biblical-mullahs
May 24, 2021

АҲЛИ КИТОБ МУЛЛАЛАР-17

ҚУРЪОНДАГИ ҲАЛОЛ НИМА?

"Улар учун нималар ҳалол эканини сўрашмоқда. Айт: "Сизлар учун покиза нарсалар ҳалол, ва ўргатилган итларингиз (мукаллибийн) тутиб келгани ҳалол. Аллоҳ сизга билдирганидан билдириб, қўлга ўргатгансиз. Уларнинг тутиб келганини енглар ва Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар! Аллоҳдан тақво қилинглар! Албатта Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир". (5:4)

Сиз учун нималар покиза бўлса, ўша ҳалолдир, ейиш жоиздир. Қуръондаги қоида шу. Бу бошқа барча қоидалардан устун, асосий қоида. Шундай экан, сиз учун нималар покиза эканига сиз қарор қиласиз. Совуқ Шимолдаги Эскимос ёки Инуит қавмлари учун денгиз мушуги, морж ёки кит покиза ва ҳалол. Шимолий Қутбда туя, сигир, қўй ёки товуқ йўқ. Тропик минтақалардаги қавмлар, қўй, эчки, сигир ва товуқдан ташқари – тўнғиз, жайрон, тимсоҳ, илон, кенгуру, чигиртка, ҳашаротлар ва б. жонзотларни ейиши мумкин. Улар яратилганидан бери бу ҳайвонларни ейишади. Одамлар бу ҳайвонларни ўзлари учун покиза деб билади.

Бу ҳайвонларни сўйиш учун махсус маросимлар ҳақида Қуръонда ҳеч қандай гап йўқ. Минг йиллар давомида барча инсонлар, шу жумладан, насронийлар, ҳиндлар ва бошқалар, ҳатто Исломдан олдинги араблар ҳам, ейиш учун ҳайвонни қандай сўйиш кераклигини билишган.

Юқоридаги 5:4-оятда айтилишича, "ўргатилган итларингиз (мукаллибийн) тутиб келгани ҳалол. Аллоҳ сизга билдирганидан билдириб, қўлга ўргатгансиз. Уларнинг тутиб келганини енглар..."

Мукаллибийн (кўплик шаклида) итларни билдиради. Ягона шакли Калб. Баъзи изоҳчилар буни ов итлари дейишган. Аммо ов итлари ҳам барибир ит. Итлар тутиб келтирган нарса ҳалол, истеъмол учун жоиз. Ов итлари баъзан қуён ёки оҳу каби ҳайвонларни тишлаб ғажиб парчалаши мумкин. Бунда ҳеч қандай забиҳа ёки шахита маросимлари йўқ. Шунга қарамай, итлар тутиб келтирган нарса ҳалол, яъни истеъмол учун жоиз бўлаверади.

Муллалар забиҳа маросими орқали ҳар қандай гўштни ҳалол ёки ҳаром дея эълон қила олишига Қуръон рухсат бермаган. Бу билан муллалар ўзларини Аллоҳдан устунроқ қўядилар. Бу мулла ширкидир.

Муллалар қайси қоидага кўра бирор гўштни "ҳалол" ёки "ҳаром"га чиқаради, деган муаммо ётади бу ширкнинг негизида. Қуръонга кўра, ов итлари тутиб келган ўлжа бўлса ҳам, гўшти ҳалол. Ов итлари на яҳудий на мусулмон динида кузатилади. Улар қайси динда унда? Лекин муллалар, худди яҳудийларга ўхшаб, қассоб мусулмон бўлмаса гўшт ҳаром, деб туриб олишади. Агар ғайри-муслим қассоб ҳайвонни сўйиб, забиҳанинг ҳамма талабларини бажариб, фақат "бисмиллоҳ" (Аллоҳнинг исми билан) демаса, муллалар ҳали ҳам, "қассоб ғайридин, бу гўшт ҳаром" дейди.

Бу худди Яҳудийлардаги "Шохет (қассоб) тақводор яҳудий бўлиши керак", деган гапни бирма-бир муллача кўчирмаси. Муллача версияда бу "Қассоб ўзи оқил ва болиғ мусулмон бўлиши лозим” деган шакл олади. Яъни, гўштни ҳалол ёки ҳаром қиладиган Аллоҳ эмас, балки қассобнинг ақидаси. Шунинг учун муллалар айтаётган забиҳа шартлари ботил, чунки:

"Сизларга ҳаром қилинди: ўлакса, қон, тўнғиз гўшти, Аллоҳдан бошқа бировнинг йўлида сўйилган..." (5:3)

Мулла қассобнинг динига қараб туриб, Аллоҳ ҳалол қилиб берган гўштни ҳаромга чиқариши мумкин. Бунда ширк ва куфр бирга жамланган. Қуръонда ҳеч бир оятда фақат мусулмон сўйган гўшт ҳалол дейилмаган. Бундай дейилиши мумкин ҳам эмас, чунки итлар тутиб келтирилган гўшт ҳам ҳалол (5:4). Шундай экан, мулланинг забиҳа маросими уйдирма ва уларнинг ҳалол гўштни ҳаромга чиқариш ҳукмлари ҳам ботил.

Чорвачиликда ишлайдиган аёллар ҳам ёрдамга эга бўлмай туриб, ўз болаларини боқиш учун ўзлари сигир, эчки ва қўй сўя олишлари керак. Сўйиш фақат битта усул, ҳар қандай бошқа самарали восита ҳам мос келаверади. Ҳайвонни ўқ отиб уриш мумкин, ўқ-ёй билан уриш мумкин, бўйнидан бўғиш, калтак билан бошига уриш мумкин. Ёки юқорида 5:4 да кўрганимиздек, биз учун итларимиз ўлжа тутиб келиши мумкин. Фақат уни истеъмол қилишда, барча таомларда бўлганидек, Аллоҳнинг исмини зикр қилишлари талаб қилинади.

Шунинг учун, Қуръон мусулмонлар учун ҳаётни енгиллаштириб беради. Мусулмонлар дунёнинг исталган жойида сайр қилиб, гўшти ҳалол қилинган ҳайвонларни ким сўйганидан қатъи назар, Аллоҳнинг исмини зикр этиб истеъмол қилавериши мумкин. Ёки итлар ва бошқа ов ҳайвонлари томонидан тутиб келтирилган ўлжалар ҳам шу кабидир. Барча таом ва гўштлар мусулмон учун покиза экан, ҳалолдир (жоиздир)".

Аллоҳ ҳалол қилган гўштларни ҳаром қилишдан ташқари, муллалар егуликларга тааллуқли Библиядан яна кўплаб таъқиқларни кўчиришган. Қуръон фақат ТЎРТ ТУР егуликни "ҲАРОМ" дейди, яъни ўлакса ҳайвонлар, оққан қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳнинг номидан бошқа эълон қилинган ҳар қандай егулик.

"Сизларга ҳаром қилинди: ўлакса, қон, тўнғиз гўшти, Аллоҳдан бошқа бировнинг йўлида сўйилган..." (5:3)

Қуръон алоҳида чўчқа гўштига чеклов қўяди (лаҳм-ал-хинзир). Чўчқа ёғи ёки териси, суяклари ёки чўчқа желатини айтилмаган. Қуръон, албатта, чўчқа терисидан кийинишни таъқиқламайди.

Қуръонда яна соғлиқ учун очиқ хавфи сабабли, оққан қонга ҳам чеклов қўйилган. Зарарли бактериялар ва патогенлар оққан қонда ҳали тирик бўлиши мумкин. Пишган гўшт таркибидаги қон оққан қон эмас. Оят давомида, шунингдек, ўлакса ҳайвонлар ҳам алоҳида санаб ўтилади:

"... ва бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, юксакликдан қулаб ўлган, сузишиб ўлган ва йиртқич ҳайвон тишлаб ўлдирган ҳайвонлар ҳаром қилинди, магар, сўйишга улгуриб қолган бўлсангиз, ҳалолдир..." (5:3)

Ҳатто бу рўйхат орасидан ҳам "сиз учун покиза нарсалар"ни ҳам сўйиб, ейишингиз мумкин. Бу чекланган егуликлардан БОШҚА ҲАММА нарса мусулмон учун ҳалол. Булар орасига қурбақа, тимсоҳ, аллигатор, барча қушлар ва бошқа барча жонлиқлар - модомики егулик сиз учун яхши экан, (юқоридаги 5:4), шу жумладан, ўргатган итларингиз сизга нима тутиб келса, ҳалол.

Бунинг маъноси шуки, мусулмонлар ит боқиши ва уларни овда фойдаланиши мумкин. Лекин баъзи сунний муллалар ит боқиш ҳаром дейди. Улар ит зотини ёмон кўради. Асрлар давомида миллионлаб одамлар сичқон, каламуш, илон ва тимсоҳларни еб яшайди. Бу ҳайвонлар турли мамлакатларда кўплаб кузатилади. Одамлар улардан турли таомлар қилишади ва бу таомларни мазали санашади. Ҳатто сохта ҳадис қайдларида ҳам Пайғамбар ҳузурида "Добб" деб номланган чўл калтакесаги ейилгани айтилади.

Абдуллоҳ ибн Аббос ривояти: "Мен ва Холид ибн Валид Расулуллоҳ билан бирга Маймуна хонадонига бордик, унга қовурилган калтакесак берилди. Расулуллоҳунга қўл узатди, у ерда Маймуна уйида бўлган аёллардан баъзилари Расулуллоҳга бу қандай таом эканини маълум қилишди. Расулуллоҳ қўлини тортди. Мен: "Ё Расулуллоҳ, бу ҳаромми?" дедим. У деди: "Йўқ. Менинг қавмимда буни ейишмайди, буни ёқтирмайман". Холид деди: "Мен шунда уни чайнаб, едим, Расулуллоҳ(менга) қараб турарди.

Араблар ботқоқ каламушини ейди. Араблар ва покистонликлар чигиртка ва бошқа ҳашаротларни ейди. Скандинавияликлар ондатра ейди. Амазонка ҳиндулари капбара (сувда ҳам қуруқликда яшовчи йирик кемирувчи) ейди. Агар одамлар Қуръонга эргашса, улар ўзлари учун яхши бўлган барча нарсани ейиши мумкин бўлади. Худди шунга ўхшаб, мусулмонлар Қуръонга амал қилса, ер юзидаги ҳар қандай жамиятга осон интеграция бўлиши ва айни пайтда, мусулмон қолавериши мумкин.

Бироқ муллалар ўзлари манъ қилган бошқа егуликларнинг узундан-узоқ рўйхатларини тузиб юради. Уларнинг таъқиқлари Аллоҳ ва Расули тарафидан эмаслиги боис, айнан нима ҳалол ёки ҳаром деган масалада турли сунний/шиа, ҳанафий, шофеъий, моликий, ҳанбалий, рофизий, каби мазҳаблар орасида ихтилофларни кўрасиз. Масалан, баъзи мазҳабларда қисқичбақа, бақа, йиртқич қушлар ва қозиқтишлари бўлган ҳайвонлар ҳаром, дейилган. Таниқли мулла Юсуф ал-Қарадавийнинг "Ал-Ҳалол вал-Ҳаром фил-Ислом" (Исломда ҳаром ва ҳалол) китобига мурожаат қилсангиз, бу мавзуни яхшироқ англайсиз. Қуръон эса муллалар асло ҳалол ёки ҳаром қўйиш ваколатига эга эмас, деб огоҳлантиради.

"Эй мўъминлар, Аллоҳ сизлар учун ҳалол қилиб қўйган покиза нарсаларни ҳаром деманглар ва тажовуз қилманглар! Албатта Аллоҳ тажовузкор кимсаларни севмас! Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол, пок нарсалардан енглар ва ўзларингиз иймон келтирган Аллоҳдан тақво қилинглар!" (5:87-88).

Бироқ муллалар кўп нарсани, шу жумладан, кўп одамлар учун яхши бўлган кўплаб ҳалолларни ҳаром қилишган. Улар ҳаром егуликлар рўйхатини яна Библиядан олишган. Яна бир ҳақиқат шуки, Қуръон денгизда ов қилишга ва денгизда овланган барча нарсани ҳалол қилади. Денгиздан олинган ҳамма нарсани ейиш жоиздир ва ҳалолдир. Албатта у ҳам сиз учун покиза бўлиши керак (5:3).

"Сизларга ўзингиз ва бошқа мусофирлар фойдаланиши учун денгиз ови ва унинг емишлари ҳалол қилинди..." (5:96)

Масалан, юзйиллар бўйича Инуит элатлари денгиз мушуги, морж, кит, акула ва балиқнинг барча турини ейди. Барчамиз денгиздан балиқ тутиб еймиз, бундан ташқари, тошбақа, қисқичбақа, моллюскалар ва ҳ.к. Буларнинг барчаси Қуръон Рисолатига кўра ҳалол. Муллалар эса ўз ҳалол-ҳаром рўйхатларини яратади, ҳатто денгиз махсулотлари учун алоҳида рўйхатлари бор. Суннийлар орасидаги ҳанафия сектаси тангасиз балиқни ҳаром дейди. У ҳолда тангасиз бўлган акула ва денгиз мушуклари ҳаромга айланади. Баъзилар илон бўлгани учун илонбалиқ ҳаром, дейди. Баъзилар лойхўрак ҳам сувда ва ҳам қуруқликда яшагани учун ҳаром/макруҳ дейди. Бу фатволар ҳаммаси Библиядан кўчирилган:

"Денгиз ва дарёларда яшайдиган сузгичи ва тангачалари бор ҳар қандай жониворни есангиз бўлади". (Лев 11:9)

Фақат сузгичи ва тангачалари бор балиқни ейиш мумкин. Бу айнан муллалар айтадиган гап.

"Бироқ сувда яшайдиган, сузгичи ва тангачалари бўлмаган ҳар қандай сузадиган ва бошқа турдаги жониворни еманг. Улардан ҳазар қилинг". (Лев 11:10)

Ҳанафий муллаларнинг айтишича, скат, акула, налим ва тангасиз балиқни еб бўлмайди.

"Бундай жониворлар сизлар учун жирканчдир. Уларнинг гўштини оғзингизга олманг, мурдасидан ҳазар қилинг". (Лев 11:11)
"Сузгичи ва тангачалари бўлмаган ҳар қандай сув жонивори сизлар учун жирканчдир". (Лев 11:12)

Муллалар ҳам айнан шундай дейди.

Яна муллалар еб бўлмайдиган ҚУШЛАР рўйхатини тузишган. Ушбу рўйхатга йиртқич қушлар, айниқса, тумшуғи ва тирноғи илмоқсимон қушлар киритилган. Қуйида Библиядан бир иқтибос келтираман:

"Паррандалар орасидаги қуйидаги қушларни зинҳор еманг, улардан ҳазар қилинг, улар сизлар учун жирканчдир: қумой, болтаютар, тасқара, қизил калхат, қирғий ва унинг зоти, ҳар қандай қарға ва унинг зоти, туяқуш, лочин, қулоқли укки, қарчиғай ва унинг зоти, япалоқ қуш, балиқчи укки, бойўғли, оқбойўғли, бирқозон, жўрчи, лайлак, оқ қарқара ва унинг зоти, сассиқпопишак, кўршапалак". (Лев 11:13-19)

Муллалар қўлидаги ғайри-Қуръоний ҳалол-ҳаром егуликлар рўйхати Библиядан кўчирилган. Муллалар чигиртка ва унинг баъзи турларини ҳалол қилишади. Нима учун чаён, суварак ё бошқа ҳашарот эмас? Жавоб шуки, Библияда чигирткалар ва чигиртка турлари алоҳида ҳалол қилиб берилган. Муллалар ҳалол-ҳаром егуликлар рўйхатини Библиядан кўчиришган:

"Лекин қанотли ҳашаротлар орасидаги, тўрт оёқда юрадиган баъзиларини ейишингиз мумкин. Оёқлари сакраш учун бўғинлар билан мосланган чигиртканинг ҳамма турини ва уларнинг зотини ейишингиз мумкин". (Лев 11:21-22)

Ҳашаротларнинг олти оёғи бор, тўрт эмас. Бу уларнинг Библия ва яҳудий китобларидан плагиат қилиб олган ғайри-Қуръоний таълимотларига мисолдир. Бу таълимотлар, албатта, Аллоҳнинг Қуръонда ўргатган дини эмас. Қуръони Каримда

"БАРЧА ПОКИЗА НАРСАЛАР СИЗ УЧУН ҲАЛОЛ" (5:4),

деган илмий ва мантиқий қоида баён этилган. Шунинг учун, Камбоджа ва Вьетнамда меҳмонга қовурилган суварак ва чаён тортилади. Агар мазаси яхши бўлса, нега ейилмасин? Қуръон бунга изн беради. Муллалар Аҳли Китобни ёмон кўришади, лекин улар қўйган тузоққа ўзлари тушиб хор бўлаётганини билмайди.

"На яҳуд, ва на насоро, то уларнинг миллатига эргашмагунингча, сендан асло рози бўлмас. Айт: "Албатта, Аллоҳнинг ҳидояти мана шу (ҳақиқий) ҳидоятдир. Агар сенга келган илмдан кейин, уларнинг ҳавосига эргашсанг, Аллоҳдан сенга ҳеч қандай валий ҳам, бирон ёрдамчи ҳам йўқ". (2:120)

Муллалар йўлдан озганига шак-шубҳа йўқ. Улар яҳудий ва насронийларга эргашиб кетган. Муллалар мусулмон эмас.