June 7, 2021

Ва синовда ҳикмат бордир…

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча Оламлар Роббиси бўлган Аллоҳга ҳамду санолар, барча Оламлар Роббисининг омонатдор пайғамбари – Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Шахслар, жамиятлар ва давлатлар бошидан бир давр ўтмоқдаки, бу даврда яхшилик ва ёмонлик, бойлик ва камбағаллик, соғлик ва касаллик, фаровонлик ва қаҳатчилик, ғалаба ва мағлубият, юксалиш ва инқирозлар фарқли равишда давом этмоқда. Талайгина одамлар буни изоҳлай олмаяптилар. Баъзилар: Булар замоннинг такарруридан пайдо бўлаётган жараёнлар бўлиб, улар Уммат ҳаётида турли асрларда бўлиб ўтган эди, демоқдалар. Уларнинг бу ҳоли гўё: Оталаримизнинг бошига ҳам қийинчилик ва фаровонлик кунлари келган эди,– демоқда. Аслида эса, биз кўраётган жараёнларнинг янгиланиши ва ўзгариши – Ҳаким ва Хабардор зот ҳикматининг асарларидан бири, холос. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари бор. Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизта исмини санай олган одам, ҳадис шарифга кўра, жаннатга киради. Шу исмлардан бири – Ҳакийм (ўз ишларида ўта доно) дир.

«Ҳакийм» сўзи Қуръон Каримнинг тўқсонга яқин ерида гоҳида араб тилидаги таниқлик белгиси (артикли) «ал» билан, гоҳида Азиз, гоҳо эса Алийм исми билан ёнма-ён келган. Бундан (Ҳакийм исмининг сифати бўлган) «ҳикмат»нинг, кўпинча, иззат ва илмга муносиб экани кўринади. Илм билан ишлар ўз ўрнига лойиқ суратда қилинса, иззат билан ҳеч бир зот ғолиб кела олмайдиган даражада, Аллоҳ ҳукм қилган нарсаларнинг ижроси амалга ошади.

Ҳакийм – нарсаларга ҳукм қилиб, уларни пухта бажара оладиган зотдир. Ҳакийм – ҳикмат эгасидир. Ҳикмат эса, энг афзал нарсаларни энг етук илм билан била олишдир. Шунинг учун ҳам, ишлаб чиқаришнинг энг нозик тарафларини билиб, уни пухта бажара олган одамни «ҳаким» – доно деб аталади.

Аллоҳ таолонинг ҳикмати барча махлуқотларни ҳамда яратиш, тақдир қилиш ва шариатни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло махлуқотларини ўзига, ҳаётдаги ролига, яралиш ғоясига, Аллоҳ таоло тақдир қилиб қўйган яхшилик ва ёмонлик, оғирлик ва фаровонликка лойиқ вужуд билан яратган ва уларнинг тақдирини пухта ва тадбирли ғоя асосида ёзиб қўйган. Одамлар Аллоҳ таоло тақдир ортидан яширган ғайб пардаларини очганлари сайин, бу тақдирнинг нақадар пухта ва ундан ортиқчасига эҳтиёж йўқ эканини, Аллоҳ таоло буйруқ ва таъқиқлари билан жорий қилган шариат ва бунинг ортидан белгиланган мукофот ва жазолар, шариатнинг ижро этилишидаги ғояга ўта муносиб эканини билади. Чунки одамлар, Аллоҳнинг шариатидан йироқ юрган бўлишларига қарамай, узоқ машаққат ва қийинчиликлардан сўнгра, ўзлари ва ҳаётлари учун фақатгина Аллоҳнинг шариатига эргашиш салоҳиятли эканини тушуниб етдилар. Ҳатто, мусулмон бўлмаган инсонлар ҳам ўзлари ботган ботқоқликдан Аллоҳнинг шариатини ҳаётга татбиқ қилишгина қутқариши ҳақида жар солмоқдалар. Ҳар биримиз бугунги кунда Ислом дини ва Расулига душманлиги, ҳақ динни қабул қилмагани у ёқда турсин, ҳақ динга чорлаган барча ҳаракатни бўғиб ташлашга шай турган мушрик Ғарбнинг қўпорувчи инқирозга юз тутганига ва бундан қутилиш учун ғарблик мутахассис ва зиёлилар иқтисодий майдонда ИСЛОМ ШАРИАТИни татбиқ қилиш ҳақида баралла жар солаётганларига гувоҳ бўлмоқдамиз!!

Бу – Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига муносиб замондош тафсирдир: «Токи уларга (ушбу Қуръон ростдан ҳам Аллоҳ томонидан нозил қилинган) Ҳақ (Китоб) эканлиги аниқ маълум бўлгунича албатта Биз уларга атроф-офоқдаги ва ўз вужудларидаги (Бизнинг борлигимиз ва қудратимизга далолат қиладиган) оят-аломатларимизни кўрсатажакмиз» (Фуссилат: 41).

Бу жумланинг тафсилотини ёзмоқчи бўлсак, бир неча мужаллад китобларга жой бўлади. Чунки Аллоҳнинг ҳикматига нигоҳ ташлаш, юқорида айтиб ўтилган нарсаларнинг барчасини ўз ичига олади. Уларнинг бўлакларини санаб адоғига етказиш мумкин эмас экан, уларни бутунлай билиш қандай мумкин бўлсин?! Шунинг учун биз суҳбатимиз мобайнида халифалик давридан бошланиб, ҳануз ниҳоясига етмаган мубталолик – синов суннатидаги очиқ ҳикматганига чекланамиз. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло синаган бандаларини била туриб имтиҳон қилади. У – синовини ижро этишга қодир ва Уни бу йўлдан тўсадиган бирон куч йўқдир!

(Араб тилида) «ал-Ибтилаъ» сўзининг маъноси «синамоқ» ва «имтиҳон қилмоқ»дир. Шахс, имтиҳон пайтида ўзини тутиши ва имтиҳон пайтидаги ҳаракатлари билан синалади. Шу билан одамларнинг охиратдаги даражалари, имкониятлари ва мақомлари маълум бўлади.

Синов – зарар ва ёмонликлар билан бўлганидек, мўл-кўлчилик ва яхшиликлар билан ҳам бўлади. Яхшиликлар билан бўлган синов, ёмонликлар билан бўлганига қараганда қийинроқ кечади ёки аксинча. Мўъминлар синалганидек, кофирлар ҳам синаладилар.

Бу синовларда Аллоҳ таолонинг етук ҳикматлари бордир. Шулардан:

– фаровонлик ва зарар, яхшилик ва гуноҳ ҳамда яхшилик ва ёмонлик билан синаш ягона ҳолат ёки вазиятгагина чекланган эмас.

Балки у, одамлар ҳаёти давомида жорий бўлган раббоний суннат (қонуният)дир. У, қилган қилмишларига кўра лойиқ бўлсаларда, гуноҳлари, залолатлари ва туғёнлари боис одамлардан интиқом олишнинг ўзигина ҳам эмас. Балки бу синовлар, гарчи буларнинг барчасини ўзида мужасссам қилган умумий ҳикмат – одамларни ҳидоят қилиш, уларни Аллоҳга ибодат қилдириш, муртадлик, гуноҳ ва шайтон йўлларидан узоқлаштириш бўлсада, қуйида баён қилганимиздек, ваҳий матнлари эслатиб ўтган буюк ҳикматлар учундир.

– Ерлар ва Осмонлар Роббиси бўлган Аллоҳ таолога ҳокисорлик кўрсатиш ва тавозуда бўлиш.

Аллоҳ таоло бандаларининг куфр ишларни қилишига норозидир ва у ишларни бандалари учун раво кўрмайди. Шунинг учун ҳам пайғамбарларни юборди, одамларни эзгулик ва ҳақиқатга йўллаб, уларга буюрадиган, ёмонлик ва разилликлардан нафратлантириб, уларни таъқиқлайдиган Китоблар нозил қилди. Бироқ бу, айрим одамларга кифоя қилмади. Аллоҳ уларни сархушликдан ўзларига келиб, Аллоҳга қайтишлари учун имтиҳон қилди. Улар Аллоҳнинг чақириқларига лаббай демасалар, Аллоҳга қайтиб, тавба қилишлари учун уларга эзгулик ва зарар, фаровонлик ва зиёнлар каби кетма-кет ва хилма-хил синовларини давом эттирди.

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга синов – аввал яшаб ўтган халқларга юборилган суннат – қонуният эканини баён қилиб шундай деган: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), маълумки, сиздан аввалги миллатларга ҳам элчилар юборганмиз. (Элчиларимизни улар ёлғончи қилишгач), шояд тавба-тазарру қилсалар, деб уларни бало ва зиёнлар билан ушлаганмиз» (Анъом: 42).

Бу оятдаги «бало» – қашшоқлик ва ҳаёт оғирлиги бўлса, «зиён» – инсонларнинг баданларидаги иллат ва касалликлардир.

Бундан ташқари Аллоҳ таоло бирон халққа пайғамбар юборган ва у халқ Роббисининг амри ва таъқиқларига қарши чиқиб, пайғамбарига осий бўлсалар Аллоҳга қайтишлари, ҳокисор бўлишлари ва Аллоҳнинг қудрати олдида тиз чўкишлари учун имтиҳон қилганини баён қилди: «Биз бирон қишлоққа (жойга) пайғамбар юборсак (ва у ердаги одамлар биз юборган пайғамбарга иймон келтиришмаса) албатта унинг аҳлини тавба-тазарру қилишлари учун қашшоқлик ва мусибатлар билан ушлаганмиз» (Аъроф: 94).

Уқубат ва балолар фақатгина жазо бўлиб қолмай, балки, одамларни Аллоҳ таолонинг ўзигагина тазарруъ қилиш, Аллоҳнинг азаматига бўйинсуниш ва Унга илтижо қилиш учун ундашга қаратилган эди. Чунки, хусусан, қийинчилик пайтларида Аллоҳга илтижо қилишни тарк этиш ва Унга ҳокисор бўлмаслик – манмансирашдир. Ҳам Аллоҳга, ҳам бошқа солиҳ кишилар ва бошқа махлуқларга илтижо қилиш эса – ширкдир. Аллоҳ таоло бу икки амални қабул қилмайди.

Аллоҳ таоло Аллоҳ ва Аллоҳ пайғамбарининг амрларига мухолиф бўлган кимсаларга азоб юборишининг сабабини қуйидагича баён қилди:

«Бизнинг балойимиз етганда ҳам тазарру қилмадиларми?!» (Анъом: 43);

«Мана Биз уларни азоб-очарчилик билан ушладик. Улар эса на Роббиларига бўйин эгдилар ва на тавба-тазарруъ қилдилар» (Мўъминун: 76).

Аслида, инсоннинг бошига бирон мусибат келса аламни кетказиши учун Аллоҳга тазарру қилиб, унга ёлборади. Бироқ, шайтон, Аллоҳ таоло айтганидек, одам фарзандининг ўнги ва чапидан келиб адаштираверади: «(Албатта тавба-тазарру қилишлари лозим эди), лекин уларнинг диллари қотиб қолган ва шайтон қилиб юрган ишларини ўзларига чиройли кўрсатиб қўйгандир» (Анъом: 43).

Гоҳида, Аллоҳ таоло айтганидек, қашшоқлик ва қийинчиликлар балосидан сўнгра, фаровонлик ва мўллик синови бошланади: «Энди — ўзлари учун эслатма қилиб берилган нарсани унутган вақтларида, уларга ҳамма нарсанинг дарвозаларини очиб қўйдик. Қачонки ўзларига берилган нарсалар билан шод турганларида, уларни тўсатдан ушладик. Бас, бутунлай номурод бўлдилар» (Анъом: 44).

Аллоҳ бизни бу балодан сақласин!

Аллоҳ уларнинг қашшоқлигини боён ҳаётга, баданларидаги иллатни сиҳҳат-саломатчиликка алиштиргач, бу ўзгартишнинг сабабини билмаганлари учун юракдан қувондилар. Қашшоқлик ҳаёти мўлчиликка айланди. Бечора инсонлар Аллоҳнинг синовлардаги қонуниятини билмадилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ уларни, қуйидаги оятда айтиб ўтганидек, сезмаган ҳолатларида ушлади: «Биз бирон қишлоққа (жойга) пайғамбар юборсак (ва у ердаги одамлар биз юборган пайғамбарга иймон келтиришмаса) албатта унинг аҳлини тавба-тазарру қилишлари учун қашшоқлик ва мусибатлар билан ушлаганмиз. Сўнгра ўша ёмонлик ўрнига яхшиликни (бой-бадавлатлик ва хотиржамликни) алмаштириб қўйдик. Ҳатто кўпайишиб кетганларида ва: «Бундай қийинчилик ва кенгчиликлар ота-боболаримизга ҳам етган (яъни бизнинг динсизлигимизнинг бу ишларга ҳеч қандай алоқаси йўқ, балки дунёнинг тартиби ўзи шунақа — бир танглик келса, бир мўлкўлчилик бўлади)», дейишгач, уларни ўзлари сезмаган ҳолларида тўсатдан (бирон бало-ҳалокат билан) ушладик» (Аъроф: 94, 95).

– одамларни ҳақиқатга қайтариш ва уларга ҳақиқатни эслатиш

Бу синовларнинг шаръий ғояси, Аллоҳ таоло яҳудийлар ҳақида айтганидек, одамларни Холиқлари ва Розиқлари, Тирилтирувчилари ва Ўлдирувчилари бўлган Аллоҳга қайтаришдир: «Уларни (куфр ва исёндан) қайтишлари учун кўп яхшилик (неъматлар) ва ёмонликлар (балолар) билан синаб кўрдик» (Аъроф: 168).

Аллоҳ таоло яҳудийларни фарвонлик, мўлкўллик, сиҳҳат ва саломатлик каби яхшиликлар, қашшоқлик, баданларидаги иллат ва касалликлар, мусибатлар, мулкларидаги зиёнлар каби ёмонликлар билан Роббиларининг итоатига қайтишлари ва гуноҳларидан тавба қилишлари учун синади. Бу синовлар, гарчи яҳудийлар тажовузкорликлари ва ҳақиқатга бўйинсунмасликлари сабабли интиқом олишга лойиқ бўлсаларда, фақат интиқом олиш учунгина қилинмаган эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уқубатларни юборишга шошилмади. Балки уларга шояд қайтиб қолишар дея муҳлат берди. Уларни тажовузкорликлари, шиддатли ўжарликлари ва пайғамбарлари буюрган нарсаларни унутганларидан кейин, уларнинг суянадиган на ҳужжатлари ва на узрлари қолмади ва Аллоҳ уларни жазолади. Бу манзара, Аллоҳ таоло баён қилганидек, бошқа халқлар ҳаётида ҳам такрорланди:

«Одамларнинг ўзлари қилган қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам (турли) офат-балолар юз берди. (Бу бало ва офатлар одамлар қилаётган гуноҳ-маъсиятларидан) қайтишлари учун, уларга қилган айрим гунохларининг (жазосини) тотдириб қўйиш учундир» (Рум: 41);

«Албатта Биз улар кўз (куфру исёнларидан) қайтишлари учун уларга улуғ азобдан илгари яқин азобни (яъни дунё азобини) тотдирамиз» (Сажда: 21);

«Биз уларга (тўфон, чигиртка балолари каби азоб оятларидан) бирон оят кўрсатсак, албатта у (ўзидан аввалги) шеригидан улуғроқ-даҳшатлироқ оят бўлар эди. Шояд (куфрдан иймонга) қайтсалар, деб Биз уларни (турли) азоб билан ушладик» (Зухруф: 48);

«Биз Фиръавн одамларини панд-насиҳат олишлари учун (қаҳатчилик) йиллари билан ва мева-чеваларнинг ҳосилини камайтириш билан ушладик»(Аъроф: 130).

Бандаларга юборилган қашшоқлик ва қаҳатчиликлар – Аллоҳнинг бандаларига бўлган шафқатидандир. Чунки Аллоҳ бандаларнинг заолатдан қайтиб, Сиротум Мустақим – Тўғри Йўлга қайтишларини хоҳлайди.

– сафларнинг тозаланиши ва иймон ҳақиқатини тушунтириш

Одамлар ичидаги истеъдодлар Аллоҳ таоло мажбурият қилиб қўйган амр ва таъқиқларда кўринганидек, тақдир қилинган машаққат ва фаровонлик сабабли ҳам намоён бўлади. Синов бу истеъдодларни очиб, кўрсатиб беради. Аллоҳ таоло айтди:

«Аллоҳ мўминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни ким мўмин-у, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўювчи эмас. Ҳали У (Ухудда мунофиқларни мўминлардан ажратиб қўйгани каби) нопокни покдан ажратади»(Оли Имрон: 179);

«Ал­батта Биз, то сизларнинг орангиздаги (Бизнинг йўлимизда молу жонлари билан) жиҳод қилгувчи ва (яхши-ёмон кунларда) сабр қилгувчи зотларни билгунимизча ҳамда сизларнинг ҳоли-хабарларингизни текшириб — юзага чиқаргунимизча, сизларни имтиҳон қиламиз» (Муҳаммад: 31);

«Ва албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева — чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат келганда: «Албатта биз Аллоҳнинг ( бандаларимиз) ва албатта биз у Зотга қайтгувчилармиз», дейдиган собирларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)» (Бақара: 155);

«Ёки (эй мўминлар), сизлардан илгари ўтган зотлар ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто пайғамбар ва иймонли кишилар: «Ахир қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?» дейишган эди. (Шунда) уларга бундай жавоб бўлган эди: «Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир» (Бақара: 214);

«Албатта молу жонларингизда имтиҳон қилинасизлар (яъни Аллоҳ таоло мол ва жонларингизга ҳилма-ҳил офату балолар юбориб, сизларнинг иймонингизни текшириб кўради), ва албатта сизлардан илгари Китоб берилган ким­салар ва мушриклар томонидан кўп азият-маломатлар эшитажаксизлар. Агар (озорларига) сабр-тоқат қилсангизлар ва Аллоҳдан қўрқсангизлар (нажот топасизлар). Чунки бу иш (яъни сабр-тоқатли бўлиб, Аллоҳдан қўрқиш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир» (Оли Имрон: 186);

«Алиф, Лом, Мим. 2. Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! 3. Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик» деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билади» (Анкабут: 1 – 3).

Аллоҳ таоло имтиҳон ва синовларни тақдир қилмаса эди, фарёдчидан бардошлини, каззобдан ростгўйни, мўъминдан мунофиқни, ўтирган билан мужоҳидни айриш мумкин бўлмас эди.

– иқрор ва рад этишни йўқ қилиш

Одамлар туғёнга берилар ва тажовузлари ортар экан, Аллоҳ уларни имтиҳон қилади. Имтиҳон уларни эътироз этган нарсаларни эътироф этиб, унга иқрор бўлишларига, рад этган нарсаларини эса тасдиқлашларига мажбур қилади.

Аллоҳ таоло Фиръавн хонадонига турли синовларни юборди ва уларни Мусо алайҳиссаломдан бошларига келган балоларни йўқ қилиши учун Аллоҳга дуо қилишини сўрашга мажбур қилди. Уларнинг бу талабларида Мусо алайҳиссаломнинг пайғамбарлигини тасдиқлаши кузатилмоқда. Улар бошларига бало келгач шундай дедилар:

«Қачонки уларнинг устига бу азоб тушгач: «Эй Мусо, сенга берган ваъдаси ҳаққи-ҳурмати, Роббингга дуо қил. Қасамки, агар бизлардан шу азобни кўтарсанг, албатта сенга (пайғамбарлигингга) иймон келтирамиз ва бани Исроилни сен билан бирга (ўз ватанларига) жўнатамиз», дедилар» (Аъроф: 134);

«Улар (Бизнинг оятларимизни кўришгач Мусога): «Эй сеҳргар, сенга берган (дуойингни мустажоб қилиши хусусидаги) ваъдаси ҳаққи-ҳурмати Роббингга бизлар учун дуо қил. (Агар У сенинг дуойинг сабабли бизлардан бу азобларни аритса) албатта бизлар ҳидоят топгувчидирмиз (яъни ўша Аллоҳга иймон келтиргувчидирмиз)», дедилар. Энди қачонки Биз (Мусонинг дуоси шарофати билан) улардан азобни аритсак, баногоҳ улар (ўз аҳдларини) буза бошладилар»(Зухруф: 49, 50).

Ҳа, улар ўз аҳдларида тура олмадилар. Аллоҳ улардан мусибатларни аритгани сайин, берган ваъдаларини буздилар. Аллоҳ улар ичидан яхши эканини билган кимсаларни шу эътироф ва иқрорларида устувор қилди. Йўқса, бу ҳолатдаги азоб куфр ва туғёнга қарши уқубат бўлажакди. Зеро бундай ҳолат, ўзи ва жангчилари ғарқ бўлиши асносида Фиръавннинг ҳам бошига келган ва: «Мен Бану Исроил иймон келтирган нарсага ишондим ва мен мўъминлардан бириман!»– деган эди. Бироқ, Аллоҳнинг азоби ва интиқомини кўрган бундай банда учун, у иймон фойда бермади. Чунки бу, Аллоҳ таоло айтганидек, жорий қилинган қонуниятдир: «(Лекин) Бизнинг азобимизни кўрган вақтдаги иймонлари уларга фойда бергувчи бўлмади — (Бу) Аллоҳнинг (барча) бандалари ҳақидаги ўтган йўли — қонунидир (яъни азоб тушган вақтида келтирилган иймоннинг фойдаси бўлмас) — Ва ўшанда кофирлар зиёнкор бўлдилар » (Ғофир: 85).

Булар – Аллоҳ таоло балоларни юборар экан осонлик билан кўриш мумкин бўлган ҳикматлардан айримларигина, холос. Бошга синов келиб, мусибатлар бошланганида қилинадиган ягона иш – аччиқланиш ёки доду фарёд, фаровонлик ва боён ҳаёт келганида эса манмансирашлик эмас. Балки ҳар бир инсон ўзи, жамияти ва давлатининг бошига келган бало ва мусибатларнинг омилларини ўрганиши, уни тавба, ёлбориш ва солиҳ амаллар билан даф қилишга ҳиммат белбоғини боғлаши керак.

Ҳозирги кунда мусулмонлар бошига турфа бало ва қийинчиликлар ёғилди. Уларнинг кўплаб ерлари босиб олинди. Мусулмон эркак ва аёллар, ҳатто гўдаклар ўлдирилди. Уларнинг сарватлари тортиб олиниб, талон тарож қилинди. Ислом дини ва эътиқодига турли ҳамлалар уюштирилди. Уларнинг талайгина жамиятларига қаҳатчилик қашшоқлик ва нархларнинг кўтарилиши каби балолар келди. Айрим мусулмон жамиятлари эса боён турмуш тарзи билан синовда бўлишига қарамай, худди бугундан кейин эртанги кун йўқдек, ўйин-кулгудан бош кўтара олмай қолди.

Биз Аллоҳ суннатини билиб қўйишимиз, ҳатто орзулар ва ғурур ёки умидсизликлар билан, машаққат ва фаровонлик балосидан қутила олмаймиз. Булардан қутилишнинг ягона чораси – Аллоҳ таолога ҳокисорлик, тазарру ва итоат қилиш, Унинг Тўғри Йўлга элтувчи ҳидоятини талаб этиш, билганимиз эзгу ишларни қилиш, эзгу ишларни қилар экан сабрли бўлиш, ёмон деб билган нарсаларимиздан сақланиш ва сақланиш борасида сабрли бўлишимиз керак.

Аллоҳ таолодан Ўз фазли ва карами билан бизларни синаган ва синалганлар ичидан яхшилари қаторида айлашини, ҳаётимизнинг охирги нафасигача синовдан чиқишда устувор қилишини сўраймиз.

Аллоҳим, дуоларимизни қабул эт!

Омийн! …

Муаллиф: Шайх Муҳаммад ибн Шокир Шариф
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий
hikmatnuri.com