Жумъа (йиғилиш) намози
Қуръонда жумъа (йиғилиш) намозини Жумъа сурасидаги ушбу оятлардан ўрганамиз:
Эй мўъминлар, қачонки Жумъа кунидаги намозга нидо қилинса, бас, Аллоҳнинг зикрига шошилинг, ва олди-сотдини тарк этинг!
Агар билсангиз, шу ўзингиз учун яхшироқ.
Қачонки намоз адо қилингач, Ер юзида тарқалиб, Аллоҳнинг фазлидан истанг.
Аллоҳни кўп зикр қилинг, шояд нажот топгайсиз.
Қачон улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўрсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сени турган жойингда тарк қилурлар.
Айт: «Ўйин-кулгидан ҳам, тижоратдан ҳам Аллоҳ хузуридаги яхшироқ!
Аллоҳ ризқ бергувчиларнинг Яхшироғи!» (62:9-11)
Бундан келиб чиқиб:
- Жумъа куни (Жумъа куни йиғилиш, жамланиш ташкил этиладиган кун, ҳафтанинг бешинчи куни маъносида эмас) Чақириқ янграши билан ишни тўхтатиб, намозга борилади.
- Оятдан яна шуни кўрамизки, Жумъа намози иш вақтида, яъни кундузи, ўқилган. Жумъа намози, тонгги ва кечки намозлар орасидаги вақтда ўқилиши керак.
- Намоз ўқилгач, ҳамма ўз ишига қайтиши лозим. Демак, жумъа куни дам олиш куни эмаслиги Қуръондан аён бўлади. Шунингдек, Жумъа фарзи ўқилганидан кейинги ракаатлар ва дуолар жума намозининг бир парчаси эмас. Чунки намоздан кейин дарҳол ишга қайтилиши оятдан очиқ аён.
- Қуръонда бошқа намозларни ҳам жамоат-ла ўқилишини кўрамиз. Фақат жамоат билан ўқилиши шарт бўлган ягона намоз бу жумъа намозидир.
- Жумъа намозини ўқиш учун учун эркак-аёл деган ажратиш йўқ.
Аслида бунақа ажратиш ҳадисларда ҳам йўқ. Кўплаб ҳадисларда эркаклар билан бирга аёллар ҳам жамоат намози ўқигани айтилади. Уммавий давридаги уйдирмалар оқибатида жумъа намози фақат эркакларга фарз деган фатво чиқаришган. 62:9-оятдан кўриб турибмизки, намозга чақирилгач, Аллоҳни эслаш, зикр этиш учун йиғилинади. Бу сурани тушунишда Қуръонда ўргатилган дин доирасида изоҳлар берилиши мумкин холос. Аллоҳни эслаш, зикр этишдан ташқари изоҳлар, ҳурофалардан узоқ туриш керак. Мусулмонлар Аллоҳни эслаш, зикр этиш учун йиғилган экан, мазҳабчи диннинг уйдирма ҳадисларига дучор қилинмаслиги керак, майда фиқҳий масалавозликка маҳкум қилмаслиги керак. Шу боис жумъа хутбалари, айниқса, Қуръон оятлари йиғилган жамоатнинг тушунадигани тилда ўқилиши ва баён этилиши энг яхши ва энг фойдали бўлади, деган фикрдамиз.