Сизга Суннат керакми?
Инсонга, аслида, фарз амаллар буюрилган эди, аммо у фарзларни қўйиб, “суннат” излашга тушди. Хўп, қаерда ўша суннат?
***
Ҳар бир банда Яратувчининг кузатуви остидадир, шунга қарамай Аллоҳ инсонларга ваҳйни – Ўзининг амрини етиб боришини ирода этди, бунинг учун бандалари орасида элчиларни танлади.
Ваҳй, ундаги хабар, буйруқ ва таъқиқлар, уларнинг илк амалий кўриниши ҳам, табиийки, ўша етказувчи – элчи томонидан амалда бажариб кўрсатилди, етказилди.
Сўнгги элчига нозил қилинган барча ваҳйлар тўплами – ҚУРЪОНдир.
Қуръонда нозил бўлган амрларни элчи тарафидан феълан адо этилиши ва омма кўз ўнгида уни кўрсатиб берилиши “Пайғамбарнинг суннати” деб номланади. Қуръондаги оятларга алоқадор хабар ва амрларни Элчининг тилидан айтилиши – “пайғамбар хадиси” (айтган сўзи) дейилади.
Аслида “Қола Расулуллоҳ” деган гапни, ўз кўзи билан кўрган, ўз қулоғи билан эшитган ростгўй гувоҳ бўлиши керак. (Қуръондаги гувоҳлик шартларини эсланг)
Аллоҳ таоло сўнгги пайғамбардан кейин, бошқа элчи юбормасликни, инсониятнинг ҳидояти учун ҚУРЪОН кифоя бўлишини ирода қилди. Нубувват тамомига етди, аммо Қуръон даъвати ва таълимоти то Қиёмат тўхтамайди, тугамайди.
Аллоҳнинг иродаси шу эдики, инсониятни пайғамбарлар мисолидаги шахслар эмас, балки “нозил қилинган ваҳй” ва ундаги таълимот ва принциплар асосида бошқариш, ҳар бир шахснинг мустақил ва муттақий фаолиятига эришиш эди.
ҚУРЪОН нузули тамомлангунига қадар, орада ўтган 23 йил мобайнида пайғамбарнинг амалга ошириши лозим бўлган барча ишлар, барча гап-сўз ва ҳатти-харакатлар Қуръон назорати ва бошқарувида кечди, ҳамда зарурат туғилганда, ҚУРЪОН оятлари уни тузатиб, тўғри йўлланма бериб борди. Пайғамбарнинг хар бир сўзи ва амали ҚУРЪОНга асосан бўлди ва Суннат дея қабул қилинди. Айни дамда Суннат – Қуръонга қандай амал қилишнинг намунаси эди.
Аллоҳнинг амрига итоат этмоқчи бўлган хар бир банда Пайғамбарнинг суннатига эргашиши керак, бунда шубҳа йўқ, бироқ Пайғамбарнинг суннатини (феъл ва ҳаёт кечириш услуби) ўрганиш учун ҳам ягона манба – Қуръоннинг ўзидир ва ундан бошқа манба йўқдир.
***
Агар пайғамбаримиз алайҳиссаломдан:
– “Сиздаги бу гўзал аҳлоқ қаердан?” – деб сўрасангиз, У зот албатта: “Қуръондан! Қуръон ўргатди, Қуръон буюрди” – деб айтган бўларди.
“Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун, ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун – Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди” (Аҳзоб:21)
Демак пайғамбар ўзлаштирган ҳулқ, бажарган амал “Суннат” – Қуръондан олинган бўлса, Қуръон билан тарбияланган бўлса, биз ҳам бугун ўша манбадан (қўлимиздаги Қуръондан) бу ахлоқни топишимиз, ундан ахлоқланишимиз мумкин эмасми? Албатта мумкин. Бўлиб ҳам аслини топиш мумкин. Қуръон ҳам бизни айнан шунга чорлайди.
“Биз туширган бу китоб, муборакдир. Бас, унга эргашинглар. Ва тақво қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангизлар” (Анъом:155)
Қуръон – хар инсонни, худди пайғамбардек тарбиялаш учун нозил қилинди.
Қуръонни ўрганарканмиз, яна бир суннат маълум бўлади: Пайғамбар фақат вaҳйга эргашган.
“Мен фақат ўзимга ваҳй қилинаётганга эргашурман” (Аҳқоф:9)
Бу оят билан пайғамбаримиз: “Эй умматим, менга тобеъ бўлмоқчи бўлсангиз, худди мен каби иш тутмоқчи бўлсангиз – у ҳолда сиз ҳам мен каби, мана шу Ваҳйга – Қуръонга эргашинг!” дея хитоб этаётганини хис қиласиз.
Демак фақат вахйга эргашишни ўзи Асл ва Соф суннатдир.
***
Пайғамбар ўз билганича ДИН уйдирмaган.
“Бугун Мен сизнинг ДИНингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни ДИН деб рози бўлдим” (Моида:3)
Демак ДИН бу – Аллоҳ таолонинг ваҳй орқали Қуръонда нозил қилганларидир, ва бу ДИН Қуръон нузули билан камолига ва тамомига етган.
Пайғамбар ўз билганича ДИН уйдирмaган, бу аниқ, уни қуйидаги оятдан англаймиз:
“Ва агар у Бизнинг (номимиздан) баъзи ёлғон сўзларни тўқиса. Албатта, Биз уни қудрат қўлимиз билан тутар, сўнгра, албатта, унинг шоҳ томирини кесардик” (Ҳааққо:44-46)
Хулоса шуки, ДИН – Аллоҳнинг нозил қилгани – ҚУРЪОН билан чекланади, ундан ташқаридаги ҳеч бир манба Аллоҳнинг дини бўлолмайди. ДИН – ягона Зот тарафидан келган экан, у ҳам ягона дин бўлади.
Пайғамбарнинг сўзи ва амали ҳақида айтиладиган хадис ва ривоят Аллоҳнинг динига алоқадор эканми, демак бу сўз ва амалнинг ҳар бири – ҚУРЪОНдан келиб чиқиши шарт. Бу дегани, ҳадис ва суннат дейилган гапларнинг бирортаси, Қуръонга хилоф бўлмаслиги шарт, демакдир.
***
Пайғамбаримиз алайҳиссалом юксак aҳлоқли бўлган, ибодатда саботли, инсонларга ҳақни очиқ-равшан етказган, бу йўлда давомли мужодала этган.
Қуръонда билдирилган ҳар бир амр, хусусан ҳар бир aҳлоқий нoрма, aйни пайтдa Пайғамбарнинг феъл ва услубини шакллантирган ва бу, табиийки, инсонларга намуна, ўрнак ва “андоза” учун эди.
Бошқача қилиб айтганда, пайғамбар фақат Қуръон ахлоқи билан ҳулқланган экан, унда Қуръон буюрмаган ва талаб қилмаган феъл-атвор, ахлоқ ва амал бўлиши мумкин эмас.
Пайғамбар фақат ўзига келган ваҳйга эргашган экан, унинг амаллари ҳам албатта бирор ваҳйга, оят-амрга асосан содир этилди.
Пайғамбар суннатининг бошланғич нуқтаси – уни ўша амалга ундаган бирор вахй, Қуръон ояти бўлади.
Пайғамбар сўзи бўлган хадиснинг бошланғич нуқтаси – ўша сўзнинг айтилишига ундаган бўлган Қуръон ояти бўлади.
Пайғамбар Суннати – вахйнинг илк ижроси, амалдаги кўринишидир.
Салот, рўза, закот, инфоқ, Аллоҳни эслаш (зикр), яратганлари ҳақида тафаккур этиш, шукр қилиш, ихлос ва сaдоқат, сaбр ва матонат, омонатдор бўлиш, тўғри ва самимий муомала қилиш, ўрни келганда жасорат ва шижоат, Аллоҳга тақво ва инсонларга ҳурмат, буларнинг барчаси – Пайғамбарнинг суннатидир.
Суннат дея мана шуларга айтамиз, чунки булар Қуръонда кeлган, келгани учун ҳам пайғамбар уни бажарган. Қуръонни кўрмоқчи бўлсанг, пайғамбардан изла. Пайғамбарни кўрмоқчи бўлсанг, Қуръондан изла.
Соф суннат, пайғамбарнинг юксак ахлоқининг негизи, унинг Қуръонга чиройли эргашишидадир.
***
Бугун Суннат ёки Ҳадис дейилган ривоятларга нисбатан ўта хушёр ва огоҳ бўлиш талаб этилади. Бу ўта зарур.
Қаердан ва қачон пайдо бўлди бу зарурат? Бугунми? Биринчи мартами? Бу фақат бизнинг талабимизми?
Йўқ албатта. Бу – Аллоҳнинг талаби. Бу – Қуръоннинг талаби. Ўз оятларини нозил этаркан, Аллоҳ таолонинг инсоният олдига қўйган талаби мана шу бўлган.
“Булар – Аллоҳнинг оятлари. Биз уларни сенга ҳақ ила тиловат қилмоқдамиз. Аллоҳни ва Унинг оятларини қўйиб, яна қайси хадисга иймон келтиради улар?!” (Жосия:6)
Бу оятда Аллоҳ таоло Ўз каломи билан инсоннинг гаплари орасидаги фарққа эътиборимизни жалб этади. Аллоҳнинг оятларига қарши инсонлар уйдириши мумкин бўлган гап-сўзларни “Ҳадис” деб номлайди. Оятнинг хар қандай ҳадисдан улуғ эканини таъкидлайди. Оятни қўйиб, бошқа хадисларга иймон келтириб, адашишдан бизни огоҳ этади.
***
Бугун энг яққол кўриниб турган манзара шу: Суннат орқали Аллоҳга яқин бўлишни орзу қилганлар ўзини Ҳадисларга уради. Афсуски, ҳадислар орасида нафақат пайғамбар ахлоқига, хатто Аллоҳ таолонинг шаънига ҳам тўғри келмайдиган ривотлар тўла. Шунга қарамай, уларни дин гумон этишаверади, бунинг сабаби – изланиш, тафаккур ва онгли келинган хулоса эмас, аксинча, бошқаларнинг, аниқроғи ўтган аждодларнинг, “ота-боболарнинг” шундай қилгани, холос.
“Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага, Пайғамбарга келинглар», дейилса, «Бизга ота-боболаримизни нимани устида топган бўлсак, ўша етарли», дейдилар. Агар ота-боболари ҳеч нарсага ақли етмайдиган ва ҳидоятга эришмаган бўлсалар ҳамми?!” (Моида:104)
Бу оятда “нозил қилинган” ва “пайғамбар” калимаси ёнма-ён келмоқда. Яъни пайғамбарга “келиш” – нозил қилинган ваҳйга келиш билан бўлади.
Бугун “фалончилар суннатни инкор қилаяпти экан! ёки хадисни рад этяпти экан!” деган гапларни эшитасиз. Аслида эса, бу – худди оятда айтилганидек – “ота-боболарни қандай топган бўлса, ўшани етарли кўриш”дир.
Бугун “дин пешволари” саналмиш хадис ва ривоят дини мансублари, турли пир ва шайхларини, устоз ва домлаларидан қандай дин қолган бўлсалар, ана шуни тўғри йўл деб билиб, шунда кетмоқчи бўлишади.
Аммо Аллоҳ таоло қўйган талаб “ота-бободан қолган динга эмас”, аксинча, “Аллоҳ нозил қилган динга” – Қуръонга – келишдир.
“Қачонки уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашингиз», дейилса, улар: «Йўк, биз оталаримизни нимада топсак, шунга эргашамиз», дейдилар. Оталари ҳеч нарсага ақли етмаган ва ҳидоят топмаган бўлсалар ҳамми?!” (Бақара:170)
Бу келтирилган оят ҳам юқоридагидек, Аллоҳнинг ягона талаби – нозил қилинган нарсага – ҚУРЪОНга эргашиш – эканлигини таъкидламоқда.
Эътибор беринг, ОТА-БОБОЛАР деганда ўтмишдаги олим, дин пешвоси, тафсирчи, муҳаддис, мазҳаббоши, пир, шай, устоз, домла ва ш.к барчаси шу тоифага киради. Аллоҳ таоло уларга эргашинг демаётир, балки аксинча, улардан қолган нимаики динга тааллуқли мерос бўлса, улар ҳақда ягона ўлчовга – НОЗИЛ ҚИЛИНГАН ҚУРЪОНга чорламоқда бизни. Ҳакам ва тарози – Қуръондир.
Агар хадисга эҳтиёж ва зарурат бўлганида, Аллоҳ таоло “нозил қилинган” жумласи ёнига “ҳадисчилар саҳиҳ деган ривоятларга ҳам” деб қўшиб қўйишга қодир эди, аммо кўриб турганингиздек, ягона чақириқ – ҚУРЪОНга ва унинг етарли эканига бўлмоқда.
***
Хадислар, бир қарашда, пайғамбар номидан сўзлайди гўё. Пайғамбар номидан, Дин номидан, демакки, вахй қилинган Қуръон номидан сўзлайди. Бунинг нимаси ёмон? дейиши мумкин кимдир. Ҳатто баъзилар хадислар “Қуръонни тўлдирувчи шарҳи ва тафсири” ҳам дейди. Агар шундай бўлса, нега унда Қуръоннинг тўлиқ пайғамбар томонидан ёзилган тафсири йўқ?
Ҳадислар Қуръонни шарҳ этолмайди, сабаби шундай ҳадислар борки, Аллоҳнинг шаънига ёлғон ва бўҳтонлар тўла. Наҳотки, дин номидан ёлғон сўзловчи ҳеч ким бўлмаган ва бўлмайди деб ўйласангиз? Ёки Қуръон оятларини ўз ғараз ва манфаатлари учун бурувчи, уни даромад манбаига айлантириб олган дин тужжорлари тарихда бўлмаган ва бугун ҳам йўқ деб ўйлайсизми? Аксинча, бундайлар доим бўлиб келгани ва уларга алданмаслик ҳақида Аллоҳнинг ўзи огоҳлантириб қўймаганми?!
“Улардан шундай гуруҳлари борки, Китобдан бўлмаган нарсаларни Китобдан деб ўйлашингиз учун, Китобни тилларини буриб ўқирлар. «Бу – Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдилар. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг ҳузуридан эмас. Улар билиб туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон уйдирадилар” (Оли Имрон:78)
“Аллоҳ номидан ёлғон уйдирадиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарадиган кимсалардан-да кўпроқ зулмга ботган ким бор? Албатта, бундай золимлар нажот топмагайлар” (Анъом:21)
“Илми йўқ ҳолда одамларни адаштириш учун Аллоҳ номидан ёлғон уйдирадиган кимсадан-да кўпроқ зулмга ботган кимса борми?! Албатта, Аллоҳ золимлар тўдасини ҳидоят қилмагай” (Анъом:144)
Ва бошқа кўплаб оятлар борки, унда Аллоҳ таоло бизларни дин номидан ёлғон уйдирувчилардан огоҳ бўлишга, уларга алданмасликка чақиради; ва уларнинг ким экани, нега ва қандай адаштириши, уларга қарши қандай мужодала этиш йўлларини ўргатади. Қуръон оятларини тадаббур этиш билан, улар устида ақл юритиш, тафаккур этиш билан шуни англаш мумкинки, Аллоҳ ва Унинг дини номидан ёлғон уйдирувчи дин тужжорлари узоқ ўтмишда қолиб кетган эмас, балки бугун сизу-бизнинг кундалик ҳаётимизда дуч келувчи шахслар ва тўдалар бўлиши мумкин. Уларни ўтган умматларга тааллуқли дегувчилар бўлса, нега бугунга боғлашни истамаётганини ўйлаб кўришни тавсия этамиз.