ОТАИЗМ-2. Далилсиз имон келтирган халқлар
Динга далилсиз имон келтириш мумкин эмас. Ҳамон дунёда яшаётган қанчадан-қанча инсонлар, далилсиз имон келтиришнинг оғир бадалини ўтамоқда. Шу сабабдан ҳам, Қуръонда аниқ далил асосида ҳаёт кечиришга такро ва такрор урғу берилади ва мусулмонлар бу борада қақйта-қайта огоҳлантирилади.
Қасос:75 Ҳар бир умматдан бир гувоҳ танлаймиз ва «далилингизни келтиринг» деймиз. Шундай қилиб, барча ҳаққнинг АЛЛОҲга оид эканлигини биладилар ва уйдирган нарсалари уларни ташлаб ғойиб бўлади.
Муҳаммад:14 Ўз Роббидан аниқ далилга эга бўлган шахс, қилган ёмонликлари ўзига чиройли кўринганга ўхшаши мумкинми? Улар ҳавойи нафсларига эргашмоқдалар холос.
Юқоридаги оят, Ҳисоб кунида ҳар бир умматдан ДАЛИЛ СЎРАЛИШИНИ хабар бермоқда. Масалан, бу оятнинг хабари ҳақиқатга айланадиган Ҳисоб кунида, сигирни муқаддас деб ҳисоблаган бир ҳинду сигирни муқаддас деган аниқ далил келтира оладими? Ёки коинот Муҳаммад (а.с.) юзи-ҳурматига яратилгани ёки Муҳаммад а.с. Аллоҳнинг ҳабиби (суюклиси) эканини иддао қилувчи бир мусулмон-чи? Ёки Исо (а.с.) Аллоҳнинг ўғли дея иддао қилувчи бир насроний-чи? Албатта, буларнинг бирортаси ҳам аниқ далил келтира олмайди ва қилган оғир тухматларининг бадалини ўтайди. Шу сабаб ҳам, гап дин ҳақида борганида, Раббимиздан келган бирорта аниқ далилга эга бўлишимиз энг ақлли ҳаракат бўлади.
Юнус:68 «АЛЛОҲ фарзанд тутди» дедилар. У покдир, У ҳеч бир нарсага эхтиёжи йўқ Зотдир. Осмонлару-Ерда нимаики бўлса, Уники. Бу борада сизнинг ҳеч бир далилингиз йўқ. АЛЛОҲ ҳақида билмаган нарсангизни айтаверасизми?
Бу чиркин иддаони кўтариб юрган бирор насронийдан сўрасангиз, ўзича турли ривоятлардан далил келтиради. Аммо АЛЛОҲ юқоридаги оятда, бу туҳмат эгаларининг қўлида ҳеч қандай далил йўқлигини айтади. Демак, Аллоҳнинг наздида ўтмайдиган далилга эргашиш ҳам бизга фойда бермайди! Ривоятлардан, ҳадис китобларидан, фалончи роҳибнинг, фалончи гурунинг (ҳиндуизмдаги шайхлар «гуру» дейилади), фалончи имомнинг сўзларидан келтирган далилларнинг бирортаси қабул қилинмайди!
Элчилар ўз қавмларига илоҳий Рисолатни келтирганларида, қавмлари доимо шубҳа билан кутиб олганлар. Элчиларга ишониб уларга ёрдам берган инсонлар доимо озчилик бўлган, ҳатто баъзан ўз оилалари ҳам имон келтирмаган. Вақт ўтган сайин, Рисолат қабул кўриб, ишонганлар сони ортиб борган. Аммо бу, бир қатор муаммоларни келтириб чиқарган (Аъроф:169. Фурқон:18), масалан, вақт ўтиши билан одамлар Рисолатнинг ички мазмунини бузишни бошлашган. Динга янги кирган кишилар эса, ўз эски эътиқодларини тарк этмаган ва уйдирма ривоятлар орқали бу эътиқодларни Элчилар келтирган динга ҳам кирита олишган. Диннинг бузилиш жараёни мана шундай қора қонуниятга кўра руй беришини айта оламиз.
Инсонларнинг кўпчилиги ота-бобосидан қолган диний таълимотларни кўр-кўрона қабул қилади.
Дунёнинг қай тарафига қараманг, одамлардаги бу хусусият ўзгармайди.
Ёсин:62 Шунга қарамай у (шайтон), сиздан кўплаб авлодларни оздирди. Хеч ақл ишлатмадингизми?
Инсонларнинг эътиқодини асосан туғилган жойлари белгилаб беради. Халқ орасидаги мавжуд диний таълимотларнинг тафтиш қилинмасдан қабул қилиниши боис (асосан) Ҳиндистонда дунёга келган инсонлар Ҳинду, Исроилда туғилганлар Яхудий, Эърондагилар Шиа, Туркияда туғилганлар асосан Сунний, Хитой ёки шунга ўхшаш коммунист ўлкаларда эса Атеист бўлиши мумкин (Социалист ўлкаларда Атеизм ниҳоятда оммалашган). Ва бу инсонларнинг деярли барчаси аждодларидан ўрганган динларига умр бўйи эргашади. Диний эътиқодларида нақадар ахмоқона унсурлар бўлмасин, бу ҳолат уларни ўйлантирмайди ҳам. Ҳар бир диний гуруҳнинг ўз ичида алоҳида мазҳаблари, тариқатлари ёки жамоатлари бор. Одамлар эса етакчиларига ўлгудек боғлиқ ва уларнинг хатоларига қарши сеҳрлангандек кўр ва кар бўлиб олади. (Туркиядаги Фатхуллоҳ Гулан ва жамоати бунга энг ёрқин мисол).
Қуръонда эса, ота-боболар динини текшириш, таҳлил ва тафтиш қилиш, нозил қилинган ваҳйнинг ҳақиқатига гувоҳ бўлиш, ақл ишлатиб эргашиш буюрилади. Қуръонга кўра, ҳаққ кимдандир мерос қоладиган бир матоҳ эмас. Ҳаққа гувоҳ бўлиш учун, одам аввало ўзи тўғри инсон бўлиши, сўнг бу ҳаққа йўналган интилиш, хоҳиш ва ҳаракат бўлиши керак. Бунинг гўзал бир мисоли Нуҳ (а.с.)нинг ўғли ва хотини мисолидир. Ҳақ йўлда бўлиш, ота-бободан ёки оиламиздан қоладиган нарса бўлганида эди, барча элчиларнинг оилалари имон келтиришлари лозим эди. Ҳолбуки, бир қанча элчиларнинг энг яқинлари ҳам имон келтирмагани Қуръондан маълум.
«Нега бошқа эътиқодлар уйдирма-ю, сенинг эътиқодинг тўғри экан? Далилинг нима?» деган саволни черковдаги бир насронгийга, Токиодаги бир маъбаддан чиқиб келаётган бир буддавийга, Ганг дарёсининг инсон қўллари билан кирланган сувида чўмилиб Хожи бўлдим деб юрган бир Ҳинду ҳожига, Туркия ёки Эронда жума намозидан чиқиб келаётган бир сунний ёки шиъийга бериб кўринг, оладиган жавобингиз деярли бир ҳил: "Улар фақат ўз-ўзалирини Тўғри Йўлда деб санайди, чунки ота-бобоси шундай санаган!"
Аъроф:30 Бир гуруҳни тўғри йўлга бошлади, бошқа гуруҳга залолат хақ бўлди. Улар шайтонларни АЛЛОҲдан беридаги дўстлар деб билишди. Аммо ўз-ўзларини тўғри йўлда деб биладилар.
Дунёдаги деярли барча диний жамоатлар, туғилган онларидан буён Аллоҳ билан тўғридан тўғри боғлиқликлари борлигига ишонади. Энг тўғри мазҳабмиз, тариқат ёки жамоат биздармиз деб ўйлашади. Айни ўша инсонлар, Аллоҳнинг адолатсизлик қилмаслигига ва ҳеч кимга илтифот ва имтиёз танимаслигини билишларига қарамай, бу зиддиятга аҳамият бермаслиги ва бу ҳақда фикр юритмаслиги ҳам ғаройиб! Буни ўзингиз ҳам осонгина синашингиз, ўзингиз таниган бирор дин ёки мазҳабдаги одамлардан сўраб кўришингиз мумкин.
Дунёнинг қаерида бўлмасин, инсонларнинг бу тақлидчи хусусияти асло ўзгармайди. Қуръон эса бизга тақлид билан яшашни эмас, аксинча аниқ илм, изланиш ва далилга таяниш орқали эътиқодимизни шакллантиришни, фикр юритиб, текшириб, тафтиш қилувчи инсон бўлишимизни насиҳат беради. Қуръоннинг далил асосида яшашга чақирувчи низомлари билан, инсонларнинг тақлидчи одати орасидаги улкан фарқлар ҳақида ўйлашимиз ва бошқаларни ҳам ўйлашга чорлашимиз лозим. Қуръон мана шу ерда ёрдамга келиши ва эътиқодимизни шакллантириши лозим. Ҳақиқатга асосланган бир эътиқод, фақатгина Қуръон орқали бўлиши мумкин. Эътиқодини турли инсонлар ижоди китоблар орасида тақсимлаганларнинг асосли ва зиддиятсиз бир эътиқодда бўлиши асло мумкин эмас.
Бақара:209 Сизга очиқ-ойдин далиллар келишига қарамай тўғри йўлдан озсангиз, билингки АЛЛОҲ Устундир, Олимдир.
Оли Имрон:105 Ўзларига очиқ-ойдин далиллар келганидан кейин тафриқа ва ихтилофларга юз тутганлар каби бўлманг. Улар учун буюк бир азоб бор.
Баййина:4 Ҳақиқат шуки, ўзларига Китоб берилганлар, фақатгина очиқ далиллар келганидан сўнггина тафриқага тушдилар.
Юсуф:103 Нақадар истасанг ҳам, инсонларнинг кўпчилиги ишонмайди.
ТЎҒРИ ЙЎЛДАН ОЗГАН ОТА-БОБОЛАР!
Юқоридаги оятлар, динда ихтилоф ва тафриқага юз тутмаслигикни уқтиради. Мазҳаблар эса ихтилоф ва тафриқага тушмаган бирорта масала йўқ ҳисоб.
Қуръон ихтилофга тшуилган масалаларни очиқлаш учун юборилган бир Китоб бўлишига қарамай, уламолар Қуръоннинг деярли барча ҳукмларида чуқур ихтилофларга тушишни қойилмақом қилиб бажаришган. Ҳолбуки, диндаги энг асосий масалаларда ихтилоф қилиш арзимас нарса эмас, балки оятларда ҳам айтилганидек, Тўғри Йўлдан оғишнинг айнан ўзидир. Хусусан, азобга лойиқ бўлиш учун етарли сабабдир. Зотан, дунёдаги мусулмонлар тортаётган азобларининг асосий сабаби ҳам ихтилоф қилиб парчаланиб кетганидир.
Хулоса қиладиган бўлсак, мусулмонлар, ўтмишда яшаган бошқа умматлар каби бўлиниб парчаланиб кетишган. Аллоҳ бу оятларни бизга эҳтиёт бўлишимиз ва айни хатоларни такрорламаслигимиз учун нозил қилган. Мусулмонлар лоақал бугун бу огоҳлантиришларга эътибор қаратиб, ўз тафриқа ва ихтилофларини тўхтатиши, юзйиллардир давом этиб келаётган хатоларида давом этмаслиги ва бир тану биржон бўлишлари лозим.
АЛЛОҲ НАҚАДАР ГЎЗАЛ ОГОҲЛАНТИРМОҚДА!
Анфол:46 АЛЛОҲ ва Элчисига эргашинг, жанжаллашманг, акс ҳолда заифлашиб кучингизни йуқотасиз. Кучлиларга қарши бардошли бўлинг. Албатта АЛЛОҲ сабрлилар билан бирга.
Куч-қудратини йўқотган мусулмонлар бугун яна-да баттар эзилмоқда. Бу азобларнинг сабабини Аллоҳ Таоло нақадар гўзал таърифлаган. Эллик еттита мусулмон давлат бирлашганида эди, мусулмонлар бугунги залил ҳолатда бўлармиди?
(Зотан масала манфаатга келиб тақалса, бу давлатлар дарҳол бирлашишига ҳам гувох бўламиз баъзан. Бироқ бу бирлашиш ҳозирча фақат золим давлатлар билан ҳамкорликда бирлашиш холос)
ТЎҒРИ ЙУЛНИ ҚУРЪОН ОРҚАЛИ ТОПИНГ! ОЯТЛАРДАН ЮЗ ЎГИРМАНГ!
Анъом:157 Ёки, «Бизга ҳам китоб нозил қилинганида эди, улардан ҳам тўғрироқ йўлда бўлар эдик» ҳам ДЕЯ ОЛМАЙСИЗ. Сизга Роббингиздан очиқ-ойдин бир далил (баййина), бир ҳидоят ва бир раҳмат келди. АЛЛОҲнинг оятларини ёлғонга чиқариб, ундан юз ўгиргандан ҳам золимроқ ким? Оятларимиздан юз ўгирганларни, юз ўгирганлари сабабли азобнинг энг ёмони билан жазолаймиз.
Аллоҳ Таоло ота-бобомизга ҳам бир китоб юборган, аммо улар барча бу огохлантиришларга қарамай, китобни тарк қилиб ўз ихтилофлари ичига кўмилиб ўтганлар.
Узр қабул қилинмайди! Қўлимизда бир Китоб бор ва Китобга уйғун бўлмаган эътиқодда бўлганлар бой беришади. Қуръон ёрдамида Тўғри Йўлни топиши керак бўлган мусулмонларнинг қўлида бугун минглаб турли китоблар бор. Айни пайтда бу китоблар орасида Аллоҳга ва элчиларига жиддий тухмат ва хақоратлар мавжуд.
Қуръон мусулмонларнинг ортда колишига бирор узр ё баҳона қолдирмаганини ҳисобга олсак, энг асосий сабаб, яна ўша мусулмонлар қўлидаги Қуръонга параллел дин манбалари бўлиб чиқади. Аллоҳнинг ваҳйини етарсиз кўрган ва дин пешволарининг қўли билан ёзилган китоблардан ҳидоят умид қилганлар, бу йўл билан динга мунтазам иловалар киритиб, динни бузиб келган ва мусулмонларнинг ортда қолишларига сабаб бўлишган.
АЛЛОҲ ОГОҲЛИККА ЧАҚИРМОҚДА!
Ўз қўллари билан китоб ёзиб, дин яратган инсонлардан эҳтиёт бўлинг!
Бақара:79 Ўз қўллари билан Китобни ёзиб олиб, уни арзон баҳога пуллаш учун АЛЛОҲнинг ҳузуридан дегувчиларнинг ҳолларига вой. Қўллари билан ёзганлари учун ҳолларига вой. Топган даромадлари учун ҳолларига вой.
Шайтон ўз фикрини бир жозибали фикр ичига яширишни уддалаган. Хозирги диний уламолар ҳам худди ота-боболари каби, ҳадислар орқали Элчига эргашяпмиз деб, айни хатони такрорлашади.
Ҳолбуки, ҳадисларга эргашиш Элчига исён этиш демакдир. Элчилар ўзлари фақатгина ваҳийга эргашганлар ва ваҳйга эргашиш лозимлигини ўргатганлар. Элчиларнинг шахсий сўзлари ҳеч қачон дин бўла олмайди. Элчиларга ҳам, қолган барча инсониятга ҳам, Аллоҳ Таоло ваҳий орқали Тўғри Йўлни кўрсатган, ана шу ҳақ дин бўлади.
Элчига эргашиш, айнан Элчининг эргашгани каби, фақатгина Қуръонга эргашиш билан бўлади. Дин фақатгина Аллоҳнинг ваҳйи билан ҳаётга тадбиқ қилиниши мумкин. Аллоҳнинг динини ўрганиш ва ундан ҳукм олиш учун мурожаат қилинадиган ягона манба бу Аллоҳнинг Китоби бўлишга мажбур. Акс ҳолда, илова диний таълимотлар билан тўлиб тошган, инсон ижоди маҳсули бўлган китоблардан динимизга доир келтириладиган далилларнинг ҳеч бири охиратда далилликка ярамайди.
ОЯТЛАР БИЗНИ ОГОҲЛАНТИРМОҚДА…
Қуйидаги оятлар бу борада муҳим маълумотлар беради бизга:
Ҳажж:52 Сендан аввал, даъватларига шайтон аралашмаган ҳеч бир Элчи ва ҳеч бир Набий юбормадик. Шайтон ташлаган нарсаларини АЛЛОҲнинг ўзи олиб ташлайди ва ўз оятларини мустаҳкамлайди. АЛЛОҲ билгувчи ва ҳикматли зот.
Ҳажж:53 Шу билан шайтон ташлаган нарсалари, қалбларида хасталик борларга ва қалблари тошларга бир фитна бўлади. Золимлар, албатта очиқ қарама-қаршилик ичида.
Ҳажж: 54 Бу ҳолат, айни пайтда ўзларига илм берилганлар буни Роббларидан келган бир хақиқат эканлигини англашлари учундир. Шу аснода қалблари таскин топади ва ишонишади. АЛЛОҲ ишонганларни албатта тўғри йўлга бошлайди.
Элчилардан сўнг кўп вақт ўтмай, фитнага мавзу бўладиган бир ҳолат пайдо бўлган. Бу фитна айни пайтда яхши ва ёмонни ажратган. Яни имтихондан ўтганлар ва ўтмаганларга ажратилган. Элчилардан сўнг уларнинг номидан фойдаланиб уйдирилган диний таълимотлар, умматларни қандай йўлдан оздирганлигини кўришимиз мумкин. Шайтон қандай қилиб бўлмасин, Элчиларнинг номидан фойдаланиб уматларини алдашнинг уддасидан чиқиб келади. Элчилар келтирган соф Рисолани буза олмаган шайтон, уларнинг номидан уйдирилган диний таълимотлар воситасида халқларни Тўғри Йўлдан оздиради. Инсонлар, Элчиларнинг сўзлари эканлиги иддао қилинган сўзлар билан (мусулмонлар учун бугун бу ҳадислар) ваҳйдан узоқлаштирилади.
Динга ривоятлар йўли билан иловалар киритганлар, мусулмонларни ҳам худди шу шаклда йўлдан оздириб келади.
Дин - бизнинг истак-хоҳишларимизга кўра эмас, Яратувчи томонидан буюрилгани каби амал қилишимиз лозим бўлган бир тизимдир. Биз ҳам, дин пешволари ҳам, бу динни ўзимизча шакллантира олмаймиз. Аллоҳ мусулмонларга эркинлик берган масалалар кейинчалик дин пешволари томонидан бекор қилиниб, ўрни диний илова ҳукмлар билан тўлдирилган ва бугун бу уйдирмачиликнинг аянчли оқибатларини кўриб турибмиз.
Ота-боболардан қолган бузилиш ва зиддиятларни англаб етиш учун, керакли изланишларни олиб боришимиз, мана шунинг учун ҳам ўта муҳимдир.