May 2, 2021

Ҳақиқий ва сохта Mуҳаммад (4)

МУҲАММАД ЕТУК АҚЛ ВА ЮКСАК АХЛОҚ ЭГАСИ БЎЛГАН

Ҳақиқий Муҳаммад

Қуръон оятларига кўра, Муҳаммад алайҳис-салом етук ақл ва юксак ахлоқ эгаси бўлган (68:2-4), ўқиш-ёзишни билган ва, яхшигина маълумот ҳам олган (2:44, 2:78, 3:20, 3:75, 7:157, 25:5, 29:48, 44:14, 62:2, 68:1 69:44-45, 96:1-5), ҳатто ўз жамиятида камбағал етимликдан бадавлат ва обрўли киши даражасига эришган (93:6-8).

Қуръонда, Муҳаммаднинг турли ҳаётий ҳолатларидан сўз юритилади. Масалан, унинг Набийлик, Расуллик миссиясига қарши чиқишлар, унинг ҳижрати ва қатнашган жанглари (Бадр жанги 3:121-123, 8:9-10, 8:42, Уҳуд жанги 3:143-144, 3:152, Аҳзоб жанги 33:10, Хайбар жанги 48:15, Ҳунайн жанги 9:25, Табук жанги 9:81), Нусрат ва Макка фатҳи (48:1, 110:1). Бу оятларда Муҳаммаднинг душманларга қарши жасорати, шижоати, атрофдаги кофир, мушрик ва мунофиқларга қарши муросасизлиги мадҳ этилади ва муминларга ўрнак кўрсатилади (33:21), айни пайтда инсонларнинг ҳаққа қарши қайсарлигидан қалби эзилиши ҳам таъкидланади (18:6, 16:127, 70:5), ундаги олий хулқ ва гўзал муомала мақталади (3:121, 3:159; 9:40, 21:107). Қуръон унинг муминларга ўта очиқ кўнгилли ва раҳмдил эканини айтади (3:159, 6:54, 21:107, 9:128, 10:65, 27:70, 5:41, 28:56).

Шу билан бирга, Қуръондан Муҳаммаднинг шахсига доир бир қатор маълумотларни ҳам билиб оламиз, масалан: унинг барча инсоний хато ва камчиликлардан холий бўлмаган бир башар пайғамбар экани (3:144, 6:50, 7:188, 10:49, 17:90-93, 29:50, 34:50, 46:9), Аллоҳдан доимо йўл-йўриқ, ҳидоят излагани (10:35-36, 17:57), унинг ўтмишдаги покиза ҳаёти унинг тўғрисўзлигига далил экани (10:16, 40:66, 42:52), муминларга нисбатан мулойимлигидан, узоқ ўтириб қолган меҳмонларни кетказишдан ҳам ҳаё қилгани (33:53), зўравонликни ёқтирмаслиги (2:216) ва ниҳоят, инсониятнинг куфр ва залолатдан чиқолмаётгани ҳақида ғам ва ташвишга тушиши (18:6, 6:104, 6:107, 10:99, 33:48, 73:10, 88:21-22), ва ҳатто бу унинг жонига оғир келиши (18:6).

Бироқ, Қуръон унга давомли тарзда иззат-ҳурмат кўрсатиб, илҳомлантириб борса-да (36:4, 68:4, 93:4, 108:1), баъзи хатолари учун танбеҳ ва танқид ҳам қилади (8:67-68, 9 :43, 9:113-114, 33:37, 66:1, 80:1-11, 18:23-24, 6:34-35, 16:37, 28:56, 17:73-75). Унинг хатоларини такрорламасликни айтиб огоҳлантиради саҳобаларни (3:18, 3:159, 60:4, 42:21), зеро Расулга бўйсуниш фақат унинг келтирган Рисолатига бўйсуниш билан чекланади (60:12), унинг шахсий фикрларига эса ҳурмат билан жавоб қайтариш уқтирилади. Қуръон Муҳаммаднинг шахсини илоҳлаштиришни қатъиян манъ этади, унга ҳам барча қатори ўлим етиши эслатади, ўлимли махлуқот илоҳлаштиришга лойиқ эмаслигига ишора қилинади (3:79, 33:37, 33:53, 60:12).

Ўз давридаги чекланган имконлар ва ижтимоий тараққиёт даражасига қарамасдан, Муҳаммад сўнгги илоҳий ваҳй ва рисолат учун танланди, зеро уни қабул қилишга лойиқ зеҳн, онг ва қобилият унда етилганди. Қуръон унинг бу хислатини “Сирожан Мунирон” (33:46) ва “Раҳматан лил-Оламийн” дейди (9:61, 21:107, 28:46). (Бу ердаги “раҳмат”дан мурод – пайғамбарнинг шахси эмас, балки ваҳй ва рисолат билан инсониятга юборилишидир 7:203, 12:104, 25:1). Унинг ҳам ақлий ҳам ахлоқий камолга етишгани, унинг бутун ҳаёти, барча инсоният учун энг гўзал ўрнак ва илҳом манбаи бўлиб қолади (33:21, 68:4-6).

Сохта Муҳаммад

Ҳадислардаги Муҳаммад эса, аксар ҳолларда Қуръондаги тасаввурдан бутунлай узоқ, кўпинчулардаги тасаввур Аллоҳ тарфидан юборилган пайғамбар эмас, балки зулм ва бузғунчиликка мойил, адолатсиз, шафқатсиз ва жиноий ҳатти-ҳаракатлар содир этувчи, фитрат ва соғлом ақлга зид аҳлоқий ўлчовларга таянувчи жоҳил бутунлай бошқа бир шахс.

Биргина мисол. Бухорий ва яна бир қатор ҳадис тўпламларида нақл этилган ривоятга кўра, Муҳаммад, Урайна ва Уқайла қабилаларидан келган бир ҳаёъатга туя сийдиги ичишни маслаҳат беради. Кейинроқ бу ҳайъат қотиллик ва ўғирлик қилади. Буни эшитган Муҳаммад, уларни тутиб, қўл-оёқларини кесиб, кўзлари ўйиб олишни буюради. Улар жазирама чўлда азоб ва сувсизликдан қийналиб ўлиб кетади.

Бошқа ривоятга кўра, Муҳаммад ўзига қарши ҳажвий шеър айтгани учун бир қанча шоирни (орасида аёл киши ҳам бор) суиқасд қилишни буюради; вақти келса мусулмонларга ҳам лаънат ўқийди; қўшни Маккага саёҳат қилган савдо карвонларига ҳужум қилади; Мадинадаги Бану Қурайза номли яҳудий қабиласини қатлиом қилади, қабиланинг аёл ва ёш болаларини қул ва жория қилиб тарқатади.

Ҳадислардаги Муҳаммад портрети психологик жиҳатдан шахсият парчаланишидир (Dissociative identity disorder), бўлиб ҳам ҳар парчанинг энг учига чиққан намуналари: гоҳ мислсиз раҳм-шафқат намунаси, гоҳ қийнаб ўлдирувчи қаттол; гоҳ энг тортинчоқ ҳаё-номус эгаси, гоҳ жинсий маньяк; гоҳ даҳо эгаси, гоҳ ғирт жоҳил…

Қизиқ, ҳадис дини фанатиклари “фалончи пайғамбарга карикатура чизибди!”, “фалончи пайғамбарни ҳақорат қилди!”, дея жазавага тушади, гўёки Муҳаммадни ҳимоя қилмоқчи бўлади-ю, лекин ўз динларидаги яна-да баттар ҳақорат ва карикатураларга дами чиқмайди. Аксинча, бу уйдирмаларга имон келтириб, дин санаб юраверади.

Қизиқ, қандай қилиб, “оламларга раҳмат” дейсиз-у, уни кўз-ўйдирувчи, сийдик-ичирувчи, жинсий-маньяк пайғамбар сифатида тасвирлаб,”хулқи-азим” дейсиз? Қандай қилиб, “энг гўзал намуна” бўлган пайғамбар, ҳадисларда мусиқа, санъат ва бошқа ҳар қандай гўзалликнинг душманига айланди? Қандай қилиб оятда “сен уларни мажбурловчи эмассан” дейилган зот ҳадисларда, йўлтўсар, қотил ва қатлиомчига айланди?

Бутун булардан бизнинг чиқарган хулосамиз шуки, ҳадис тўпламларидаги Муҳаммад тасаввури, инсониятнинг эргашиши учун намуна бўлолмайди. Ҳадис ва сийрат китобларидаги Муҳаммад тасвири – пайғамбар эмас, балки қандайдир ирқчи, сеҳр-жодуга чалинган, ёш болаларни қатл этувчи ва зўрловчи қотил ва педофил, ўз-ўзини ўлдиришга мойил руҳий хаста, динда Худонинг шериги, Марямнинг эри, нафрат тарғиботчиси, террорчи, иккиюзламачи, ёлғончи, қатлиомчи, уруш тужжори, мегаломаньяк бир шахс тасвири. (қаранг: http://bibleandquran.com/prophet-mohamed-sinful.htm)

Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло “энг гўзал ҳадис” дея фақат Қуръонни қабул этади (39:23), Қуръонни уйдирилган ҳадисларга асло алоқаси йўқлигини таъкидлайди (12:111), ҳамда ҳадислардан узоқ туришга чақиради (6:68).

Ҳақиқий ва сохта Mуҳаммад (4) | (kemalyoldash.com)