«Булардан-да золимроқ ким бор?»
«Аллоҳга қарши ёлғон тўқийдиган кимсадан ҳам золимроқ ким? Ана ўшалар Роббиларига рўбарў қилинурлар ва гувоҳлар: «Анавилар Роббилари шаънига ёлғон гапирганлардир» дерлар. Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг лаънати золимларгадир. Улар Аллоҳнинг йўлидан тўсади ва унинг эгри бўлишини хоҳлайдилар ҳамда улар охиратга куфр келтирувчи кимсалардир». (Ҳуд:18-19)
Бу оят Аллоҳга қарши ёлғон тўқиган кимсалар ҳақида.
Улар кимлар бўлиши мумкин?
Албатта, булар Аллоҳнинг айтганларини айтмаган қилиб етказувчи ва яна Аллоҳнинг айтмаганларини — айтган қилиб етказувчилардир.
Бу ишни инсон билмасдан қилиб қўйиши ҳам мумкин, билиб туриб қилиши ҳам мумкин.
Бу иккиси ҳам айни иш бўлиб, иккала ҳолатда ҳам ёлғон тўқиш барибир ёлғондир. Бўлиб ҳам ёлғон кимга қарши бўлмоқда? Фақат ҳақни сўзловчи Зотга — Аллоҳ таолога — қарши.
Бундан ҳам золимроқ ким? демоқда Аллоҳ таоло булар ҳақида.
«Аллоҳнинг лаънати — золимларгадир» демоқда Аллоҳ.
Золим — алоҳида бошқа бир сифат. Аммо «золимроқ» деган калима, Аллоҳнинг лаънатига сазовор бўлган кимсага очиқ нисбат қилинаётган сифатнинг бошқа оддий золимлардан ҳам ёмонроқ, бадбахтроқ экани айтилмоқда. (Гўёки «ана у золимдан ҳам золимроғи — мана буниси» дейилгандай).
Ҳаётдаги золимлик одамларни одамларга нисбатан ҳақ-ҳуқуқларида ҳам бўлади.
Улар ҳақида «золим» дейилмоқда, аммо ўша золимлардан ҳам баттарроқ золимлар бор — бу Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсалар. Ёлғон тўқиш — Унинг (Аллоҳнинг) оятларини билиб-билмай ўз манфаати йўлида ишлатиш, оятларни суистеъмол қилишдир. Бу ишни кофир қилмайди, чунки у Аллоҳга иймон келтирмаганидан кейин, Аллоҳ ҳақида бирор гап айтмайди. Аммо Аллоҳга ёлғон тўқиш учун Унинг каломини ўқигани ҳолда, Уни танигани ҳолда, айнан оятларни бузиб ўз манфаатига ишлатувчилар, инсонларга бу оятларни бузиб етказувчилар — булардан ҳам золимроқ кимса йўқдир.
Ана ўшалар маҳшарда Роббига рўбарў қилинадилар, малаклардан бўлмиш гувоҳлар эса, ўша золим кимсаларни кўрсатиб, «Мана булар Роббилари шаънига ёлғон гапирганлардир» дея гувоҳлик берадилар ва «Аллоҳнинг лаънати мана шу золимларга бўлсин, улар инсонларни Аллоҳнинг ҳақ йўлидан тўсиб, адаштирганлар ва Аллоҳнинг йўлини эгри қилишни ҳоҳлаган кимсалар мана шулардир» — дейдилар.
Аллоҳ таоло ўз каломининг инсонларга нақадар соф етиб боришини истаётганини сезяпсизми?
Аллоҳ таоло ўз каломининг бузилишига нақадар ғазаб-ла уларни «улардан ҳам золимроқ ким бор?» деётганини фикр қиляпсизми?
Инсон хоҳ оятдан гапирсин, ҳоҳ саҳиҳ ҳадисдан гапирсин — гап дин ҳақида бўлади, гап Аллоҳнинг каломи ҳақида бўлади, гап Унинг оятлари ва улардаги ҳақлик ёки ноҳақлик ҳақида бўлади.
Оятни-ку, биз инсонлардан истак ва иродаси очиқ-ошкор.
Аммо саҳиҳ ҳадиснинг истаги, унинг ривоят қилинишдан мақсади нима? Албатта ҳадис — Қуръондан гапиришдан келиб чиқади-ку?! Диндан ундаги буйруқ ёки қайтариқлар ҳақида ва ёки Қуръонда билдирилган ҳабарнинг шарҳи, баёни, тафсири, бўлиши лозим.
Қуръон нозил бўлмаса, Расулнинг ҳадиси қаердан келган бўларди? Нима ҳақда ҳам бўлиши мумкин? Оддий инсон насиҳатлари — ҳар доим ҳам турли шахслардан сўзлаб келинади.
Энди, агарки ҳадис ҳам Қуръонга нисбатан айтилар экан, у албатта Қуръонда ўз тасдиғини топиши (айнан сўзма-сўз демоқчи эмасмиз, кўплар буни нотўғри тушунмасин), тасдиқланиши лозим бўлади. (Мисол тариқасида, масалан Қуръон: «Барча пайғамбарлар ўлади, сен ҳам ўласан, биз уларни (пайғамбарларни) хеч бирига абадий ҳаёт берганимиз йўқ» (Анбиё:8) деб хабар берса, орқасидан ҳадис: «Исо а.с. — тирик, у осмонни фалон ерида, яқин замонда қайтиб келади» деса, буни қандай тушуниш мумкин? Қуръон ёлғон гапиряптими ёки ҳадисми? Албатта, Қуръон рост сўзлагувчидир. Расул с.а.в фақат рост сўзни сўзлаган пайғамбаримиздар, аммо хато — у кишини номидан сўзлагувчи кимсадан бўлмоқда (Аллоҳ сақласин ва кечирсин) ва ҳоказо шунга ўхшаш кўплаб ҳадислар борки, Қуръон оятларига соя солади).
Юқорида айтиб ўтдик, у ишни инсон билиб туриб қилиши ҳам мумкин, билмаган ҳолда қилиши ҳам мумкин. Билиб туриб қилиш қандай бўлади? Билиб туриб қилиш — Қуръон маъноларини яхши тушунадиган, оятнинг маъно ва мақсадидан хабардор, унинг кимга ва нимага қаратилганини яхши тушунган, илмли одам қилади. Аммо ўз нафсига, ҳирсига қул бўлгани учун — уни арзон қийматга бўлса-да, ўзининг дунё ҳаётини обод бўлиши учун қилиб қўяди, бошқача қилиб айтганда, илмга ворис бўлгани ҳолда, уни суистемол қилади. Ўз иймонига ва виждонига қарши бўлса-да, нафсига ёки ўзидан бошқа бир махлуққа қул бўлган инсон қилиши мумкин. Ҳақиқатан, бундан-да золимроқ ким бор?
Билмаган ҳолда қилиб қўйиши мумкин, (яъни оятнинг маъно ва мазмунини хато тушуниш ёки илми етмаслиги сабаб ёки хато манбага таянган ҳолда — ўзи текшириб билишга ожиз-у, аммо ўша хатони давомчиси ўлароқ етказади, тарқатади, ҳисса қўшади ва барча золимлардан ҳам баттарроқ золимроққа айланади. Бу ўша Қуръон оятига маъноси зид бўлган ҳадисни ривоят қилишда давом этаётган кимса бўлади (Аллоҳ бундан сақласин!)
Шунинг учун ҳам оят ёки ҳадис бўлсин, Аллоҳ ва Расули шаънига нисбатан сўз сўзлашда — золим бўлиб қолишдан, бошқа золимлардан-да баттарроқ золим бўлиб қолишдан қўрққан ва хушёр бўлгани ҳолда сўз сўзлашга Аллоҳ таоло бизларни буюрмоқда, огоҳ қилмоқда.
Аллоҳ таоло барчамизга ҳақни сўзлашни насиб этсин, ва «бундан-да золимроқ ким бор?» дейиладиган кимсалардан бўлиб қолишдан Ўзи асрасин.