otaism
June 25, 2021

ОТАИЗМ-1. Ота-бобо динидан Аллоҳнинг динига

Мазҳаблараро ихтилофлар масаласи жуда муҳим, ота-боболар динига эргашиш ҳисси, ўртадаги барча зиддиятларга қарамасдан, бу соҳада ўта кучли. Ҳар қандай диний гуруҳда ота-бобосидан ўргангани, кўриб пайқай олиши керак бўлган чалкаш ва зиддиятлар ҳамда ақлга-мантиққа зид ҳукмлар ниҳоятда кўп. Яъни ота-боболар, биз ўйлаганчалик маъсум ҳам бўлмаган, бирор далил асосида ҳам бўлмаган.

Ер юзидаги барча диний гуруҳлар, ўз динларига жиддий ёндошиб, ўзларига ўргатилган дин ва мазҳаблар ҳақида тафаккур қилишлари ва текширишлари керак. Далил асосида яшаш ва ота-боболардан қолган диний таълимотларни таҳлил этиш ўта муҳим ва зарур. Аллоҳнинг хузурида ўтмайдиган бирор далилнинг қандай ҳам қиймати бўла олади?

Ҳаётдаги энг муҳим танловимиз, танлаган динимиздир. Бошқа яна қайси танловимиз бунчалар ҳаётий аҳамиятга эга бўлиши мумкин? Ҳаётда олган қарорларимиз орасида қайси бир хато қарор, нотўғри дин танлашчалик аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин? Инсонларнинг кўпчилиги, абадий ҳаётимиз билан боғлиқ бўлган бу энг муҳим масалада, диққат билан текшириш у ёқда турсин, энг оз изланиб ҳам қилиб кўрмайди! Аксинча, диний эътиқодларини одатдагидек ота-бобосидан нусха олади ва фикрлаб ҳам ўтирмасдан тақлид билан яшайверади. Бунинг номи - динни жиддийга олмаслик, Аллоҳни ва Охиратни қадрламаслик…

Шунчалар фарқли дин, шунча мазҳаб, шунча фарқли ақидалар бор экан, бошқалари ҳаммаси уйдирма-ю, биргина сенинг эътиқодинг энг тўғри эканига ЕТАРЛИ ДАЛИЛИНГ борми? Ёки ер юзидаги кўпчилик каби, ота-онанг ё атрофингдаги одамлар эътиқодига тақлид қилаяпсанми? Сени Яратган Зотни, йўл кўрсатишда Етарли деб билишинг, Унга ишонишинг, холис Ундан ёрдам сўрашинг, эътиқодингни тафтиш қилишинг, текширишинг, ҳаққни топиш ва унга эргашиш дардида бўлишинг, динингга жиддий қарашинг ва ДАЛИЛ АСОСИДА ҳаёт кечиришинг керак эмасмиди? Бу саволлар устида тафаккур эитилиши лозим.

Исро:36 Билмаган нарсангга кўр-кўрона эргашма, чунки қулоқ, кўз ва қалб, барчаси унга масъулдир.
Муҳаммад:3 Чунки инкор қилувчилар ботилга эргашмоқдалар, имон келтирганлар эса Рабларидан келган ҳақиқатга буйсунмоқдалар. АЛЛОҲ халқнинг ҳолатини шундай намоиш этади.

Юқоридаги икки оятдан ДАЛИЛ АСОСИДА яшашнинг нақадар муҳим эканлигини кўрамиз. Исро:36-оятига кўра, билмаган масалаларимизда бир фикрга эга бўла олмаймиз. Далилсиз ҳеч қандай таълимотга эргашиб бўлмайди. Қуръоннинг шу бир оятига амал қилган бирор халқни, қайси уламо ёки сиёсатчи алдай оларди? Қуръон тарафидан ўртага қўйилган бу тамоил, ҳаётимизни тубдан ўзгартирувчи ва ўта муҳим бир қоида эмасми? Қуръонга ишонишини айтаётган жамоялар, нима учун бу оятга амал қилмайдилар?

Муҳаммад сурасининг 3-ояти ҳам бу борада жуда муҳим. Қуръон, ботилга бўйсунишни, кофирларнинг бир сифати ўлароқ таърифлар экан, Аллоҳдан келган ҳаққа буйсунишни эса имон келтирганларнинг ҳусусияти ўлароқ келтирмоқда!

Яъни кимдандир эшитганига ишониб, ривоят ва миш-мишлардан дин ахтариш эмас, АЛЛОҲдан келган ДАЛИЛ АСОСИДА яшашга мажбурмиз.

Оли Имрон: 105 Ўзларига очиқ-ойдин далиллар келганидан сўнг бўлиниб, ихтилофга тушганлар каби бўлманглар. Улар учун катта бир азоб бор.
Анъом:57 Айтгинки: «Мен Роббимдан берилган бир далилга асосланмоқдаман. Сиз эса уни ёлғонга чиқардингиз. Уни майдонга чақириб, истаётган нарсангизни келтириш менинг қўлимда эмас. Ҳукм фақат ва фақат АЛЛОҲникидир. Ҳақиқатни англатади. У энг яхши ажрим қилувчидир».
Анъом:149 Айтгинки: «Энг кучли далил АЛЛОҲникидир. Агар истаганида эди, албатта барчангизни тўғри йўлга солар эди».

Дин, инсон ижоди бўлмиш мазҳаб ижтиходларига эмас, ваҳий маҳсули бўлмиш оятларнинг кучли далилларига таяниши лозим. Инсон ижоди бўлмиш барча диний қарашлар, инсоннинг табиатига ҳос равишда ихтилоф ва бўлинишларга сабаб бўлади. Фақатгина ваҳийга бўйсуниш, бир қатор баҳс ва тортишувларга нуқта қўйгани каби, диннинг чегараларини барча инсонлар томонидан аниқ билинишига ва ихтилофларнинг камайишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Кахф:54 Биз бу Қуръонда одамлар учун хар турли мисолларни келтирдик. Аммо инсон тортишишга моилдир.
Худ:118 Раббинг истаганида эди, одамларни бир уммат қиларди. Аммо улар мунтазам (хақиқатни) тортишадилар.

Бўлинишларга сабаб бўлган масалаларни жиддийга олмаслик ҳам алоҳида бир муаммо. Бир ҳаромни ҳалол қилишни ширк ва куфр деб тўғри таърифлаган ота-боболар, ўзлари ҳаромлар уйдиришган, ҳатто ҳаромлар уйдиришда ихтилофларга ботиб қолишган, аммо бунда бирор муаммо кўрмаган, халқ ҳам буни кўрмасин дея буни ниқоблашган.

Дин пешволарнинг кўпчилиги, ота-бобосидан қолган динни текшириб кўрмасдан айтиб юраверади. Бундай аҳвол деярли барча диний гуруҳларда бир хил. Дин пешволари ўзлари яшаган ўлкадаги динни олиб, тафтиш қилмасдан, текширмасдан, энг тўғри дин дея бошқаларга ўргатувчи бир гуруҳдир. Булардан бир қисми хаққни кўриб билса ҳам, ишсиз қолиши ва тирикчилик қайғуси сабабли бу хаққни очиқ айтолмайди. Диндан бошқа даромадлари йўқлиги ва ишсиз қолиш қўрқуви, хаққни ошкор қилиш истагидан ғолиб келади.

Қуйидаги оятлар бизни ўзимизга келтириши; Аллоҳ ҳақида гапирганда, эҳтиёт бўлишимиз кераклигини билдириши лозим. Айни пайтда биз учун охиратнинг бирор аҳамияти бор бўлса, тирилиш кунида пушаймон бўлмаслик учун динимизни қадрлаш, ишонган динимизни текширишимиз ва унинг устида тафаккур этишимиз лозим. Тақлид эмас, ДАЛИЛ АСОСИДА ҳаётни барпо этишимиз лозим.

Дин пешволари хаққни бундан буён яширмаслиги учун, қуйидаги оятларни бир огоҳлантириш сифатида кўришларини истардим. Жуда яхши билиб турсалар ҳам, баъзи масалаларни яширган, очиқ баён қилмаган ёки баён қилса ҳам гапни эгиб-букиб ҳаққни бир қисмини беркитганлардан Аллоҳ хисоб сўрайди!

Худ:18 АЛЛОҲга ёлғон нисбат қилгувчидан-да золимроқ ким? Улар Роббилари хузурига чиқарилади ва гувоҳлар дейди: «Роббилари шаънига ёлғон тўқиганлар мана шулардир». Бундай золимларга АЛЛОҲнинг лаънати бўлсин.
Жосия:21 Ёмонлик қилувчилар, ҳаётликларида ҳам, ўлганларида ҳам, ўзларини, имон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар билан бирдек кўришимизни ўйладиларми? Нақадар ёмон ҳукм чикармоқдалар!
Анъом:81 АЛЛОҲ улар ҳақида сизга хеч бир далил туширмаган нарсаларини Унга шерик қилишдан қўрқмайсиз-у, мен қандай қилиб сизнинг шерик қилганларингиздан қўрқайин? Қайси тараф ишончли жойда? Бир билсайдингиз!

Аллоҳ ва дин ҳақида далилсиз гапирувчиларга керакли чора кўрмасликнинг бадали оғир бўлади. Шу боис хар бир мусулмон керакли изланишларни олиб борган ҳолда динини ўзи текшириб, ўрганиб, англамоғи шарт.
Сўнгги сўз ўрнида: баъзи масалаларда тортишиб қолганимизда, оятдаги жумлаларни эслашимиз, эслатишимиз ва ҳар қандай диний масала устида тинч йўллар билан баҳс юрита олишимиз лозим.

Ҳажж:69 Ихтилоф қилганингиз масалада, Қиёмат куни орангизда АЛЛОҲ Ўзи ҳукм қилади.

Софф:4 АЛЛОҲ ўзининг йўлида мустаҳкам бир девор каби, бир сафда туриб курашганларни севади.

Ahmet Murat Sağlam

* * *

КИРИШ

Иддао: Аҳли Сунна вал Жамоат хақ йўл. Аҳли Суннатга эргашганлар хақ йўлда бўлади. Ҳадисда шундай дейилган: «Умматим 73 фирқага бўлинади. Булардан 72 жаҳаннамда, фақат бир фирқа жаннатда. Жаҳаннамдан нажот топувчи ягона фирқа, менинг ва асҳобимнинг йўлидан борувчилар» (Термизий, Ибн Можа). Аҳли Сунна вал Жамоат, суннат ва жамоат аҳли демакдир. Асҳоби киром, Пайғамбаримизнинг жамоатларидир. Суннат эса Пайғамбаримизнинг йўлларидир.

Иддаога жавоб: Аҳли Суннат дегани ягона бир гуруҳ ва бир бутун эътиқод эмас, аксинча, жиддий ақидавий ихтилофларни ўз ичига олган бир қанча оқимнинг умумий номи. Кунимиздаги “Исмоил Оға” тариқати*) ҳам ўзини Аҳли Сунна деб атайди, ИШИД, Толибон, Ал-Қоида каби қаттол усуллар билан инсонлар ҳаётини зиндонга айлантирган, дин номидан инсонларни қатл этаётган жангарилар ҳам ўзини Аҳли Сунна дейди ўзини! Бу оқимлар орасидаги эътиқод фарқларини интернетда изланиб кўрибоқ ёки ўзлари тарқатаётган видеолардан ҳам кўришингиз мумкин. Ҳам Сунний, ҳам Шиа гуруҳларининг ички мазҳаблари бўлмиш тўртта Сунний, учта Шиа мазҳабларининг эътиқоддаги фарқлар нафақат майда ҳусусларда, айни вақтда асосий массалаларда ҳамдир. (Зотан ихтилоф қилмаган мавзулари деярли йўқ).

Тўрт Сунний мазҳаб орасида жиддий тафоввутлар мавжуд (Шиа мазҳабларида ҳам аҳвол шунга ўхшаш). Бирининг ҳаром деганини бошқаси бемалол ҳалол деяверади. Мазҳаблар орасидаги ихтилоф майда ҳусусларда эмас, ақоид ва ҳукм каби асосий масалаларда ҳамдир. Буни мазҳаблар орасидаги фарқларни кузатиб, ўзингиз ҳам осонгина кўришингиз мумкин. Ҳаромлар уйдирган мазҳаблар, ўз ораларидаги ихтилофларни гўёки арзимасдек кўрсатишга уринсалар ҳам, бу мавзуни чуқурроқ ўрганганимизда вазият ниҳоятда жиддий эканлигини кўрамиз.
Асосий ихтилофлардан бирига бир мисол: Қуръонга кўра денгиз махсулотларининг БАРЧАСИ ҲАЛОЛДИР.

Мавзуга алоқадор оятлар:

Моида:96 Денгиз жониворларини овлаш ва уларни ейиш сизга ҳалол қилинди. Сизга ва йўловчиларга тирикчилик қилиш учун. Эҳромда бўлган вақтингизда сизга қуруқлик ови таъқиқланди. Хузурида жам бўладиганингиз АЛЛОҲга қулоқ солинг.
Наҳл:14 У денгизни сизга бўйсундирди, ундан барра гўшт ейсиз, ундан кийим ва тақинчоқлар учун зийнатлар чиқарасиз. Кемаларни денгизни ёриб сузганларини кўрурсиз. Шундай қилиб, Унинг лутфини излайсиз ва балки Унга шукр қиларсиз.

Қуръонга кўра денгиз маҳсулотларининг барчаси ҳалол эканига қарамай, мазҳаблар бу борада Қуръонга мухолиф чиқишган. Уч мазҳаб денгиз маҳсулотларининг барчаси ҳалол деса, Ҳанафий мазхабида БАЛИҚ СУРАТИДА БЎЛМАГАН БАРЧА ДЕНГИЗ МАҲСУЛОТЛАРИ «ҲАРОМДИР, ЕЙИЛМАЙДИ» деган ҳукм беришган.

Кальмар, каракатица, краб, мидия, устрица, қисқичбақа, креветка каби денгиз маҳсулотлари, ҳукм уйдириш билан ҳаром қилинган. (Яна кўплаб денгиз маҳсулотларини ҳам ҳаром қилишган, барчасининг номини бу ерда келтириб ўтирмадик).

Уч мазҳаб бу борада Қуръонга мувофиқ ҳукм чиқарган бир пайтда, Ҳанафийлар бу қарашлари билан ҳалол бўлган бир егуликка ҳаром деб, Аллоҳга тухмат килишган ва динни бузган бўлиб чиқади. Кўплаб масалада бўлгани каби, бу масалада ҳам, бир мазҳабнинг ҳаром деганига бошқаси ҳалол деяверади. Ҳанафийларнинг бу каби хатолари ва баъзи денгиз маҳсулотларига ҳаром ҳукмини беришлари Қуръонга кўра ширкдир. Бу мавзуда «Нега Ёлғиз Қуръон?» номли китобимда батафсил тўхталганман. (Наҳл:35 ва 116, Анъом 148-150 оятларига ҳам қаранг).
Муаммони ўрганиб чиқиб, ниҳоят ечиши лозим бўлган дин пешволарининг аксарияти бирор ечимга келолмагани каби, Қуръондаги очиқ оятларга қарамай, отасидан қолган мазҳабларнинг ҳукмларига кўр-кўрона эргашади.
Уч мазҳаб имомлари денгиз маҳсулотларининг барчаси ҳалол деганида хақ эдилар. Ундай бўлса, нега Ҳанафийлар нохақ эканини била туриб, бу хатони давом этдилар? Сабаби шу: ҲАНАФИЙЧИЛИК ҚИЛДИЛАР!..

Қуръондаги бу огохлантиришлар, бизларни мазҳабларга бўлинмаслигимиз учун эди!

Рум:32 Улар динларини парчаладилар ва мазҳабларга бўлиндилар. Хар бир фирқа ўзига оид бўлганидан севиниб фахрланмоқда.
Анъом:159 Динларини парчалаб, гуруҳбозлик қилганлар билан сенинг хеч бир алоқанг йўк. Уларнинг иши АЛЛОҲга ҳавола, сўнгра уларга ҳолатлари хақида Ўзи хабар беради.

Мазҳаб имомлари бирор масалада ўз қарашини айтганида, кейинчалик келган бошқа имомлар худди аввалгилар каби далилларга унча аҳамият бермасдан, ўз мазҳаб қарашини ҳақ деб тураверади. ЯЪНИ МАЗҲАБЧИЛИК ҚИЛИШАДИ.
Далил улар учун аҳамиятсиз, бошқа мазҳабларнинг бу масаладаги далилларига қарашни ҳаёлларига ҳам келтиришмайди. Ўз мазҳаб ижтиҳодлари, уларнинг тасаввурида дахлсиз, муқаддас ҳукмлар каби қабул қилинади.

Масалалар устида баҳслашиш, далил асосида ҳаёт кечиришга аҳамият бермайди. Баъзи масалаларда истиснолар бўлса ҳам, умумий йўналиш доимо мазҳаб чизган чизиқда кетади. Зотан дин пешволари ҳам, оддий аҳоли ҳам ўз мазҳабини ўзи танламаганини, ота-бобосидан мерос қилиб олганини, уларга кўр-кўрона эргашишини барча билади.

(Айни вақтда дунёдаги инсонлар ҳам, туғилган ўлканинг ва оиланинг динига ва мазҳабига умр бўйи маҳкум бўлиб қолади).

Шу ўринда баъзи саволлар туғилади; Ҳар доим, ҳамма масалада ўз мазҳаби ҳақ бўлавермаслиги боис, Аҳли Суннага кўра тўрт мазҳабнинг тўрти ҳам ҳақ бўлса, нега бир мазҳаб бошқа мазҳабнинг ҳукмларига амал килишдан тортинади? Нега фақатгина ўз мазҳабининг қарашларига (зарурат бўлмаган пайтда) эргашишга мажбур? Бу борада баъзи арзимас сабаб ва оқловлар айтилса-да, барчаси қониқарли ва ишонарли дейишдан анча узоқ жавоблар.

Минг йилдан кўпроқ муддатдан буён, уч мазҳабнинг уламолари денгиз маҳсулотларининг барчасини ҳалол деб келган бир пайтда, Ҳанафий уламолари балиқ кўринишида бўлмаган денгиз маҳсулотларининг барчасини ҳаром дейишлари қайси мантиққа тўғри келади?

Ҳар бир мазҳабни ташкил қилган уламолар, қандай қилиб ўз имомларининг ижтиҳодларининг айнисини ёқлайди?

Бу ҳолатнинг далилга мутлақо алоқаси йўқлигини осонгина пайқашимиз лозим.
ИЛК ижтиҳод қилган киши ҳар қалай далилга кўра (хато бўлса ҳам) қарор қабул қилганини айтиш мумкин. Аммо кейинчалик келган тобеълари учун энди далил муҳим эмас, фақатгина ўз мазҳаби ҳукмини тўғри санаш ва унга эргашиш ва эргаштириш холос. Бу далилнинг асослими-йўқми, деган масалада тортишиш ёки эътироз билдириш учун журъатлари етмайди.

Денгиз маҳсулотлари ҳақидаги ихтилоф, бу борада келтириш мумкин бўлган юзлаб мисоллардан бири холос. Муҳими, ота-бободан қолган ҳар қандай диний таълимотни Аллоҳдан ёрдам сўраган ҳолда тафтиш қилмоқ, доимо самимият-ла хаққа интилмоқ ва изланмоқдир. Бундай самимият-ла ҳаққни излаган киши ботил йўлда бўлиши мумкинми? Аллоҳ, ҳаққа интилган, динини қадрлаган ва изланган бандаларига албатта Тўғри Йўлни кўрсатмай ташлаб қўймайди.

Албатта барча дин певшоси бир хил эмас. Ора-сира Қуръонга уйғун бўлмаган масалаларни, жиддий хатоларни кўра олган уламолар ҳам бўлиб келган. Аммо, буни айтишга ўзларида етарлича журъат топишолмайди ёки хаққни ошкор қилган онларидаёқ одамлар орасидан четлаштирилиб, овозлари ўчирилади. Шу боис ҳам дин пешволари жасур бўлишлари ва Дин Кунида хисоб беришларини унутмасликлари лозим.

Аллоҳдан Қўрққан Мусулмонлар Хаққни Яширмаслар!

Оли Имрон:175 Шайтон фақатгина ўз дўстларини қўрқита олади. Улардан қўрқманг, Мендан қўркинг, аар чиндан ҳам иймон келтирган бўлсангиз.
Ўтмишда бўлгани каби, бугун ҳам, ҳар диний гуруҳда бир қатор уламолар баъзи хақиқатларни билишларига қарамай, беркитишади!

Бу харакатлари уларни лаънатга лойиқ бўлишларига йўл очади. Ҳаққни яшириш ва одамларнинг қаршилигидан қўрқиш, аслида етарлича имон келтирмаганига исботдир.
Уламоларга жиддий огохлантириш, ҳаққни яширганларни Аллоҳ лаънатлайди!

Бақара:159 Нозил қилганимиз очиқ далилларни ва ҳидоятни, Китобда одамларга баён қилиб берганимиздан сўнг ҳам яширганларни АЛЛОҲ ҳам, лаънатлагувчилар ҳам лаънатлайдилар.

Бутун дунёда бугун жуда кўп тобеъси бўлган минглаб дин мавжуд. Ҳар бир диннинг ўз ичида яна қанча мазҳаб ва тариқатлари бор. Табиийки, бу минглаган диннинг ҳар бирида яна минглаб диний уламолар бор. Бу уламоларнинг, ўз эътиқодларидаги баъзи хатоларни кўрмаяпти, деб ўйласангиз, адашасиз. Аслида, ҳар бири ўз эътиқодидаги зиддиятлардан бохабар. Аммо, жиддийга олишмайди ёки буни очиқ айтишга қўрқишади.

Кўр-кўрона эргашиш ва ота-боболарни улуғлаш туйғуси, халқнинг онг-остига кучли ўрнашиб қолган. Шу боис ҳам, инсонларга хаққни англатиш оғир бадаллари бўлган ва ҳамма ҳам кўтара олмайдиган бир юкдир. Маошли дин пешволари маошларидан ажралиб қолса, бошқа даромадлари бўлмагани боис, ҳаққни ё қисман ёки бутунлай яширишни маъқул кўради. Ҳар икки ҳолатда ҳам, ҳоллари ҳароб.

Қуръонда ширк масаласи етарли даражада батафсил очиқланган ва ҳаромлар борасида ихтилоф қилишнинг ширк эканлигига алоҳида урғу берилган. Бир неча оятда, мушрикларнинг ўзаро ўхшаш сифатлари айнан ҳаромлар уйдириш экани айтилган.

Аллоҳ бизга нималарни таъқиқлаганини батафсил баён қилган!

Анъом:119 Сизларга нима бўлдики, АЛЛОҲнинг номи зикр қилинганларни емаяпсизлар? Ҳолбуки мажбур бўлган ҳолларингиздан ташқари сизга таъқиқланганларни батафсил баён қилиб қўйган-ку. Кўпчилик, билмай туриб шахсий қарашлари билан халқни йўлдан оздирмоқда. Роббинг хаддидан ошувчиларни яхши билади.

Қуръондаги бу ҳукмларга кўра, Ҳанафий мазҳаби тарафдорлари, денгиз маҳсулотлари билан алоқадор юқоридаги ҳукмларга ишониш орқали, ҳам ҳалол бўлган маҳсулотлардан бебахра қолишади, ҳамда (ҳаром уйдириб динга илова қилинган ҳукмлар билан) динни бузган мазҳаб имомларига эргашиб, уларнинг ширкига шерик бўлишади. Бу билан динда ягона ҳукм қўювчи бўлмиш Аллоҳга ҳам туҳмат қилган бўлишади.

Аллоҳга туҳмат қилиш ва динда ҳаромлар уйдириш майда-чуйда масалалар деб айта оламизми? (Анъом:138-150-оятларини диққат билан ўқинг).

Ҳаромлар Уйдиришнинг Оқибати!

Анъом:140 Жаҳолатлари сабабли АЛЛОҲга тухмат қилиб, фарзандларини ақлсизларча ўлдирганлар ва АЛЛОҲнинг УЛАРГА БЕРГАН РИЗҚЛАРИНИ ҲАРОМ ҚИЛГАНЛАР, АНА ЎШАЛАР ЗИЁНДА ҚОЛГАНЛАРДИР, адашганлардир. Улар ҳидоятни кўра олмайдилар.

Диннинг энг муҳим масалаларидан бири бўлмиш ҳалол-ҳаром борасида ихтилоф қилиш, мавжуд бўлмаган ҳаромларни динга кириш, Ислом динининг ягона ҳукм қўювчиси бўлмиш Аллоҳ Таолога шерик қўшиш деган маънони билдиради.

Шу йўл билан, диннинг бузилиши бошланиб, чегаралари ноаниқ ва мазҳабларга кўра ўзгарувчан пала-партиш бир ҳолга келади ва шундай ҳолга келди ҳам. Ҳанафий мазҳаби жуда ҳам жиддий бузилишни намоён қилган ҳолда, Қуръонга қарши равишда, денгиз маҳсулотларининг бир қисмига ҳаром ҳукмини берган. Биргина шу масаланинг ўзиёқ мазҳабга эргашиш Қуръонга кўра қанчалик янглиш эканини англаш учун етарлидир. Ёлғиз Қуръонга ишонган ва динини ундан ўрганувчи инсон, ҳаромлар руйхатини билиши жуда ҳам осондир. Аммо мазҳабларга ишонган одам, нималарнинг ҳаром эканлигини аниқ билиб олиши деярли имконсиз. Дунёдаги барча динларда ҳам аҳвол шундай. Буни ўзингиз ҳам текшириб кўришингиз мумкин.

Дин Пешволари Жуда Таҳликали Бўлишлари Мумкин!

Анъом:137 Шундай қилиб, уларнинг (Аллоҳ номидан ҳукм қилувчи) шериклари, хатто фарзандларини ўлдиришни ҳам мушрикларнинг кўпига чиройли қилиб кўрсатди. Шундай қилиб, уларни тойдирдилар ва динларини қориштириб буздилар. АЛЛОҲ истаганида эди, бундай қила олмасдилар. Улардан ва уйдирган нарсаларидан узоқ тур.

Аллоҳ бизни ўтмишдагиларнинг аҳволига тушмаслик учун огоҳлантирмоқда. Динни қориштириб бузганлар ўтмишда ҳам бўлганидек, ҳозир ҳам бор. Биздаги дин пешволари ҳам шунга ўхшаш бир шаклда баъзи амалларни чиройли қилиб кўрсатишган. Мисол тариқасида динидан воз кечган инсонни қатл этиш ва зино қилган одамни тошбўрон қилиб вахшийларча қатл этиш мисолини келтиришимиз мумкин. Қанчадан қанча ҳукм уйдирган дин пешволари, бу йўл билан динни ҳаётга тадбиқ қилиб бўлмайдиган бир аҳволга келтиришган. Ислом динига Аллоҳдан келгани соф ҳолида ишониши ва амал қилиш керак бўла туриб, мусулмонлар, Қуръонни англаш учун ҳаракат ҳам қилмаслик натижасида адаштирилган. Дин пешволарининг оломонга хитоб қилиш ва уларнинг ҳис-туйғуларини манипуляция қилиш қобилияти ниҳоятда кучли. Дунёдаги кўплаб диний эътиқодларни қанчалар маъносиз бўлишига қарамай, бугунгача оёқда тутиб турган ҳам айнан ана ўша дин пешволари бўлади.

Дин Пешволарининг Кўпчилиги Аллоҳнинг Йўлидан Адаштиради!

Тавба:34 Эй имон келтирганлар, аҳбор ва руҳбонларнинг (яҳуд ва насоро дин пешволарининг) кўпчилиги одамларнинг молини нохақ йўллар билан ейди ва АЛЛОҲнинг йўлидан оздиради. Олтин ва кумушни йиғиб, АЛЛОҲ йўлида инфоқ этмайдиганларга аламли бир азоб хушхабарини бер.

Албатта, динбузарларга эргашувчилар уларнинг бу сирларидан хабари йўқ. Ота-боболарига эргашганлари боис, бу пешволарга ишониб эргашади, чунки кўпчилик шундай қилади. Бир нарсага кўпчиликнинг ишониши билан, у нарса тўғри бўлиб қолмайди.

Барча мусулмонлар ўз динини яхши билганида эди, дин пешволари уларни лақиллата олмасди, йўлдан оздира олмасди. Шундай экан, ҳар бир мусулмон, ўз динини яхши билиши шарт.

Дин Номидан Уйдирилган Ёлғонлардан Огоҳ Бўлинг!

Ҳуд:18 АЛЛОҲга ёлғон нисбат этгандан-да золимроқ ким? Улар Роббларининг ҳузурига чиқарилади ва гувоҳлар дейди: «Робблари шаънига ёлғон тўқиганлар мана шулар!» АЛЛОҲнинг лаънати золимлар устидадир.
Анкабут:13 Албатта ўз юкларини ҳам, (масъул бўлган) бошқа юкларини ҳам кўтарадилар ва уйдирган нарсалари ҳақида Қиёмат куни сўраладилар.
Зумар:60 Қиёмат куни, АЛЛОҲ ҳақида ёлғон уйдирганларнинг юзларини сўлғин кўрасан. Жаҳаннам, кибру-ҳаво қилувчиларга мос жой эмасми?

Дин номидан айтилган ҳар бир гапнинг, берилган ҳар бир ҳукмнинг далилини сўрашимиз шарт. Диннинг эгаси Аллоҳ Таолодир. Аллоҳ номидан ёлғонлар уйдириб, динни бузган барча дин пешволари, оятларда ҳам айтиб ўтилганидек, малъун одамлардир. Биргина ёлғон уйдиришнинг ўзиёқ, бу лаънатга лойиқ бўлиш учун етарли.

Шу боис ҳам, дин номидан айтилган барча нарса хақида етарлича огоҳ ва эҳтиёт бўлиш ҳар бир мусулмоннинг асосий вазифаларидан биридир.