Қуръондаги рўза
Бақара сураси 183,184,185 ва 187-оятларда Рамазон рўзаси ва уни қандай адо этиш батафсил баён этилган. Бу оятларни диққат билан ўқиб кўрган киши, рўза тутиш учун барча керакли маълумотга эга бўла олади.
Қуйида мазкур оятларнинг Алоуддин Мансур таржимасида келтирамиз:
183-184. Эй мўъминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби, сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди. Энди сизлардан бирон киши хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларнинг) саноғини бошқа кунларда тутади. (Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин бечоранинг (бир кунлик) таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим. Бас, ким ўз ихтиёри билан зиёда яхшилик қилса, (лозим бўлганидан ортиқроқ эваз тўласа) ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишларингиз ўзингиз учун (эваз бериш ёки ҳатто узрли ҳолларда рўза тутмасликка нисбатан) яхшироқдир.
185. (У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб, ва ҳидоят ва Фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб, Қуръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса рўза тутсин. Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди. Токи сизлар бу саноқни тўлдирингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлангиз. Шояд шукр қилсангиз.
187. Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди. Улар сизларнинг либосингиз, сизлар улар учун либоссиз, (яъни эр-хотин бир-бири учун худди баданнинг айбларини яшириб, уни иссиқ-совуқдан асраб, ҳарорат бағишлаб турадиган либос кабидирлар). Аллоҳ сзлар ўзларингизга хиёнат қилаётганларингизни билиб, тавбаларингизни қабул қилди ва сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани (фарзандни) талаб қилингиз! Ва тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар! Масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қўшилманг! Булар (юқоридаги ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас уларга яқинлашмангиз! Одамлар (ҳаром ишлардан) сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай очиқ-равшан баён қилади.
Кетма-кет келган ушбу 4 оят, рўзага тааллуқли барча тафсилотни беради:
1. Рўза – Аллоҳнинг Қуръондаги буйруғи (Бақара:183).
2. Рўзани Рамазон ойида тутиш лозим (Бақара:185).
Рамазон – қамарий тақвим ойларидан бири, бу ойда Қуръон нозил бўлган. У янги ой чиқиши билан бошланади. Замонавий астрономик билимлар ва ҳисоблаш асбоблари, ой ҳаракатини бир неча йил олдиндан бехато аниқлаш имконини беради. Шу боис, айрим дин пешволарининг Рамазон ойи киришини ўз кўзи билан кўриш иддаоси билан, рўза бошланишини оммадан сир тутишга уриниши кулгули эмасми? Ахир илм-фан ойнинг хар бир фазасини-ю, қуёш ва ой тутилишини ҳам бир неча йил аввалроқ ўта аниқлик билан айтиб турибди-ку!? Айрим шайху-уламолар Рамазон рўзасини бир кун олдин-кейин тутишга фатво беришади, бунисига нима дейсиз? Качон улар шу астрономия ҳам Аллоҳнинг яратилишдаги қонуниятлари илми эканини тан оларкинлар?
3. Энди сизлардан бирон киши хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларнинг) саноғини бошқа кунларда тутади. (Бақара:184)
Кимки Рамазонда рўзани қасддан бузса, 61 кун узлуксиз қазосини тутиб беради, деган ҳадис ва мазхабларнинг иддаоси Қуръонда йук.
Қуръонда айтилгани фақат шуки, ҳажждаги етарсиз қолган кунларни тўлдириш учун рўзадор ва муҳтожларни тўйдириш кифоя (Бақара:196), мабодо бошқага зарар етказган ёки қатл этиб қўйган бўлса, у ҳолда жарима сифатида бир қулни озод этиши керак, ёки узлуксиз икки ой рўза тутиши лозим (Нисо:92)
Бундан ташқари, Моида:89-оятида ҳам рўза ҳақида: “Аллоҳ сизларни тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз сабабли жазоламайди. Балки (дилларингиздаги) маҳкам туккан қасамлар сабабли (агар шундай қасамни бузсангиз) жазолайди. Бас, унинг каффорати ўз оилангизни боқадиган ўртача таомлардан ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг сарпосини қилиш ёҳуд бир қулни озод қилишдир. Ким (бу нарсаларни) топа олмаса, уч кун рўза тутсин! Мана шу қасам ичган (ва уни бузган) пайтингиздаги қасамларингиз каффоратидир”.
Рўза буюрилган яна бир неча оят:
“Эй иймон келтирганлар! Эҳромдалик ҳолингизда овни ўлдирманг. Сиздан ким уни қасддан ўлдирса, жазоси сиздан икки одил киши ҳукмига мувофиқ чорва ҳайвонларидан у(ов)га тенг келадиганини ҳадий қилиб Каъбага етказишдир. Ёхуд унинг каффорати мискинларга таом бериш ёки шу баробарида, ўз қилмишининг ёмон оқибатини татиб кўрсин учун, рўза тутишдир. Ўтганларини Аллоҳ авф қилди. Ким қайтарса, Аллоҳ ундан интиқом оладир. Зотан, Аллоҳ азиз, интиқом эгасидир” (Моида:95)
“Хотинларидан зиҳор қилганлар ўз айтганларидан қайтсалар, (қайта) қўшилмасларидан аввал бир қул озод қилсинлар. Бу (ҳукм) ваъзланишингиз учундир. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир.Ким (қул) топмаса, бас (қайта) қўшилмасдан аввал икки ой кетма-кет рўза тутсин. Ким (рўзага) қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйғазсин. Бу (ҳукм) Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиришингиз учун. Ва бу(ҳукм)лар Аллоҳнинг чегараларидир. Ва (ундан чиққан) кофирларга аламли азоб бор” (Мужодила:3-4)
Бу оятлардан шуни кўриш мумкинки, Раҳмон ва Рахим Раббимиз Ўз қулларини рўзани буюради, ва шу билан муъминлар дунёда гуноҳдан покланади ва охират жазосидан халос бўлади. Лекин Мубин ва Муфассал бўлмиш Қуръонда Рамазон рўзасини қасдан бузган кишига жазо лозим бўлса, мутлақо буюрилган бўларди, аммо бундай кишилар кетма-кет икки ой қазо рўзасини тутади деган оят йўқ. Демак, рўзасини бузиб қўйган кишига Қуръонда ҳеч қандай жазо буюрилмаган.
Агар эътибор берилса, юқорида кетма-кет икки ой рўза буюрилган гунохлар муъминлар орасида содир бўлиш эхтимоли жуда кам бўлган ҳодисалардир, ҳатто мингтадан битта десак ҳам балки оздир. Наҳотки, Қуръонда шунақа нодир ва ноёб гуноҳларга каффорат рўзасини унутмаган Зот, хар бир муъминнинг ҳаётида эхтимоли юқори бўлган рўзани бузиш ҳодисасини назардан қочирган бўлса?
4. Бақара:184-оятида рўзани нафақат қариялар ва беморлар, балки рухан ва жисмонан рўза тутишга қодир бўлмаган ҳар кимга бирор мискинни тўйдиришни буюрилган Лекин Бақара:185-да рўза тутиш яхшироқ экани таъкидланган.
5. Рўза куёшнинг илк нурлари билан бошланиб, энг сўнгги нуригача давом этади.
Бақара:187-оятига кўра, рўза тутган инсон кун давомида қуйидагилар таъқиқланади, қуёш ботиши билан рухсат берилади:
– таом ейиш;
– сув ичиш;
– жинсий алоқа килиш.
Дин пешволари Рамазон рўзаси ҳақида бир қатор фатволар ижод этишган, масалан, қон топшириш ёки қон оқиши, одам қусиши, жахл устида жанжаллашиб қолиши, оғзидан фаҳш сўзлар чикиши каби ҳолларда рўза бузилади, деган фатволар. Кўриб турганимиздек, бу фатволар бидъатдир ва Аллоҳнинг каломига асосланмаган иддаолардир. Рўзани бузувчи сабаблар, Қуръонда зикр этилган уч таъқиқнинг поймол этилишидир холос (яъни ейиш, ичиш ва жимоъ), улардан ташқари ҳеч бир сабаб Рамазон рўзасини бузмайди.
Кўриб турганимиздек, Рамазон рўзаси билан боғлиқ барча ўлчов ва ҳукмлар, юқоридаги 4 оятда тўлиқ келтирилган. Булардан бошқа ўлчов ва ҳукмлар ўрнатишга уриниш – Аллоҳнинг юборгани ваҳйга, ва унда ўргатилган мукаммал динга қаноат қилмасликдир.