Иддаоларга жавоблар №13 (Аҳли илм, Уламолар (имомлар, мулла ва шу кабилар) дин муҳофизларидир)
Аҳли илм, Уламолар (имомлар, мулла ва шу кабилар) дин муҳофизларидир. Аллоҳнинг рисолатини талқин қилишда уларни ягона мўътабар сифатида кўришимиз, ва улар берган маълумотларни камтарлик билан қабул қилишимиз керак. Уламолар томонидан тасдиқланган бирон нарсага қарши чиқмаслигимиз керак, чунки улар пайғамбар ворисларидир.
ИДДАО 13 РАДДИЯ
Дунёдаги эътиқодларнинг деярли барчаси руҳонийларини диннинг ҳимоячи ва қўриқчилари деб ҳисобласа-да, Қуръон ушбу ёйғин фикрни рад этади; дин пешволари аслида Аллоҳ нозил қилган диннинг ҳақиқий душмани бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, руҳонийлар динга зарар етказиши мумкинлигига эътиборимизни қаратмоқда. Аллоҳ Тавба сурасида қуйидагиларни айтади:
"Эй имон келтирганлар, ҳақиқат шуки, яҳудий ва насроний дин пешволарининг аксарияти, одамларнинг молларини ноҳақлик билан ейди ва Аллоҳнинг йўлини таъқиқлайди. Олтин ва кумуш тўплаб, уни Аллоҳ йўлида инфоқ қилмайдиганлар, уларга аламли азоб ҳақида хушхабар бер" (9:34)
Аллоҳ таоло яҳудий ва насроний дин пешволарининг хатоларини эслатиб, мусулмонларни айни хатоларга йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантиради. Шунча огоҳлантиришларга қарамай, аксарият мусулмон дин пешволари диний қоидалар ихтиро қилади ва Аллоҳга нисбат бериб, одамларни Аллоҳ Китобда баён қилган тўғри йўлидан қайтаради. Бундан ташқари, бу кишилар ўз издошларини ўзлари ўргатган нарсаларини шартсиз-сўроқсиз қабул қилишга ўргатади. Шундай қилиб, издошларнинг фикр юритиш қобилияти пасаяди ва бу одамлар руҳонийлар томонидан ихтиро қилинган таълимотларни илоҳий ҳақиқат санай бошлайди. Қуръон бу борада шундай огоҳлантиради:
"Ўз қўллари билан китоб ёзиб, оз эвазга сотиш учун "Бу Аллоҳдан" дегувчиларга вайл! Қўллари билан ёзганлари сабабли уларга вайл! Бундан қозонганлари сабабли уларга вайл бўлсин!" (2:79)
Шуро сурасида шариат қонунларини ихтиро қилувчилар ва уларни Аллоҳга ва Унинг Расулига нисбат берувчилар ҳақида айтилган:
"Ёки уларнинг, диндан Аллоҳ рухсат бермагани нарсани улар учун қонуний қилиб берувчи шериклари борми? Аниқ айрим қилиниш ҳақида Сўз бўлмаганида, улар орасида, мутлақо ҳукм берилар эди. Золимларга келсак, уларга аламли азоб башорат қилинган". (42:21)
Аллоҳ берган энг мукаммал неъматлардан бири бу фикрлаш қобилиятидир. Ушбу қобилиятдан оқилона фойдаланишимиз керак. Қуръон бизни, бир нарсани аниқлиги ҳақида далил бўлмаса, қабул қилмаслик ҳақида огоҳлантиради. Унинг манбаси қанчалик "диний" бўлишидан қатъий назар:
“Ўзингда аниқ маълумот бўлмаган нарсага эргашма! Чунки бунинг учун қулоқ, кўз ва қалб жавобгар бўлади" (17:36)
Юқоридаги оят очиқ огоҳлантирадики, ҳеч қандай маълумотни Аллоҳ берган ақл ва мантиқ элагидан ўтказмасдан қабул қилмаслигимиз керак.
Ҳар қандай фикр ёки фикр эгасини кўр-кўрона, Аллоҳнинг китобига қараб унинг тўғрилигини текширмасдан эргашиш фожиали оқибатларга олиб келади. Қуръонда бу ҳақда қуйидагича баён қилинган:
"Уларнинг барчаси Аллоҳнинг ҳузурига чиқарилади. Заиф ва хор қилинганлар мутакаббирларга дегайлар: "Биз сизларга эргашган эдик. Энди Аллоҳнинг жазосидан бир қисмини биздан оласизми?" Улар жавоб бергайлар: "Агар Аллоҳ бизни ҳидоят қилганида, албатта, биз ҳам сизни ҳидоят қилган бўлар эдик. Энди инграб фарёд қилсак ҳам, сабр қилсак ҳам, бизнинг паноҳ топадиган жойимиз йўқ" (14:21)
Кўр-кўрона эргашган ва уларнинг лидерлари Илоҳий Маҳкама саҳнасида бир-бирларини рад этишади:
«Ўша пайтда эргаштирганлар эргашганлардан юз ўгирди. Улар энди азобни кўришди ва уларнинг орасидаги алоқалар узилди. Эргашганлар: "Агар бизга яна бир бор имконият берилса, биздан юз ўгирганлари каби биз ҳам улардан бз ўгирсайдик" Шундай қилиб, Аллоҳ уларнинг қилган ишларини пушаймонликка айлантиради. Улар энди оловдан чиқа олмаслар" (2:166-167)
Дин пешволаримиз ва биз муқаддас деб билган таълимотларга Қуръондан тасдиқ олмасдан амал қилсак, ҳисоб куни нима дейишимиз яна Қуръонда баён қилинган:
«Ва улар: «Эй Раббимиз! Биз пешволаримизга ва катталаримизга итоат қилдик ва улар бизни йўлдан оздирибди. Роббимиз, уларга икки баробар азоб бер. Уларни улкан лаънат билан лаънатла!" (33:67-68)
Ҳисоб кунида Аллоҳ бизни фақат Қуръон бўйича сўроққа тутади, шу боис охиратга тайёргарлигимизни ушбу мезон асосида кўришимиз керак (Қаранг: 23:66-67, 23:104, 25:30, 45:31). Фикрлаш ва ақл юритиш қобилияти энг қийматли неъматлардир. Шундай экан, уларни ҳеч бир шахс ёки гуруҳга бой бериб қўймаслик керак. Акс ҳолда, Қуръонда баён қилинган оқибатларга дуч келишимиз муқаррар.
Унутмайликки, дунёда юзлаган дин ва минглаган дин пешвоси бор, барчаси бир-биридан фарқ қилади. Бундай ҳолда, бу одамларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг динини ўргатади деб айтиш мумкинми? Албатта йўқ. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
“У бир гуруҳни тўғри йўл кўрсатди ва бир гуруҳни адашувга лойиқ кўрди. Чунки улар Аллоҳни қўйиб, йўлдан оздирувчиларни ўзларига йўл кўрсатувчи қилиб олдилар, аммо ўзларини тўғри йўлда деб ўйлашди" (7:30)
Бирор киши мусулмон бўлиши учун Аллоҳнинг хоҳишини билиши керак. Қуръонда Аллоҳнинг хоҳиш-истакларини билмасак, нима тўғри ва нима ёмон эканлигини қандай ҳал қилишимиз мумкин? Шубҳасиз, юқоридаги оятларда кўрганимиздек, агар одамлар Қуръон рисолатини англаш учун ақл ва мантиқдан фойдаланмаса, улар Аллоҳнинг эмас, балки бошқаларнинг хоҳиш ва истакларини бажарадилар.
Шунинг учун ҳам, Қуръондаги динда руҳоний синфининг йўқлиги ва Аллоҳнинг рисолати ва одамлар ўртасида ҳеч қандай воситачи ўрин олмаслиги кераклиги айтилган. Илоҳий рисолат устида фикр юритиш буйруғи фақат маълум бир гуруҳга топширилмаган. Аллоҳ барчамиздан Қуръон устида тадаббур қилишни ва ундан тўғри йўлни ўрганишни истаганди (Қаранг: 2:185, 4:82, 38:29 ва 47:24).