quranonly
May 1, 2021

Қуръонда “Тепадагилар” ва “Пастдагилар” (1)

Ибн Халдун (вафоти 1406 й.) олти аср муқаддам “Шу пайтгача бутун тарих Бадавийлар билан Ҳадарийларнинг курашидан иборат” деганди.

Аслида бу, кадимги диний матнларнинг – Авестонинг, Тавротнинг, Инжилнинг ва Қуръоннинг – урғулаганини янгидан ифода этишдан бошқа нарса эмас. Ҳадарийлар – Тепадагилар, Бадавийлар эса пастдагилар демакдир. Ибн Ҳалдунга кўра, бу мужодалада бир тоифадан бошқасига ўтишда асосий омил – Мулк ва унга эгаликдир. Яъни бойлик ва иқтидор эгалари (Тепадагилар) ва булардан бенасибларнинг (аниқроғи, Тепадагиларнинг зулмига дучор бўлганларнинг – Пастдагиларнинг) азалий мужодаласи…

“Уммати воҳида” (синфсиз жамият), Мулк (бойлик ва иқтидор) амбициялари сабабли парчаланиб, синфларга айрилишидан бери тўхтовсиз давом этаётган мужодаладир бу.

Ушбу матнда, мазкур азалий мужодаланинг ҳар икки тарафига Қуръон нуқтаи назаридан қарашга уринамиз. “Тепадагилар” ва “Пастдагилар” дейилган икки синфга Қуръон нима дейди, қандай баҳо берайди, уларни қайси ўлчовга кўра таснифлайди, каби саволларга жавоб топишга уринамиз.

Ва натижада шуни кўрамизки, бу ажрим негизидаги ўлчов – тил, дин, ирқ, эътиқод, ранг, минтақа, жинс ва ш.к. эмас, балки биргина Мулк (бойлик ва иқтидор) билан боғлиқдир. Мулк эгалари Тепадагилар, уларнинг зулмидан чирпанаётганлар эса Пастдагилар бўлади. Бу ажримни Қуръон “Лаҳу-л-Мулк” ва “Ла илаҳа иллаллоҳ” қиличи билан кесиб отади, бир инқилобий чақириқ билан инсониятни тенгликка чақиради.

Тарих бўйича, барча пайғамбарларнинг даъватида бу ўлчов ва бу чақириқ ҳеч қачон ўзгармаганини кўрамиз.

Мусулмон, муъмин, мунофиқ, кофир, золим, ҳаққ, ботил, адолат, тавҳид, ширк каби сифатларнинг берилиши ҳам, Фиръавн, Намруд, Қорун, Ҳомон каби тарихнинг қораюзлари ҳам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо, Муҳаммад алайҳимус-салом каби тарихнинг ёруғ юзлари ҳам, Зулқарнайн, Асҳоби Каҳф, Асҳоби Уҳдуд каби қиссалар ҳам доим мана шу “Тепадагилар” ва “Пастдагилар”ни англатиш учундир.

Бу қиссаларга “Мулк” (бойлик ва иқтидор) муносабати нуқтаи назаридан қаралса, асл маъно конкретлашади. Акс ҳолда, абстракт бир теологик, эътиқодий, каломий жумлалар бўлиб қолиб кетаверади. Қуръон реалист бир ҳаёт китоби бўла олиши учун, тепадагиларни ва пастдагиларни “Мулк” тамалида янгидан кўздан кечириш ва таҳлил этиш шарт бўлади.

Бу борадаги Қуръоний атамаларни бирма-бир санаб ўтамиз. Аввало “Тепадагилар”дан бошлайлик.

***

АҒНИЁ: “Ғаний”нинг кўплик шакли, яъни “Бойлар” демакдир. Ўзаги “ғино” – бойлик ва эҳтиёжсизлик, “ғаний” – бой, муҳтож бўлмаган, пулдор, бадавлат, “истиғно” – эҳтиёж сезмаслик, “мустағний” эса ўзини ҳар қандай эҳтиёждан устун кўрувчи бойлик ва давлат телбаси демакдир.

Қуръоннинг нузул тартибига кўра, “мустағний” ҳали илк сурадаёқ (Алақ:7) қаршимизга чиқади. Илк бўлишидан шуни англаймизки, кейинги сураларда келадиган “Тепадагилар” ҳақидаги барча оятлардаги маъно қуйидагича: Мустағний ўз бойлиги билан ҳаддидан ошади, қуллигини рад этади ва раббликни даъво қилади (Тоғут), ўз бойлигига суяниб, кибрланади (Мустакбир), инсонлар устидан амр, таъқиқ ва ҳукмлар қўйиб зулм қилади (Золим), ўз мулки билан ширк келтиради (Мушрик), ҳукмронлик ўрнатишга ҳирсли (Жабаррут), ўз бойлиги билан ғурурланади (Мағрур), ўзидаги бойликдан муҳтожларга ҳам беришни, улар билан бўлишишни инкор этади (Мункир), ўз бойлигида муҳтож ва маҳрумларнинг ҳам ҳаққи борлигини йўқ санайди (Мулҳид)…

Бутун буларнинг негизида “ғино”ни, бойликни, моддий ресурсларни ўз қўлида тутиши ётади. Шу сабабли, Қуръон мол-мулкни фақат бойлар (Ағниё) қўлида айланиб турувчи бир “давлат” бўлиб қолишини рад этади (Ҳашр:7). Яъни бойликнинг бир давлат ҳолига келишини ёки давлатнинг бир бойлар клубига айланишини рад этади. Бундай ҳолатда бойлар (ағниё), Аллоҳнинг яратган ризқ ва унинг манбаларини (ишлаб чиқариш воситаларини) бир шаклда қўлга киритиб, “пастдагиларни” ундан мосуво этувчилар, “пастдагилар” билан “тенг” ҳолга келишдан худди “Арслон кўрган эшакдай қочадиган” аҳволга тушади.

Бойлик, Қуръонда ҳеч бир оятда ижобий маънода зикр этилганини, мақталганини, унга ташвиқ этилганини кўрмаймиз.

Ағниё калимаси бугунги кунда ишлаб чиқариш воситаларини қўлга киритган, ўз хусусий мулкига айлантирган молия соҳибларига, сармоядорларга, капитал додаларига мос келади.

МАЛАЪ: “Тўлишган ҳолга келган” демакдир. Ўзак ўлароқ 1) Бир нарсани тўлдирмоқ, 2) Йўлга кирмоқ, йўлда юрмоқ демакдир…

Тўлмоқ (имтилоъ), тўлишмоқ, тўла, тўйинган, тўқ, эт битган (мумталиъ) биринчи маънода; югурмоқ, тез юрмоқ (малв), кенгаймоқ (мулув) иккинчи маънода келади…

Демакки, Малаъ – бойликка тўлган, мол ва мулк билан шишган, бойлик ва иқтидорни қўлга киритиш ва у билан ҳукмронлик ўрнатиш йўлида югуриб-еладиган, ҳаётининг бутун маъно ва мақсадини мана шунга айлантирган демакдир. “Малаъул-қавм” шаклида Қуръонда кўп марта келади.

Малаъ калимаси бугунги кунда, бир ўлканинг сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий мулк (бойлик ва иқтидор) эгаларига мувофиқ келади.

МУТРАФ: “Тўкин-сочин неъмат ва ҳашаматли ҳаёт ичида бўлган” демакдир. Тўкин-сочинлик ичида, ҳашаматга берилиб (тараф), комфорт ва люкс ичида ҳаёт кечириш, неъматлар денгизида сузиш (татарруф), комфорт, роҳат-фароғат, калималари яқин маъноларни англатади… Демакки, мутраф бир жамиятда роҳат-фароғат ва комфортдан талтайган, демакдир… Қуръонда кўп зикр этилган Малаъ-и Мутраф – “Қавмнинг бойликдан талтайган пешволари” дегани бўлади.

Мутраф калимаси бугунги кун учун, давлат хазинасидан еб-ичувчи оилалар, “элита”, люкс ва ҳашамат ҳаёти кечирувчи доиралар ва уларга ялтоқланган гуруҳларга мувофиқ келади.

МУСРИФ: “Исроф этгувчи” дегани. Қавмнинг бойликдан талтайган пешволари (тепадагиларнинг) бошқаларнинг (пастдагиларнинг) меҳнатидан ўғирлаганини совуришидир. Бошқадан ўғирлангани учун ҳам кимнинг моли, кимнинг ҳаққи экани парвосига ҳам келмайди.

Бизнинг тилда “исроф этмоқ” дегани, ўз меҳнати билан топилгандан кераксиз ўринга сарфлашни ифода этса-да, Қуръонда “Исроф” бу маънода эмас. Аксинча, бошқаларнинг ҳаққидан ўғирлаб, уни совуриш маъносидадир.

Ўз меҳнатидан кераксиз сарфлашга эса Қуръонда бошқа калима – “табзийр” ишлатилади. Табзийр – лузумсиз сарфлаш демакдир (Исро:26). Шундай экан, “Енгиз, ичингиз, исроф этмангиз” дегани, “Ўз меҳнатингиз билан қозонганингизни енгиз, ичингиз, аммо бошқаларнинг меҳнатини, бошқаларнинг ҳаққини емангиз”, бошқача қилиб айтганда, Малаъи-Муртафнинг қилганини қилмангиз, бундан тийилингиз, деганидир.

Қуйидаги оятда ҳам “исроф” ушбу маънода келади:

“Етимларга то никоҳ ёшига етгунларича кўз-қулоқ бўлинглар. Ўз нонини ўзи қозонадиган ёшга келганини кўрганингизда, молларини ўзларига топширинглар. Улғайганда, уларга қолади, дея молларини масъулиятсизча (“исроф”) ейишга ўтманглар” (Нисо:6).

Бу ерда “исроф” ўз молини совуриш эмас, бошқаларга тегишли бўлган молни ўз қўлига киритиб, ҳаржамоқ маъносидадир.

“Улар инфоқ этганларида на исроф, ва на ҳасислик қилурлар” (Фурқон:67) Бу дегани, на бошқаларнинг молидан совурурлар, ва на ўз киссаларини қисарлар, иккисининг орасида бир мўътадил йўл тутарлар, ўз пешона тери билан ишлаб топганларидан инфоқ этурлар дегани…

Қуръон Фиръавнга ва Макканинг мулк эгаларига доим “Мусрифлар” дейди. Бу ерда мусриф деркан, “кераксиз сарф-ҳаражат қилишарди” дейилаётгани йўқ. Аксинча, “Пастдагилар”нинг меҳнатидан, ҳаққларидан ўмарганлари, халқни талон-тарож қилиб бойигани учун қораланмоқда…

Мусриф, бугунги кунда (худди турклардаги “Бошқани моли денгиз, ким емаса тўнғиз” иборасидаги каби), халқнинг манфаати учун дея халқдан тўпланган давлат бюджети ва фондлардан ўмариб, ўзлаштирувчиларни ифода этади.

КОНИЗ: “Тўпловчи, йиғиб ғамловчи” демакдир. Калиманинг ўзаги бўлган “Канз” – молни йиғмоқ, ғамламоқ, ҳазина қилмоқ маъносини беради. Қуръон олтин ва кумушни (бугун пулни) канз этувчиларни шиддат-ла қоралайди ва ғамлаганлари қиздирилиб уларнинг пешоналарига, томоқларига, қоринларига тамғаланиши мужда қилинади. (Тавба:34).

Бугун учун Кониз, эҳтиёждан ортиқ пул, мол, ер, бино ва ш.к. хусусий мулкият ғамловчиларга мувофиқ келади. Умумият-ла бойлик ва иқтидор эгасининг, яъни “Тепадагининг” тутган йўли. Ғамлаб на инфоқ этади, ва на бирор ишга яратади, фақат ўз шаҳсий мулки ўлароқ тутиб тураверади. Мана шу канз бўлади, ва эгасини оташда ёқади.

Қуръонда кониздан исталган нарса – пастдагиларни пастдан чиқариш, ўзи ҳам улар ёнига тушиб, ўрта бир ерда улар билан тенг ҳолга келгунча инфоқ этмоғидир, аммо кониз эса фақат пастдагилар билан ўртадаги бой-камбағал тафовутини давом эттириб, тўплаган бойлигининг бир четидан томдириб бериб туриш холос. Чунки орттирган ва ғамлаганларини ўша пастдагиларнинг ҳаққидан қўлга киритган. Бошқа йўл билан ҳеч қачон канз тўплаш имконсиздир (бой бўлинмайди).

МУРОБИЙ: “Рибохўр” демакдир. Ўзак ўлароқ “рибо” (судхўрлик), “ўсиш ва ортиш”, “тепа ҳолига келиш” маъносидадир. Тепадагиларнинг энг муҳим сифатларидан. Судхўрлик орқали пулдан пул кўпайтиришади. Бошқаларга қарз бериб, “ортиғи билан” олади ва тепа каби йиғади. Шу билан мол ва бойлик тўплайди. Бу йўл билан пастдагиларни симиради, қонларини эмади. Қуръонда бошқа ҳеч бир нарса учун Аллоҳ ва Расулидан “уруш” эълон қилинмаган, биргина Рибо егувчиларга эълон қилинган (Бақара:279)

Уруш, умумият-ла, мудофаа мақсадида унга “изн” берилган. Масалан, зулмга учраганларга, юртларидан чиқариланларга Аллоҳ йўлида урушишга “изн берилди” дейилади. Бироқ, ўртадаги масала Фоиз ва Рибо бўлиши биланоқ, уларга уруш очилади, ва бу урушни Аллоҳ ва Расули очади! (Бақара:275). Рибо егувчилар худди шайтонланган одамлардай турғазилади. Бунга сабаб, уларнинг “Тижорат ҳам худди Рибо кабидир” дейишларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган.

Бугунги кунда Рибо глобал капитал, унинг маҳаллий муттафиқлари бўлмиш судхўр банклар ва молия системасига мувофиқ келади…

***

Тепадагилардир – мана шулар…

Уларнинг тили, дини, ирқи, ранги ва минтақаси муҳим эмас. Муҳими, ҳаёти бўйича пастдагиларнинг қонини эмиб, симиради, фақат шундагина яшай олади. Аллоҳининг муроди эса, Пастдаги эзилганларни (мустазъафларни) тепадагиларнинг ўрнига чиқариш, ўртада тенгликни таъминлаш, ва шу билан яратгани ризқ ва ризқ манбаларини одилона тақсимлашдир. Пайғамбарларнинг ҳаётда амалга оширгани ҳам айнан мана шу, Тепадагиларнинг қўрқиб қарши чиққани ҳам мана шулардир.(Қасас:5).

Матннинг кейинги қисмида “Пастдагилар” ҳақидаги баҳс юритамиз.

http://kemalyoldash.com