iddaolar
May 1, 2021

Иддаоларга жавоблар №5 (Пайғамбардаги “гўзал намуна” нима?)

Иддао №5

Аҳзоб:21-оятда шундай дейилади: “Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун – Расулуллоҳда гўзал намуна бордир” (33:21). Шундай экан, Пайғамбардан гўзал намуна олиш учун, ҳадисларга қараш керак.

Иддао №5 га жавоб

Расулуллоҳнинг бизга намуна бўлгани соҳаларда, дейлик дин ишларида, қандай амал ва муомала қилгани, Қуръоннинг ўзида айтиб қўйилган. Унинг Қуръонда айтилган мазкур ахлоқидан намуна олиш лозим. Уни намуна олиш учун аввало Қуръонни диққат билан ўқиб-ўрганиш лозим. Аслида мана шу сабабли, Аллоҳнинг Китобида, Муҳаммад ҳақида гувоҳ бўла оладиган кишилар Қуръонни теран билган кишилар экани баён этилади. Қуйидаги оят бунга мисол:
“Кофирлар дейдилар: «Пайғамбар эмассан». Айт: «Мен билан сизларнинг орамизда етарли гувоҳ – Аллоҳдир ва Китобдан хабардор бўлган ҳар бир киши” (13:43)

Пайғамбарнинг гўзал намунасини ўрганиш учун Қуръондаги маълумотлар етарли. Агар бундай бўлмасайди, Аллоҳ бу оятда гувоҳлик учун зарур илмни Китобдан демасди, балки ёнига бошқа китобларнинг илмини ҳам илова этарди.

Аҳзоб сурасида келган “гўзал намуна” ифодасини англаш учун пайғамбарнинг ҳаётда нималар қилгани ва ўз ҳаётига қандай принципларни асос қилганини билишимиз керак. Бу борада Юнус сурасида шундай дейилади:
“Мен фақат ўзимга келган ваҳйга эргашурман холос. Агар Раббимга исён қилсам, улуғ Куннинг азобидан қўрқурман” (10:15)

Бу оят ҳам шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ каби амал қилмоқ, у кишини ўзимизга намуна олмоқ учун унга келган ваҳйга, яъни Қуръонга эргашмоқ лозим. Зеро Расулуллоҳ ҳам ўзига фақат Қуръонни раҳбар этгандир, бошқа нарсага эргашиш бу оятда “Раббимга исён” дейилмоқда ва буни Қиёмат кунидаги азобга сабаб бўлишига ишора қилинмоқда. Биз ҳам агар Расулуллоҳни ўзимизга намуна олмоқ истасак, динимизни Қуръонга кўра тузишимиз лозим.

Пайғамбардаги “Гўзал намуна” учун ҳадисларга мурожаат этиш керак, дегувчиларга шу ўринда бир савол: Мумтаҳина сурасида Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда биз учун гўзал намуна борлиги айтилади:
“Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда гўзал намуна бордир” (60:4) Хўш, бу оятга нима дейсиз? Қани бугун Иброҳимнинг ҳадислари? Бу оятдаги Иброҳимнинг гўзал намунасини топиш учун қаёққа мурожаат қилайлик? Яна ривоят ва мазҳаб китобларигами?

Жавоб шуки, албатта, йўқ. Иброҳимнинг биз учун гўзал намуна бўлмиш амал ва муомаласини Қуръоннинг ўзидан топишимиз лозим, . Зотан, мазкур оятнинг ўзидаёқ ушбу гўзал намуна нима экани очиқланади: “Эслангиз, улар ўз қавмларига: “Дарҳақиқат, бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётганларингиздан безормиз. Бизлар сизларни инкор этдик. Токи сизлар Ёлғиз Аллоҳга иймон келтиргунларингизча, сизлар билан бизнинг ўртамизда адоват ва ёмон кўриш зоҳирдир”, дедилар. Фақат Иброҳим ўз отасига: “Албатта сен учун мағфират сўрайман, сенга Аллоҳ томонидан бўладиган бирон нарсага молик эмасман” Қуръондаги бошқа кўплаб оятлар Иброҳимнинг ахлоқи ва амалини етарлича очиқлаб беради бизга (Қаранг 16:120, 6:79-81, 14:35).

Биз мана шу оятларда зикр этилган амал ва ахлоқни ўз ҳаётимизга нанума қилиб олишимиз лозим.

http://kemalyoldash.com