Сизни алдашяпти (3)
Айниқса тасаввуфни иддао қилувчилар сизга “авлиёларнинг каромати ҳақ” дея уқтиришади. Буни доим такрорлаб туришади, аммо савол беришга, “Қандай қилиб?” дейишга, ақл ишлатишга тўсқинлик қиладилар. Чунки ўша каромат деганларини сизга Аллоҳнинг дини дея ишонтиришлари керак. Агар сиз физика қонунлари ўзгармаслигини билсангиз, бу гапга ишонмайсиз. Агар сиз физика қонунлари – Аллоҳнинг суннати эканини билсангиз, уларнинг ёлғон-яшиқларини дарҳол фош эта оласиз. Бу уларнинг ўйинини бузиши аниқ. “Аллоҳ истаса қодир эмасми?” дейишади. Албатта Аллоҳ истаса қодир, аммо Аллоҳ нимани исташи аён. Аллоҳ Ер юзида, масалан, гравитацион доимийлик қонунини ўрнатган, у миллионларча йилдир ўзгармайди, аммо қайсидир хазрат ё хазратбаччани каромати юзхотирига Аллоҳнинг бу қонунлари истаган пайтда остин-устин бўлиб кетади! Аслида бу хазратлар Аллоҳнинг эмас, ўзларининг ҳар нарсага қодир дея ишонтирмоқчи сизни.
Агар “Қуръонни ўрганма, ақл ишлатишдан бутунлай воз кеч”, дея очиқчасига айтса, астарлари очилиб қолган бўларди. Буни билишади, шунинг учун ҳам сизга “Қуръонни ўқи, аммо арабчасини!” дейишади. Фақат арабчасини! Сиз ўзбексиз, арабчани тушунмайсиз, шунинг учун фақат ҳарфига савоб умид қилишингиз мумкин, чиройли тажвид-ла ўқишингиз мумкин, савоб устига бонус бўлсин дея, кунига қирқ ракаат арабча дуолар қўшимча қилишингиз мумкин холос! Бундан ортиғига йўл йўқ! Қанчалар нозик ва моҳир хийла, шундай эмасми? Кўпчилик буни юзйиллардир такрорлаб келади, ва ҳеч кимда “Ўша Намоз ва Солатдан манъ этувчи шайтон ким ўзи?” деган савол ҳеч ақлига келмайди!
Ваҳоланки, сиз ҳам ўқий оладиган ва ўқиганини англай оладиган, ақли жойида одамсиз. Аммо сизга “ўзинг ўқисанг, англай олмайсан” дейишган. Буни қабул этиш учун инсон ўзини қанчалар тубан ва қобилиятсиз санаши керак! Боз устига, сиз буни қабул этганингизда, биров сизга “Ундай эмас, аксинча, Аллоҳ Қуръонни эслатма олиш учун ўта қулай қилиб берган” деса, дарҳол кибрга бурканасиз, унга тепадан қарайсиз, ва осонгина “сен йўлдан озгансан” дейсиз. Бу ҳам етмагандек, бошқаларнинг ўқиб англай олишини куфр ва залолат дейсиз! Кулгили эмасми! Бир тарафдан “англай олмайман” дейсиз, бошқа тарафдан бошқаларни ҳам “англай олмайди” дейсиз. Модомики сиз англамабсиз, бизнинг англамаслигимизни қаердан топдингиз? Жавоби маълум… Шайхларингиздан, домла ва қори акаларингиздан, ўша дин пешволаридан. “Иқро” оятига амал қилганни кофир, амал қилмаганни эса мўмин-мусулмон қилиб кўрсатяпти улар. Кўрмаяпсизми, Аллоҳнинг зикри бўлмиш Қуръондан манъ этувчи шайтон ким!!!
Бизни ҳам сизни ҳам Аллоҳ яратган. Яратувчи сизни асло имкониятсиз ва қобилиятсиз ташлаб қўймагандир. Қобилият жиҳатидан бизда нимаики бор бўлса, сизда ҳам унинг ўхшаши бор, албатта. Аммо қобилият ва имконларингизни беркитишга шунчалар ўрганиб қолишганки, сизни, қўлингизда олтин қийматида бўлмиш ақлингизни ишга тушириш ўрнига, ўтмишда ҳатто юзини ҳам кўрмаганингиз қанча номига олим бўлса, ўшалардан қолган бир қўлбола динни қабул этгансиз, ва уни текшириб кўришдан худди энг оғир заҳар каби қўрқасиз.
Мен сизга яна бир сирни очмоқчиман. Сизларнинг деярли ҳар бирингиз, (агар бирор жиддий ақл нуқсони бўлмаса), ўша ўтмишдаги олимлардан ҳам кўпроқ даражада олимсиз! Аммо буни яшириш ва (ўзингизга) зулм қилиш йўлини танлаяпсиз. Ҳозиргача ишониб келган ёлғон-яшиқларингиз сизни шунчалик ўз таъсири остига олганки, ақл ишлата бошлаганингизда, шайхингиздан эски эътиқодингизни қўлловчи икки калима эшитасиз, шунда ақл ва виждонингиз орасида қисқа туташув юз беради-да, фикрларингизни ўзаро боғлаб турувчи симлар узилиб кетади.
Ваҳоланки, сиз ўша ўтмишдаги олимлардан ҳам кўпроқ олимсиз… Мисол учун, эскилардан “олим” деганингиз бирини олайлик. Исми ХХХ бўла қолсин. Эҳтимол, яхши бир инсон бўлгандир. Эҳтимол, пок ниятлар билан илм ўрганган, изланишлар олиб борган, дини-исломга доир анчагина маълумот тўплаган, ўз замондошлари учун бир тафаккур мажмуаси вужудга келтиргандир. Ҳатто, ўз даврининг шартларида қилиб ўтган амаллари ва Аллоҳнинг адолати билан жаннатга эришган бўлиши ҳам эҳтимол! Аммо шундай бўлган тақдирда ҳам ХХХ, сиздан кўпроқ олим эмас. Чунки…
Бир лаҳза ўзингизни ХХХ ўрнига қўйиб кўринг. Айтайлик, 8-асрда, ҳатто 18-асрда уларнинг бир умрда жамлагани миқдорда илм жамлаш сиз учун уч-беш ой, нари борса бир йилдан кўпроқ вақт олмайди. Мабодо махсус илмий методология ишлаб чиққан, етарли вақт ажрата оладиган тадқиқотчи бўлсангиз, бир неча ҳафта ичида ХХХнинг бир умр жамлагани маълумотлардан кўпроқ маълумот тўплашингиз мумкин. ХХХнинг компьютери бўлмаган, интернети ҳам йўқ эди, ҳатто ёзув машинкаси ҳам, қоғоз-қалам топиши ҳам осон эмасди. Бошқа илмий асарларга етишмоқ учун от ё туя устида ойларча йўл юришга мажбур эди. Сиз унинг туяси ўрнига компьютер ишлатяпсиз. ХХХ бир китобни топиб, ўқиб чиқиши учун бир неча ойлик масофани босиб ўтиб, шаҳарма-шаҳар кезаркан, сиз икки бармоқда компьютер сичқончасини клик этиб, юзларча китобнинг pdf нусхасини юклаб олаяпсиз.
ХХХ ҳаёти бўйича етиша олгани уч-беш қўлёзма китобини ўқиб, устида фикр юритаркан, сиз ўн-ўн беш китоб ва мақолани такрор-такрор ўқиб, муҳим жойларига сариқ ё яшил маркер-ла чизиб, устига изоҳлар ёзиш, анализ, синтез, мантиқий таҳлил ва ниҳоят Қуръон матнига кўра тўғри ё янглишлигини аниқлаш каби бир қатор имконларга эгасиз. Бўлиб ҳам ХХХ билан қиёслаб бўлмас даражада қисқа вақт ичида. ХХХ ўз изланишлари орасида тафаккур ва ақл юритиш учун қанча фурсат топа олган бўлса, сизга ундан минг баробар кўп вақт бор. Аммо сиз ақл юритмаяпсиз! Ҳалигача “олимларимиз билар…” деб тортиниб турибсиз!
ХХХ ўз илмий изланишларида, сизнинг ақл ишлатмасдан эга бўлганингиз маълумотларнинг эҳтимол мингдан бир қисмидан фойдаланган бўлса, сиз тонналарча маълумотга эга бўла туриб, фойдаланмайсиз. ХХХ ўз даври учун олим бўлиши мумкин, аммо сизнинг даврингиз учун олим эмасдир. Шартлар ўзгарди, имконлар бошқа, қанчадан-қанча янги кашфлар, ихтиролар бор. ХХХ шам ёруғи етганича бир неча соат ишлай олган бўлса, сиз 24 соат таблет экранидан ҳужжатли фильм кўра оласиз. Эҳтимол, ХХХ сизга бирорта янги фикр берар, ёки сизга бир ҳақиқатни эслатар, аммо ХХХ сизнинг замондаги масалаларга чора бўлолмайди. Сиз ўз даврингиз учун масъулсиз ва барча ечимни ўзингиз топишингиз шарт. Ҳеч ким келажакнинг олими бўлолмайди.
Ғайбни ҳеч биримиз билмаймиз, ҳар ким ўз билими асосида, мавжуд шартлар доирасида, ўз тўғрилари ва хатолари билан хулоса қила олади. Аллоҳ имконингиздан ташқари нарсани талаб қилмайди, тоқатингиздан ортиғини юкламайди. Аммо сиз ўтмишдаги зотларнинг билганидан кўпроқ маълумотга эгасиз, уларнинг хатоларини такрорламаслик ва яна-да тўғрироқ маълумотларга эга бўла оласиз, аммо буни билишни ҳам истамайсиз. Ота-боболарим йўли шу экан дея кўна қоласиз. Ота-боболарнинг аксари ширклар билан ўтиб кетгани, Аллоҳдан бошқа илоҳларга сиғиниб, улардан шафоат умид қилганини биласиз, аммо сиз ҳам бу йўлни била туриб давом эттирасиз. Чунки бу – ота-боболар йўли, бу йўлга қарши чиқиш – Аллоҳга қарши чиқишдан ҳам каттароқ ва даҳшатлироқ гуноҳ сиз учун. Ота-боболарнинг ширк сари етаклаган ўша дин пешволари авом халқни истаган тарафга бошлагани каби, сизни ҳам ширк йўлидан жаҳаннам сари етакламоқда, аммо бунга қарши “ЙЎҚ!” дейиш хаёлингизга ҳам келмайди. “Мен ҳам ўзим бир ўқиб-ўрганиб кўрай, изланиб, текшириб, англашга уриниб кўрай”, дейишдан қўрқасиз. Истайсизки, кимдир ўқиб-ўргансин, ҳатоси бўлса уларнинг хатоси, сиз эса интеллектуал зўриқишдан чекиниб, ўз охиратингизни тинчгина уларга топшира қолишни маъқул кўрасиз!
Аммо бу иш бундай кетмайди! Сиз ақл ишлатмасангиз, ҳақиқат қалбингизга томчи-томчи сингмаса, шунчаки “ишондим, тан олдим” дейиш билан, ёки “яхши гумон қилиш” билан Аллоҳни алдай олмайсиз. Гумон билан эса иймон хосил бўлмайди, Аллоҳ сизга “билмасанг ҳам ишонавер” эмас, балки “ўқи”, “ақл ишлат”, “билмасанг, сўра” дейди. Аммо сиз ҳақиқатни эшитиш биланоқ, тумтарақай қочасиз. Ваҳоланки сиз ҳам олимсиз! Сиз ҳам бир нималарни биласиз! Аммо фақат ишонгингиз келанига ишонасиз, ишонгингиз келмаганни эса эшитишни гуноҳ санайсиз. Қанийди, билишнинг нима эканини, билганига амал қилишнинг нақадар зарурлигини билсангиз!
Китобни арабча ўқийсиз, намозни арабча ўқийсиз, ҳатто Аллоҳдан ҳам арабча сўрайсиз, бироқ нима деётганингизни ўзингиз ҳам тушунмайсиз. Хўп, баъзи калималар ўзбек тилига ўтган, уларни фаҳмладингиз ҳам дейлик. Аммо дарду-ҳасратингизни Аллоҳга арз этаркан, энг теран ва самимий туйғуларингизни изҳор этаркан, дунё ва охиратнинг бахт-саодатини тиларкан, ўз тилингизда айтмасангиз, нима, Аллоҳ қабул қилмайдими? Сиз ўзбекча гапирадиган ва ўзбекча ўйлайдиган инсонсиз. Аллоҳга яқинлашиб, Унга бир нималар демоқчисиз ва бу энг табиий ҳаққингиздир, аммо Аллоҳга ўз тилингизда дуо ҳам қила олмаяпсиз. Ўз-ўзингизга қанчалик ноҳақлик қилаётганингизни, қанчалик аянчли бир аҳволда эканингизни сезмаяпсиз. Энди бўлса, буларни сизга эслатганим учун мендан безовта бўласиз. Аммо бошқа тарафдан, сиз ўзингиз тушунмаган бир тилда Аллоҳга ожизона илтижо қилишга уринаркансиз, Аллоҳ ҳам сизга қанчалик раҳми келишини ўйлаб кўрганмисиз? Қулини мукаммал бичимда, аҳсани-тақвимда, олим потенциали ва турли-туман қобилиятлар ила яратган-у, аммо бу қул ўз Тангрисига мурожаат қилишни ҳам билмаяпти!
Бу ишониб эътиқод қилганларингизнинг бирортаси ҳам ҲАҚ эмасдир, шунчаки ота-боболардан қолган анъана, урф-одат, холос. Агар бир нарса анъана бўлса, ўз-ўзидан тўғри бўлиб қолмайди! Бир нарсани одамлар ҳақ деб қабул қилсалар ҳам, Аллоҳнинг ўлчовида у ҳақ бўлиб қолмайди. “Қулларим мана шуни ҳақ дейишяпти, майли ҳақ бўла қолсин” дейдиган Аллоҳ йўқ. Қуръон бизга бундай эмаслигини уқтиради. Аксинча, ота-боболарингизга гумон билан эргашиб кетаверманг, дейди. Сиз дин дея, ҳаёт дея ҳақиқатга эмас, уйдирилган дин мазҳаблари, ривоятлари, фатволари ҳамда бу дин савдосидан даромад орттираётган дин тужжорларига эргашиб кетяпсиз!
Кўзингизни очинг! Уйғонинг! Сизни алдашяпти!
Мени ёки мен каби фикрловчиларни эмас, ўзингизни ва ўз эътиқодингизни, ўзингиз дин дея ишонган йўлингизни текширинг, жиддий савол остига қўйинг. Менинг ишонганим дин ва қилганим амаллар эмас, ўз ишонганингиз ва қилганингиз амаллар учун масъулсиз. Менда хато бўлса, бу менинг хатоимдир ва бунга мен жавобгарман, сиз эса ўз хатоларингиз ташвишини қилинг.
Ҳақиқат эслатилса, нега бунчалик ғазабга тушасиз? Қаранг, сизни ўтмишдагилардан кўпроқ олимсиз деяпман, аммо сиз шуни ҳам қабул этишни истамайсиз. Аллоҳ бир, фақат Ундан ёрдам истанг деяпман, аммо буни ҳам қабул этмаяпсиз, балки олимликни бошқа бировларга топширишни тўғри йўл, Аллоҳни қўйиб уларнинг кароматларига ишонишни эса ҳақ дин санаяпсиз! Ўз аҳволингизга қарамайсиз, аммо менинг динимни ёлғонга чиқаришга уринасиз! Менга “Суннатни инкор қилаяпсан” дейсиз-у, ўзингиз Қуръонни инкор қилаётганингизни кўрмаяпсиз! Мен ва мен кабиларнинг узатган ёрдам қўлини синдирмоқчи бўласиз. Ваҳоланки, биз барибир воз кечмаймиз ва сизга ва сиз кабиларга қўл узатишда давом этаверамиз. Чунки Аллоҳ бизга шуни амр этган: “Сиз ҳам бир пайтлар улар каби эдингиз”. Ҳа, биз ҳам бир пайтлар озми-кўпми сизлар каби эътиқодда эдик, Қуръонни билмас эдик. Шунинг учун ҳам сизларни бугун жуда яхши таниймиз.
Салом ва дуолар-ла…
Камолиддин Йўлдош