May 2, 2021

Ҳақиқий ва сохта Mуҳаммад (3)

РАСУЛ ДИНГА ИЛОВА ҚЎШМАЙДИ

**Ҳақиқий Муҳаммад**

Қуръонга кўра, Муҳаммад а.с.га на дунёдаги ҳукмларда, ва на охиратдаги ҳисоб-китобда, ўзини илоҳ ёки илоҳнинг шериги дейиши (6:114, 10:35-36, 12:40, 18:26, 28:88, 30:30, 30:43, 98:5), илоҳий ҳукмлар ёнига ўз номидан қўшимча ҳукмлар қўшиши, ўз сўзини илоҳий ваҳй дейиши мумкин эмас, ҳеч бир расулга бундай ваколати берилмаган (69:43-46, 17:73-75). Хусусан, Муҳаммад а.с.нинг илоҳий ҳукм чиқариш ваколати ҳам йўқ, бир ҳалолни ҳаром қилиш ёки бирор ҳаромни ҳалол қилиш ваколати ҳам йўқ (66:1).

**Сохта Муҳаммад**

Ривоятдаги Муҳаммад эса, аксинча, кўпхудолик динидаги “ёрдамчи худо”лар билан бир хил функцияларга эга: диндаги ҳукм ва қоидаларни белгилашда Аллоҳ билан бирга ҳамкорлик қилади (ҳатто, 50 маҳалдан 5 маҳалга туширилган намоз каби масалаларда савдолашади), Қуръондаги илоҳий ҳукмларни ўзгартира олади, Аллоҳ номидан рухсат ва таъқиқ қарорлари чиқаради. Ривоятлар, Қуръонга очиқ-ойдин осий бўлган ҳолда (7:3, 6:106, 16:51), Муҳаммадга динда Аллоҳ билан тенгшериклик мақомини беради: уларга кўра, Муҳаммад ҳам диний ҳукмлар жорий қилиш, ўзгартириш ва бекор қилишда тўлиқ ваколатларга эга.

Бани Исроил тарихидаги Сигир қиссаси оқали (Torah, Num 19), яҳудларнинг хатоларидан бири англатилади: улар Аллоҳнинг аниқ-тиниқ, содда ва тушунарли амрларини турли кераксиз саволлар ва “фиқҳий” масалавозлик билан чигаллаштирганди (2:67-71), Қуръон ўз ўқувчиларига бундай хатони такрорланмасликни буюради (5:101-102, 7:26). Бироқ, яҳудийлар бошлаб берган бу майдакашлик хатоси бугун ривоят дини мансубларида такрорланди, ва табиийки, яҳудларнинг тарихдаги аянчли оқибати бугун мусулмон умматининг бошида (5:6, 23:52-56, 42:21).

Ҳадис китоблари “Қола Расулуллоҳ” дея бошланган минглаб уйдирма қоида ва буйруқлар билан тўла. Масалан, тирноқларни қай тартибда олиш, ҳожатга қайси оёқдан кириш, қайси қўллаб овқат ейиши ва ҳ.к. Ҳатто, мазҳаб манбаларида шахсий гигиенага тааллуқли ўта ибтидоий, ва кўпинча оддий гигиенага зид кўрсатмалар ҳам бор. Ривоят дини мансублари шу даражада гипноз этилганки, бир ривоятсиз ҳатто ванна ҳам ололмас ҳолга келган.

Ривоят дини асосан икки манбадан юзага келади. Биринчисида, бир пешво фарқли бир фатво чиқаради, унинг тобеълари эса ўз шайхини улуғлаганча, бошқа ҳаммани рад этиб, янги мазҳаб пайдо қилади. Иккинчисида эса, ўрта аср жоҳил араблари, интеллектуал бўшлиқни тўлдириш учун, қадимги юнон, форс ва яҳуд-насоро манбаларни кўчириб олиб, динлаштиради.

Яҳуд-насороларнинг Исломга киритган кўплаб ҳукмларидан фақат баъзилари қуйидагилар: аёллар бошини ўраб юриши керак (1 Коринфликларга 11:6, Қуръонда йўқ), зинокорни тошбўрон қилиб ўлдириш керак (Левит 20:10 ва Тасния 22:22, Қуръонда йўқ), диндан қайтганларни қатл қилиш керак (Левит 24:16 ва Тасния 13:5-10, Қуръонда йўқ) ва гўдаклар хатна қилиш керак (Ибтидо 17:14-25 ва Чиқиш 4:25, Қуръонда йўқ).

Қуръонда аёллар фақат ташқарига чиққанида кўкракларини ёпиб юриши, йўлтўсарларга сабаб бўлмаслик учун зийнатларини (олтин-қумуш ва тақинчоқларини) кўрсатмаслик, умуман кўчада ясан-тусан қилмаслик тавсия этилган (24:31, 33:33, 33:59). Зино тушунчаси бугунги “инсон тижорати, фаҳш тижорати” маъносида келади, худди рибо каби муҳтожлар муҳтожлигидан даромад орттиришнинг бир тури бўлгани учун оғир гуноҳ, аммо зинонинг жазоси қатл эмас (24:2-3), маиший эр-хотин хиёнатлари учун эса бутунлай бошқа ҳукмлар келган (4:15). Динда мажбурлаш йўқ, яъни динга кириш қанчалик ихтиёрий бўлса, дин ичида динга амал қилиш ҳам шунчалк ихтиёрий, диндан чиқиш ҳам. Инсоннинг динга кириши, динга амал қилиши ё қилмаслиги, диндан чиқиши каби қарорлар инсоннинг ҳурриятидир, бу қарорларнинг тўғри-янглишлиги учун охиратда, Аллоҳнинг ҳузурида ҳисоб беради (2:256, 18:29, 50:45, 88:22). Эркак ва аёлларни хатна қилиш одати эса, инсон мукаммал яратилгани ҳақидаги оятларни рад этади (40:64, 4:119, 64:3, 13:8, 25:2, 32:7, 82:6-9).

Қуръон ягона тўғри ҳадисга, яъни Қуръонга чақиради (68:44, 52:34, 4:87). Инсон ижоди бўлмиш нақллар, асло дин бўлолмайди, мабодо динлаштирилса, адашув ва тафриқани кўпайтиради. Умматлар ўтмиши ва бугуни бунинг яққол далили.

Ҳақиқий ва сохта Mуҳаммад (3) | (kemalyoldash.com)