Ислом олий бўлажак!
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Расулини ҳидоят ҳамда мушриклар ёқтирмасада, бошқа динлар устига ғолиб қилиш учун Ўз дини билан юборган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Унга беадад ҳамду санолар айтаман ва ягона шериксиз, аввалгию охиргиларнинг илоҳи, барча Оламлар Роббиси, хоҳлаганидек ҳукм қиладиган, ҳукмини кечиктиргувчи ва қазосини қайтарувчиси бўлмаган Зот деб гувоҳлик бераман.
Аллоҳни – Робб, Исломни – дин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни – пайғамбар деб рози бўлдик. Мен «Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси, расули ва махлуқларининг сараси»– деб гувоҳлик бераман. Аллоҳ Унга, Унинг оиласи, саҳобалари ва Унга Қиёмат кунигача яхшилик билан издош бўлганларга салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг …
Муҳтарам дўстлар!
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни, пайғамбар ва огоҳлантирувчилардан узоқ муддат ўтгач (пайғамбар қилиб) юборди. Аллоҳ Уни – соллаллоҳу алайҳи ва саллам – Оламни зулматлар қоплаган, ҳою-ҳаваслар кучайган ва динлар кўпайган, ҳатто Ер юзида яшаётган аҳолининг арабию ажамининг талайгина қисмидан интиқом олганидан сўнггина юборди.
«Эй аҳли китоб, мана, элчимиз (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аввалги пайғамбарлардан анча замон ўтиб: «Бизга на бирон (жаннат ҳақида) хушхабар бергувчи ва на бирон (жаҳаннам азобидан) қўрқитгувчи келмаган», демасликларингиз учун сизларга дин ҳукмларини баён қилган ҳолда келди. Мана сизларга хушхабар бергувчи ва (жаҳаннамдан) қўрқитгувчи бўлган зот келди. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир!» (Моида: 19).
Имом Муслим (раҳимаҳуллоҳ) Иёз ибн Ҳимор (разияллоҳу анҳу)дан нақл қилган ҳадисда шундай дейилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кунларнинг бирида хутбаларида шундай дедилар: «Аллоҳ Ер аҳолисига қаради ва (ўзларининг ҳақиқий динларига содиқ қолган) озгина аҳли китоблардан бошқа арабу ажамдан нафратланди».
(Аллоҳ таоло айтди): «(Ҳой Муҳаммад), Мен Сизни ва Сизнинг воситангизда (эса бошқаларни) синаш учун юбордим» (Имом Муслим «Саҳиҳ: Жаннат ва жаннат неъматларининг тавсифи ҳақида», ҳадис № 5109).
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни бутун Оламларга раҳмат қилиб юборди. Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Аллоҳ розилигига эргашган кимсаларни осудалик йўлига ҳидоят қилади, зулматлардан ёруғликка чиқариб, тўғри йўл сиротум-мустақимга йўллайди.
Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни бир нур билан юбордики, у билан қоронғуликларни ёритди ва дунёни яхшиликларга тўлдирди.Аллоҳга олиб борадиган ва яқинлаштирадиган ҳар бир йўлни баён қилди. Охиратдан узоқлаштирадиган ва Аллоҳнинг йўлига тўсиқ бўлган барча нарсадан огоҳлантирди. Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳ алаҳи ва салламга ғолиблик, олийлик ва юксалишни ваъда қилди. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзига қарши ва рақиб бўлган барча «зотлар»дан устундир. Инчунун, Аллоҳ таоло:
«У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар хохламасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир» (Тавба: 33)
– деди. (Яъни) Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни барча дин ва миллат устига, гарчи мушриклар хоҳламасаларда, устун ва ғолиб қилиш учун юборди.
Бизларни Ислом аҳлидан қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Биз Аллоҳдан ҳаётимизнинг охирги нафасига қадар шу динда устивор қилиши ва Адн жаннатларида пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлишни насиб этишини сўраймиз.
Азиз дўстлар!
Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан юборган Ислом дини устивор ва олий дин бўлиб, бундан қуйидаги сўзларни айтган мунофиқларгина шубҳа қилишлари мумкин:
«Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган (яъни эътиқодлари заиф бўлган) кимсалар:
«Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар», дея бошладилар» (Аҳзоб: 12).
Бироқ, Аллоҳнинг ваъдаси ва хабарларини тасдиқлаган иймон аҳллари, Аллоҳ таолонинг бу динни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яқин қариндошларига ваҳийни етказгани ва уларни Роббул-Оламийннинг динига чорлагани ондан бошлаб устивор ва ғолиб қилганига ишонадилар. Бу дин ўша кундан буён олий ва юксак, бошқа динлар эса инқирозга учраган ва сафил қолмоқда. Ҳолбуки, Аллоҳ ваъдасига хиёнат қилмайди:
«(Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир! Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмас» (Зумар: 20).
Ҳатто энг оғир мусибатлар, тангликлар ва чекинишлар ёпирилиб келган кунларда ҳам, бу дин – қадди ғоз ва устиворлик билан чиқиб, кўплаб инсонларни ўз қучоғига олди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу динни устивор қилди.
Ҳақиқат эзилмас, бир кун олий бўлажак,
Унинг душманларига Аллоҳ қўшинлари ғолиб бўлажак!
Аллоҳ қўшинларининг сонини Аллоҳдан бошқа ҳеч бир кимса билмайди. Аллоҳ ушбу ҳақиқат билан иймон аҳлини устивор, Ислом аҳлини эса олий қилади. Уларнинг садоқатига қараб, динлари ва амалларини(нг қадрини) кўтаради.
Дўстлар!
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръон Каримнинг бир неча жойида Ўз ваъдасига хилоф қилмаслигини таъкидлаган. Чунки, ваъдага хилоф қилиш Роббнинг хусусиятидан эмас. Аллоҳ таоло айтди:
«Аллоҳ ҳеч қачон ваъдасига хилоф қилмайди» (Бақара: 80, Ҳаж: 47).
Ҳа, Аллоҳ, Ўзи бир неча оятларда таъкидлаганидек, ваъдасига хилоф қилмайди. Биз шу башорат ва ваъда билан бирга бир тўхталиб ўтмоқчимиз.
Дўстлар!
Аллоҳ таоло бу олийлик ва устиворликни шу дин эгаларигагина хослади. Бошқаларга бу устиворлик ва олийликни бермади. Ислом учун келган олийлик, мусулмонларда амалга оширишган Ислом васфи ва хислатларига қараб бўлади. Уларда ўзларидаги устиворлик ва юксалишга қараб олийлик хислатлари ва амаллари рўёбга чиқади.
«Ҳолбуки куч-қудрат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар» (Мунофиқун: 8).
Аллоҳ таоло (бу оятда) мунофиқлардан бошқа кимсаларни зикр қилмади. Чунки улар мусулмонлар ичига кириб, улар билан бирга яшайдилар: бир дастурхон атрофида еб, ичадилар, улар ўртасида фитналарни ёядилар ва ичимиздан баъзилар уларнинг гапларига қулоқ соладилар. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло:
«Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар» (Мунофиқун: 8) демоқда.
Аллоҳнинг берган бу хабари – чиндир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу динни тавсифлари билан рўёбга чиқарган ва унга амал қилган кимсалар учун иззат – куч-қудратни ёзди. Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг «Саҳиҳ» китобларида нақл қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари билан Мусталақ қабиласига қарши жангга чиқдилар. Айрим саҳобалар ўртасида келишмовчилик чиқди. Бу икки саҳоба ўз ҳамюртларини чақира бошлади. Муҳожир: «Ҳой. Муҳожирлар!» деса, ансорий: «Ҳой, ансорлар!»– деб чақира бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима бўлганини ўрганиш учун чиқиб келдилар. Чунки бу – жоҳилият чақириғи эди. Мунофиқларнинг йўлбошчиси Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул бу чақириқни эшитгач бошини кўтарди ва: «Азиз бўлган кимса Мадинадан хор бўлган одамни қувиб чиқаради!»– деди. У «хор бўлган кимса» кинояси билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва У Зот билан бирга бўлган иймонли кишиларни назарда тутган эди. Унга жавоб Роббул-оламийндан келди:
«Улар: «Қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта кучлилар кучсизларни ундан қувиб чиқаради», дерлар. Ҳолбуки куч-қудрат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир. » (Мунофиқун: 8).
Ушбу кафолат – устунлик, юксалиш ва куч-қудрат – иймонлари ҳамда узв ва қалбларидаги амаллари сабабли мўъминлар учунгина берилади. Биродарлар, солиҳ амал – Аллоҳ мўъминларга ғалаба берадиган лашкарлардан ҳисобланади. Ислом аҳли у билан ҳимояланади, биз билмаган ва хаёлимизга ҳам келтирмаган саноқсиз ёмонлик ва макру-ҳийлаларни даф қилади.
Аллоҳ таоло дин душманларининг мусулмонларга қарши қилаётган макр-ҳийлаларини тавсифлаб шундай дейди:
«Дарҳақиқат, улар (мушриклар) ўзларининг макр-ҳийлаларини қилдилар. (Лекин) агар уларнинг макрлари сабабли тоғлар емирилиб кетадиган бўлсада, уларнинг (бу) макр-ҳийлалари Аллоҳ ҳузурида (маълумдир)» (Иброҳим: 46).
Яъни, бу макр-ҳийларалар шундай пухта-ки, улардан тоғлар ларзага келиб, ўз жойидан қўзғолади! Бироқ, Аллоҳ таоло уларни юқоридан кўриб туради. Аллоҳ уларни ҳар тарафдан ўраб олгандир.
Ҳолбуки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бошларига мусибат тушган: айримлари ўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яраланган, тишлари синган, чуқурга тушган ва бошқа мусибатлар келган Уҳуд жанггида мўъминларга қарата:
«Куфрга қарши курашда (сустлашмангиз) ва ғамгин бўлмангиз! Агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлгувчидирсизлар» (Оли Имрон: 139)– деди.
Дўстлар!
Иймоннинг устунлиги ҳарбий мағлубият, моддий инқироз ёки ишлаб чиқариш ва бошқа омиллар сабабли пастламайди. Иймон аҳли, Аллоҳ устунликни боғлаган иймон билангина юксаладилар, устун бўладилар ва уларнинг ўзларига хос давлатлари бўлади.
«(Эй уммати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз» (Оли Имрон: 110).
Бу устунлик, жангдаги ғалаба, устунлик омилларидан бўлсада, бирон нарсани мукаммал ишлаб чиқариш ёки бошқа нарсалар сабабли қўлга киритилмайди. Бироқ, мўъминлар жангда ғолиб ва бирон нарсани мукаммал ишлаб чиқара олмасаларда, бошқалардан устундирлар. Арабларнинг Форс ва Византия империясига қарши жангга чиққан вақтларидаги ҳолатларига қаранг. Улар қандай ҳолатда эдилар? Улар саноат, уруш ва тараққиёт фанларидан синфда қолишган эди. Бироқ, ўша даврнинг энг кучли давлатлари – Форс ва Византия империясини иймонлари, ўзларидаги ишонч билан мағлубиятга учратдилар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу диннинг олийлиги, ғолиблиги ва ҳар бир миллатдан юксаклигини рўёбга чиқарган ва бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётида намоён бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида Араб ярим оролидаги халқлар ичида Аллоҳдан бошқа тангриларга ибодат қиладиган бирон кимса қолмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин саҳобалар ҳам бу йўлда давом этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлимидан илгари тайёрлаган Усома (разияллоҳу анҳу)нинг қўшинларини, Абу Бакр (разияллоҳу анҳу) жангга кузатди. Бу – ғалабанинг дарвозаси, Исломнинг Ер юзида ғолиб бўлишининг нишонаси эди. Ислом Ер юзида татбиқ қилина бошлади ва у, Қуёшнинг ҳаракати ортидан, Аллоҳнинг Ислом билан мусулмонларни азиз, кофирларни эса хор қилиши билан, кеча ва кундуз етган жойгача етиб борди.
«Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир (яъни, Уни Ўзи хоҳлаган ишни қилишдан ҳеч ким манъ қила олмайди) лекин одамларнинг кўплари (буни) билмайдилар» (Юсуф: 21).
Дўстлар!
Биз ҳар бир замон ва ҳар бир маконда шу васф – иймон васфини рўёбга чиқарсак, ғалаба бизга ваъда қилингандир. Аллоҳ эса ваъдасига хилоф қилмайди. Гарчи моддаларни ишлаб чиқариш, уруш фани ва бошқа майдонларда қолоқ бўлсак ҳам, бизга ғалаба ваъда қилингандир. Чунки Аллоҳ таоло талайгина жангларда мусулмонларга, улардаги садоқат, иймон, Аллоҳ даргоҳидаги нарсаларга бўлган рағбат, Аллоҳ йўлида бебаҳо нарсаларни сарф этишга фидоийликлари сабаблигина, зафар берди. Аллоҳга содиқ қолсак, зафарни кутайлик. Агар Аллоҳга содиқ бўлсак:
Ҳамма билсин, бизлар асилзодамиз,
Тупроғимизда садоқат ва Ислом туғилди.
Ушбу Фрот ва Нил дарёлари боқади,
Оҳ қандай суғориш ва боқиш, эй, Барадо!
Замзам суви ҳануз хушбўй қолмоқда,
Сув қолмаса, одамларни қондирмоқда!
(Барадо: Суриядаги дарё).
«Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир (яъни, Уни Ўзи хоҳлаган ишни қилишдан ҳеч ким манъ қила олмайди) лекин одамларнинг кўплари (буни) билмайдилар» (Юсуф: 21).
Иккинчи тўхталиш…
Дўстлар, Аллоҳ таоло мўъминларга устунлик ва ғолибликни ваъда қилди. Бу – уларнинг бошларига Аллоҳ йўлида қийинчилик, машаққат ва очлик келмайди, дегани эмас. Балки булар, Аллоҳ таоло айтганидек, уларнинг бошларига келади:
«Ва албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева — чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз» (Бақара: 155).
Яхшилар ёмонлардан ажралиши учун имтиҳон бўлиши шартдир. Имтиҳон – Аллоҳнинг бандалари, дўстлари ва душманларидаги суннатдир.
«Ал¬батта Биз, то сизларнинг орангиздаги (Бизнинг йўлимизда молу жонлари билан) жиҳод қилгувчи ва (яхши-ёмон кунларда) сабр қилгувчи зотларни билгунимизча ҳамда сизларнинг ҳоли-хабарларингизни текшириб — юзага чиқаргунимизча, сизларни имтиҳон қиламиз» (Муҳаммад: 31).
Фаровонлик даврида садоқат, иймон ва эзгуликни бир вақтда иддао қилган инсонлар сони кўп бўлади ва улар синаладилар. Гуноҳлари очилади, ёмонликлари сараланади. Қилган хато ва камчиликлари бу синовда уларнинг сонларини камайтиради. Имтиҳон – уларнинг қалбларидаги иймонларини мусаффо қилади:
«Агар Аллоҳ хоҳласа улардан (жанг-жадалсиз ҳам) ғолиб бўлар (яъни уларни йўқ қилиб юборур) эди, лекин У зот сизларнинг айримларингизни айримларингиз билан имтиҳон қилиш учун (сизларни жангга буюрди). Аллоҳ йўлида ўлдирилган зотларнинг амалларини ҳаргиз зое кеткизмас» (Муҳаммад: 4).
Дўстлар!
Аллоҳ таоло мусулмонларни синаётган имтиҳонлар бу йўлсиз рўёбга чиқмайдиган олий ғоя ва етук ҳикмат учундир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг солиҳ бандаларини имтиҳон қилиши, Аллоҳ сара бандаларини хослаган садоқат белгиларидандир. Одамлар ўз иймонларига қараб синаладилар: энг қаттиқ синалганлар пайғамбарлар, сўнгра солиҳлар ва иймонларига қараб бир-биридан фарқли бўлган инсонлар… Одам иймонига қараб синалаверади.
Дўстлар!
Бу синовнинг Аллоҳ таоло Бадр жанггида саҳобаларга баъзиларини ишорат қилган, етук ҳикматлари бор. Аллоҳ таоло шундай деган: «Аллоҳ мўминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни ким мўмин-у, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўювчи эмас. Ҳали у (Уҳудда мунофиқларни мўминлардан ажратиб қўйгани каби) нопокни покдан ажратади. Аллоҳ сизларни ғайб илмидан хабардор қилмади. Лекин Аллоҳ пайғамбарларидан Ўзи истаган зотларни сайлаб олар (ва уни ғойибдан хабардор) огоҳ қилар. Бас, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирингиз! Агар иймон келтириб, Аллоҳдан қўрқсангиз, сизлар учун улуғ ажр — мукофот бордир» (Оли Имрон: 179).
Учинчи тўхташ…
Аллоҳ таолонинг кунлар, давлатлар ва аҳволлар ҳақидаги суннат-қонуни мудом бир ҳолатда қолмайди. Балки у, тез-тез ўзгариб, йўқ бўлиб туради. Вазиятнинг оғирлиги – тонг (ёруғлик)нинг даракчисидир. Аллоҳ таоло айтди:
«… бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз» (Оли Имрон: 140).
Бу кунлар ўз ҳолида барқарор қолмайди. Бу вазиятларнинг мудом қолиши – маҳолдир. Аҳволлар ўзгариб, алмашиб туради. Бу – Аллоҳ таолонинг махлуқларидаги суннати-қонунидир. Бу – Аллоҳ таоло инсонлар ўртасида жорий қилган ижтимоий коинавий суннат-қонундир. Уларнинг ҳолатлари бир тусда қолмайди, балки аҳволлари фаровонлик ва бахтсизлик ўртасидаги неъмат ва мусибатлар навбати ва кетма-кетлигида бўлади:
«Агар (бугун — Ухудда) сизларга жароҳат етган бўлса, (Бадр жангида) у қавмга ҳам худди шундай жароҳат етган. (Токи ибрат бўлсин деб) ва Аллоҳ ҳақиқий иймон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингдан шаҳидларни саралаб олиши учун бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз. Аллоҳ золим кимсаларни севмайди» (Оли Имрон: 140).
Дўстлар, Аллоҳ таоло синовни раҳматига элтувчи қилиб қўйди:
«Ёки (эй мўминлар), сизлардан илгари ўтган зотлар ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто пайғамбар ва иймонли кишилар: «Ахир қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?» дейишган эди. (Шунда) уларга бундай жавоб бўлган эди: «Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир»» (Бақара: 214).
Сабр қил, машаққатдан сўнг роҳат бордир,
Ҳар вақтнинг ўз иши, тадбири бордир,
Аллоҳнинг пешонамиздаги қадари бордир,
Тадбиримиз устида Унинг тадбири бордир.
«Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир (яъни, Уни Ўзи хоҳлаган ишни қилишдан ҳеч ким манъ қила олмайди) лекин одамларнинг кўплари (буни) билмайдилар» (Юсуф: 21).
Биз баъзи ишларни кўриб ёқтирмаймиз, баъзи ишларга эса хоҳламагандек муносабатда бўламиз. Аллоҳ эса зулмат қучоғидан тонг оттиради ва ундан юзлар ёришади, қалбларда сурур пайдо бўлади. Аллоҳ у тонг билан Ислом Умматига ваъда қилган ваъдасини рўёбга чиқаради. Шунинг учун ҳам мусибатлар оғирлашгани сайин тонг – зафарни кутамиз. Бир киши халифа Умар ибн Хаттоб (разияллоҳу анҳу)нинг ҳузурига келиб: «Ерлар қақради, ёмғир ёғмади ва одамлар умидларини уздилар!»– дегач, Умар ибн Хаттоб (разияллоҳу анҳу): «Ундай бўлса, устингиздан ёмғир ёғади!»– дедилар ва Аллоҳнинг ушуб оятини ўқидилар:
«У (одамлар ёғин-сочиндан) умидсизликка тушганларидан кейин ёмғир ёғдирадиган ва Ўз раҳмат-барокотини кенг ёядиган зотдир. У ҳамду сано эгаси бўлган Дўстдир» (Шуро: 28).
Умар ибн Хаттоб (разияллоҳу анҳу) ёмғирнинг ёғмаслиги, ерларнинг қақраши ва одамларнинг умидсизликларидан вужудга келган оғир вазиятнинг тез кунда ёмғир ёғишига аломат қилди. Аллоҳ (бандаларига) яқин, (уларнинг дуоларини) ижобат қилгувчи Зотдир. У бандаларини ичларидаги ёмонларнинг яхшиларидан айириб олиш учун синайди ва бу синовдан сўнгра Аллоҳнинг зафари келади…
Қанча мусибат бор йигит қалби улардан сиқилади,
Мусибатнинг оғир кишанидан танаси ҳам сиқилади.
Аллоҳ ҳузуридан эса унга чўнг даричалар очилади,
Кейин, «Қутулмасман, дегандим» деб ўзи сенга очилади
Ҳой мўъминлар, мағлубият ва синиш қанчалар бўлмасин, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди. Бу – Аллоҳни англашимиз керак бўлган тўртинчи тўхташдир.
Мусибатлар кучайган пайтда Аллоҳнинг ваъдаси мусулмонларда устиворликни кучайтиради.
«Мўминлар у фирқаларни кўрган вақтларида: “Бу Аллоҳ ва пайғамбари бизларга ваъда қилган нарсадир (яъни имтиҳондир). Аллоҳ ва пайғамбарининг сўзи ростдир”, дедилар ва (устиларига бостириб келаётган фирқаларнинг сон-саноқсизлиги) уларнинг (Аллоҳга бўлган) иймон ва итоатларини янада зиёда қилди, холос» (Аҳзоб: 22).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари танг ҳолатда қолиб, душманлари устлари ва остларидан ёпирилиб, жонлар ҳалқумга келганида, мунофиқлар: «Аллоҳ ва Расули ваъда қилган нарсалар – ёлғондир! У бизга ушланмайдиган нарсани ва идрок этилмайдиган ёлғонни ваъда қилди!»– дедилар. Аллоҳнинг ваъдасига ишонган собитқадам мўъминларнинг кўзлари олдида дунё нақадар қорайиб кўринмасин, қалбларидаги иймон, барқарор қолди. Балки улар Аллоҳ ва Расулининг ваъдасига қатъий ишондилар:
«Мўминлар у фирқаларни кўрган вақтларида: “Бу Аллоҳ ва пайғамбари бизларга ваъда қилган нарсадир (яъни имтиҳондир). Аллоҳ ва пайғамбарининг сўзи ростдир”, дедилар ва (устиларига бостириб келаётган фирқаларнинг сон-саноқсизлиги) уларнинг (Аллоҳга бўлган) иймон ва итоатларини янада зиёда қилди, холос» (Аҳзоб: 22).
Дўстлар, Аллоҳнинг ваъдаси кечикмайди!
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз ҳаргиз Аллоҳни Ўз пайғамбарларига берган («Биз албатта пайғамбарларимизни ғолиб қиламиз», деган) ваъдасига хилоф қилувчи, деб ўйламанг. Албатта, Аллоҳ ғолибдир ва [(у) Ер бошқа Ерга: осмонлар (ўзга осмонларга) айланиб қоладиган ҳамда (барча одамлар) ёлғиз ва қудратли Аллоҳга рўбарў бўладиган Кунда (Қиёматда)] интиқом олгувчидир» (Иброҳим: 47)
Азиз дўстлар, агар уммат бошига келган балоларни кўриб чиқмоқчи бўлсак, бизга анчагина вақт керак бўлади. Биз бу ерда бу балоларнин санаб ўтиш учун эмас, балки, уларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш ҳақида бош қотиришимиз керак.
Мўъмин бу балоларга қандай муносабатда бўлиши керак?
Мўъмин бу балоларга нисбатан барқарор иймон, қатъий ишонч, салоҳиятли шарт ва мақомини кўтарадиган ва ўзини устивор қиладиган амал билан муносабатда бўлиши керак. Имом Муслим «Саҳиҳ»ида Абдуллоҳ ибн Амр (разияллоҳу анҳу) тарафидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга шундай деганлар: «Зулматли кечанинг бир парчасидек фитналарга амал қилишга шошилиш билан қарши турингларки, унда мусулмон мўъмин бўлиб тонг оттирса кофир бўлиб кечкиртиради, кофир бўлиб кечкиртирса мўъмин бўлиб тонг оттиради ва динини дунё матоларига сотиб юборади» (Имом Муслим «Иймон ҳақидаги китоб», ҳадис № 169).
Мўъмин бу балоларни устивор бардош, пойдор иймон ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эътиқоди ва хулқи атворига қайтиш билан кутиб олиши керак. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эътиқоди ва хулқи атворида бошқа китоб ва осорларда топилмайдиган ҳидоятлар бор. Зеро Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни иймон аҳли учун намуна қилиб қўйган: «(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21).
Дўстлар, биз бунга, Ер куррасининг ҳар ерида мусулмонларга қарши тишларини қайраган инқироз соясида, муҳтожмиз. Кеча Афғонистон, бугун Ироқ, эртага Сурия, ундан кейингиси қайси мамлакат эканини Аллоҳгина билади. Салибий-сионист Ғарб қилаётган ушбу ҳужумларга мустаҳкам иймон, қатъий амал ва устивор ишонч билан қарши туришимиз керак. Бу мусибатлардан қутулишнинг ягона йўли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидек, Аллоҳ таолога юракдан илтижо қилиш, суяниш ва моддий кучларга боқмасликдир. Чунки шайтон бизни ва ўз «дўстлари»ни шу моддий куч билан қўрқитади. Биз билан эса ҳеч енгилмас куч бордир. Биз билан АЛЛОҲ биргадир: «Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилгувчи зотлар билан биргадир» (Наҳл: 128). Келинглар, тақводор ва чиройли амал қилган одамлардан бири бўлайлик! Чунки, Аллоҳ таоло ваъдасига хилоф қилмайди.
Саҳобалардан бири Қурайш қабиласига ёзган мактубида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уларга келишини тавсифлаб шундай деган эди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизларга қарши селдек оқиб келадиган кечадек қўшин билан келдилар. Мен сизларни у қўшиндан огоҳлантираман. Алоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёлғиз ўзлари келсалар ҳам сизларни енгадилар!».
Ўзлари ёлғиз енгар эканлар, лак-лак қўшин билан қандай енгмасинлар! Бундан мақсад, Аллоҳ ваъдасининг кечикмаслиги, саҳобаларнинг эса бунга қатъий ишонганларидир. Уларга башоратлар келди ва улар зафарга эришдилар. Ушбу буюк фатҳ ва Ислом динининг чор атрофга ёйилиши саҳоблар иймонининг садоқати, буюк таваккуллари ва Роббиларга суянишлари сабабли эди.
Дўстлар, биз келажакка, Аллоҳ таолонинг ваъдасини кутган, уни рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилган яхши нийят билан боқишга муҳтожмиз. Ҳа, биз келажакка яхши нийят билан боқишга муҳтожмиз. Ислом Умматининг дини ва обрўси кўтариладиган одимлар отганига далолат қиладиган башоратлар кўпайди. Ислом ўлкаларини босиб олган Ислом душманлари босқинчилар манфаатини ҳимоя қиладиган, шарафини тиклайдиган ва ислом ўлкаларида амалга оширишни хоҳлашган режаларни рўёбга чиқарадиган кимсаларни ташлаб кетганларига амин эдилар. Бироқ, Уммат ёппасига ўз Роббиси томон интилиб, эзгулик Уммат ичида ёйилгач, даъват чор атрофни қамраб, ўлчовлар ўйлаганларининг тескариси бўлгач, вассаллар мақсад ва орзуларини рўёбга чиқара олмагач, босқинчилар, Ислом Умматига ҳукмрон ва унинг олийлик ва нусратига тўғаноқ бўлиш учун қўшинлари билан яна қайтиб келдилар: «Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир (яъни, Уни Ўзи хоҳлаган ишни қилишдан ҳеч ким манъ қила олмайди) лекин одамларнинг кўплари (буни) билмайдилар» (Юсуф: 21).
Бу ҳаракатлар ортида яҳудийларни барқарорлаштириш, ширин сўз, ҳикмат ва чиройли насиҳатлар билан бўлсада Аллоҳ ва Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга чорлаётган барча инсонларни муваффақиятсизликка учратиш ётибди. Улар, Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг Ислом душманларига қилган дуоибадида: «Аллоҳим, Сенинг йўлингдан тўсаётган, пайғамбарингни рад этаётган ва дўстларингга қарши уруш очган китоб аҳлидан бўлган кофирларни лаънат қил!»– деб айтганидек, Ер куррасининг бирон ерида Аллоҳнинг сўзи олий бўлишини хоҳламайдилар. Бу тавсифлар Ироқ ва бошқа Ислом ўлкаларини босиб олган босқинчи салибчи-сионистларга ўта мосдир.
Аллоҳ таолодан Уммат бошидаги мусибатларни кўтариши, Ислом ва мусулмонларни азиз, куфр ва куфр миллатини хорлаши, босқинчи кофирларни Ислом ўлкаларидан хору зор қилиб чиқаришини сўраймиз. У – бунинг соҳиби ва бунга қодирдир.
Дўстлар, биз Аллоҳнинг Китобига қайтишимиз, ундаги суннат-қонунларни ўқишимиз, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло баён қилган мусибат ва фитналардан қутилиш йўлларини ўрганишимиз, бундай инқирозлардан олиб чиқадиган яхшиликлар ҳақида ўйлаб кўришимиз керак. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло барча нарсага қодир ва дин душманлари ҳақида шундай дегандир: «Бас, сиз улар устида шошқалоқлик қилманг (яъни нега азобга гирифтор бўла қолмаяптилар, деб ҳайрон бўлманг)! Ҳеч шак-шубҳасиз Биз уларнинг (қолган ой, кунларини ҳам, қилаётган гунохларини ҳам) аниқ ҳисоб-китоб қилиб турамиз» (Марям: 84).
Аллоҳ барча нарса учун меъёр қўйиб қўйган. Орзулар ва одамларнинг дуолари Аллоҳни шоштирмайди. Аллоҳ барча нарсанинг меъёрини қўйиб қўйган, тақдирда ёзилган кун ва ажал-муҳлат келгач Ўз ваъдасини рўёбга чиқаради. Унинг Ўзигина илоҳдир. Унинг Ўзигина Бандасига ёрдам этди, душманларига ғолиб бўлди ва динини ғолиб қилди.
Аллоҳ таолодан гўзал исмлари ва олий сифатлари билан ҳаммани Ислом зафари билан барқарорлаштириши, Ироқ ва бошқа давлатлардаги мусулмон биродарларимизнинг қонларини ҳимоя қилиши сўраймиз. Аллоҳ бунинг хожаси ва бунга қодирдир.
Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Шайх доктор Холид ибн Абдуллоҳ Муслиҳ
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий