iddaolar
May 1, 2021

Иддаоларга жавоблар №7 (Ҳидоят учун Қуръон етарлими?)

Иддао №7

Қуръон – ҳидоятни топиш учун барча нарсани қамрайди, деган иддао тўғри эмас. Динга тааллуқли мавзуларда Қуръоннинг ўзи манба сифатида етарли эмас.

Иддао №7га жавоб

Энди Қуръон оятларига мурожаат этиб, “Бу Китоб бизларга ҳидоят манбаи ўлароқ етарлими-йўқми?”, деган саволга жавоб излаб кўрамиз.

Δ Қуръон муқаддас манба сифатида зарурий барча нарсани қамрайди

“Сени уларга гувоҳ қилиб келтирдик ва ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган китобни – Қуръонни нозил қилдик” (16:89)

“Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. Бу – уйдирилган ҳадис эмасдир, балки у ўзидан аввалгиларни тасдиқ этувчи, иймон келтирадиган қавм учун барча нарсани муфассал баён қилувчи Ҳидоят ва Раҳматдир” (12:111)

Δ Қуръонда ҳаётнинг барча соҳаси учун йўлланма бор

“Раббингнинг сўзлари сидқу адолатда комил бўлди. Унинг сўзларини бирон ўзгартиргувчи йўқдир. У эшитгувчи, билгувчидир” (6:115)

“Биз Китобда ҳеч бир нарсани қолдирмай ёзганмиз” (6:38)

“Агар Ер юзидаги бор дов-дарахт қаламлар бўлиб, денгиз ундан сўнг яна етти денгиз ёрдамга келса, Аллоҳнинг сўзлари тугаб-битмас. Албатта Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгасидир” (31:27)

Δ Қуръон ноқис китоб эмас

“Мен Аллоҳдан ўзгани ҳакам қилиб олайми?! Ахир унинг ўзи сизларга бу китобни муфассал ҳолда нозил қилган зот-ку?” (6:114)

“Ҳақиқатан биз уларга ўз билимимиз билан муфассал баён қилган бир Китобни келтирдикки, у иймон келтиргувчи қавм учун ҳидоят ва раҳматдир” (7:52)

“У биладиган қавм учун хушхабар бергувчи ва огоҳлантиргувчи — арабий Қуръон ҳолида, оятлари муфассал баён қилинган Китобдир” (41:3)

“Биз эслатма-ибрат олгувчи қавм учун оятларни батафсил баён қилдик” (6:126)

“Тафаккур қила оладиган қавм учун оятларни мана шундай муфассал баён қилурмиз” (10:24)

“Биз ақл юргизадиган қавм учун оятларни мана шундай баён қилурмиз” (30:28)

“Ушбу Қуръон Аллоҳдан бошқаси томонидан тўқилган бўлиши мумкин эмас. Балки, У бутун оламлар Рабби томонидан келган, унда шак-шубҳа бўлмаган, ўзидан аввалгиларни тасдиқловчи ва муфассал Китобдир” (10:37)

Δ Қуръон – очиқ-равшан китобдир. Маъно жиҳатдан муғлақ китоб эмас

“Алиф-Лом-Ро. Сизлар ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишингиз учун, ҳикмат соҳиби ва хабардор зот – Аллоҳ томонидан оятлари бузилмайдиган мустаҳкам ва муфассал бир китобдир” (11:1)

“Ҳо-Мим. Очиқ-Равшан Китобга — Қуръонга қасамки, албатта Биз уни сизлар ақл юргизишингиз учун арабий Қуръон қилдик” (43:1-3)

“Ҳо-Мим. Очиқ-Равшан Китобга — Қуръонга қасам” (44:1-2)

“Агар ақл юритсангизлар, сизлар учун оят-аломатларни аниқ-равшан қилиб бердик” (3:118)

“Дарҳақиқат, Биз Қуръонни эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, борми бирон эслатма-ибрат олгувчи?” (54:17)

Δ Қуръон, унга имон келтирганлар учун етарлидир

“Ахир уларга тиловат қилинаётган шу Китобни Биз сенга нозил қилганимиз улар учун етарли эмасми?!” (29:51)

Ушбу оятлар очиқ ҳолда шуни кўрсатмоқдаки, Аллоҳнинг Китоби тугалдир, илоҳий дастури-амал ўлароқ етарлидир, динга алоқадор мавзуларни тўлиқ очиқлайди, маънолари очиқдир, унга имон келтирганлар учун етарлидир ва барча замонлар учундир.

Δ Қуръон барча замонлар учун нозил қилинган

Аллоҳ таолонинг Қуръонда берган йўлланмаси, барча замонлар учундир. Мабодо тафсилоти берилмаган мавзулар бўлса, Қуръондаги ўзгармас ва собит қонунлардан келиб чиқиб, маълум шартларга кўра ижтиҳод қилиш мумкин бўлади. Инсонлар тарафидан қилинадиган бу ижтиҳод, Қуръонда келган қонунлар билан бир бўлолмайди, балки замон ва макон шартларига кўра ўзгариши мумкин. Қуръондаги ҳукмлар эса замон ва макон ўзгаргани билан, ҳеч қачон ўзгармайди:

“Раббингнинг сўзлари сидқу-адолатда комил бўлди. Унинг сўзларини бирон ўзгартиргувчи йўқдир. У эшитгувчи, билгувчидир” (6:115)

http://kemalyoldash.com