Жаҳаннамдан чиқиш борми?
«Баъзи одамлар жаҳаннамда жазоланиб бўлгандан сўнг у ердан чиқариладими? Дунёда қамоқхона мисолини оладиган бўлсак, жиноятига яраша жазосини олгач, озодликка чиқарилади, охиратда ҳам шундайми? «
Жаҳаннамдан чиқиш бўлмайди. Жаҳаннамга ҳукм қилинган одам у жойда абадий қолади. Қуръонда билдирилган маълумот шу. Маълум муддат жазоланиб бўлгандан кейин, у ердан чиқарилиб, жаннатга киргизилади, деган гап Қуръонда йўқ.
Аллоҳ Таоло Қиёматда ҳар кимни қилган ишини аниқ-тиниқ, ҳикмат билан кўриб чиқади ва нихоий одил ҳукмни беради. Унга кўра, инсонлар жаҳаннамга ҳукм қилинса, у ерда абадий қолади, ундан чиқиш бўлмайди. Жаҳаннамга киргандан кейин маълум муддатдан кейин у ердан чиқарилиб, жаннатга киритилади деган эътиқод, яҳудларнинг уйдирган эътиқоди.
Бу уйдирмалари ҳақида Бақара:79-оятда вайл эълон қилинган. (Чунки улар ўз қўллари билан китоб ёзиб, бу Аллоҳдан дейишарди, холбуки, бу Аллоҳдан эмас эди). Бу яҳудларнинг Талмуд китоби билан боғлиқ оят, илохий Таврот китоби ҳақида эмас. Тавротни ҳеч қачон ўзи ёзиб, Аллоҳдан деган иддао бўлган эмас тарихда. Аллоҳдан бўлмаган китоб бу Талмуд. Таврот Мусога келган вахй бўлиб, Аллоҳнинг китоби сифатида маълум. Яҳудлардаги Талмуд, биздаги фиқҳ ва ривоятлар билан мос тушади. Улардаги эътиқодга кўра, Мусога Тавротдан ташқари оғзаки ваҳй ҳам келган, аммо Тавротга ёзилмаган, тиловат қилинмаган ваҳй.
Тавротни англаш учун Талмудга эҳтиёж бор, усиз англаб бўлмайди деб онгларга сингдиришади. Ўз қўллари билан китоб ёзиб, уни Аллоҳнинг ҳузуридан деб, бойлик орттиришади. Ана шу бойликлари учун ҳам вайл эълон қилинган.
Бобил Талмудида “Рош Ашейна” деган бўлим бор. У Янги йил, Йилнинг боши (роъс ас-сана) деб номланади. Уйдирмани қаранг. Иймон эгаси бўлган аммо нафсоний ҳирсларга берилиб баданий гуноҳлар қилган (масалан зино) бўлса, 12 ой жаҳаннамда азобланади ва чиқарилади ва жаннатга киритилади.
Қуръонда уларнинг бу иддаолари ҳам рад этилади. «Улар бизга олов фақат саноқли кунлардагина тегади, дейишади». Аллоҳнинг жавоби эса шу: «Сизлар Аллоҳ ҳузуридан бу ҳақда бир аҳд олганмисизлар? Булар сизларга ваъда берилганми? Жаҳаннамга кирган одам у ердан чиқади деганми? Пайғамбарлар орқали аҳд берилганми?, дея уларнинг иддаоларини савол остига олади. Аммо бунга жавоб топиш имконсиз.
Аҳли дўзах аҳли жаннатга айланмайди. Қуръон бундай иддаоларни Аллоҳга туҳмат сифатида баҳолайди. Шундай экан, мабодо «баъзилар жаҳаннам халос этилгач, жаннатга кирилади» деган эътиқодни қўлловчи ривоятларни кўрсангиз, билингки, бу яҳудлардан кўчирма. Қуръон буни таг-томири билан рад этади.
Аллоҳ Таоло шундай адолатли ва ҳикматли Зотки, жаҳаннамга лойиқ бўлган одамни жаҳаннамга, жаннатга лойиқ одамни жаннатга ҳукм қилади. Аввал жаҳаннам, кейин жаннат деган гап йўқ. Аллоҳ Таоло агар бир ҳукм қилганда жаннатга ҳукм қилса, берди Худо, Аллоҳ сақласин агар жаҳаннамга ҳукм қилса урди Худо. Уни ҳеч ким қутқара олмайди.
Уйдирмани қўллаш учун пайғамбар алайҳиссалом номини ҳам восита қилишган. Унга кўра, бутун гуноҳкор инсонлар пайғамбарларни олдига борар эмиш, улардан шафоат истармиш, лекин ҳеч бири шафоат қила олмасмиш. Фақатгина Муҳаммад с.а.в шафоат қилар эмиш, жаҳаннамда ёнаётган одамларни ҳам қутқара олармиш. Саждадаги пешона, қўллар нур чиқариб, ўзларини танитиб турармиш. Мана шу орқали таниб олиб, жаннатга киргизармиш.
Ҳеч ким Аллоҳнинг ҳукмини ўзгартира олмайди. Бунга ҳаддиям, ҳаққиям йўқ. Аллоҳ бировни жаҳаннамга ҳукм қилса, ҳеч ким буни бекор қила олмайди.
Хуллас, жаҳаннамдан чиқиш деган гап йўқ.