October 6, 2021

Усмоннинг шиаси ва Муржиъа

Илк тарихий манбалар, сиёсий маънодаги илк ҳизб – партиянинг Усмоннинг шиаси эканлигига иттифоқ қилганлар.

Бу ҳақида ибни Ҳишом, Тобарий ва ибни Саъд каби машҳур тарихчилар ўз асарларида таъкидлаганлар. Ҳатто шаҳид бўлган Усмоннинг тобутини кўтариб кетаётганлардан бири ўзини “Биз Усмонийлармиз” деганини алоҳида қайд этганлар.

Умайя ўғиллари Макканинг энг бой ва зодагон оилаларидан бири эди. Учинчи халифа Усмон ҳам бу оилага мансуб эди ва бутун оиласи каби ўзи ҳам бойлардан эди.

Пайғамбарга ваҳй келганда, унга энг катта қаршилик кўрсатганлар бу Умайя ўғиллари эди. Улар Пайғамбар сабаб Маккадаги ўз салтанатининг йиқилишидан қўрқар эдилар ва қўлларидан келган барча қабиҳликдан тийилмас эдилар.

Усмон ҳам айнан шу душман оилага мансуб бўлишига қарамасдан, Расулуллоҳнинг Арқам уйига кўчишларидан аввал, Талҳа билан бирга мусулмон бўлганди. Табиатан юмшоқ, ҳалим инсон бўлган Усмонга Расулуллоҳ икки қизларини никоҳлаб бериб, илтифот кўрсатгандилар.

Усмон мусулмон бўлгандан кейин, қабиласи тарафидан жуда қаттиқ қаршилик бошланди. Қаршилик чидаб бўлмас даражага чиққач, Усмон ўз аёли билан Ҳабашистонга хижрат қилганларнинг аввалгиси бўлди.

Бадрга аёли Руқиянинг касаллиги сабабли қатнаша олмаган Усмонга Расулуллоҳ қатнашган одам каби муомала қилиб, ажрини ҳам олишини айтганлар.

Бойлигининг кўплиги ва қўли очиқлиги билан танилган Усмон, илк ташкил қилинган мусулмон жамоасини (давлатининг) бутун харажатларини бир неча маротаба ўз бўйнига олган. Усмон бу йўлда ҳеч қачон ёрдамини аямаган ва шу сабаб Росулулоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлган.

Усмоннинг қабиласи охиригача Исломга кирмай оёқ тираб турди ва мушриклар тарафидан мусулмонларга қарши чиққан душманларнинг катталари ҳам шу қабиладан эди.

Фатҳ даврида мушриклар жамоасининг бошқаруви шу қабила қўлида эди. Фатҳдан аввал мусулмонлар билан жанг қилган бу қабила мансубларининг бир нечтаси, фатҳдан кейин мусулмон бўлдилар. Буларнинг орасида Абу Суфён, Муовия, Валид бин Уқба, Марвон бин Ҳакам, ибн Аби Сарх каби исмлар бор эди.

Лекин барибир бу исмлар Пайғамбар ҳаётлигида кўплаб муаммолар чиқарган ва унинг вафотидан кейин диндан қайтиб кетганлари ҳам бўлган.

Масалан Марвон бин Ҳакам, қилган нохуш иши сабаб Расулуллоҳ тарафидан Тоифда мажбурий яшашга ҳукм қилинганди. Илк икки халифа даврида Мадинага қайтишга изн ололмаган Марвон, фақатгина Усмон халифа бўлгач қайтди. Унинг отаси Уқба бин Аби Муайт авваллари мусулмон бўлганди, лекин кейинчалик дўсти Убай бин Халафнинг қаршилиги сабабли, уни рози қилиш мақсадида диндан қайтди.

Валид бин Уқба, Усмон даврида Саъд бин Аби Ваққос ўрнига Куфа волийси этиб тайинланди. Фақат ичкиликка мубтало бўлгани сабаб маҳкамага тортилиб жазоланди. Бир куни Валид жамоатга бомдод намозини тўрт ракъат қилиб ўқиб берди. Халқ эътироз қилгач “хоҳласангиз бундан ҳам кўпроқ қилиб ўқиб бераман” деб мазах қилганди.

Ибн Абу Сарх аввал мусулмон бўлиб кейин диндан қайтди. Расулуллоҳ тарафидан уни “Каъбани ёпинғичи остида бўлса ҳам ўлдириш” амр қилинган эди. Фақат Усмон ўртага тушиб, уни ўлимдан сақлаб қолганди.

Усмоннинг халифа бўлиши, Умар тайин қилган шўъронинг раиси Абдураҳмон бин Авфнинг Усмонга байъат қилиши билан бошланди.

Усмон халифа бўлгач, илк қилган ишларидан бири эски волийларни алмаштириш бўлди. Тоиф сургунидан олиб келинган Марвон ибн Ҳакамни хилофат котиблигига тайин этди.

Бу ўзгаришларга норози бўлганлардан бири Оиша эди. Тайинланган янги волийларнинг кўплари турли нохуш ишлар содир этиб, инсонларнинг халифага қарши норозиликларига сабаб бўла бошладилар. Бу норозилик катталашиб кетгач, тўхтатиб бўлмас ходисалар бошланди ва улар Усмонни шаҳид этилиши билан якунланди.

Бу воқеалардан кейин, инсонлар қариндош бўлса-бўлмаса, васий ёки вориси бўлмаса ҳам янги халифадан қон талабида бўлдилар. Янги халифанинг “буни мен ҳам сиздек истайман, фақат бироз кутайлик, давлат кучи қўлимга ўтсин, ундан кейин бу ишни ҳал қиламиз” дейишига ҳеч ким қарамади. Шундан кейин, ҳар қандай уруш ва тартибсизликларга қарши бўлган Усмон номидан барча ҳақсизликлар, қонунсизликлар ва қатлиомлар қилинди.

Усмоннинг вафоти пайтида Умайя ўғиллари, Ислом тупроқларининг катта қисмига эга эдилар. Шунда волийларнинг кўпи, расмий халифага қарши исён бошладилар. Бунда баҳона сифатида Усмоннинг қони кўрсатилди.

Маълум усуллар билан Умайя ўғиллари ҳукуматни ўз қўлларига олганларидан сўнг, сиёсий, ҳарбий ва диний майдонда учта катта ўзгаришни киритдилар:

1. Шўъро бекор қилинди ва Варосат қайта тикланди

Умматнинг сиёсатга аралашуви бўлган Шўъро, Расулулоҳ ва илк халифалар тарафидан ўрнатилиб, Ислом сиёсатининг асоси этиб белгиланган эди. Аммо Умайя ўғиллари буни бекор қилиб, Қайсар ва Кисроларнинг бошқарув усули бўлмиш салтанатни отадан ўғилга мерос тизимини ўрнатдилар. Бу тизимда давлат халқники бўлмай, бир ховуч шахсларнинг шахсий мулкига айланди.

Исломий халифаликда манба фақат Аллохнинг қонунлари бўлиб, барча инсонлар Унинг қуллари ва барча мулклар Уники ҳисобланарди. Уммавийлар сиёсатида эса манба ҳам ўзлари эдилар, мулклар ҳам уларники бўлди.

Рошид халифалар ўзларини “Расулулоҳнинг халифаси” деб атаган бўлсалар, Уммавийлар ўзларини “Аллоҳнинг халифаси” дедилар.

2. Жиҳодни тизимли ташкиллаштириш

Бу учун тизимли армия ташкил қилинди.

Аввалгилар эса жиҳодни бир ибодат деб қилган бўлсалар, армия учун жиҳод касб ҳолига келтирилганди. Уммавийлар хонадони бу билан бир нечта фойдага эришдилар.

Набавий халифаликда халқдан ҳар бир инсон, армиянинг аъзоси ҳисобланади ва улар бошқарув кучини (иқтидорни) ёлғиз таянчи ҳамдир.

Бу бошқарувчиларга ва халққа бир-бирини назорат қилиш имконини беради. Исломдан бошқа ҳеч қайси тизим бундай назорат усулини жорий қила олмаган. Расмий армия ташкил қилиниши билан, халқнинг ҳукуматни тергаш ваколати қўлдан олиниб, бошқарувчиларга берилди. Яъни назорат бир тарафлама, фақат юқоридан пастга мумкин эди. Бу тизимда эса барча кучлар бир марказда, бошқарувчилар қўлида тўпланди. Бунда бошқарувчиларнинг зулмига қарши халқ қўлида ҳеч қандай куч йўқ бўлди.

Энди бошқарувчилар истаган ишини Ҳаққа ва халқнинг хоҳишига қарамасдан аскар кучи билан қилиши мумкин бўлди.

Армиянинг ташкил этилиши билан уммат бошига келган яна бир фалокат шу эдики, энди армияга маҳаллий мусулмон аскарлар эмас, узоқ ўлкалардан ғайри мусулмон халқлар олинарди. Масалан, Уммавийлар даврида қўлга киритилган Африкадан жоҳил ва ваҳший Барбарийлар, Наботий ва Қибтий ёшлар халифалик марказига юборилиб, аскар тайинланар эди. Улар ёрдамида инсон ақлига сиғмас жиноятлар, ваҳшийликлар, қатлиомлар осонликча қилинадиган бўлди. Масалан уларнинг қўли билан уммавий халифалар қуйидаги ақл бовар қилмас жиноятларни содир этдилар: Каъбага палахмондан тош отиб бузишди, Ҳарро кунида саҳобия қиз ва аёлларга оммавий тажовуз қилишди, катта жамоаларни оммавий равишда қиличдан ўтказишди, ҳомиладор аёлларни ва бешикдаги болаларни ўлдиришди, ва энг даҳшатларидан бири Расулуллоҳнинг қабрларини ифлослатиш бўлди.

Бундай армиянинг кучи бўлмаганда, биргина волий, хали милтиқ ҳам ихтиро қилинмаган, гильотиналар ўйлаб топилмаган даврда 120.000 кишини қатл қилдира олармиди?

3. Расмий мазҳаб тайин этиш

Рошид халифалар давридан кейин динни бузиш навбати фиқҳга келди. У даврда ақида ҳам, ҳозирги фиқҳ ҳам Фиқҳ дейиларди. (яъни ақида масалалари фиқҳи акбар (катта фиқҳ) ва амалий ибодатлар фиқҳи асғар (кичик фиқҳ). Секин-аста буни ҳам ўзгартириш бошланди.

Фиқҳни ўзгартириш учун ё уламоларни сотиб олиш керак эди ёки сарой олимлари етиштириш керак эди. Бу даврда иккала усул ҳам қўлланилди.

Бунга қарши чиқиб, қилинаётган ўзгаришлар ҳақида жар солган уламолар Ҳижр бин Адий, Саид бин Жубайр, Абу Ҳанифа (Имом Аъзам), Имом Молик кабилар шаҳид этилди ёки исканжада қолди.

Фақат ҳукумат бу аҳволда узоқ давом этолмасди. Халқнинг севган ишончли олимларини бирма-бир йўқ қилиниши кўп диққат тортаётган эди.

Шунда ҳукумат, имон эътиқодни расмийлаштириб, асл илдизидан ўзгартириш йўлига ўтди. Бунинг сабаби фақат юқорида айтилганлардан иборат эмасди.

Инсонлар, султоний халифалик (подшоҳлик) қурилгандан бери қилинаётган юзлаб вахшийликлар, фисқлар, зулмлар ҳақида сўраб-суриштираётган эдилар. Табиийки, бундай саволларга жавоб бериб оқлаб бўлмасди.

Масалан:
Яманга Буср бин Артад волий бўлиши билан, Али тайин этган волий Абдуллоҳ бин Аббоснинг икки чақалоғини онасини кўз ўнгида қатл қилдирди. Буни кўрган она ақлдан озди;
Мадинага кирган халифалик армияси саҳобия аёл ва қизларни оммавий зўрлади;
Халифанинг буйруғи билан Каъба Халифа аскарлари тарафидан вайрон этилди ва ёқиб юборилди;
Ўлдирилган жасадларга ҳам ваҳшийликлар қилинарди, қулоқ-бурунлари кесиб устидан кулинарди, ўтда ёқиларди, боши узиб олиниб найзада шаҳарма-шаҳар кездириларди.
Буларнинг барчаси “мусулмон ҳукумат” деб номланган давлат раҳбарларининг жиноятлари эди. Булардан ташқари, яна халифаларнинг қилган фисқ-фужурлари ва ҳаддан ошишларига кўплаб шахсий мисоллар ҳам савол остига олинаётган эди.

Шу каби саволлар халқ ичида бахслашиларди:
Бунақа улкан гуноҳларни қилганлар мусулмон хисобланаверадими?
Агар мусулмон ҳисобланмаса, охирати қандай бўлади?

Бу саволларга жавоб топила олмагач, иккита янги масала пайдо бўлди:
Биринчиси – Имон-Амал боғлиқлиги, иккинчиси – Қазои-Қадар масаласи.
Бу саволларга жавоб истаб катта баҳслар бошланиб, ҳатто янги мазҳаблар пайдо бўла бошлади.
Кимдир “амал имондандир” деса, бошқаси “амални имонга алоқаси йўқ” дерди.
Хорижийлар эса амални имоннинг ўзи деб ҳисобларди ва кабира гуноҳ қилган одам тавба қилмагунича кофир-муртад деб ҳисобларди. Муътазила мазҳаби эса хорижийлар каби ҳаддан ошмасди ва амал имондандир, кабира гуноҳ қилган инсон тавба қилмагунича на жаннатий ва на дўзахий ҳисобланмайди дерди.
Шиа ҳам бу мавзуда улардек ҳисобларди.

Муржиа тоифаси эса, амалнинг имон билан на зотида ва на сифатида алоқаси йўқ дерди. Инсон имон келтирганидан кейин, қандай гуноҳ қилса ҳам, имонига зарари йўқ дерди. Муржиа инсоннинг қилган амалларини фойдасиз, шу шаклда гуноҳларини ҳам зарари йўқ дерди. Ҳеч ким учун дунёда ҳукм чиқарилмайди деб асри саодатдаги мунофиқларни ҳам муъминлар тоифасига қўшиб юборарди.

Зулм қилганга золим дейишни, фисқ ишлар қилганга фосиқ дейишни, Аллоҳнинг ишларига аралашиш деб баҳоларди ва бу дунёда “ҳукм бўлмайди, ҳукм охиратда чиқарилади” дерди. Улар имонни фақат Аллоҳни билиш/таниш деб билишарди. Куфр эса Аллоҳни тан олмаслик дердилар.

Яна бу эътиқодда фарзлиги аниқ бўлган амри-маъруф ва нахй-мункар фитна сифатида кўриларди, ҳукумат вакилларига ҳақни айтиш фитна чиқариш деб баҳоланарди. Зулмга қарши исён қилган саҳобалар, тобеинлар ва имомлар халифалик тарафидан фитначилар деб баҳоланиб оғир жазоланарди.

Жамоа ибодатларининг моҳиятини ўзгартирдилар, жума, ҳаж, ийд намозларини ўзгартириб ритуалга айлантирдилар. Бунинг учун истаганча ҳадис уйдириларди.
Золим ва фосиқ ҳокимларга қарши қилинган жиҳодни ҳаром ҳисоблашарди. Фосиқ бўлса ҳам эргаш вожиб дейишарди. Фитна, сабр ва ғийбат каби атамаларнинг маъносини ҳокимлар фойдасига ўзгартирдилар.

Халифалик Муржиа эътиқодидан ўз манфаатларида кўп фойдаланди.
Уларнинг эътиқоди энг кўп ўзгартирилган, энг кўп ўзларига мосланган ақидалардандир.
Бу эътиқод кейинги замонларда ҳам султоний халифаликларни ўзига тортган.
Аслида бу оппортунистик эътиқод хисобланади. Оппортунизм эса Муржианинг шиоридир.
Бу эътиқод золим ҳукуматларга доим хуш келган ақидадир.
Уммавийлар даврида бу таълимотдан жуда унумли фойдаланишди. Бу эътиқод уларнинг расмий давлат ақидаси бўлди.

Аслидан ўзгартириб бузилган ҳамда мусулмонлар учун таҳлика ташувчи бу эътиқодни алоҳида кўриб чиқамиз.
Ҳусайнни ҳам қўшганда 18 та Аҳли Байтни қатл этиб, уларнинг кесилган бошлари Язид саройига олиб келдилар. Халифа Язид яна-да маънавий азобни кучайтириш мақсадида саройга Зайнабни олиб келтирди. Зайнабга “Сени Аҳли Байтингни Аллоҳ қандай аҳволга солганини кўрдингми?” деди.
Зайнабнинг нега уларни ўлдирдинг деган саволига Язид, “Уларни Аллох ўлдирди” деди. (Тарихи Тобарий, V/465)

Аллохга туҳмат бўлмиш бу эътиқод Давлатнинг расмий ақидаси/мазҳаби ҳолига келтирилди. Бу эътиқодни кенг ёйиш учун зиндиқлар уйдирган ҳадисларини далил қилиб келтирардилар.

Жалолиддин Суютий, “Ал-Лаъолил-Маснуъа” асарида келтиришича, бу даврда инсонлар ичида султонларга ёқиш учун ҳадис уйдирадиганларни ҳадди ҳисоби йўқлигини қайд этади. Яна сарой олимлари ҳам ўз султонларини фисқ-фужурларини “машруълаштириш” (“қонунийлаштириш”) учун уларни маъқулловчи ҳадислар тўқиганларини баён қилади.

Бундай олимлар, уммавий халифаларининг “Ҳошим ўғилларидан Бадрдаги ўчимизни олдик” деган гапларини, Қуръонни найзага ўқлаганларини, мусулмонларнинг молию-жонини ўзларига ҳалол қилиб олганларини “Ла илаҳа илаллоҳ (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ) = Ла фоъила илаллоҳ” (Аллоҳдан бошқа фоил йўқ) ақидавий қоидасига кўра машруълаштириб (қонунийлаштириб, ҳалоллаб) беришган.

“Аллоҳдан ўзга фоил йўқ” қоидасига кўра, бутун бўлиб ўтган воқеаларда ҳеч кимни айби йўқ. Бу ақидага кўра буларнинг барчасини, (субҳоналлоҳ!), Аллоҳнинг Ўзи қилган бўлиб чиқади. Кимки ҳукумат ишларига норози бўлса, “Аллоҳдан норози бўлган бўлади ва Унга қарши исён қилган ҳамда Унинг тақдирига қарши чиққан” бўлади.

Бу ҳақида ҳукуматнинг позицияси, гўёки ўзларини «Аллоҳ танлаб халққа юборган маъсум қиличлар» каби кўриш эди. Аллоҳ ўтган умматларга малаклар ёрдамида азоб юборган бўлса, хозиргиларга раҳбарларининг қўли билан азоб бераётган эди.

Шу сабаб ҳокимларга Тўхта! дейиш, Аллоҳнинг тақдирига қарши чиқиш деб баҳоланарди. Бу золим ҳокимлар Аллоҳнинг амрини бажо келтирувчи азоб фаришталари каби бегуноҳ эдилар.

Қулнинг “шамол таъсиридаги барг” мисоли масъулияти йўқлигини даъво қиладиган “Жабрийя” эътиқоди шу тариқа пайдо бўлди, ҳамда ҳоким ва волийлар тарафидан дастакланиб ёйғинлаштирилди.

Ҳамма нарса тақдирда ёзилган деган эътиқод халқни ухлатиш учун бамисоли наркоздек жуда қўл келди. Ундан кейин “подалашган уммат”ни моддий ва маънавий, диний ва дунёвий барча имконларини талон этиш осонлашди. Султоний халифалик талон-тарожни амалга ошираверди, сарой олимлари эса буни расман “Фоил ҳам Ўзи, мафъул ҳам Ўзи, бадан бир восита” дея ҳалоллаб беравердилар.

Имон-амал тортишувининг юзага келиши ҳам шу сабабли бўлди. Бунчалар зулм, ахлоқсизлик ва бузуқликни бошқачасига оқлаб бўлмас эди.
“Дунё ҳаётида ҳукм берилмайди” эътиқоди ҳам уларга қўл келарди.

Амри маъруфни фитна ҳисоблаб, зулмга қарши чиққанларни “фитначи” деб фатво берган олимлар, султонлардан шоҳона ҳадялар олишарди.

Муржиачилар эса мазлумларни фитна чиқаришда айблаб, золимларни оқлашга ҳаракат қилардилар.
Тарихда уммавий волийси Ҳажжожни қанчалар муттақий, обид ва зоҳид эканлиги ҳақида ривоятлар тўқиб, уларни кенгроқ ёйишга ҳаракат қилинган.

Бу одам ҳақида машҳур қироат ровийси Осим шундай деган:
“Аллоҳнинг ҳаром деганларидан қилмагани қолмаган”.

Абдуллоҳ бин Масъуд у ҳақда “Мунофиқларнинг бошлиғи” деганини эшитиб қолган Ҳажжож, “Унинг қироати билан Қуръон ўқиганнинг боши кесилади. Ким унинг қироатини тўнғиз терисига ёзганга мукофот бераман” дея эълон қилган.

Умар бин Абдулазиз ҳам Ҳажжож хақида шундай деган: “Дунёдаги барча бузуқлар бирлашиб, ишларини баробар қилсалар хам, Ҳажжожники улардан ўтади”.
Шундай шахсни оқлаб кўкларга кўтариш учун сарой уламолари тиришардилар. Қуръонга эъроб (ҳаракатлар) қўйдириши, баъзи юртларни фатҳ қилиниши қўлидаги қонини ювмайди. Кимлардир уни оқлаши хеч қанақасига уни оқламайди.

Муржиа тоифаси ҳокимларни зулмини ҳимоя қилиб уларга дастак бўларкан, уларга қарши янги ҳаракат сифатида Мўътазила шакллана бошлади.
Баъзилар Имом Аъзамни ҳам амал имондан айри деган ижтиҳодини Муржиаларга мансуб десалар ҳам, Имом Аъзам бир умр золимларга қарши курашиб, мазлумларга ёрдам бериб яшаган шахс бўлган.

Барчанинг қандай яшаганини очиқ кўришимиз мумкин. Баъзиларни “намунавий” ҳаёт йўли ҳаммага маълум, аммо улар ҳам Имом Аъзамни Муржиа деб айблайдилар.

Ҳанафий олимларидан Жассос, Муржианинг имон келтиргандан кейин қилинган гуноҳни ҳеч қандай зарари йўқ деган эътиқодлари, волий ва ҳокимларни зулм ва фисқ-фужурларини ҳалоллаш учун ишлатилган бўлса-да, Ислом умматига катта зарар берганлигини таъкидлаган. У ўз замонидаёқ, бу эътиқодни пайдо қилган таслимиятчи зеҳният сабаб умматни тубанга чўктиранини айтганди. (Жассос, Аҳкомул Қуръон, II/320)

Бу эътиқод турли исмлар остида бугунгача етиб келган. Бу фирқа ҳамон бошқарувдаги раҳбарларни яхши кўрсатиш учун турли шаклда ҳаракат қилади. Улар ишларини, Исломий тушунчаларни Қуръонда келганидан бошқага ўзгартириб таъвил ва таҳриф қилишдан бошлайдилар. Энг биринчи “жиҳод” тушунчасини Қуръонда келганидан бошқа тарафга буриб ўзгартиради.

Бу ишлари билан улар жиҳод ҳақида келган бир қанча оятларни инкор қилишади, бошқарувчиларга қарши чиқишни гуноҳ деб уқтиришади, динда сиёсат маъносини аслидан буришади, кофирлиги тортишилмас даражада очиқ бўлган бошқарувчиларни ҳам “мусулмонлар” деб кўрсатиб келишади.

Лекин тарихда машҳур бўлган Муржиалик аслида бундан фарқли эди.

Маълумки Уммавийлар, Умар бин Абдулазиз келгунича янги фатҳ қилинган ҳудудларни мусулмон аҳолисидан ҳам куч билан жизя олардилар. Умар бин Абдулазиз, “Аллоҳ Мухаммадни солиқ йиғувчи” қилиб юбормади дея, бу ишга нуқта қўйган. Унинг ўлимидан сўнг Хуросон ва атрофидаги туркларни мусулмон бўлиши билан жизя миқдори тушиб кетди. Тушумнинг камайиши халифаликни безовта қила бошлади ва улар янги йиғимлар ўйлай бошлашди. Гуруҳ гуруҳ бўлиб Исломга кираётган бу янги мусулмонларни, жизядан қочяпдилар деб баҳолашга ўтдилар. Бу баҳоналарини ишончли чиқиши учун сарой муллалари янги мусулмонларни адашган деб кўрсатмоқчи бўлишарди.

Шунинг учун бу даврда араб бўлмаганларни “зиндиқ” тамғаси илган айбловларга ишонишда эҳтиёт бўлмоқ даркор.

Уммавий бошқаруви хижрий 110 йилда жизя тушумларидан маҳрум бўлган хазинани тўлдириш учун динга “фавж бўлиб тўплашиб” (афважан 110:2) киришни қийинлаштирувчи чораларини кўра бошлади. Бунинг учун араб бўлмаганларни Исломга кириш учун янги шартлар ўйлаб топишди:

1. Суннат/Хатна бўлиш.
Бу амални ўша кунги шароитлардан келиб чиқиб тушуниш лозим. Янги мусулмон бўлганлар чақалоқ ёки ёш бола эмас эдилар, уларнинг барчаси вояга етган эркаклар эди. Улар учун хатна қилдириш у вақтда осон эмас эди.

2. Фарзларни қиём қилиш.
Янги ерларни босиб олишларни “фатҳ” номи билан ўлжага эга бўлишга айлантирган халифалик, маҳаллий аҳолига “мусулмон бўлиб қолмасин” қўрқуви билан диний таълим беришмасди. Амалда эса жуда саёз билимга эга одамлардан чуқур илмга эга олимдек амал қилишни талаб қилишарди.

3. Хусни Ислом.
Асрлардир бошқа маданиятга мансуб инсонлардан, Исломнинг барча арконларига гўзал шаклда амал қилишни талаб қилардилар. Бу талабнинг аниқ мезонлари йўқлиги сабабли истаган вақтда бунинг аксини исбот қилишарди, ҳамда мусулмон эмас деган баҳона билан жизяга мажбурлашарди.

4. Қуръонни тажвиб билан ўқиш.
Мингларча араб бўлмаган инсонлар бирданига арабчани ўрганиб, Қуръонни араблардек ўқий олиши имконсиз эди. Буни халифалик жуда яхши биларди, ва шундан жуда устомонлик билан фойдаланарди.

Шунча шартлар бўлишига қарамасдан, инсонлар орасида уларни бажарардилар.

Хуросоннинг жизя йиғувчиси Ашрас, халифаликка ёзган “Инсонлар Исломни қабул қилиб масжидлар қурдилар, нима қилай?” деган саволига Волийдан ушбу жавобни олди: “Хараж ва жизяни аввал кимлардан олган бўлсанг, энди ҳам ўшалардан олишда давом эт”.

Самарқанд ёнидаги бир жойда етти минг янги мусулмон бу амалиётга қарши исён кўтарди. Уларнинг биргина шиорлари “Ла илаха илаллох, Мухаммад росулуллоҳ” эди. Бу мазлум инсонларни ҳимоя қилиш учун ва мусулмонларга бўлган бу талабни ғайри шаръий эканлигини кўрсатиш учун бир гуруҳ қори ва фақиҳлар далиллар келтирдилар. Тортишилаётган мавзу “имон-амал” масаласи эди. Сабаби мингларча мусулмон бўлган инсонларнинг амалларининг нуқсонини баҳона қилиб, уларнинг имонларини ҳам йўққа чиқариб, мусулмон устидан кофир деб ҳукм чиқариб, охири барибир жизя тўлашга мажбурлаш эди.

Бу олим ва фақиҳлар зулмга учраётган инсонларнинг мусулмонлигини исботлаш учун “ИРЖАЪ” тушунчасини кўтариб чиқдилар.

Бу тушунчага кўра, гуруҳ бўлиб Исломга кирган инсонларни мусулмон бўлишлари учун калимаи шаҳодат келтиришлари етарли хисобланиши эди. Калиманинг ўзи, мусулмоннинг имонини соғлом эканлигини кўрсатади. Бундай одамга “сен мусулмон эмассан, балки мусулмон бўлиб кўриняпсан” деб бўлмас эди. Бу ҳолда уларни кофир хисоблаб жизя олиш жоиз бўлмасди.

Аммо юқоридаги далилларни келтириб жизя беришдан бош тортганлар, Волийлар тарафидан моли ва жони ҳалол деб эълон қилиниб ўлдириларди. Волийларнинг бу зулми, бутун мусулмон бўлганларни қатлиом қилишгача борарди.

Олимлар бу зулмни тўхтатиш учун халифаликни, иқрор бўлишни (калима келтиришни) етарли билиб, қалбларни Аллоҳга ҳавола қилишга (иржаъ қилишга) чақирардилар.

Бу фикрни қабул қилганларни Муржиъа деб номлай бошлашди.

Лекин булар, халифаларнинг зулмини оқлайдиган муржиъадан фарқли эдилар. Кейинчалик бу икки муржиъани кўпчилик қориштириб юборди.

Аслида бу икки муржиъа тоифаси бир-биридан тамоман фарқ қилади.

Аввалги Муржиъа ишларни султонларга ҳавола қилса, кейингиси Аллоҳга ҳавола қиларди.

Бу икки гуруҳнинг ақидаси, Аллоҳ билан султонлар орсидаги фарқчалик катта эди.

Илк муржиъа қулга қул қилиш билан шуғуллансалар, кейингиси волийлар ва султонлар зулмига қарши чиқиб, Аллоҳга қул бўлишга чақирарди.

Аввалгиси золимларни ҳимоя қиларди, кейингиси мазлумларни.

Мазлумларни ҳимоя қилиб “муржиъа” номини олган фақиҳлар ичида шу исмлар ҳам бор эди:
Абу Сайда Солиҳ бин Тариф, Рабиъ бин Имрон ат-Тамимий, Қосим аш-Шайбоний, Абу Фотима ал-Аздий, Биср бин Журмуз ад-Дабий, Холид бин Абдуллох ан-Наҳвий, Бишр бин Занбур ал-Аздий, Амир бин Башир ал-Хажнадий, Баён ал-Анбарий, Исмоил бин Ақоба ва Собит бин Қатона.

Муржиалик – янги мусулмон бўлганларни “қочиб химояланадиган” эътиқодига айланди. Бир гал, бу мазҳаб вакиллари халифаликнинг уларга кўрсатаётган ноҳақлигига исён тариқасида Бухорога бориб шаҳарнинг йирик масжидида баланд овоз билан шаҳодат калимасини айтишни бошладилар. Фақат шаҳар волийси уларнинг мусулмонлигини қабул қилмади ва улардан тўрт юз нафарини осдирди.

Уммавийлар ирқчиликни давлат сиёсати даражасига кўтаришди. Бундай кўтарилиш бир даврда Басрада ҳам бўлб ўтди. Волий шахардаги араб бўлмаган мусулмонларни сургун қилишга буйруқ берди. У мусулмонлар шаҳарда тўп-тўп бўлиб “Вой Мухаммадо! Вой Мухаммадо!” деб йиғладилар. Басранинг ҳали виждонини халифаликка сотмаган олимлари ҳам чиқиб бирга йиғладилар ва уларга зафарлар тилаб дуолар қилдилар.

Ҳукумат зулмига қарши бундай исёнлар кейинчалик ҳам давом этди. Уларнинг энг йирикларидан бири Хорис бин Сурайжнинг, Ҳишом бин Абдулмаликнинг ирқчилик ва зулм сиёсатига қарши кўтарилган қўзғолони эди. Қўзғолоннинг “иккинчи одами”, Ислом фикр тарихига “Жабр ва Иржаъ мутафаккири” деб номи кирган Жаҳм бин Сафван эди. (Аммара, ал-Ислом ва ас-Савра, 226)

Имоми Аъзамнинг ҳам “амал имондан айри” деган машҳур иржаъ ижтиҳодининг сабаби ҳам шу воқеалар эди. Энг кичик зулмга ҳам қараб туролмайдиган Имом Аъзамдан бундан бошқа фикрни кутиш бефойда эди.

Фақат Имомнинг бу ижтиҳоди негизида ётган воқеа ҳодисаларни тушунмаган “қатъий нақлчи мантиқ”, макон ва замонини ҳисобга олмасдан Имом Аъзамни ҳам муржиъа деб тамғалаган.

Золим ва фосиқ бошқарувчиларнинг ишлари, бу янги муржиа мазҳабини кенг ёйилишига сабаб бўлди.

Муржиъа эътиқодининг баъзи нуқталарини кўриб чиқамиз:

1. Амални имондан хисобламаслик. Бунда улар, имон бу фақат иқрор дердилар.
2. Сиёсий мазҳаблашиш. Византия қонунларидан бўлган давлатни динга аралашуви энди Исломга ҳам татбиқ этилганди. Натижада давлатнинг “расмий дини” (мазҳаби) пайдо бўлди.
3. Амри маъруф, наҳй мункар каби фарз амални фитнага тенглаштириб, дин асослари ўзгартирилди ва жамият тарафидан раҳбарларни назоратда ушлаш каби амалиётни тўхтатдилар.
4. Ҳаж, жиҳод, закот, намоз (айниқса Жумъа ва Ийд) каби муҳим ибодатларнинг маъносини асри саодатдагидан бошқа тарафга буриб ўзгартиришди. Натижада Исломнинг сиёсати ибодат, ибодати сиёсат бўлган дин кўринишини ўзгартириб, фақат ибодатий бир дин аҳволига келтирдилар.
5. Фитна, ғийбат, сабр, зулм, нифоқ, шукур каби тушунчаларни Қуръоний маъноларидан ўзгартириб таъвил ва таҳриф қилдилар. Бу сўзлар ўзининг асл маъносидан узоқ, хатто бутунлай зид маъноларда ишлатила бошлади. Натижада ўртада тушунчалари чалкаш, тамоман ҳукмдорлар назорати остидаги “дин” пайдо бўлди.