biblical-mullahs
May 11, 2021

АҲЛИ КИТОБ МУЛЛАЛАР-5

3-БОБ: "АҚИДА" ВА ЎЛИМ ЖАЗОСИ

Ғарбдаги кўп телеканаллар мусулмон аёлларнинг рўмоли (ҳижоби) ҳақида баҳслар намойиш қилиб келади. Лекин бу бошни ўраш мавзусини муллалар Библиядан (1-Коринфликлар 11:5-6 бўлим) кўчириб олганини айтмайди. Бошни ўраш мавзуси Қуръон ва Пайғамбардан келган эмас. Бугун муллалар бошини ёпмаган аёлга нисбатан баттар дарғазаб ва куч ишлатишга ҳам тайёр. Ҳижобни китобимизнинг 17-бобида батафсил муҳокама қиламиз.

Ҳижобдан ташқари, муллаларнинг "шариат" деган қонунлари бор, шариатга кўра, диндан қайтганни қатл этиш керак, зино қилганни эса тошбўрон қилиб ўлдириш керак. Бу иккала ҳукм ҳам Библиядан кўчирилган.

Муллаларга ўзларининг Библия ва бошқа ғайри-Қуръоний ҳукмларини жамлаб, буни мусулмонларнинг ақидаси деб номлаган. "Ақида" (ибронийча ҳам ‘aqeedah’) - муллаларнинг Библиядан кўчириб олган яна бир тоқатсизлик намунаси. Ақида, Ислом олимларига кўра - "мусулмон инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуаси", мусулмон бу эътиқодларнинг ҳақиқат эканига асло шубҳа қилмаслиги керак.

Муллалар учун энг муҳими, мана шу "ақида" тўғри бўлса бас, уларнинг энг катта ташвиши мана шу. Улар доим "ақида" бузилиши ёки ўзгаришидан хавотирда, агар мабодо бу бузилиш/ўзгариш қўшниларнинг "ақида"си дастидан бўлса, ҳавотир яна-да ортади. Улар тўҳтовсиз қўшниларини айблайди, қўшнини айблаш уларга ёқади. Шиа ва сунний ўртасидаги абадий низони кўринг. Иккови ҳам зоҳирда ва тилда мусулмон, лекин бирининг ақидаси бошқасидан фарқли, мана шуни ҳар икки тараф ўлдириш учун етарли асос санайди.

Асл ҳақиқат шуки, Қуръон оятлари "Ақида" ҳақида, ёки ақида динга, имонга тааллуқли деган бирор гап айтмайди. Қуръон фақат ишониш - иймон ҳақида сўз юритади. Қуръонда ақида сўзи билан ўзакдош бир неча калима бор, масалан "ъуқда" (2:235 никоҳ боғлаш ҳақида), "ъақада" (4:33) мерос ҳақида), аммо имон масалаларини англатувчи АҚИДА деган калима йўқ. Ақида калимаси Библияда келади, (бу сафар иброний тилидаги Библиядан). Библиянинг Оксфорд тафсирида айтилишича, Ақида калимасининг маъноси "боғлаб турувчи, маъсулият юкловчи", ва Библиядаги Ибтидо бўлимига асосланади (Ибтидо 22:1-19). Унда Иброҳим пайғамбар Худо тарафидан синалгани ва ўғли Исҳоқни қурбон қилишга буюрилгани ҳикоя қилинади, ўшанда Иброҳим ўғли Исҳоқни сўйиш учун "боғлайди" ( https://www.bible.com/ru/bible/1730/GEN.22.UZB ).

Янги Аҳд эса бу "боғлаш"га, яъни Ақидага қурбонлик учун ўғлини сўйиш мисоли деб эмас, балки "имон" намунаси сифатида қарайди.

"Имони туфайли ўғли Исҳоқни қурбонликка олиб борди. Гарчи Худо унга: “Мен сенга ваъда қилган наслинг Исҳоқ орқали келиб чиқади", — деб ваъда берган бўлса– да, у ягона ўғлини қурбонлик қилишга тайёр эди". (Ибронийлар 11:17-18)
"Шу сабабдан, Худонинг ваъдаси Унинг иноятига боғлиқ бўлиб, фақат имон билан қабул қилинади. Иброҳимнинг имонидай имонга эга бўлганларнинг ҳаммаси қонунга амал қилиб яшайдими, йўқми, унинг зурриёти ҳисобланади. Худонинг ваъдаси албатта уларга ҳам дахлдордир. Ахир, Иброҳим ҳаммамизнинг отамиздир". (Римликлар 4:16)

Суннийлар милодий тўққизинчи асргача дунёда йўқ эди. Бошқача айтганда, 9 асрдан бери диний манбалардаги "Ақида" калимасининг барчаси, фақат Библияда мавжуд ибронийча "Ақида" ҳақида сўз юритади, яъни, суннийликдаги "ақида" деган тушунча Библиядан кўчирма. Муллалар шаръий ҳукмларида "Ҳудуд" деган жазо тизимини ҳам киритган, диндан қайтганларни қатл этиш шу жазоларда келади. Қуръон оятларида эса диндан қайтганга ҲЕЧ ҚАНДАЙ жазо буюрилмаган:

"Албатта, иймон келтириб сўнг имондан қайтганлар, сўнг яна иймон келтирган ва яна кофир бўлган ва куфрни зиёда қилганлар, уларни Аллоҳ на мағфират қилур, на ҳидоят". (4:137).

Демак, ҳар бир инсон яшаш ва ҳеч қандай таъқибсиз ҳолда динга кириш ёки чиқиш ҳаққига эга бўлиши керак. Кимки иймон келтирса, демак ҳидоят топибди. Агар иймон келтирмаса, Аллоҳ уни ҳидоят қилмабди. Қуръоннинг ўргатгани мана шу эди. Муртадга дунёда белгиланган бирор жазо йўқ. Муртадни ўлдириш керак, деган муллалар ақидаси, юзйиллар мобайнида кўплаб қон тўкиш ва урушлар келтириб чиқарди. Бу ақида ҳам аслида Библиядан кўчирилган.

"Фалончининг ақидаси хато, демак кофир, моли-жони ва қони ҳалол!", кўплаб муллаларнинг чиқарган фатвоси шунақа. Бугунгача Саудия Арабистони (ваҳҳобийлик), Эрон (шиалик) ва Покистон (ҳанафий суннийлик) каби мамлакатларда, мабодо уларнинг расмий ақидасини қабул қилмасанг, қамоққа олишлари, жарима солишлари ёки ундан-да ёмон муомала қилишлари мумкин.

Саудияда шиалар камситилади. Покистонда вақти-вақти билан суннийлар шиаларни отиб ўлдиради ва аксинча. Ироқда ҳозир иқтидор шиалар қўлида. Ва Исломни тарк этиб, дейлик насронийликка, ҳиндуизмга ёки бошқа бирор динга ўтган ҳар қандай мусулмон, муртад дея қатл этилиши мумкин. Бу қатл ақидаси ҳам Библиядан олинган ва Пайғамбар суннати дея диний китобларга киритилган.

Библиядан иқтибослар: "Мен, Эгангизга шак келтирган одамнинг жазоси ўлимдир. Бутун жамоа уни тошбўрон қилсин. Ўша шаккок ким бўлишидан қатъий назар, мусофир бўладими ёки Исроил халқиданми, ўлдирилсин". (Левилар 24:16)
"Энди менинг шоҳ бўлишимни истамаган душманларимга келсак, уларни шу ерга олиб келиб, кўз олдимда қатл қилинглар". (Луқо 19:27)
"Эгангиз Худо сизни Миср юртидан олиб чиққан, Мисрдаги қулликдан озод қилган. Ўша пайғамбар ёки туш таъбирловчи эса сизни Худойингиздан юз ўгиртиришга ҳаракат қилди. Эгангиз Худо амр қилган йўлдан сизни оздирмоқчи бўлди. Шунинг учун уни ўлдиринглар. Орангиздан ёмонликни йўқ қилинглар". (Қонунлар 13:5)
"Ҳатто ака–укангиз ёки ўғлингиз, қизингиз, севикли хотинингиз ё жонажон дўстингиз сизни яширинча ўзингиз билмаган, ота–боболарингиз ҳам билмаган бегона Худоларга сажда қилишга ундаши мумкин. Атрофингизда яшаётган узоқ–яқиндаги, ернинг бу четидан нариги четигача ўрнашган халқларнинг худоларига сиғинишга ундаши мумкин. Аммо сизлар рози бўлманглар. Бундай одамга қулоқ солманглар, унга раҳм–шафқат қилманглар, унинг ёнини олманглар. Уни ўлдиринглар. Биринчи бўлиб сен, кейин бутун халқ унга тош отинглар. Уни тошбўрон қилиб ўлдиринглар. Чунки у сизларни Мисрдаги қулликдан олиб чиққан Эгангиз Худодан юз ўгиришга ундади". (Қонунлар 13:6-10)

Библияда Раббнинг номига куфр келтирганлар, "фитначилар", бошқа худоларга ибодат қилишингизни истовчилар ҳаммаси ўлимга маҳкум. Худди шу гапни муллалар ҳам айтади. Айнан нималар куфр, ва айнан кимлар фитначи ёки айнан кимлар қатл этилиши ё авф этилиши керак? Бунга қарор берувчилар - муллаларнинг ўзлари. Агар сиз уларнинг "ақида"сидан бўлмасангиз, муртад тамғасини илиб, қатл эттиришлари осонлашади. Бу ҳеч қанақа Ислом таълимоти эмас. Исломнинг таълимоти очиқ-ойдин Қуръонда турибди:

"Албатта, иймон келтириб сўнг имондан қайтганлар, сўнг яна иймон келтирган ва яна кофир бўлган ва куфрни зиёда қилганлар, уларни Аллоҳ на мағфират қилур, на ҳидоят". (4:137)

Қуръон диндан қайтишни айбламайди, аксинча Қуръон барчага иймон ёки куфрни танлашда бирдек эркинлик беради. Бу тўлиғича шахсий ва ҳур танлов. Қуръоннинг ҳеч бир оятида диндан чиққанни жазолаш буюрилган эмас. Албатта муллаларнинг муртадни қатли вожиб деган гапи ҳам Қуръондан эмас. Зино қилганни тошбўрон қилиб ўлдириш рецепти ҳам Библиядан кўчирма. Кимнидир нима учундир тошбўрон қилиб ўлдириш кўрсатмаси на Қуръонда бор, на Исломда.

Мана Библиядаги ўша кўчирмалар: "Агар бирон қиз унаштирилган бўлса–ю, шаҳарда бирортаси ўша қизни учратиб қолиб, у билан ётса, икковини ҳам ўша шаҳарнинг дарвозаси олдига олиб келишсин. Қиз шаҳарда бўла туриб, бақирмагани учун жазолансин. Эркак эса бировнинг хотинини шарманда қилгани учун жазолансин. Икковини ҳам тошбўрон қилиб ўлдиринг. Шу тариқа орангиздан ёмонликни йўқ қилинг". (Қонунлар 22:23-24)
"Агар эркак қўшнисининг хотини билан зино қилса, иккови ҳам ўлдирилсин".(Левилар 20:10)

Бухорий ҳадис тўпламида, Умар ибн Хаттобга нисбат қилинган хутбани кўрамиз: "Албатта, Аллоҳ Муҳаммадни ҳақ билан юборди ва унга китоб нозил қилди. Унга келган ваҳйлардан бири ражм (тошбўрон) ояти эди. Биз уни ўқирдик ва англардик. Расулуллоҳ тошбўрон қиларди, ундан кейин биз ҳам тошбўрон қилардик. Мен қўрқаманки, бир пайтлар келиб, кимдир: "Аллоҳга қасамки, биз Аллоҳнинг китобида тошбўрон қилиш оятини топмаймиз", деб айтиши мумкин. Тошбўрон қилиб ўлдириш Аллоҳнинг китобида бор. Зино қилган ёки никоҳсиз ҳомиладор бўлган бўлса, зарур гувоҳлар бор бўлса, бундай киши учун Ражм тўғри жазодир". (Бухорий 8-ж., 209-210-с.)

"Ражм" (тошбўрон қилиб ўлдириш) ва "Разоъ-Кабир" (катта кишиларни бирор аёл эмизса, унинг маҳрамига айланиши) оятлари тушган эди, бир парчага ёзилган ва ётоғим остида эди. Пайғамбаримиз вафотидан сўнг, биз дафн билан банд эканимизда, бир эчки келиб еб кетди". (Сунан Ибн Можа 2-ж., Муснад Аҳмад 6-ж. ва Таъвил Мухталиф ал-Ҳадис 3-ж.)

Бу ҳадисни муллалар одатда яширади. Гўёки тошбўрон қилиб ўлдириш буюрилган оятни ҳақиқатан нозил бўлган-у, бир эчки еб кетгач бекор бўлганига ишонтирчи бўлишади бу ривоят билан. Бу ривоят ҳатто шарҳлашга ҳам арзимайдиган эртак, очиқ-ойдин уйдирма. Мабодо тошбўрон ҳақидаги оят, битта эчки томонидан еб кетилган, бекор қилинган бўлса, нега унда юзйиллардан буён одамларни тошбўрон қилиб ўлдиришда давом этаяпсиз? Бу зоний/зонияни ўлдириш ёки тошбўрон қилиш Қуръоннинг ҳеч бир жойида йўқ. Зино қилганлар ҳақида Қуръондаги ҳукм қуйидагича:

"Зинокор аёл ва зинокор эркак, уларнинг ҳар бирининг жазоси юз жалда. Агар Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз, Аллоҳнинг ҳукмида уларга ачиниш ҳисси тутмасин сизни. Уларнинг жазоланишида, мўминлардан бир гуруҳ гувоҳ бўлсин". (24:2)

Қуръонда тошбўрон жазоси йўқ. Фақат Библияда ва муллалар уйдирган сохта ҳадисларда зинокор эркак ва зинокор аёл ўлгунча тошбўрон қилиниши шарт. Ўлгунча тошбўрон қилиш муллалар тарафидан Қуръонга, Пайғамбарга ва Исломга қарши қилинган энг катта туҳматлардан биридир. Аслида, одамларни тошбўрон қилиш ҳаракати Қуръонда беш ўринда зикр этилган, аммо беш оятнинг барчаси - кофир ёки мушриклар одати сифатида келади. Қуйида ушбу оятларни келтирдим:

26:116 - Нуҳ пайғамбар мушриклар томонидан тошбўрон қилиш билан таҳдид қилинади.
19:46 - Иброҳим пайғамбарнинг бутпараст отаси уни тошбўрон қилиш билан таҳдид қилади.
18:20 - Ғор соҳиблари мушриклар томонидан тошбўрон қилинишдан қўрқади.
36:18 - Уч Пайғамбар мушриклар томонидан тошбўрон қилиш билан таҳдид қилинади.
11:91 - Шуайб пайғамбар мушриклар томонидан тошбўрон қилиш билан таҳдид қилинади.

Қуръонга кўра, тошбўрон қилишни истовчилар фақат кофирлар ёки мушриклар бўлган. Одамларни тошбўрон қилиш Ислом томонидан эмас, аксинча Ислом душманлари тарафидан жорий этилган жазо туридир. Ва Қуръондан ушбу оятда, қулликда тутилган ёки фақирлик асираси ҳолатига тушган, ва ортидан зино содир этган аёллар (ҳатто турмуши бўла туриб ҳам) учун жазо, ҳур ва мустақил аёлларга бериладиган жазонинг ярим мисли экани айтилади:

"Сизлардан ким ҳур мўминаларни никоҳига олишга қодир бўлмаса, қўл остингизда бўлган мўмина чўрилардан бирига уйлансин. Аллоҳ иймонларингизни яхши билади. Сизлар ўзаро бир-бирингиздансиз. Улардан ўзини сақлаган, зино қилмаган ва махфий ўйнаш тутмаган аёлларини аҳлининг изни билан никоҳланг ва муносиб бўлган ажрини беринг. Эрга теккач, фаҳш ишлар қилса, уларга ҳур аёлларга бериладиган жазонинг ярми тайинланади. Бу бузилиб кетишдан қўрққанлар учун, сабрли бўлишингиз ўзингиз учун яхшироқдир. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмдил Зот". (4:25)

Агар уларнинг жазоси, ҳур аёлларнинг ярмичалик бўлса, улар зино қилса қанақа "ярим ражм" қиласиз, эй муллалар?