ОТАИЗМ-5. Ота-Бобо йўлига боғланиб қолганлар!
Аслини олганда, ўтмишдаги инсонлардан унчалик ҳам фарқимиз йўк. Биз ҳам худди улар каби ота-бободан ўрганганларимизга маҳкам ёпишиб олганмиз!..
Агар янги бирор Элчи келса, қуйидаги оятда танқид қилинган одамларга ўхшаб, ҳозир ҳам қарши чиқишади! Неча киши унинг келтиргани Рисолатни текшириб, таҳлил этиб кўрган бўларди, сизнингча?
Саба:43 Уларга очиқ-ойдин оятларимиз ўқилганида, «Бу сизни ота-боболарингиз қуллик қилган йўлдан оздириш учун келган одам экани аниқ» ва яна «Бу уйдирма бир туҳматдан бошқа нарса эмас» дедилар.
Кофирлар, ўзларига келган ҳақиқатни «Бу очиқ-ойдин бир сеҳр» дедилар.
Бизга ўргатилгандан фарқли ва янги бирор гапга дуч келганда, ички ҳимоя туйғумиз таъсирида, юқоридагига ўхшаш реакция кўрсатишимиз мумкин.
Қуръонга қарасак, шуни кўрамизки, Элчиларга эргашган инсонлар, улар келтирган Рисолатни ақл ишлатиб кўриб сўнг қабул қилишган (Аъроф:75). Агар улар ота-боболари йўлига кўр-кўрона эргашганида эди, ўзларига катта баҳо берганларида эди, имонга келармиди? Албатта йўқ.
Шу боис ҳам Элчиларга тобеъ бўлганлар каби биз ҳам, айни ақл ва таҳлилга эга бўлишимиз лозим. Мусулмонлар фикрлашга ва ўрганишга очиқ инсонлардир, шунинг учун ҳақиқатни кўриш ва таний олиш улар учун анча осон. Ота-боболаримиздан ўрганганимизни тафтиш қилишимиз ва Аллоҳдан ёрдам сўраб, бизни Элчилар келтирган Тўғри Йўлга йўллашини сўрашимиз лозим.
Шафоатчи ва ҳукм қўювчиларни Ягона Илоҳ яратганми?
Ўтмишда яшаб ўтган мушриклар динсиз эмас эдилар, аксинча ўта диндор одамлар эди. Муаммо, хато диний тушунчаларда эди.
Сод:5 "Барча илоҳларни битта илоҳ қиладими?” Бу чиндан ҳам жуда ғалати-ку!
Сод:6 Уларнинг етакчилари отилиб чиқди: “Қани юринглар, илоҳларингиз учун сабр қилинг. Албатта бу қасдан қилинаётган нарсадир”.
Сод:7 Ўтмишда динда бундай нарсаларни эшитмадик. Бу бир уйдирма холос".
Бугунги кунда ҳам ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Бугунги мушриклар ҳам Аллоҳни ягона илоҳ деб қабул қилмаяптилар. Динда ҳукм қўювчи сифатида ФАҚАТГИНА АЛЛОҲни ягона илоҳ сифатида қабул қилган бирорта ҳам мазҳаб йўқ. Мазҳаблар, динда фақатгина Аллоҳни ҳукм қўювчи сифатида қабул қилмас экан, уларнинг ягона илоҳга ишонамиз деган иддаолари яроқсиздир.
Хатто “Аллоҳ ягона ҳукм қўювчи, мазҳабларнинг Қуръонга зид ҳукмлари ботил” десак, ўзларини оятдаги мушриклар каби тутишади. Илоҳ сўзи Қуръондаги энг муҳим сўзлардан бири. Унга қуллик, хизмат ва ибодат қилинадиган зотларни илоҳ деб атаймиз. Илоҳ сўзининг маъноси ва Қуръонда қўлланиш шакллари шу боис ўта муҳим. Аллоҳ, ҳам Илоҳ ҳам Робб бўлгани учун ҳам ҳукмлар жорий қилади. Шу боис, динда ҳукмлар жорий қилишни истовчилар ҳам Илоҳликни даъво қилган бўладилар, ҳам Роббликни. Фикримча Илоҳ сўзининг асл маъноси инсоният ҳали яхши англаб етмаган. Асл муаммо шу ердан келиб чиқмоқда.
ИЛОҲ: Ибодат қилинадиган, барча нарсалардан ҳам кўпроқ севиладиган, таъзим ва тасбеҳ қилинадиган мутлақ ҳукмрон зот. Луғатда, ўранмоқ, яширин, одатланиш ва қуллик маъноларида қўлланиш баробарида, умумий ибодат қилинадиган ва сиғиниладиган нарсаларнинг умумий номи бўлиб келган.
Оятларда баён қилинган ҳатти-харакатларни ўзида намоён қилган шахслар, ўзларини ислох қилишлари лозим.
Бундай инсонлар, ўзларининг ширк келтираётганларини хар қанча инкор этсалар-да, Аллоҳ бизга керакли огохлантиришни бериб қўйган ва бу огоҳлантиришга эътибор қилмаганларнинг охиратда бирор бир баҳона топа олмасликларини айтиб қўйган.
Хўш, Қуллик Кимга ва Қандай Қилинади?
Янглиш Ибодат Тури 1: Мушриклар ўз ширкидан бехабар
Зумар:3 Албатта дин ёлғиз АЛЛОҲга хосдир. Ундан бошқаларни АВЛИЁ (дўстлар) деб билганлар: “Улар бизни АЛЛОҲга яна-да яқинлаштирсин деб, уларга қуллик қиламиз”. Ихтилофга тушган бу масалаларида улар орасида АЛЛОҲ Ўзи ҳукм қилади. Албатта АЛЛОҲ, ёлғончи ва нонкўрларни тўғри йўлга бошламайди.
Кунимиздаги мушриклар ҳам, “БИЗ АЛЛОҲДАН БОШҚАСИГА ҚУЛЛИК ҚИЛМАЯПМИЗ-КУ" дейишади!.. Ҳолбуки бир эмас, бир қанча авлиёларга қуллик қилмоқдалар, бундан хабарлари йўқ. Уларнинг яна-да суюклироқ бандалар эканлигини иддао қилиб, Аллоҳ билан ўзлари орасига уларни воситачи қилишмоқда. Ҳолбуки Аллоҳ, банда билан Ўзи орасида воситачи истамайди. Аллоҳ ўз бандаларига, ҳар қандай воситачидан, таърифлаб бўлмайдиган даражада яқинроқдир. Шу боис, воситачи қилиш учун кўрсатилган баҳоналарнинг барчаси асоссиз. Бир қанча марҳум шахсларни Аллоҳга яқинлашиш учун воситачи қилиш одати ўтмишда ҳам бор эди, ҳозир ҳам мавжуд; ва бу ҳолат, Аллоҳдан бошқасига қуллик қилиш деб қабул қилинмаслиги муаммонинг асл сабаби саналади. Бу каби йўлдан озишнинг сабаби, ибодат аслида нима эканлигини аниқ билмаслик ёки тушунмасликдир.
Зумар:3-оятга кўра, кимки Аллоҳга яқинлашиш учун кимнидир воситачи қилаётган бўлса, бу ўша воситачи қилинаётган кишига қуллик, ибодат қилиш деганидир. Зотан, Аллоҳ бизга бўйин томиримиздан-да яқинроқ ва воситачига эхтиёжи йўқ. Куриб турганимиздек, бу оятда мушрикларнинг воситачи қўшиш одати рад этилмоқда. Оятда “Авлиё” сўзи келгани ҳам ўта маънодор.
Ширк Келтирувчилар, Ширк Келтираётганини Сезмайди!
Анъом:22 Барчани жамлаган кунимизда мушрикларга: “Иддао қилган шерикларингиз қани?”
Анъом:23 Уларнинг ягона баҳоналари шундай бўлади: “Роббимиз, АЛЛОҲга қасамки БИЗ ШИРК КЕЛТИРМАГАНДИК”.
Анъом:24 Қандай қилиб ўз-ўзларини алдашганини кўриб қўй. Уйдирган нарсалари уларни қандай ҳам тарк этди.
Мушрикларнинг баҳоналари охиратда қабул қилинмайди, ва ўз ширкларини сезмасликлари уларни қутқармайди.
Зотан мушриклар ўз ширкларини ширк деб билганларида эди, ширк келтирмаган бўларди. Оятлар уларни ўз ширкларини ширк деб билмаган ҳолда ширк келтирганини айтмоқда. Шу боис ширк масаласи жуда нозик масала.
Масаланинг бу нозиклигини хисобга олсак, бу борада диний уламоларга ишониш ақлсизлик экани тушунарли бўлади. Чунки улар ҳам ўз ширкларидан ғафлатдалар.
Янглиш Ибодат Тури 2: Мушрикларнинг Ўз Ҳукм Қўювчилари Бор!
Наҳл:35 Мушриклар: “Агар АЛЛОҲ хоҳлаганида эди, на бизлар, на ота-боболаримиз Ундан ўзга бирор нарсага ибодат қилмаган ва Унинг ҳаром қилганидан бошқасини ҳаром қилмаган бўлардик”. Улардан аввалгилар ҳам шундай қилишган эди. Элчиларнинг вазифаси очиқ-ойдин етказишдир холос.
Наҳл:36 Дарҳақиқат, биз ҳар бир қавмга: “АЛЛОҲга ибодат қилинг ва туғён (тоғут)дан сақланинг” дегувчи бир Элчи юборганмиз. Улардан баъзиларига АЛЛОҲ йўл кўрсатди, баъзилари эса залолатга маҳкум бўлди. Ер юзини кезинг ва ёлғончиларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг.
Мушриклар динга қўшимча ҳукмлар киритишнинг ширк эканини тан олишмайди. Рўкач қилган баҳоналарини асосли деб билгани учун, динларини шу йўл билан бузишади, аммо буни ҳам сезишмайди. Оятлар, динга илова ҳаромлар киритган кишиларга эргашиш, ўша кишиларга ибодат эканини айтмоқда. Мушриклар диний ҳукмлар сифатида қабул қилган фатқолар бугун ҳам бор ва бу ҳукмлар (ҳаромлар)ни қабул қилишлари уларни ширкка ботиради. Яъни кимдан ҳукм олган бўлса, ўшанга ибодат қилган бўлади. Мунтазам ҳаромлар уйдириб, динларини яроқсиз ҳолга келтириш мушрикларнинг энг асосий сифатидир.
Мушриклар Аллоҳни ёлғиз дея имон келтирмайди!
Ғофир:12 Чунки ЁЛҒИЗ АЛЛОҲ зикр этилганида инкор қилардингиз. Аммо унга шерик қўшилса, имон келтирардингиз. Ҳукм, устунлик ва буюклик эгаси булган АЛЛОҲга оиддир.
ЁЛҒИЗ АЛЛОҲ зикр этилганида инкор қилардингиз!..
Оятнинг сўнгги жумлалари бизни жавоб сари йўналтиради.
Ширк келтирувчилар, Аллоҳга бошқа бирортасини шерик қилмаса, имон келтирмайди. Ҳаддан ташқари кўп саркашлик қилганидан сўнг, охири Аллоҳга имон келтиришади. Кимлардир динга илова ҳукмлар киритади, кимлардир эса бошқаларга Аллоҳдан кўра кўпроқ тобеъ бўлади. Куръонда, “динда ҳукм қўювчи ёлғиз Аллоҳдир” дейилмоқда. Аммо улар бунга имон келтирмаслик учун, қўлларидан келган ҳамма нарсани қилади.
Ширк келтирмоқ истаганлар, қандай қилиб бўлмасин, ўз ширк эътиқодини оқлашга уринади.
Шуро: 21 Ёки Аллоҳ изн бермаган бўлса-да, улар учун диний қонун ва ҳукмлар жорий қилувчи шериклари борми? Аввалдан белгиланган бир қарор бўлмаганида эди, уларнинг ораларида ҳукм ўқиларди. Золимларга аламли азоб бордир.
Оятда берилган саволга “ҳа, Аллоҳ изн бермаган бўлса-да, улар учун диний қонун ва ҳукмлар жорий қилувчи шериклари бор!” дея оласизми? Ҳадислар орқали диний ҳукмлар уйдирган уламоларни Аллоҳга шерик қилишни истаганлар, бу саволга ўзлари англамаган ҳолда феълан “Ҳа, шериклари бор!” деб жавоб бермоқдалар. Қуръон эса бу саволга “ха” деб жавоб берганларни ЗОЛИМЛАР деб таърифлайди. Диний қонун ва ҳукмлар жорий қилувчиларга эргашиш, мушрикларнинг энг катта хатосидир. Юқоридаги оят бу борада ўта муҳим бир нуктага урғу беради: Динда ҳукм жорий қилиш борасида Аллоҳнинг асло шериги йўқ.
Юнус:29 Биз билан сизнинг орангизда АЛЛОҲнинг Ўзи гувоҳ, сизлар ибодат қилаётган нарсалардан биз бехабар эдик.
Элчилар охиратда шафоатчи, дуоимизга воситачи ёки динда ҳукм жорий қилувчи эмаслар. Уларга бошқа одамлар бундай “мақомлар”ни берганидан ҳам хабарлари йўқ. Дин (охират) кунида, Аллоҳга шерик қилишганини инкор этадилар.
Хеч Ким Ҳаром Қўя Олмайди!
Аъроф:32 Айт: “АЛЛОҲ Ўз бандалари учун яратиб қўйган зийнатларни ва гўзал ризқларни ким ҳаром қила олади?” Айт: “Улар дунё ҳаётида имон келтирганлар учун, охиратда ҳам фақат улар учундир”. Биладиган қавм учун оятларимизни мана шундай муфассал баён қилаяпмиз.
Аллоҳ: “АЛЛОҲ Ўз бандалари учун яратиб қўйган зийнатларни ва гўзал ризқларни ким ҳаром қила олади?” деб сўрамоқда. Бу саволга: “Фалон ибн фалон ҳаром қила олади(!)” деб жавоб бериб бўладими? Уламолар аслида ҳадислар орқали феълан ўзларини ва ривоят уйдирган ўтмишдаги исмларни ҳалол-ҳаром жорий қилувчилар деб эълон қилган бўлади.
Мақсадлари, хаёлидаги динни ҳадислар тили билан айттириш. Бу ўта муҳим бир хусус. Ҳар бир мазҳаб, ўз қарашларига мос ҳадисни топишда қийналмайди. Ўз қарашларига мос ҳадисни топганида эса, бу ҳадиснинг қанчалик саҳиҳлиги унчалик ҳам муҳим бўлмай қолади.
Ота-боболаримиз кўплаб диний масалада, Қуръонда очиқ-ойдин оятлар бўлишига қарамасдан, уйдирилган ҳукмларни қабул қилаверишган. Шу боис, муллаларни Аллоҳнинг ёнида ҳукм қўювчилар ўлароқ қабул қилган, ва шу тарзда уларни Аллоҳга шерик қилишган. Динга илова ҳукмлар киритиб бўлмайди.
Аллоҳ мусиқа (чолғу асбоби)ни ҳаром қилмаган бўлса, мусиқа чалишни ҳам, мусиқа тинглашни ҳам ҳеч ким ҳаром қилолмайди. Қуръонга қарасак, мусиқани ҳаром деган бирорта оятга ҳам, аёлларга раҳбар бўлишни таъқиқловчи бирорта ҳукмга ҳам кўзимиз тушмайди. Диндан қайтганни қатл этиш эса учига чиққа золимликдир. Инсонлар истаган динларини мустақил танлай олишда эркиндирлар. Бу ҳам етмагандек, намоз ўқимаганни ўлдириш каби бир ҳукмни мазҳаблар томонидан жорий қилиш гумрохликнинг энг юқори чўққисидир. Ислом динини хунук кўрсатиш хеч кимнинг хадди эмас. Ислом динида қонун ва ҳукмлар қўювчи мақом битта - ёлғиз Аллоҳ Таоло, бу мақомда Унинг ҳеч қандай шериги йўқ (Каҳф:26, Юсуф:40, Шуро:21, Моида:49).
Асоссиз далиллар билан динга иловалар киритиш айнан ширк. Қуръон оятларида Элчилар ёлғиз ваҳйга эргашгани қайта-қайта таъкидланади. Пайғамбарга туҳмат қилиб уйдирилган ривоятлар орқали ҳаром дейилган нарсаларнинг далиллари охиратда сўралганида, қандай жавоб беришади?
Ривоятлардаги санъат занжири уларни қутқара оладими? Ҳадис китобларида юзлаб-минглаб уйдирма ривоятлар мавжуд. Буни Сунний ҳадисчиларнинг ўзлари тан олиб турибди! Аммо, саҳиҳми-йўқми ўзлари ҳам аниқ билмайдиган ривоятлари нима бўлади? Пайғамбарга туҳмат қилишни ва шу орқали Аллоҳга ва Элчиларига хақорат ва бўҳтонлар қилишни қанақасига ДИН санаш мумкин? Бу туҳмат ва бўҳтонларни нақл қилган ва тасдиқлаб келган "уламолар" Дин Кунида қандай жавоб беришади?
Ота-боболар фақатгина бу борада эмас, динни ёлғиз Аллоҳга холис қилишда ҳам нўноқлар.
Мусулмонлар, ёлғиз Аллоҳнинг ҳукмларини ДИН деб билгувчи кишилардир. Қуръондаги ҳукмларни етарли деб биладиган ва уларга илова қўшмайдиган муваҳҳидлардир. Динни ёлғиз Аллоҳга хос қилиш фақатгина Қуръодаги ҳукмларни дин дея чеклаш билан рўёбга чиқади.
Янглиш Ибодат Тури 3: Мушрикларнинг ўз шафоатчилари бор.
Юнус:18 АЛЛОҲни қўйиб, ўзларига зарар ҳам, фойда ҳам беролмайдиганларга ибодат қилишади ва “Булар, АЛЛОҲнинг хузурида бизларни шафоат қилади” дейишади. Айт: “АЛЛОҲнинг кўкларда ва ерда билмаган нарсаларини Унга билдирмоқдамисиз?”
Шафоатчиларга ишониш, мушрикларнинг энг асосий сифатларидан бири. Шафоатчиларга ишонган кишилар, бу эътиқодларига баъзи "асослар" келтиради. Уларнинг илдизида шафоатга алоқадор кўплаб ҳадисларнинг (уйдирмаларнинг) таъсири ётади. Пайғамбар Қиёматда шафоат қилиб қутқаришига алоқадор ҳадислар тамоман уйдирма эканига фаҳми етмаганидан, Қиёматда ҳеч қандай шафоатчи йўқ эканини таъкидловчи юзларча Қуръон оятини айнан уйдирма ҳадислар воситасида тескари тафсир қилишган.
Аввал бир ботил эътиқод яратилади, кейин эса бу ботил эътиқодга мос далиллар излаб топилади. Қанчалик кўп Қуръон ояти келтирманг, мушриклар Юнус:18-оятидаги каби ширк келтиришга нихоятда мойил. Ота-бобосидан қолган уйдирмалардан воз кечишни исташмайди. Ота-бобоси асло адашмайдиган ёки хато қилмайдиган инсонлар эди, деб билади. Аслида улардаги эргашишнинг сабаби, кўпчилик шу йўлга юраётгани холос.
Ҳар қандай масалада, кўпчилик бирор йўлга эргашаётган бўлса, улар учун мана шу етарли. Инсон ҳаётида, кўпчиликнинг фикри қанчалик муҳим рол ўйнашини билиш учун, бутун дунёдаги инсонларнинг қай динга нима учун эътиқод қилишига қараб билиб олавериш мумкин.
Зумар:19 У ҳақида азоб сўзи ҳақ бўлган кимсаларга келсак, сен олов ичидагини қутқара олармидинг?
БУ ҲАДИСГА ИШОНИШ ШИРКДИР!
Расулуллоҳ айтдилар: “Менинг шафоатим, умматимдан гуноҳи кабира қилганлар учундир”.
Термизий, бунга қўшимча қилиб шундай ёзади: Жобир (розиаллоҳу анҳу) айтдиларки: “Кабоир (катта гуноҳ) аҳли бўлмаганнинг шафоатга нима эхтиёжи бор!” (Термизий, Қиёмат 12, (2437). Абу Довуд, Суннат 23 (4739), Ибн Можа, Зуҳд 37 (4310)
Юқоридаги ҳадис, Қуръон оятларига очиқдан-очиқ қарши бўлса ҳам, ота-боболари бу ҳадисни далил қилиб, Аллоҳнинг ёнида пайғамбар ҳам қутқарувчи дея иддао қилишган ва шу билан ширкка ботишган. Бу ҳадисдаги, гуноҳи кабира қилган инсонларни пайғамбар шафоат қилади деган иддао билан, Қуръонда қайта ва қайта қораланган ва қайтарилган мушрикларнинг шафоат эътиқоди орасида фарқ йўқ. Аллоҳнинг остида шафоатчилари бўлган бу мушриклар, шу орқали аслида шафоатчиларига қуллик қилади ва буни албатта ўзлари ҳам сезмайди.
Аллоҳга ишонишини иддао қилувчи инсонлар, дунёнинг ҳар тарафида ва ҳар бир диний гуруҳда мавжуд. Аммо муаммо, Аллоҳнинг ваколатига шерик қилинган ва шу орқали илоҳлаштирилган исмлардадир. Шафоат эътиқоди барча диний гуруҳларнинг (Мусулмон, Насроний, Яҳудий, Буддавий, Ҳинду ва Бутпарастларнинг) ақидасига сингиб кетган. Элчилар ва авлиёларнинг исмлари турли бўлса ҳам, Аллоҳнинг жазосидан қутқариш функциясидаги мантиғи айни. Бу элчилар ва авлиёлар дейилган кишилар, муқаддаслаштирилган ва Аллоҳнинг ёнида қутқарувчи мақомига ўтқазилган. Одамлар, Аллоҳ Раҳмони-Раҳим, Меҳрибон ва Раҳмдил экани, Ўз ҳукмида асло адолатсизлик қилмаслиги, Қиёматда ҳам ҳар бир банданинг аммалига яраша энг одил ҳукмни чиқаришини билмайди ёки билса-да ўзларини билмасликка олади.
Шафоат мавзуси “Қуръонда Шафоат ҳақиқати” номли иккинчи китобимнинг мавзуси эди ва у китобда қандай қилиб ширк келтирилишини батафсил ёритишга ҳаракат қилганман.
Янглиш Ибодат Тури 4: Мушриклар баъзи инсонларни Аллоҳни яхши кўрганчалик яхши кўради!
Бақара:165 Инсонлар орасида АЛЛОҲнинг остида унга тенгдош тутадиганлар ва уларни АЛЛОҲни яхши кўрганчалик яхши кўрадиганлар бор. Имон келтирганларнинг эса АЛЛОҲга бўлган яхши кўришлари кучлидир. Зулм қилувчилар, азобни кўрганларида барча қудратнинг АЛЛОҲга оид ва АЛЛОҲнинг азоби шиддатли эканлигини тушуниб етишларини билсалар эди!
Юқоридаги оят ниҳоятда муҳим бир ҳақиқатга урғу бермоқда, мушриклар Аллоҳни яхши кўрганчалик яхши кўрадиган инсонлари бор. Шубҳасиз, Аллоҳ рост сўзлайди.
Хўш, биз учун шундай кишилар борми?
Жамиятимиздаги одамларни кузатганимизда, бу яхши кўрилган кишиларнинг, ўтмишда яшаб ўтган уламолардан тортиб ҳозир ҳаёт имомлар ва тариқат пирлари, бирор партия лидери ёки ҳарбий қўмондон ва ҳатто бир подшоҳ бўлиши мумкинлигини кўрамиз. Санъаткорлар, бастакорлар, футболчилар ёки актёрлар ҳам!.. Бу рўйхат шу қадар кенг доирани қамрайдики, Аллоҳга кўрсатилмаган муҳаббат ва ҳурматни, кўпинча уларга кўрсатилганига гувоҳ бўламиз. Масалани англаш учун яхши кўриш (оятда "ҳубб" дейилган) нима эканлигини ва у инсон онгида қандай акс-садо беришини билиш лозим.
Сиғиниш учун мутлақо жисмонан сажда қилиш шарт эмас. Юқоридаги оятда айтилгани каби, бирортасини Аллоҳдан ҳам кўпроқ яхши кўриш орқали бир шахсга ёки бир нарсага сиғиниш мумкин.
Мусулмонлар ёлғиз Аллоҳга сиғинишади ва ЁЛҒИЗ Аллоҳга қул бўлишади. Мисол қилиб келтирилган барча мавзулардаги сиғинишлар ҳозирги кунда ҳам кенг оммалашган.
Бирортасини унга сиғингудек яхши кўришни ва марҳумдан ёрдам сўрашни зийнатли кўрсатувчи қўшиқлар ҳам бунга мисол бўла олади. Бу қўшиқларнинг таркибида ширк борлигини ижрочилар ҳам тингловчилар ҳам сезишмайди ёки аҳамият беришмайди. (Мусулмонлар, қўшиқ эшитаётганда эҳтиёт бўлишлари лозим.)
Баъзи қўшиқлардан мисоллар келтирамиз:
"Илоҳимсан, севганимсан, сен менинг борлиғимсан" - İlahımsın, sevgilimsin, sen benim her şeyimsin. "Сажда қилдим ишққа сиғинар каби" - Secde ettim aşka taparcasına. "Бир сенга сиғиндим, бир Тангрига сиғиндим" - Bir sana taptım bir Tanrıya taptım. "Сиғинилажак, қучоғимга олинажак бошқа ишқ йўқ" - Tapılacak, sarılacak başka bir aşk yok. "Қулига қул бўлдим, севиб сиғиндим" - Kuluna kul oldum severek taptım. "Севдим сени, худди Раббим қадар" - Sevdim seni Rabbim kadar. "Кел, мадад бер, ё Муҳаммад, ё Али" - Yetiş ya Muhammed yetiş ya Ali.
Юқоридаги қўшиқ сатрларида севгига оид анчагина ширк иборалари бор. Мусулмонлар фақатгина Аллоҳга сиғинади, фақатгина Аллоҳга қул бўлади. Афсуски қўшиқлардаги каби, инсонлар севган кишиларига ҳам сиғинишмоқда. Энг ёмони, ижодкорлар томонидан ҳам бу ҳолат тарғиб қилинмоқда.
Қуръонда шоирлар танқид қилиниши бекорга эмас (Шуаро:224).
Инсонлар баъзи нарсаларни ўзлари сезмаган ҳолда Аллоҳдан-да кўпроқ севади. Ҳолбуки, барча нарсани бизга ато этган Аллоҳ Таолодир. У бўлмаса, ҳеч биримиз ҳеч бир нарсага эга бўлолмас эдик, бу дунёда бор бўлмас ҳам эдик.
Яратилишимиздан кўзланган мақсад ва ғоялардан бири, бизга ҳар лаҳза ҳам раҳм-шафқатини дариғ тутмаган Аллоҳга шукр қилишимиздир. Буни эса ФАҚАТГИНА Унга қуллиқ қилиш орқали адо этиш мумкин. Ақлу-фикримизни Аллоҳнинг зикри банд қилиши лозим, У хақида фикрлашимиз, Уни ёдда тутишимиз ва ҳар он берган неъматларини билишимиз лозим, бунга шукур қилишимиз лозим.
Аллоҳ огоҳлантирмоқда!
Аъроф:172 Раббинг, одам ўғилларининг белларидан наслларини чиқариб, уларни ўзларини гувоҳ қилди: “Мен Роббингиз эмасманми?” “Ха, бунга гувоҳлик берамиз!” дейишди. Шу боис Қиёмат куни, “биз бундан бехабар эдик” демайсиз.
Аъроф:173 Ёки, “Илгари ота-боболаримиз ширк келтиришган, биз ҳам уларнинг кейинги авлодларимиз, бизни бидъат ва хурофотларга ботганларнинг қилмиши учун ҳалок қиласанми?” дея олмайсиз.
Юқоридаги оятлар ҳам шуни кўрсатмоқдаки, ўтган ота-боболардан қолган меросни албатта текшириш, таҳлил этиш лозим. Аллоҳ бизга оқни қорадан, ҳаққни ботилдан ажрата олиш фаросатини берган. Элчилар ўз халқларига Рисолатни етказганида, одамларнинг кўпчилиги уларга ишонмаган ва уларга турли ноҳақликлар қилишган. Буюк илоҳий неъмат бўлмиш АҚЛ, бизга ҳаққни кўрсата олади, бунинг учун ақлни тўғри ишлатиш кифоя.
Ақлнинг кўрсатган ҳақиқатларига қарамай, ўзини кўрмаганга ва билмаганга олиб, кўпчиликнинг таъсирида ота-боболарига эргашиб юрганлар, Қиёматда Аллоҳга қандай жавоб беришади?
Янглиш Ибодат Тури 5: Мушриклар ҳавои-нафсларига (ўз истакларига) қуллик қилишади!
Фурқон:43 Ҳавои-нафсини илоҳ қилиб олганни кўрганмисан? Сен унга вакил бўлармидинг?
Жосия:23 Ҳавои-нафсини илоҳ қилиб олганни кўрганмисан? АЛЛОҲ уни билиб туриб залолатга солган, қулоғини, қалбини муҳрлаган ва кўзларига парда тортган.
АЛЛОҲдан бошқа ким энди уни тўғри йўлга сола олади? Ўгит олмайсизми?
Бу оятлар ниҳоятда муҳим бир масалани кўтармоқда, инсонлар ҳавои-нафсларини, ўз истакларини илоҳ қилиб олиш хусусиятига эгалар. Куръонда “ҳаво” мавзусидаги бошқа оятларга ҳам қараганимизда, инсонларнинг ўз хохишларига эргашиб, орзу-истаклари ортидан қувишлари натижасида ўз хохиш-истакларини, ҳавои-нафсини илоҳ қилиб олганини кўрамиз.
Яъни ҳавои-нафсини илоҳ қилиб олиш, ўз орзу-итакларининг асири бўлиб, бу истаклар олдида ўзларини қул каби тутишлари дейиш мумкин.
Бундан ташқари, мустақил иродани нотўғри йўлда ишлатиш учун, шахсий истаклар йўлида ҳаракат қилишга ҳам, ҳавои-нафсни илоҳ қилиш дейиш мумкин.
Одамлар баъзан қилаётган нотўғри амалларини аслида тўғри амал эканига ўзини ҳам ишонтириши мумкин.
Бу икки хил содир бўлади.
Биринчиси, ўзи қилаётгани учун, бу амални тўғри деб ишонади, иккинчиси эса, бу амалнинг хато эканини билиб туриб (ёки билмасдан), бу хатони танлайди.
Мана шу ўринда Ҳавои-нафс ишга тушади. Одамлар тўғри ва хато ўртасида бирини танлаши керак бўлса, бирор сабабга кўра, хатони танласа, улар ўз истагига, ҳавои-нафсларига эргашган бўлади.
Бу оятда гумон (зонн) ва ҳаво сўзларининг бирга келиши ниҳоятда маънодор.
Нажм:23 Улар ўзингиз ва ота-боболарингиз қйўиб олган исмлар холос. Аллоҳ улар ҳақида ҳеч қандай далил-ҳужжат нозил қилмаган. Уларга Раббларидан ҳидоят келганида, фақат гумон ва ҳавои-нафсларига эргашадилар.
Баъзи кишилар бирор иш қилишдан олдин, бунинг тўғри иш эканига, бирор зонний бўлса-да, асос ва далил ахтаради. Ўз ишининг тўғрилигини асослаш, албатта яхши, виждоний ҳолат. Ер юзида ёмонлик қилувчилар, ўз виждонини тинчлатиш учун, бу ёмонликларини ўз ҳаволарига мослаб, турли баҳоналар билан оқлаб олишади.
Оятлар устида тафаккур этиш учун бу ерда баъзиларини келтираман:
Моида:77 Айт: "Эй аҳли Китоб, динингизда ҳаққдан оғманг. Илгари йўлдан озган, кўпчиликни ҳам йўлдан оздирган ва шу тариқа тўғри йўлни йўқотганларнинг ҳавои-нафсига эргашманг.
Инсондаги ҳавои-нафс, Ер юзини тамоман фасодга ботиришгача олиб борувчи ёмонликни орзу этиши мумкин!
Муъминун:70 Ёки улар уни мажнун деб қарор бердиларми? Ҳолбуки, уларга ҳаққни келтирганди. Бироқ, уларнинг аксарияти, ҳаққни ёқтирмаслар.
Муъминун:71 Агар ҳаққ уларнинг ҳавои-нафсларига эргашганида, Осмонлару-Ер ва уларнинг орасидаги барча фасод ичида қолган бўлар эди. Ҳолбуки, биз уларнинг зикрларини келтирдик, лекин уларнинг аксарияти ўз зикрларидан юз ўгираётир.
Инсоннинг ҳавои-нафси ўзини нохолис амал қилишга етаклайди!
Нисо:135 Эй имон келтирганлар! Ўзингиз, ота-онангиз ва қариндош-уруғларингиз зарарига бўлса ҳам, Аллоҳ учун адолатга гувоҳ бўлинг. Хоҳ бой бўлсин, хоҳ камбағал бўлсин, Аллоҳ ҳар икки гуруҳга қарайди. Шундай экан, ўз шахсий манфаатларингиз ва ҳис-туйғуларингиз/ҳавоингизга қараб бирор тарафни ёнини олманг. Агар ҳақни бузсангиз ёки гувоҳ бўлишдан чекинсангиз, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор.
Ҳавои-нафс, ҳақни билган, унга гувоҳ бўлган кишиларни ҳам, бу ҳаққа эргашишдан тўсиши мумкин.
Қасас:49 Айт: "Агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан бу иккисидан-да яхшироқ ҳидоят қиладиган бирор китоб келтиринг, мен ҳам унга эргашайин".
Қасас:50 Агар жавоб бермасалар, билгинки, улар фақат ўз истакларига/ҳавои-нафсларига эргашмоқдалар. Аллоҳдан келган бирор ҳидоятсиз, фақат ўз истагига/ҳавои-нафсига эргашган кимсадан-да адашганроқ ким бор?
Золим қавмни Аллоҳ ҳидоят қилмайди
Ҳавои-нафс мавзуси жуда муҳим мавзу. Барча инсонларга яқиндан тааллуқли мавзу, шунинг учун бу масалада изланиш ва тафаккур этишга чақираман. Ўз истаклари/ҳавои-нафсига эргашган бу одамлар бутун дунёни фасод ва қон тўкишга олиб боради. Ер юзи шундоғам фитна ва фасодга тўлган. Ҳавои-нафсга эргашиш, инсонга Аллоҳ тарафидан берилган иносний қадр-қиймат ва иззат-шарафни йўқотиш демакдир. Ҳавои-нафсга эмас, Аллоҳнинг амрларига эргашувчилар, албатта, тинчлик ва қардошлик ичида ҳаёт кечирадилар.
Қуйидаги саволларни биз ҳам айнан такрорлаймиз!
Қалам:36 Сизга нима бўлди, қандай ҳукм қилаяпсиз?
Қалам:37 Ёки сизнинг Китобингиз бору, ўшани ўқиб ўрганяпсизми?
Қалам:38 Унда сиз нимаики истасангиз, ҳаммасини топиш мумкинми?
Истаган ҳукмини топадиган китобларга эргашувчилар, бу оятларга нима дейишаркин?
Оятлардаги саволлар ҳақида жиддий ўйланиб кўришлари керак эмасмиди?
Аллоҳ бизга бу оятларни, улар ҳақида тафаккур қилишимиз ва ўтмишдаги хатоларга такрор тушмаслигимиз учун юборганди.
Лекин дин пешволари ЯЛТИРОҚ СЎЗЛАР НИҚОБИ ОРТИДАН, Қуръонда наҳй қилинган ҳар қандай мункарни маъруфга айлантириб беришади. Мусулмонлар ўзлари билмаган мавзуларда айнан ялтироқ сўзлар билан алданмоқдалар. Бундай ҳолатдан чиқиш йўли - ўзимиз имон келтирган Китобга амалий қироат қилиш орқали топилади.