quranonly
May 1, 2021

Дин ва Ибодат

Биров ҳақида “Динда маҳкам, ибодатга берилган” дейилса, негадир биринчи бўлиб “Намоз ўқийдиган, ҳижобли” образ кўз олдимизга келади.

Ёки “Динда заиф, ибодатни тарк этган” дейилса, негадир “Намоз ўқимай қўйган, бошини очган” каби тушунилади.

Яъни Дин ва Ибодат деганда, негадир намоз, рўза, рўмол, салла, соқол ва ҳ.к. ритуал ибодат ва кўринишлардан бошқа ҳеч нарса эсга келмайди.

Чунки дин ва ибодат тасаввуримиз шунақа, шакл ва тақлид билан тўлдирилган, ички мазмуни бутунлай бўшатилган.

Ҳолбуки, бир киши намоз ўқиб туриб иймонсиз бўла олгани каби, бир аёл боши очиқ ҳолда ҳам муъмина бўлиши мумкин. Бир салла остида энг тубан расволик, бир орқадан боғланган рўмол остида эса энг эзгу ниятлар ўрин олиши мумкин.

Намоз ўқиш, рўза тутиш, хажга бориш, бошини ўраш ва б. шакллар аслдаги, Қуръонда буюрилган асл мақсадини, ҳақиқий функциясини, баъзан ҳатто моҳиятини ҳам йўқотиб бўлган бугун.

Бир кишининг яхши бир мумин-мусулмон эканини англаш учун, бугун бу шакл ва тақлидлардан бошқа нарсаларга қараш лозим бўлади.

Яхши бир мусулмон бўлишнинг шарти, энг аввало яхши бир художўй эмас, балки яхши Инсон бўлишдир. Бунга – инсонларга яхшилик, эзгулик, тўғрилик йўлида (Сироти Мустақим) собит туриш орқали; инсонларга меҳр-мурувват ва шафқат кўрсатиш (Раҳмат) орқали; инсонларга берган сўзида содиқ, ва сўзнинг номуси ила ҳаёт кечириш (Сидқ) орқали; инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларига тажовуз (Зулм) этмаслик орқали; инсонларга нисбатан адолатли (Адл) бўлиш орқали; инсонларга беғараз эзгуликни ўз ҳаёт йўли қилиб олиш (Ихлос) орқали; гўзал ахлоқ соҳиби бўлиш (Ҳусни Хулқ) орқали; ҳар қандай зулм ва тажовузга қарши фаол кураш (Жиҳод) олиб бориш орқали; қўшниси оч экан, тўқ ётмаслик (Инфоқ) орқали, ва инсонлар сенинг қўлинг ва тилингдан омонда (Амин) бўлиши орқали эришиш мумкин.

Дин ва Ибодатнинг негизида мана шу асосий принциплар ётади.
Аллоҳга, малакларга, китобларга, расулларга ва охират кунига ишонмоқ, намоз ўқимоқ, рўза тутмоқ, хаж қилмоқ ва ш.к. бу принципларни ҳаётда татбиқ этиши учун инсонга зарур бўлган интеллектуал ва ишонч базаси, Дин ва Ибодатни реал ҳаётда акс этишига ёрдам берувчи омиллардир. Йўқса, қилинаётган амаллардан фақат маъносиз бадан ҳаракатлари қолади.


Муҳаммад Иқболнинг таъбири билан айтганда, “Исломда диний тушунчанинг янгидан қуриб чиқишга” ўта кучли зарурат бор.
Яъни Дин ва Ибодат тушунчаларини қайтадан англаш ва англатиш лозим.
Аслида бу зарурат тарих бўйича бор эди, ва ҳеч қачон камаймаган.
Тарих бўйича ҳар бир пайғамбарнинг, файласуф ва мутафаккирнинг қаршисида бўлган биринчи душман “Маъбад Динлари” экани бежиз эмас.
Будда, ҳиндлардаги дин пешволари Браҳманларга карши чиқди.
Зардуштни эски Эрон дин пешволари синфи Мўғлар қатл эттирди.
Манихейни Мажусий дин пешволари дорга остирди.
Мусо а.с. ни эски Миср дин пешволари синфи бўлган Ҳомонлар такфир этди.
Исо а.с.ни Яҳудий Ахборлар синфи ҳочга михлатди.
Суқрот Далҳи маъбадининг фатвоси ила қатл этилди.
Муҳаммад а.с.нинг душманлари Маккадаги ота-бобо динини ҳимоя қилувчи диндорлар эди, ҳали илк кунданоқ Маккадаги энг ашаддий душмани роҳиб Абу Омир эди. Каъба ҳукуматини суиқасдга ташвиқ этган, “Масжиди Набавий”нинг қаршисига “Масжиди Зирор” қурган ҳам мана шу дин пешвоси Абу Омир эди.
Бир дин келтирган Пайғамбарнинг энг ашаддий душмани қандай қилиб яна дин пешвоси бўлиши мумкин?
Бу нақадар чуқур бир зиддият?
Али Шариатийнинг айтганидек, Тарих “Динга қарши Дин” урушидан иборат, кўрмаяпсизми?
Хўп, ушбу “Динга қарши Дин” урушида биз қай сафдамиз?
Бизнинг Дин ва Ибодат тасаввуримиз қай бир тарафга оид?


Бугун дин ва ибодат тушунчаси ниҳоятда торайтирилган. Мусулмон онгида Дин ва Ибодат деганда, руҳ-арвоҳ, масжид, азон, рўмол, ҳижоб, салла, соқол, мозор, пир, мўъжиза, каромат, кейин яна уч-турт ритуал – намоз, рўза ё ҳаж эсга келади.

Бугун дунёда шаклланган дин тасаввури мана шунақа, динлар бир-бирдан номида фарқ қилса-да, ички мазмунида ҳаммаси бир хил – Ўрта Асрлардан қолган мистик ва эзотерик олам… 21 аср инсонлари учун эса, бутунлай мантиқсиз, бирор илмий асоссиз, нари борса руҳлар оламига қизиқувчилардан бошқага кераксиз мавзу. Дин ва диндор деганда бундан бошқа маъно чиқариш керак эмас. Мабодо диндорларга имкон ва жилов тегиб қолса борми, бутун ҳамма ёқни, намозу-рўза, тиловату-дуолар, минг йиллик ривояту-нақллар тўлдиради! Булар билан давлатни бошқариб бўладими?

Хўп, унда ДИН нима-ю, ИБОДАТ нима?


Исломни инсон ижоди динлар қаторида бир дин деб ўйлагувчилар, Исломда “ибодат” деганда ҳам худди инсон ижоди динлардаги каби ритуалларни тушунади…

Бошқа динлардаги ҳашаматли маъбадларни, бойлик орттирган дин пешволари-ю, тантанали маросимларни, муқаддас байрамлар-у, мўъжизавий тунларни, каҳонатлар-у башоратларни кўравериб, Исломда ҳам бунга ўхшаш нарсалар бўлиши керак, деб кутади. Буларсиз дин, дин бўптими?…

Бундай кишилар ҳар қандай диний мавзуга шу нуқтадан қарайди. Ҳақиқий Дин таъриф этилса, бунинг қаери дин? дейиши табиий. Дейлик, Форс Кисроси қаршисидаги саҳобага қарата “Чўлдаги ялангоёқ бадавийлар, саройимга нега келдингиз?” дея сўраганда, “Инсонларни динлар зулмидан ва қиролларга қулликдан қутқармоқ учун келдик” деганини ўқиса, бирор нима англаши даргумон. Чунки саҳобанинг жавобидаги “Дин” ва “Ибодат” негадир бугунгига дин ва ибодатга ўхшамаяпти.

Бу жавоб Исломдаги “ЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ” оламшумул чақириғини ўзида жамлаган ва ўша кунги дунё ҳамжамиятини ларзага солган бир сўз эди…

Ғарбу-Шарқда ҳоким бўлган Византия ва Сосонийлар саройини даҳшатга кўмган ва “энг оғир фитна ва энг улкан таҳдид” дея кўрилган сўз эди… Бу империяларнинг минтақага ҳукмрон бўлиш учун асрлардир ижод этганлари икки дин (Яҳудийлик ва Ҳристианлик) маъбадларида жаранглаган, аммо “Китобга аҳл” бўлганлардан, аҳбор ва роҳиблардан эмас, балки уларнинг изнисиз бутунлай бошқа бир тарафдан (уммийдан, оддий халқ орасидан, кўчадаги халқдан) чиққан сўз эди… Уларнинг рухсати на назоратисиз янглаётган сўз эди, шу боис ҳам энг улкан таҳдид эди…

Маккадаги Каъба, Дин, Ибодат тушунчалари, бир ховуч судхўр ва талончи гуруҳ (Йадо Аби Лаҳаб) ихтиёри ва манфаатига бўйсундирилган эди, ва бунга қарши Пастдагиларнинг “Йўқол, қуриб кет, Йадо Аби Лаҳаб” (Таббат!) дея ҳайқиргани ва Тепадагиларнинг асло авф этмагани исён сўзи эди…

Саҳоба жавобидаги “Дин” ва “Ибодат” сўзларни Куръондаги асл маъносини, подшоҳ саройлари ҳам, руҳбон маъбадлари ҳам, судхўр йиғинлари ҳам жуда тўғри англаган эди. Таҳдид дейилиши ҳам ғоят ўринли эди, зеро улардаги ботил ва зулм тизимига қарши айнан таҳдид эди бу сўз. Буни айтишимизга ҳам ҳожат йўқ, тарихга назар солиш етарли, нақадар улкан таҳдид эканини, улар ўлгудек қўрққани барибир бошларига келганидан кўрасиз.


Кейин-чи?…

Кейинги тарихга назар солсак, воқеалар ривожи тамоман терсига жараён этганини кўрамиз.

Қуръон нузули даврида, инсонлар ишлатаётган Дин ва Ибодат калималарини саройлар, маъбадлар ва судхўрлар қўлидан тортиб олиб, бутунлай янги, асл ва тўғри маънолар берган эди уларга. Аммо кўп ўтмай, Қуръон маҳжур қолдирилгач (тарк этилгач), бошқа умматлар кирган тешикларга кириб қолди бу уммат ҳам, дину-ибодатни улардан олиб такрорлайдиган бўлди.

Шунинг учун бўлса керак, “Ислом динлардан бир дин эмас” ёки “Аллоҳ/инсон муносабатлари, Хўжайин/қул муносабатлари эмас” деганимизда, кўпчилик англашда қийналади.


Хўш, у ҳолда нима у, Исломдаги ДИН ва ИБОДАТ?

ДИН калимаси Қуръонда 103 марта такрорланади, ва тўрт асосий маънода ишлатилади. Бу тўрт асосий маънони осонроқ англаш учун Арабчада юқори-паст, олд-орқа каби тўрт йўналишни билдирувчи ва айни ўзакдан ясалган “Дуна” калимасини эслаш етарли бўлади.

“Дин” инсон учун тўрт йўналишдаги муносабатларнинг барчасини бирдан ифода этади, ортга (урф-одат ва анъаналар), олдинга (йўл-йўриқ, йўлланма), юқорига (итоат, бўйсиниш), пастга эса (ҳукм ва қонун, жазо ва мукофот)…

Буларнинг барчаси бирга жамлангани боис (“Тадвин”), барчаси битта сўз билан “ДИН” дейилади. Дин тушунчаси, Қуръонда келган ўрнига кўра, урф-одат, йўл-йўриқ, итоат, қонун, маҳкама, жазо, мукофот маъносида англаш мумкин бўлади.

Бу тўрт йўнли маънолар, қадрият ва қонун-қоидалар бутунлиги “ДИН”, бунинг бир жўғрофий маконда татбиқ этилиши “Мадина”, бу қадрият ва қонун-қоидалар мансублари “маданий” ва уларда барпо этилган барча моддий ва маънавий қийматлар “маданият” номини олган.

Бу калималарнинг барчаси ДИН билан ўзакдош… Орада узвий боғлиқлик бор. Бу тўрт жиҳат аслида “бўлинмас бир бутун…”


Қуръон ўзидаги маънолар, қадриятлар ва қонун-қоидалар бутунига “Ҳақиқий Ҳаёт Дини” (дин-ул-қоййима) ва “Инсониятнинг асосий йўли, арқони” (ҳаблун-линнос) дейди. Бунга, бамисоли қушнинг иккинчи қаноти каби айни пайтда “Аллоҳнинг йўли, арқони” (ҳаблун-мин-Аллоҳ) ҳам дейди. Қуръонни ҳам инсоният оламига, инсоният виждонига (басоиру-ли-ннос), йўл кўрсатувчи (ҳудаа) ва ҳалқлар учун илоҳий раҳмат дея танитади. (Жосия:20).

Бошқа динлар инсониятнинг бу асос ва асл йўлидан чиқиши билан ҳар бири алоҳида янги “дин” пайдо қилган, уларни ҳар гал аслга, аввалги асос йўлга қайтишга чорлайди. (Рум:30, Оли-Имрон:112).

Ҳатто, (олдин кўрилмаган ҳолат), уларга қонунда тенг ҳаққлар беради, ва уларни ўз Китобида “Аҳл-и Китоб”, “Мажусий”, “Собиий” каби исмлар билан зикр этади. Барчаси билан бирга, бир жамиятда яшаш ва тенглик асосида ўзаро муносабатларни ўрнатишни амр этади. Бундан олдин ҳеч бир дин ўзидан бошқани бундай “тан олиши” кўрилмаган. Табиийки, қонунда тенг ҳаққ берди дегани, динини ҳаққ дея тасдиқ этди дегани эмас, балки бир жамият ҳаётининг тинч ва барқарор давом этиши учун, ундаги ҳар бир фарднинг ҳақ-ҳуқуқлари тўлиқ таъминланиши шартлигини ўргатади бизга.


Демакки Ислом Дини, ўзини инсониятнинг асл ва асос йўли – фитрат дини ва барча даврдаги тўғрилик, дурустлик номига мос нимаики қолган бўлса, уларнинг давомчиси (Мусоддиқ) дея танитади. Қолган барча ёмонлик одатларини ўтмишда қолдиради ва “қоронғулик даври” (Жоҳилийя) дейди…

Қуръон нузули билан бирга келганга эса “асл ҳақиқат” (Ҳаққ) дейди. Яъни ҳаққ бу сўз ва воқеъликнинг ўзаро уйғун бўлиши, тарих-табиат-ҳаёт воқеълигига уйғун келиши… Буларга уйғун келмаса, сохта, ичи бўш, воқеъликка зид келувчи ёлғонлар (Ботил) дейди. Асл ҳақиқат келиши билан, сохта ва ёлғонлар чекинишга, йўқ бўлишга маҳкум эканини эълон қилади.

Шунинг учун Аллоҳ ўз динини, ҳеч бир шахс ё гуруҳнинг манфаатига эгилмайдиган, асл ҳақиқат бўлмиш Дин (дин-ул-ҳақ) дейди, ҳақдан айрилган сохта динларга эса, турли синфлар, турли қавмлар, турли тоифаларнинг манфаатига хизмат қилувчи динлар (дини кулли) дея қарайди (Тавба:33).


Шундай бўла туриб, бутун буларга кўз юмган ҳолда, Аллоҳнинг дини бўлмиш Ислом динини “динлардан бир дин” санаш, ҳақиқатни мутлақо кўрмаслик, англамасликдир, ва бунга ғазабланиш керак бўлса, энг кўп Аллоҳни ғазаблантиради. Чунки Каломуллоҳ доим булар бир эмаслигини таъкидлайди.

Лекин, барибир акарият диндорлар, Дин деганда биринчи бўлиб маъбад, ибодатхона, дин пешволари, папа, патриарх, ҳоҳам, пир, шайҳ, салла, соқол, рўмол, ҳайитлар, маросимлар, мозор-мақбара, мўъжиза, каромат, азиз-авлиё, арвоҳ ва ш.к.ни эсга келтиради.

Ибодат деганда эса, барча динларда (Ислом ҳам бунга дохил) ҳаммасини бир-бирига қориштириб, намоз, рўза, таҳорат, масжид, черков ёки ҳаврага қатнаш, тавба олиш, гуноҳ чиқариш, турли нақорот ва бадан ҳаракатларидан иборат ритуаллар, маълум вақтларда ва маълум маконларда такрорлаш ва ҳ.к. деб тушунади.

Нимага ДИН деганда, ҳақ-ҳуқуқ, адолат, тенглик, зулмлар, мазлумлар, ишғоллар, тажовузлар, очлик, қашшоқлик, йўқчилик, кўчада қолганлар, уйсизлар, боқувчисиз етимлар, очлар, ночорлар, тобора кўпайиб бораётган ажрашишлар, вайрон бўлган оилалар, ишсизлар, ногиронлар, фоизлар, ноҳақ қамашлар, қийноқлар, санъат, адабиёт, шеър, фалсафа, мусиқа, кино, тарих, табиат, тараққиёт, ривожланиш ва ш.к. келмайди эсга?…

“Қизиқмисан, буларни динга нима алоқаси бор?” дерсиз балки…
Ҳа, “Маъбад динларининг” алоқаси йўқ, аммо “ҳақиқий ҳаёт динининг” алоқаси бор!
“Топиниш”нинг алоқаси йўқдир, аммо “ибодат”нинг алоқаси бор!

“Топиниш” ва “Ибодат” орасида улкан фарқ бор. Муайян бир макон ва замонга чекланган, олдиндан бичиб-чизиб берилган қўл-оёқ ҳаракатларидан иборат чўқиниш билан асл Ибодат орасидаги, ҳеч ким макон ва замон билан чеклай олмайдиган, ҳаётнинг марказида жонли тарзда амалга ошадиган, фитратга, асл яратилиш мақсадига уйғунлик фаолияти орасидаги фарқ…

Нима ўзи у ИБОДАТ?

ИБОДАТ: Луғатда “ЪаБаДа” ўзагидан ясалган сўз. Араб тилининг тарихий узоқ ва яқин қўшнилари бўлган Арамийча, Аққодча, Ибронийча, Сурёнийча, Ҳабашийча каби Сомий тилларнинг барчасида “барпо қилиш, вужудга келтириш, ишлаш, вазифасини адо этиш” маъноларини ташийди.
“БаДаЪа” ўзаги эса ўзак ҳарфларнинг “ЪаБаДа”дан “БаДаЪа” га ўзгаришидан юзага келган ва маъноси “яратиш, вужудга келтириш, бир нарсани илк маротаба пайдо қилиш” демакдир.

Қисқача айтганда, Аллоҳ билан бўлган актуал ва динамик муносабатларда, инсоннинг вужудга келтиргани, барпо этгани, ижод этгани ҳар қандай феъл ва махсул, ушбу ИБОДАТ мафҳумига киради.

Фоил Аллоҳ бўлганида, бунга “Бадоъат, Ибдаъ, Мубдиъ”, дейилса, фоили инсон бўлганда, унга “Ибодат, Убудийят, Таъаббуд” дейилади. Ҳар иккисида ҳам муштарак маъно “вужудга келтириш” эканини кўрамиз…


Бошқа тарафдан, “ЪаБаДа” калимаси Қуръон нузули даврида ёйғин ишлатиларди. Айниқса, бутларга, қиролларга, шоҳ ва императорларга “арз-и убудийят этмоқ” ёки “қуллик этмоқ” дейиларди.

Бобил, Сосоний, Миср, Рим, Византия каби Қадимги дунёнинг Худо-Давлат ҳукмдорлари аҳолига “қулларим, бандаларим” дея сасланарди. Ўзларини эса “Худонинг ўғли”, ердаги вакили ёхуд тўғридан-тўғри “Худо” дерди. Қуръондаги “ЪаБаДа” мафҳуми ушбу тушунчага қарши исён ўлароқ келди дунёга. Қуръон бу тушунчани олиб, ички мазмунини тузатиб, воқеъликка мувофиқ тарзда, тўғри маънода ишлатади. “Ёлғиз Сенга ибодат қиламиз” (Ийяка наъбуд) ифодасидаги “Ёлғиз, фақатгина, биргина” маъносидаги ИЙЯ калимаси феълдан олдин келишидан ҳам аёнки, бу бир хослаш ифодасидир (каср ва ихтисос), яъни “Сендан бошқа ҳеч кимга эмас” маъносини беради, мабодо Наъбудука бўлганида, “Сенга ибодат қиламиз, худди бошқага ибодат қилганимиз каби” деган маънога ҳам буриш мумкин бўлади.

Шу сабабли, ибора “Худди бошқалар бутларга, ҳукмдорларга топингани каби, биз ҳам сенга топинамиз, қуллуқ этамиз” эмас, балки аввалданоқ “Ҳар қандай бут ва ҳукмдорга топинишни рад этган ҳолда, ёлғиз Сенга ибодат қиламиз” маъносидаги буюк исён ифодаси бу.

Бу, ҳар тараф Худо-Қирол зеҳнияти ва хўжайин-қул муносабатлари билан тўлган дунёга чўлнинг ўртасидан юксалган бир хайқириқ, инсоний ҳуррият чақириғи, озодлик саси эди. Илк саҳоба насли буни тўғри англагани учун, ҳар қандай бутга топинишни, қиролларга қуллик этишни рад этганди, бу турдаги ҳар қандай бўйинтуруқдан халос бўлиб, ёлғиз Аллоҳга йўналганди.

Янги Қуръон иқлимидаги “ЪБД”, барча ботил боғлиқликлардан озод бўларди, илоҳий маънонинг теринликларида мудом олға интилишини билдиради. Аллоҳ билан кўнгил яқин дўст каби бўлиши, Унинг чегарасиз, шаклсиз, энсиз-бўйсиз ва сўнгсиз борлиғига ўзини бутун самимияти-ла очмоғи, бунинг учун яхшиликлар махсул этмоғи маъносига келади “Ибодат”.

Аллоҳнинг иши/функцияси маъносидаги яратмоқ, вужудга келтирмоқ, яъни ИБДАЪ бўлгани каби, инсоннинг иши/функцияси ишлаш, интилиш, яратувчанлик, сайъ-ҳаракат, яхшилик қилиш ва зулмга қарши туриш каби амали солиҳ фаолияти ИБОДАТ бўлади.

Мажбуран қуллаштирилган одам ўз хўжайини учун бирор иш/юмушни бажарса, унга ҳам ъабада дейилади. Фақат Аллоҳ/инсон муносабатида бу каби хўжайин/қул муносабати эмас. Қуръон мана шу хўжайин/қул муносабатлари ёйғин бўлган бир дунёга хитоб этади, фақат унга, бошқа кўплаб мавзуларда бўлгани каби, бутунлай янги маъно беради унга. Бу муносабатлар бир тарафнинг ҳурриятини тортиб олиш устига қурилган эмас, бир инсонни мажбуран қуллаштириш ҳолати йўқ бу ерда. Аксинча, инсон ўз ҳур иродаси билан, Аллоҳга йўналади, Аллоҳнинг чексиз раҳмати ва марҳамати қаршисида ожизона шукр ва итоат билан чиқади. Шунинг учун ҳам Унинг учун ишлайди, ғайрат қилади ва Унинг йўлида юради… Бунинг номи оддий – Аллоҳга ибодат.

Бу ибодатнинг Илоҳий жавоби, Қуръоннинг 7-асрда бутларнинг, подшоху-қиролларнинг, дин пешволарининг ва ҳ.к. ҳузурида ерларда суринган одамўғлини олиб, қандай олий мақомларга юксалтиргани, ҳурриятига етиштиргани, тарихий ҳақиқатдир.

Шунинг учун ҳам, Қуръон, худоликни даъво қилган (Тоғут) ҳукдорликларга қуллик қилганларни зикр этади (Моида:60), тўхтовсиз фитна-фасод тарқатувчи иғво ўчоқларига (Шайтон) қуллик қилганлар (Ёсин:60), бут ҳайкалларига (Асном) қуллик қилганлар (Шуаро:71), ўзи каби инсонларга қуллик қилганлар (Оли Имрон:64), ота-боболари йўлига қуллик қилганлар (Ҳуд:62), пайғамбарга ва дин пешволарига қуллик қилганлар (Тавба:31) ҳақида сўз юритади. Бошқа булар кабиларни эса Аллоҳдан ўзгаларга (мин дуниллаҳ) қуллик қилганлар дея рад этади.


Энг қизиқ жиҳати шундаки, Қуръонда ибодат калимаси 278 марта такрорланишига қарамай, бирор оятда намоз, рўза, хажж ва умра, қурбонлик каби биз “ибодат” санаган ритуалларга дейилмайди. Қуръонда булар учун берилган атама “Нусук/Маносик” калимаси, 7 ўринда келади ва умумият-ла “ибодат шакли, ритуаллари”ни англатади (мас. Бақара:196, Анъом:163). Нусук/Маносик калимаси биргина хаждаги ритуалларни эмас, балки намоз, рўза, хажж, умра, қурбон ва б. барчасини ўз ичига оладиган атама. Ибодат эса бу ритуаллардан анча кенг, бутун ҳаётни қамровчи бир тушунча. Шу боис, ибодатни бир неча ритуалга чеклаш тўғри бўлмайди…

Қуръондаги ибодатнинг маъноси, инсон ўз ҳаётини, тепадаги бир қатор сиёсий ё диний лидерларга қуллик қилиб эмас, балки Аллоҳ ўргатган қадриятлар ва принциплар асосида яшаб ўтказишидир, бунинг натижасида унинг ибодати тор маъбадларда эмас, балки тарих, ҳаёт ва табиатнинг ичидаги жонли бир фаолиятга айланади.

Аллоҳ кўзга кўринган бир объект бўлмагани ва ҳеч бир инсонда, ҳеч бир пайғамбарда, тоифада, ҳукмдорда тажассум этмагани, унга макон ҳам бичиб бўлмайди. Шу боис, Аллоҳга ибодат дегани, кўзга кўринган нарсалар ҳукмронлигидан тамоман халос бўлиш орқали амалга ошади. Бу ибодат, инсонлар орасидаги хўжайин/қул муносабати эмас, бири бошқасининг ҳурриятини чеклаши эмас, балки тамоман инсоннинг онгли ва ихтиёрий равишда, ҳур иродаси билан оладиган қароридир. Айнан шу қарор, унинг дунё ва охиратдаги қадри-қийматини, абадий мақомини белгилайди…


Исломда намоз, рўза ва ҳ.к. ритуаллар, асл ибодатнинг, яъни илоҳий таълимотга уйғун ҳаётий фаолиятнинг кичик рамзларидир, таъбири жоиз бўлса, “Ибодатдан туғилган ибодатлар”дир. Тўғрироғи “ибодатдан туғилган маносиклар”дир.
Дарвоқеъ, Нусук/маносик калимасини араблар қаерларда ишлатишига эътибор беринг: “Тупроқни ислоҳ этиш учун ўғитлаш (нусук-ал-арз)”, “Янги ёмғир ёғиб яшарган тупроқ (арзун носика)”…

Тупроқ учун ўғит ва ёмғир қандай қилиб янги махсулларга сабаб бўлса, мусулмон учун нусук/маносик ҳам худди шундай, инсонда янги ва янги солиҳ амалларни “туғдиради”, яхшиликларга сабабчи бўлади…

Исломда нусук/маносик, бир марта такрорласа, соқит бўладиган бадан ҳаракати эмас. Худди ўғит каби янги бир махсулга, ёмғир каби янги бир жонланишга сабаб бўлиши керак. Шундагина мақсадига мувофиқ бўлади, ҳар қандай маъбад ритуаллари каби қотиб қолган статик эмас, балки ҳар қандай тирик мавжудот каби жонли, динамикдир. Бошқа динларда статик, шунинг учун ҳам унинг номи топиниш, Исломда эса аксинча, жонли ва динамик, шунинг учун ҳам нусук/маносик дейилади.


Нусук/маносик шакл ва ритуал билан чекланади, ибодат эса ҳаётнинг барча соҳаларини қамрайди. Нусук/маносик мусулмоннинг йўлини ўғитлайди, ёмғир бўлиб ёғади ва ҳаётнинг ичида жонли бир фаолият ўлароқ янги ва янги солиҳ амалларни, ибодатларни кўпайтиради.

Шу маънода, Аллоҳга ибодат қилиш учун чекланган муайян макон йўқдир, ибодат макони бутун борлиқдир. Борлиқнинг ҳар маконида ва замоннинг ҳар онида жонли бир фаолият ўлароқ кўринади ибодат, баъзан бир очни тўйдиришда, баъзан бир етимнинг бошини силашда, баъзан бир маҳзуннинг кўнглини олишда, баъзан эса адолат тарозисида, баъзан золимга ҳайқирилган ҳақ сўзда, баъзан ёлвориб қилинган дуо, баъзан оққан кўзёшлар, баъзан кулишларда, баъзан содиқ қолинган ваъдаларда, баъзан сақланган номусда, баъзан садоқатда, баъзан иффатда…

Натижада, сизнинг дунёқарашингиз ва ҳаёт тарзингиз динингизга, динингиз эса дунёқараш ва ҳаёт тарзингизга айланади. Фаолиятингиз ибодатингиз, ибодатингиз эса фаолиятингиз билан бир хил маънога келади. Ким учун эканини унутмасангиз бўлди.

Ҳақиқий дин бамисоли мана шу нафас олаётганимиз ҳаводир. Ҳеч бир идиш-ла чеклаб бўлмас, кўринмас, аммо бутун борлиқнинг ҳаёт манбаидир. Ҳақиқий ибодат сув кабидир. Ҳар ердан оқар, ҳар шаклни олар. Мудом бошқаларга ҳаёт бахш этар. Оз-оздан ичарсан қона-қона, меъёридан орттирма, бўғилурсан…

Ihsan Eliaçık
Камолиддин Йўлдош таржимаси

http://kemalyoldash.com/4420