May 6, 2021

Иброҳимнинг саволлари

Кимлар савол беради?
Савол берувчи зеҳн қандай бир зеҳн?
Бир қавмда “савол берадиган одам” бўлиш не демакдир?
Масалан бир пайғамбарни “савол берадиган одам” бўлишини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Ундай бўлса, келинг “Иброҳимнинг саволлари” ҳақида бир ўйлаб кўринг.
Иброҳим нималарни сўрарди?

***

Иброҳим деди: «Парвардигор, менга ўликларни қандай қилиб тирилтиришингни кўрсат». Аллоҳ: «Ишонмайсанми?» деди. Иброҳим деди: «Ишонаман, лекин қалбим таскин топсин». (2:260)

Бас, қачонки уни тун ўраб олганида, юлдузни кўрди ва деди: “Мана шу Парвардигорим”, деди. У ботиб кетгач: “Ботиб кетгувчиларни суймайман”, деди. Бас, қачонки чиқаётган ойни кўргач, деди: “Мана шу Парвардигорим”. У ҳам ботиб кетгач, деди: “Қасамки, агар Раббим ўзи мени ҳидоят қилмаса, йўлдан озган қавмдан бўлурман”, деди. Бас, қачонки чиқаётган қуёшни кўргач, деди: “Мана шу Парвардигорим. Мана шу каттароқ-ку!”. У ҳам ботиб кетгач, деди: “Эй қавмим, мен сизларнинг ширкингиздан покман”. (6:76-78)

Бу оятларда, “Иброҳимнинг саволлари” орқали, бир ақлнинг қандай ишлатилиши ва бир виждоннинг қандай уйғонишининг дарси берилмоқда – саволлар бериш билан, фикр юритиш ва жавоб излаш билан…

Чунки одам фарзандига илк вожиб бўлган – бир нарсага ишониш ва таслим бўлиш эмас, балки аксинча, шубҳа ва саволлар орқали фикр юритиш ва жавоб излашдир. Иймон ва таслим эса булардан сўнг, натижа ўлароқ келади.

Зеро излаган саволингизга бирор қониқарли жавоб топсангизгина, ҳақиқий татмин бўла оласиз. Мана шунга “ИЙМОН” дейилади. Акс ҳолда, худди темир оташда тоблангани каби шубҳаларни енгиб ўтган натижа, бир интеллектуал изланиш оқибатида юзага келган бўлмаса, унга иймон дейилмайди. У нари борса, тақлид, гумон ёки тахмин бўла олади холос.

Шунинг учун ҳам Қуръон “Аввал иймон, кейин ўйлан” эмас, Аввал ўйлан, кейин иймон” дейди? Экиш хосилдан, очиқиш тўйишдан, савол жавобдан олдин келади. Бир масалани олдин атрофлича ўрганиб, сўнгра қарор олинади, олдин қарор олиб кейин ўйламаймиз. Буларнинг аксини қилганингизни фараз қилинг… Нақадар бемаъни бўларди, шундай эмасми?

Иброҳим а.с.нинг саволлари бизга мана шуни ўргатади. Саволлар ортидан Ҳақиқатни излаш… Қолиплашган “тўғрилар”ни, “ота-боболар йўли”ни, “кўпчилик фикри”ни савол остига олиш…

Иброҳим а.с.ни Қуръонда аксарият ҳолларда савол берувчи ўлароқ кўрамиз: Аллоҳга, отасига, ўғлига, қавми пешволарига, ҳалққа, давлатга, келган элчиларга… Энг кучли иймон ва таслимиятга ушбу саволлардан сўнгра эришилади.

***

Муҳаммад а.с. ҳам шундай эмасмиди?

Ёшлигида Маккада ҳукм сурган ҳаёт ҳақида виждонида саволлар пайдо бўлди: “Бу қиз фарзандлар нега кўмилсин?”, “Инсонлар нега олиб-сотилсин?”, “Таҳтадан-тошдан йўнилган тошларга инсон нега топинсин?”, “Инсоният қаёққа қараб кетмоқда?”, “Аллоҳ бутун буларни кўрмаяптими?”

Сўнга бундай саволларга жавоб топмоқ учун тоғларга, мағораларга чекилди. Ўтмиш ва келажак, кеча ва бугун, ерлар ва осмонлар, кўринган ва кўринмаган, инсан, ҳаёт ва табиат ҳақида теран мушоҳадага толди.

Аллоҳ бу изланишни жавобсиз қолдирмади.

Бундан олдин иймон нима, китоб нима, билмасди. Яъни бу саволларнинг жавоби борасида итминонга/иймонга эришмаганди. Аллоҳ уни бу саволларга жавоб изларкан топди. Уни изланиш ичра экан ва саволларига жавоб изларкан йўл кўрсатди. (93:7)

Мана шундай, саволлар орқали ишловчи бир ақлнинг, ҳис этувчи бир қалбнинг ва уйғоқ бир виждоннинг итминонга/иймонга эришиши, не қиларини биладиган ҳолга келиб, қарор соҳиби бўлиши ва бу қарорлилик билан майдонга отилиб чиқишидир.

Бу саволларга олинган жавоблар тарихнинг оқишини ўзгартирди.

Аслида ҳар саволга жавоб излашнинг ҳам таъсири, тарихда қолдирган изи мана шундайдир.

Ақл ишлар, қалб ҳис этар, виждон уйғонур, кўзлар кўрур, қулоқлар эшатар, тил сўзлар ҳолга келиши билан инсоннинг майдонга отилиб чиқиши ва қўлларини очиб “Тўхта эй оломон! Боши берк йўлдасиз!” дея ҳайқиргиси келади.

Иброҳим, Муса, Исо ва Муҳаммад а.с.нинг қилгани ҳам мана шунинг айниси эди. Улар энг тамал қабулларни савол остига оларди, Аллоҳ ҳам уларга энг тамалдан жавоблар берди. Инсоният тарихида теран излар қолдиришининг сабаби ҳам шундадир.

Эътибор берсак, дин ва эътиқод жиҳатидан энг терс савол ва талаблар уларники эканини кўрамиз. Иброҳимнинг “Ўликларни қандай тирилтирурсан? ёки Мусонинг “Раббим, Менга ўзингни кўрсат” ёки Ҳаворийларнинг “Раббингга дуо қил, бизга осмондан бир дастурхон нозил қилсин” каби саволлардан/талаблардан яна-да терс нима бўлиши мумкин?

(“Савол” калимаси Арабчаси “суъол” (са-ъа-ла) бир пайтнинг ўзида ҳам сўрамоқ/истамоқ/талаб қилмоқ маъноларини англатади. Шунинг учун савол бермоқ – истамоқдир, истамоқ эса савол бермоқдир)

Бундан шуни англаймизки, бир ҳақиқатни ўрганмоқчи экансиз, ҳар қандай савол мубоҳдир. Етарки мақсад, холис ҳақиқатни, ҳақни ўрганиш бўлсин. Аллоҳ бу турдаги саволларнинг ҳеч бирини терсламагандир. Акс ҳолда “гап йўғида гап” дея савол беришнинг, жавоби келганда тоқат ва қаноат қилолмайдиган саволларни бериб туришда маъно йўқдир.

***

Иброҳим а.с. нафақат Аллоҳ, охират ва қиёмат каби ғайб ҳақида, балки замонасининг энг қолиплашган «тўғрилари», ҳукмрон ижтимоий қонунлар, халқнинг энг оғриқли муаммолари, сиёсати, давлат ва унинг «муқаддас илоҳ»ларини ҳам «савол чиғириғи»дан ўтказади.

Иброҳим а.с. ҳукмрон доираларни сўроққа тутади: «Нималарга ибодат қилмоқдасиз? Бутларингиз илтижоингизни эшитадими? Ёки сизларга фойда ё зиён етказа оладиларми?! Ўзингиз ва ота-боболарингиз ибодат қилиб келган бутлар хақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?» (26:70-75)

Қавм пешволарига эса: «Сизлар доимо чўқинадиган бу ҳайкаллар ўзи нима?» (21:52)

Сарой аъёнларига эса: «Йўқ, буни илоҳларнинг энг Буюги қилди. Бас, бутларингиздан сўранг, агар гапира олсалар. Ахир Аллоҳни қўйиб, сизларга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсаларга сиғинасизларми?! Сизларга ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингизга ҳам суф-е! Ахир ақл юргизмайсизларми?!» (21:63-67)

Бу ва унга ўхшаш оятларда, мавжуд сиёсий ва ижтимоий тузумнинг тамаллари савол остига олинади, ва бу саволлар қаршисида ҳукмрон диний/идеологик илдизлар ларзага тушади, титрайди ва пировардида батамом чўкади. Айни саволларни Мисрда Мусо а.с., Византияда Исо а.с. инсонларнинг зеҳнига жойлайди.

Бу мисоллар бизнинг кўз ўнгимизда «ҳур инсон, эркин ирода ва мустақил фикр» эгаси шахсият намунасини гавдалантиради.

Эркин ирода ва мустақил фикрлар «статус-кво»га, мавжуд ижтимоий-сиёсий вазиятга бўйсунмайдилар. Ҳамма «оқ» деганни улар баралла «қора» дея олади. Бошларига ҳар қандай хавф-хатар, машаққат, азоб-уқубат келса-да, доимо ҳақ ва фақат ҳақни ҳайқиришни зиммасига оладилар. Сўзнинг кучини Кучнинг сўзидан устун ва кучлироқ кўрадилар. Бошқалар сўрай олмаганни улар сўрайди, бошқалар тергай олмаганни улар тергайди, бошқалар тушуна олмаганни улар тушунади, бошқалар сўйлай олмаганни улар сўйлайди. “Қирол яланғоч!” дейиш жасоратини топа олади ўзларида. Зўрнинг зўрлигига жим турмайди, бойга белини букмайди, бундай қилган динининг ярмини бой беришини биладилар. Ноҳақлик ва зулм олдида тилсиз шайтон бўлмайдилар. Султон суфрасида қорин тўйдирмайди, ҳақни ва фақат ҳақни сўйлайди, аччиқ ҳақиқатни ачитиб айтади.

Агар бирор жамият ўз ичидан мана шундай “эркин ирода ва мустақил фикр”ли инсонларни чиқаролмас экан, сийқаси чиққан ота-бобо дини, қотиб қолган урф-одат, қўлбола ботиллар гирдобида бўғилганча асрларни бой беради.

Тағйир ва иҳтилолга эришган жамиятлар, ўз ичидан эркин руҳлар чиқара олган жамиятлардир. Халқлар фақат эркин руҳли инсонлар соясида тараққий эта олган, инсоният ҳам улар соясида олға қадам ташлай олгандир. Тарихга назар ташланг, барча буюк ўзгариш ва иҳтилолларнинг илдизида эркин руҳли инсонларнинг саволлари ётади.

***

Иброҳим а.с. Аллоҳга, давлатга, императорга тааллуқли саволлар билан бирга отаси, ўғли, ҳалқи ҳамда келган элчиларни ҳам саволларга тутганини кўрамиз:
(Отасига): “Отажоним! Эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирор фойда беролмайдиган нарсаларга нега сиғинурсан?” (19:42/45)
(Қавмига): “Бутларни ҳам тангри қилиб оласизми?” (6:74) “Нимага ибодат қилмоқдасиз?! Аллоҳни қўйиб, сохта «худолар»ни истайсизми?! Оламларнинг Рабби ҳақида не гумонингиз бор?!” (37:85-87)
(Элчиларга): “Менга кексалик етган пайтда хушхабар келтирдингизми? Энди менга ниманинг ҳам хушхабарини етказар эдингизлар?” (15:54)

Кўряпмизки, “Иброҳимнинг саволлари” ҳаётнинг барча соҳаларини қамрайди. Ким билади, яна кимларни қандай саволларга тутганийкин?.. Аммо Қуръон бизга бу саноқли саволлардан намуна келтираркан, айни пайтда ўта муҳим мессажлар беради: Сиз ҳам мана шундай саволлар устида бош қотиринг, мана шундай саволларни ўртага ташланг. Аллоҳ, Китоб, Пайғамбар, Инсоният, Дунё, Жамият, Давлат, Ўтмиш, Келажак ҳақида ва бошқа барча савол…

Сизга уқтирилганига кўр-кўрона ишонманг, текширинг. Ҳеч кимнинг сўзига эшитар-эшитмас таслим бўлманг. Савол беринг, изланинг ва асл ҳақиқатни ахтаринг. Саволларинизга жавоб топгач, татмин бўлгач, тўғрисини қабул этинг. Ҳар бир сўзни ва иддаони тингланг, текширинг ва фақат тўғрисини қабул этинг. “Ишонмайсанми?” дейилганда, “Ишонаман, лекин қалбим таскин топсин” дея олинг. Яъни “Мен бунинг далилларини кўрмоқ, шахсан ўзим қаноат хосил қилмоқ истарман, кўр-кўрона ишонмоқ истамайман” дея олинг. Ҳатто қаршингиздаги элчилар бўлса ҳам, агар тарихга, ҳаётга ва табиатга хилоф бирор гап айтаётган бўлса, “Қанақасига? Буни очиқла, изоҳ эт, исботла” дея олинг. Аллоҳнинг китобидаги қавлий оятлари билан борлиқдаги кавний оятлари орасида тафовут йўқдир, барчаси яккаю-ягона Яратувчи тарафидан ўзгармас ва ўзаро ўхшаш қонунлар устига барпо этилгандир. “Аллоҳнинг қудрати етмасми, истаса қилолмас эканми?” дегувчилар чиқса, “Ҳа, истаса қилолади ва бунга қудрати етади, лекин мен қалбим таскин топсин дейман. Унинг бирор ўхшашини кўрсат” дея олинг.

Иброҳимнинг саволлари ортидан бошқа саволлар туғилади… Иброҳим а.с. пайғамбар бўла туриб итминон бўлмоқ истаркан, биз минг марта кўпроқ итминонга муҳтож эмасмизми? Иброҳимнинг саволлари, нега Аллоҳнинг Китобида қиёматгача тиловат қилинади? Кимга қандай мессаж берилмоқда бу саволлар орқали? Иброҳимда биз учун энг гўзал намуна бор экан, унинг ўхшаши саволларни биз ҳам сўрмоғимиз керак эмасми? Бу саволларга жавоби унга бор-у, бизга нега йўқ?

Аслида бор. Иброҳимга, Мусога, Исога, Муҳаммадга жавоб сифатида нима кўрсатилган бўлса, бизга ҳам кўрсатилмоқда. Бироқ бизда кўзлар бор кўрмайди, қулоқлар бор эшитмайди, қалблар бор англамайди. Ҳақиқатнинг аслини идрок этувчи қалблар бизда тош қотган, уни кўрувчи кўзлар кўр бўлган, эшитувчи қулоқлар битган, виждонлар музлаган, борлиқ ичра ўзаро боғлам қурувчи ақллар тутилгандир…

ИЛК САВОЛ БЕРГАНЛАР — МАЛАКЛАР ЭДИ

Демак, саволлар сўрамоқ лозим.

Кўзлар очилсин, қулоқлар эшитсин, қалблар ҳис этсин, виждонлар уйғонсин, зеҳнлар очилсин учун ягона йўл — фақат саволлар орқалидир…

Зеро савол сўраш билан жавоблар олинади. Саволсизлик — жавобсизликдир. Жавобсизлик — билимсизлик, иродасизлик ва сурувлашувдир. Чорва сурувларида савол берган бирорта ҳайвон кўрганмисиз? Сурувлашувдан, фақат савол сўраш билан фарқлаша оласиз.

Савол бермоқ — таҳликали кўринмоқ демакдир. Сурувлашган оломонлар номидан гапиришга ва ҳал этишга ўрганган бировлар учун энг ноқулай ва таҳликали нарса — оломоннинг ичидан савол истаб кўтарилган қўлдир. «Менда битта савол бор…» Бундан-да даҳшатли нима бор?!. Борди-ю жавоб беролмасанг-чи? Борди-ю билмаган нарсангни сўраб қолса-чи? Борди-ю сенинг ботилларингни фош этса-чи?

Савол бермоқ — ҳақни изламоқ демакдир. Ҳақиқатнинг ўртага чиқиши учун сўралади ҳамма саволлар… Гўдак савол беради, мухбир савол беради, маҳкама савол беради, файласуф савол беради,.. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, саволларсиз инсон ҳаёти қандай бўларди?

Хўп, «Ортиқча савол берманг, сиздан аввалгилар бу сабабдан ҳалок бўлганлар. Савол бериш — шайтоннинг иши, илк ақлини ишлатган Шайтондир” туридаги ривоятларга нима дейсиз? Ақлдан, фаҳм-фаросатдан ва савол беришдан бехузур бўлувчи синф тарафидан уйдирилган сўзлардир булар… Қаршисида савол берилишидан қўрқувчи тоифанинг саросимасидир булар… Булар Қуръоннинг руҳига, Иброҳимнинг миссиясига тамоман зид ва мардуд уйдирмалардир.

Савол бериш ва ҳақни исташ — малаклардан бошланади: “Қон тўкувчи ва фасод қилувчиними?..” (2:30) Ҳа, илк саволни ўртага ташлаган Малаклар эди!

Аллоҳ таоло ҳам бу саволи учун малакларни жазоламади, айбламади, балки саволга доир буюк ҳақиқатни очиқлади — Инсонга тааллуқли ҳақиқатларнинг биринчиси малакларнинг мана шу саволи шарофати билан билдирилди. Инсоният тарихининг энг буюк жавоби ушбу саволнинг ортидан келди!

Шайтон савол бермайди, ҳақни изламайди, балки ҳақ ўрнига ботилни олиб келади ва шу билан алдамоқчи бўлади. Сўраса ҳам алдамоқ учун сўрайди. Кибр, ҳасад, адаштирув, алдовдир шайтоннинг иши, ҳақиқатнинг ўртага чиқиши учун савол сўрамоқ эмас…

Асл савол — малакларнинг саволидир, шуни асло унутманг! Ҳақни излаган, масаланинг асл моҳиятини англамоққа йўналган ҳар қандай савол — малакларнинг суннатидир!

Бунинг учун инсонга илк вожиб бўлган нарса — савол сўрмоқ, буларга жавоб ахтармоқ, унинг учун тафаккур этмоқ, изланмоқ, йўлга чиқмоқдир…
Буинг маъноси шудир: Савол сўранг, изланг ва изланинг, ҳақни истаб йўлга чиқинг, йўқса сурувлар ҳолида қоласиз.

Илк саволни сўрган “Малоика”га саломлар бўлсин!
Отамиз Иброҳимга ва унинг муҳташам саволларига саломлар бўлсин!

Манба
Туркчадан Камолиддин Йўлдош таржимаси

http://kemalyoldash.com/3097