biblical-mullahs
May 23, 2021

АҲЛИ КИТОБ МУЛЛАЛАР-11

7-БОБ. МУЛЛА, ЗИНО, ФАҲШ ВА ПЕДОФИЛИЯ

Муллаларнинг аёллар, жимоъ ва умуман жинсий ҳаётга бўлган ҳирсини кўплаб ғайри-Қуръоний ҳадисларда кўрдик. Бу ҳадислар аслида хулуқи-азим ва ҳаёю-иффат намунаси сифатида Пайғамбарни тасвир этади, дейиш узоқ залолатдир. Улар аёллар билан никоҳсиз жимоъни улуғлайди, жумладан, жория номи остида чекланмаган ададда фоҳишалар тутишни. Муллаларнинг айтишича, эркаклар ўз жинсий эҳтиёжларини қондириш учун аёлларни бир кунлик ёки бир неча соатлик муддатга вақтинча никоҳлаши мумкин. Шиаларда бу Мутъа дейилса, суннийлар буни Мисйар дейди.

21-асрнинг илк чорагида Суриядаги сунний-шиа уруши, айни пайтда жинсий жиҳод (Жиҳод ал-Мунокаҳа) майдонига ҳам айланди. Муллалар бу ерда ҳам ўзини кўрсатди: уруш шароитида бир кеча ёки бир неча соатга аёлларни никоҳлаши жоиз, деган фатво чиқаришди. Яъни мужоҳидлар бир миқдор тўлов эвазига ўша аёллар билан вақтинча никоҳ ва жинсий алоқа қилиши мумкин. Ҳар қандай ўлчов билан ўлчанишидан қатъи назар, бу фоҳишалик. Бугунги 21-асрда Эрон, Ироқ, Сурия ва Бирлашган Араб Амирликларида Мутъа ва Мисйар никоҳи кенг тарқалган. Бундай фоҳишабозлик тамоман муллалар уйдирган ҳадисларга асосланган.

Ироқ ва Суриядаги жинсий жиҳодни оқлаш учун муллалар қуйидаги ҳадисни келтиришади:

Баъзи муҳожирлар Маккадан Мадинага ҳижрат қилганларида, Пайғамбаримиз муҳожир ва ансорларни ўзаро биродар қилиб қўйди, мадиналик ўзидаги борини маккалик биродари билан баҳам кўриши керак эди. Маккалик Абдураҳмон бин Авфни Мадиналик Саъд ибн Рабиъа билан биродар қилди. Шундай қилиб, Саъд мол-мулкининг ярмини Абдураҳмонга таклиф қилиб, қўшиб қўйди: "Қара, иккита аёлим бор, қайси бирини хоҳласанг, талоқ қиламан, сен уни олишинг мумкин”. (Саҳиҳ Бухорий: 118, 1943)

Бу ҳадис тўғри бўлган тақдирда ҳам, Абдураҳмон Рабиъанинг хотинига бир кечалик ёки бир неча соатликка уйлангани йўқ. Бу ҳадис сохта бўлса ҳам, доимий никоҳ ҳақида.

Абдуллоҳ ривояти: "Биз Расулуллоҳ билан бирга ғазот қилар эдик, хотинимиз йўқ эди. Шунда, биз "Ё Расулуллоҳ, дунёдан тоқ ўтайликми?" дедик. У бизни бундай қилишдан қайтарди, сўнг бир кўйлак бериб бўлса ҳам, никоҳланишга рухсат берди. Кейин, "Эй мўминлар, Аллоҳ таоло сизларга ҳалол қилган неъматларни ҳаром қилманглар ва тажовуз қилманглар, Аллоҳ таоло тажовуз қилувчиларни яхши кўрмайди" деган оятни қироат қилди". (Бухорий 6-жилд, 60-китоб, 139-ҳадис).

Демак, муллаларнинг "иккинчи энг мўътабар китобида" вақтинча никоҳ ҳалол қилинган ва аёлнинг минимум нархи - битта кўйлак. Ва бу уйдирмани Пайғамбар ҳадиси дейишади. Аслида бу Пайғамбарга қарши яна битта туҳмат ва ёлғон. Қуръонда эса, тамоман фарқли ўлароқ, Пайғамбар аниқ таълимотлар берилади ва одамлар ўз шаҳват ва орзуларини назорат қилишга ва иффатли тутишга буйруқ бор.

"Никоҳга имкони бўлмаганлар, то Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилгунича, иффатларини сақласинлар. Қўл остингизда бўлганлардан васиқасини истайдиганлари бўлса, бас, уларда яхшилик борлигини билсангиз, улар ила васиқа ёзинг ва Аллоҳнинг сизга берган молидан уларга беринг. Ҳаёти дунёнинг ўткинчи матоҳини истаб, покликни ирода қилган ЁШ АЁЛЛАРИНГИЗНИ (ФАТОЯТИКУМ) ФОҲИШАЛИККА мажбур қилманг".(24:33)

Ёш аёлларни фоҳишаликка мажбурлаш Қуръон ояти билан таъқиқланган. Шунинг учун ҳам муллалар ва бухорийлар Пайғамбарга қарши ёлғон ва бўҳтонлар айтиб, ҳадислар уйдиришган. Айни мазмундаги яна бир оят:

"Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир". (24:30)

Пайғамбарнинг одамларга таълим бергани шу эди. Муллалар бу Қуръоний таълимотни рад этиб, бир кийимлик фоҳишага қатнашни афзал кўради. Бухорий ўз ҳадислар тўпламида Сулаймон Пайғамбар ҳақида ўз даврининг порнографик махсулотлар чиқарган.

Абу Ҳурайра ривояти: "Сулаймон деди: "Мен бу кеча юзта аёл билан ётаман, уларнинг ҳар бири Худонинг йўлида урушадиган ўғил туғиб беради" деди Сулаймон Пайғамбар. Фаришта Иншооллоҳ дейишни эслатди, у айтмади. Шунинг учун, хотинларидан ҳеч бири ўша кеча ҳомиладор бўлмади, фақатгина битта аёли ҳомиладор бўлди, уям чалажон бола туғди!" (Бухорий 4-жилд, 55-китоб, 635-ҳадис).

Пайғамбар яна деди: "Агар Сулаймон Пайғамбар иншоаллоҳ деганида, Худонинг йўлида жанг қиладиган ўғиллар туғилган бўларди". Бу бўйдоқларнинг шаҳват базмидан бошқа эмас. Келинг, оддий арифметикани ишга солиб кўрамиз. Бир кеча ўртача 12 соат деб фараз қилсак, у ҳолда Сулаймон ҳар соатда 7-8 аёлга, ёки тақрибан ҳар 10 дақиқада аёлини янгилаб, нон-стоп уруғ ташлаб туриши керак бўлади. Нима кераги бор Аллоҳнинг бир улуғ Пайғамбарига бу ишнинг? Бу Рисолатнинг бир бўлагими? Инсоният учун қандай дарс ва ибратлар беради бу саҳна?

Бухорийда келган бу ғайри-Қуръоний ҳадис Библиядаги Шоҳ Сулаймон ҳикоясидан бир кўчирмадир. "Сулаймон эса ўша аёлларга шаҳват билан ёпишди. Унинг етти юзта хотини шоҳлар қизларидан бўлиб, уч юзта канизаги ҳам бор эди... (3 Шоҳлар 11:3)

Фоҳишаликка рухсат билан бирга, муллалар яна "фиқҳ" ижод этишган. Бу "фиқҳ" ҳам аҳлоқий ва шаҳвоний тартибсизларни ҳалоллаб беради. Кўпхотинлилик учун Қуръонда ҳеч қандай асос йўқ. Муллалар арабларнинг эски ҳарамларини оқлаш учун, Нисо:3 оятини асл маъносидан буриб тақдим этишади:

"Агар етимларга адолат қилолмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун ҳалол-пок бўлган аёллардан икки, уч, тўртта никоҳланг. Агар адолат қилолмасликдан қўрқсангиз, бир аёлни ёки қўл остингиздагиларни никоҳланг. Мана шу жабру-зулмга ўтиб кетмаслигингизга яқинроқ ишдир". (4:3)

Бу оятга асосланиб муллалар иккита, учта ва тўртта хотинга уйланиш мумкин дейишади. 4:3 ояти, аслида, аввалги 4:2 оятининг давомидир.

"Етимларга молларини берингиз ва нопокни пок билан алмаштирманг. Уларнинг молларини ўз молингизга қўшиб еманг. Зеро бу катта гуноҳдир. Агар етимларга адолат қилолмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун ҳалол-пок бўлган аёллардан икки, уч, тўртта никоҳланг. Агар адолат қилолмасликдан қўрқсангиз, бир аёлни ёки қўл остингиздагиларни никоҳланг. Мана шу жабру-зулмга ўтиб кетмаслигингизга яқинроқ ишдир". (4:2-3)

4:2 етимларга ғамхўрлик ва уларнинг мол-мулки ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида зикр қилади. Давомидаги 4:3 етимларнинг ҳаққларини ҳимоя қилиш мавзусининг давомидир. Оят сўнггида етимларни вояга етказиб никоҳлаш учун "иккита, учта, тўртта" дейди. Бошқа сўзлар билан айтганда, етимларнинг барчасини уйлантириш, эрга бериш, яъни мустақил оила қуришини таъминлаш. "Икки, уч ва тўрт" кўпликдан киноя.

Арабча калималарнинг маънолари аниқ:
Фа-нкиҳуу : бас, никоҳланг/никоҳланинг
Маа Тоба : пок/никоҳи ҳалол бўлганлар
лакум : сизга/сиз учун
мин-ан-Нисаа : ўша аёллардан
маснаа ва сулааса ва рубаъа : иккита ва учта ва тўртта

"Фа-нкиҳуу" сўзи "Шундай қилиб, уларни никоҳланг" дегани. Адолат қилолмасликдан қўрқсангиз, етимлари бор бева аёлларни никоҳингизга олинг, дейилган ғоя йўқ оятда. Зотан, бу билан муаммо ечим топмаслиги аён. Айни калима яъни "ванкиҳуу - уларни никоҳланг" деган маънодаги калима 24:32 да ҳам келади.

Қуйида ушбу оятнинг Sher Ali ва Рашод Халифа томонидан ўгирилган икки таржимасини келтирамиз:

Sher Ali: "And arrange marriages (wankihuu) for widows from among you, and for your male servants and female servants who are fit for marriage. If they be poor, ALLAH will grant them means out of HIS bounty; and ALLAH is Bountiful, AllKnowing".

Шер Али: "Ва ташкил этиб беринг никоҳни (wankihuu) орангиздаги бевалар учун, ҳамда никоҳга мос бўлган эркак хизматчиларингиз ва аёл хизматчиларингиз учун ҳам. Агар улар фақир эсалар, АЛЛОҲ уларни ўз ҳузуридан беҳожат қилади. Аллоҳ Фазлу-Карамли, Билгувчидир".

Rashad Khalifa : You shall encourage those of you who are single to get married (wankihuu). They may marry the righteous among your male and female servants, if they are poor. Allah will enrich them from His grace. Allah is Bounteous, Knower.

Рашод Халифа: "Сизлардан ёлғиз бўлганларни никоҳланишга ташвиқ этмоғингиз лозим (wankihuu). Улар орангиздаги салоҳиятли эркак ва аёл ходимларга никоҳланиши мумкин, агар муҳтож эсалар. Аллоҳ уларни ўз фазлидан бойитади. Аллоҳ фазлу марҳаматли, билгувчидир".

Бас, Фа-нкиҳуу (уларни - беваларни - никоҳланг) буйруғи 4:3-оятда келади, Ва-нкиҳуу (ва уларни - вояга етган етимларни, бўйдоқ эркак ва аёл хизматчиларни, улар камбағал бўлса ҳам - никоҳланг) буйруғи эса 24:32-оятда келади. 4:3 ёки 24:32 нинг бирортасида кўпхотинлиликка ишора йўқ. 4:3 да келган "иккита, учта ва тўртта" сўзларига эътибор беринг.

Араб тилида "Масна ва Сулоса ва Рубоъа" ибораси бошқа яна бир оятда келади, бу сафар малоика қанотлари (ёки малоика деб бошқа маънолар берилган мавжудотлар) учун ишлатилади.

"Осмонлар ва Ернинг фитратини яратган, малакларни икки ва уч ва тўрт қанотли расуллар қилиб юборган Аллоҳ энг олий мақтов ва мадҳларга лойиқ; Яратишда Ўзи хоҳлаган нарсани зиёда қилади; Аллоҳ барча нарсага қодир" (35:1)

Малоика қанотлари 2-3-4 дейилмоқда, яъни юборилган Элчилар. Аллоҳ тарафидан юборилган элчилар Унинг Китобидаги оятлар экани маълум (буни билгач, "Расулга итоат" тушунчасини қайтадан кўриб чиқишга арзийди), уларда баъзан ўзаро ўхшаш 2-3-4 хил маънолар (муташобиҳ оятлар) борлиги ҳам сир эмас. Бу икки, уч ёки тўрттадан мурод "қанотлар адади" эмас, балки кўплик деб англаш тўғри бўлади. Бу Қуръонда кўпхотинлилик буюрилмаганига яна бир далил. Қуръон таъкидлайдики, биз аёллар орасида ҳеч қачон тенг адолатли бўла олмаймиз:

"Ҳар қанча уринманг, хотинлар ўртасида адолат қилишга қодир эмассиз. Бас, бутунлай оғиб ҳам кетманг, хотинингизни муаллақа ташлаб ҳам қўйманг! Агар ислоҳ этиб, Аллохдан тақво қилсангиз, албатта Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир". (4:129)

Бир одам бир неча хотин ўртасида адолатли бўлиши мумкин эмас, сабаби Қуръонда аниқ баён қилган:

"Аллоҳ ҳеч бир инсонга кўксида икки қалб бермаган, сизлар зиҳор қиладиган хотинларингизни ҳам сизларга она қилмаган ва асранди болаларингизни ўз ўғилларингиз қилмаган. Булар фақат оғзингиздаги сўзлар холос. Аллоҳ ҳаққни айтур ва Унинг Ўзи Ҳақ Йўлга ҳидоят қилур". (33:4)

Ҳар бир эркакнинг биттагина қалби бор. Эркаклар бир неча хотин орасида адолатли бўлиши имконсиз. Бутун буларни уқтириб, ортидан кўпхотинликка буюрсайди, у ҳолда Қуръон ўз-ўзига зид келган бўларди. Кўпхотинлилик фақат саҳройи арабларнинг шаҳвоний орзуси ва чўлдаги арабнинг одатидир. Эрлари бошқа аёлларга уйланганда, кўпхотинликни ёмон кўришлари ҳар қандай аёлнинг табиатида бор. Бу барча замон ва макондаги аёлда шундай бўлади. Ўз эски ҳарам анъанасини динда машруълаштириш учун, араблар янги маданият барпо этишди, бу маданиятда аёлларга энг қуйи даража берилган ва уларга кўчар мулк муомаласи қилинарди. Қабила катталари учун аёлларни фоҳишаликка мажбурлашнинг бошқа йўли йўқ эди. Муллалар эса бу ҳарам анъанасига диний тус бериб, фоҳиша тижоратини машруълаштириб беришди. Бир эрга бир неча хотин билан никоҳ гувоҳномаси бериш билан ҳарамлардаги фоҳишалик орасида фарқ йўқ. Кўпхотинлик барибир фоҳишалик.

Кўпхотинлилик Библияда кўп марта зикр қилинган, айниқса Эски Аҳдда.

"Агар бирга яшаётган ака–укаларнинг биттаси ўлса–ю, унинг ўғли бўлмаса, марҳумнинг хотини бегонага турмушга чиқмасин. Марҳумнинг акаси ёки укаси бевани ўзига хотин қилиб олсин". (Қонунлар 25:5-10)

Тавротда кўпхотинлилик амалиёти бўйича ўзига хос қоидалар мавжуд:

"Агар хўжайин чўрига уйланиб, сўнгра бошқа хотинга уйланган бўлса, чўрини озиқ–овқат ёки кийим–кечакдан, ё хотини сифатида у билан ётишдан маҳрум қилмасин" (Чиқиш 21:10).
"Агар бирортасининг иккита хотини бўлса–ю, бирини яхши кўриб, иккинчисини яхши кўрмаса, иккаласи ҳам унга ўғил туғиб берса, тўнғичи яхши кўрмаган хотинининг ўғли бўлса, ўғилларига мерос бўлиб бераётганда, яхши кўрган хотиннинг ўғлини устун қўймасин, унга тўнғич ўғил ҳуқуқини бермасин. Яхши кўрмаган хотиннинг ўғлини тўнғич деб тан олсин, унга мол–дунёсидан икки ҳисса мерос берсин. Чунки ўша ўғил отаси қудратининг илк ҳосилидир. Тўнғичлик ҳуқуқи ўша ўғилга тегишлидир". (Қонунлар 21:15-17).
Қонунлар 17:17 "Тайинланган шоҳ хотинларни кўпайтирмасин, акс ҳолда, Эгамиздан юраги совийди", деб таъкидлайди. Библияда зикр этилган биринчи қўшхотинлик - Ламех, унинг икки хотини Ада ва Зиллаҳ бўлган (Ибтидо 4:19).

Кўплаб муҳим кишиларнинг бирдан кўпроқ хотини бўлган, масалан Эсау (Ибтидо 26:34; Ибтидо 28:6-9), Иброҳим (Ибтидо 16:3, Ибтидо 21:1-13, Ибтидо 25:1, Ибтидо 25:6), Мусо (Чиқиш 2:21; Чиқиш 18:1-6, Рақамлар 12:1), Ёқуб (Ибтидо 29:15-28), Гедеон (Ҳакамлар 8:29-32), Элканаҳ (1 Шоҳлар 1:1-8), Довуд (1 Шоҳлар 25:39-44; 2 Шамуил 3:2-5; 2 5:13-16) Шоҳлар ва (1 Шоҳлар 11:1-3) Сулаймон.

Муллаларнинг кўпхотинлилик ғоялари Қуръонга эмас, балки Библияга мувофиқ келади. Қуръон кўпхотинликка буюрмайди, зеро Яратувчи ҳеч бир инсоннинг кўксига иккита юрак бермаган.