iddaolar
May 1, 2021

Иддаоларга жавоблар №11 (“Китоб” ва “Ҳикмат” айри манбаларми?)

Қуръонда айтилишича, элчига Китоб ва “Ҳикмат” берилгани. Китобдан мурод Қуръон бўлса, Ҳикмат деганда Қуръондан ташқари, тиловат қилинмайдиган ваҳй назарда тутилган. Бу Ҳикмат бугун ҳадис китобларида жамланган ривоятлардир.

Иддао №11 га жавоб

Аввал ҳам айтганимиздек, Қуръон ҳар сафар бирор мафҳум берса, уни муаллақ қолдирмайди, балки муфассал тарзда очиқлайди. Бу ерда ҳам, Расулуллоҳга Китоб ва Ҳикмат берилган экан, Китоб ва Ҳикмат нима экани ҳам очиқлаб берилган:

“Раббимиз! Уларга ўз ораларидан, сенинг оятларингни ўқийдиган, уларга Китоб ва Ҳикмат ўргатадиган, уларни поклайдиган бир элчи юборгин. Сен, ва фақат сен, Олийсан, Билгувчисан” (Бақара:129)

“Албатта Аллоҳ мўъминларга буюк инъом қилди – уларга ўз ораларидан чиққан, Аллоҳнинг оятларини уларга ўқийдиган, уларни поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган элчи юборди. Зеро, улар илгари очиқ хато – залолатда эдилар” (Оли Имрон:164)

Юқоридаги оятларда ва бошқа кўп ўхшаш оятларда элчининг зиммасидаги вазифа – Китоб ва Ҳикмат таълимотини етказиш экани айтилади. Китобдан мурод Қуръон экани қуйидаги оятдан маълум бўлади:

“Алиф. Лом. Мим. Мана шу Китоб – унда ҳеч шубҳа йўқ – муттақийлар учун йўл кўрсатувчидир” (Бақара:1-2)

“Сен фақат ўзингга ваҳй қилинган Раббингнинг Китоби – Қуръоннигина – тиловат қил! Унинг Сўзларини ўзгартиргувчи йўқдир. Ҳаргиз Ундан ўзга бирон паноҳ топа олмассан”. (Каҳф:27)

Бироқ анъанавийчилар, Ҳикмат бу – Қуръонга киритилмаган, Қуръондан ташқари алоҳида манба, ва тиловат қилинмайдиган ваҳй – дея иддао этишади. Уларнинг иддаосига кўра, бу тиловат қилинмайдиган ваҳй, яъни “Ҳикмат” фақат уларнинг мазҳаблари тарафидан маъқулланган манбаларда ёзилган ривоятлардир. Бу хато эканидан ташқари, қуйидаги оятлардан кўрамизки, Қуръон оятларига ҳам хилоядир, зеро Ҳикмат – Қуръоннинг ўзидир. Оятда шундай дейилади:

“Бу – сенга Раббинг ваҳй қилган Ҳикматидандир. Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ тутмагилки, акс ҳолда маломатланган ва қувилган ҳолда жаҳаннамга ташланманг!” (Исро:39)

Бу оят Қуръоннинг ўзи Ҳикмат эканини кўрсатмоқда. Ҳикмат, Аллоҳнинг Китобининг сифатларидан бири. Қамар сурасида бу ҳақиқат такрор этилади:

“Ҳолбуки, уларга хабарлар — етук ҳикмат — Қуръон келдики, унда тийилиш (лозим эканлигини уқтиргувчи ибратлар) бор эди. Лекин огоҳлантиришлар уларга фойда бермаётир!” (Қамар:4-5)

Якуний ўлароқ, Ҳикмат дегани Қуръондан ташқари, тиловат қилинмайдиган ваҳй, дейиш ботил иддао экани қуйидаги оятдан ҳам маълум бўлади. Оятда айтилишича, Ҳикмат – тиловат қилинадиган ваҳйдир. Оятда пайғамбарнинг завжаларига ушбу эслатмалар берилади:

“Уйларингизда Аллоҳнинг оятлари ва Ҳикматдан иборат тиловат қилинадиган нарсаларни зикр-тиловат қилинглар! Албатта Аллоҳ Меҳрибон ва Огоҳ бўлган Зотдир”. (Аҳзоб:34)

Юқоридаги оятдан шуни очиқ-равшан англаш мумкинки, Ҳикмет ҳам тиловат қилинади, демакки, биргина мана шу оятнинг ўзиёқ Ҳикмат – Қуръондан ташқари ваҳй деган иддаони ботил қилади. Олдинроқ ҳам кўрганимиздек, Қуръон ташқарисида бирор бошқа ваҳй йўқ экани Қуръон оятларининг ўзиданоқ чиқадиган хулосадир.

Аллоҳ барча элчиларига “Китоб”ни, яъни жамият учун зарурий қонун, амр ва таъқиқлар берган. Ҳамда, мазкур қонунларга тааллуқли билим ва тафаккур методологиясини ҳам ўргатган. Бу билан бизни, мазкур “Китоб”ни – қонунларни жамиятимизда татбиқ этиш орқали эришадиганимиз фойдалар устида тафаккур этишга чорлайди.

Шу ўринда бир қатор мисоллар келтирамиз. Бир қатор оятларда Қуръон ҳикматлар билан тўла китоб экани айтилади:

“Ё, Син. Ҳикматли Қуръонга қасам” (Ёсин:1-3)

“Алиф, Лом, Мим. Булар – Ҳикматли Китоб оятларидир” (31:1-2)

Қуръон оятларидан шу очиқ хулоса чиқадики, Ҳикмат бу – Қуръон ташқарисида, тиловат қилинмайдиган алоҳида ваҳй тури эмас. Аксинча, Ҳикмат – Қуръоннинг номларидан биридир, ва илоҳий қонунлар устида тафаккур этиш, ақл ва мантиқ методологиясига мувофиқ келади.

Ҳикмат мафҳуми деганда, мазҳаб китобларидаги ривоятларни иддао этувчиларга ушбу саволни бермоқчимиз:

Аллоҳ, Қуръон бўйича Довуд а.с.га (Бақара:215), Исо а.с.га (Оли Имрон:48), Иброҳим а.с.га тобеъ бўлганларга (Нисо:54) ва Луқмонга (Луқмон:12) Ҳикмат берилгани айтилади. Агар ҳақиқатан ҳам Ҳикмат деганда, Аллоҳ таоло ўша мазҳаб китобларини назарда тутган бўлса, мазкур пайғамбарларга ҳам мазҳаб китоблари берилганмиди?

http://kemalyoldash.com