Қуръон илк нималарга “ЙЎҚ!” деган?
Қуръон нузул тартибига кўра илк “ЙЎҚ! ” (Каллаа!) ёки айни маънода “Билъакс, йўқ, ундай эмас” (Бал) дея нималарга айтилган экан, ажабо…
Бу ўта муҳим. Чунки илк нимага ЙЎҚ дейилган бўлса, асосий эътироз ҳам шунгадир, ва энг катта муаммо ҳам ўшадир.
Қуръон нузул тартибига кўра тақрибан илк 40 сура бўйича “ЙЎҚ!” дейилган оятларни тасбит этдим. Сура ичидаги такрорларни ҳам қўшиб санасак, бу 20 сурадан кўпроқ бўлади.
Илк месажларданоқ бамисоли бор кучи ила ҳайқирар бу эътироз ва ЙЎҚ! саслари юксалур бу оятларда…
Мазкур оятларни бирма-бир тизиб чиқдим, ва ҳар бирига қисқа изоҳ ёзган бўлдим. Кўринг, булар нелар эмиш…
1. Бойлик ва Туғён
“ЙЎҚ! Дарҳақиқат инсон туғёнга тушар/ҳаддидан ошар
Ўзини бой/беҳожат санаш билан.
Албатта қайтиш — ёлғиз Раббинггадир!
Кўрдингми, банда Солат қилганида, уни тўсадиганни/қайтарадиганни?!” (Алақ:6-14)“ЙЎҚ! Агар у тўхтамаса, албатта Биз унинг пешона сочидан тутамиз —
Ёлғончи, хатокор пешона сочидан!
Бас, чақирсин жамоасини!
Биз ҳам чақирамиз забонийларни!” (Алақ:15-19)
Кўриб турганингиздек, Қуръоннинг нузул тартибига кўра илк сура – “Алақ” сураси бойлик билан туғён орасида боғлиқлик қуриш билан ва буларга қарши кетма-кет “ЙЎҚ!” (كَلَّا ) эътирозлари билан бошланмоқда. Қуръон аввалбошданоқ инсоният дардининг томирига, башарият муаммосининг илдизига – “бойлик ва ҳаддан ошишга” қаратади эътиборимизни. Бунинг сабаби шундаки, кейинроқ нозил бўлажак оятлардаги “тепадагилар” зикри, ҳаддан ошишнинг ушбу босқичларини очиб беради: Мол тўплаган (Мустағний) бойлиги билан ҳаддан ошади (Туғён), бойлигига суяниб кибрланади (Мустакбир), бошқаларга буйруқ ва таъқиқлар қўйиб, ҳақларни поймол этади (Золим), мол ва мулкини илоҳ қилади (Мушрик), ҳукмронлик ва истибдодга ёлтоқланади (Жабаррут), ортиқча баҳо беради, алдайди ва алданади (Ғарур), инкор этади (Мункир), йўқ санайди (Мулҳид).
Демакки, “Туғён”, кишининг “мулкини” ўзига етарли кўриши (Мустағний) ва ортидан бу мулкка (яъни мол ва иқтидор кучига )таяниб буйруқ ва қайтариқлар (амр ва наҳй) қўя бошлайди, бунга – жамиятда мол ва иқтидор эгаларининг (тепадагиларнинг) ҳалқ (пастдагилар) устида ўрнатгани “гегемония” деймиз. Абу Жаҳлнинг шахсида англатилмоқ исталган бойларнинг мустағнийлашиб, халқ устидан қонунлар (буйруқ ва қайтариқлар) ўйлаб чиқаришга уриниши ва шу орқали ҳаддидан ошиши (туғён) – ижтимоий муаммоларнинг энг тамалини ташкил этади.
Эътибор беринг! Мустағнийларга ва буларнинг туғён ва гегемониясига “ЙЎҚ!” (كَلَّا ) дея бошланмоқда Аллоҳнинг Китоби.
2. Олигарх
“Мен биттаю-битта/ёлғиз Ўзим яратганим кимсани Менга қўйиб бер!
Мен унга кенг/мўл мол-давлат ва ҳозир-нозир ўғиллар бергандим.
Унинг учун кенгликни яна-да кенгайтиргандим.
Кейин эса у яна зиёда қилишимни тамаъ қилар.
ЙЎҚ! У бизнинг оятларга қарши бўлди қайсар”.
(Муддассир:11-14)
Ривоятларга кўра, бу оятларда зикр этилган шахс Макка мушрикларининг катталаридан судхўр Валид ибн Муғийра эди. Беҳисоб бойликлари бор эди. Маккадан Тоифга қадар узайган, туя, от ва қўй сурувлари, Тоифнинг боғу-роғлари, унумдор ерлари, катта миқдорда олтин-кумушлари, ўзи ҳам аниқ ҳисобини билмас даражада улкан бойлиги бор эди. Шунинг учун унга Валид ибн Муғийра ал-Ваҳийд (мол-мулкида ягона, тенги ва ўхшаши йўқ Муғийра ўғли Валид) дейишарди (Розий, Қуртубий, Табарий ривоятлари).
Бугунги таъбир билан айтганда, у бир Олигарх эди. Шунинг учун “Шаҳарнинг биттаю-битта бойи” дея тилга олинишига назира ўлароқ оятда “Биттаю-битта яратганим кимса” дейилмоқда.
Кенг ва мўл мол-мулк(Молан мамдудан), хизматида ҳозиру-нозир ўғиллар (Банина шуҳудан), унга тобора кенгайиб борувчи шарт-шароит ва неъматлар (Маҳҳадту лаҳу тамҳидан) ифодалари, шаҳарнинг бу тенгсиз/биттаю-битта дея тилга олинадиган энг катта бойини тасвирламоқда. Бу билан Аллоҳ таоло шаҳарнинг энг катта бойини нишонга олиб, ҳадаф тахтасига чиқариб, “Мана шундан бошлайсиз ишни” демоқдадир…
Эътибор беринг! Шаҳарнинг энг катта бойига “ЙЎҚ!” (كَلَّا ) дея бошлангандир бу Китоб.
3. Риёкор художўйлар
“ЙЎҚ!, Гувоҳ бўлсинки Ой,
Ва ўтиб кетаётган Кеча,
Ва ёришиб келаётган Тонг,
Дарҳақиқат, бу — энг улканлардан —
Инсонлар учун бир огоҳлантиришдир,
Сизлардан илгариловчи ёки ортда қолувчилар учун.
Ҳар бир жон ўзи касб қилганининг асиридир.
Фақат яхшиликни танловчилар мустасно —
Улар жаннатларда, ўзаро савол қилгайлар
Жиноятчилар ҳақида:
“Сизларни нима Сақарга элтди?”
Дедилар: “Биз мусоллий эмасдик,
Мискинни тўйдирмасдик,
Шўнғигувчилар билан бирга шўнғир эдик.
Жазо кунини ёлғон дер эдик,
То бизга ўлим ҳақиқати келгунича”.
(Муддассир:32-47)
“Биз мусоллий эмасдик, Мискинни тўйдирмасдик” ояти, бир муддат сўнгра нозил бўладиган Моъун сураси билан бирга тушунилмоғи лозим. У ҳолда қуйидаги маъно чиқади: “Биз аслида мусоллий эдиг-у (солат, намоз ўқирдик ва бошқа диний ритуалларни адо этардик), аммо бу ибодатлар мискинни тўйдиришга ташвиқ этмайдиган амаллар эди. Шунинг учун ҳам солатимиз қабул этилмабди ва мана юзимизга урилди, гўё ҳеч солат қилмагандай ҳолатда қолдик”.
Зеро мушриклар Каъба кисвасини алмаштиришга, ҳожиларга сув таратишга, ичидаги бутлар билан бирга Каъба атрофида айланишга, қарсаклар, хуштаклар, бир нарсалар ўқиш (қироат), эгилишлар (рукуъ), ерга ётиб-туриш (қиём ва сажда) каби ритуалларни адо этардилар ва буларни адо этганлар “мусоллий” дейиларди.
“Вой ҳолига ўша мусоллийларнинг, ки мискинни тўйдирмаслар, етимни хўр кўрурлар. Уларнинг қилгани солат бекорга, риё учундир” оятларининг маъноси энди тушунарли бўлса керак.
Эътибор беринг! Солат билан Мискинни тўйдириш (камбағал билан бирга бўлиш) ташвиқи орасини айирувчи художўйларга “ЙЎҚ!” (كَلَّا ) дея бошланмоқда бу Китоб.
4. Тенгсизлик
“Нега улар бу Эслатмадан юз ўгирмоқдалар,
Худди ёввойи эшаклар
Арслондан қочгани каби?!
Улардан ҳар бири ўзига очиқ саҳифалар берилишини истар!
ЙЎҚ! Улар охиратдан хавфсирамаслар.
ЙЎҚ! Дарҳақиқат бу — бир Эслатмадир.
Бас, истаган ундан эслатма-ибрат олур.
Улар эслатма-ибрат олмаслар, токи Аллоҳ хоҳламагунча/лойиқ кўрмагунча, зеро тақво қилинишга ва мағфират қилишга энг лойиқ Удир”.
(Муддассир:49-56)
Аввалроқ нозил бўлган “Кофирлар бу Эслатмани эшитгани пайт сени кўзлари билан йиқитаёзурлар” (Қалам:51) дейилгани каби, бу оятда ҳам Эслатма (Зикр – Қуръон) қаршисида “Худди арслондан қочган ёввойи эшаклар” ташбеҳи ишлатилмоқда.
Аллоҳга ишонамиз дея тақвосиз, намоз ва бошқа диний ритуалларни адо этиш, ҳожиларга сув таратиш, Каъба кисвасини алмаштириш ва атрофида айланиш (тавоф қилиш), “кенг ва мўл мол-мулк”, “хизматида ҳозиру-нозир ўғиллар” ва “тобора кенгайиб борувчи шарт-шароит ва неъматлар” соҳиби бўла туриб, “ҳалиям кўзи тўймаган, ва яна зиёда бўлишини тамаъ қиладиган” бир зеҳният қайси эслатма (зикр) сабабли арслондан қочган ёввойи эшак ҳолига тушаркин? Қайси эслатмани эшитганида, ҳар гал худди кўзлари билан йиқитадигандай қараш қиларкин? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?..
Ривоятларга кўра, Макка мушриклари шундай дерди: “Ҳар биримизга осмондан, тепасига “Фалончи ўғли фалончига Раббил-Оламийндан” дейилган ва мазмунан “Муҳаммаднинг айтганларига тобеъ бўлинг” дейилган бир мактуб, саҳифа ёки китоб келмагунча, ишонмаймиз” (Розий, Ибн Касир ва Қуртубий ривоятлари). “Улардан ҳар бири ўзига очиқ саҳифалар берилишини истар!” ифодасидан мана шу иддао муроддир.
Бу оятда, мол ва ўғиллар (бойлик, мол-мулк, обрў-эътибор, иқтидор ва нуфуз) эгаси бўлган кишининг мутакаббир моҳияти акс эттирилмоқда. Кўряпсизми, ўзига Аллоҳ ҳузуридан шахсий таклифнома истамоқда! “Тенглик” деган тушунчани асло қабул этмайдиган, унга ҳеч яқин келмайдиган ва ҳамма қатори бир мухотаб бўлмоқ истамайди! Гўёки Аллоҳдан ўз номига ёзилган шахсий эслатма (Зикр) келса, “арслондан қочган ёввойи эшак” каби бўлмайди. Нақадар таниш баҳоналар, шундай эмасми?
Эътибор беринг! Ўзига шахсий таклифнома истаганлар, тенглик ўлчовига яқинлашмайдиган, балки тенгсизликни ўзининг хусусий имтиёзи ҳолига келтирган мутакаббирларга, қуллигининг эслатилмасини эшитиши билан худди арслондан қочган ёввойи эшакка айланадиган нусхаларга “ЙЎҚ!” (كَلَّا ) дея бошланади бу Китоб!
5. Дин тужжорлиги
“ЙЎҚ! Гувоҳ бўлсин —
яшириниб, ғойиб бўлгувчи,
тез ўтиб яширингувчи,
ўз зулмати билан келиб-кетаётган кеча
ва отаётган тонг —
Шак-шубҳасиз бу ишончли элчининг сўзидир,
у — қувватли, Арш соҳиби наздида макон-мартабали,
у жойда итоат этилгувчи.
Сизларнинг соҳибингиз мажнун эмасдир/ақлдан озгани йўқ.
Дарҳақиқат, уни очиқ уфқда кўрди.
У ғайбга бахил эмасдир.
Ва бу — қувилган шайтоннинг сўзи эмасдир”
(Таквир:15-25)
Яъни: Қирқ йилдир орангизда яшаб келган, сизлар билан қон-қардош бўлган Муҳаммаднинг Аллоҳ наздида ва орангизда ҳурматга сазовор бир ахлоқи бордир, тўғри-дуруст характерли, сўзи мўътабар, ишончли, ал-Амийн лақабига лойиқ шахсиятдир. Буни сизлар ҳам жуда яхши биласиз. Шундай экан, қандай қилиб уни ақлдан озган, жинлардан хабар келтираётган мажнун дея оласиз?
Муҳаммад ваҳийлар оляпти (ғайбдан хабар беряпти), аммо унинг бошқа ғайбдан хабар берувчилардан (коҳин, фолбин ва башоратчилардан) фарқи шундаки, бу хабарларни ўзида яширмайди. Барчасини ҳаммага очиқ ифода этади, ва бунинг учун ҳеч қандай эваз олмайди. Ваҳий, ғайбни хабар бериш – унинг даромад манбаи, бойлик орттириш воситаси эмас. У дин тужжори, роҳиб ёки дин пешвоси ҳам эмас. Аллоҳдан олгани нимаики хабар бўлса, уни ўзгартирмасдан айтаётган виждон сасидир у!
Эътибор беринг! Ғайб илми дея СОХТА ДИН уйдириб, уни ўз монополиясида тутадиган ва буни даромад манбаига айлантирадиган дин пешволари, дин тужжорлари, роҳиблар, коҳинлар, башоратчи ва фолбинларга “ЙЎҚ!” (كَلَّا ) дея бошланади бу Китоб.
6. Қашшоқлаштириш сиёсати
“ЙЎҚ!
Сиз ҳимоясиз бечорани менсимайсиз.
Очларни тўйдиришга ҳеч чорламайсиз.
Меҳнатсиз даромадни ейсиз тўймасдан.
Молни ўта севасиз, йиғғанча севинасиз”.
(Фажр:17-20)
Демак, асл масала Аллоҳга ишониш, намоз ўқиш, рўза тутиш, тавоф этиш ва ҳоказо амаллар эмас, чунки буларнинг барчаси мушрикларда бор эди.
Асл масала бутунлай бошқа – аввало бир тоифани ижтимоий ҳимоядан маҳрум этиш, сўнгра жамиятда қашшоқликни сунъий тарзда кучайтириш, сўнгра бу қашшоқлик ва ижтимоий ҳимоясизликни бир синфнинг даромад манбаига айлантириш – инсониятнинг асл муаммоси ва ўтмишдаги қавмларнинг ҳалок бўлиш сабаблари мана шулар эди.
Илк нозил бўлган “Алақ” сурасидаги “ЙЎҚ! Дарҳақиқат инсон туғёнга тушар/ҳаддидан ошар, Ўзини бой/беҳожат санаши билан” эътирози кейинроқ нозил бўлган суралардаги “ЙЎҚ!”лар орқали қандай тафсир этилишини кўряпсизми?
Эътибор беринг! Ҳимоясиз бева-бечорани ҳақирловчи, очни тўйғизмайдиган, моли-давлатга ўч, уни кўпайгунча яна-да севинадиган синфга қарата “ЙЎҚ!” (كَلَّا ) дея бошланади бу Китоб.
7. Ислоҳ сайъ-ҳаракатлари асло зое кетмас
“ЙЎҚ! Ер юзи кетма-кет тебраниб парча-парча бўлганида,
Раббинг ва малаклар саф-саф келганида,
Ўша кун жаҳаннам келтирилажак.
Инсон мана бу кун эслар, аммо бу эслашдан не фойда?
Деяжак ки “Кошкийди, умримни бекорга ўтказмасайдим”…
Бугун унинг тортгани азобни ҳеч ким тортмас.
Унинг боғлангани каби ҳеч ким боғланмас.
Эй виждони татмин бўлган киши!
Раббингга қайт, сен Ундан, У сенден рози бўлган ҳолда.
Кир қулларим орасига.
Кир жаннатимга!”
(Фажр:21-30)
Бу ердаги эслаш (Зикр) бир неча сура муқаддам (Муддассир) зикр этилган шаҳарнинг мол ва иқтидор эгаларининг эшитганида “сени кўзлари билан йиқитаёзган” ва “арслондан қочган ёввойи эшак” ҳолига тушган эслаш (Зикр) эди. Улар кетма-кет тебраниб йикилажак ва ёман бир ҳисобнинг панжасига тушажак, бу ҳақда огоҳлантирилмоқда. Бу саҳна айни пайтда ижтимоий бир тўнтариш сари уларни ерларидан юлиб улоқтиражак (инқилоб) лаҳзани ҳам тасвирламоқда – бу йллар сўнгра Макканинг Фатҳи куни рўёбга чиқажакдир.
Виждони татмин бўлган шахсият (нафсу-л-мутмаинна) бу кунда, сурада кўзланган мақсадни, сура бутунлигида ундан талаб этилган вазифани амалга оширган кишидир. Яъни Қуръонда давомли урғуланадиган “молидан бериш орқали ўзини поклаган (тезкия)”, “бечоранинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилган”, “очни тўйдиришга ташвиқ этган”, “меҳнатсиз даромад хасталигига чалинмаган”, “молни ва уни жамлашга муккасидан тушмаган” кишидир.
Эътибор беринг! Фисқу-фасод ва жиноятларга бўғилиб, ўз-ўзини ҳалокат сари судраган инсоният орасида, Аллоҳнинг инфоқ ва ислоҳ каби амрларини қабул қилиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш йўлида умрини фидо этган покиза инсонларни қутқариши, уларга бу дунёдаёқ жаннат ҳаётини беришини эълон этмоқдадир.
8. Такосур – кўпайтириш пойгаси
Кўпайтириш пойгаси сизларни машғул этар,
То қабрлар меҳмони бўлгунингизга қадар.
ЙЎҚ! Яқинда билиб олаcизлар,
Яна бир бор ЙЎҚ! Яқинда билиб олаcизлар.
ЙЎҚ! Теран бир басират-ла кўра олсайдингиз,
Жаҳаннамни кўрардингиз,
Яқинда уни ўз кўзингиз билан кўрасизлар,
Сўнгра ҳар бир неъматдан сўроққа тутиласизлар.
(Такосур:1-8)
Кўриниб турганидек, бу оятлар бирор иқтисодий-сиёсий танқиддан кўра кўпроқ психо-метафизик танқидлар келтирмоқда, иқтисодий-сиёсий тизимнинг инсон зеҳнидаги, унинг нафси ва ҳирсидаги илдизларига қадар инмоқда. Чунки инсон зеҳни, нафси ва ҳирсидаги илдизларга боғланмаган ҳеч бир система оёқда туролмайди. Маккий оятларнинг муштарак хусусияти мана шудир. Мадинага келиб, кўпроқ ижтимоий тизим ваъзлари ва қонун-қоидалар бошланади. Аммо ишнинг аввало инсон психологиясидаги илдизларига иниб, ва у ерни қуритмоқ лозим бўлгани сабабли ҳам бу ердан бошланади. Ахир оламшумул ўзгариш иддаосига эга динлардан кутилгани ҳам шу эмасми?
Капитализм оталаридан Адам Смит 1776 йили ёзгани “Миллатларнинг Бойлиги” номли китобда Капитализмнинг инсон психологиясидаги илдизлари Эгоизм ва Очкўзлик эканини таъкидлайди. Бунинг қанчалар ахлоқан бир тубанликдай туюлса-да, ижтимоий ва иқтисодий манфаатлар жиҳатидан мусбат омил эканини, яъни одамларнинг мол кўпайтириш ҳирсида очкўзларча елиб-югуриши ортидан бозор жонланади ва иқтисодий ўсишга эришилади, дейди.
Модомики Капитализмнинг инсон зеҳни, нафси ва ҳирсидаги илдизлари бу экан, у ҳолда, ишни аввало мана шундан бошлаш керак бўлади. Бунинг учун капитализмга қарши ягона дори, Такосур сурасидаги каби аввало ижтимоий-иқтисодий тизимнинг психо-метафизик танқидидир. Бу борада лоқайд бўлган, ҳатто бу мавзуда етарлича интеллектуал ва мафкуравий қуролга эга бўлмаган Марксизм тарихий мағлубиятга учради. Аммо Маркснинг иқтисодий-сиёсий таҳлил ва танқиди жамиятни эҳё этиш жиҳатидан ижобий бир қадам дейишга лойиқдир.
Эътибор беринг! Такосур (бойлик орттириш пойгаси) жазавасига тушган нафс ва ҳирс қулларига такрор ва такрор “ЙЎҚ!” (كَلَّا ) дея бошланади бу Китоб.
9. Камбағални таҳқирлаш
ЙЎҚ! Бу тафаккур қилишга чақиргувчи бир ўгит холос,
Кимда истак бўлса, ўйланиб ўгит олур,
Қадрли саҳифалардадир ушбу чақириқ, устун, покиза саҳифаларда…
Элчиларнинг қўллари ила ҳар ёнга ёйилур, ҳурматли элчиларнинг…
Ҳалок бўлгур инсон бунчалар ҳам нонкўр…
Ҳеч ўйлаб кўрмайдими, нимадан яратилур?
Аллоҳ бир томчи сувдан яратур инсонни, сўнгра табиатин белгилар.
Сўнгра юражаги йўлни қулайлаштирар.
Сўнгида ўлим бордир, қабрга қўяр.
Вақти-соати келиб, уни тирилтириб чиқарар!
(Абаса:11-22)
Мустағнийлар (яъни бойлигини ҳар нарсага етарли дея сановчи шаҳар пешволари) мажлисга бир камбағал ва кўзлари ожиз одам келди дея, қош чимириб юз ўгирганида, уларнинг бу феъллари танқид қилинмоқда ва шу билан барча мустағнийларга дарс моҳиятида “ўлим ва қабр” эсга солинмоқда.
Ва дейилмоқчики, “Булар дунёда камбағал билан бир мажлисда ўтиришдан, улар билан тенг бўлишдан қочсалар-да, “энг буюк тенгловчи – ўлимдан” қочолмайдилар, қабрга кирмоқдан қутулолмайдилар. Чунки дунёда бир мажлисда ўтиришни истамагани камбағал билан қабрда айни тупроқ тагида ёнма-ён ётажак, теппа-тенг қилиб қўяди. Мана шу пайт “бир мажлисда бирга бўлажаклардир”, аммо кеч…
10. Мулк монополияси
ЙЎҚ! Ҳақиқат шуки (инсон),
Унинг амрини ҳеч бажо келтирмади.
Инсон бир назар солсин егуликларига,
Сувни қандайин мўл ёғдирмоқдамиз,
Сўнгра тупроқни ёрмоқдамиз.
Ва унда қандай ҳосиллар етиштирмоқдамиз?
Унда дон-дун, узум ва кўклар, зайтун ва ҳурмолар, қуюқ дарахтзор боғлар, мева-чева, ўт-ўланларни битирмоқдамиз…
Буларнинг барчаси фақат сизнинг ва ҳайвонларингизнинг манфаати, фойдаланиши учун…
(Абаса:23-32)
Мустағнийларга ўз интиҳолари бўлмиш ўлим ва қабрдан кейин, кибрларига сабаб бўлмиш мол-мулкларининг “бир ҳайқириқ” билан қўлдан кетиши эслатилмоқда. Боғ эгалари қиссасида баён этилгани каби, йўқ бўлиш ва ҳалокат такрор хотирлатилмоқда…
Бу ҳайқириқ (“Cойҳа”) “Қиёмат соати ҳайқириғи” бўлиши билан бирга, социологик маънода, ўша камситиб, таҳқир этганлари, айни мажлисда ўтиришни истамаганлари кўзи ожиз, кимсасиз, камбағал ва бечораларнинг “Қиём, Иҳтилол ва Инқилоб ҳайқириғи” бўлиши ҳам мумкиндир. Ҳар иккиси ҳам тобора юксалиб, кучайиб борадиган сас, ҳайқириқ (“сайҳа”) демакдир.
Бу ердаги мақсад шу: Бойлар, ўз тасарруфидаги узум боғлари, зайтун боғлари, экинзор, ҳурмозор ва мевазорларни шахсий абадий мулки санамасинлар. Улар бу неъматларнинг Яратувчиси эмасдир. Буларнинг барчасини Аллоҳ инсон ва ҳайвон бандаларининг эҳтиёжлари учун яратгандир. Буларни “бойлар орасида айланиб турадиган бир таҳаккум воситаси (давлат)” ҳолига келтириш орқали, бой ва зодагонлар синфи ўз-ўзига жаҳаннам таклифномаси чиқармоқда…
11. Ижтимоий Қиёмат
“Гувоҳдир Қиёмат куни!
Ва виждон азоби тортгувчи нафс!
“Инсон суякларини такрор жамлай олмаймиз деб ўйлайдими?
ЙЎҚ! Уни бармоқ учларигача янгидан вужудга келтиришга қодирмиз!”
Аксинча инсон ўз олдидаги ҳақиқатни инкор этишга уринади.
Сўрайди: “Қачон экан ўша Қиёмат куни?”
(Қиёмат:1-6)
Кўриб турганингиздек, бу ерда ҳам “неъмат эгалари”гаг йиқилиш/тўнтариш таҳдиди йўналтирилмоқда.
Қуръондаги оёқланиш (қиёмат), тирилиш/жонланиш (баъс) ва чиқиш/майдонга отилиш (хуруж), нафас (сур), тўпланиш (ҳашр) тушунчалари рамзий/символик ўлароқ ўқилса, бир ижтимоий тўнтарилишнинг турли босқичларини ҳам ифода этганини кўриш мумкин. Бундай ҳолатда шамол (рийҳ), ҳайқириқ (сойҳа) ва тўфон каби ўрнакларда ижтимоий тўлқин/ҳаракатнинг тобора кучайиши, ҳайқириққа айланиши ва тўфон (тўнтарилиш), ундан сўнгра эса жамиятнинг янгидан қурилиши ифода этилади. Айниқса Маккий сураларда кўп учрайдиган ва (шуниси қизиқки) “Макка фатҳидан” кейин нозил бўлган оятларда деярли учрамайдиган йиқилиш ва ҳалок саҳналарини ҳам шу тарзда ўқимоқ мумкиндир.
Бундай ҳолатда биз билган маънода “ухравий” баъс, қиёмат, жаннат ва жаҳаннам, қабрдаги ўликларнинг тирилиши, оёққа қалқиши, жаннатга ва жаҳаннамга киритилиши эътиқод масалалари бўлса, “дунёвий” баъс, қиёмат, жаннат ва жаҳаннам – жамият устидаги ўлик тупроқни тўкиши, жонланиши, уйғониши ва оёққа қалқиши; ортидан эса идеал жамиятнинг (жаннат) қурилиши ва золимларнинг жазоланиши (жаҳаннам) каби маънолар чиқади…
Бу оятларни ҳар икки маънода ҳам ўқимоқ мумкин. Ухровий маънода эътиқод қилиш билан бирга, дунёвий/социологик маънода ҳам ўқиш мумкиндир. Бунинг маъноси “Бу дунёда бўлмаса, нариги дунёда, аммо эртами-кечми содир бўлиши муқаррардир” деганидир…
12. Маҳкамаи-Кубро онлари
ЙЎҚ! Қочадиган ҳеч бир жой йўқ.
Бу кунда бошпана фақат Раббинг ҳузуридадир.
Бу кунда инсоннинг қилгани ва қолдиргани барчаси билдирилади.
Ва яна инсон узр истаб, қилмишларини яширишга уринса-да,
Ўзининг нафси, виждонидан қоча олмайди.
Шундай экан, шоша-пиша узр ахтаришга уринма,
Зеро қилмишларингни бирма-бир жамлаш ва уларни ўқиб билдириш – Бизнинг зиммамиздадир.
Биз уларни ўқиб билдираркан, сен фақат уларга қулоқ солиб, тинглагайсан.
(Қиёмат:11-19)
Кўрганимиздек, бу оятда ҳам мустағнийларнинг Маҳкамаи-Кубро майдонида қай аҳволга тушиши жонлантирилмоқда. Ҳам Маҳкамаи-Суғро (Кичик маҳкама/Дунёдаки маҳкама), ҳам Маҳкамаи-Кубро (Буюк маҳкама/Охиратдаги маҳкама) қаршисида мустағнийнинг (мўл неъмат, мол, ўғиллар, боғлар, устунлар, қаср ва кошоналар эгаси) руҳий ва психологик ҳолати очиб берилмоқда…
13. Мол-дунё ҳирси
ЙЎҚ! Сиз нақдни/яқиндаги/тез қўлга киритиладиганни яхши кўрасиз.
Охиратни/кейинроқ келадиганни эса тарк қиласиз!
Баъзи юзлар У Кунда яшнаб, Раббига интизор тургай!
Баъзи юзлар У Кунда буришиб, ўзларига белни синдиргувчи ҳисоб қилинишини тушуниб қолгай!
(Қиёмат:20-25)
“Нақдни/яқиндаги/тез қўлга киритиладиганни (ожилан) яхши кўриш” Қуръон бутунлиги ичида моли-дунёга, бойликка, олтин-кумушга ҳирсни, Аллоҳ йўлида ўзидаги молдан воз кечиб, инфоқ этишдан бош тортишни англатади. Айни ўзакдан келадиган калима (ъижл) Сомирийнинг бузоғини англатувчи оятда (Тоҳа:88) ҳам қўлланилади.
Яъни “зеб-зийнат ва безаклардан бузоқ (ъижл) ясамоқ” олтин-кумуш, пул, бойлик ҳирсидан воз кечмаслик ва буни қўлга киритиш учун Фиръавнга ялтоқланиш, унинг пиёзи, саримсоғи, моши ва кўкатига рози бўлиб, унга қуллик қилиш, демакдир. Хусусан, “… ундан кейин ъижлни/бузоқни тутдингиз ва ўзингизга зулм қилдингиз” (Бақара:2/92) ифодаси ҳам қалбда илоҳ ўрнига мол-дунёга кўпроқ майл этиш ҳолатини кўрсатади.
Бошқача қилиб айтганда, инсоннинг ташқи дунёсидаги бут (бузоқ) – унинг ички дунёсидаги нақд мол тутқунлигининг, пул ва бойлик ҳирсининг мужассам ифодасидир. Юқоридаги оятларда Маккалик “Сомирий”ларнинг ҳам айни ҳолатда экани ифода этилмоқда…
Эътибор беринг! Нақд ва тез қўлга киритиладиганни (ожилан), яъни олтин-кумушни, зеб-зийнат ва бойликка ҳирс қўйишга қарши “ЙЎҚ!” (كَلَّا ) дея бошланади бу Китоб.
14. Жамоатига таяниш
ЙЎҚ! Жон ҳалқумга етганида,
«Дам солиб-ўқиб қўйгувчи йўқми?», деб қолинганда,
Айрилиқ они экани англашилганда,
Оёқ оёққа чалмашиб қолганида —
Ана ўша кунда ёлғиз Раббинг ҳузуригадир ҳайдалиш!
На тасдиқ этди ва на қўллади!
Аммо ёлғон деди ва юз ўгирди!
Сўнгра гердайганича яқинлари томон кетди!
Ўлим бўлсин сенга, ўлим!
Яна бир бор ўлим бўлсин сенга, ўлим!
(Қиёмат:26-35)
Ривоятларга кўра, Пайғамбар а.с. бир куни Абу Жаҳлнинг ёқасидан тутиб “Ўлим бўлсин сенга, ўлим!” дея унга ўлимни ва қиёматни эслатади. Абу Жаҳл эса Пайғамбарнинг қўлини силкиб ташлаб, “Қўйиб юбор ёқамни, сен ким билан гаплашаётганингни биласанми? На сен ва на Раббинг ҳам менга ҳеч нарса қилолмайсан” дея кибрланиб, аъёнлари ёнига кетади. Шундан сўнг мазкур оятлар нозил бўлган, дейилади. Пайғамбар а.с бу тортишувда Абу Жаҳлга қарата айтгани “Ўлим бўлсин сенга, ўлим!” (аулаа лака фа-аулаа) ифодаси бу оятда сўзма-сўз такрорланади (Қатода, Калбий, Муқотил).
Кўриб турганингиздек, суранинг охирги қисми – ўлим ҳақида. Ўлим мавзусининг илк мессажлар бўйича давомли тарзда эслатилиши, бундан кейинги келадиган оятларда “нутфа”, “тўкилган маний”, “лаҳта қон” кабиларнинг урғуланиши ва бунинг ортидан эркак ва аёлнинг ёнма-ён/тенг жуфт ўлароқ яратилиши урғуси ниҳоятда маънодордир. Шу каби яратиш/яратилиш баён этиларкан, қўлланилган “фасавваа” калимаси ҳам ўта аҳамиятлидир: Бу, шакл берди/расо ва мувозанатли қилди, яъни эркак-аёл ўлароқ фарқли шакл-шамоил, аммо оқибат ва масъулият жиҳатидан тенг, деганидир.
Охирги оятда эса “Буларга қодир бўлган Зот ўликларни тирилтира олмас эканми?” дея савол қўйилади. Чунки ўлим энг катта тенгловчи принципдир ва ўзини бу тенгликдан айри кўрувчи кишилар ўлим-ла, ўзининг яратилиш аслига – тупроққа қайтадилар. Бу савол айни пайтда ўлик тупроқ каби жонсиз бир халқнинг маънавий жонланиши маъносидаги “ижтимоий тирилиш”га ҳам ишора қилганидек, қабрлардаги ўликларнинг “жисмоний тирилиши” маъносидаги эътиқодни ҳам ифода этади…
Эътибор беринг! Атрофидаги қўлловчилар жамоатига ишониб, таниш-билишларига таяниб, кибрланувчиларга қарата “ЙЎҚ!” (كَلَّا ) дея бошланади бу Китоб.
15. Камбағални мазах қилиш
“Ўнгдан ва ортдан мазах қилувчининг ҳар бирига Вайл бўлсин
У мол жамлаб, санар,
Ўйлайдики, моли уни мангу яшатар,
ЙЎҚ! У ялаб ютгувчи бир вакуумга улоқтирилажак!”
(Ҳумаза:1-5)
Ривоятларга кўра, бу оятлар Умайя бин Ҳалаф сабабли нозил бўлган. Бундан шуни англаймизки, бунақа характер орқали бошқа ҳар қандай бой ва корчалонлар нишонга олинган…
Демак, ўнгдан ва ортдан мазах қилиш (ҳумаза, лумаза) фақат бой ва корчалонларга хос феълдир. Жамлаган молу-давлатига ишониб, ўзини беҳожат санайди ва бундай ҳолатида доим қолишини гумон қилувчи мустағний характернинг моҳиятини очиб беради бу оятлар.
Бу етмагандек, фақир ва мискинни, камбағал ва йўқсилни паст кўради, камситиб, мазах қилади. Мазах қилишининг сабаби ҳам йўқсилнинг моддий етишмовчилиги. Яъни Ҳумаза ва Лумаза – жамиятдаги муҳтож қатламни психологик эзиш, унинг шарафи ва иззатини оёқ ости қилишдир.
Эътибор беринг! Мол-дунё жамлаб, тийинигача ҳисоблайдиган, пули ва бойлигига суяниб, камбағални паст кўрадиган бой ва корчалонларга “ЙЎҚ!” (كَلَّا ) ҳайқириғи билан бошланади бу Китоб.
Хотима
Ушбу матнда Қуръон нузулининг илк олти йилида нозил бўлган сураларда (тақрибан илк 40 сура) “ЙЎҚ!” (كَلَّا) хитобларини бирма-бир келтирган бўлдик.
Кўриб турганингиздек, барча эътироз – ижтимоий адолатсизликнинг тамал сабабларига қарши йўналгандир. Теологик баҳслар, ақида ва ритуаллар устида тортишувларга эса ҳеч дуч келмаймиз. Аксинча, инсонларни доимо қийнаб келаётган, аммо ечими топилмаётган энг долзарб ва асосий масалага – ижтимоий адолатсизликка ва моддий бойликларнинг ноҳақ тақсимланишига – мудохала этилгани ва ҳар бир муаммонинг асл сабаби/сабабчиси кўрсатилиб, унинг ечим йўллари тақдим этилганига гувоҳ бўламиз.
Бугун ҳам Қуръондаги мазкур тадрижийликни асос олмай туриб, даъват қилиш (Аллоҳ сақласин) янглиш услуб бўлади, ва эришиладиган натижа ҳам Ваҳйнинг тарихда кўрсатгани самара каби бўлмайди.
Мазкур оятлар мажмуасини диққат билан ўрганишни тавсия этамиз. Ваҳйнинг нималарга қарши “ЙЎҚ!” (كَلَّا ) дея ҳайқириб келгани жуда кўп саволга жавоб бўлади биз учун.