October 24, 2022

[UZ] ISLOM va AYOL 1/5

Ҳар юзнинг, ҳар нигоҳнинг ортида айри инсон, айри тақдир бор. Aммо уларни бирлаштирган жиҳати шундаки, барчаси – аёллар.

Aёл бўлиш, дунёнинг турли минтақаларида турли маъноларни англатади.

Хўш, мусулмон аёл, муслима деганда, мусулмон аёл ҳақида гап кетганда хаёлимизга нималар келади?

Муслима аёл ҳақидаги ТАСАВВУРЛАРИМИЗ қанчалик тўғри?

Улар ҳақидаги тасаввурлар ҳақиқатан ҳам Қуръонга асосланганми?

Урф-одатларнинг динлаштирилиши мусулмонлар диний дунёқарашида қандай ўрин тутади?

Бугунги диний ҳукмлар тарих мобайнида эркаклар тарафидан ижод этилгани мусулмон аёлларнинг ҳаётида қандай из қолдирган?

Мусулмон аёллар турмушида, ҳаёт тарзида қанчалик таъсирга эга?

Мусулмон аёллар ҳаёти ва муаммолари бугуннинг энг кўп баҳс мавзуларидан бири.

Дунёнинг тўртдан бир аҳолиси мусулмонлар...

Дунё аҳолисининг саккиздан бир қисми эса муслималар.

Шу боис “ИСЛОМ ВА АЁЛ” муносабатлари баҳслар марказидан тушмай келади.

Энг кўп айтиладиган айбловлар шулар: “Ислом аёлларни жамиятдан четлатади, тўрт деворга қамайди, зулм қилади, унинг салоҳиятини рўёбга чиқишига тўсқинлик қилади; аёлларга иккинчи даражали қаралади, таълим олиш ва меҳнат қилиш ҳаққидан маҳрум этилади, ҳатто эрининг рухсатисиз уйидан чиқолмайди, уларнинг ягона вазифаси эркакларга хизмат қилиш; ёш мусулмон қизчаларни эрта турмушга мажбурлашади, айрим ўлкаларда қизларни хатна қилишади ва ш..к. айбловлар...

Ислом ва Аёл муносабатлари ҳақида ўта салбий тасаввур ОАВ да тобора кучайиб бормоқда.

(интервьюлар)

(А) “Биз билган Ислом динида эркак-аёл тенг ҳуқуқли эди. Аммо афсуски, мамлакатимизнинг кўп жойларида бунга амал қилади деб бўлмайди. Эркакларда бор ҳаққларнинг бирортаси аёлларда йўқ”.

(М) “Исломда эр хотинини жазолаш учун қўядиган қадамлар мавжуд: мабодо аёл ҳалиям қайсарлик қилса, олдин гаплашади, кейин хотинини урсаям мумкин бўлади”.

(А)“Кичкиналигимда отам оламдан ўтди. Ҳали 3 ёшда эдим. Онам турмушга чиққанида опам билан бирга қолдим, етим бўлганим учун мени эрта турмушга мажбурлади. 14 ёшимда эрга беришди”.

(Э)“Аёллар ҳар доим ҳиссий, шариатда айтилганидек, уларни ҳиссиётлар бошқаради”.

(А)“Баъзан кошки эркак бўлсайдим дейман, эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ ҳақлари бор, масалан, билим олиш ҳаққи”.
(А)“Аёллар эркакларнинг айтганини бажариши шарт. Бизнинг ҳуқуқларимиз чекланган”.

БОШЛОВЧИ:

Хўш, мусулмон аёлларга салбий муносабат қаердан пайдо бўлган, унинг асл илдизи қаерда?

Баъзиларга кўра, мусулмон аёлларга қарши қаттол ҳукмлар Ислом динининг ўзида мавжуд, баъзиларга кўра эса, аёлларга машаққат ҳукмлар, асли енгиллик дини бўлмиш Ислом динига тўғри келмайди. Кейинги фикр тарафдорларининг айтишича, муаммонинг асл илдизи – Ислом динига кейинчалик илова қилинган ривоят ва талқинларда.

Биздаги асосий савол шу: Aллоҳдан Муҳаммад пайғамбарга нозил қилинган китобда – Қуръонда – бу ҳақдаги ҳақиқат нима? Қуръонда аёлларга қандай таъриф ва мавқеъ берилган?

Саволга тўғри ва тўлақонли жавоб олиш учун, Қуръонда аёлларга қандай дин буюрилганини билиш лозим. Бунинг учун мусулмон аёлларга ўргатилган Қуръондаги динни, оилада, жамиятда, иқтисодий ва маданий ҳаётда тақдим этилган турмуш тарзи билан яқиндан танишиш керак бўлади.

Биз барча мунозарали ва жасорат талаб этувчи бу саволларни дунёнинг тўрт тарафидаги олимларга йўлладик.

Aмерикадаги “Гарвард”дан бошлаб Мисрдаги “Ал-Азҳар”гача, Туркиядаги Истанбул университетидан, Малайзия Халқаро Ислом университети ва яна бошқа кўплаб нуфузли илм марказларига мурожаат этдик. Энг мунозарали ва энг нозик масалалар бўйича саволларимизни энг илмли ва ваколатли мутахассисларга бердик.

Инсоннинг яратилиши одатда Одам ва Ҳавво исмлари орқали ифода этилади. Илк яратилиш ҳақидаги умумий стереотиплар, эркак-аёл муносабатларини белгилайди. Бу уларнинг ижтимоий иерархиядаги даражани белгилайди. Киммиз? Қаердан келдик? каби саволларга кўмадиган мурғаккина болача учун яратилиш улкан ва ҳайбатли саҳна. Бу саҳнада Одам, Ҳавво, Шайтон ва таъқиқланган мева – энг йирик образлар. Болача катталардан эшитаётган бу Илк Яратилиш қиссаси ичида ўзига ҳам бир жой топишга уринади. Бир қизчанинг онгига ўрнашаётган Илк Яратилиш қиссаси, ҳали кичик ёшлардаёқ унда шаклланаётган феъл-атворга ҳам таъсир ўтказади, ва ҳали бир умр ўзида ташийдиган баъзи салбий қабул ва қолипларнинг психологиясида ўрнашишига сабаб бўлади. Маълумки, инсон болалигида дуч келган саволлари, энг чуқур ва энг изтиробли бўлади.

-Aёл эркак қовурғасидан яратилганми?

-Aёл эркакка нисбатан иккинчи даражали ва ноқис хилқатми?

-Aёл эркакдан ва эркак учун яратилганми?

-Қуръонга кўра, Ҳавво ким?

-Одамнинг жаннатдан ҳайдалишига Ҳавво сабаб бўлганми?

LEILA AHMED:
Одамнинг қовурға суягидан Ҳавво яратилгани ривояти Насроний ва Яҳудий манбаларидан кўчирилган. Қуръонда Ҳавво ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

AISHA MUSA:
Ҳавво Одамнинг қовурға суягидан яратилгани ҳақида айтилмаган, ва қўлланилган калималар орқали бирор жинсга ишора йўқ, шу боис инсоният яратилиши билан боғлиқ эркак-аёл орасидаги иерархик нисбат ифода этилган эмас.

ASMA AFSARUDDIN:
Библияда Момо Ҳаво Одам Атонинг қовурға суягидан яратилди дейилган, эркак муфассирлар ҳам бу гапни ўз тафсирларига киритганлар. Натижада, Қуръонда ҳеч қандай устунлик берилмаган бўлса-да, биринчи бўлиб эркак яратилган деган иддао йўқ эканига қарамай, мусулмон таржимонлар Библиядаги ҳикоялар асосида аёл зотини иккинчи навбатда яратилган деган тасаввур яратишга муваффақ бўлдилар.

SHADAAB RAHEMTULLA:
Инсониятнинг ибтидоси билан боғлиқ Библиядаги бу тушунчалар мусулмонларнинг бу борадаги тушунчаларига қандай қўчирилди? Ушбу кўчишнинг энг муҳим воситаси – ҳадислар бўлган.

ANNE DIJK:
Момо Ҳаво Одам Атонинг қовурғасидан яратилди деган сўз, аслида Исроилиёт манбаларидан. Исроилиёт – бу Muhammad Пайғамбар давридаги яҳуд ва насородан иборат Бани Исроил халқининг сўз ва амаллари.

MEHMET OKUYAN:

Яратилиш жиҳатидан на эркак аёлдан устунлиги бор, на аёл эркакдан. Устунлик фақат тақводадир.

БОШЛОВЧИ:

Қуръон устунликни аёл ёки эркак жинсига эмас, балки динда мустаҳкам туриш ва Аллоҳдан тақво қилиш билан белгилайди. Шу нуқтаи назардан у инсоннинг яратилиши ҳақида калит бир ифода ишлатади: Нафси-Воҳида, яъни барча одамзот бир хил аслдан, бир турдан яратилган.

Қуръон ҳам эркак ҳам аёлнинг бир турдан яралганига эътибор қаратади Шу билан бирга, аёл эркакнинг қовурғасидан яратилган деган бирорта оят йўқ.

CANER TASLAMAN:

Қуръонда одамларнинг Нафси-Воҳида, яъни бир нафсдан, бир хил аслдан яратилгани айтилади. Бир хил асл бу Одам деб талқин этиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Қуръонда Нафси-Воҳида ифодаси БЕШ марта зикр қилинган. Улардан бирортасида ҳам унинг Одам эканига ишора ҳам келмаган. Агар у эркак бўлса, яратилишни арабча “АЛ-” қўшимчаси билан билдириш мумкин эди, бу маърифа, яъни конкретлик деганидир. Бундай ҳолат йўқ. Aраб тилида музаккар ва муаннас (эркак ва аёл) олмошлар учун фарқли қўшимчалар ишлатилади. Нафси-Воҳида ибораси келган оятларда унга “Минҳо” муаннас қўшимча дейилади, яъни калима аёл шаклида. Ҳолбуки, унинг ўрнига музаккар "минҳу" қўшимчаси ишлатиб, "эркак" эканлигини айтиш мумкин эди.

ASMA BARLAS:
Қуръонда яратилишнинг таърифи жуда оддий. У зот сизни бир жондан, бир Аслдан, бир Руҳдан ва бир Кишидан яратганини айтади, ва “сизни бир-бирингизни танишингиз учун миллатлар ва қабилаларга ажратдик” дейди.
Эркак зоти аёл зотидан устун яратилган деган яратилиш ривояти йўқ.
Иккаласи ҳам бир пайтнинг ўзида ва бир хил аслдан яратилган.

ASMA AFSARUDDIN:
Қуръондаги 4-суранинг биринчи оятида одамларнинг яратилиши Араб тилидаги НАФС деб аталадиган ягона Руҳдан экани очиқ айтилган.

CANER TASLAMAN:

Қуръондаги “Нафси-Воҳида” калимасини, бир хил тур ўлароқ англаш, менимча, энг тўғриси. Масалан, Оли Имрон сурасининг 164-оятида “Ўзларингиздан Расуллар-Пайғамбарлар юбораман”, дейди. Бу ерда “Ўзларингиз - Анфусикум” дейилганда, одамларнинг генетик хом ашёси олиниб, ундан бир Расул Пайғамбар вужудга келтириш назарда тутилмаган. Унда нима назарда тутилган? Aллоҳ юборилган қавм инсонлари билан бир хил турдан, пайғамбарлар юборади, яъни инсон турига фаришта ё бошқа турдаги мавжудотларни юбормайди. Пайғамбарларни ҳам Нафси-Воҳида яъни, айни турдан бўлган кишилар деб тушунсак, менимча, ҳаммаси тушунарли бўлади.

БОШЛОВЧИ:

Аёлларнинг ижтимоий ҳақлари ва жамиятдаги мавқеидан ташқари, туғилишданоқ инсон психологиясига ўрнатилиб бошланадиган ва аёлнинг ўз қадр-қийматига таъсир этувчи умумий қабуллар Қуръонга тамоман зид экани аён. Агар Қуръон инсоннинг яратилишида аёлни иккинчи даражага қўймаган бўлса ва унга паст мақом бермаган бўлса, янглиш эътиқодлар қаердан чиқди? Бунинг сабаблари, ўтмиш динлар, Исроилиёти-Яҳуд дея билинган иброний урф-одат ва ривоятлар бўлиши мумкинми?

İSRAFİL BALCI:

Ислом маданиятига таъсир ўтказган қадимги яҳудий ва насроний диний ривоятларга “Исроилиёт” дейилади. Ичида қисман мифология ҳам бор, биз уларни Ислом маданиятига ўзказган таъсири боис “Исроилиёт” деймиз. Исроилиётнинг Ислом маданиятига турли жиҳатларда таъсири бўлган, аммо аёлларга муносабати жиҳатидан энг кўп таъсири бўлган дейиш мумкин.

HİDAYET TUKSAL:

Исроилиёт – Таврот ва Инжил ривоятларининг ҳадислаштириш орқали Ислом адабиётига киришидир. Исроилиётдан қутулишнинг иложи бўлмаган, ундан кўп зарарлар ҳам кўрилган. Айниқса, яҳудийликдаги аёл тасаввурининг Ислом маданиятига трансферида Исроилиётнинг жуда муҳим таъсири бўлган.

ALİ OSMAN ATEŞ:

Жамиятимизда, мусулмон жамиятида, интеллектуал ҳаётида дуч келгани кўплаган диний муаммонинг илдиги “Исроилиёт” деган мана шу мажмуадир. Ҳадис дея олимизга қўйилган диний ривоятларга қарасангиз, Аёллар ҳақида, Пайғамбарлар ҳақида, Ислом тарихи ҳақида, Табиат ҳодисалари ҳақида шундай маълумотлар борки, Қуръонга тамоман зид, ақлга зид, мантиққа зид, Пайғамбаримиз бундай гап айтиши мумкин эмас, дейсиз. Лекин ҳадис либоси кийдирилган, одамларга сингдирилган.

SERVET BAYINDIR:

Афсуски, аёллар ҳақида маданиятимизда кенг ёйилган, "Аёллар шумлик, ёмонлик рамзидир, айниқса маълум вақтларда намоз ўқиши, ибодатгоҳларга кириши мумкин эмас" каби эътиқодларнинг асл манбаи – Исроилиётдир.

БОШЛОВЧИ:

Мусулмон жамиятларнинг маданиятига кириб келган ва қолиплашган нотўғри ҳукмлар мусулмон минтақалардаги аёллар учун улкан муаммоларни келтириб чиқармоқда. Энг ачинарлиси шундаки, мусулмон аёлларнинг аксарияти ўзлари дуч келаётган камситиш ва четлатишларни ҳақиқатан ҳам Ислом динидан деб ўйлашади...

Бу муаммолар ортида, Исроилиётдан ташқари динлаштирилган маҳаллий урф-одат ва анъаналар, диний талқин ва сиёсат эркаклар монополиясига айлантирилиши каби сабаблар ҳам бор.

Aёллар учун етарли имкон ва ҳуқуқлар тан олинмаган кўп ўлкалар бор. Бу ўлкаларда яшовчи мусулмонларни тинглаганимизда, бир асосий ҳолат ўртага чиқади: аёлларнинг ҳаёти онгли равишда қийинлаштирилмоқда, ва уларнинг салоҳияти рўёбга чиқишига рухсат берилмаётир!

(А) “Баъзи шаҳар ва қишлоқларда хотин-қизлар эркакларга бўйин эгишлари шарт, акс ҳолда жазоланади. Бугунги аҳвол мана шу”.

(Э) “Аёл эрининг бир сўзини икки қилишга рухсат йўқ. Чунки аёл эрнинг уйига тегишли”.
(Э) “Мен бир ҳадис эшитганман, симда қолганини айтаман: "Агар аёл эрини ғазаблантирса, фаришталар уни лаънатлайди".
(А) “Дарҳақиқат, ҳар бир аёл Аллоҳни рози қилишни ва Аллоҳга ва эрига бўйсунишни истайди. биз аёллар бундай ҳаётни қабул қиламиз”.

БОШЛОВЧИ:

Минг афсуски, динда йўқ бўла туриб, аёлларга қабул эттирилган ҳукмлар кўп. Эркакларга бўйин эгиш, аёлларнинг эркаклар билан бирга ишлашини таъқиқлаш каби Қуръон матнида бўлмаган қоидалар ижтимоий ҳаётда қалтис вазиятларини юзага келтиради.

Одам Атони жаннатдан чиқартирган ягона айбдор Момо Ҳавво дея кўрсатилади. Ва бу ҳукмга таяниб, аёллар ҳақида дискриминацион риторика яратилади. Aёлни "шумлик" деб аташади. Унинг ақли ва дини ноқис эмиш. Шайтоннинг инсон нафсига кириш дарчаси аёл дея кўрсатилган.

Энг биринчи гуноҳни содир этган Аёл дея, гуноҳнинг асосий манбаига айлантирилган. Асло ўзгартириб бўлмайдиган сабаб дастидан, ҳали гўдаклигиданоқ хўрланади ва четлатилади.

ANAS SULTAN:
Аллоҳ таоло дейди: "Одам эса Раббига осий бўлди, гуноҳ қилди", яъни гуноҳ содир этган аслида Одам.
Аллоҳ Қуръонда Шайтонга ишора қилиб, "У уларни алдаб, адаштирди ва дарахт мевасини татиб кўргач, айб ўринлари ўзларига кўриниб қолди, бу уларнинг итоатсизликларига сабаб бўлган ва уларга шивирлаган шайтон эканини кўрсатади, ва Одам Атони Аллоҳга осий бўлишга Ҳавво ундаган дейдиган Библияга зид".

ASMA AFSARUDDIN:
Исломда Илк Гуноҳ деган тушунча йўқ. Баъзи оятларда "Одам ато гуноҳ қилди, Шайтоннинг гапига таслим бўлди, йўлдан оғди", дейилади. Бошқа оятда эса "Одам ато ва унинг жуфти Шайтон алдовига бирга алданди", дейилган. Бошқача қилиб айтганда, Қуръонда ҳар қандай ҳолатда ҳам аёл ёлғиз айбдор қилинмайди.

MOHAMED EMAARA:
Ҳеч ким бошқанинг юкини олмайди. Инсон ўғли нима экса шуни ўради. Албатта, инсоният кечирилган гуноҳ юкини ҳалигача кўтариб юриши адолатдан эмас.
Одам ва унинг Жуфти тавба қилдилар, Аллоҳ уларнинг тавба-тазарруъларини қабул қилди, гуноҳларини кечди.

ANNE DIJK:
Бу фикр аслида Библиядан келади.
Қуръонда бундай ибора йўқ. Илк Гуноҳ эътиқоди ҳам Исломда йўқ, бу ҳатто яҳудийликдаги эътиқод ҳам эмас.
Бу жуда муҳим масала, чунки ҳар бир инсон "Tábula rása", яъни янги тоза саҳифа бўлиб туғилади, ҳар инсон бир янги ҳаёт бошлайди.
Илк гуноҳнинг наслдан наслга ўтиши, Исломда йўқ.

БОШЛОВЧИ:

Одам ва Ҳавводан Мерос келаётган Илк Гуноҳ эътиқоди яҳудийликка кирмаган. Йирик христиан мазҳабларининг деярли барчасида қабул этилган. Мифологик қиссага айланган бу дунёқараш аёлларнинг ҳаётдаги ҳар бир ҳатти-ҳаракатига ва ижтимоий ҳақларига салбий таъсир ўтказади. Исломда эса, бундай Гуноҳ Меросини деярли барча рад этган. Аммо бир ҳадис борки, уни ўқиганлар гўёки Мусулмонлар ҳам Илк Гуноҳ Меросига эътиқод қилар экан, деб ўйлаб қолади.

EMRE DORMAN:

Aбу Ҳурайрадан ривоят этилган ҳадис: “Aгар Момо Ҳаво бўлмаганида, аёллар эрларига ҳеч қачон хиёнат қилмаган бўлар эди”, дейилади. Бухорий ва Муслим келтирган бу ривоят, афсуски, ўтакетган туҳматдир. Бу жуда улкан иддао. Одамлар бир-бирига хиёнати? Эркакми-аёлми, бундан қатъи назар, одамларнинг хиёнатининг сабабчиси одамларнинг ўзларидир.

Шунинг учун, ўзидан бошқага юклаши мумкин эмас. Бу аслида, христианликдаги Илк Гуноҳ эътиқодига ўхшаб кетади. Aммо Қуръонга назар ташласак, Ислом нуқтаи назаридан Илк Гуноҳ эътиқоди нотўғри ишонч эканини кўрамиз. Бу кўпроқ яҳудий ва насроний манбалардан динимизга киритилган, илова этилган эътиқод...

SERVET BAYINDIR:

Бу Қуръонга, ва Пайғамбаримиздан нақл этилган саҳиҳ ривоятларнинг барчасига зид. Бинобарин, Aбу Ҳурайрага ривояти дейилган бу ҳадис Қуръондаги умумий мантиққа ва ақлнинг умумий тамойилларига мос ҳеч қандай тарафи йўқ. Бу ҳадисни Ҳадис сифатида қабул қилиш мумкин эмас.

БОШЛОВЧИ:

Бугун университетларда ҳадис илмидан дарс берувчи кўплаб олимларни етиштирган MEHMET SAİT HATİPOĞLU бу борада энг муҳим мутахассислардан бири. “Устозлар устози” бу ҳадиснинг саҳиҳлигига нисбатан ўта эҳтиёткор ёндошади, бу эътиборга молик:

MEHMET SAİT HATİPOĞLU:

Валлоҳи, Aбу Ҳурайра дейилганда, бироз эҳтиёт бўлиш керак. У не ғариб бир тажаллийки, Ислом танқид тарихида Оиша онамиз энг кўп танқид қилган исмлардан бири Абу Ҳурайра. Унинг кўплаб ривоятини Оиша онамиз шахсан жарҳ этган. Аммо, бир кишининг ривояти, хоҳ у саҳоба ё бошқаси бўлсин, Қуръон тафаккурига ва Пайғамбар тафаккурига мувофиқ бўлиши керак. Aгар мувофиқ бўлмаса, бизнинг ҳадис маданиятимизда бирор эътибор қозонишига имкон ва эҳтимол йўқ.

БОШЛОВЧИ:

Аёлларнинг Илк Гуноҳга сабаб бўлиши ва дунёдаги ёвузликларнинг онаси дея таърифланиши ҳақида, Гарвард университетининг илоҳиёт факультети профессори LEILA AHMED шундай дейди:

LEİLA AHMED:

Илк Гуноҳ деган фикр аслида жуда насронийча ёндашув. Яҳудийлик ёки Ислом эътиқодида бунақа мавзу борлигини билмайман. Бундай саовлнинг туғилишиёқ бу масаланинг Исломга алоқадор эмаслигини кўрсатади. Илк Гуноҳни содир этган Аёл зотидир, ва биз унинг дастидан азоб чекаяпмиз, деган эътиқод атайлаб қурилган, шу боис бунга ишониб ўйланиб юриш керак эмас.

БОШЛОВЧИ:

Хўш, бугун замонавий дунёда англашга уринаётган Қуръон қайси жўғрофий ҳудудда ва қайси тарихий даврда нозил бўлди?

Aрабистон ярим оролидан бутун оламга улкан ўзгариш ва ўсишни ёйган Маккада аёлларнинг мақоми Исломдан олдин қандай эди?

Исломнинг келиши, аёллар учун нимани ўзгартирди?

MELISSA AKHIR:
Ислом келишидан олдин аёллар жуда қаттиқ босимлар остида бўлганини манбалардан ўргандик.
Ислом келишидан олдин аёл зотига бир мол, мулк ё буюм сифатида муомала қилинарди, улар мулк эгаси бўла олмасди, мустақил шахс эмасдилар, уларга ўта хорловчи муомала қилинарди. Ислом келганда, аёллар озод ҳур, Аллоҳнинг мустақил қуллари ва шахсият сифатида эътироф этилди ва барча тарафидан қабул қилинди.

BEYZA BİLGİN:

Халифа Умар аёлларга жуда шиддатли эди, барча аёллар ундан қўрқар эди. Умар дейдики, “Биз Пайғамбар тириклигида, Маккада аёлларни қадрламасдик, Мадинага келганда бу бироз ўзгарди. Биз ҳам, аёллар ҳақида ҳар хил гапирадиган бўлсак, ҳақимизда оят нозил бўлиб қолади” деб қўрқардик. Шунинг учун Пайғамбар ҳаёт экан, биз бирор аёлга қарши ҳеч бир гап гапирмадик, имкон қадар уларга яхши қарадик. Aммо Пайғамбар вафотидан сўнг эски ҳолимизга қайтдик”.

ALİ OSMAN ATEŞ:

Қуръон нузули даврдаги аёллар мавқеига қарасак, уларнинг бир ҳуқуқий шахсият эмаслиги, оила қуриш, никоҳ, ажралиш, мерос, мулкка эгалик, тижорат, таълим каби ҳуқуқлари каби масалаларда кўплаб муаммолар борлигини, аёллар тазйиқ ва босим остида бўлгани ва ҳуқуқлари чекланганини кўрамиз.

İSRAFİL BALCI:

Мулкка эгалик ҳаққи, маҳр олиш, ҳам никоҳда ҳам талоқда ўз сўзига эга бўлиш – Исломнинг аёл учун келтирган энг муҳим инқилобидир. Оддий туюлиши мумкин, лекин аслида, энг асосий бурилиш нуқтаси ҳам мана шунда. Бошқача қилиб айтганда, аёл зотига иккинчи даража деб қарашнинг қаршисидаги энг муҳим тўсиқ ҳам унинг ҳуқуқий мақоми эди, мулкка эгалик қилолмайди, эр чизган чизиқдан чиқолмайди деган тасаввурни синдириши эди. Ислом бу борада аёллар учун кенг эркинлик майдони очди. Aжралишдан тортиб мулкка эгалик қилишгача, кўплаб масалаларда аёл зоти қонуний ҳақ ва ҳуқуқларга эга бўлди дейишимиз мумкин.

БОШЛОВЧИ:

Aллоҳнинг Китобида Эркаклар ва Аёлларга биргаликда умумий хитоб қилинарди. Бундай хитоб ўша давр учун улкан янгилик ҳисобланарди. Қуръон аёлларга мурожаат қилар, уларнинг ҳақларини қонун доирасида кафолатлар, ҳамда уларнинг ҳимояси учун янги қонунлар келтирарди.

ŞABAN ALİ DÜZGÜN:

Қуръон асосан эркакларга хитоб қилиб, аёлларни четлайдими? десак, бу савол муаммо туғдиради. Бу нотўғри савол. Қуръон мухотабни эътиборга олади. Дейлик, сиз мажлисда нутқ сўзлаяпсиз, у ерда эркаклар ва аёллар бор, сиз тингловчиларнинг жинсини айирмай гапирасиз, лекин залдагилар, ҳар ким ўзига тегишли улушини олади. Худди шу каби, Қуръондаги ҳам хитоб инсониятнинг барчасига йўналган.

ALİ OSMAN ATEŞ:

Қуръонда “Эй имон келтирганлар” дейилганда, Имон келтирганларга мурожаат қилинади, унга эркагу-аёл, ёшу-қари, ким имон келтирган бўлса, барча дохил бўлади. Шунинг учун бу қарашларни тўғри деб бўлмайди.

SERVET BAYINDIR:

Барча тиллардаги каби, араб тилида ҳам ўзига хос грамматик қоидалари бор. Қуръон арабча нозил бўлган, арабчада кенг оммага мурожаат қилганда Эркак/Музаккар замир қўлланилади. Масалан “ЙА” дейди. Яъни “Эй имон келтирганлар!” дегани, мумин эркакларни айтяпман, мўмина аёлларга айтмаяпман, дегани эмас. Aгар аёлларга тегишли мавзу бўлса, у ҳолда аёлларга хитоб қилинади ва Муаннас замир қўлланилади. Шу боис Қуръоннинг бутунлигига қарасак, кўплаб оятларда “Эй имон келтирганлар” хитоби эркак ва аёлга бирдек хитоб этади, ҳукмлари ҳам эркаку-аёлга бирдек тааллуқли. Яъни, Қуръондаги бу услуб бошқа тиллардаги каби араб тилига ҳам хос бир услуб.

SHADAAB RAHEMTULLA:

Пайғамбарнинг аёлларидан Умму Салама онамиз бир куни келиб, Қуръон аёллар ҳақида нима дейди? деб сўрайди.

ANNE DIJK:
...ва пайғамбаримизда бунга ҳеч қандай жавоб йўқ экан. Машҳур тарихчи Табарийга кўра, Пайғамбаримизга ўша куни Қуръондаги 33-суранинг 35-оятини нозил бўлади: “Мусулмон эркаклар, Муслима аёллар, Мўмин эркаклар ва Мўмина аёллар, рўза тутувчи эркаклар, рўза тутувчи аёллар, ўз шаънини асрувчи эркаклар, ўз шаънини асровчи аёллар, Аллоҳни кўп эслагувчи эркаклар, Аллоҳни кўп эслагувчи аёллар...”

ASMA BARLAS:
Яна бир бошқа принцип – Қуръонда айтилганидек, эркаклар ва аёллар бир-бирларининг дўстлари бўлиши, яхшиликларга буюриш ва ёмонликлардан қайтариш амридан масъулдирлар. Шу боис, Қуръонда ахлоқли шахсият маъносида ёки дунё ҳаётида ахлоқли йўл тутиш масъулияти жиҳатидан аёллар ва эркаклар орасида фарқ йўқдир.

MOHAMED EMAARA:
Қуръонда “Имон келтирганлар” ибораси ҳам эркакларни ҳам аёлларни англатади. Мусулмонлар сўзи эркаклар ва аёлларга ҳам тегишли. Аллоҳ инсонларга хитоб қилганда, эркаклар ва аёлларга хитоб қилади. Қуръонда ОДАМ сўзи 58 жойда, ЭРКАК сўзи эса 12 жойда келган, жами 70 марта. Бошқа тарафдан, АЁЛ сўзи 26 жойда, 36 жойда ОНА, 30 жойда ОНАЛАР тилга олинади, жами 92. Бошқача қилиб айтганда, Эркакларга қараганда Аёллар ва Оналар кўпроқ марта зикр этилган.

AISHA MUSA:
Қуръон маъноларини лафзий ва қуръоний жиҳатидан англаш эркинлик беради. Бу ерда мен унинг қуръоний маъносини таъкидламоқчиман – ҳар бир Қуръон ояти бошқа барча оятларни эътиборга олган ҳолда ўқилиши ва тушунилиши керак.
Лафзий деганда эса, арабча сўзлар ва уларнинг ўзак маъноларини аниқ билишни назарда тутяпман. Кейинчалик сунъий юклатилган маъноларни айтмаяпман.

БОШЛОВЧИ:

Қуръонда баён қилинган, тавсия этилган ва баён қилинган маълумотларга илова маънолар берилгани тарихий ҳақиқат. Баъзида ҳаддан зиёд талқинлар оқибатида, ҳатто Аллоҳнинг китобига ҳам эътибор берилмай қўйилганини мутахассислар кўп таъкидлайди. Буларнинг барчаси, мусулмонларнинг тараққиёти ва бугунги муаммоларнинг пайдо бўлишидаги асосий сабаблардир.

Бир ҳадиснинг саҳиҳлигини қандай аниқлаш мумкин? Қуръон оятига очиқча зид бўлган ҳадисга нисбатан қандай муносабатда бўлиш керак? Ҳадис, тафсир ва фиқҳ китобларини ёзганлар доим эркаклар экани ўша китобларга қанчалик таъсир этган? Қуръон амр ва таъқиқлари нуқтаи назаридан қаралганда, аёлларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишида муаммо борми?
Бу саволларнинг барчасига фильмимизнинг иккинчи қисмида биргаликда жавоб излаймиз.