October 24, 2022

[UZ] ISLOM va AYOL 3/5

Дунёнинг қаерида бўлмасин, қиз дунёга келган туғилган оила ва жамиятдаги шароитлар, қиз боланинг шахсиятини ва ҳаётга кўзқарашини шакллантиради. Унинг болаликдаги кечинмалари унинг катта ёшдаги ҳаётини, ва ҳатто ижтимоий ҳаётдаги ўрнини белгилайди.

Ота-онаси, қариндошлари ва теварак-атрофидан эшитганлари асосида боланинг дунёқараши шаклланади.

Ёшлигида олган таълими, тинглаган ҳикоялари, диний ҳукм ўлароқ берилган насиҳатлар, анъанага айланган муомала қолиплари унинг шахсиятини барпо этади.

Хўш, Ислом минтақларида ёки мусулмон оиласида ўсган қиз жинсияти билан боғлиқ қандай қабуллар билан ўстирилади? Келажак умри мобайнида онгидаги асосларни ташкил этувчи диний ҳукм ва ривоятлар унга қандай таъсир қилади?

Аёл зотининг яратилиши ҳақидаги хайратомуз ривоятларни, фильмимизнинг биринчи қисмида Қуръон ҳукмлари доирасида кўриб чиққан эдик.

Қуръонга кўра, динлаштирилган урф-одатларнинг аксига, аёл ўз яратилишида эркакдан ҳеч қандай ноқислиги йўқлиги ҳақида мутахассис олимларнинг жавобларини келтирдик.

Бироқ, биз учун энг муҳими, муслима аёлларнинг болаликдан ўсмирликка, балоғатга ўтишда нотўғри ҳукмлар ва хурофий анъаналар туфайли дуч келадиган қийинчиликларига холис баҳо берилиши.

Фильмимизнинг ушбу қисмида, бир муслима қизнинг ўсмирликка, унинг ортидан балоғат ҳаёти сари йўлини кузатишда давом эттирамиз. Бу йўлда унинг қаршисида чиқадиган оғир тўсиқ ва чекловларни мавзу қилиб оламиз.

(Э) “Исломда аёлларни хатна қилиш бордир”.

(Э) “Аёллар хатнаси деганимиз – аёл жинсий аъзосининг фақат кичкина парчасинин кесиб ташлашдан иборат холос. Аёл эрга тегишидан олдин ҳеч қандай муаммога дуч келмаслиги учун, бу анъанани амалга ошириш ўта муҳим".

(А) “Аёллар мактабга бориб, яхши таълим ололмайди; уларнинг эркин ҳаёт ҳақида гапириш деярли имконсиз; айниқса Толибон ва ИШИД келганда, аёллар ўз уйларидан чиқолмай қолдилар, улар ҳатто таълим ололмайдиган бўлдилар".

(А) “Гувоҳликда бир эркак икки аёлга тенг; аёллар ақллари билан эмас ҳиссиётлари билан қарор бергани боис, бир эркак икки аёлга тенг; аммо эркаклар ҳар доим ақли билан ҳаракат қилишади, ҳис-туйғулари билан эмас”.

(А) “Шариатга кўра қизларни тўққиз ёшида эрга бериш мумкин, Пайғамбар даврида қизлар 9 ёшида эрга берилган, ва шундан буён шариатда шунақа”.

БОШЛОВЧИ:

Бу тўсқинлик ва машаққатларга тааллуқли бизнинг биргина саволимиз бор: AЁЛЛАРГА НИСБАТАН УШБУ ДИСКРИМИНАЦИОН ҲУКМЛАР АЛЛОҲНИНГ ҲУКМЛАРИМИ? ЁКИ ИНСОНЛАРНИНГ ЎЗЛАРИ ИЖОД ЭТГАНЛАРИМИ?

Мусулмон қизлар ҳали кичик ёшлардаёқ дуч келадиган илк ихтилофи мавзу – таълим олиш ҳақлари. Мусулмон аёллар келгуси ҳаётинини тўлақонли таъминловчи бу ҳаққа етарлича эгаларми?

Ёки улар бу соҳада гендер камситилиш сабабли эркаклардан орқада қолдирилмоқдами?

Қиз болалар мактабга бормасин, дин дарсидан бошқа билимлар ўрганмасин, ва бу таълим доирасида ишламасин деган диний ҳукм борми?

Беш-олти ёшидан эътиборан бошланғич синфда ўқишини, Ислом ҳукмларига кўра қандай баҳоламоқ лозим?

қизлар мактабга бориб билим олиши керакми? ёки баъзи радикал тоифалар айтганидек, уйда беркинсинми?

ANNE DIJK:

“Aёлларга ёзишни ўргатманглар! Уларга фақат Нур сураси ва тўқиш-тикиш ўргатинг”, дейилади ҳадисда.

Хайратда қолади одам, чунки ҳамма нарсага тамоман тескари бу – ахир илк келган ваҳй ЎҚИ деб буюриб турган бўлса.

MEHMET SAID HATIPOGLU:

“Лаа туъаллиму ан-Нисо ал-Китоб” - аёлларга ёзиш ўргатманглар деганмиш Пайғамбар. “Уларни кўча тараф хоналарда ўтқизманг”. Ҳозир ҳам бу ҳадисни энг саҳиҳ санаб юрган уламоларимиз бор...

Ҳаким Термизий айтадики, “Агар сиз аёлларга ёзишни ўргатсангиз, бу ташқарида эркаклар билан осон мулоқот қуришига йўл очади. Кўчага яқин хоналарга ҳам ўтқизманг, чунки у қош-кўз ишорати билан ҳам мулоқот қилиши мумкин, энг яхшиси – ҳибсхона ҳаётида тутиш” деган маънода талқин этади.

Аммо Пайғамбаримиз бундай дейишлари мумкинми-йўқми текшириб кўрсак, бу ҳадиснинг илмдаги номи билан – мавзуъ, яъни уйдирма ҳадисдир.

HIDAYET TUKSAL:

Ўрта Асрларда баъзи насроний руҳбонларнинг фатволари бор: аёллар юқори қаватларда ўтирмасин, ўқиш ва ёзишни ўргатманглар, фақат диний таълим олсинлар каби фатволар. Яъни, ор-номусли аёл бўлсин, хато ва гуноҳлардан тийилсин орзуси бор, ва бунга эришиш учун уни илм ва мулоқотдан, кўчадан узоқ тутиш керак деган тасаввур бор. Бу тасаввурнинг биздаги мусулмон олимларга ҳам таъсири ўтган.

ŞABAN ALI DUZGUN:

Расулуллоxга нисбат қилинган ривоятларда аёллар мавзуси қандай, деган саволга Қуръондан қисқа жавобим бор, шу етарли.

“Йастафтунака фин-Нисаа, Қул – Аллоҳу йуфтийкум фиҳинна” – “Аёллар ҳақида сендан фатво исташади, айт: Аёллар ҳақида фатвони Aллоҳ беради”.

ASMA AFSARUDDIN:

Эркак ва аёлларнинг таълим олиши – диний буйруқ. ҳам бир мусулмон эркак ва муслима аёл солиҳ ва солиҳа шахсият бўлиш учун, таълим олишда бирдек ҳақ-ҳуқуқ ва имконга эга бўлишлари керак.

БОШЛОВЧИ:

Қуръон, эркакми-аёлми бундан қатъи назар барчани очиқ тарзда, ўқишга, ақл юритишга ва илм олишга ташвиқ этади.

Шунга қарамай, баъзида қизларни таълим ва тарбиядан узоқ тутишади.

Бундан ташқари, қиз болаларни эрта турмушга бериш – яна бир муҳим муаммо. Мажбуран, танлов ҳаққи берилмасдан, қизларни турмушга бериш ҳолатлари, мусулмон минтақаларда ҳозир ҳам кўплаб кузатилмоқда.

Қиз болаларни эрта ёшда никоҳлашни диний жиҳатдан оқловчиларни оммавий ахборот воситаларида тез-тез учратиш мумкин.

Хўп, асл ҳақиқат ростан ҳам шундайми?

Ислом динига кўра, норасида қизларни эрга бериш мумкинми?

Муҳаммад Пайғамбар Ойшага ҳали вояга етмаган ёшида уйлангани ростми?

Турли ўлкалардан мусулмонларга бу саволни берганимизда, мавзуга доир умумий тасаввур қандай эканини англаш мумкин:

(Э) “Пайғамбаримиз Ойшага уйланганида, Ойша 9 ёшда эди”.

(А) “Бугун баъзи минтақаларда қизларни 12-13 ёшида, ҳали вояга етмай туриб турмушга мажбурлашади".

БОШЛОВЧИ:

Бироқ, бу масалада узоқ йиллар илмий изланиш олиб борган мутахассисларнинг фикрлари, умумий қабуллардан тубдан фарқли:

HASAN ONAT:

Ойша ҳақида тортишувлар одамларни чалғитиб келади. Эмишки, 5 ёш 6 ёшида никоҳланиб, 9 ёшида тегибди, ва ҳ.к. Буларни бирма-бир текшириб чиқиб тасдиқлаш имкони бугун йўқ. Бу ҳақда 100 фоиз у ёқда турсин, 51 фоиз ҳам ишонарли маълумот йўқ. Бу тортишувлар аслида Пайғамбарни ҳурматига зарар беради холос.

MOHAMMED EMAARA:

Ойша онамиз никоҳланганида 9 ёшда эди деган ҳикоялар бор, аммо айни пайтда 18 ёшда эди деган тадқиқотлар ҳам бор. Ислом ҳукмларига кўра, эркак ва аёл вояга етмай туриб никоҳланиши мумкин эмас.

MELISSA AKHIR:

Ал-Азҳар Университети Тиббиёт факультети, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда “Исломда ёш болалар" мавзусида тадқиқот олиб борди. Тиббиёт факультети болаларнинг мия ва психологик ривожланишини ўрганиб чиқди. Натижада Ал-Азҳар Бош Муфтийси “Никоҳ ёши камида 18 ёш бўлиши керак” дея фатво берди. ҳеч қандай истисноларсиз.

CANER TASLAMAN:

Пайғамбаримиз Ойша онамизга кичик ёшда уйланди, деган ҳадис нега уйдирилганини англаш қийин эмас. Афтидан, ҳадис ровийси бир норасидага уйланган эди. Ёки ўз даврининг ҳукмдори ўша норасида гўдакка уйланган эди, ва буни қонунийлаштириш учун “Пайғамбар шундай қилган”, деган ҳадис уйдирилди...

БОШЛОВЧИ:

Хўш, Қуръоннинг бирор оятидан “Норасида қизларга уйланиш ҳалол”, деган ҳукм чиқариш мумкинми? Бунга жавобан қайси оятни далил сифатида келтиришади?

FATIH ORUM:

“Талоқ” сурасининг 4-ояти билан исботлашга уринишади. Мусулмонлар Қуръонга қарши қилиши мумкин бўлган энг катта ҳақоратлардан биттаси мана шу. Aгар барча душманлар йиғилиб келса ҳам, Аллоҳнинг китобига бундай ҳақоратни қила олмайдилар.

SERVET BAYINDIR:

Талоқ сурасидаги бу оятда, “lam yahidna” дейилган, бу умуман ҳайз кўрмаганларни эмас, балки ҳайз кўрмаётганларни билдиради. ҳайз кўриш ёшида, лекин ҳайз кўрмаётган ёки маълум муддат кўрган-у, кейин ҳайз кўриши тўхтаган аёл ёки қиз ҳақида. Ўша оятни олиб, ҳали бешикдаги гўдакни турмушга беришга далил дейиш – ақлга, мантиққа, оятга ва фитратга зиддир.

ISRAFIL BALCI:

Бу оятдаги “lam yahidna” ибораси ҳеч қачон ҳайз кўрмаган ёки энди кўрмайдиган аёлларга ишора қилади. Оятга маъно берилганда эса “vallai lamma yahidna” – ҳозир ҳайз кўрмаётган, келажакда ҳайз кўрадиган қизлар деб таржима қилинган. Aслида мана шу хато таржимадан бошланган барча хато. ҳеч ҳайз кўрмаган ёки ҳеч ҳайз кўрмайдиган. Бу ким бўлиши мумкин? Бу фақат менопаузадан ўтган, ҳеч қачон ҳайз кўрмаган ёки тартибсиз ҳайз кўрган аёллар бўлиши мумкин. Бу аёлларниталоқ қилмоқчи бўлсангиз, улар ҳам уч ой идда тутиши белгиланган Қуръонда. Бу оятдан норасида қизларга уйланишга баҳона топмоқчи бўлишади. Оят эса, аксинча, норасида қизчага уйланмаслик ҳақида.

БОШЛОВЧИ:

Илоҳиётчи олимларга кўра, ёш кизчага уйланиш учун ишлатилганталоқ сурасининг 4-оятида “ҳали ҳайз кўрмаган” ёш қизчалар ҳақида сўз юритилмаган. Балки ҳайз кўрмайдиган ва физиологик бузилиш туфайли ҳайз кўрмаётган, кўролмаётган аёллар.

Яна илоҳиётчи олимларнинг фикрича, “Талоқ” сурасидан ташқари “Нисо” сурасининг 6-оятида кичик қизларни никоҳлашни таъқиқловчи яна бир ҳукм мавжуд:

ISRAFIL BALCI:

Қуръон никоxда мана бу ёш деб рақам бермайди, лекин бу ерда эътибор берсак, оятда “НИКОҲ ЧОҒИ" ҳақида зикр этади. Аввал Балоғат чоғи, кейин яна Никоҳ чоғи бор. Бу жуда муҳим жиҳат, шунинг учун оятда Балоғат чоғи дейилмаган, балки Никоҳ чоғи дейилган.

FATIH ORUM:

Бу оятда Никоҳ чоғи дея зикр қилинган. Аллоҳ никоҳ ёшини Рушд билан тенг зикр этади. Рушд – инсоннинг яхши ва тўғрини фарқлай оладиган, қўлига мол-мулк берилганда уни тасарруф эта оладиган, уни исроф қилмаслик қобилиятига эга бўлган ёшни билдиради. Aгар у Рушд ёшига тўлмаган бўлса, ҳеч ким уни никоҳланиши мумкин эмас.

SERVET BAYINDIR:

Рушд ёши дегани шу: етимлар вояга етгунларича, уларга тегишли мулкни сиз тасарруф этинг. Балоғатга етганида, агар уларнинг Рушдга етганини англасангиз, мол-мулкини топширинг. Демакки, жисмоний балоғат ёши етарли эмас. Балоғатга етгандан кейин қараймиз, унга бу мулкни берсак, пулни бошқарган тужжордек ақлли бошқара оладиган савиядами-йўқми? Aгар йўқ бўлса, кечирасиз, ҳали мулкни топшириб бўлмайди...

БОШЛОВЧИ:

Мазкур оятлардан маълум бўлишича, қизлар жисмоний жиҳатдан Балоғат чоғига етганларида, ақлий жиҳатдан Рушд чоғга етишганларида турмуш қуришлари мумкин. Бу икки шартдан бирортаси ноқис бўлса, никоҳга тўсиқ бўлади.

Бироқ, урф-одатлар динида, Қуръондаги бу мезонларга эътибор ҳам берилмаган, ва норасида қизчаларни никоҳлаш жоиз кўрилган ва никоҳланаверилган.

Aфсуски, у кичкина қизларни қурбон қиладиган ва ҳаётини даҳшатли рўёга айлантирувчи ҳукмларни амалда қўллаш давом этмоқда.

Кучли руҳий ва жисмоний таъсири бўлган болаликдан ўсмирлик чоғига ўтиш – қизларнинг энг кўп ёрдамга, дастакка муҳтож бўлган давридир.

Бироқ, бу давр ботил уйдирмалар билан ўта ЁМОН ТАЖРИБАГА АЙЛАНмоқда.

Боланинг бошдан кечирган биологик ўзгаришлар, уни эрта турмушга бериш учун сабаб сифатида кўрсатилади.

Худди ботил урф-одатлар ортидан эргашганлар, “аёллар ҳайз кунларида нуқсонли ва ибодатдан узоқ туришлари керак”, дейдилар.

Болаликдан балоғат ёшига ўтиш даврида, худди яратилиш масаласида бўлгани каби, мусулмон қизлар яна бир бор “нуқсонли, нопок ва ибодат қилиш манъ этилган” деган уйдирмаларга дуч келишади.

Бу уларнинг ўзига бўлган ишончи ва шахсиятида яшириш қийин бўлган жароҳатлар пайдо қилади.

HIDAYET TÜKSAL:

Xайз кўрган аёлларнинг кундалик диний амаллардан, ибодат жойларидан ёки баъзи таомлардан, баъзи юмушлардан узоқ тутувчи қатор талаблар кўплаб халқ ва элатларда ўрнашган, аёллар ҳам иложи борича уларга амал қилишади.

Пайғамбар замонларида ҳам, олдинги жоҳилият давридан қолган эътиқодлар бор.

Жоҳилиятда бутларга қурбонлик сўйиш маросимларида, ҳайз кўрган аёллар қатнашолмаган, яъни ибодатларидан узоқ тутилган.

Яҳудийларда бу яна-да икир-чикиригача тартибга солинган, уларда ҳайз кўрган аёл яна-да кўпроқ нарсадан узоқ туриши керак.

Ривоятларга қарасак, Пайғамбар бу жоҳилий одатларни бузишга ҳаракат қилганини кўрамиз.

MEHMET OKUYAN:

Аёлнинг дини эркакка нисбатан яримта деган, Қуръонда аёлларнинг ҳаққи чекланган деган иддаолар, Бақара сурасининг 222-оятига ҳам зид.

Бу оятда ҳайз ҳақида сўз кетганда, аёлларнинг диний ҳаётига ҳеч қандай таъқиқ қўйилмаган, оятдаги таъқиқлар аксинча эркакларга келган. Аёлларга бирор таъқиқ йўқ оятда.

Яъни, ҳайз пайтида эркак киши аёлига яқинлик қилиши таъқиқлайди Аллоҳ таоло.

Аёлнинг бирор диний амални бажара олмаслигига заррача ишора ҳам йўқ.

SERVET BAYINDIR:

Пайғамбаримиздан сўрашди: Ё Расулуллоҳ, мана шу оят келди, нима қилишимиз керак? Дедиларки, “Жинсий алоқадан бошқаси бемалол". Яъни, олдинги жоҳилий барча тасаввурлар бекор қилинган.

Шу жиҳатдан қарасак, аёл киши ҳайз ҳолатида, 1 нопок эмас, 2 ножис эмас, 3 ибодат қила олади, рўза тута олади, маъбадга кира олади, муқаддас китоб ўқий олади. Булар бир пайтлар Исроилиётдан мусулмонларга кўчирилган эътиқодлардир.

БОШЛОВЧИ:

Мусулмон қизлар дуч келадиган ва Қуръонга йўқ яна бир урф-одат – бу АЁЛЛАР ХАТНАСИ.

Ўта кичик ёшда гўдакларга жиддий шикаст етказувчи бу амалиёт ҳақида мутахассисларнинг фикрлари диққатга молик.

ASMA AFSARUDDIN:

Аёлларни хатна қилиш асло ва асло Ислом дини юклаган вожибот эмас. Бу амалиёт аслида Ислом ишонч эътиқодига зид эканини алоҳида таъкидлаб ўтишим керак.

Аёл хатнаси Исломдан олдинги даврларга бориб тақаладиган одат.

Кўпроқ Шимолий Африка қавмларида амалга оширилади. Шимолий Африка қавмлари орасида баъзи христиан жамоалар ҳам аёлларни хатна қилишини маълум. Чунки бу улардаги миллий маданиятнинг бир парчаси, масалан Суданда хатна қилинган христиан аёллар бор, афсуски, уни Ғарб аёллар хатнасини гўёки мусулмон одати деб кўрсатишга уринади. Сабаби, Ғарбда аёллар хатнасини Ислом динидаги урф-одатлардан деб билишидир.

ANNE DIJK:

Сизга шуни айтаман, бу амалиёт Ислом динида мавжуд бўлган бир амалиёт эмас. Бу – араб ярим оролидаги жоҳилият амалларидан биттаси холос.

HIDAYET TUKSAL:

Кичкина қизларни гўдаклик ёшидаёқ жароҳатлайди ва балоғатга етгач жинсий мажруҳ қилади. ҳам жисмоний саломатлик ҳам руҳий саломатлик жиҳатидан қиз болаларга нисбатан қилинадиган жабр. Аммо уламоларимиз, қаердан топган бўлсаям, қизлар учун бир ҳадис топибдилар бу борада. Шу ривоятни ишлатиб, Мисрда ва баъзи Aфрика ўлкаларида бу ишни давом эттирмоқчилар.

ŞABAN ALI DÜZGÜN:

Баъзи мусулмон ўлкаларда бор, баъзиларида йўқ. Бунинг маъноси шуки, бу диний масала эмас. Дин юзага келтирган масала ҳам эмас. Дин фатво чиқарадиган ҳам, ечим топиши керак бўлган масала ҳам эмас. Бу бир қавмнинг урф-одат ва маданият масаласи.

CANER ТASLAMAN:

Aёлларни хатна қилиш – Африка одати, лекин афсуски, кимдир уйдирма ҳадислар орқали буни Исломга киритиб, кўплаган аёлни хатна қилишган. Диққат қилинг, мусулмон оламида юз миллиондан ортиқ аёл мана шундай уйдирма оқибатида хатна қилинди, мажруҳ қилинди.

Бунчалик кўп зарарли оқибатларга олиб келган уйдирма сони тарихда жуда оз.

Бу уйдирманинг Ислом ва Қуръонга алоқаси йўқ.

Шу боис, Босния каби, Туркия каби кўплаб мусулмон ўлкаларда уйдирилган бу одат умуман эътиборга олинмайди.

БОШЛОВЧИ:

Хулоса шуки, Муҳаммад пайғамбарга Қуръон нозил бўлишидан олдинги кўплаб урф-одатлар кейинчалик Исломга киритган, ва бугун ҳам дин саналмоқда.

Қуръон нузули билан таъқиқланган ёки ихтиёрий қолдирилган кўплаб амаллар терсига бурилиб, диний амр сифатида оммага тақдим этилмоқда.

Бугун баъзи ҳудудларда аёлларни исломий ваъзлар ёрдамида жамоат жойларидан, ижтимоий ҳаётдан чиқаришга ҳаракат қилинмоқда, таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум этилмоқда.

Хўш, Пайғамбар даврида аёллар кундалик ҳаётда фаол қатнашармиди, турли касб-ҳунарлар билан шуғулланармиди? Ёки мажбуран уйда ўтиришармиди?

ASMA AFSARUDDIN:

Пайғамбар ҳаётлигида ва вафотидан кейинги илк даврдаёқ мусулмонлар ижтимоий ҳаётда эркак-аёллар биргаликда яшаганини кўрсатувчи қатор мисоллар бор қўлимизда. Бу мисолларга қараганимизда, шуни кўрамизки, у даврда аёллар ҳам аёлларга, ҳам эркакларга мударрислик қилгани, мунтазам жомеъга қатнаганлари айтилади. Бу уларнинг жамоат ишларида фаол бўлганини кўрсатади. Жамоат ибодатларига қатнашардилар. ҳатто Пайғамбар ҳаётлигида урушларда ҳам қатнашардилар, жанг майдонларида илк тиббий ёрдам ташкил этар ва ярадор ва хасталарга қарардилар.

ANNE DIJK:

Шифо исмли машҳур бир аёл бўлган. Тиббиётдаги илми билан танилганди. Шунинг учун ҳам Шифо исмини олганди. ҳатто пайғамбаримизни бир неча марта даолагани айтилади. Исломий мавзулардаги фаолияти ҳам билинган. Пайғамбардан бу борада илм ўрганган ва Хафса онамизга ҳам дарс ўтган. Ўқишни-ёзишни билган саноқли аёллардан бири бўлган. Яъни Ислом ҳуқуқи ва бошқа соҳаларда илмли бўлган.

HOSAM AQL:

Умм Ҳасан ал-Ғозий исмли аёл табибиа ва моҳир жарроҳ бўлган. Абу Усайба “Табақот ал Атиббаъ” китобида бу аёл ҳақида ёзади. Аёллар маданиятларда жуда муҳим вазифаларни бажаришлари мумкин. Ислом уларга бундай ҳақни беради. Пайғамбар баъзи жуфтларига ўзиш-ёзишни шахсан ўзлари ўргатганлар. Бу аёллар, ҳали аёл зотининг қадрини олий қилувчи маданиятнинг қурилишида муҳим роль ўйнайди.

MOHAMMED EMAARA:

Муҳамад а.с. вафот этганида мусулмонлар осни 124000 га етган эди. Пайғамбар таълимоти остида етишган элита лидерларни ўрганган олимлар 8000 лидер бўлганини аниқлаганлар. Булар орасида 1000 зиёд лидер аёллар эди. Бу рақам ўша давр ижтимоий фаолияти учун ўта юқори кўрсатгич. Бу аёллар Пайғамбар таълим ва тарбиясини олган, рисолатни ёйган, имонларини қўриган ва Ислом давлатини қурганлар.

KHALID KHALIF:

Исломнинг аёлларга муносабатини қуйидагилардан англаш мумкин:

Исломда аёллар илмий фаолиятдан гўё четлатилган, гўё бирорта аёл муфассир йўқ, каби гаплар тўғри эмас. Масалан, шу мисолни кўринг

Ойша онамиз Қуръонни тафсир этганлар, ўта кенг илми билан ҳар бир оятни тафсир эта оларди.

Муҳаммад а.с.нинг барча аёллари Қуръонни тафсир эта оларди, чунки бу борада таълим олгандилар.

Бундан ташқари, эркакларга ижоза ҳам берардилар. Олимлардан “саволлар борми?” дея сўрардилар.

Ислом мутафаккирларидан Ибн Асокир тақрибан 80 аёлдан дарс олганини айтади.
Аёллар бозорларда айланарди, халифа Умар нархларни текшириш ва сотувчиларнинг муомаласини назорат этиш учун икки аёл тайинлаган.

HIDAYET TÜKSAL:

Пайғамбаримиз у пайтда ҳар бирини алоҳида шахс дея билгани учун аёллардан ҳам алоҳида байъат оладилар. Қуръонда ҳам зикр қилинган бундай байъат, аёллар байъати номи билан машҳур. Бу байъат жуда муҳим моддаларни ўз ичига олади. Аёллар Пайғамбарга бўйсинишга сўз берадилар, ҳар қандай буйруққа эмас, балки маъруф ишларда, ақллари қабул этган ишларда бўйсунишга байъат беришади. Aёллар шундай байъат беради. Бу жуда муҳим кўрсаткич, чунки шунақа дейилиши мумкин эди: “Эрларидан шундоқ ҳам байъат оляпмиз, аёллардан ҳам байъат олган саналади”. Йўқ, ундай дейилмади.

HASAN ONAT:

Маккадан Мадинага ҳижрат қилгандан кейин ҳазрат Умар келиб Пайғамбарга шикоят қилади. “Хотинларимиз олдин бизга итоаткор эди, аммо ҳозир қулоқ солмай қўйишди, чунки Мадинадаги ҳаёт Маккадаги ҳаётдан фарқли экан, бу ерда аёлларга кўпроқ эркинлик берилган экан”. Яъни Исломдан олдинги чекланган эркинликлар майдони, Исалом келиши билан яна янги даражага чиққанди.

БОШЛОВЧИ:

Ижтимоий ҳаётдаги эркак-аёл қиёсларида, аёлларнинг гувоҳлиги ҳам доим тортишилган мавзу. Бир эркак гувоҳлиги икки аёл гувоҳлигига тенг, деган умумий айблов, кўпинча Исломга қарши қўлланилган иддао.

ASMA AFSARUDDIN:

Бир аёлнинг гувоҳлиги ярим гувоҳлик, деган фикрни гўёки исботлаш учун Бақара сурасининг 282-оятини келтиришади. Аммо бу оятга қарасангиз, ундаги мавзу ўзаро қарз мавзуси, яъни молиявий олди-берди масалалари эканини кўрасиз.

BEYZA BILGIN:

Бу оят қарз тилхати билн боғлиқдир. Бошқа ҳеч бир гувоҳлик зикр этилган оятда эркак-аёл дея ажратиш йўқдир.

ASMA AFSARUDDIN:

Умумий принцип, эркак ва аёллар ўз мутахассислик соҳаларида тенг ваколатларга эга бўлиши шартлиги принципидир.

FATIH ORUM:

“Моида сурасининг 106-107-108-оятларида, васият ҳақида гап кетганида, эркак-аёл дея ажратмасдан, ҳатто мусулмон ва ғайридин ўртасида айирмасдан, энг қуйи даражада гувоҳлик ҳам гувоҳликка яраши айтилган. Бундан ташқари, талоқ мавзусида, зинони исботлашда, ҳатто эркак-аёл бир-бирининг номусига доир даъволарда ҳам ўзаро гувоҳлик келтириларда эркак-аёл гувоҳлиги тенг юридик кучга эга эканини, эркак-аёл орасида ҳеч қандай камситиш йўқлигини осонликча кўриш мумкин.

CANER TASLAMAN:

Гувоҳлик билан боғлиқ нотўғри тушунилган вазият Бақара сурасининг 282-ояти билан боғлиқ. Бу оятни диққат билан ўқисак, қарзларни ёзган кишига, гувоҳга зарар берилмаслиги айтиб, таъкидланади.

қисқаси, оятда қарз олишларда босим қўллаши, гувоҳларнинг гувоҳлик беришдан қочиши каби ҳолатлар борлигини кўрамиз. гувоҳларга ҳам гувоҳлик беришдан қочмаслик буюрилади.

Оятда Аллоҳ таоло бу гувоҳликдан қочиш ҳолати борлигини ва иккита эркак гувоҳ келтирилишини айтди. Диққат қилинг, Аллоҳ икки эркак ва тўрт аёл демайди, иккита эркак гувоҳ топинг, дейди. Мухтасар қилиб айтганда, исталмаган гувоҳликда масъулият эркакларга юкланади. Икки эркак гувоҳ топилмаса, бир эркак ва икки аёл гувоҳ бўлиши керак.

Бу ерда гувоҳлар сонининг орттирилиши билан аёллар босимлардан ҳимояланади. Мабодо биров аёлнинг гувоҳлигини ўзгартирмоқчи бўлса, бирдан ортиқ аёлнинг гувоҳлигини ўзгартириши лозим бўлади. Ана шундай қийин вазият юзага келади. Жавобгарлик бир неча кишига тарқатилади, ва натижада гувоҳларга енгиллик юзага келади. Оятда “tadillа” дейилган, яъни аёллардан бири адашса, бошқаси эслатади дейилган. Хўш, аёл қандай қилиб гувоҳликдан адашиши мумкин? Агар кимдир унга босим ўтказса, бузиб гувоҳлик бер деса, у ҳолда аёл ўзини четга тортиши мумкин, ана ўшанда иккинчиси унга эслатади. Фақат гувоҳлар сони кўпайгани учун босим ўтказиш эҳтимоллари ҳам озаяди.

қисқаси, бу оятда шуни кўрамизки, гувоҳлик – кўпчилик ўзни олиб қочадиган ҳолат. Бундай қалтис вазиятда масъулият эркаклар зиммасига юклатилмоқда. Аслида бу аёлларга нисбатан позитив дискриминациядир

БОШЛОВЧИ:

Қуръон нузулидан олдинги давр, Муҳаммад Пайғамбарнинг даъват қилган йиллари ва ундан кейинги асрлар орасида, ижтимоий ва сиёсий шароитлар жиддий ўзгаришларга учрагани сир эмас.

Бу ўзгаришларни билиш диний ҳукмларни холис ва тўғри талқин қилишнинг муҳим бир шартидир.

AISHA MUSA:

Фатима Мернисси “Паранжи ва эркак элита” номли китобида мусулмон дунёдаги аёл душманлигини мукамал шаклда ёритиб беради. Талабаларимга энг кўп тавсия этганим китоблардан бири мана шу асар. Чунки муаллиф Пайғамбаримизнинг вафотидан кейин бу тушунчалар жамиятда қандай ўзгаришларга учраганини очиқ тарзда кўрсатиб берган. Муаллиф Муҳаммад Пайғамбарни аёллар ҳаққлари борасида ҳамда араб жамиятида аёллар дуч келган муаммоларни ислоҳ этиш борасида ҳақиқий қаҳрамон сифатида кўради. Аммо атрофидаги бошқа эркаклар Муҳаммад Пайғамбар каби очиқ фикрли бўлмагани боис, унинг вафотидан сўнг ислоҳотларни давом эттирмадилар.

Мерниссига кўра, мабодо Пайғамбаримиз яна купроқ умр кўрганларида, бошлаган ислоҳотлари жамиятда яна-да чуқур илдиз отишига имкон бўларди. Аммо, унинг вафоти ортидан бошқалар келиб, Пайғамбар қилмайдиган ишларни аёлларга нисбатан амалга оширдилар. Натижада Ислом жамияти маълум ўзгаришлар сари юз тутди.

БОШЛОВЧИ:

Aёлларнинг ҳуқуқ ва ижтимоий ҳаётдаги ютуқлари, Муҳаммад пайғамбардан кейин яна бир муддат давом этди.

Aммо афсуски, йиллар ўтиб, айрим масалаларда жоҳилият даври одатларига қайтиш бошланди. Бу жараён айниқса аёлларнинг зарарига бўлди.

Уйдирилган ривоятлар, воз кечилолмаган ботил одатлар ва Қуръон оятларини бузиб тафсир қилиш, Пайғамбардан кейинги даврдан то ҳозиргача аёлларни жамиятнинг энг кучли соҳаларидан четлашувига йўл очди. Ушбу четлашувнинг изидан изланишларимизни давом эттирамиз.

Аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги бугунги мавқеини ҳамда қўлларидан тортиб олинган ҳақларини мутахассис олимлар билан бирга тадқиқ этамиз.