Иддаоларга жавоблар №2 (Расулга итоат – Ҳадисларга эргашишми?)
Иддао №2
Қуръон бизни Аллоҳга ва Расулига итоат этишга буюрган. Аллоҳга итоат дегани – Қуръонга эргашиш, Расулга итоат эса ҳадисларга эргашиш билан бўлади.
Иддао №2 га жавоб
Қуръон, пайғамбарга итоат этиш керак деб қўя қолмайди, балки бу итоат қандай эканини ҳам билдиради, ҳамда пайғамбарга ваҳй қилинган ва инсонларга таблиғ этиши лозим бўлган “илоҳий рисолат” нима эканини ҳам баён этади.
Расулуллоҳга ваҳй қилинган “илоҳий рисолат” нима?
Моида сурасида Расулуллоҳга келган ваҳйни, яъни Қуръонни, инсонларга таблиғ этиш амр қилинади. Акс ҳолда элчи ўз миссиясини адо этмаган бўлиши айтилади: “Эй пайғамбар, Раббинг томонидан сенга нозил қилинган нарсани етказ! Агар бундай қилмасанг, Унинг Рисолатини етказмаган бўлурсан, Аллоҳ сени одамлардан сақлагай. Албатта Аллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас”. (5:67)
Юқоридаги оятда айтилган Рисолат нима?
Рисолат нима эканини ушбу оятлар очиқлайди.
“Ҳар бир уммат орасидан ўзларидан бўлган бир гувоҳ келтирамиз. Сени эса ана уларга гувоҳ қилдик ва сенга — ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган Китобни – Қуръонни нозил қилдик”. (16:89)
Кўриб турганимиздек, Аллоҳ таоло Қуръонда ҳидоят ва раҳбарликка алоқадор барча мавзуни муфассал баён қилган.
Нисо сурасида эса элчига келган Рисолат қуйидагича очиқланади:
“Албатта, Биз сенга ушбу Ҳақ Китобни нозил қилдик, токи одамлар орасида Аллоҳ қўрсатган йўл билан ҳукм этгайсан. Сен хоинларни ҳимоя қилгувчи бўлма”. (4: 105)
Бу оятдан ҳам кўриб турибмизки, элчи Аллоҳнинг Ҳақ Китоби, яъни Қуръон билан инсонлар орасида ҳукм қилишга буюрилмоқда.
Қуйидаги оят ҳам бу ҳақиқатга ишорат этади:
“Сенга эса, ўзидан олдингиларни тасдиқлагувчи ва улар устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳақ ила нозил қилдик. Бас, одамлар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қил ва сенга келган Ҳақдан юз ўгириб, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашма!” (5:48)
Юқоридаги оятларнинг барчаси шуни кўрсатмоқдаки, элчининг вазифаси – Аллоҳ тарафидан нозил қилинган Китоб, яъни Қуръондаги амрларни тўлиқ татбиқ этиш ва инсонлар орасида у билан ҳукм қилишдир.
Қуйидаги оятлар, пайғамбарнинг инсонларни қайси таълимотга даъват қилгани ва уларга нимани насиҳат қилганини яна-да очиқ билдиради:
“Биз улар айтаётган сўзларни жуда яхши биламиз. Сен улар устида мажбурлагувчи эмассан. Бас, ушбу Қуръон билан Менинг ваъдамдан қўрқадиган кишиларга панд-насиҳат қил”. (50:45)
Кўриб турганимиздек, Аллоҳ Ўз пайғамбарини инсонларга Қуръон билан панд-насиҳат қилишни буюрмоқда, бошқа ҳеч бир нарса билан эмас.
“Айт: Қай нарса энг улуғ гувоҳдир? Айт: Аллоҳдир. У мен билан сизларнинг ўртамизда гувохдир. Сизларни ва Қуръон етиб борган кишиларни огоҳлантиришим учун менга мана шу Қуръон ваҳий қилинди” (6:19). Яъни Пайғамбарнинг ўзи ҳам бу миссияни тасдиқламоқда.
Қуйидаги оят эса пайғамбар инсонларни нима асосида огоҳлантириши кераклигини очилайди:
“Эй ахли китоб, мана, элчимиз сизларнинг китобдан яшириб келган кўп нарсаларни сизларга баён этган ҳолда, кўп нарсаларни эса тарк этган ҳолда келди. Сизларга Аллоҳ тарафидан Нур – Очиқ Китоб келди, ки Аллоҳ у сабабли ўзининг ризолигига эргашган зотларни нажот йўлларига ҳидоят қилур ва изни ила уларни зулматлардан нурга чиқарур ва уларни Тўғри йўлга ҳидоят қилур”. (5:15-16)
Юқоридаги оятлар ҳам шуни кўрсатмоқдаки, Расулуллоҳ ахли китобга Аллоҳдан келган Китобни таблиғ этмоқда.
Бутун инсониятни нима асосида огоҳлантириши ҳам ушбу оятда айтилади:
“Мен фақат мана шу шаҳарнинг Раббигагина ибодат қилишга буюрилдим. У бу шаҳарни Ҳаром этган зотдир. Барча нарса Уникидир. Мен мусулмонлардан бўлишга ва Қуръон тиловат қилишга буюрилдим”. Бас ким ҳақ йўлга юрса фақат ўзи учун юрар. Ким йўлдан озса, у ҳолда айтингки: “Мен бир огоҳлантиргувчиман холос”. (27:91-92)
Бу оятдан шу нарса маълум бўладики, элчи Қуръонни тиловат қилади ва инсоният фақат ушбу раҳбарликни қабул этсагина, тўғри йўлни топа олади.
Бошқа бир оятда Аллоҳ шундай буюради:
“Албатта сенга Қуръонни фарз қилган зот, шак-шубҳасиз сени қайтадиган жойга қайтаргувчидир. Айт: “Раббим, ҳидоят келтирган кишиларни ҳам, очиқ-равшан залолатдаги кимсаларни ҳам жуда яхши билгувчидир”. (28:85)
Бутун бу оятлар шуни кўрсатмоқдаки, Расулуллоҳга Аллоҳ тарафидан ваҳф қилинган нарса – фақат Қуръон индирилган. Расулуллоҳ ҳам инсонларга ҳам фақат мана шу Китобни таблиғ этиш ва Қуръондан зинҳор озмасликка маъмурдир.
Юқорида келтирганимиз Моида:48-оятда кўрганимиздек, пайғамбар келтирган барча диний ҳукмлар фақат Қуръонга таяниши шарт. Ва воқеъликда ҳам шундай бўлган.
Инсонлар пайғамбарнинг шахсий фикрларига ёки шўро натижасида олган қарорларига эмас, балки Аллоҳнинг нозил этган Китобига бўйсунишлари керак. Шу ўринда бир нарсани ҳам унутмаслик керакки, Расулуллоҳга итоат этиш дегани, Аллоҳнинг рисолатига итоатдир, чунки элчи, фақат Аллоҳ тарафидан келган рисолатни таблиғ этади, ўз номидан илова қўшиб эмас. (Зотан “элчи” калимасининг маъноси – ўзига тегишли бўлмаган бир хабарни бошқасига етказувчи киши демакдир)
Элчи ўз ҳаёти мобайнида, Қуръонда ҳукми келмаган мавзуларда ўз фикрига ёки атрофидаги жамиятнинг урф-одатларига таянган бўлиши мумкин. Аммо булар унинг шахсий танлови ва қароридир, диний бир ҳукмлар эмас. Шунинг учун ҳам элчи ўз шахсий қарорини инсонларга дин дея сингдирган эмас. Аллоҳ Қуръонда инсонлардан фақат ва фақат Қуръонга эргашишни амр этади.
Аллоҳдан бошқа ҳеч ким диний ҳукм чиқариши мумкин эмас
“Ҳукм фақат Аллоҳнингдир”. (12:40)
“У ҳукмига ҳеч кимни шерик қилмас”. (18:26)
Бу оятлар шуни кўрсатмоқдаки, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким диний ҳукм қўя олмайди. Ҳатто Расулуллоҳ бўлса ҳам, инсонларнинг шахсий қарашлари диний ҳукм ўлароқ қабул этиб бўлмайди.
“Бирор инсон учун Аллоҳ унга Китоб, Ҳикмат ва пайғамбарлик берганидан сўнг, одамларга: «Аллоҳга эмас, менга ибодат қилинглар», дейиши жоиз эмас, балки дерки: “Аллоҳнинг китобини одамларга таълим бериб ва ўзингиз ўқиб-ўрганиб, ёлғиз Парвардигорга ибодат қиладиган кишилар бўлинглар” (3:79)
Оятда кўрсатилганидек, Расулуллоҳ зиммасидаги вазифа, инсонларни ўз шахсий қарорларига эргашиштириш эмас, аксинча, Аллоҳнинг қонунларига эргашишни талаб этади. Аллоҳнинг қонунлари – Коинот ва табиат қонунлари (Кавний оятлар) дея билинади. Айни қонун, инсон ҳаётида ҳам мавжуд ва у ерда Аллоҳнинг ўгит ва амрларига (Китобий оятлар) таянади. “Аллоҳдан ўзгани ҳакам қилиб олайми?! Ахир Унинг Ўзи сизларга бу Китобни муфассал нозил қилган зот-ку?” (6: 114)
Расулуллоҳ фақат Аллоҳнинг қонунларини етказади. Расулга итоат – Расулга ваҳй қилинган Китобдаги қонунларга эргашишдир. Инсонлардан Қуръон ташқарисида бирор қонун ёки қоидага эгашишга чақириши мумкин эмас. Ҳукм қўювчи ўлароқ фақат Аллоҳнинг Китоби қабул этилиши мумкин.
Қуйидаги оятлар Расулга итоат – унга юборилган рисолатга эргашиш эканини билдиради:
“Аллоҳга итоат қилингиз, Расулга буйинсунингиз ва эҳтиёт бўлингиз! Агар бош тортсангиз, билингизки, Расул зиммасида фақат очиқ-равшан қилиб етказиш бор, холос” (5: 92)
“Агар сизлар ёлғончи қилсангизлар, бас, сизлардан аввалги умматлар ҳам ёлғончи қилгандирлар. Пайғамбар зиммасида эса фақат очиқ-равшан етказишгина бордир” (29: 18)
“Аллоҳга итоат этингиз ва Расулга бўйсунингиз! Энди агар бош тортсангиз, у ҳолда, Расулимиз зиммасида фақат очиқ-равшан етказиш бор, холос” (64: 12)
“Айт: «Аллоҳга бўйсунингиз ва Расулга бўйинсунинг!” Энди агар юз ўгирсангизлар бас, унинг зиммасида ўзига юкланган нарса бордир, сизларнинг зиммангизда эса ўзларингизга юкланган нарса бордир. Агар унга бўйсунсангиз, тўғри йўлни топган бўласизлар. Пайғамбар зиммасида фақат етказиш бор, холос” (24: 54)
Юқоридаги оятлар Аллоҳга ва Расулига итоатнинг маъноси очиқча кўрсатмоқда. “Элчининг зиммасида очиқ бир таблиғдан бошқа эмасдир” ифодаси, элчининг вазифаси фақат Аллоҳдан олганини инсонларга етказиш, ва инсонларни фақат унинг билан огоҳлантириш эканини билдиради.
Бутун бу оятларга кўра шундай хулоса қиламизки, Расулуллоҳ, ўзига келган Қуръон амрига итоат этган ҳолда, Қуръон билан бирга бошқа бирор қонун қўймаган, шахсий қарорларини зинҳор диний ҳукм дея кабул этилишини талаб этмагандир.
Итоат фақат Расулга келган ва инсонларга таблиғ этилган Рисолатга бўлиши керак. Қуръон ташқарисида ҳеч бир китоб илоҳий Рисолат ўлароқ қабул этилмайди.
Қуйидаги оятда муъминлар, бошқа китобларга эмас, фақат Аллоҳнинг Китобига эргашиб, Унга эргашишлари кераклиги талаб этилади.
“Сенга унинг ёрдамида кофирларни огоҳлантиришинг учун нозил қилинган Китоб — бас, кўнглингда у сабабли танглик бўлмасин! — ва у мўминлар учун бир эслатмадир. Сизларга Раббингиздан нозил қилинган нарсага эргашингиз, Ундан ўзга «авлиёларга» эргашмангиз! Камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар” (7: 2-3)
“Ундан ўзга «авлиёларга» эргашмангиз!” ифодаси Аллоҳнинг ваҳй этганидан бошқа ҳеч бир манбага эргашмангиз, деганидир.
“Ҳолбуки Биз уларга ўқиб-ўрганадиган китоблар ато этган эмасмиз ва уларга сендан аввал бирон огохлантиргувчи ҳам юборган эмасмиз”. (34: 44)
“Ахир Биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қиламизми?! Сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар? Балки сизлар учун бирон китоб бўлиб, унда сизлар нима хохласангиз бор эканини ўқиб-ўрганаётгандирсизлар?!” (68: 35-38)
Бу оятда келган “Балки сизлар учун бирон китоб бўлиб, унда сизлар нима хохласангиз бор эканини ўқиб-ўрганаётгандирсизлар?!” ифодаси бизга шуни кўрсатмоқдаки, муъминлар дин борасида ўқиб дарс олиши мумкин бўлган ягона Китоб – Қуръон бўлиши керак.
Қуръондан ташқарида дарс оладиганимиз бошқа бирор диний манба йўқлиги ушбу оятда ҳам билдирилади:
“Йўқ, золимлар бир-бирларига фақат алдовни ваъда қилурлар” (35: 40)
Зухруф сурасида, кофирлар ҳақида шундай дейилади:
“Ёки Биз уларга илгари бирон китоб ато этганмиз-у, улар ўшани ушлагувчимилар?!” (43: 21)
Ҳаққа сурасида элчининг динга тааллуқли сўзлари Қуръондан бўлиши кераклиги айтилади. Айни сурада элчининг ўз дунёвий сўзларини Аллоҳнинг сўзлари каби кўрсатгани тақдирда, бунга жавобгар бўлиши ва ҳатто жазога тортилиши айтилади:
“Агар Бизнинг шаънимизга айрим сўзларни тўқиб олганида, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, ҳамда унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик. У ҳолда сизлардан бирон киши ундан тўса олгувчи бўлмас эди”. (69: 44-47)
Соффат сурасида Аллоҳ, кофирларни ҳам Қуръон ташқарисида бирор китобга эргашмаслиги ҳақида огоҳлантиради:
“Сизларга нима бўлди?! Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?! Ахир ақл ишлатмайсизларми?! Ёки сизлар учун бирон очиқ-равшан ҳужжат борми?! Бас агар ростгўй бўлсангизлар, китобингизни келтиринглар-чи?!” (37: 154-157)
Пайғамбарлар, Қуръон оятларида келган ифодалари билан, Аллоҳдан келган китоблар ташқарисида инсонларга дин борасида раҳбарлик этадиган бошқа бир манба йўқлигини маълум қилади. (Аллоҳ тарафидан нозил қилинган бошқа китоблар ҳам Қуръон билан айни рисолатни келтирганлари ўринларда Аллоҳнинг Китоби мақомида саналади. Қаранг 42:13)
“Айт: «У ҳолда агар ростгўй бўлсанглар, сизлар Аллоҳ ҳузуридан бу иккисидан кўра тўғрироқ бўлган бирон китоб келтиринглар, мен унга эргашайин” (28: 49)
Бу оятда келган “бу икисидан” ифодаси бир оят муқаддам очикланган:
“Энди қачонки уларга Бизнинг ҳузуримиздан ҳақ келгач эса, улар: «Унга ҳам Мусога берилган оятлар берилганида эди», дедилар. Ахир улар илгари Мусога берилган оятларга ҳам кофир бўлмаганмидилар?! Улар: «Бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган икки сеҳрдир», дедилар, ва: «Бизлар ҳар бирига кофирмиз», дедилар” (28: 48)
Кофирлар Мусо ва Муҳаммад а.с.ларга нозил қилинган рисолатларни рад этганларини айтишмоқда. Юқоридаги оят Қуръон ва у билан мазмунан айни рисолани ташиган ва Аллоҳ тарафидан Мус а.с.га нозил қилинган Китоб – Таврот – ташқарисида, инсонлар тарафидан уйдирилган бирор манба дин соҳасида манба бўлолмаслигини урғуламоқда.
Аллоҳ таоло Китоб индириб, муъминлардан фақат мана шу Китобдаги амр ва таъқиқларга бўйсунишни буюрган. Аммо шунга қарамасдан, инсонлар ўзларича бошқа турли манбалар уйдириб келганлар:
“Қудратли ва ҳикматли Аллоҳ тарафидан нозил қилинган Китобдир. Албатта Биз сенга бу Китобни ҳақ ила нозил қилдик, бас сен Аллоҳга — У зот учун динни холис килган ҳолда қуллик қил! Огоҳ бўлингизки, холис дин ёлғиз Аллоҳгадир. У зотдан ўзгаларни «авлиё» қилиб олган кимсалар: «Биз фақат улар бизни Аллоҳга яқинроқ қилишлари учунгина ибодат қилурмиз». Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ улар ихтилоф қилаётган нарсалар хусусида уларнинг ўртасида ҳукм қилур. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва нонкўр кимсаларни ҳидоят қилмас”. (39: 1-3)
Юқоридаги оятлар бизга шуларни уқтирмоқда: Аллоҳга қуллик этиш учун ягона йўл – динни Аллоҳга ҳос қилмоқ, яъни дин борасидаги барча ҳукмни Аллоҳдан – Унинг юборгани Китобдан олишдир. Аллоҳга бизни яна-да яқинроқ қилади, деган хаёлда Ундан бошқаларининг уйдирган динига тобеъ бўлмаймиз.
Фотир сурасида Аллоҳ ваҳий сифатида яна Қуръонга эътибор қаратади.
“Биз сенга ваҳй қилган Китоб – Қуръон – ўзидан аввалгиларни тасдиқлагувчи бўлган Ҳақдир. Албатта Аллоҳ Ўз бандаларидан огоҳ ва кўриб тургувчидир. Сўнгра Биз Китобга бандаларимиздан Ўзимиз танлаган зотларни ворис қилдик. Бас уларнинг орасида ўзига зулм қилгувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилгувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изни ила мудом яхшиликларга шошилгувчи ҳам бордир. Мана шу уларга улкан марҳаматидир”. (35: 31-32)
Кўриб турганимиздек, Аллоҳ Ўз қулларига фақатгина битта Китобни – Қуръонни – берган, ундан бошқа бирор манбани эмас.