Исломни қулатган 3М (video)
Ер юзида 1,5 миллиард мусулмон…
Мағрибдан машриққача саройлар, ҳонлар, ҳаммомлар…
Кўкка юксалган миноралар…
Саси ўчмас азонлар, инмас байроқлар…
Намозлар, жумалар, ҳайитлар, қурбонлар…
Қабрлар, мақбаралар, фотиҳалар, ёсинлар…
Бутун булардан нима маъно? Исломнинг ер юзида гуллаб-яшнагани, қоим турганими?
У ҳолда, умматнинг бундан 100 йил аввал ёзилган тасвирини – шоир Меҳмед Окифнинг ушбу сатрларини келтирайлик, бугунги ҳолат билан қиёслаш сизга ҳавола:
“Адолат ер бирла яксон, ҳаққа бўйин эгилмас,
Ўзи тинч бўлса, бас, дунё ёнса, парвога илмас…
Қасам ичар, сўзда турмас, хиёнатдан тийилмас,
Кучлига маддоҳи-ялтоқ, ожизни ҳеч сўйлатмас…Кундалик уч-тўрт маросим, қуруқ ётиб-туришлар
Шаклбозлик, хўжакўрсин, охири йўқ алдашлар…
Фирқа, миллат, ирқ баҳона мусулмон ҳеч бирлашмас,
Энг яқин қардош-қондош ҳам муаббад юзкўришмас…Ортдан ўзни арслон тутар, жабҳада – ялтоқ кади,
Мусулмонлик биздан аввал бунча зиллат кўрмади…”
Хўш, бу уммат нечун бу зиллатга тушди?
Мусулмон дунё нечун “Аҳл-и китоблашув” босқичини бошдан кечирди, кечирмоқда?
Ўтмишдаги аҳл-и китоблашувларга бир қаранг, ҳеч дарс олмасдан айнисини нега биз бошдан такрорлаяпмиз?
***
Килисалар, ҳавролар, синагоглар, жомеълар, азонлар саслари. Гўё ибодатга, гўё нажотга чорлар сизни… Аслида ҳаммаси ҳаётдан тамоман узоқдир…
Шаҳарларнинг қоқ марказига қурилгандир улар, бироқ шунга қарамай, ҳаётнинг марказида йўқ улар.
Улар эски дунёнинг қолдиқлари, осору-музейларига айлангандир, уларнинг шундоққина ёнида янги бир дунё барпо бўлгандир…
Ибн Халдун таъбири билан айтганда, “Умрон шамоли” йўналишини ўзгартиргандир.
Инсоният сўнг асрларда “дин бўлмаса ҳам” юксала олиш йўлларини изламоқда.
Бундай бир изланиш учун уни дарров айбламоқ қанчалик тўғри? Дин, ҳар қандай дин инсоният учун яхшилик, фойда ва манфаатдир дея ким айта олади? Динлар, Одамўғлининг бевосита инсондан, тарихдан, ҳаётдан ва табиатдан ётлашувига сабаб бўлолмайдими?
Шу сабабдан “Диннинг афъюн юзи” инсониятнинг ростдан ҳам қоронғулик тарафидир балки…
“Балки” деяпман, “Диннинг афъюн юзи” депман. Чунки айнан мана шу ўринда Ислом ҳақида айтмоқчи бўлганим баъзи гаплар бор…
***
Муҳаммад Иқбол ифодаси билан айтганда, Ислом, аслида, эски дунё билан янги дунё орасида турмоқдир.
Яъни инсоният тарихида янги (модерн) дунёни “дин бўлмаса ҳам” юксала олиш йўлларини излаш десак, Исломни айни юксалишни “диний дунё ичидан” излаш номи дея оламиз. Агар Исломга “инсонни иншо этиш лойиҳаси” дея қаралса, бу яна-да ойдинлашади.
Ҳақиқатан ҳам Ислом эски дунёдан янги дунё сари бир ўтишдир.
Ўзини дин форматида ифода этган янги дунёнинг номидир.
“Бутунлай диний бир дунё” билан “тамоман диндан холи бир дунё” орасида турмоқдадир.
Шунинг учун Ислом “динлар орасида бир дин” эмасдир.
Тўғрироғи – “эмасди”.
***
Қуйидаги уч нарса Исломни такрор ўша эски “бутунлай диний дунё” тарафга бурди ва динлар орасида бир дин ҳолига келтирди.
Бу, айни пайтда Исломдан асл (аутентик) мазмун ва моҳиятининг чиқарилиши, динлар тарихида рўёбга чиқаргани РЕ-ФОРМнинг такрор ДЕ-ФОРМга дучор бўлиши – маъбудларда, минораларда, азонларда, мозорларда, ритуалларда ҳануз яшаётган бўлса-да – аслида емирилиши ва йўқотилиши эди.
Динлар орасида бир дин ҳолида яшаётгани, унинг ҳақиқатан ўз ҳаётини давом эттирганини англатмайди. Аксинча, “Аҳл-и китоблашув босқичига кириб” ва ўзига “Буюк ҳурмат-эҳтиром кўрганча” ҳаётдан чекинганини билдиради.
Исломни йиқитган бу уч нарсани эсда қолиши учун “3М” дедим.
Яни М ҳарфи билан бошланувчи уч калима: МУЛК, МЎЪЖИЗА ва МАВЗУ.
Бу уч калиманинг Исломга таъсири тахмин этилганидан ҳам кўпроқдир. Булар Исломнинг асл маъно ва мазмунини бўшатиб, дин ва инсоният тарихида рўёбга чиқаргани инқилоб ва бурилишларни тамоман маҳв этгандир.
Ва бу – ўз қўлларимиз билан қилганларимиз дастидандир.
Яна Окифнинг сатрларини келтираман:
“Кўкдан инмас ҳеч бир нарса… Барчаси ердан тошар –
Ўз ахлоқи ила бир миллат ўлур, ёҳуд яшар…”
Демак, МУЛК…
1. МУЛК
Исломнинг илк ва асосий мессажи Мулк масаласи билан боғлиқ эди. “Лаҳу-л-Мулк” (Мулк Уники – Аллоҳники, яъни Халқникидир) дея бошлангандир. Энг аввало мусулмоннинг мулк борасидаги қараши, тасаввури ва мулкка бўлган муносабати ислоҳ этилиши лозим эди. Мулкдорлик ва мулксизлик – инсон жамиятнинг азалий ва абадий муаммосидир. Ўтказилган тадқиқотларда, мулкдорлик сабабли ҳашамат ва исроф ичида ҳаёт кечирувчилар билан қашшоқликдан ертўла ёки кўчаларда сафолат ичра кун кечирувчилар орасида ўхшаш ахлоқий моделларнинг аниқланиши бежиз эмасдир. Ҳар иккисида ҳам ахлоқий ифсод кузатилади.
Жамиятларнинг тамал ахлоқий қадриятларини муҳофаза этувчи ва давом эттирувчилар одатда ўрта синфлардир. Шу сабабдан ахлоқан энг соғлом жамиятлар – ўрта синфи шаклланган жамиятлардир. Ҳаддан зиёд мулкдорлик ва ҳаддан зиёд мулксизлик бамисоли хасталик тарқатувчи ботқоқликдир.
Куръоннинг илк нозил бўлган 23 сурасини такрор ва такрор ўқиб, тадаббур этмоғимиз лозим. Бу бизга нимани бирламчи ва энг аҳамиятли масала эканини, ишни қаердан бошламоқ лозим эканини кўрсатади. Бу сураларга эътибор берилса, то 23-сурага кадар Маккадаги бутларнинг исми ҳеч зикр этилмайди, аммо ҳали энг илк сурадаёқ (Алақ сурасида) бойликни ўз-ўзига етарли кўриш (истиғно) билан ҳаддан ошиш/фитратига ётлашиш (туғён) га қарши чиқиш билан бошланади… Илк сураларданоқ қоралаш ва ҳадаф олиш – Маккадаги бойларга, судхўрларга, мол-мулк эгаларига йўналгандир. Илк нозил бўлган қисса – мулк (бойлик-қашшоқлик) масаласидан баҳс этувчи “Боғ эгалари” қиссасидир (Қалам сураси)… Аллоҳнинг исм ва сифатларидан илк зикр этилган исм – кўпроқ иқтисодий тарафларни ифода этувчи “Рабб” калимаси (Алақ сураси:1)…
Хўш нега? Нега Қуръон бу ердан бошлайди?
Чунки агар бир тарафда мол-мулк ва иқтидор эгалари, бошқа тарафда эса бу эгалар эшигида қорин тўйдириш учун бир умр ишловчи йўқсиллар… Ва бой-камбағал орасида тобора катталашган тафовут…
Бундан нима чиқади? Бундай бир мулкият тизимида Аллоҳнинг “дини” ишлаши мумкинми? “Тавҳид” ўрнатилиши мумкинми? Бу жамиятнинг азон айтиб, намоз ўқиб, рўза тутиши инсонларнинг мингйиллик муаммосини – мулкдорлик ва мулксизлик муаммосини ечолмаса, у ҳолда натижа нима бўлади бу пайғамбарликдан? Ҳеч нима, яна ўша бой-камбағал муносабатлари ва хўжайин-қул тизими сақланиб қолаверади, ягона фарқи – таҳорат оладиган, намоз ўқийдиган ва рўза тутадиган хўжайин-қул бўлади, холос. Инсон жамиятидаги муаммоларнинг энг тамал сабаби ҳал этилмас экан, натижанинг бирор маъноси ва аҳамияти қолмайди.
Бундай мулк тузумида “инсоний” бирор муносабат чиқмайди, чиқолмайди ҳам.
Шу сабабдан, мулкнинг тақсимланиши тизимига тегмаган, энг аввало мана шундан бошламаган, худди Қуръоннинг бошлагани каби, ишга илк мана шу ердан киришмаган дин сўйламлари – афъюндир.
Энг аввало истиғно-туғён муносабатларини англатмаган дин дарслари – афъюндир.
Энг аввало мулкдор доираларни ҳадаф олмаган диний фаоллар – афъюндир.
Энг аввало “боғ эгаларини” англатмаган диний ваъзлар – афъюндир.
Энг аввало ош-нон берган, едириб-ичирган ва тўйдирган “Рабб” эканини сўйламайдиган дин теологиялари – афъюндир.
Агар Қуръон эса қўлингиздаги китоб, бу – мана шундайдир…
“Тарихни қўйиб туринг, бугунги кундан олинг” десангиз агар, кейингилар ҳам айни…
* * *
Исломни ичидан қулатган биринчи нарса – эски жоҳилият давридаги МУЛК тизимига қайтиш эди (Ридда воқеасини эсланг). Исломга биринчи бўлиб мана шу ердан зарба берилди. Ва инсониятга Инфоқ тизимини бахш этган бу оламшумул лойиҳа, туғилишидан ўттиз йил ўтар-ўтмас, қонли равишда тўхтатилди…
Диндан қайтувчилар (муртадлар) биринчи бўлиб Қуръоннинг келтиргани мулк тизимидан қайтди. “Нимани инфоқ этайлик? дея сўрайдилар. Айт: “Эҳтиёждан ортганини!” (Бақара:219) ояти уларга тинчлик бермасди. “Майли, намоз ўқиймиз, рўза тутамиз, ҳажга борамиз, аммо Закот бермаймиз, бунақа мулк низомини қабул қилмаймиз” дедилар. Шунинг учун муртад – янги мулк тузумидан қайтган – номи билан қолдилар тарихда.
Жоҳилият даврининг ваҳший капитализми, Исломнинг инфоқ асосига қурилган мулк тизимини, янги қардошлик иқтисодини қабул қилолмади. Инсоният тарихида бу фундаментал ўзгариш сари ҳамла бўлганиданми, у даврдаги кишиларнинг ҳаммаси ҳам бу юкни ололмади зиммасига.
Муродни хосил бўлмай чекиндилар. Ҳолбуки пайғамбарнинг ишонгани идеалларнинг тўлиқ рўёбга чиқиши ва инсониятга тарихий бурилиш бахш эта олиши учун камида юз йилга эҳтиёж бор эди. Аммо атиги 30 йил давом этолди холос.
“Мендан сўнг бир-бирингизни бўйнига урманг, мусулмонга биродарининг жони, моли, номуси ҳаромдир” дейилишига қарамай, минглаб мусулмон қиличдан ўтказилди, моллар талон, номуслар оёқ ости қилинди.
“Мулк” сабабли (яъни мол ва иқтидор учун) ички урушлар бошланиб кетди, дунёнинг кўз ўнгида 90 минг мусулмон бир-бирига қилич кўтариб чиқди. “Муҳаммаднинг одамлари бир-бирини ейишга тушди” дейишди замондошлар…
Ислом ўз замонаси дунё ижтимоий фикрида “Чўлда янги бир дин (пайғамбар) чиқибди, “Қулларга озодлик!” (факку рақоба) деётган эмиш” дея эшитганди… Бу сасга жон қулоғи билан диққат қилган Сосоний ва Византиядаги қуллар, эзилганлар, кимсасиз, маҳрум ва чорасизлар, Исломнинг ичидаги мулк ғавғосини кўриши билан “Буям бошқасининг айни” дедилар ва умидини уздилар.
Шундай қилиб, “чўлда ҳайқирганнинг саси” мана шу ондан эътиборан эшитилмас бўлди. Дунё ижтимоий онгида кўзғалган ўша муаззам қуюн тинди.
Абу Заррнинг чўлга кўмилиши билан юлдузи сўнди.
Алининг енгилиши билан шамоллар тўхтади…
Бундан кейинги воқеалар – бор-йўғи Сосоний ва Византиядаги мулк (давлат/империя) тизимининг ниқоб ўзгартиришидир холос. Яна ўша бой-камбағал муносабатлари ва хўжайин-қул тизими сақланиб қолди, ягона фарқи – таҳорат оладиган, намоз ўқийдиган ва рўза тутадиган хўжайин-қул бўлди… Такрор қул ва чўри кўпайтириш пойгаси бошланди. Беҳисоб мол-давлат (молан мамдудан) эгаси бўлиш – устунлик ўлчови ва футуҳот ҳирсига айланди. Бой ва камбағал орасидаги тафовут кучайгандан кучайди. “Сўнгги ҳақ дин” ҳам бунга тўсиқ бўлолмади…
Хўш, Муаммо қаерда? Диннинг назарий қисмдами ёки уни янглиш англаган зеҳнлардами?
Албатта, иккинчисида…
Бугун БМТ маълумотларига кўра, ер юзида 1 миллиарддан зиёд инсон кўчаларда оч тунайди. Агар Аллоҳ бугун пайғамбар юборса, биринчи ва асосий масала сифатида яна айни жойдан бошлайди – “1 миллиард инсон қайси гуноҳи сабабли оч?” дея сўрайди. “Тавҳид ва ширкнинг бунга алоқаси бўлмасдан бошқа нимага алоқаси бўлсин?”
Қуръоннинг илк 23 сурасидан бошлаб, мулк масаласидаги қараши бунинг ёрқин далилидир – бу сураларда доим ўртоқлашиш (инфоқ) амр этилади, мол-мулк жамлаш, канз – хазина йиғиш (Тавба:34-35) эса қораланади. Қуръоннинг бирор жойида бўлсин мол-мулк жамлашнинг мақталганини кўрмайсиз. Яъни, диннинг назарий мазмунида ҳеч бир муаммо йўқ.
Ундай бўлса, аҳволимиз шу: Бу Китоб ёд олиниб, ъайнлар билан томоқ қириш билан маҳжур тарк этилди! Деворнинг энг тепасига осиб, маъбадларда жаранглатиб, устунларга, мозор тошларига ўқитиб тарк этилди. Китобнинг илк ва тамал мавзуси бўлмиш Мулк масаласи деярли барча диний гуруҳлар, жамоатлар, мазҳаблар, тариқатлар тарафидан унутилди, йўқ ҳукмида саналди. Ҳалигача шундай…
Шунинг учун то Абу Заррдан бери бузилмоқда бу гуруҳлар…
Ғоятда ноқулай, оғриқли, ва айни пайтда инсониятнинг энг тамал дардидан узоқдалар бу мазҳаблар…
Шундай, сиз Китобни тарк этсангиз Китоб ҳам сизни тарк этади (Фурқон:30)!
Эътибор берган бўлсангиз, жаннат хушхабари берилган ўн саҳоба орасида илк уч саҳоба (Абубакр, Умар ва Али) мустасно, ҳаммаси катта миқдорда мол-мулк ва ер эгаси бўлди. Ўлганида энг кичигининг қолдиргани мингларча динор бойлик эди. Биттасига 700 қишлоқдан ҳарж келарди.
Дин ва давлат ходимининг ўрнаги шуми бизга?
Қандай қилиб, келганда Ҳорун – кетганда Қорун бўлдилар? Нега Муҳаммад бўлиб кетишмади, Абубакр, Умар, Али бўлмади-да, Қорунга айланишди?
Кўпдан бери нуқул мана шу савол ўйлантиради мени: нега жаннат-ла муждаланган ўн саҳоба орасида бирорта камбағал саҳоба йўқ?
Абу Зарр қаерда қолди? Аммор-чи? Билол-чи? (Демакки, бу рўйхатни яқиндан ўрганиш лозим)
Демакки энг аввал дин-у давлат фасх, мулк-и миллат бузилди!
МУЛК!
Исломга биринчи бўлиб мана шу ердан зарба берилди ва қулатилди!
2. МЎЪЖИЗА
Мулк масаласида жоҳилият эътиқодига қайтиш, мусулмон онтологиясини, яъни ашёга нисбатан ёндошувини бузган бўлса, мўъжиза эътиқоди ҳам унинг эпистемологиясини, билимга бўлган муносабатини барбод қилди. Натижада диний илм манбалари атрофияга учради, яроқсиз ҳолга келди – кўзлар, қулоқлар, қалблар мўъжизага, каҳонатга, кароматга ва интизорга (кутишга) кўниктирилди, инсондан, тарихдан, ҳаётдан ва табиатдан ётлаштирилди. Ўша эски “тамоман диний дунёга” қайтилди. Яҳудийларнинг мўъжиза, христианларин каҳонат, мажусийларнинг интизор (кутиш), шаманларнинг анимизм эътиқодлари, дев-парилар, мозорлар, арвоҳлар ва оталар зеҳнияти ҳамма ёқни заҳарлади. Диний ҳаёт мана шулардан иборат ҳолга келди.
Мўъжизалаштиришлар ақлни беркитувчи афъюнга айланди. Изланиш ва тадқиқотга эҳтиёж сезилмайдиган бўлди, “Аллоҳ” деса, ҳар гапга ишонувчи, Аллоҳнинг борлиқдаги очиқ-ойдин оятларини (инсон, тарих, ҳаёт ва табиат) мўъжиза санамайдиган бир зеҳният ишғол этди умматни.
Қуръон муқаддаслаштирилди, мўъжизалар китоби ҳолига келди. Аслида Буюк ал-Китобга (Коинот Китобига) ишорат этувчи бармоқ ўлароқ кўрилиши керак экан, унинг ўзи энг буюк ал-Китоб ҳолига келтирилди, буюк ал-Китобни (коинот ва яратилиш) кўрмайдиган зеҳнлар урчиди.
Мусулмон уммат, қўлидаги Китобни ҳаёт раҳбари эмас, ғайбий сирлар, дастурил-амал эмас, илми-ғоиб гумон этди. Бутун ҳамма нарсаси бор эди унда. Худди Алоуддиннинг сеҳрли чироғи каби, қийналгани он бир чайқаш етарли эди – фолбин, куф-суфчи, азойимхон ва туморчилар кўпайгандан кўпайди.
Агар дунёда биров (аксар ҳолларда ғайридин) Аллоҳнинг коинот ва табиатдаги қонунларини – оятларини – ўқиб ўрганиб, бирор янги кашфиёт қилса, биз нима деймиз? Бизнинг китобда бу ҳақда 1400 йил олдин айтиб қўйилган! Аллоҳу акбар!
Денгизни ёрган Мусо, ўликни тирилтирган Масиҳ, оташда ёнмаган Иброҳим, тошдан туя чиқарган Солиҳ, уч юз йил уйқуга кетган Асҳоб-и Каҳф, чумолига гапирган Сулаймон ва кўкка учган Исо ва ҳ.к. тўла ваъзлардан сархуш бўлди оломон. “Хўп, бу мўъжизалар бугун нега йўқ? Фаластиндаги гўдакларга, Ироқдаги оналарга нега мўъжиза келмаяпти? Қушлар, чумолилар ҳозир нега биз билан гаплашмайди? Бугунги ал-Китобда булар нега йўқ?” саволлари қаршисида шубҳа водийларида сарсон адашиб улоқиб, охири “Бир ҳикмати бордир-да” дея ичларига ютардилар.
Ҳолбуки Аллоҳнинг бу очиқ-ойдин оятларини эски дунё динларининг хурофотларисиз ҳам, Қуръонда айтилмаган ва асло Қуръоний калима бўлмаган “мўъжиза” сўзига сиғинмасдан ҳам тушуниш ва тушунтириш ўта осон эди. Бироз муқоясали динлар тарихи, бироз эски цивилизациялар тарихи, Қуръоннинг ишорат этгани каби бироз “йўл чеккасидаги эски чоғ далиллари”, бироз археологик қазилмалар, бироз табиат фанлари, бироз бу услубда келган ва барча самовий китобларда қўлланиладиган символик тил устида изланиш олиб борилса, ниҳоятда яхши англашиларди.
Аммо мўъжизалаштирмалар бутун буларни йўқ қилди. Мусулмон зеҳни тарихдан, ҳаётдан ва табиатдан ётлаштирилди. Ақлини ҳеч қийнамайдиган, инсоний дард ва онтологик ғамдан йироқ, миясини бирор марта мароқ ва саволлар қуршамаган, шак ва саволни шайтон иши санайдиган, синов ва тажрибани, изланиш ва мантиқ йўлини кўр эътиқод-ла тўсиб қўйган, ўзи уйдиргани учди-қочди ривоятларга ҳам бошига “Аллоҳнинг қудрати”, охирига “мўъжиза” деб тураверадиган зеҳннинг вужудга келиши сабаби сизнингча қаерда?
Ваҳоланки, бунақа зеҳният билан бу уммат бугунги ҳаёт оқишига мудохала этолмаётир, реал воқеъликнинг ичида эмас, аксинча воқеъликка паралел бошқа бир виртуал дунёда ҳаёт кечирмоқда. Али Шариатий айтганидек, алиенация (бегоналашма) ҳолатида…
Бу зеҳният инсониятда бирор силжиш ярата олиши имконсиздир. Ер юзининг муаллими, пешқадами, йўлбошловчиси, агар Қуръоннинг таъбири билан айтсак, “шоҳиди ва шаҳиди” бўлиши ҳар қандай эҳтимоллардан йироқдир. Худди ғассолнинг қўлидаги майит каби, ҳинд гуруларининг оёғини ялаш ёки тариқат шайхларининг ҳарамига кириш учун навбат кутаётган ақлсизлар, мана шу наркозланган диний зеҳниятнинг аянчли махсулидир.
Шундай қилиб, Аллоҳнинг пайғамбарлари “Мўъжизалар Мамлакати”да сайр этдирилди. Реал ҳаётга параллел галлюцинатик бир олам қурилди. Ҳолбуки, воқеъликдаги ҳаёт ва табиатга параллел бошқа бир олам, яъни жинлар, фаришталар, шайтонлар, арвоҳлар, дев-парилар ва ш.к. борлиқлардан иборат алоҳида бир олам йўқдир. Аллоҳ ўз малакларини (малакасини, кучини, қудратини) бошқа бир параллел руҳоний дунёда эмас, кўзимиз ўнгида, реал воқеъликда, осмонлар ва ерда намоён қилади. Қуёшда ва ойда, осмон ва юлдузларда, дарё ва денгизларда, кеча ва кундузда, ҳайвонот ва набототда, бир миллион жонзот турларида ва ҳ.к. кўрсатади, кўрсатмоқда. Қуръонда мана шунга “осмонлар ва ернинг малакути” дейилади. Жинлар (кўринмаган турлар, борлиқлар), шайтонлар (салбий ҳирслар, негатив инстинктлар) ва малаклар (табиат кучлари) барчаси мана шу воқеъликнинг ичидадир.
Аллоҳ янги ва янги оламларни яратишга қодир бўлгани учун ҳам, бир кун келиб, ўликларни тирилтиради, қиёматни қўптиради, жаннат ва жаҳаннамни келтиради, дафтарлар очилади, ҳисоб куни ва охират ҳаёти бошланади. Бунга Қуръонда янгидан яратилиш (халқун жадид) дейилади. Биз бунга ишонамиз, иймон келтирамиз, исботи билан шуғулланмаймиз. Ислом иймони, эътиқоди, маънавияти ва ахлоқи шуни тақозо қилади.
Бунинг ташқарисида яҳудий мўъжизалаштиришларининг, христиан каҳонатларининг, мажусий интизорларининг бу динда ўрни йўқдир. Улар ўша эски “тамоман диний дунёда” қолиб кетгандир. Исломнинг диний дунёга келтиргани ислоҳ ва эски дунё билан янги дунё орасида тура олиш миссиясининг аслида мана шу ерда ўртага чиққанини кўрмоғимиз лозимдир…
3.МАВЗУ
Мавзуъ – уйдирилган ривоятларга берилган номдир. Булар бугунгача тафсир, фиқҳ, сийрат, тасаввуф, калом, айниқса ҳадис китобларига сиздирилган, ва масжид-мадрасаларда, жамоат йиғилишларида, шайхларнинг суҳбатларида, жума ваъзларида такрорланиб туради. Баъзи ҳисобларга кўра, уларнинг адади 200.000 дан ортади.
Мулк бобида ашёга, мўъжиза бобида илмга муносабати бузилган мусулмон, мавзуъ ривоятлар оқибатида диндорнинг ўз пайғамбарига, унинг миссияси, унинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва аҳамиятига бўлган муносабати ҳам маҳв бўлган ва Исломга учинчи зарба мана шу тарафдан берилгандир. Меҳмет Окиф буни “янги дин” дея номлайди:
“Набийга атф ила мингларча ҳарза уйдирдинг,
Йиқиб бу дини-мубийнни, янги битта дин қурдинг”.
Демак, “Қола Расулуллоҳ” (Аллоҳнинг элчиси дедиларки…) дея қурилган бир “ҳарзаи дин” ҳақида сўз кетмоқда. “Ҳарза” дегани форсчада – бўш лоф, абсурд, сафсата, бемаъни сўз, уйдурма маъноларини англатади. Бу контекстда “ҳарзаи дин” – пайғамбар оғзидан уйдирилган, соғлом ақл ва мантиқдан йироқ, сафсаталар дини маъносига келади.
“200.000 уйдирма ҳадис” десам, оширворди деманг. Имом Бухорийнинг китобига киритилган 7145 ҳадис 600.000 ҳадис орасидан саралаб олингани – ҳарзаликнинг қай даражаларга етганини яққол кўрсатади. Демак, Бухорий ўртада айланиб юрган 592.855 ҳадисни инкор этган!
Ўзингиз ўйланг… Бухорий инкор этган ўша 592.855 ҳадис бугун қаерда? Хўп, Бухорийнинг китобига кирмади дейлик, бошқаларига-чи? Китобга кирмаган қанчадан-қанча ривоят тилдан-тилга кўчиб юрибди-ку! Бу уйдирма ҳадисларнинг кўпи диний ваъзларда, матнларда, маърузаларда, дарсларда ва б. учрайди. Уйдирма (мавзуъ) ривоятлар бугун ҳам яшамоқда орамизда! Ҳатто мана шу уйдирмаларга асосланиб, бутун бир тариқатлар, диний жамоатлар қурилган, гуруҳлар ташкил этилгандир. (Исо қайтажак, Маҳдий чиқажак, Масиҳ келажак, Дажжол чиқажак ва ш.к.).
Қаранг, жума намозига бормаганга қамоқ, дарра ва ҳатто ўлим жазосидан тортиб то зино қилганни тошбўронигача… Закотни қирқдан бир деган мазҳаб қуриб, “Мусулмоннинг бойи яхши”… Қул ва чўри жоиз дейиш, чолғу асбобларини синдириш… Имомлар фақат Қурайшдан бўлади… Исо қайтиб келажак ва Маҳдийга иқтидо этади… Унга байъат қилмай ўлган – жоҳилиятда ўлади… Динини ўзгартирганни ўлдириш, тўрт марта ичкилик ичганни ўлдириш… Пайғамбар Мадинада Яҳудтйларини қатлиом қилди, аёллар ва болаларни урушда ўлдиришга рухсат берди… 9 яшар Оишага уйланди, ҳайзли аёлга намознинг ва Қуръоннинг манъ этилди… Аёлларнинг ақли ва дини ноқис бўлди… Эр хотинига “талоқсан” деса талоқ, аммо аёл эрига талоқ беролмайди… Соқол, салла, чопон – диний вожибот деган, тўғри йўлни топган одам исмини арабча қилиши… Олтин ва ипак кийиш -эркакка ҳаром, расм бор уйга кириш ҳаром… Пайғамбар ўқиш-ёзишни билмаган, аммо бир ишорат-ла ойни иккига ёрган… Салавот айтиш диний вожибот… Пайғамбарнинг тер ва сийдигидан инсонлар шифо топган… ва шу каби яна мингларча “ҳарза”…
Мана шунақа уйдирма ривоятлар оқибатида, мусулмон диндорнинг ижтимоий ҳаётга муносабати, ўтмишдаги Аҳли китоблашувларни (Яҳудий/Христиан диндорлиги) такрорлади, ва оқибатда уларнинг деярли айниси – ғариб бир диний шизофрения – ҳолига келди.
Динларнинг афъюн юзи соясида юзага келган бу ҳолат – диндор инсоннинг инсондан, ҳаётдан ва борлиқдан бегоналашувидир, бундан бошқа нарса эмас.
Шу маънода М.Окифнинг “янги битта дин қурдинг” дейиши, ҳеч ҳам муболаға эмасдек.
Ваҳоланки, Исломда ҳадислар эътиқодда далил бўлмайди. Амалда эса бир Қуръон оятига таяниши керак ва уни очиқлаши мумкин холос. Ҳадислар диний бир қиймат бўлишидан кўра кўпроқ социологик (одаб-ахлоқ ва муомалот соҳасида) қиймат касб этади. Қуръон нузули давридаги ижтимоий-сиёсий муҳитини англашга, тил, тарих ва маданиятлар эволюциясини қамрай олишга ёрдам беради. Шахсан мен ўзим уйдирма ҳадисларни ҳам ўқийман, ўрганаман: Араб зеҳнини англаш, уйдиришнинг мақсад ва механизмлари, уйдирма ҳирси қаерларгача бора олишини англаш учун тадқиқ этаман!
Аслида, энг гўзал ҳадис (аҳсану-л-ҳадис) бу – Қуръондир (39:23). Қуръоннинг “ҳадис” калимасини қандай қўллангани ҳам эътиборга моликдир. Юсуф сураси шу оят-ла тугайди: “Бу – уйдирилган ҳадис эмас, балки ўзидан аввалгиларни тасдиқ этувчи, унга иймон келтирадиган қавм учун барча нарсани муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳматдир.” (12:111). Бошқа бир оятда эса шундай савол берилади: “Бас, улар Аллоҳ ва Унинг оятларини қўйиб яна қайси ҳадисга ишонурлар?!” (45/6).
Демакки “Муҳаммаднинг ҳадислари” аслида Қуръондир. Чунки Қуръон ҳам “шарафли бир Расулнинг қавли”дир (қавлу расулин карим) (81:19).
Англашилгани каби, Исломнинг феълан йиқилиш жараёни мазкур уч йўл-ла кечгандир. Аввало МУЛК масаласидаги ифсод билан ашёга нисбатан онтологик муносабати бузилди, сўнгра МЎЪЖИЗА орқали билимга нисбатан эпистемологик муносабати бузилди, ва ниҳоят, МАВЗУ ривоятлар орқали мусулмоннинг ижтимоий ҳаётга нисбатан қурилиши керак бўлган реалистик, маъқул ва мақбул, мувозанатли ва воқеъий муносабати бузилиб, ўрнига шизофреник (воқеъликдан узилган, ҳаёлий параллел бир дунёда яшовчи) ва циклофреник – маниакал-депрессив (ҳаддан ташқари ҳуснизон ва баъдгумонликнинг ўзаро алмашинув хасталиги) бир ҳолат юзага келди. Қисқаси, бу мавзу (уйдирма) ривоятлар диндор инсонни ҳаста этди, ҳаста!
***
МУЛК, МЎЪЖИЗА ва МАВЗУ – Исломни қулатган ва унинг ўрнига янги дин барпо этган уч нарса (3 М) мана шулардир. Исломнинг оламшумул миссияси ва асл маъно ва мақсади, мана шу бузилган уч тамалнинг ислоҳ этилиши орқали тикланиши мумкин деган фикрдамиз. Акс ҳолда Ислом “динлар орасидаги бир дин” ўлароқ одамлар орасида кун кечиришда давом этаверади, этмоқда ҳам.
Мулк-ла ораси бузилган, мўъжиза ва мавзу ривоятлар-ла бўғилган бир қанча дин бор эди ўтмишда, ҳозир ҳам бор, аммо бирор ишга яраяптими?
İhsan Eliaçık
Туркчадан Камолиддин Йўлдош таржимаси