June 7, 2021

Ўлгангаям «ўзбекчилик»

Ҳожибой Тожибоевнинг «Ўзбеклар касалликни ўтказиб юбориб, беморни кеч қолиб дўхтирга ёки табибга олиб боришади» — деганидек, ўзбекларимиз савоб ишни ҳам «кеч қолиб» қилишади.

Уни тириклигда эмас, балки одам вафот этгач, унинг номидан — ўлганни номидан қилишга уринишади.

Аслида, у фарз бўлган амаллар, савоб ишлар — ўша марҳумнинг ўзи, тириклик чоғида, ўз қўллари билан қилиши лозим бўлган ишлар эди…

Ҳайр-ҳудойи, турли эҳсонлар барчаси марҳумнинг яқинлари томонидан — ўлган ўлиб бўлгач, «унинг номидан», савоблари «унга бўлиши» учун, «ёзилиши» учун қилинади.

Албатта, бу ўша марҳум хурматидан, уни азбаройи яхши кўрганларидан ва энг асосийси — уни жаҳаннам аҳлидан бўлиб қолмай, балки, жаннатийлардан бўлишини истаганидан қилишади…

Ҳалқимизда ажойиб бир нақл бор: «Ҳайит ўтгач, хиноингни энди кетингга қўй!» дейишади.

Инсон вафот қилар экан, унинг амал дафтари (номаи аъмоли) «ёпилган бўлиб» — энди қилинадиган ишлар ким томонидан содир қилинса, амалга ошса — албатта ўшанинг амал дафтарига «ёзилади».

Чунки от минганники бўлганидек, амал ҳам — «қилган»ники ҳисобланади.

Кимнидир «ўрнига» ҳожатҳонага кириб чиқишни имкони бўлмаганидек, ёки бўлса ҳам, ҳожат — ташқарида орзу қилиб турганники эмас, кирганники — «рўёбга» чиққани каби, ўлик ортидан қилинган савоб амаллар ҳам энди, ўлганники эмас, уни бажарганники бўлади.

Биров учун (ўрнига) овқат есангиз кимнинг қорни тўяди, ахир?

Ўзбеклар — бу ишларда ҳам пешқадам, яъни ДИН ишларида ҳам «ихтирочи»дирлар.

Аллоҳ таоло хар инсонни Ўзи имтиҳон қилмоқчи бўлади, аммо ўзбеклар, худди абитуриент фарзандларига «ёрдам берганларидек», Аллоҳга имтиҳон топширувчига ҳам «ёрдам беришга» уринадилар.

Агар, бир золимнинг ортида қолган фарзандлари, унинг ўлимидан кейин турли яхши савоб ишларни марҳум отаси номидан қилишса, ва у савоблар марҳумни амал дафтарига «тушса» — имтиҳондан нима маъно-ю қандай мантиқ қолади?! Амалларни ёзиб тургувчи малаклар, то қиёмат қадар марҳум дафтарини очиб қўлларида ручка билан ўтирадиларми ?!

У ҳолда, Фиръавн кабиларнинг авлоди улар учун дунёнинг бор бойлигини эҳсон қилиб, савобини Фиръавнларга бағишлаб ташласалар ҳам бўлар эканда-а ?! Замон зўрники, жаннат — пулдорники, унинг авлодиники бўлиб кетади-ку…

Тан олинг, агар ўзидан миллиардлаб пул, мол-дунё қолдирган одам хар қанча расво бўлиб яшаган бўлса-да, унинг номидан фарзандлари қилган савоб ишларни марҳумга «ёзиш» имкони мавжуд бўлса, улар сиз умрингизда қилолмайдиган хайр-эҳсонларни ўлган(отаси)нинг номидан қилиб ташлай оладилар.

Мезон бузилади.
Бир умр намоз ўқиб, тоат ибодат билан умр ўтказган инсон; золим, фосиқ, мунофиқ (балки кофир ҳамдир) аммо ўлгач, фарзанди юборган савоблар эвазига тиржайиб жаннатда ёнма-ён тураверади …
Тўғри иш бўладими?
Адолатли иш бўладими?
Албатта, биз ҳеч кимдан жаннатни қизғанишга ҳаққимиз йўқ, аммо негадир бу ишлар имтиҳон шартларига тушмаябди-да.

Агар савобни «юборишни», ёки кимнидир номидан «қилишни» имкони бўлса, нега гуноҳни кимгадир «бағишлашни», ёки кимнидир номидан қилишни имкони бўлмасин?! Унда, албатта уни ҳам имкони бўлиши керак (қандай мантиқсизлик, шундай эмасми)

Мен ҳам барча гуноҳларимни — Фиръавнга «бағишлаб», қутилиб қолишим мумкин бўладими унда?! Ўшанинг «номидан қилдим «- десам-чи?! Соғлом ақлингиз бунга нима дейди?! Савобни фалончига «ёздирдик-ку». Нега гуноҳни ёзишмасин?!

Бу дунёда бирор жиноятни ёки яхшиликни фалончига «юклаб» юбориш мумкиндир, аммо — амал дафтарига буни ёзолмайсиз.

Ўлган одам «номидан» эҳсон, намоз, рўза, ҳаж , умра, (хатми-қуръон) ва ҳоказо ишлар — буларнинг ҳаммаси ўш инсоннинг ўзини тириклик чоғида қилиши лозим ишлар бўлиб, инсон мана шу амаллари ҳисобидан сўроқ-савол қилинади, ажр-мукофотини олади.

Жаннатга ҳам, жаҳаннамга ҳам овозга қўйиш билан, кўпчилик нима деса — шу тарзида киритади деб ўйлайсизми, афсуски, ундай эмас …

✻ Биз хар инсон қадарини (тақдир-мукофотини) — (унинг ҳаётдаги) ўз қилмиш (амал)ларига боғлиқ қилдик.✻ (Исро,13)

✻(Инсонга: ўз қилган) амалларинг битигини ўқи! Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши — етарли ҳисобчидир! (дейилур). ✻
(Исро,14)

✻ Улар (ўлганлар) қилган амаллари-уларнинг ўзлари учундир. Сиз(тирик)ларнинг қилган амалларингиз ўзларингиз учундир. ✻ (Бақара,141)

✻ Куфр йўлини тутган кимсаларни — (вафотларидан сўнг, энди) на моллари, на болалари Аллоҳ томонидан бўладиган (сўроқ, ҳисоб, ёки азоб)дан — ҳаргиз қутқара олмайди. ✻ (Оли Имрон,116)

Muhammad Аbdullah