Уйдирилган Маҳдийликка бир мисол. 1979 йилги Макка босқини
Жуҳайман ал-Утайбий 1979 йили Маккани ишғол этганида, 42 ёшда эди. Саудия миллий гвардиясида хизматни тугатиб, 1973 йил истеъфога чиққан бўлса-да, Сауд режимига ашаддий қарши эди. Ўзи ва қавмига қарши Сауд оиласининг қилган зулмларни сира унутолмасди.
Утайбий – бадавий қавмларидан бўлиб, ХХ аср бошларидан бери Сауд оиласига мухолиф эди. Жуҳайманнинг отаси бир пайтлар қирол кучларига қарши жангларда иштирок ҳам этганди. Утайбий қавмининг Саудлар келишидан бери кўргани – фақат порахўрлик, исроф, фасод ва мамлакатни босиб кетган ғайридинлар эди. Жуҳайман наздида, Сауд оиласи тамоман куфр ва иблис кучлари назоратида эди.
Ибн Боз талабаси бўлган Жуҳайман, соф Исломга қайтиш ғоялари билан суғорилган эди. Соф Исломга қайтишнинг ягона йўли, Жуҳайманга кўра, Сауд оиласини тахтдан ағдариш ва қиролликка нуқта қўйиш эди.
Мадина Университетига ўқишга кириб, Жуҳайман ўзига тарафдорлар тўплай бошлайди. Тез орада режимдан норозилар гуруҳи вужудга келади. Бу гуруҳнинг асосий вазифаси – илм ўрганиш, даъват қилиш, бидъатларга қарши кураш ва истиқболда Исломий давлат қуриш эди. Ўша даврдаги ўхшаш жамоалардан (Ихвонул-Муслимийн ёки Таблиғ) фарқли ўлароқ, бу гуруҳда иқтидорга келишнинг босқичма-босқич стратегияси ҳам йўқ эди: улар барча умидини Маҳдийнинг чиқишига боғларди. Уларнинг эътиқодига кўра, фақат Маҳдий чиққанидан кейингина, Ерюзида зулм ва адолатсизлик барҳам топиши мумкин.
Жуҳайман ўз тарғиботларида Сауд хонадонига, қиролга қарши исёнга, қўзғолонга даъват қиларди. 1973 йили ҳукумат унинг гуруҳини ҳибсга олади, Жуҳайманнинг ўзи эса яширинишга муваффақ бўлади. Шайх Ибн Боз бу маҳбуслар билан суҳбатлашиб, улар хавфсиз деган фатво бергач, уларга амнистия қўлланилади ва қўйиб юборилади.
Кейинроқ бу гуруҳга Жуҳайманнинг қайини, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Каҳтоний келиб қўшилади. Унинг исми ва ташқи аломатлари ўша ривоятларда башорат этилган Маҳдий тасвирларига мос келарди. Буни пайқаган Жуҳайман, қайинини Маҳдий эканига кўндиришга уринади, оқибатда Муҳаммад ал-Каҳтоний ва ҳатто Жуҳайманнинг ўзи ҳам бунга иймон келтиради.
***
Бу пайтлар Масжид-ул-Ҳаромда таъмир ишлари олиб борилаётган эди. Таъмир ишлари иҳоласи Сауд оиласига яқин “Bin Laden Group” ширкатига берилган эди. Ширкатдаги танишлари ва яқинлари ёрдамида Жуҳайман гуруҳи юк машиналарини эгаллайди. Ўз одамлари ва қурол-аслаҳаларини юклаб, хавфсизлик ва текширувлардан ўтиб, Ҳарамга киришади.
Ниҳоят, 1979 йил 20 ноябрь куни 500 кишилик гуруҳ бир неча ўн минг зиёратчи тавоф қилаётган Масжид-ул-Ҳаромга бостириб киради. Жуҳайман гуруҳи барча эшикларни беркитиб, ҳавога ўқ узиб, зиёратчиларни ер ости қаватига ҳайдаб киритадилар. Исёнчилар Каҳтоний олдига бирма-бир келиб, унинг Маҳдий эканига иймон келтиради ва байъат беради (ҳатто зиёратчилардан ҳам уларга қўшилганлар бўлгани айтилади).
Ўқ товушларини эшитган полиция, уларни бостиришга уринади. Аммо исёнчилар сон жиҳатдан устунлиги, зиёратчилар орасидаги талотўп ва аниқ маълумотнинг йўқлиги боис, воқеанинг аслида бехабар полициячилар бирпасда йўқ қилинади. Уларнинг ҳарбий тайёргарлиги иш беради – исёнчиларнинг деярли барчаси собиқ аскарлар эди ва қурол ишлатишни мукаммал билишарди.
Саудия ҳукумати дарҳол Маккадаги барча алоқа воситаларини ўчириб, бўҳроннинг фош бўлишини олдини олишга уринади. Аммо Риёздаги АҚШ элчилиги Вашингтонга телеграмма жўнатиб, Ислом дунёсининг асосий муқаддасоти қандайдир террорчи гуруҳ тарафидан ишғол этилгани ҳақида хабар бериб улгурган эди.
Унутмаслик керакки, 70-йилларнинг охири, Эрондаги инқилоб ва Теҳронда АҚШ элчихонасининг ишғол этилиши даҳшати ҳали сўнмаган эди. Табиийки, маълумот етарсизлиги боис, Оқ Уй буни Хумайнийнинг чақириғига жавоб ўлароқ баҳолади (Хумайний мусулмон умматига мурожаат қилиб, Ислом инқилоби қилиш ва минтақадаги барча Ғарб кучларини ҳайдаб чиқаришга чорлаган эди).
Бу маълумот Оқ Уйдан ОАВга сиздирилади ва “The New York Times” бу сенсацияни бутун дунёга овоза қилади: “Маккани Эрон террорчилари босиб олди!” Бундан Хумайний ғазабга тушиши табиий эди (зеро ҳатто шиа радикаллари ҳам, Макка ишғоли улкан хато ва жиноят эканини айтишади), ва бунга жавобан бутун дунёга, Маккадаги бу фитна ортида АҚШ ва Исроил турибди, деган мазмунда баёнот беради. АҚШнинг маълумот сиздиришидан ғазабга тўлган Саудия ҳукумати эса, Вашингтонга қайсарлик қилиб, Хумайнийнинг бу баёнотини рад этмай вақтни чўзади.
Бунинг оқибатида мусулмон ўлкаларда тартибсизликлар авжига чиқади – Покистон, Бангладеш, Туркия, Ливия, Қувайт ва Ҳиндистонда АҚш элчихоналари, маданият марказлари, хабар агентликлари офислари, АҚШга тешигли банклар, American Express, Bank Of America ва PanAm маҳаллий шуъбаларига ҳужумлар уюштирилади. АҚШ шошилинч тарзда Яқин Шарқдаги (Саудия мустасно) барча элчихона ходимларини эвакуация этишга қарор қилади.
***
Саудия Арабистонида эса Масжид-ул-Ҳаром ҳужуми давом этарди. Энди БТР ва тикучарлар ишга солинади, Франциядан махсус кучлар ва гаровдагиларни қутқариш бўйича экспертлар чақирилади. Бу махсус кучларга ҳар қандай ҳарбий тактика, ҳар қандай куч ишлатиш, ҳатто кимёвий қуроллар ишлатишга ҳам тўлиқ изн берилади. Улар тезда миноралардан снайперларни уриб қулатади ва Масжид ҳовлисига бостириб киришади. Масжид ери қон ва инсон танаси парчаларидан сирпанчиқ ҳолга келган, отишмада кўплаб зиёратчилар ҳам ҳалок бўлганди.
Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Каҳтоний эса энг ўнг жабҳада, ўзининг Маҳдийлигига, ҳимояланган ва ўлмаслигига тўлиқ ишонч-ла, душмандан келган гранаталарни олиб ўзларига қайта улоқтирарди. Шунда Сауд аскарларидан бири гранатани бир неча сония кечиктириб отади ва натижада Каҳтоний оғир яраланади ва заҳарли моддалар таъсирида ўлиб қолади (!) Буни кўрган исёнчилар ичига шубҳа ва саросима киради: “Каҳтоний ўлди, агар Маҳдий бўлсақ, ўлмаслиги керак эди, демакки биз адашдикми!?” Жуҳайман уларга далда беришга уринади: “Каҳтоний ўлганига далил йўқ, бас, жангни давом эттириш лозим, ким уни ўлди деса муртаддир!” Унинг ўзи эса ёлғиз қолса ҳам, сўнгги нафасигача жанг қилишини айтади. Унинг хутбасидан таъсирланган исёнчилар отишмани давом эттиришади.
Бу ҳодисалар таъсирида Саудиянинг шарқий бўлгаларида (нефть энг бой бўлгаларда) шиалар ҳукуматга қарши қўзғолон бошлайди. Шиа исёнини бостириш учун ҳукумат армияни, ҳаво кучлари, бронетехника ва артиллерияни ишга солади.
Масжиднинг ўзида эса отишмалар то 4 декабрга қадар давом этади. АҚШ президент маслаҳатчиси Збигнев Бжезинский бир таклиф киритади: элчихона ходимларини эвакуация қилишимизни минтақадаги рақиблар Вашингтоннинг заифлиги сифатида баҳолаши мумкин, шунинг учун кучларни тўплаб жавоб зарбаси тайёрлаш зарур, хусусан, Форс давлатларига ёрдамни кучайтириш ва АҚШнинг ҳарбий куч-қудратини кўрсатиб қўйиш зарур. Президентлик муддати бошланишида эълон қилинган “Картер доктринаси”га кўра, бу минтақа АҚШнинг стратегик манфаатлар минтақаларига киритилганди.
Жуҳайман ва гуруҳининг тирик қолган мансублари 5 декабрь куни ҳибсга олинди. Бир неча кун ўтгач, АҚШ музокарачилари Уммонга, бу ерда ҳарбий база очиш масаласини муҳокама этишга келишади.
***
СССР Қуролли Кучлари раҳбарияти, маршал Устинов бошчилигида шошилинч мажлис ўтказади. Модомики АҚШ ўз манфаатлари ҳимоясига ўнмингларча километр узоқликдаги Форс Кўрфазига аскар юбора олаётган экан, у ҳолда СССР ҳам қўшни Афғонистонда ўз манфаатларини ҳимоя қилишга тўлиқ ҳаққи бор. 1979 йил 10 декабрь куни 75000-80000 кишилик совет қўшинлари СССР-Афғонистон чегарасига ташланади. 24 декабрь куни СССР Қуролли Кучлари жанубий қўшни мамлакат ҳудудига бостириб киради. “Картер доктринаси”нинг мақсади эса бундан буён нафақат АҚШнинг минтақадаги манфаатларини ҳимоя қилиш эмас, балки АҚШни СССР таҳдидидан ҳимоя қилиш бўлди.
Бу пайтгача Саудия ҳукумати коммунизм таҳдидидан бонг уриб келарди (Саудияда жумҳурият қуриш тарафдорлари Мисрдан Жамол Абдун-Наср тарафидан қўлланарди). Энди эса, қуролли исёнчилар Маккага бостириб киргач, таҳдид мазмуни ўзгарганди: таҳдид нафақат қиролликдан жумҳуриятга ўзгартириш, балки қиролликни таг-томири билан қўпориб ташланиши хавфи бош кўтарганди(!) Таҳлилчиларнинг айтишича, агар-да Жуҳайман диний тимсолга ҳужум қилмаганида, зафар қозониш эҳтимоли юқори эди. Қирол ҳам Холид кейинроқ эътироф этганидек, агар-да Жуҳайман Масжидга эмас, қирол саройига ҳужум қилганида, муроди хосил бўларди. Бўлиб ҳам, бу воқеалар ҳали интернет ва ижтимоий тармоқлар йўқ бир даврда.
1980 йил 9 январь куни Жуҳайман 62 нафар шеригининг калласи олинади. Ибн Боз ва бошқа шайхлар, ал-Утайбий ва гуруҳига қатл фатвоси беришгани учун Саудия ҳукуматига ишга олинди, шахсан Ибн Боз 1992 йилда Саудия Арабистони бош муфтийси ва Фатволар Қўмитаси Раиси этиб тайинланди.
***
Жуҳайман иши бу билан тугамади. Воқеаларга шоҳид бўлган зиёратчилардан бири, исёнчиларнинг варақаларини ўзи билан ватани Мисрга олиб қайтади. Кўрганларини Миср армиясида лейтенант бўлган укаси Холидга сўзлаб беради. Укаси Холид Аҳмад ал-Исломбулий бир ярим йил сўнгра, 1981 йил 6 октябрь куни Миср президенти Анвар Садатга қарши суиқасдда иштирок этади.
Ал-Утайбий билан алоқаси бўлганлардан яна бири – Фаластинлик Иъсом ал-Барқавий исмли воъиз эди. Бугун Абу Муҳаммад ал-Мақдисий номи билан танилган бу воъизнинг ёзишича, Жуҳайман гарчи Маъдий борасида хато қилган бўлса-да, унинг хатоси Саудия режимининг зулм ва жиноятлари билан қиёслаб бўлмайди. Мақдисийга кўра, Ҳарамга қуролли босқин амрини бериш билан, Сауд режими биринчи бўлиб Ҳарамнинг муҳаррамлиги қоидасини поймол этди. Бу фикрлар таъсири остида 1995 йил Риёзда Саудия қуролли Кучлари биноси ёнида худкушлик амалиёти содир этилади.
Мақдисий 1995 йил Урдун турмасида ётаркан, ўз фикрларини ҳужра шериги билан ўртоқлашади. Ҳамроҳи кейинроқ яна бир қуролли гуруҳнинг бошига келади. Бу шерикнинг исми Абу Мусъаб аз-Зарқавий эди. Усома бин Лодан кўп марта таъкидлардики, Ҳарамни ишғол этганлар, ҳақиқий рижоллар ва мусулмонлар эди.
***
Кўриб турганимиздек, биргина Маҳдий уйдирмасига ишонтирилган қанча-қанча инсонлар ҳалок бўлди, Афғонистонда уруш чиқди, Ал-Қоида қурилди, СССР тарқалиб кетди, Толибон тузилди, 11 сентябрь фожеаси уюштирилди, АҚШ Афғонистонга ва Ироққа бостириб кирди, Мисрда, Ливияда, Йаманда тўнтаришлар содир этилди, Сурияда эса уруш ҳануз тугамаётир… Бу рўйхат яна нималар билан давом эттирилиши номаълум.
Уммат эса ҳануз Маҳдий кутишда…
http://kemalyoldash.com/3792