Қуръон нима?
Қуръон – доимо ўқиладиган, маъноси чексиз бўлган, ўқиш билан маъноси тугамайдиган деганидир.
Қуръон лафзи бир маротаба, маъноси сўнгсиз маротаба нозил бўладиган илоҳий калом бўлиб, Қуръон учун ўтган замон шаклида “ўқиб тугатдим” деб бўлмайди, чунки Қуръоннинг маъносини ўқиб тугатиб бўлмайди. Ҳар бир пайғамбарга берилган мўъжиза ўз замонига ва маконига хитоб қилгандир. Қуръоннинг улардан фарқи, барча замон ва маконга хитоб қилган “тирик мўъжиза” эканлиги бўлиб, ер юзининг у ёки бу қисмида Қуръоннинг ўзгартирувчи таъсир кучи сабабидан, ҳаётини янгидан шакллантирган сон-саноқсиз эркак ва аёл кишининг мавжуд бўлиши- бунинг энг катта далилидир. Инсонни ўзгартиришнинг, қолиплашган одатларидан воз кечкизишнинг, ҳаёт шаклини тубдан ўзгартиришнинг қийинлиги назарга олинганда, Қуръон энг катта мўъжиза эканлигини кўриш мумкин бўлади.
Қуръон, боши аршда аёғи ерда бўлган бир хитоб бўлиб, унинг боши – маънони, оёғи- лафзини тамсил қилади.
Қуръон ёзилган бир матн шаклида эмас, сўз шаклидаги бир хитоб услуби билан Расулуллоҳнинг қалбига Аллоҳ тарафидан ваҳй малаги Жаброил орқали нозил қилинган. Илоҳий ваҳй гўё бир файлнинг компьютер экранида кўринганидек , Аллоҳ расулининг кўнгул экранида намоён бўлган, у ердан калима ва жумлаларга айланиб, элчи орқали инсониятга етказилган.
Қуръон қандай китоб?
Қуръон Маккада кишилар “ал-Амин” деб атаган Абдуллоҳ ўғли Муҳаммаднинг тафаккур қиладиган қалби/зеҳнига милодий 610 йили нозил бўлишга бошлаган бўлиб, илк карра Хиро ғорида нозил бўлган. Қуръон илк карра нозил бўлган жой, бугун ҳам мавжуддир. Қуръоннинг нозил бўлиши тахминан 23 йил давом қилган бўлиб, Муҳаммад алайҳис-салом вафот этган милодий 632 йилда тўхтаган. Қуръон тамомланишини “бугун сизларнинг динингизни мукаммал қилдим, неъматимни тамомладим” (Моида 5:3) ояти билан хабар берган.
Қуръон ҳар бирига “сура” исми берилган 114 бўлимдин ташкил топади. Бу бўлимлардаги мавзулар, нозил бўлган даврдаги воқеаларга мос ҳолда фарқланади. Ҳар сурани ташкил қилган мазкур бўлакларни “оят” деб аталади. Оятлардан ташкил қилинган қисм “нажм” деб аталади.
Қуръон илк карра ёзма бир матн шаклида эмас, сўзли шаклидаги хитоб услубида нозил бўлган. Муҳаммад алайҳис-салом уларни ваҳй котибларига ёздирган. Муҳаммад алайҳис-саломнинг вафотидан кейин, бу ёзма парчалар тўпланиб, китоб ҳолатига келтирилган бўлиб, бу китоб “мусҳаф” деб аталган.
Бугун нуфуси икки миллиардга яқинлашган Ислом дунёсида, барча мусулмонларнинг ўқийдиган ягона китоби Қуръондир. Гарчи мусулмонлар фарқли мазҳабларга бўлиниб кетган бўлса ҳам, барчасининг қўлидаги Қуръон айнидир. Тарих мобайнида ва кунимизда Қуръондаги баъзи оятларнинг тушунтирилишида баъзи фарқлар мавжуд.
Қуръоннинг нозил бўлиши икки босқичга айрилади:
1. Макка даври ва даъват Қуръони. Бу давр пайғамбарликнинг илк ўн уч йилини ўз ичига олади. Мусулмонларнинг мухолифлар шаклида яшаган даври бўлиб, бу даврда нозил бўлган сураларнинг характер хусусияти, балоғат маъносининг олдида турган. Оятлар қисқа ва товуш мослашувчанлиги ниҳоятда равшан. Асасан ахлоқ ва эътиқод асослари мавзу ўлароқ олинган. Бу даврда нозил бўлган Қуръон “даъват Қуръони” эди.
2. Мадина даври ва давлат Қуръони. Муҳаммад алайҳис-саломнинг ҳижрати билан бошланиб, вафоти билан ўн йиллик бир давр бўлиб, ҳокимият ва давлат даври эди. Бу сафар маъно балоғатнинг олдига қўйилган бўлиб, оятлар узун ва тафсилий бўлган. Ибодат ва қонун белгилимиларининг мутлақ кўп қисми бу даврда нозил бўлган. Бу даврда нозил бўлган Қуръон “давлат Қуръони” эди.
Асосий мавзу жиҳатидан нималарни ўз ичига олади?
Қуръоннинг асосий маънолари қуйидагича беш турлидир:
1. Ахлоқ
2. Ақида
3. Тарихий мисоллар
4. Ибодатлар
5. Шахсий ва ижтимоий муомала қоидалари.
Қуръон нима учун бир мавзудан бошқа мавзуга кечади?
Қуръон ҳаётнинг табиий оқими ичида 23 йиллик бир замонга ёйилган ҳолда нозил қилинган. Бу унинг “ҳаётни унуттирадиган китоб” эмас, аксинча “ҳаётга аралашидиган бир китоб” эканлигини, бўлиб ҳам ҳаётнинг ўзидан сўз юритган бир “ҳаёт китоби” эканлигини кўрсатади.
Қуръон бу сабабдан илк ўқиган кишини ҳайрон қолдиради, чунки уни илк маротаба ўқиган киши, унда одатдаги китобларга ўхшаш “кириш – воқеалар ривожи – кульминация – хотима” каби қисмларни кўролмайди. Кўролмайди, чунки, Қуръон хаёлдан режаланган бир матн эмас, балки реал ҳаётга бир жавоб ва ҳал қилиш чораси сифатида, 23 йиллик бир жараёнда нозил бўлган йўл кўрсатувчидир. Қуръоннинг мазмуни билан рангдор реал ҳаёт бир – бирига жуда ўхшаб кетади. Бу сабабдан Қуръон ҳаётга ўхшаш тартибли, ҳаётга ўхшаш мураккаб. Ҳаётга ўхшаш рангдор, ҳаётга ўхшаш бир ўрнак бўлиб, ҳаётга ўхшаш равшан, ҳаётга ўхшаш сирли; ҳаётга ўхшаш таниш, ҳаётга ўхшаш янгиликлар билан тўлиб тошган.
Қуръон бошдан охиригача ўқилганда шу ҳақиқат кўзга ташланади: ваҳй билан ҳаёт орасидаги муносабатнинг, дуо қилган бир киши билан у дуога жавоб берган Аллоҳ орасидаги боғланиш эканлигини пайқайди.
Қуръон Аллоҳнинг сўзими?
Мусулмонлар Қуръонни Аллоҳнинг сўзи эканлигига ишонади. Бу бир иймон асосидир. Бу иймоннинг тамалида, “Иймон” сўзининг ахлоқий қаршилиги бўлган “ишонч” ўрин олади, чунки, мусулмонлар Муҳаммад алайҳис-саломнинг Аллоҳ номидин ёлғон айтмаслигига иймон этади. Бунга далил сифатида, унинг самимий ва тафсилотлари ҳаммага маълум бўлган -ҳаётини кўрсатади. Муҳаммад алайҳис-саломнинг ваҳй олганидан кейинги кишини ҳайрон қолдирадиган ҳаётининг манбаси Қуръондир. Унинг ҳаётида иккиюзламачилик ва ёлғончиликни заррасини топиб бўлмайди. Унинг исми душманларининг тилида ҳам “ал-Амин (ишончли киши)” эди. Бир кишининг дуруст киши эканлиги ҳақидаги энг ишончли гувоҳлик, душманларининг берган шоҳидлигидир.
Яна бир тарафдан, Расулуллоҳнинг амин бўлишининг Қуръондаги далили, унинг хатолигини баён қилган ва уни озорлаган оятларнинг Қуръонда бўлиши, Макканинг катталарини Исломга даъват қилмоқчи бўлиб, ўзидан савол сўраган бир аъмо кишига кўнгил бўлмаганлиги учун қаттиқ шаклда озорланган (Абаса 80:3,4). Ғазотга бормаслик учун ижозат сўраган мунофиқларга рухсат қилганлиги учун, “Аллоҳ афв этди, нега уларга рухсат бердинг?!” (Тавба 9:43) деб озорланганидир. Даъвосида ҳақли бўлган бир яҳудий билан даъвосида ноҳақ бўлган бир мусулмоннинг даъвосини айиришда, даъвосида ҳақли бўлган яҳудий тарафда турмаганлиги учун озорланганди. (Нисо 4:105,107). Мунофиқларнинг жаноза намозини қилганлиги учун танқид қилинади (Тавба 9:84). Ўзи бошқаларнинг англаб қелишини хоҳламаган икки воқеъа, унинг орзусининг аксинча ваҳй орқали кишиларга ошкора қилинади (Аҳзоб 33:37; Таҳрим 66:1).
Қуръон манбаъсини илоҳий эканлигининг бошқа бир далили, Қуръонда Муҳаммад алайҳис-саломнинг шахсий ҳаётида муҳим ўринда турадиган кишиларга, воқеъаларга ва аламларга жой берилмаган. Қуръонда Исо алайҳис-саломнинг онаси учун бир сура айрилган, лекин Муҳаммад алайҳис-саломнинг онаси ҳақида бирор оят йўқ. Унинг ҳаётида улкан из қолдирган илк завжаси Хадича, амакиси ва ҳомийси Абу Толиб, вафотига қайғуриб кўз ёши қилган ўғли Иброҳим ва бошқа фарзандларининг вафоти Қуръонда тилга олинмайди. Бу мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Қуръоннинг манбасининг илоҳий эканлигининг бошқа бир исботи: Муҳаммад алайҳис-саломнинг билиши мумкин бўлмаган баъзи маълумотларнинг Қуръонда ўрин олиши бўлиб, масалан: Олам бўшлиғининг кенгайишини баён қилган Зориёт сураси 47-оят, Осмон ва ернинг бошланишда бир-бири билан тутишган ҳолатда эканлиги, кейин айрилганлиги ва ҳар нарсанинг сувдан яратилганлигини баён қилган Анбиё сураси 30-оят; Заминни тухумга ўхшатган Шамс сураси 6-оят; Шамолнинг ўсимликларни чанглаштирганлигини баён қилган Ҳижр сураси 22-оят; Булутларнинг ёмғирни қандай шаклландирганлигини тушунтирган Иброҳим сураси 20-оят бунга мисол бўла олади. Ундан бошқа ўтмишдан пайғамбарларга оид маълумотлар ва Рум сурасининг кириш қисмида Рим империясининг яқин келажакда Эрон Сосоний давлатини мағлуб қиладиганлиги ҳақидаги оятлар (Рум 30:2,5) бунга мисолдир.
Қуръоннинг манбаи илоҳий эканлигининг яна бошқа бир далили, инсоният тарихида кўрилмаган иймон ҳаракатларидан бирининг, Қуръон тарбиялаб чиққан оз сондаги кишилар орқали амалга ошганлигига тарихнинг шоҳид бўлиши бўлиб, Муҳаммадий чақириғи/даъватидан бир қанча аср ўтмай туриб ҳам, бу даъватга овоз қўшганлар яшаган жойнинг энг ғарбда Иберия ярим оролидан энг шарқда Индонезиягача, жанубда Цейлон ва Сомалидан шимолда Кавказ ва Сибиргача кенгайди. Исломнинг тарихий жиҳатдан мавжуд бўлиб туриши ва инсон ғалабасининг биринчи сабаби Қуръон – ваҳйдир. Бу жиҳатдан Қуръоннинг ваҳй бўлишининг қиёматгача ҳар кишига очиқ биринчи исботи, унинг инсонни ўзгартувчи таъсиридир. Қуръоннинг мухотаби устидаги таъсири билан унга иймон тўғридан алоқадордир. Кишининг Қуръонга иймони ошган сари, Қуръоннинг у шахс устидаги ўзгартувчи таъсири ҳам ошади.
Қуръоннинг сақланиши учун қандай тадбирлар олинган?
Нозил бўлган ваҳйнинг муҳофаза этилиши учун олинган илк тадбирлар қуйидагилардир:
1. Ваҳйнинг ёзма шаклда сақланиши:
Қуръоннинг илк нозил бўлгани оятлар орасидаги “У инсонга қалам ила таълим берди, инсон билмаганини унга билдирди” (Алақ 96:4-5) оятлари воситасида Муҳаммад алайҳис-саломга ваҳйни ёзма шаклда муҳофаза этишги ишорат этгандир. Айни ишоратни илк нозил бўлган суралардан бирида ўрин олган “Қаламга ва ёзганларига қасам” (Қалам 68:1) оятида ҳам кўрамиз.
Бу даврдаги араб маданияти ёзма эмас, оғзаки маданият эди. Пайғамбар алаҳис-салом бу ишоратни олгач, оғзаки маданият ёйилган Маккада янги бир ёзма маданиятнинг тамалини қўйгандир. Ваҳйни ёзма шаклда муҳофаза этиш учун 23 йил мобайнида қирққа яқин ваҳй котибини жалб этгандир. Шу маънода ваҳйни илк тўплаган киши Муҳаммад алайҳис-саломнинг шахсан ўзларидир. Вафот этгани кун, ваҳй котибларига ёздиргани ваҳйларнинг саҳифалар тўплами ётоқ бошида турарди.
2. Ваҳйнинг намоз билан сақланиши:
Қуръондаги илк нозил бўлган Алақ сурасида намоз зикр этилади (Алақ 96:10). Бу ҳам илк муминларнинг ҳаётида намознинг Қуръон ила айни ёшда эканини кўрсатади. Намоз Қуръонни ташувчи мақомидадир. Намозсиз Қуръон ўқимоқ амр этилган экан, Қуръонсиз намоз ўқимоқ йўқдир: “Қуръонсиз (Фотиҳасиз) намоз намоз бўлмайди” (Бухорий, Азон:95). Намоз ҳар бир муминга фарздир. Яъни намоз ўқиган ҳар бир мумин Қуръон ўқияжак. Бу ҳам Қуръоннинг намоз билан сақланиши демакдир. Жамоат билан ўқилган намозларда, Қуръонни Муҳаммад алайҳис-саломнинг оғзидан ёд олган кишилар сони оз эмасдир.
Қуръоннинг намоз билан сақланишининг иккинчи унсури, Мадинада жорий этила бошлаган жума намозларидир. Пайғамбар алайҳис-саломнинг Мадинада ўқигани хутбалар тақрибан 500тадир. Бу хутбаларнинг аксариятидаги мавзу Қуръондир. У зот ўз хутбаларида Қуръон ўқирди. Бу ҳам Қуръоннинг сақланишига дохилдир.
3. Ваҳйнинг ҳофиза билан сақланиши:
Илк муминлар, нозил бўлган ваҳйни, ҳали янги пайтидаёқ, қўлларида мавжуд нарсалар устига қайд этиб, ёд олганлар. Шу йўл билан баъзи саҳобалар ўз Мусҳафларини тузганлар. Пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳаётлик чоғида ўз мусҳафларини тузган 16 саҳоба исми мавжуд. Саҳобаларнинг қўлидаги ушбу шахсий қайдлар билан бугунги расмий Мусҳафнинг ички мазмуни айни, фақат суралар тартиби фарқлидир. Сураларнинг тартибланишида ҳар ким ўзига хос бир усул қўллагандир.
Қуръон ҳали пайғамбарнинг асҳоблари тарафидан бошдан охиригача ёд олинган бир китоб эди. Қуръонни бошдан охиригача ёд олишга “ҳифз”, бунинг фоилига “ҳофиз” дейилади. Қуръонни бошдан охиригача ёдлаш иши тарих бўйича кўпайиб давом этган, Қуръон тирик ҳофизлар воситасида 1400 йилдан бери наслдан наслга етказилгандир. Бугунги Ислом дунёсида ҳофизларнинг сони ҳеч муболағасиз миллионларни ташкил этади.
Илк нозил бўлган ояти “Ўқи!” амри билан бошланган Қуръонни ўқишга интилиш, мусулмон жамиятларда ўқиш нисбатини ўрта асрлар давомида бирор жамият билан қиёслаб бўлмайдиган даражада орттиргандир.
Қуръон ваҳйи кейинги наслларга қандай етиб келган?
Пайғамбар алайҳис-саломнинг вафотидан кейин, Али ибн Абу Толиб олти ой мобайнида дунёдан узлат этди. Бу даврда Қуръонни ваҳй котибларига ёздиргани саҳифалардан нусха олиб, ўзига бир мусҳаф қилиб олганди.
Абу Бакрнинг халифалик даврида, Пайғамбар алайҳис-саломнинг ёздирилган саҳифалар, муминларнинг қўлларидаги ёзма қайдлар ва ёд олганлари оятлар тўпланиб, икки гувоҳ тасдиғи билан бир китобга (Мусҳаф) жамланди. Усмон халифалиги даврида эса Зайд ибн Собит раҳбарлигидаги бир ҳайъат тарафидан суралар тартибланиб, бугунги шаклини олди. Усмон ибн Аффон бу нусхадан кўпайтирилган камида тўрт нусхани Ислом дунёсининг фарқли марказларига жўнатди.
Бугун дунёнинг турли диёрларида ҳижрий 1-асрга оид бўлиши эҳтимоли юқори бўлган, 14 аср муқаддам битилган мусҳафлар мавжуд. Булардан бири Йаманда, иккитаси Истанбулда, бири Қоҳирада, бири Санкт-Петербургда (Тошкент нусхаси, тўлиқ эмас), бири Лондондадир (тўлиқ эмас). Бу нусхалар бугун қўлда мавжуд бўлган Мусҳаф билан, баъзи имло фарқлари мустасно, айнидир. Бу имло фарқлари араб имлосида унли ҳарфларнинг ёзилмаслиги, унинг ўрнига кейинчалик ижод этилган ҳаракат (эъроб) системаси каби ўқишларга изн бериши ва котибларнинг ёндошув фарқлари каби сабаблар билан боғлиқдир. Мазкур имло фарқлари билан оятларнинг маъноси ўзгармагандир.
Оятларнинг ва сураларнинг бирор тартиби борми?
Икки хил тартиб мавжуд: 1. оятларнинг тартиби, 2. сураларнинг тартиби.
Оятларнинг тартиби Пайғамбар алайҳис-салом кўрсатмаси билан амалга оширилган. Қуръон оятлари нозил бўлиши билан, Пайғамбар алайҳис-салом бу оятларнинг мусҳафдаги ўрнини кўрсатар, ваҳй котиблари эса буни қайд этиб борардилар. Хусусан, бу оятларни намозларда ва жума намози хутбаларида ўқир, инсонлар сураларни ундан эшитиб ёд олардилар.
Сураларнинг тартибланиши ҳам ўз ичида икки турлидир:
1.Расмий тартиб. Бу тартиб бугун қўлларда мавжуд бўлган рамий Мусҳафдаги суралар тартибидир. Бу тартиб учинчи халифа Усмон ибн Аффон даврида илк Қуръон наслидан иборат ҳайъатга оиддир.
2.Нозил бўлишига кўра тартибланиш. Бундан тартиб Қуръон сураларининг нозил бўлиш хронологиясига асосланади. Саҳобаларнинг шахсий мусҳафларидаги хронологик тартиблашда фарқлар мавжуддир.
Мустафо Исломўғи
“Ислом нима?” китобидан
uzbekislam таҳририяти таржимаси
http://kemalyoldash.com/tag/islamoglu