Ўзбек диндорлари президенти
Агарда мен президентликка даъво қилганимда, аҳолини тобора салмоқли қисмига айланаётган ўзбек диндорларимизни бугунги аҳволи ва савиясини инобатга олган ҳолда, қуйдаги стратегияни танлар эдим:
- Сайловолди дастуримда ягона пункт бўлар эди. У ҳам бўлса, аёллар ҳижобига руҳсат бериш ҳақида. Сайловни 90% овоз билан ютар эдим.
- 5 йилдан кейин, кейинги сайлов пайти келганда, болаларни масжидга қўйишга рухсат берар эдим. Кўпхотинликка рухсатни ҳам ўйлаб кўрар эдим-у, лекин аёллар электоратни 51% фоизини ташкил этишини ҳисобга олсак, бу чора ҳозирча эрта бўлса керак. Бу гал 85% овоз билан ютар эдим.
- 10 йилдан кейин, навбатдаги сайлов олдидан, Қуръон мусобақасини ўтказар эдим. Бир халқим қори акаларни қироатига ширакайф бўлиб, мазза қилсин, бу юртда Қуръон овози янграмаганига 100 йил бўлибди. Нима қилибди Қурондан ҳеч нарсани тушунишмаса (ва англашга ҳаракат ҳам қилишмаса), домлалар силлиқина тушунтириб қўяди керакли жойларини. Масалан, подшох — Аллоҳнинг ердаги сояси эканлигини, унга қарши бориш ҳаромлигини, борига шукр қилиш кераклигини, тинчлигимиз ва мусаффо осмонни қадрлаш кераклигини, кимки вазиятдан норози бўлса, даҳрий ва фитначи эканлигини.
- 15 йилдан кейин «Исломий менталитетга зид нарсаларни таъқиқлаш» ҳақида қонун чиқарар эдим. Айниқса Исломий менталитетимизни бузаётган, ўзбек аёлларини оммавий равишда чет элда фоҳишалик қилишга руҳан тайёрлаётган, ундаётган сериаллар билан кескин курашар эдим. Бошқарувимда силовикларга эмас, имомларимизга таянар эдим. Барча ҳокимларни фақат масжид имомларидан танлар эдим. Барча муассасаларга кураторларни имомлардан қилар эдим.
- 20 йилдан кейин мактаб дастуридан математика, физика ва ҳоказо табиий фанлар ва тарихни олиб ташлаб, Ислом динини мажбурий фан сифатида киритар эдим. Барча университетларни ёпиб, ўрнига «Ибн-Сино номли Исломий тиббиёт академияси», «Аш-Шоший Исломий политехника университети» ва «Абу-Ҳанифа фикҳ университетини» каби Исломий ОТМларни очар эдим.
Қарабсиз-ки, 25 йил ҳукмронлик қилиб қўйибман, энд иззатни ҳам билиш керак. Раҳбарликни халқ хоҳлаган қайсидир шайхга топшириб, мусулмонларга ҳизмат қилишда йўқотган соғлиғимни тиклашга Швейцарияга кетар эдим. Устига устак, «Форбс» журнали фарзандларимни «Швейцариянинг энг бой 100 фуқароси» рўйхатига киритибди, уларни роҳатини ҳам кўришим керак, чунки нафақат миллатни, балким оиламнинг ҳам менда ҳаққи бор.
Ҳокимиятимдан норози бўлиб, чет элга чиқиб кетган юз минглаб энг сара зиёлиларимиз, малакали мутахассислар нима бўлади, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмайдими деб сўраяпсизми?
- Биринчидан, ўша зиёли ва мутахассисларнинг ҳаммаси даҳрий. Даҳрий бўлмаганда, Қуръондан бошқа, фисқу-фасодга олиб келувчи китобларни ўқирмиди?
- Иккинчидан, уларнинг барчаси мусулмонларни кўра олмайдиган чириб кетаётган Ғарб ва яҳудийларнинг гумашталари.
- Учинчидан, бундай инсонларда одатда ахлоқ бўлмайди (барча ахлоқ фақат мусулмонларда), шунинг учун уларнинг аксарият свингер, педофил, лут қавмидан ва лесбос оролидандир.
Амалга оширилмаган ислоҳотлар ва абгор ҳаётимизга келсак…
Паришонлик ва тушкунлигимизга сабаб йўқ, бу илоҳий иродадир. Худо бу дунёни кофирлар учун жаннат, мўминлар учун дўзах қилиб яратгандир. Кофирлар бу дунёда яхши яшасин, биз, мусулмонлар нариги дунёда яхши яшаймиз. Шуниси муҳим эмасми?