June 26, 2021

ОТАИЗМ-3. Ҳар гуруҳ, мазҳаб, тариқат ўз китобидан мамнун

Муъминун:53 Аммо, улар ўз ишларини турли китобларга айирдилар. Ҳар бир гуруҳ ўз хузуридаги билан мамнун.

Ҳар бир мазҳаб, ишларини оятда ишора қилингани каби китобларга айирмоқда. Ҳар бири ўз китобидан ниҳоятда мамнун. Ҳар бири ўзини тўғри йўлда эканига ишонади, аммо ишонган таълимотларининг тайинли далилини дунёда ҳам келтира олишмайди ва охиратда ҳам!

Бир Сунний ҳеч қачон Шиа ҳадисларига қарамайди, бир Шиа ҳам асло Сунний ҳадисларига қарамайди. Ҳар икки гуруҳ ҳам бир-бирининг ҳадисларини ва мазҳаб ижтиходларини далил сифатида қабул қилмайди, аммо ўзи эргашаётган ҳадисларни саҳиҳ ва энг ишонарли дея иддао қилади. Ҳар иккиси ҳам ҳадисларнинг қадр-қийматига самимий ёндошмайди. Дин пешволари бу борада ҳам мазҳабчилик килиб, ўз мазҳабидан ташқаридаги бирортаям ҳадисга парво қилмайди. Ҳадисларнинг қиймати ва аҳамиятини, у ҳадисни қайси мазҳаб вакили айтгани ҳал қилади. Яъни Бухорий, Муслим, Термизий каби ҳадис муаллифлари Шиа бўлганида эди, кўкларга кўтарилаётган бу китоблар Суннийлар учун ҳеч бир қиймати йўқ бўларди ва уларга парво ҳам қилинмас эди.

Худди шундай қарашлар Шиаларга ҳам тааллуқли. Бухорий Шиа бўлганида эди, Шиалар уни кўкларга кўтарган бўларди, аммо у Сунний бўлгани учун аҳамият беришмайди.

Ҳар икки гуруҳга ҳам шундай савол берамиз: Шиаларнинг ҳадис китобларида бирортаям саҳиҳ ҳадис йўқми? Ёки Суннийларнинг ҳадис китобларида бирортаям саҳиҳ ҳадис йўқми? Ҳар икки гуруҳни ҳам бир-бирларининг ҳадисларига нега аҳамият бермаётганига сабаб, юқоридаги оятда танқид қилинган аҳволда қолганларидир!

Ҳар бир мазҳабнинг ўзича далили бор. Аммо зонний (гумонли) далиллар Аллоҳнинг наздида қанчалик яроқли бўла олади? Энг муҳим хусус мана шу: китоблардаги бирор ҳукмнинг сизга маъқул келиши, у ҳукмнинг тўғрилигини исботламайди. Диннинг эгаси ким бўлса, диндаги буйруқларни ҳам Ундан олишимиз лозим. Дин, Аллоҳ ва инсоннинг шериклигида қилинадиган иш эмас.

Аллоҳ буюради, қуллар эса Унга бўйсунади. Биз мусулмонларнинг вазифаси - фақатгина Аллоҳнинг амрига бўйсунишдир.

Ҳуд:112 Сенга БУЮРИЛГАНИДЕК тўғри бўл, СЕН БИЛАН БИРГА ЙЎНАЛГАНЛАР БИЛАН БИРГА… Асло ҳаддингдан ошма ва Туғёнга кетма. У, нималар қилаётганингизни кўриб туради.

Элчилар, Аллоҳнинг буйруқларини аниқлик билан бажаришган ва Унинг буйруқларга илова қўшмаган, танланган ва жуда қадрли қуллар бўлган. Муаммо Элчиларда эмас, улардан кейин ўзларича диний ҳукмлар ижод этишни жорий этиб олган дин пешволарида.

Аллоҳ Таоло «БУЮРИЛГАНИНГДЕК тўғри бўл» демоқда. Бу буйруқлар ҳар бир мусулмоннинг ихтилоф қилмасдан топа оладиган манбаадан олиниши лозим. Жавоб ахтарилиши керак бўлган савол шуки, Аллоҳ етарлича амр бермадимики, ҳадислар Диннинг иккинчи манбасига айланса?

Аллоҳнинг амрларини етарсиз деб билувчилар, ўзларича бир дин уйдириш учун ҳадислардан фойдаланади.

Анбиё:27 Улар ундан аввал сўз айтмаслар, Унинг амрларини эса аниқлик билан бажарурлар.

Юқоридаги оятда ҳам айтилганидек, Элчилар Аллоҳнинг буйруқларини аниқлик билан бажарувчи қуллардир. Буйруқлар жуда ҳам аниқ, мукаммал ва тўла қамровлидир. Элчилар буйруқларни бажара туриб, бу буйруқларга илова қўша олмайдилар ва қўшган ҳам эмаслар!

Уламоларнинг ҳаволарига эргашиб бўлмайди! Зонний (гумонли) кўплаб ривоятга таянган ҳолда жорий қилинган ҳукмларга эргашиш, ота-боболарни ўтмишда турли мазҳабларга бўлиб-парчалаб ташлаган. Ҳар бир дин пешвоси ўзига фойда келтирувчи ривоятни танлайверган. Бу ҳолат хозир ҳам давом этмоқда. Диний гуруҳларга бир назар ташланг, улар танлайдиган ривоятлари орасида кескин фарқларни кўрасиз.

Раъд:37 Шунингдек, уни арабча бир ҳукм қилиб нозил қилдик. Сенга келган илмдан сўнг уларнинг ҳавои нафсига эргашсанг, сенга АЛЛОҲдан на бир дўст, на бир ҳимоячи бўлмас.

Барча муаммо мана шу ерда бошланади. Дин пешволари Аллоҳнинг амрлари тўлиқ эмас дея имо қилишади ва тўлиқ баён этилмаган масалаларни ҳадислардан ўрганиш мумкин дея иддао қилишади. «Нега Ёлғиз Қуръон?» номли китобимда бу масалада етарлича тўхталганим учун, бу ерда такрор гапириб, китобни узайтиришни истамадим.

Зумар:18 Улар СЎЗНИ ТИНГЛАЙДИЛАР ВА ЭНГ ГЎЗАЛИГА ЭРГАШАДИЛАР. Ана ўшалар, АЛЛОҲ ҳидоят қилган кимсалардир. АНА ЎШАЛАР АҚЛ ЭГАЛАРИДИР.

Ҳаққни топадиган инсонларнинг сифатларидан бири ҳам мана шу: УЛАР СЎЗНИ ТИНГЛАЙДИЛАР. Юқорида тавсия этилган сифатларга эга кишилар, ҳидоятга лойиқ ва муносиброқ инсонлардир.

Аллоҳ мусулмонларга бутун умрлари давомида амал қилишлари керак бўлган хусусларни ўргатган. Қулоқ солганлар нақадар бахтли.

Элчилар келганида, тингламаган ва етарлича ақлини ишлатмаган кишилар, ҳаққа гувоҳ бўла олмай имтиҳондан йиқилган кишилардир. Бу ҳолат хозир ҳам шундай. Ақл эгалари агар ақлларини тўғри ишлата олишса, тўғри билан нотўғрини бир-бирларидан ажрата олади. Тўғри билан нотўғрини бир-биридан ажрата олмаган кишиларнинг хаққа гувоҳ бўлиши зотан мушкул. Шуни биламизки, биз нима десак ҳам, қайсар ва тор фикрловчи инсонлар нотўғри тушунишга моил бўлиб қолаверади.

Ҳақиқатни кўриш учун Аллоҳдан ёрдам сўрашга, чиндан ҳам хаққни билишни исташ, самимий бўлиш, ўзимизни тергай олиш ва тафтиш қилишга эхтиёжимиз бор.

Фикрламаган ва ўз-ўзини тафтиш қилмаган бировнинг имони канчалик сифатли бўла олади? Аллоҳ истаган талабларга қанчалик жавоб бера олади?

Аллоҳ Ўзига Етарлича Қуллик Қилганларни Ўз Йўлига Етиштиради!

Анкабут:69 Биз учун жидду-жаҳд қилганларни ўз йўлимизга ҳидоят қиламиз. АЛЛОҲ хеч шубҳасиз яхшилик қилувчилар билан биргадир.