани маълум.
Шундай қилиб, сунний Калимаи-Шаҳодатайнни бошлаб берган киши - НОМАЪЛУМ ШАХС!!! Расулуллоҳнинг бир саҳобаси бу калимани КУФР! деган, ва бу НОМАЪЛУМ ШАҲСНИ уриб, йиқитиб, бўйнини эзиб таҳқирлаган! Яъни, Калимаи-Шаҳодатнинг келиб чиқиши тамоман шубҳали: НОМАЪЛУМ ШАХС тарафидан бир ривоят уйдирилган ва бу ривоят "жонимиз фидо сизга, эй Расулаллоҳ!" дейишадиган Пайғамбарга нисбат қилинган!
Нега энди Абу Ҳурайра келтирган Калимаи-Шаҳодатайн, ҳақиқий Пайғамбар таълимотига зид?
Қуръон аввало Пайғамбарга нозил бўлган, сўнгра Пайғамбар уни саҳобаларга, қавмига, сўнгра эса қолган инсониятга етказган. Қуръон, аввалидан охиригача, "Қул:..." (Айт:...) дея бошланган оятларда, Пайғамбар нималар дейишини ўргатади. Буни рад этган ҳар қандай мусулмон мусулмон бўла олмайди.
Хўш, Қуръон нима дейди?
"Ибодат вақтлари/ўринлари ёлғиз Аллоҳ учундир. Аллоҳ билан бирга бошқа ҳеч кимни чақирманг". (72:18)
Лекин Абу Ҳурайра шаҳодатида, муллалар Аллоҳ билан бирга Муҳаммадни ҳам "зикр" қилишади. Албатта, муллалар "Муҳаммад" исмини фақат ҳурмат учун зикр қиламиз, дея оқламоқчи бўлади, лекин худди ўша муллалар, мабодо "Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ" дейилмаса, беш маҳал намоз ҳам ботил бўлади, дейди.
Шаҳодатайнда Муҳаммад исмини қўшиш билан муллалар Муҳаммадни ярим-илоҳ мақомига кўтарган бўлади. Шуни ҳам унутмайликки, муллалар ўзларини Пайғамбар ворислари дея билади (ал-Уламо Варасатул-Анбиё), шунинг учун ўзларига ҳам баъзи илоҳий мақомларни беришади.
Такрор айтамиз, муллалар буни ҳам Аҳли Китобдан кўчирган. Масалан, Католик христианликда Рим Папаси ўзини Исо Масиҳнинг вакили деб эълон қилади. 2012 йил Annuario Pontificio (Ватикан томонидан чоп этилган Понтифик расмий нашри) Папанинг иккинчи расмий унвони сифатида "Исо Масиҳнинг Вакили" унвонини беради. Христианларда Исо Худонинг ўғли ҳисоблангани учун, Папа "Масиҳнинг, яъни Худонинг ердаги вакили" ҳисобланади.
Бундай теологик атаманинг асоси сифатида, Юҳанно Инжилидан Ҳаворий ва биринчи католик Папаси саналадиган Бутрусга аталган сўзларини келтиришади:
"Исо иккинчи марта Бутрусдан сўради:
— Юҳанно ўғли Шимўн, сен Мени яхши кўрасанми?
— Ҳа, Раббим! Сени яхши кўришимни Ўзинг биласан–ку, — деди Бутрус Унга.
— Қўйларимни боқ, — деди унга Исо.
Сўнг учинчи марта Бутрусдан сўради:
— Юҳанно ўғли Шимўн, сен Мени яхши кўрасанми?
Исо учинчи марта яна шу саволни бергани учун Бутрус хафа бўлди.
— Раббим! Сен ҳамма нарсани биласан, мен Сени яхши кўришимни ҳам биласан, — деди Бутрус. Исо унга шундай деди:
— Қўйларимни ўтлат!" (Юҳанно 21:16-17)
"ҚЎЙЛАРИМНИ ЎТЛАТ!.." Шундай қилиб, биринчи қадам, Масиҳни Худонинг ўғли ёки Худонинг Ўзи қилиб олиш; бу билан Исога илоҳлик мақоми бериш. Иккинчи қадам эса, Папани Исонинг вакили мақомига чиқариш, бу билан Папа ҳам бир қатор илоҳий сифатларга эришади (масалан, гуноҳларни кечириши ва ҳатто буни тасдиқловчи индульгенция каби ҳужжатларни пуллаш каби).
Худди шу ҳийлани муллалар ҳам ишлатади. Аввал Муҳаммад исмини илоҳнинг ёнига кўтаришади. "Муҳаммад исми зикр қилинмаса, Шаҳодат бўлмайди!" дейишади. Сўнгра Пайғамбарнинг бугунги ворислари мана биз! дея ўзларини Пайғамбар ёнига чиқаришади. Илоҳ ёнида Пайғамбар, Пайғамбар ёнида унинг ворислари, яъни муллалар... Қарабсизки, муллалар мақсадига эришди - Аллоҳнинг шериклари бўлишди, ўзлари ҳам илоҳ бўлишди!
Қуръон муллаларнинг бу куфрини қоралайди:
"Қачонки ёлғиз Аллоҳ зикр қилинса, Охиратга иймон келтирмасларнинг диллари сиқилади. Қачонки Ундан ўзгалар зикр қилинса, улар шодланади". (39:45)
Қуръони каримда муллаларнинг ниҳоятда аниқ таърифи берилган. Агар "Ёлғиз Аллоҳ ва бошқа ҳеч ким" десангиз, улар ғазабга тўлади. Ғазабдан тушириш учун фақат Абу Ҳурайра бошлаган Шаҳодатайннинг иккинчи ярмига рози бўлишингиз керак.
Шундан кейин, Қуръон бизга шуни ҳам билдирадики, Абу Ҳурайра Шаҳодати аслида мунофиқлар Шаҳодат формуласи.
"Атрофингиздаги Аъроблар орасида мунофиқлар бор. Мадина аҳолиси орасида ҳам. Улар доимий нифоқдадирлар, сен уларни билмайсан. Биз биламиз. Уларни қайта-қайта азоблаймиз. Сўнгра улуғ азобга қайтариладилар". (9:101)
Қуръон ояти Пайғамбар атрофида мунофиқлар борлиги ва Пайғамбар уларнинг кимлигини билмаслиги айтмоқда. Мунофиқларни фақат Аллоҳ билади. Аллоҳ яна шуни ваъда қилади:
"... Аллоҳ иймон келтирганларни ҳам, мунофиқларни ҳам маълум қилади" (29:11)
Демак, мунофиқлар фош қилинади. Албатта, мунофиқлар бундан ҳавотирда:
"Мунофиқлар улар ҳақда, уларнинг қалбларидан хабар берувчи бирон сура нозил бўлишидан қўрқадилар. Айт: "Кулаверинглар, Аллоҳ сизлар қўрқаётган нарсани албатта чиқаргувчидир" (9:64)
"Истасак, сенга уларни кўргизган бўлардик, сен ҳам уларни аломатларидан таниб олган бўлардинг, УЛАРНИ ГАП-СЎЗЛАРИДАН ТАНИБ ОЛАСАН. Аллоҳ сизларнинг амалларингизни билиб туради". (47:30)
Демак, мунофиқларни "ГАП-СЎЗЛАРИДАН ТАНИБ ОЛАМИЗ"
Қуръонда мунофиқлар айтган гап-сўзлар келтирилади, шулардан фақат биттасини "Мунофиқлар" сурасидан келтирамиз.
"Қачонки мунофиқлар Сенга келсалар, дейишади: "Гувоҳлик берамизки, сен шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг Расулидирсан", дерлар. Сен Аллоҳнинг Расули эканинг Аллоҳга маълум, ва Аллоҳ гувоҳлик берадики, мунофиқлар шак-шубҳасиз, ёлғончи". (63:1)
Араб тили маъноларни бехато ифода этади. Мунофиқлар келиб, "нашҳаду-аннака-ла-Расулаллоҳ", яъни "Гувоҳлик берамизки, дарҳақиқат Сен Аллоҳнинг Расулисан", дейишади.
Мунофиқларнинг бу шаҳодати, ўша Абу Ҳурайра илова қилган Шаҳодатнинг худди ўзи, фақат кўплик шаклида. Бу шаҳодатни бугун миллионлаган сунний ва шиалар айтиб юрибди!!! Мунофиқларнинг мунофиқлигини фош қиладиган калималардан бири айнан мана шу Шаҳодатайн калимасидир!
"УЛАРНИ ГАП-СЎЗЛАРИДАН ТАНИБ ОЛАСАН". Мунофиқлар каззоблардир, улар ёлғон гапиради, чунки Аллоҳдан бошқа ҳеч ким Расулларнинг Расул бўлишига гувоҳ бўлолмайди. Ҳамда Пайғамбар Аллоҳнинг Расули экани Аллоҳдан сир эмаски, мунофиқлар келиб маълум қилса...
"...Сен Аллоҳнинг Расули эканинг Аллоҳга маълум..." (63:1)
Ва Аллоҳ етарли гувоҳ:
"Сени бу одамларга Пайғамбар қилиб юбордик ва Аллоҳ гувоҳ сифатида кифоя қилади..." (4:79) (Ва кафаа биллаҳи шаҳидан).
Расул мўминларга айтган гаплар мана шулар. Ҳеч ким унинг Расул бўлишига гувоҳ бўлган эмасди, бунга ҳожат ҳам йўқ эди, зеро Аллоҳ бу гувоҳликни берган ва бу етарли гувоҳлик эди.
Мунофиқ муллалар эътиборига ушбу муҳим хабар қайта такрорланади:
"Лекин Аллоҳ сенга Ўз илми билан нозил қилган Нарсага гувоҳлик берур. Малаклар ҳам гувоҳлик берурлар. Аллоҳнинг Ўзи етарли Гувоҳдир" (4:166) (Ва кафа биллаҳи шаҳидан).
Такрор айтаман, Расулуллоҳ саҳобаларга айтган гап мана шу оятлардан иборат. АЛЛОҲНИНГ ЎЗИ ЕТАРЛИ ГУВОҲДИР (Ва кафа биллаҳи шаҳидан).
Қуръон ҳатто бошқа Расулларнинг Расуллигига гувоҳман деган уринишларига ҳам имкон бермайди:
"Сен Мусога амрларни берганимизда Ғарб уловининг ёнбағрида эмасдинг. СЕН ГУВОҲЛАРДАН ЭМАСДИНГ". (28:44)
Шундай экан, ҳатто Мусо Пайғамбар ҳам Калимаи-Шаҳодат таркибига ўз исмини киритишни ўргатмаган ўз қавмига. Мусо уларга: "Сизлар менинг Расуллигимга гувоҳлик бермайсиз", деган бўларди.
Қуръоннинг такидлашича, Расулуллоҳга Қуръон нозил қилинганига ёлғиз Аллоҳ гувоҳ бўлган:
"Айт: "Кимнинг гувоҳлиги каттароқ?" Айт: "Аллоҳ мен билан сизларнинг ўртангизда гувоҳлик беради. Ва менга ушбу Қуръон ваҳй қилинди, у билан сизларни ва яна кимларга етиб борса, огоҳлантиришим учун" (6:19)
Шунинг учун, Калимаи-Шаҳодатайн муллалар уйдирмаси. 63:1-оятдан шуни англаймизки, муллалар нафақат Аҳли Китоб уйдирмаларини, балки араб мунофиқларининг гап-сўзларини ҳам кўчириб олиб, Исломнинг шарти ва устунларидан бири қилиб олишган.
Сунний ва шиалар ҳар гал намоз ўқиганда ва ҳар гал масжидга борганида, шуни ёдда тутишлари керак: Ҳар сафар калимаи-шаҳодатайн келтиришда улар кечирилмас гуноҳ бўлган "ширк" эълонини тиловат қилаётган бўладилар.
Ушбу бобнинг сўнггида Қуръонда мавжуд Аллоҳнинг якка илоҳлиги ҳақидаги шаҳодатни келтирамиз:
"Аллоҳ гувоҳлик бердики, Ундан ўзга илоҳ йўқ, ва малаклар ва теран илм эгалари ҳам адолатда қоим ҳолда (гувоҳлик бердилар): "Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз, Ҳаким Зотдир". (3:18)
Ҳар биримиз ҳар куни атрофдаги борлиқнинг бир бутунлиги, ундаги мувозанат ва мукаммал интизомга гувоҳ бўламиз. Яратилган борлиқ ўз ичида сон-саноқсиз ва ўзгармас табиат қонунлари ила чамбарчас боғланган. Розимисиз-йўқми, барчамиз бунга гувоҳ бўлиб ўтамиз. Ҳар куни ва бир умр...