biblical-mullahs
May 11, 2021

АҲЛИ КИТОБ МУЛЛАЛАР-3

1-БОБ. АҲЛИ КИТОБ МУЛЛАЛАР БИБЛИЯЧИ ИСЛОМ ЯРАТДИ

Мен мусулмон оиласида туғилиб, дину-имонни ўрганиб, жамоамиз ва диний устозларимиз айтган барча ишларни қилиб ўсганман, шуни айтсам, етарли бўлса керак. Ёшлигимда диний эътиқодларим аслида дин эмас, шунчаки диний секта эканидан хабарим йўқ эди. Mоликий сектасига мансуб эканимизни кейинчалик англаб етдим.

Моликийлик аҳлус-сунна-вал-жамоа ёки суннийлик дейилган каттароқ диний секта ичидаги тўрт ост-секталардан бири. Ҳанафий моликийдан фарқли, улар эса шофеъий ва ҳанбалийдан фарқли эди. Суннийлардан ташқари яна шиалар бор эди. 23 ёшимгача бирорта шиа билан ҳамсуҳбат бўлмаганман, кейинчалик ўз юртимда кўпроқ шиалар билан танишдим, шиалар яшайдиган хорижий ўлкаларга ҳам саёҳат қилдим.

Мен ичида туғилиб ўсган суннийлик дини аслида сунъий дин эканини англашим учун деярли 30 йил кетди. Шиалик дини учун ҳам шундай, сунъий дин эди. Мен Қуръон ва Исломга қарши бидъат ичида туғилган эдим. Сунний ва шиа динларининг Пайғамбар томонидан етказилган Қуръон таълимотига алоқаси йўқ эди. Китобим мана шу ҳақда.

Бу китобда ҳеч кимни ўз "Мазҳабимга" ўтказиш ёки лоақал "Мазҳабдан чиқазиш" мақсадим ЙЎҚ. Чунки Қуръонда "МАЗҲАБ" деган нарсанинг ўзи йўқ. Мазҳаб учун имомлар керак, шайхлар, пирлар, муфтийлар керак, ритуаллар, ҳайитлар, ақида ва фиқҳлар керак. Қуръонда буларнинг бирортаси йўқ. Пайғамбар ва Қуръон ҳеч қанақа мазҳаб қурмаган.

Қуръонда фақат бўйсуниш (ИСЛОМ) бор, ҳамда бошқалар билан муносабатларда конкрет принциплар асосидаги ҳаёт тарзини қабул этиш (ДИН) бор. Қуръон 9 бизнинг ҳаётимизни осон ва муваффақиятли қилишга, жамиятда бузғунчилик ва қонтўкишни олдини олишга йўналган китоб.

"Биз Қуръонни сенинг машаққат чекишинг учун нозил этган эмасмиз". (20:2)

Ҳаётингиз тартибли, муваффақиятли экан, жамиятда бузғунчилик ва қонтўкиш содир этмас экансиз, сиз қаерда ва ким бўлишингиздан қатъи назар - аллақачон Мусулмонсиз ва Исломийсиз. Муллалар "Исломнинг беш шарти" деган рўйхат уйдиришган ва бу шартларсиз мусулмон эмассан дейишади:
• Шаҳодат, ёки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад элчи эканига ГУВОҲЛИК;
• Ҳар куни беш маҳал ритуал НАМОЗ ўқиш;
• Йилда бир 2.5% солиқ каби ЗАКОТ тўлаш;
• Йилда бир ой РЎЗА тутиш;
• Саудия Арабистонидаги Макка шаҳрига ҲАЖ зиёратига бориш.
Бу бешта шартнинг бирортаси ҳам Қуръонда йўқ. Шунинг учун ҳам, Қуръонда беш маҳал намоз йўқ, деб энг кўп айтадиганлар муллаларнинг ўзлари. Мана шунинг учун ҳам ғайри-Қуръоний ҳадисларга муҳтожмиз дейишади. "Ҳадис бўлмаса, беш маҳал намозни ҳам ўқий олмайсан" дейишади. Ҳолбуки, муллалар айтаётган беш маҳал намоз ҳам, бешта шарт ҳам, ҳатто муллаларнинг ўзлари ҳам ҚУРЪОНДАГИ ДИНДА ЙЎҚ.

Шунинг учун, барча мулла уйдирмалари ва ёлғонларини олиб ташлаб, фақат Қуръонни қолдириш лозим. Ўта қисқа, лўнда, практик, прагматик ва тамоман универсал бўлган динни, яъни ҳаёт йўлини ана шунда топамиз. Ислом том маънода бўйсуниш дегани. Қуръон дейди:

"Аллоҳнинг наздида ҳаёт йўли (ДИН) бу бўйсуниш системасидир (Ислом)". (3:19)

Бу дин ёки ҳаёт йўли нимадан иборат экани, Қуръон суралари ва оятлари муфассал баён қилиб берган.

Суннийлик ва шиалик асосан яҳуд ва насоро манбаларидан қилинган кўчирмалардан вужудга келтирилган. Биз аввалроқ баъзи мисолларни кўрган эдик ва китобимиз давомида ушбу плагиатнинг кўплаб бошқа мисолларини кўриб чиқамиз. Муллалар уйдирган "Мазҳаб дини" асосан аҳли китобдан кўчирилган плагиат махсули ҳисобланади. Қуръон ёки Исломга умуман алоқаси йўқ.

Биз мусулмонларнинг ютқазишида ёки юзага келган муаммоларда яҳуд ва насронийларни айблашдан йироқмиз. Насронийларнинг аксарияти зинокорни тошбўрон қилиш керак ёки муртадни ўлдириш керак, дейишдан тўхтаганига кўп бўлган. Лекин қачонлардир, Аҳли Китоб қонунлари ва Исроилиёти-Яҳуд ривоятларининг катта қисми, "Ҳадис, яъни Пайғамбар сўзлари", "Суннат яъни Пайғамбар феъллари", "Ижмоъ яъни Уламолар иттифоқи" ва ш.к. ниқоблар остида Ислом динига "инъекция" қилинган.

Сунний ва Шиа динига Библия ва Аҳли Китоб манбаларидан шу даражада кўп кў- 10 чирмалар киритилганки, натижада ўзлари асл Исломдан чиқиб қолган. Бунинг бошқача номи йўқ. Мен, мусулмонларнинг ҳидоят китоби - Қуръон - шарофати билан, ўзим ичида туғилиб ўсган суннийлик динининг ботиллигини англаб етдим. Қуръонни кўр-кўрона тўтиқуш каби такрорлаш ўрнига, уни ўқиш ва уқиш, ота-боболаримнинг қанчалик ботил йўлда эканини фош қилиб берди менга. Ҳозир жуда ҳам бахтлиман, ва шуни аниқ айта оламанки, мени Сироти-Мустақимга йўллаган нарса мана шу Қуръондир. Фақат Қуръонга эргашувчи мусулмон бўлиш нақадар гўзал ва муҳташам бахт эканини сизлар билан ўртоқлашгим келади.

Бугун дунё миқёсида мусулмонларнинг яна бир таназзулини кўриб турибмиз. Мен умумлаштириб "мусулмонлар" деяпман, аслида улар ичига сунний, шиа, сўфий, ваҳҳобий, салафий, қодиёний, аҳмадий, таблиғий, исмоилий ва б.ни, яъни ўзини "мусулмон" атовчи барча мазҳаб ва жамоаларни айтяпман. Улар зўравонлик, залолат, жаҳолат, маъсият, куфр, нифоқ ва ширк ичра умрини бой бермоқда, фақирлик, қолоқлик ва қашшоқликка маҳкум қолмоқда. Бундай аҳвол наслдан наслга, асрдан асрга давом этиб келаётгани, шайтон уларни қанчалар адаштира олганига яққол ва етарли далил эмасми?

"Шайтон сизларга фақирликни ваъда қилади" (2:268)

Ақли-иймони ва охиратини муллаларга топширган аксарият мусулмонларнинг аянчли қисмати мана шу. Шайтон уларни бутунлай фақирликка боғлаб қўйган. Бу фақирликдан қутула олган мусулмонлар, ўз мамлакатларини тарк этиб, Ғарбга кўчиб борган кишилар ёки нефть чиқарувчи мамлакатлардаги элита. "Аҳли Китоб" мусулмонларига хитобим шуки, бу китобни ҳар доимги нафрат ва ғазабларсиз, холис ва инсоф билан ўқиб чиқасиз деган умиддаман. Сизлар муллаларга алдангансиз. Ишонаманки, бу китоб сизни ҳалигача Қуръонда сақланиб келаётган гўзал ва қудратли Ислом сари йўл олишингизда ёрдам беради. Қуръон сизни жаҳолатдан ва қолоқликдан озод қилади, бугунга ва эртанги кунга фойдали инсонга айлантиради. Қуръонга қайтганингизда, атрофдаги барча инсонлар билан, хоҳ насроний бўлсин, хоҳ ҳ инду, яҳудий, сунний ёки шиа бўлсин, яхши инсоний муносабатлар қура оладиган бўласиз.

Сунний ва шиа диний эътиқодлари, ва умуман теологиялари орасида жуда кўп ўхшашлик бор, зеро иккиси ҳам Аҳли Китоб ва яҳудий илоҳиёт мактаби таъсирида туғилганини билгач, хайрат ва қизиқишим яна ортди. Муллалар Ҳадис ва Суннат номи остида ғайри-Қуръоний эътиқод ва ҳукмларни тўғридан-тўғри Библиядан кўчириб олаверганлар. Улар ўз уйдирмаларини машруълаштириш учун, яҳудий ва насроний манбаларда ҳам айни Ислом билан бир хил таълимотлар бор дейишди. Бу тамоман ёлғон.

Қуръон билан Библия бир хил нарсани ўргатмайди. Мен бу китобда Библия ва яҳудий илоҳиётидан олинган барча кўчирмалар Қуръон таълимотларига мутлақо зид ва хилоф эканини кўрсатиб ўтаман. Қуръондаги қуйидаги оятлар бу ҳақда ўйлантиради:

"Эй мўъминлар, агар Китоб берилган кимсалардан бир гуруҳига бўйсунсангиз, сизларни мўъмин бўлганингиздан кейин яна кофирликка қайтарадилар. Сизларга Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинаётган, Унинг Пайғамбари орангизда бўлган бир пайтда, қандай қилиб диндан қайтасизлар?! Ким Аллоҳга боғланса, бас, муҳаққақки, Тўғри Йўлга ҳидоят қилинибди". (3:100-101)

Муллаларнинг айтишича, Китоб берилганлар "Аҳли китоб", яъни Таврот ва Инжилни ўқийдиганларга, яъни яҳудий ва насронийларга тегишли. Юқоридаги икки оят, мўминларни огоҳлантириб, "Аҳли Китоб"нинг баъзи тоифалари уларни куфрга оғдирмоқчи эканини билдиради. Бу ўз-ўзидан шу хулосани берадики, "Аҳли китоб"нинг қўлида Китоб бўлиши, уларга мусулмонлар ишониши ва улардан кўчирмалар олиши куфрга олиб бориши мумкин. Шунинг учун ҳам, бутун Қуръонни нозил қилиш зарурати туғилган (3:101). Қуръон мўминларни бундай огоҳлантирганидан кейин, Пайғамбар Библиядан кўчирма олиб, уни ўз ҳадиси ва суннати дея ўргатган бўлиши мумкин эмас. Қуръон бир нарсага буюриб, Расул унинг аксини ўргатган бўлганида, ўз-ўзини фош қилган бўларди.

Мен шу ўринда, Қуръон илоҳий каломми-йўқми, унда Раббнинг исми Аллоҳми, Худоми ёки Элоҳимми каби баҳсларга кирмоқчи эмасман. Қуръондаги "Аллоҳ" ва Библиядаги Худо тасаввуридан фарқ қилишини кўришингиз мумкин. Қуръондаги Аллоҳ сизни ритуаллар учун жаннатгаям, дўзахгаям юбормайди, бир кеча-кундузда беш маҳал намоз ўқишингизниям истамайди.

Мусулмонлар Қуръонга кўра яшаймиз, дейишади. Уларга шуни исботламоқчиманки, улар Қуръонга кўра яшаётганлари йўқ. Улар муллалар тарафидан Библиядан кўчирилган уйдирмаларга кўра яшамоқда, ва мусулмонлар Қуръонга қайтишлари керак, шуни билишларини истайман. Уларнинг ягона нажоти Қуръон бўлади. Расулнинг айтадиган сўзлари Қуръонда ифода этилган:

"Албатта, бу шарафли Расулнинг қавлидир".(69:40)

"Қавли" нутқи демакдир. Қуръонда Расул айни пайтда Набий (Пайғамбар) ҳамдир. Шунинг учун баъзан мен "Расул деди:" дея давомида Қуръон оятларини келтираман. Қуръон буни Илоҳий қонунларни тасдиқловчи Китоб ёки Мезон эканини таъкидлайди, Тўғри ва Ботилни айирувчи "Фурқон" дейилади.

"Оламларга огоҳлантирувчи бўлиши учун ўз бандасига Фурқонни нозил қилган Зот энг баракотлидир". (25:1)

Бир китобнинг тўғри эканини фақат унинг саҳифаларидаги маълумотлар тасдиқлаш мумкин, бу оддий ва тушунарли мантиқ. Масалан, аёл зотига алоҳида ва такрорий мурожаатлар қилиш орқали Қуръон шуни таъкидлайдики, Аллоҳ инсонни бир хил аслдан (нафси-воҳида) яратган, бу бир хил асл оятда аёл жинсида (муаннас) зикр этилади. Бу аслдан инсон турининг барчаси, кўплаб эркак ва аёллар яратилган.

"Эй инсонлар, Раббингизга тақво қилинг; У сизларни бир хил аслдан (мин нафсин-воҳидатин) яратган ва ундан (мин-ҳаа) унинг турдошини (заужа-ҳаа) яратган, сўнгра кўп эркак ва аёлларни тарқатган". (4:1)

Араб тилида сўзлар эркак ва аёл жинсига эга (музаккар ва муаннас). Қуръондаги бу оятда аёл жинси тўрт маротаба зикр этилади, яъни 1)"нафсин 2)воҳидатин", 3)"заужа-ҳаа", 4)"мин-ҳаа", бу к алималар аёл жинсига оид.

Оятда эркаклар (рижол) ва аёллар (нисо) алоҳида зикр қилинади. Демак, аёл жинсидан бўлган нафс сўзини ишлатиш қасддан қилинган. Қуръонда ҳеч бир оятида Аллоҳ аёлни эркакнинг қовурғасидан яратдим демаган. Аёл эркакнинг қовурғасидан яратилган деган гап Библиядан кўчирма, ва муллалар томонидан ҳам ҳадисларга киритилган. Муллалар Библия ҳикояларини такрорлайди холос.

Аввало, ибн Аббос ва Ибн Масъуддан ривоят қилинган ҳадисни келтирамиз. Аёл киши эркакнинг қовурғасидан яратилгани ҳақидаги ҳадисни, жумладан, ФахрудДин ар-Розий, Исмоил ибн Умар Ибн Касир ва Ал-Фадл ибн Ал-Ҳасан Ал-Тобарсий ўз асарларига киритган.

"Худо Иблисни жаннатдан чиқариб, Одамни жойлаштирди, у у ерда ёлғиз ўрнашди ва у билан мулоқот қилиш учун ҳеч ким йўқ эди. Худо унга уйқу юборди, кейин у чап томондан қовурғани олди ва гўштини ўз жойига қўйди ва Ҳаввони яратди. У уйғониб, бир аёл унинг бошига яқин ўтирганини кўрди.
"Сен кимсан?" сўради у.
"Аёл".
"Нега яратилдинг?"
"Менда ҳузур ва сукунат топишинг учун".
Фаришталар деди: "Унинг исми нима?"
Одам деди: "Ҳавво".
Улар: "Нега Ҳавво?"
"Тирик жондан яратилгани учун", деди.

Бу ҳадис қуйидаги Библия оятларини қанчалик эслатишига эътибор беринг:

"Лекин ҳамон одамга муносиб шерик йўқ эди. Шу боисдан Парвардигор Эгамиз уни қаттиқ ухлатиб қўйди. Одам ухлаб ётганда, Худо унинг қовурғасидан биттасини олиб, ўрнини беркитиб қўйди. Парвардигор Эгамиз одамнинг қовурғасидан хотин кишини яратди ва уни одамнинг олдига олиб келди. Шунда одам айтди: "Ниҳоят, бу менинг суякларимдан пайдо бўлган суякдир, Менинг этимдан яралган этдир. У Хотин деб аталгай, Чунки у эркакдан яратилгандир". Шунинг учун эркак киши ота– онасидан бўлак бўлиб, хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар". (Ибтидо 2:20-25)

Бу Библия ҳикояси ҳам, муллалар ҳадиси ҳам Қуръонда йўқ. Шунинг учун ҳақ ва ботилни айирувчи Мезон яъни Фурқон яъни Қуръон, бу иккала қиссани ҳам тасдиқламайди.

Айни Библия ҳикоясининг яна бир Бухорий версиясини келтирамиз.

Абу Ҳурайра ривояти: "Расулулоҳ деди: "Аёлларга чиройли муомалада бўл, чунки аёл қовурғадан яратилган, қовурғанинг энг эгри қисми унинг тепа қисми бўлади, шунинг учун уни тўғрилашга уринсанг, синади, лекин уни худди шундай қолдирсанг, эгри бўлиб қолади. Шундай экан, аёлларга чиройли муомала қил". (Бухорий 4-ж, 55-китоб, 548-ҳадис)

Шубҳасиз, бу ғайри-Қуръоний ва мантиқсиз ҳадис ҳам айни "қовурға" ҳикоясига асосланган. Абу Ҳурайрадан ривоят: "Расулуллоҳ деди: "Аёл қовурғага ўхшайди, уни тўғрилашга уринсанг, синади. Ундан фойдаланмоқчи бўлсанг, ўша эгри ҳолича фойдаланавер". (Бухорий 7-ж, 62-китоб, 113-ҳадис)

Аслида, бу китобнинг мақсади, бу кўчирма ҳадисларни баён қилиш эмас. Мезон ёки Фурқон сифатида Қуръон текширувидан бу каби "қовурға ҳикоялари" ўтолмаслигини англатиш холос. Бундай очиқ-ошкор адашувни яшириш учун муллалар янги иддаони айтиб чиқишди: "Қуръонни англаш учун Ҳадисларга муҳтожмиз", "Ҳадис Қуръонни баён этади". Бу муллача уйдирмага китобимиз давомида ҳали кўп қайтамиз.

Бухорий (вафоти милодий 870 й. дейилади) Пайғамбардан 200 йил ўтгач, унинг ҳадисларини йиға бошлагани айтилади, ўша 200 йиллик узоқ муддат давомида Библия унинг илҳом париси ёнига ўрнашиб олгани яққол сезилиб туради. Муллалар Бухорийга "Қуръондан кейинги иккинчи манба" деган статусни беради, бу статус кейинчалик уларга ақл бовар қилмас уйдирмаларни ҳам Бухорий орқали динлаштириш имконини беради.

Шунинг учун суннийлар (ва шиалар ҳам) юз минглаб "Пайғамбар ҳадиси" ижод этдилар. Бугунгача улар қайси ҳадис тўплами тўғри ва тўлиқ эканлигини аниқлаша олмайди. Масалан, муллалардан сўрасангиз, "Пайғамбар сўзлари"нинг 100% тўғри тўпламини келтира оласизми?" Ҳеч бири келтира олмайди. Бундай тўпламнинг ўзи йўқ.

Муллаларнинг ўзлари, Бухорий 600,000 ҳадисни жамлаб, орасидан фақат 3000 га яқин саҳиҳ ҳадисни (0.5%) саралаб олган деб мақтанишади. Лекин, шунга фаҳми етмайдики, демак тўплаган 600,000 ҳадисдан 99.5% яроқсиз. Деярли ҳаммаси бузилган эди. Шундан кейин, Бухорийни саватида қолган 0.5% нимага яраши сизга ҳавола.

Бу бобнинг сўнггида, Бухорий Саҳиҳ саватида қолган ўша 0.5% дан яна бир неча намуна келтирамиз: "Каламуш Исроилнинг йўқолган қабиласидир, чунки улар туя сутини эмас, балки эчки сутини ичишади". (Бухорий, Яратилишнинг Ибтидоси 2:244)

"Бани Исроилдан бир гуруҳ йўқолган эди. Улар нима қилганини ҳеч ким билмайди. Лекин мен уларни лаънатланиб, каламушга айлантирилганидан бошқани кўрмаяпман, чунки каламуш олдига туя сутини қўйсанг, ичмайди, лекин қўй сути қўйсанг, ичади". (Бухорий, 4-ж. 524-ҳ.)

"Агар бирортангизнинг ичимлигига пашша тушса, уни (ичимликка) ботирсин, чунки унинг қанотларининг бирида касаллик бор, иккинчисида давоси бор". (Бухорий 4-ж., 54-китоб, 537-ҳ.)

"Зул-Хулуса атрофида айланаётиб, Давс қабиласи аёлларининг думбалари солланмагунича қиёмат қоим бўлмайди". (Бухорий 9:88:232) "Пайғамбар маъруза қилганида бир дарахтга суяниб турарди. Маъруза қилиш учун минбар ясалганда, Расулуллоҳ минбардан маъруза қила бошладилар. Шунда ҳалиги хурмо дарахти йиғлади. Буни масжиддаги барча инсонлар эшитди". (Бухорий 2-ж, 41-ҳ.)

"Расулуллоҳ ҳузурида "Бир киши тонг отгунча ухлаб, кечаси намозга турмади", деб айтишди. Шунда Расулуллоҳ: "Унинг қулоғига шайтон сийиб қўйибди", дедилар. (Бухорий 2-ж, 245-ҳ.)

Набий деди, "Эй аёллар! Садақа қилинг, жаҳаннам аҳлининг кўпчилигини сиз аёллар эканини кўрдим… Сизлардан кўра ақл ва динда нуқсонлироқ кимсани кўрмадим". (Бухорий 2-ж. 301-ҳ.)

"… шубҳасиз, биз таом еяётиб, унинг Худони улуғлаётганини эшитдик". (Бухорий 4-ж. 779-ҳ.)

Абу Ҳурайра ривояти: Пайғамбар дедилар: "Аллоҳ таоло одам алайҳиссаломни яратиб, уни 60 қулоч бўй берди (32 метр). (Бухорий 4-ж. 543-ҳ)

Абдуллоҳ ибн Салом Пайғамбарнинг Мадинага келишларини эшитгач, унинг олдига келиб: "Мен сендан Пайғамбардан бошқа ҳеч ким билмайдиган уч нарса ҳақида сўрамоқчиман:
1. Қиёматнинг биринчи аломати нима?
2. Жаннат аҳли томонидан ейиладиган илк таом нима?
3. Нима учун бола отага ўхшайди ва нима учун она тарафга тортади?"
Пайғамбар деди: "Жаброил ҳозиргина менга уларнинг жавобларини айтди". Абдуллоҳ айтди: " у (яъни Жаброил) барча фаришталар орасидан Яҳудийларнинг душманидир". Пайғамбар деди: "Қиёматнинг биринчи аломати шарқдан Ғарбга халқни бирлаштирадиган олов бўлади. Жаннат аҳлининг илк таоми балиқ жигари бўлади. Боланинг ота-онасига ўхшашлигига келсак: агар эркак хотини билан жинсий алоқада бўлса ва биринчи бўлиб маний оқизса, бола отага ўхшайди, агар аёл биринчи бўлиб оқизса, бола она тарафга тортади." (Бухорий 4-ж. 546-ҳ.)

Ҳатто тўққизинчи асрда Арабистонда олим ҳисобланган катталар ҳам бундай аҳмоқликларни қаламга олиши, кейинчалик (ҳатто бугун ҳам) бу ҳикояларни Пайғамбар сўзи деб тасдиқлашни талаб қилиши ҳайратга солади одамни.