АҲЛИ КИТОБ МУЛЛАЛАР-27
18-БОБ. "ҚУРЪОНДАН БЕШ МАҲАЛ НАМОЗНИ ТОПИБ БЕР?"
Аввалданоқ айтиб қўяйлик: Қуръонда ритуал намоз йўқ.
Зардуштийлар бир кунда беш маҳал ва муайян вақтларда ритуалли ибодатлар қилишган. Бу ибодатлардан олдин ҳам таҳорат олинарди. Куннинг маълум вақтларида ибодат қилиш ҳам айни куннинг маълум вақтларига ибодат қилиш билан бирдек.
Илк масиҳийлар (мас. Қибтлар, Сурия черкови) ва Ортодокс Яҳудлар ҳам ўз черков ва синагоглари ичида таъзим ва эгилиш (рукуъ ва сажда) ҳаракатлари билан ибодат қилишарди. Муллалар Зардуштийликдан Намоз ритуалини олиб, унга Насронийликдан ва Яҳудийликдан таъзим ва эгилиш ҳаракатларини (рукуъ ва сажда) илова қилиб, кунда беш маҳал ритуал намоз ижод этишди ва буни Салот дейишди. Шунинг учун ҳам, беш маҳал намозни Қуръондан топиб беришолмайди.
"Қуръонда намозни қандай ўқиш айтилмаган", деб биринчи бўлиб айтадиганлар - муллаларнинг ўзлари. Муллалар ҳар доим бир хил гапни такрорлайди: "Агар сизлар ёлғиз Қуръонга эргашсангиз, беш маҳал намозни топиб беринглар-чи, чунки Қуръонда намоз батафсил берилмаган-да?" Мана шунинг ўзиёқ, улардаги "намоз" дейилган ритуалнинг Қуръон аслли эмаслигининг очиқ тан олишдир.
Муллалар айтадики, Қуръонда кўп марта зикр қилинган САЛОТ - улардаги ўша ритуал намоз. "Салот" сўзи ва унинг бошқа грамматик шакллари Қуръонда фарқли ўринларда фарқли контекстларда зикр қилинган, аммо бирортасида намоз дейилмаган.
Ҳеч бир оятда Салот ритуал намозни англатмайди.
Муллаларда беш маҳал ритуал намозлар азон айтишдан бошланади. Намозга бундай тарзда чақириш Қуръоннинг ҳеч бир жойида топилмайди. Намозга чақирилгандан кейин муллалар бир маросим ювиниши ёки "вузуъ" қилишади. "ВУЗУЪ" ювиниши ҳам Қуръоннинг ҳеч бир жойида топилмайди.
Қуръон оятлари бизга ўз мажбуриятларимиз қаторида поклик ва гигиенани ҳам ўргатади. Муллалар бу оятни ҳам ритуал намозидан олдинги маросим таҳорати дея буришган. Улар ҳатто Қуръонда умуман топилмаган бу таҳорат учун "вузуъ" калимаси уйдиришган.
Ритуал намоз таркибида Саудия Арабистонидаги Макка тарафга қараб, эгилиш ва бел букишлардан иборат. Бу ҳаракатлар ҳам Қуръонда йўқ.
Муллалар "рукуъ" сўзини бел букиб эгилиш дея, "сажда" сўзини пешонани ерга тегизиш дея маъносини буришган. РУКУЪ ва САЖДА калималари аслида бу эмас. Бу иккала калима ҳам Қуръонда ишлатилган, иккиси ҳам итоат, бўйсуниш ва таслим бўлиш маъносида келади. Қуръондаги намозда жисмоний эгилиш ёки ерга ётиш йўқ.
Эҳтимол, ўқувчиларимиз учун бу янгиликдир, лекин, Қуръонда "рукуъ" ва "сажда" намознинг бир рукни, ажралмас қисми деган бирорта оят йўқ. Буни бирор мулла очиқлаб беролмайди. (Бир синаб кўринг - мулладан сўранг: "Қуръонда қайси суранинг қайси оятида рукуъ ва сужуд намознинг бир қисми дейилган?" Улар тутилади. Чунки бунақа оят йўқ)
Шунингдек, Қуръоннинг ҳеч бир жойида намозни Аллоҳга ўқиб бериш ҳақида айтилмаган.
Аксинча, энг яқин оят 108:2 дейдики, "Фасолли Ли Раббика" - Шунинг учун, Раббинг учун зиммангга юклатилган вазифани адо эт...
Арабча "Ли" - "учун" маъносини англатади. Ҳеч бир оятда "Рабингга намоз ўқиб бер" ёки "Аллоҳга салот қил" дейилмаган. ҲЕЧ БИР ОЯТДА.
Муллалар бунга жавобан бошқа бир сўзни "Ибодат" сўзини келтириб, мана шу калиманинг маъноси сиғиниш ва чўқиниш, дейишади. Қуръонда бундай гап йўқ.
Қуръондаги "ИБОДАТ" сўзи "АБД" сўзига асосланган бўлиб, ҚУЛ ва ХИЗМАТКОР маъносини англатади. Масалан АбдАллоҳ - "Аллоҳга сиғинувчи" эмас, "Аллоҳнинг қули ва хизматкори" демакдир. Ибодат шунинг учун "сиғиниш" эмас, балки хизмат қилиш" деган маънони англатади. Бу жуда катта фарқ.
Муллалар намоз ўқишда бир томонга - Маккага қараб ўқиш (Қибла) шарт дейишади. Бу ҳам яна бир мулла уйдирмаси. Қибла калимаси намоздаги томон эмас. Қибла - ўз фаолиятида йўналадиган, интиладиган стратегик ҳадаф, якуний мақсад, жамланиш нуқттасини билдиради.
Бу ҳақдаги Қуръон оятлари:
"Бу одамлар орасидаги ақли ноқислар дегайлар: "Уларни ўз йўналишидан (қибласидан) бурган нима?" Айт: "Шарқу-Ғарб ёлғиз Аллоҳники; кимни истаса/ким истаса, тўғри йўлга ҳидоят қилур". (2:142)
Бу ерда на Салот, на Макка ва на Каъба дейилган. Фақат Қибла калимаси бор.
Эътибор беринг, бу оят кофирлар ҳақида, нима учун мўминлар (мусулмонлар) ўз йўналишини (қибласини) ўзгартирганини сўрашлари ҳақида. Бу йўналиш - уларга Қуръон нозил бўлишидан олдинги ҳаётдаги йўналиш эди. Ритуал намоздаги бир томон - бу оятнинг маъносини буриш учун кейинчалик уйдирилган ҳикоя.
Мана шундай қилиб, Биз сизларни Васат Уммат қилдик, токи одамларга гувоҳ бўлингиз ва Расул сизларга гувоҳ бўлсин учун; ва Расулга эргашган билан ортга қайтиб кетувчи орасини ажратиш учун, сен устида бўлган йўналишни тузиб бердик (ва-маа жаъална-л-қиблата-аллатий кунта алайҳа). Албатта, бу оғир. Магар Аллоҳ ҳидоят қилганлар учун. Аллоҳ иймонларингизни зое қилгувчи эмас. Албатта, Аллоҳ одамларга Рауф ва Раҳим. (2:143)
Эътибор беринг, сен устида бўлган йўналишни тузиб бердик (ва-маа жаъална-л-қиблата-аллатий кунта алайҳа). Бу ерда Намоз, ҳатто Салот деган гап йўқ. Қибла - ҳаётда ўз олдимизга қўйган мақсад, ва унга йўналиш.
"Юзинг самода кезганини кўряпмиз, Биз, албатта, сен рози бўладиган йўналишга йўлламоқдамиз; Тартибга солинган Таслимият сари юзлан (Масжид ал-Ҳаром), ва қаерда бўлсангизлар, унга томон юзланинглар. Китоб берилган кишилар, бунинг ўз Роббиларидан ҳаққ эканлигини аниқ билади. Аллоҳ уларнинг қилаётган ишларидан бехабар эмас". (2:144)
Қаерда бўлмайлик, ўзимизни Аллоҳ тарафидан тартибга солинган буйруқларга таслим бўлиш (Масжидул-Ҳаром) учун интилишимиз.
Масжид ал-Ҳаром бу Саудиядаги тош иморат эмас. Аллоҳнинг буйруғи - Аллоҳ тарафидан нозил қилинган ваҳйга эргашмоқ. (7:3) Бу ваҳй - фақат Қуръон.
"Агар китоб берилганларга барча оятларни келтирсанг ҳам, улар сенинг йўлингга эргашмагай. Сен ҳам уларнинг қибласига эргашмассан, улар ҳам бир-бирларининг қибласига эргашмас. Агар сенга келган бу маълумотдан сўнг ҳам уларнинг ҳаволарига эргашсанг, у ҳолда, албатта, золимлардан бўлурсан". (2:145)
Бу оятда уч турли қибла зикр этилган: биринчи, мўминларнинг қибласи, иккинчи, китоб берилганларнинг қибласи ва учинчи, уларнинг (китоб берилганларнинг) ўзаро қиблалари.
Маълумки, масиҳийлар намозда муайян жўғрофий томонга бурилмайди, яъни Китоб берилганларнинг қибласи намозда бир тфарафга ўгирилиш эмас. Яҳудлар ҳам, Зардуштлар ҳам худди шундай. Ҳолбуки, Қуръон "Аҳли китобнинг ўз қиблалари ёки йўналишлари бор" дейди. Ва уларнинг ҳар бири бошқасининг қибласига ёки йўналишларига эргашмайди. Шунинг ўзиёқ, Қибла дегани шунчаки географик томон эмас, балки бундан анча кенгроқ ва жиддийроқ нарса - бир уммат дунёда ўзи учун белгилаган ҳадафи, мақсади, йўналиши ва ўша мақсад сари интилиши эканини кўрсатади.