May 11, 2021

Исломнинг беш фарзига киритилмаган фарз — Адолат

Адолат – Исломнинг асосий мақсади ва муслмоннинг энг биринчи ахлоқий фазилати сифатида тушунтирилади.

Адолатнинг мазмуни:

Исломий дунёқарашда адолат бир нарсани энг тўғри ўринга жойламоқ билан ифодаланади. Бу ўз навбатида ўзгаларга нисбатан ҳам тенг муносабатда бўлишни англатади. Исломда адолат ҳам ахлоқий фазилат бўлиб, худди Ғарб анъанасидагидек, инсон шахсиятини ташкил қилувчи хоссасидир. Адолат ҳуқуқлар ва бурчларнинг тенг тақсимланишида тарози вазифасини ўташ билан тенглик тушунчасига жуда яқин туради, аммо бу иккисини бир хил деб бўлмайди. Бойликнинг нотенг тақсимланиши каби баъзида адолат нотенглик орқали эришилади. Ўзига тегишли жойда бўлишини англатар экан, адолат ахлоқий ҳақликни ва одилликни ифода этади.

Адолатнинг аҳамияти:

Ислом динининг ягона манбаи Қуръонга кўра, адолат – энг улуғ фазилат ва диннинг асосий мақсади бўлиб, Аллоҳнинг бутун инсониятга юклаган фарзидир.
Аллоҳ Қуръонда шундай дейди:
“Аллоҳ адолат ва яхшиликка буюради…” (Наҳл:90)
“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳ учун собит турувчи, адолат билан гувоҳлик берувчи бўлингизлар…” (Моида:8)

Юқоридагилардан хулоса шуки, адолат Исломда фарз, ноҳақлик эса ҳаромдир. Қуръонда адолатнинг нақадар муҳимлиги қуйидаги оятда ўз аксини топган:
“Биз Ўз пайғамбарларимизни аниқ ҳужжатлар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон туширдик…” (Ҳадид:25)
Адолат инсониятга юборилган ҳар бир ваҳий ва китобларнинг мақсади бўлган. Мазкур оят яна шуни ҳам кўрсатадики, адолат ваҳий орқали юборилган мезонлар ва йўл-йўриқлар орқали ўлчаниши ва амалга оширилиши керак. Исломнинг адолатга бўлган ёндошуви ўта кенг ва тўла қамровлидир. Адолатга элтувчи ҳар бир йўл Исломга мувофиқ ҳисобланади. Аллоҳ адолатга эришиш учун махсус йўналишни кўрсатмаса-да, адолатни амр этди ва умумий йўриқлар билан таъминлади. Аллоҳ адолатга эришиш учун на бир белгиланган воситани тасвирлаб берди ва на адолатга етакловчи махсус усулни кўрсатиб берди. Бу эса адолатга сабаб бўладиган ҳамда Ислом қонунларини бузмайдиган ҳар қандай жараён ва усуллар маъқулланганлигининг далолатидир.

Адолатда Тенглик:

Қуръондаги адолат меъёрлари ирқ, дин, ранг ва мазҳабдан қатъи назар, мусулмонларни дўст-душманга ҳам ҳар қандай ҳолатда адолатли бўлишни буюради ва шундай дейди:
“Эй иймон келтирганлар! Адолатда барқарор туриб, ўзларинг ёки ота-оналаринг ва қариндошларинг зарарига бўлганда ҳам, Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик берингизлар!” (Нисо:135).
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун тўғриликда собит турувчи, адолат билан гувоҳлик берувчи бўлингизлар: бирор қавмни ёқтирмаслик сизларни адолатсизликка ундамасин! Адолатли бўлингиз! Зеро, бу тақвога яқинроқдир” (Моида:8).

Мусулмон бўлмаганлар билан муомала борасида Қуръон шундай дейди:
“Динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатлиларни яхши кўради”. (Муҳтаҳана:8)
Қуръон олимларининг хулосасига кўра, барча миллатлар ҳамда барча эътиқод эгалари ҳам инсон бўлганлиги учун ёки Аллоҳнинг бандаси бўлганлиги учун мазкур қоидалар уларга ҳам тегишли деб ҳисобланади. Қуръонга кўра, адолат – фарздир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳга шундай буюрилади:
“Агар ҳукм қилсанг, ўрталарида адолат билан ҳукм қилгин!” (Моида:42).
“Албатта, Биз Сенга ушбу Китобни одамлар орасида Аллоҳ кўрсатган йўл билан ҳукм этишинг учун барҳақ нозил этдик. Хоинларга асло ҳомий бўлма!” (Нисо:105).
Муҳаммад (а.с.) одамлар орасида адолат ўрнатувчи сифатида юборилди ва Уларга Аллоҳ шундай хитоб қилди:
“Айт: “Мен Аллоҳ нозил қилган Китобга иймон келтирдим ва сизларнинг ўртангизда адолатли бўлишга буюрилдим…” (Шўро:15).
Қуръон асосан эътиқод ва адолат тамойилларига суянишга бағишлаган илоҳий Калом сифатида намоён қилади ўзини.
“Раббингиз сўзи ростлик ва адолатда камолига етди. Унинг сўзларини ўзгартирувчи йўқдир. У эшитувчи ва билувчидир” (Анъом:115).
Адолат қилиш – Аллоҳнинг бандаларига омонати бўлиб, ўзга барча омонатлар каби бунинг ҳам тўлиқ адо этилиши учун қатор қоидаларга риоя қилиш лозим.
“Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюради…” (Нисо:58).

Адолат ва Шахс

Қуръонда адолат инсонни Аллоҳнинг тақводор бандаларининг энг гўзал хулқларидан бири сифатида намоён этилади:
“… Адолатли бўлингиз! Зеро, бу тақвога энг яқинидир…” (Моида:8).
Расулуллоҳнинг ўзлари ҳам шундай кўрсатма берганлар:
“Аллоҳга тақво қилинглар ва зурриётларингизга адолат қилинглар”.

Қуръонда Адолатга мисоллар:
Қуръон айнан бир ҳолат юзасидан ва айни бир матн юзасидан ҳам адолат зикр этилади. Мана шундай ҳолатлардан бири – етимларга муносабатда адолатли бўлиш шартидир.
“То вояга етгунича етимнинг молига яқинлашмангиз, магар маъруф йўл билан бўлса мустасно. Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла адо этингиз!..” (Анъом:152).
Юқорида тилга олинган ўлчов ва тарозида адолат қилишга – олди-сотдига тааллуқли оятларда ҳам алоҳида урғу берилган. Қуръоннинг Мутаффифин сураси бошдан-охиригача тарозидан уриб қолувчи ва ўзгаларнинг ҳаққига тажовуз қилгувчилар ҳақида бўлиб, Қиёмат кунида уларнинг аянчли аҳволини баён этади.
Адолат ҳақидаги амрлар Қуръонда айниқса аёлларга муносабат борасида алоҳида таъкидланади. Қуръон ҳар бир эрни ўз аёлларининг ҳар бирига адолатли бўлишни фарз қилади. Бу оятлар етим қизларга нисбатан адолатсизлик қилишини ҳаром қилиш билан бошланади. Бу етим қизлар балоғат ёшига етгач, иккинчи хотин сифатида бўлса ҳам турмушга чиқиши керак. Бу сура Уҳуд ғазоти даврида нозил бўлган бўлиб, бу пайт худди шундай ҳолат ҳукм сурмоқда эди. Аммо, Қуръон шундай дейди:
“…Мабодо улар орасида адолатни таъминлай олмасликдан қўрқсангиз, у ҳолда фақат бир аёлга уйланинг…” (Нисо:3).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, “Адолат қилиш” буюк Ислом олими Сорахсийнинг айтганидек, “Аллоҳга иймон кедтириш билан ёнма-ён келадиган энг олий амаллар билан бир қатордадир”.

http://kemalyoldash.com/3059