ОТАИЗМ-6. Нозил қилинганга содиқ қолиш, синовнинг энг муҳим қисмидир!
Нозил қилинган Китобдан оғиш ва дин пешволари этагини кўр-кўрона тутиш, йўл қўйиш мумкин бўлган хатоларнинг энг бошидир. Бу хатони содир этганлар, яъни Китобдан алоқасини узган инсонларни алдаш, авраш ва ўзига эргаштириш яна-да осонлашади.
Китобдан алоқасини узган аждодлар ва уларга эргашувчилар
Аъроф:169 Уларнинг ўрнига, китобга ворис бўлмиш бошқа насллар келди. Фақат улар “Нима бўлса хам кечириламиз” деб тубанликни ва ўткинчи манфаатларни танладилар. Уларга яна ўшандай ўткинчи манфаатлар келса, яна танлайдилар. Улардан КИТОБГА СОДИҚ ҚОЛИШ ва АЛЛОҲ хақида фақат хаққни айтиш ҳақида аҳд олинмаганмиди? Уни ўқиб ўрганмадиларми? Яхшилар учун охират юрти хайрлироқ. Англамаяпсизми?
Қуръонга ҳаққи ила эргашганлар, Қуръонни англай оладилар!
Бақара:121 Уларга берилган Китобга ҳаққи ила эргашганлар, унга ишонадилар, инкор қилганлар эса ютқазади.
Биздан аввалгилар хам Китобга содиқ қолмадилар!
Бақара:63 Сино тоғини устингизга кўтариб, бир пайтлар сиздан аҳд олгандик: “Сизга берганимизни маҳкам ушланг, ичидагиларни ёдда тутинг, ки сақланурсиз” дегандик.
Бақара:64 Аммо ундан кейин яна юз ўгирдингиз. Сизга АЛЛОҲнинг неъмати ва раҳмати бўлмаганда эди, зиёнда қолган бўлардингиз.
Агар ота-боболаримиз Китобга эргашганларида, уларга эргашиш мумкин бўларди (тақлидан эмас, аксинча, таҳқиқий). Лекин афсуски, ота-буваларимиз Қуръондан бехабар, Қуръонга зид эътиқодда яшаб ўтганлар. Урф-одатлар, анъана ва дин қоришиб кетган. Кўпинча одатлар, диндан устун келган. Халқ эса, динга зид бўлишига қарамай, кўплаб хурофотларга ишонишда давом этаверган.
(Ҳозирги мусулмонларнинг аксари хам худди шундай яшамоқда. Буларнинг авлодлари ҳам юз, балки минг йил ўтиб ҳозиргиларни ота-боболаримиз дея бошларига кўтариб, айни Қуръондан узоқ эътиқодда яшайдилар. Бу жаҳолат занжирининг узишнинг ягона йўли, Қуръонни тадаббур, тафаккур қилиш ва ҳаётга татбиқ қилишдир - тарж.)
Тарқалган хурофотларга баъзи мисоллар: мақбаралардаги ўликлардан ёрдам сўраш; дуоларда ўликларни воситачи қилиш; кўзмунчоқ тақиш; тумор тақиш; от ноли, бўри тиши, тақа, ошиқ ва шунга ўхшаган нарсаларни ғайбий нималардир қилишига ишониш; мақбараларда дарахтларга латта боғлаш; фол очтириш; тахтага 3 марта уриш ёки қулоғидан тортиб қўйиш; қора мушукни бахтсизлик олиб келишига ишониш; сафарга чиққаннинг ортидан сув сепиш; келинни ортидан тош отиш; нон тишлатиш ва хоказо...
Бу руйхатга кирмаган яна минглаб хурофотлар бор, одамлар ҳали ҳам уларга ишонади.
Бундай хурофотларнинг биронтасининг динда асоси йўқ, лекин шунга қарамасдан одамлар асрлардан бери уларга ишонади. Сабаби, халқ ҳеч қачон бундай одатларни ташлашни истамайди.
Бошқа динни қабул этгани тақдирда ҳам, одамлар эски динидаги хурофотларни янги динга олиб киради. Бунинг сабаби, одамлар диннинг моҳиятини англаб етмайдилар ва фақат ташқи кўриниш ва шаклига қарайди.
Бугун ер юзидаги динлар фақат шаклбозлик устига, ритуаллар асосига қурилган. Моҳият билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ.
Туркия Диний Ишлар Вазирлиги ўтказган анкета натижаларига кўра, ўзини мусулмон хисоблайдиган аҳолининг 92%, Қуръонни бирон марта ҳам ўзлари яхши тушунган тилдаги таржимасини ўқимаган. Яъни жамиятни ташкил қилувчи одамларнинг деярли ҳаммаси, ўзлари даъво қилаётган диннинг асосий китобидан хабари йўқ.
Бугун жамиятимиз Қуръон билан алоқаси узилганлиги очиқ-ошкор эмасми?
Қуръон ўқимаган одамлар, ўзларига айтилаётган маъруза, ўргатилаётган дин Қуръонга қанчалик мувофиқ келишини текшира оладими? Мана шундай қилиб, инсонлар ўз динларини ҳақиқатда ўрганиб, унга тўғри амал қилиб, уни покиза сақлай оладиларми? Албатта, йўқ!
Дин пешволарига кўр-кўрона эргашиш энг улкан хатолардан бири!
Сод:69 Улар ота-боболарини адашган холда топган эдилар.
Сод:70 Уларга кўр-кўрона эргашар эдилар.
Сод:71 Улардан аввал ҳам кўплар худди шундай адашган эдилар.
Халқимиз ҳали ўзи ўқиб кўрмаган бу Китоб, афсуски инсонларнинг ўз она тилларида эмас, улар учун бегона тил ҳисобланган арабчада тўхтовсиз тиловат қилиб келинади.
Бизга дунё ва охират бахт-саодатига элтувчи йўлни ўргатиш мақсадида нозил қилинган бу Китобни, чиройли овозда, мусиқий охангда, тушунмасак-да ҳарфларини чиройли талаффуз қилиб намозларда, таъзия ва маъракаларда қайта-қайта такрорлашдан, унинг мақсади рўёбга чиқадими?
Қуръонни ҳаётимизга татбиқ этмасак, хаётимиз ўз-ўзидан ислоҳ бўлиб қоладими ёки яна-да муҳими, эртага Роббимиз хузурида ҳисоб-китобдан ўта оламизми?
Бир тафаккур қилиб кўрайлик, Аллоҳ бизни она раҳмида яратганида, бизларга яшаш қоидаларини ҳам Ўз Элчиси орқали билдирган. Биз эса уни ўқиб ўрганиб, тушуниб, хаётимизга татбиқ қилиш ўрнига, турли мусиқий охангларга солиб, нақорат каби такрорлаяпмиз. Бундан хаётимизга бирор фойда борми ёки охиратимизгами?
Дунёда ҳозир, Қуръондан бошқа, фақат оҳанги учун тингланадиган бошқа бирор китоб борми?
Одамлар, Қуръон каби муҳим бир китобни, “тушунмасдан фақат савоб бўлсин деб ҳам ўқилиши мумкинми?” деб ўйлаб ҳам кўришмаган.
Пайғамбар ва унинг саҳобалари Қуръонни англаш учун ўқир эдилар.
Тушунмасдан ўқиш бидъати кейинчалик пайдо қилинган. Бу дин пешволарига жуда қўл келди, истаган нарсасини халққа дин дея бошқа қандай қилиб юттириш мумкин бўларди?
Улар бундай фожеавий ҳолатдан огоҳлантирмади, аксинча, буни қўллаб-қувватлади.
Диндан бехабар диндор халқни динидаги ягона илоҳий Китобидан узоқлаштирмоқчи бўлган душманга, бундан-да каттароқ хизмат бўлиши мумкин эмасди, ва муллалар буни қойилмақом қилиб бажардилар.
Нега Қуръонни ўрганмаяпсизлар?
Мухаммад:24 Қуръонни тадаббур қилмайдиларми? Ёки қалблари қулфланганми?
Бу оят буйруғига бўйсунуш ва оят нишони остида қолмаслик учун ҳар бир мусулмон Қуръон оятлари устида тадаббур ва тафаккур этмоғи лозим.
Ўликлар ортидан Қуръон ўқиш ҳақида биронта ишорат ҳам йўқ, аммо унинг зидди ҳақида кўплаб оятлар бор. Аммо халқ барибир тескарисини қилади.
Ўликлар ортидан Қуръон ўқиб бағишлаётган одамлар, Қуръонни тадаббур этмагани аён. Бу ишдан яна дин пешволари даромад кўради. Албатта, бу қисқа муддатли дунё ҳаётида фойдаланиб қолишдир, дунё учун охиратини бой бериш эса энг катта ақлсизликдир!.. Аслида, Қуръон тирикларни огоҳлантириш ва инкорчилар устига азоб ҳаққ бўлиши учун туширилган.
Инкорчилар устига азоб сўзини ҳаққ этгувчи Китоб!
Ёсин:70 Тирикларни огоҳлантириш ва инкорчилар устига Сўз ҳаққ бўлсин учун.
Қуръон бир нави ИМОНМЕТР дейиш мумкин, инсоннинг имонини ўлчайди, имонсизларни эса фош қилиб беради, Қуръонга мувофиқ бўлмаган ишонч ва амалларимизнинг ҳисоби учун охиратдаги ўлчовдир.
Аслида Қуръон ҳаёт китоби бўлиши керак эди, аммо дин пешволарининг шарофати билан асрлардан бери ҳаётдан бутунлай ажратилган ва узоқлатилган. Ҳаёти бўйича узлуксиз намоз ўқиган кўп кишилар, Фотиҳа сурасидаги оятларнинг маъносини ҳам билмайди ё эсида йўқ.
Оятларнинг маъносини билмасдан, билишга ҳам қизиқмасдан ўқилган намозлар маъносиз ибодатлар эканини билмайдиларми?
Нима учун ибодат қилинишини билмаслик, ибодатлардан етарли самара олинмаслигига йўл очади, шу боис, мусулмонлар ахлоқли бир жамият ҳам қура олмаяптилар.
Ҳар қандай ахлоқсизлик, сохтакорликни теварагимиздаги инсонларда кузатиш мумкин.
Ахлоқли, сўзига содиқ, зино қилмайдиган, одобли ва принципли инсонлар бугун 57 та "мусулмон" дейилган ўлкада қанчалик кенг тарқалган?
Мусулмонларни бошқалар ахлоқлари билан эслашмаяпти!.. Порахўрлик, коррупция ва алдовдан иборат ижтимоий фасод ҳар бир мусулмон ўлканинг ажралмас сифатига айланган.
Диннинг энг муҳим талабларидан бири бўлган ахлоқий тузалиш, афсуски мусулмон жамиятларни тарк этган (ўта оз миқдордаги истиснолардан ташқари).
Дин пешволарининг мусулмонларга етказган энг катта зарарларидан бири, инсон қанчалик ахлоқсиз бўлмасин, барибир мусулмон бўлиб қолаверади, деган сохта ақидага ишонтириши бўлди. Ҳар қандай ахлоқсизликка булғаниб, бундан воз кечмаган қанақасига мусулмон (Аллоҳга таслим бўлган) одамлар бўлиб кўриниши мумкин? Бундай ахлоқсизликлар билан танилган жамиятларни қанчалик мусулмон дейиш мумкин?
Ваҳоланки, мусулмонлик кишилик эмас (сифат эмас), балки феъллардир!
Бақара:81 Хатолар содир этган ва хатолари уларни ўраб олганлар олов халқидирлар, у ерда давомий қоладилар.
Улкан гуноҳларни давомли машғулот ҳолига келтирганлар учун бу оят жиддий огохлантирув беради.
Мусулмонлар бугун ҳам улкан гуноҳларни давомий тарзда такрорлайди ва юқоридаги оятнинг борлигидан кўпчиликнинг хабари йўқ.
Мусулмон бўлиб қолишимиз учун, гуноҳлар бизни ўраб олмаслиги (давомий машғулотимизга айланмаслиги) керак.
Ота-боболаримиз орасида ўтган дин пешволари, бизга доим "Қуръонни англаш қийин, ҳадисларсиз уни тушуниб бўлмайди" деб Қуръонга хиёнат қилиб келганлар!..
Қуръонни қийин ва тушунарсиз деганлар, албатта, ўзлари Қуръондан алоқасини узган одамлар бўлгани учун шундай деганлар.
Аллоҳ эса, “Қуръонни англаш, ҳақиқий имон келтирганлар учун осон қилингани”, фақат “инкорчи ва қалби мараз кишилар учун қийин ва маънолари ёпиқ эканини” маълум қилган. Бу Қуръондаги муҳим сифатлардир.
Қуръонни англамоқ, ҳақиқий муъминлар учун осон!
Фуссилат:44 Агар Қуръон уларга бегона тилда туширилганда эда, «Унинг оятлари тушунтирилмайдими?» дейишган бўларди. Хоҳ бегона тилда, хоҳ арабча бўлсин, уларга айт, «У имон келтирганлар учун (тилидан қатъи назар) бир йўл кўрсатувчи ва шифодир. Ишонмаганлар эса қулоқларида оғирлик бор.Улар учун худди узоқдан келаётган товуш каби ёпиқдир.
Қамар:17 Қуръонни эслатма учун осон қилиб қўйдик, борми эслатма олувчи?Анкабут:49 Ҳақиқатан у, илм берилганларнинг қалбларида очиқ оятлардир. Золимлардан бошқа ҳеч ким оятларимизни рад этмас.
Дин пешволари «Қуръонни тушуниш қийин» деб, халқни Қуръондан совутиб, узоқлаштирган.
Аллоҳ эса Қуръонни фақат инкорчилар учун тушуниш қийин эканини айтади. Бу жуда муҳим нукта!
Дин пешволарининг бу сўзлари аслида тўғри. Чунки улар учун Қуръон тушунишга қийин китоб, сабаби улар ўзлари имонларига ширк аралаштирган, айнан оятда айтилгани исботланди.
Аллох Қуръонни осон деётган экан, демак у осондир!
Ўтмишда бўлгани каби, бугун ҳам кофир ва мушриклар учун Қуръонни тушуниш оғир ва қийин қилиб қўйилган.
Каҳф:57 Роббининг оятлари эслатилганида, қилган қилмишларини унутиб, ундан юз ўгирувчидан-да золимроқ ким бор? уръон, унга нисбатан кар ва кўрлар учун ёпиқдир!
Қалбларига уни (Қуръонни) англашдан тўсиқ ва қулоқларига оғирлик қўйганмиз.
Уларни ҳидоятга қанчалик чақирсанг ҳам, улар асло туғри йўлни топмаслар.
Талаб этилганидек имон келтириб, ўз амалларини оятлар буюрганидек ислоҳ этган кишилар Куръонни англай оладилар.
Қуръонни очиб ўқиган ҳар ким уни осонликча англайверади деган даъводан йироқ. Аксинча, қалбида мараз бўлганлар уни англай олмаслигини олдиндан таъкидлайди.
Шу маънода, Қуръонни англаш қийин дегувчиларнинг гапи тўғри, фақат бунга уларнинг ўзлари айбдор.
Қуръонни англаш муъминларга осон қилинган, фақатгина қалблари мараз бўлганлар учун қийин қилинган китобдир.
Ўтмишда китоб берилганлар каби бўлиб қолинган!
Хадид:16 Имон келтирганлар учун, Аллохҳнинг вахйига ва нозил қилинган ҳаққа қалбларини очиш вақти келмадими? Ўтмишда китоб берилганлар каби бўлмасинлар, улар узоқ вақт ўтиши билан қалблари қаттиқлашиб кетди. Уларнинг кўплари йўлдан озган кимсалардир.
Ислом дунёси, ўша 57 мусулмон давлати билан бирлашган ҳолда Қуръонга хиёнат қилишмоқда.
Қалблари тош каби қотган улардаги лидерлар, мусулмонларнинг муаммоларига кўр ва кар бўлиб олишган.
Номига Ислом ўлкаси бўлган бу давлатларда Исломдан бошқа ҳар нарсани кўриш мумкин.
Ҳар бир янги кунимиз, мусулмоннинг қони тўкилгани хабари билан бошланади.
Муаммо динда эмас, дини янглиш англаганларда.
Бизга етказилган диний эътиқод, Уммавий ва Аббосий даврлардаги диктатор сиёсий лидерлар тарафидан ўз манфаатлари йўлида ижод этилган ҳукмлар мажмуасидир. Бу ҳукмларнинг аксарияти Қуръонга алоқаси йўқ ҳукмлардир.
Қуръонда мавжуд бирон хукмни олиб, вақт ўтиши билан бир қатор дин пешвоси иловалар қўшган ёки янгиларига ўзгартирган. Куръонда бир неча сатр бўлган таҳорат мавзуси, масалан, кейинчалик юзлаб жилдли китобларга сиғадиган ихтилофларга айлантирилган.
Китобга содиқмисиз ёки фалончи олимгами?
Бу саволга қандай жавоб беришингиз ўта мухим. Қуръондан имтиҳон топширсак, нечтамиз ўта оламиз? деган саволга жавоб ахтарсак, юқоридаги саволнинг ҳам жавобини осонгина топа оламиз.
Бирор футбол жамоаси аъзоларининг рўйхатини ёддан биладиган ёки сериал қаҳрамонларини барчасини танийдиган бугунги мусулмонлардан нечтаси, Қуръон сураларининг номини ёки уларнинг жойлашиш тартибини тўғри айтиб бериши мумкин?
Ҳар бир инсон ўзи учун ҳаётдаги энг муҳим нарсалар рўйхатини тузса, Аллоҳнинг розилиги бу рўйхатда нечанчи ўринда бўлади?
Нималардан сиқилиб, нималардан хурсанд бўляпмиз?
Аллоҳнинг розилигини йўқотувчи амаллар қилганимиз бизларни хафа қиляптими? Асл масала мана шунда.
Қуръонга керагидек (талаб этилганидек) тобеъ бўлганлар, Қиёматда нажот топиши мумкин!
Аъроф:170 Китоб маҳкам тутганлар ва унга тобеъ бўлганлар (солат қилганлар)га келсак, яхшилик қилганларни асло мукофотсиз қолдирмаймиз.
Хаётимиз бўйича қиладиган қийматли, энг арзигулик ишимиз, эртага имтихонда сўраладиган китобимизни - Қуръонни - англаш ва унинг асосида ҳаётимизни барпо этишга харакат қилишдир.
Ҳаётни маъноли қилган нарса бу вахйдир.
Аллох охират мукофотини ўта гўзал эканини айтади. Аммо масаланинг асли, охиратдаги мукофотнинг қиймати эмас, ўша охиратга ишониб-ишонмасликдир. Зеҳн остидаги шубҳалар, охиратга ҳақиқий ишонишимизга ва тўғри йўлда бўлиб ўтишимизга тусқинлик қилади. Шу маънода, Охиратга ишониш ўта муҳим.
Охиратга ишониш нима, ва бу ишониш қандай бўлади? деган саволнинг жавобини ахтариш, англаш ва биздаги Охират ишончини кучайтириш ҳам бу маънода ўта муҳим.
Ўз ҳатти-ҳаракатларини ислоҳ этган кишиларнинг қалбидан Аллоҳ охират ҳақидаги шубҳаларни озайтиради ва етарлича ахлоқли амал қилмаганларни эса шубҳаларини орттиради. Ҳал қилувчи нукта айнан АМАЛЛАРДАГИ АХЛОҚ. Бу, албатта, менинг шахсий хулосаларим, тўғрисини Аллох билади.
Қуйидаги оятлар бу фикримни тасдиқлайди.
Ҳақиқий Имон Эгаларида Охират Ишончи Ҳам Бенуқсон Бўлади!
Бақара:4 Сенга нозил қилинган нарсага ва сендан олдин нозил қилинган нарсага имон келтирадилар.
Охират ҳақида ҳам ҳеч қандай шубҳа қилмайдилар.
Инкорчилар Қалби Шубҳага Тўла Бўлади!
Анъом:7 Сенга бирор қоғозга ёзилган Китоб нозил қилганимизда эди, инкорчилар унга қўллари билан тегинсалар хам “аниқ бу бир сеҳр” деган бўларди.
Анъом:8 “Унга бир малак тушиши керак эмасми” дейишади. Агар малак туширганимизда, иш аллақачон битган бўларди. Уларга муҳлат хам берилмасди.
Анъом:9 Уни бирор малак қилганимизда, одам кўринишида юборган бўлар эдик ва мавжуд шубҳалари ичларида қолдирар эдик.
Тавба:45 Фақат Аллохга ва Охиратга ишонмайдиганлар сендан изн истайди. Қалблари тўла шубҳа. Улар ўша шубҳалари ичида сузиб юраверади.
Ҳаж:55 Инкорчилар эса, Соат тўсатдан келиб қолгунича ёки ўша Қўрқинчли Куннинг жазоси бошларига келгунича ундан шубҳада қолаверади.