quranonly
May 2, 2021

Рамазон калималари

(Рамазон ойида энг кўп ишлатиладиган калималарнинг маънолари)

РАМАЗОН: (Ро-Мим-Зод) ўзакли бу калима “иссиқ/қизғин/жазирама” маънолари билан боғлиқ.
Араблар, чўлдаги қизғин қумда ялангоёқ юриб, оёғи ёнганида, бунга “рамада-л-қадам” дейишган… Жазирама шиддати ортганида, “рамда-л-йаум”, сувсизликдан ичи ёнганида, “рамида-л-соим”, қўйларни иссиқ вақтда ўтлатиб, ташналик авжига чиққанида, “рамида-л-ғанам”, қуёшнинг иссиғида қизиган тошга “ар-рамдо”, ёз охирида иссиқ тупроққа ёғган ёмғирга “ар-рамду”, иссиқда ўтлайдиган қўй яйловига “ал-мармид” дейишган…
Яъни, “Рамазон” дейилганда, энг қизғин жазирама палла (чилла), ёки ёз ортидан куз ёмғирлари ёға бошлаган мавсум тушунилган…

Маънавий ва аҳлоқий жиҳатдан эса, ҳар қандай шаҳват, очкўзлик, эҳтирос, ғазаб қизғинлиги тиниб, ўрнига салқин ёмғир келиш дея англаш мумкин. Агар бу гуноҳлар оташидан ўзимизни тутолсак, билайликки, ордидан руҳимизга ҳузур бағишловчи салқин ёмғир келади. Гуноҳдан ўзини тия олган муминнинг мукофоти – ёмғир салқинлигидир.
Зеро, ҳар қандай гуноҳдан, имонли қалб озорланади, лекин сабр қанчалик қийин бўлмасин, меваси ширинроқ бўлади…

РАҲМАТ: (Р-Ҳ-М) ўзаги луғатда “Меҳр, шафқат, кечирим, беғараз яхшилик қилиш” маъноларини ташийди. Бу ўзакдан ясалган калималар қадимги дунё тилларда кенг ёйғин қўлланилганини кўриш мумкин. Аққод тилида она раҳми (рему), шафқатли худо (рамону), Арамий тилида раҳийм, шафқат (р-ҳ-м), Иброний тилида раҳийм, шафқат, меҳрибонлик (раҳам), Ҳинд тилида яхшилик худоси (Б-раҳма) барчаси Р-Ҳ-М ўзагидан…
Меҳр-шафқат Отасимаъносидаги Аб-Раҳам бутун сомий (семит) тилларида, ва ҳатто Ҳиндчада (Браҳман) ҳам ишлатилган. Булардан эврилиб, арабчага Иброҳим шаклида келган. Буларнинг барчаси Арабчадаги раҳмат, раҳмон, раҳим калималари билан маънодош.

Қуръонда Аллоҳнинг исмларидан ар-Раҳмон (ўз Зотида барча меҳр-шафқат манбаи), ҳамда бунинг барча махлуқот узра зуҳури ар-Раҳим (ўз Феълларида меҳр-шафқат манбаи) исмлари ҳам айни ўзакдан.

Р-Ҳ-М ўзаги, классик туркий тилида, “ярлақамоқ, ёрлақамоқ” сўзи билан ўгирилган. Меҳр, шафқат, ҳурмат, каби маъноларни ўзида мужассам. “Яратган Эгам, ўзинг ёрлақа!” дуоси соф туркча.
Ёрлақамоқ – ёр (дўст) муомаласи қилмоқ демакдир, яъни меҳр ва шафқат кўрсатмоқ. “Худо ёр бўлсин” дегиндаги маъно шудир.

Демак, “раҳмат ойи” дегани, меҳр-шафқат ойи демакдир. Яъни инсонлар ўзаро дўстона муомала, меҳр-мурувват кўрсатиб яшайдиган ойдир.

БАРАКА: (Б-Р-К) ўзакли калима. Ўз-ўзидан кўпайгувчи, атрофга кенг ёйилувчи, маъносида ишлатилади. “Аллоҳ таборака ва таоло” деганда, Мудом тирик, ўз зотида Ҳаёт ва барча мавжудотга ҳаёт бахш этгувчи, Улуғ ва Олий зот бўлмиш Аллоҳ деган маъно тушунилади.

Қуръон ҳам “Муборак Китоб” дейилади, зеро муминлар қалбидан ўчмаслиги, инсоният виждонида қиёматгача тирик қолиши, Китобнинг асрлар бўйи инсониятни тўғри йўлга бошлаши, унга ишонган кишиларнинг мудом кўпайиб боравериши Китобнинг баракасидан.

Баъзи шаҳарлар ҳам Муборак (баракали) дея сифатланган, бу “акс-садоси асрлар бўйича давом этувчи маконлар” маъносидадир…

“Раҳмат ва Баракат ойи” Рамазон. Бу ойда одамлар орасида ўзаро меҳр-оқибат, раҳм-шафқат ўрнашсин, вақт ўтган сари кўпайсин, кенг ёйилсин ва натижада ҳаётнинг марказий ва ажралмас унсури бўлсин деган мақсад кўзланган. Яъни бир ойда битиб-тугаб қолсин эмас, балки йил ўн икки ой меҳр-оқибат, раҳм-шафқат билан ўтсин исталган.

Яъни Рамазоннинг Баракали бўлиши учун, инсонлар орасида гўзал ахлоқ ва ўзаро меҳр-мурувват кундалик нормага айланиши керак бўлади.

РЎЗА: Қуръондаги Саум калимасининг биздаги таржимаси. Саум (Сод-В-М) ўзакли калима бўлиб, арабчада тутиш дегани. Бизнинг туркий қавмларга Ислом дини форслар орқали етиб келгани боис, бир қатор ибодат номлари ҳам форсча ўргатилган. Рўза, форсчада Руз (кун) маъносини беради, Рўза тутиш дегани эса, “бир кунни тутиш, бир кун бўйича ўзини тутиш” дегани.

Анъанавий исломий адабиётда “Кишининг бир кун мобайнида емасдан, ичмасдан, жинсий орзулардан узоқ туриши, булар қаршисида ўзини тутиши” маъносидадир.

Мана шу “ўзини тута олиш” ўлчови билан инсон ҳайвондан, шаҳар ўрмондан, маданият қолоқликдан фарқ қилади. Шу сабабли барча йирик динларда рўза башардан одамлашиш сари бир восита ўлароқ ўрин олади…

Қуръон рўзага буюраркан, бу ибодатнинг марказий ғоясини ҳам билдиради: “Сизларга Рўза буюрилди, тақво ҳосил қилишингиз учун”.

Тақво – ҳар қандай гуноҳдан ўзни тийиш, ўзни тутиш учун берилган умумий атама дея олсак, Рўза бу гуноҳ бўлмаган, балки (ейиш, ичиш, жимоъ каби) мубоҳ амаллардан ҳам маълум муддат ўзни тийишга берилган хусусий исм десак бўлади.

ИФТОР: (Фа-То-Ро) ўзаги бирор нарсани очиш, ёриш, илк маротаба ижод этиш каби маъно ташийди. Араблар, ҳайвон терисига обдон ишлов бериб, юмшатишга “фаторо-л-жилда” дейишади…

Шунга асосан, “ифтор вақти” дегани, руҳан обдон ишлов кўргач, юмшаш вақти дейиш мумкин. Рўзадор ўз ичидаги шаҳватига, ҳирсига, жаҳлига, ғазабига кун бўйи ишлов беради, ўз маънавиятидаги нуқсонларини, камчиликларини сарҳисоб қилади, тузатиш билан машғул бўлади.

САҲАР: (Син-Ҳа-Ро) ўзаги “барвақт, эрта бўлиш” каби маъно беради. Араблар қуёшнинг чиқиш вақтига “саҳар” дейди. Чаққон, эпчил ҳаракат қилиб, кўзбўяш учун ҳам “сиҳр, сеҳр” дейди. Эртароқ туриб, кечаси егулик ейишга “суҳур” дейишади. Бу калималар ҳаммаси айни ўзакдан…

Саҳарнинг “эртароқ” ҳаракат қилиш маъноси қуйидагича: Эртароқ ҳаракат қилиб қолсангиз, инсон ичидаги шаҳватга, ҳирс, эгоизм ва ғазабга, уларнинг кўзбўяшига алданмайсиз, нафсингизни уларга бериб қўймайсиз. Уйқу ғафлатидан сеҳрланган маҳмурликдан уйғонасиз, тетик бир зеҳн-ла ўзингизга ҳоким бўлишни ўрганасиз…

Демак, “саҳарга туриш”, аслида олдинроқ ҳаракат қилиб қолишни, эпчиллик билан улгуриб қолишни ўрганишдир. Шаҳват, ғазаб, ҳирс, эгоизм вақтдан ютиб, олдинроқ ҳаракат қилиб қолсангиз, ўнгдан, чапдан, олддан, орқадан келиб, сизни ўз сеҳри таъсирига олишларига йўл қўймайсиз.

САДАҚА: (Сод-Дол-Қоф) ўзаги “тўғри гапириш/ҳаққни тасдиқ этиш” дегани. Ростгўйлик билан бирга “Тўғри сўз” маъноси ҳам бор.

Қуръонда баъзи оятларда Закот маъносида ҳам ишлатилади.

“Садақа-ллоҳу-л-азийм” (Улуғ Аллоҳ тўғри айтди) жумласида келганидек, Садақа – бир сўзни ростга чиқариш, тасдиқлаш маъносини беради. Садақа берилганда, қайси сўз ростга чиқарилади? Қуръон оятларини бироз тадқиқ этиб кўрганимизда, “Молларида муҳтож ва маҳрумларнинг ҳаққи бор” (Маориж:24, Зорият:19) оятига тааллуқли эканини кўриш мумкин.

Сиз садақа бериш орқали, молингизда муҳтожларнинг ҳаққи борлигини тасдиқлаган бўласиз. Шунинг учун ҳам “Сўровчини эса ҳайдама!”(93:10) дейилган. Шунинг учун ҳам “Садақалар фақирларга, муҳтожларга, мискинларга, қулликда қолганларга, қарздорларга, кўнгиллари ошна қилишга…” (9:60) дейилган.

Яъни сиздаги бойликда бу кишиларнинг ҳаққи борлигини “тасдиқ” этганингизни амалда намойиш этасиз, бунга “садоқат” кўрсатасиз, садақа бериш мана шудир. Бермаслик эса, бу ҳаққа “садоқат” кўрсатмаслик, муҳтож ва маҳрум ҳаққига “хиёнат” қилиш бўлади.

Бу садақа, тиланчига берилган майда чақа ёки йилда бир берилган 1/40 эмас. Мулкингда муҳтожларнинг ҳаққи бор эканини тан олиб, қабул этиш ва бир умр шунга содиқ яшаш лозим бўлади. Мушриклар ошолмаган энг оғир тўсиқ мана шу эди. Чунки бу мулкият тушунчасига бўлган муносабатни тубдан ўзгартиради, бойлик меники, истасам бераман, истамасам йўқ деган эътиқодни қайта кўриб чиқишга ва бу хато эътиқоддан воз кечишга олиб келади. Қуръонда, бойлар молларини хоҳлагандай сарфлаши мумкин, деган бундай ақида рад этилади (Ҳуд:87).

Бугун Рамазон ойида муҳтожлар, етимлар, бевалар, қарздорлар ҳар бир маҳаллада бор. Уларни ўзингиз кутиб боринг, шахсан ўзингиз уларнинг ҳолини сўранг. Сизнинг ўрнингизга бошқалар буни қойиллатамиз деганларга ишониб, топшириб қўйманг, улар сиздан пул ундириш учун бугун “садақа” калимасини ишлатади, аслида дарди ўз хамёнлари. Уларга топширилган садақалар ҳақдорларга етиб бормайди, ўртадаги юлғичлар илиб кетган бўлади, ва сиз ҳам уларга ишонган, алданган ҳолда, шерик бўлиб қоласиз.

ЗАКОТ: (З-К-Й) ўзаги, бир нарсанинг ортиши/кўпайиши/зиёда бўлиши демакдир. Бу ўзакли калималар мазкур маънолар атрофида айланади. Муҳаббат ортди (зако-л-ҳубб), бойлик кўпайди (зако-л-мол), одам бойиди (зака-р-ражул) шаклида ишлатилади. Закий, Заковат, Зукко – ақл ва билимнинг ортиши, Тазкия – поклаш ёки ортиқча унсурлардан покланиш.

Хўп, “Закотни бериш” дегани нима? Ҳарфиян таржимаси “ортганини/кўпайганини бериш” бўлади. Хусусан, Қуръонда “Улар закот берурлар” (атаау-з-закот) каби, яъни “бермоқ” феъли билан бирга келади доим.

“Закот беринг” дегани, “Молингиздан ортганини беринг, йиғилиб қолганини тарқатинг” деганидир. Қуръондаги калималарнинг ишлатилиш мантиғиига қарасак, бу ердаги бериш, тарқатиш, бўлишиш фаолияти имон ва амаллардан ҳам олдин келади (90:11-18).

Бундан чиқадиган хулоса шу: Қуръон мулк эгаларини, мол-дунёни ғамлаб қўйиб, нақорат ва ритуалларга, кўринишдаги диндорликка чақирмайди (Маккалик араблар ўта диндор ва ўта ибодатгўй эдилар).

Аксинча, аввал мол-мулкидан чиқариб, эҳтиёжидан ортиғини тарқатишга чақиради, ва аслида имон келтириш мана шу бўлади. Мабодо, беролмаса, ўз зиқналигига енгилса, ҳасислик қаршисида тиз чўкса, у ҳолда Каҳф сурасида айтилганидек, Аллоҳни қўйиб, мол-мулкини илоҳ этган мушрик бўлиши мумкин (18:42), ёки Нун сурасидаги “боғ эгалари” каби, синовдан ўтолмаган тоғутлар бўлиши мумкин (68:17-31).

Қуръон инсонларга қандай баҳо бериши, қандай тасниф этишини билмоқчи бўлсак, аввало инсонларнинг яратилган борлиққа, ризққа ва унинг тақсимотига муносабатини ўрганишимиз лозим.

Осмондан ёғиб, ердан унган ризқлар Аллоҳнинг ризқи, унда барча бандаларнинг ҳаққи бор деб, ўз эҳтиёжидан ортганини муҳтожлар билан баҳам кўраётган инсонни кўрсангиз, билингки, Аллоҳнинг яратилишда ўрнатган қонуниятига, китобларида ўргатган таълимотига, яъни динига мувофиқ амал қилаётган банда мана шудир.

Рамазон барчамизга муборак бўлсин.

Рамазон калималари | (kemalyoldash.com)