Иддаоларга жавоблар №4 (Оятларни англаш учун ҳадисларга муҳтожми?)
Иддао №4
Расулнинг вазифаси фақат Қуръонни таблиғ этиб қўя қолиш эмас, балки уни баён этиш, тафсир ва талқин этишдир. Манбаларда айтилишича, у кишига Қуръон ва унинг мисли илм берилган. Пайғамбарга берилган Қуръоннинг мисли илм бугун ҳадис китобларида мавжуд. Яъни Қуръон назария бўлса, ҳадислар Қуръоннинг амалий тафсири бўлади.
Иддао №4 га жавоб
Бақара:129-оятда келган “ўзларига Китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган расул” ифодасидан ҳам маълумки, элчининг ягона вазифаси инсонларга Қуръонни ўқиш эмас, балки Ҳикмат ҳамдир. Аммо Ҳикматни ўрганиш учун турли мазҳабларнинг уйдиргани ва пайғамбарга нисбат бергани ҳадис китобларни ўқиш керак, деган фикр асоссиздир. Хўп, у ҳолда элчи, Китоб ва Ҳикматни қандай ўргатган? Бунинг жавобини қаердан топиш мумкин?
Бу ўта муҳим саволнинг жавобини Қуръоннинг ўзи беради. Аллоҳ, Қуръонни ўз-ўзини очиқлагувчи бир китоб қилиб индирган, Қуръонни англаш учун бошқа манбага эҳтиёж йўқлигини маълум қилган. Ҳақиқатан ҳам Қуръон мана шу жиҳати билан бошқа барча китоблардан фарқ қилади. Одатда китобларда, бир мавзу бир жойда тортишилади ва шунинг каби ҳар мавзуга тегишли боб сарлавҳалар остида берилади. Бунинг аксига, Аллоҳнинг Китобида мавзулар турли сураларга сочилган. Масалан, “Талоқ” мавзуси. Қуръонда талоқ ҳақида нима дейилган деб қарасак, 2-сурада (Бақара), 4-сурада (Нисо), 33-сурада (Аҳзоб) ва 65-сурада (Талок) ўрин олган оятларни бир бутунлик ичида кўриб чиқиш керак бўлади. Ана шундагина Қуръоннинг “талоқ” мавзусида нима дегагини англаш мумкин бўлади.
Мана шу “Талоқ” мавзусиданоқ шуни кўрамизки, ҳар оят бошқа бир оятни талқин ва тафсир этади. Аллоҳ бу метод орқали – яъни бир мавзуни Қуръон бўйича фарқли ўринларда такрор келтириш орқали – Қуръоннинг ўз-ўзини тафсир ва талқин этишини кўрсатади. Қуръондаги бу хусусият оятларда шундай баён этилади:
“Қара, англаб етсинлар, дея оятларимизни қандай баён қилмоқдамиз” (6:65)
“Биз бу Қуръонда одамлар учун барча мисол-ибратлардан баён қилдик. Лекин одамларнинг кўпчилиги куфрдан бошқани ихтиёр этмадилар” (17:89)
Аллоҳ ўз Китобида бир мавзуни фарқли ўринларда зикр этади, бир ўринда тўлиқ очиқланмаган мавзуни бошқа ўринда тамомлайди. Бир оят бошқасини талқин ва тафсир этади.
“Мана, биз оятларни фарқли ўлчамда очиқлаймиз. Токи сенга “Сен дарс олгансан”, десинлар ва биз ҳам биладиган қавмга уни очиқ-равшан қилиб берайлик”. (6:105)
Юқоридаги оят шуни очиқ-ойдин кўрсатадики, пайғамбарнинг Қуръон ҳақида берган дарслари Қуръондаги мавзуларни очиқлашга қаратилган эди. Бу дарслар юкоридаги оятлардан ҳам кўриниб тургандек, яна Қуръонга таянарди. Бу ҳақиқат, кофирларнинг эътирозларини маълум қилган ушбу оятда ҳам аниқ-равшан кўринади:
“Кофирлар дедилар: “Бу Қуръон унга бир дафъада нозил бўлсайди!”. Биз сенинг қалбингни бардошли қилишимиз учун бундай қилдик. Уни парча-парча қилиб ваҳй этдик. Улар сенга бирон мисол келтирсалар, албатта Биз сенга ҳақни ва энг гўзал тафсирни келтирамиз” (25:32-33)
Бу оятлар бизга ўта муҳим бир мавзуни хабар беради. Кофирларнинг “Бу Қуръон унга бир дафъада нозил бўлсайди!” деган саволига жавобан, Қуръоннинг қуйидаги сабабларга кўра бир дафъада эмас, парча-парча ваҳй этилганини англаймиз: 1) Бу билан элчининг қалби кучайтирилади, саботли қилинади. Оятларда келган “Биз сенинг қалбингни бардошли қилишимиз учун бундай қилдик. Уни парча-парча қилиб ваҳй этдик” ифодаси буни тасдиқлайди. 2) Бу билан кофирларнинг саволларига ва келтирадиган эътирозларига Қуръон тарафидан ҳақ ва унинг энг гўзал тафсири берилади. “Улар сенга бирон мисол келтирсалар, албатта Биз сенга ҳақни ва энг гўзал тафсирни келтирамиз” ифодаси бу ҳақиқатга ишора этади. 3) Қуръоннинг парча-парча ваҳй этилишидаги яна бир мақсад – Аллоҳнинг Китобини энг қусурсиз ҳолда тафсир этилишини таъминлашдир. “Улар сенга бирон мисол келтирсалар, албатта Биз сенга ҳақни ва энг гўзал тафсирни келтирамиз” ифодаси бу ҳақиқатга ишора этади.
Ўрганиш ва изланиш, ақл ишлатиш ва тафаккур этишни истаганлар учун Қуръоннинг маънолари тобора тушунарли бўлиб бораверади:
“Тафаккур қила оладиган қавм учун оятларни мана шундай муфассал баён қилурмиз”. (10:24)
“Биладиган қавм учун оятларни батафсил баён қилдик”. (6:98)
Аллоҳ биздан Қуръон устида бош қотириш ва теран тафаккур этиб, эслатма-ибрат олишимизни истаган:
“Оятлар устида тафаккур қилсинлар ва ақл эгалари эслатма-ибрат олсинлар дея, сенга ушбу муборак Китобни нозил қилдик” (38:29)
Кўриб турганимиздек, Қуръон оятлари устида тафаккур қилиш барча наслларга буюрилгандир. Инсонлар илоҳий дастури-амал бўлмиш Қуръон нури остида ўз замонасининг барча саволларига жавоблар изламоғи лозим. Қуръонда бир мавзуга доир оятлар турли сураларда такрорланиб очиқланади, айни пайтда инсонлар Аллоҳнинг истагани каби ақлларини Қуръонни англаш учун ишга солади. Кейинги оятлар бу ҳолатни яна-да очиқ ифодалайди:
“Қара, англай олсинлар, деб оятларимизни қандай баён қилмоқдамиз!” (6:65)
“Қара, биз оятларни қандай баён қилмоқдамиз, улар эса юз ўгирмоқдалар!” (6:46)
Аллоҳ, Қуръоннинг муфассири, яъни очиқловчисидир. Ва аввалроқ ҳам айтганимиздек, Аллоҳ бир оятни очиқлаш учун мавзуга алоқадор бошқа оятларни ваҳй қилади. Шу боис Аллоҳ Қуръонда шундай марҳамат қилади:
“Раҳмон Қуръонни ўргатди” (55:1-2)
Бундан ташқари, Аллоҳ Қуръонни нозил қилган, уни тамомлаган ва уни муҳофаза этиш ваъдасини берган. Аммо бу билан чекланиб қолмасдан, унинг жамланиши ва қироатини ҳам Ўз зиммасига олган:
“Тилингни ҳаракатлантириб, уни тезлатишга уринма! Унинг жамланиши ҳам, қироат қилиниши ҳам Бизнинг зиммамизда” (75:16-19)
Шундай қилиб, Аллоҳ Қуръон оятларини очиқлаш учун Қуръоннинг бошқа оятларини нозил қилган. Демак, Аллоҳнинг Китобини талқин ва тафсир этиш учун инсон ижоди бўлмиш ҳадис китобларига эҳтиёж йўқ. Аллоҳ, Қуръоннинг бу мўъжизавий жиҳатини элчисига билдирган, элчи ҳам Қуръонни бу жиҳати билан бошқа инсонларга етказган. Пайғамбар Қуръонни очиқлаш учун бошқа бир китобларга муҳтож бўлмагани каби умматига ҳам бошқа бирор китоб қолдирмаган, чунки Қуръоннинг талқин ва тафсири Қуръоннинг ўз ичидадир.